Илгари бизда ялангбошлик номаъқул иш саналган, улуғлар олдида дўппи кийиб ўтириш ҳамиша одоб белгиси бўлган. Аммо христианларда ёши улуғ одам қошида, поп ва бошқа черков хизматчилари, амалдорлар олдида бош кийими ечилиб, ҳурмат изҳор қилинган. Шу сабабли совет замонида барча таълим даргоҳларида ҳамма бошяланг ўтиришга мажбур эди. Ҳозир ҳар соҳада аста-секинлик билан аслимизга қайтяпмиз. Миллий уйғониш, асл қадриятларни тиклашга интилиш сезиляпти. Бу турмушнинг ҳар бир “ички”, “майда-чуйда” соҳаларида ҳам акс эта бошлади.
Аслимизга қайтишнинг бир тарзи шуки, шоирлар ичида ғазалнавислар кўпая бошлади. Хўп яхши, аммо кўп шоирларимиз шеър ўқишни билишмагани чатоқ. Шеърни худди шиор каби бақириб айтиш, айрим сўзларга урғу бериш – бизга руслардан ўтган, хусусан Маяковскийдан мерос. Ҳар қанақа шеърни, ҳатто мумтоз ғазалларни ҳам, декламация қилиб ўқийдиган бўлиб қолганмиз. Нафақат биз, радио ва телевидениедаги, театрлардаги энг таниқли “сўз усталари” ҳам бу қолипдан чиқиб кета олган эмас. Кўрамизки, шеър ўқишнинг муаммолари кўп экан. Камина шоир ҳам, “бошловчи сухандон” ҳам эмас. Шунинг учун, айни масалада ўз мулоҳазаларимни айтай, бошқалар тўлдиришар.
Бир замонда Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтига Туркиядан Элхон Бошкўз деган бир олим келган экан. Мен уни кўрмаганман: ўша ёзда йигирма чоғлиқ “умидли ёш олим” Жиззах далаларида ғўзачопиқ қилиб юрган эдик. Орадан беш-олти ой ўтиб, бир йиғилишда минбардаги Иззат Султон унинг отини эслаёлмай, сўраб қолди, “Оти нима эди, ҳов Туркиялик олимнинг – Кўккўзмиди, Олакўзмиди?”. “Бошкўз эди, домла, – деди Жамол Камол, – Бошкўз!”. “Ҳа-а, Бошкўз эди. Аммо шеърни зап ўқир экан-а? Фузулий, Навоий, Насимий асарларини шу одам ўқисин экан”.
Бизлар ким келганини эшитмаган, унинг қанақа “шеър ўқигани”ни ҳам билмасдик, мажлисдан кейин бу гапнинг тагини суриштирдик.
Элхон Бошкўз асли адабиётшунос, аммо олимликдан ҳам кўра, мумтоз адабиёт намуналарини тенгсиз бир фасоҳат ила ўқиши билан танилган экан. Шеърга, шеър ўқишга шунчалар қизиқар эканки, болалигидан бирга ўсган қалин бир дўсти кейинчалик Туркияда раҳбар бир ишга тайин бўлганида, уни муборакбод қилиб борган Элхондан “Бендан не истаюрсан?” деб марҳамат этса, у бирон мансаб-амал тиламабди, сўрагани – “Эжозат версанг, бен ҳар гуну жумҳурият радиосунда шеър охусам”, деган илтимос бўлибди. Ўшандан бери Туркия радиосида ҳар оқшом “Элхон Бошкўз шеър ўхийур” деган дастур эфирга чиқаркан, бу соҳир овоз эгаси жуда кўп туркигўй шоирларнинг жонсўз ғазалларни дард билан ўқир экан…
Ҳозир бизда ана шундай шеър ўқий оладиган одам борми, мен билмайман. Аксинча, ўзи ёзган тузуккина шеърини ҳам бузиб, бунинг устига, тингловчи ғашини келтириб ўқийдиганлар борми, деб сўранг –тугамайди.
Инсон нутқини анвойи бир матоҳга қиёс этсак, унинг энг ҳарири – шеърдир, бинобарин у ҳарорат билан ўқилиши керак.
Айтадиларки, Ҳамид Олимжон “Ўрик гуллаганда” деган шеърини ўқиётиб, “Ўрик оппоқ бўлиб гуллади” мисрасини шундай талаффуз қилар эканки, кишининг кўз ўнгида оппоқ гуллаган бир туп ўрик намоён бўларкан.
Олтмишинчи йилларгача тўйларимизда шеър ўқилган, шеърхонликсиз тўй ўтмаган. Навоий, Гули монологлари, кейинроқ “Она юраги” деган манзума ижро қилинган, ҳатто, қайғулироқ бўлса ҳам, Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеъри ўқилганида одамлар кўз ёшлари билан олқишлашар эди.
Тўғри, ҳозир ҳам тўйда хизмат қиладиган баъзи сухандонлар шеър ўқиганини кўрамиз, аммо у кўнгли бўш кампиршоларни йиғлатишга мўлжаллаб ёзилган, ярим соат ўқиса ҳам тугамайдиган “эжод” намуналари бўлиб қоляпти. Телевизорда ҳам ҳар замонда биров-ярим шоир шеър ўқиб қолади, аммо буям, Чўлпон айтгандай, “бир хил, бир хил” ижодкор бир дарахтзорда, қайсидир оғочга қўлини қўйганича самовотга кўз тикиб, сунъий оҳангда қироат қилади – эшитасизу уқмайсиз. Янаги сафар бошқа бир шоир…
Олтмиш йиллик юбилейи муносабати билан Тил ва адабиёт институтида учрашув қилган Асқад Мухтор шеър ўқиш маданияти тўғрисида, шеър ўқиш савияси пасайиб кетаётганлиги ҳақида гапириб, филолог олимларни шу масалани илмий жиҳатдан асослашга даъват этганди. Дарҳақиқат, ўз шеърини бировнинг “оҳони”га солиб ўқийдиган, ё бўлмаса ҳайбату ваҳшат билан қироат қилиб, эшитгувчиларни пиқир-пиқир кулишга мажбур этадиган ижодкорлар ўшанда ҳам бисёр эди.
Аксар шоирлар ўзи ёзган шеърни бир текис ва равон, одам тушунадиган алфозда ўқий олмайди. Кераксиз бир жойга урғу бериш, ҳар банднинг биринчи мисрасини икки марта ўқиш, мисралар орасида тўхталмай, “суваб” ўқиш, чираниб бақириш авжида – эшитасизу уқмайсиз. Китобхонларнинг кўпи эса… ғазалу рубоий эмас, оддийгина бармоқда битилган шеърни ҳам равон ўқий олмайди. Чунки мактаб дарс жадвалларидан “ифодали ўқиш” сабоғи чиқариб юборилган.
Бадиий асар – матни нутқнинг олий тури, шеър эса бадиий матннинг ҳам энг юксак кўриниши ҳисобланади. Шеърият – ҳар бир миллат тилининг олий ифода шакли, унинг инжа товланишлари, имкониятларини тажассум этадиган ойина. Ўзбек тилида шеър шунчаки декламация қилинмайди, шунчаки “ўқилмайди”. Ўз оҳанги, урғу ўрни, товушни кучайтириш ёки пасайтириш, чўзиш ё тезлатиш лозим бўладиган ўринлари бор ва бу ҳар бир асарнинг руҳи, мазмуни, ритмига қариб ўзгариб туради. “Гўзал” билан ”Вақт”нинг ўқилиши тамом ўзгача, “Юрак”нинг уришини “Наъматак” ифорига қиёслаб бўлмайди.
Юракдан ўқилган шеър киши қалбини жўшдириб юборишига бир мисол. 1942 йил бошлари. II Жаҳон урушининг шу энг оғир паллаларида – одамлар нонга зор бир пайтда эски Колизей биносига жойлашган Навоий театрига саҳна қўйиб, кассага тушган маблағни фронт учун юбориш топшириғи тушади. Ҳар қанча даъват этилса-да, томошаталаб одам топилмайди. Ана шунда шоир Туроб Тўла таваккал иш қилади: ташқарига ўрнатилган овозкучайтиргични улаб, Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмасан” деган ўша машҳур шеърини дард билан, ёниб ўқийди. “Шеърни ўқиб бўлиб, Колизей олдига чиқсам, одамлар касса олдида турнақатор бўлиб навбатда туришган экан”, дейди шоир. Ҳа, одамлар сўнгги тийинини ҳам беришга рози бир кайфиятга тушган эдилар бу дамда. Асл шеърдан, уни чинакам фасоҳат билан ўқишдан ана шундай мўъжизалар туғилишига шубҳа йўқ.
Ғазал ва рубоийлар эса ўзига хос бир олам, уларнинг ижроси янада ўзгача. Арузий ҳар бир асар ўз куйи билан дунёга келади, бинобарин, улар ўқилмайди, балки куйланади, аммо бунда биронта ҳижо ўз ўрнига тушмаса ҳам, носоз парданинг ишини қилади… аммо бугун ғазал ўқийман деган актёр ёки сухандонлар эса шеър оҳангини тополмай, “коктейл” эффектини бериш учунми, Ғарбча аллақайси классик мусиқаси фонида маснавий ўқийдилар…
Раҳматлик Шариф Юсупов домла бир куни ишхонамизга келиб қолган эди. Суҳбат давомида гап ғазал ўқишга тақалди. Фурқатий ижоди бўйича фан доктори, саҳна санъатининг билимдони бўлган устоз тўлиб турган экан, анча ёрилди. Каттаю кичик, номи танишу нотаниш ўқирманларнинг ҳаммаси аруздаги шеърларни ўз оҳангида эмас, декламация тарзида қироат қилиб, керакли-кераксиз ўринларда ҳижони мажбуран чўзиб, натижада арузни бузаётганликларини таъкидлади.
– Домла, – дедим пайтдан фойдаланиб, – мана, сиз арузий шеър қандай ўқилишини яхши биласиз, радиодами-телевидениедами бирон гуруҳ тузиб, ёш дикторларга, сухандонларга шуларни ўргатсангиз бўлмайдими?
– Шунақа бир таклиф айтишди, – деди Шариф ака кулимсираб. – Радиосухандонларга ўргатинг, дейишди. Ҳафтада икки-уч марта машғулот ўтказадиган бўлувдик. Ойлик ҳам беришаркан. Қанчалигини айтайми? Бир минимал ойлик иш ҳаққининг эллик фоизи экан. Қайданам айтибман, кампиримнинг олдида ҳам рейтингим тушиб кетди…
Олимнинг қадрига етиш, эъзозлаш ўрнига, унинг устидан куладиган, билимини ерга урадиган нодон раҳбарчаларга қолган кун қурсин.
Аммо бизда аруз ва умуман шеър ўқиш анъанаси паторат топиб кетмаган экан. Ўн йилча бўлиб қолди, Миллий театримизда бетимсол бир спектакль қўйилди – таниқли режиссёр Хўжақули Авлиёқули Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонини Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достони фонида саҳналаштириб тақдим этди. Саҳна ичи тамомила қуш патлари билан безалган – қушлар ҳақида-ку бу достонлар! Ва у бир ҳарир парда ила олд ва орқа қисмларга бўлинган. Олд қисмида Навоийнинг “Лисон ут-тайр”и, орқа қисмида эса Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонлари – бири туркий, яна бири форсий тилда қиёмига етказиб, хўп ифодали қилиб ўқиляпти. Вилоят театрларидан танлаб олиб келинган ёш актёр йигитлар ҳам бу икки улуғ шоирнинг сеҳрига тушди – ёниб-ёниб, бирон ҳижосини ҳам бузмаган ҳолда шеър ўқидилар!
Спектакль тугагач, ҳали томошабинларнинг олқишу қарсаклари босилмай туриб, қуш тилли ва қуш лисонли бу йигитлар азбаройи ҳаяжон зўридан бир-бирини қучоқлаб йиғлаб юбордилар: санъатнинг юксаклиги уларнинг ўзига ҳам шу даражада таъсир қилган эди-да! Навоийинг ўзи бир достони сўнгида айтади-ку, “йиғлай-йиғлай тугаттим охир”, деб! Ҳа, агар шеър устасининг қўлига тушиб, шоирнинг дилидаги туйғулар тиниқ бир тарзда ифшо этилар экан, у ҳар қандай куй, ҳар қандай қўшиқдан юксакроқ, улардан таъсирчанроқ бир мақомга кўтарилади.
Ўтмишда эса одамлар шеър тинглаб, экстаз ҳолатига тушган дейишади. Навоийнинг бир мустазоди бор. Шоир ҳаётига оид китобларда ёзилишича:
Дин офати – бир муғбачаи моҳилиқодир
Майхораву бебок.
Чун ишқидин онинг ватаним дайри фанодур,
Сармасту ёқам чок…
деган матлаъи ўқилганида тингловчилар таъсир зўридан ёқа йиртиб, фарёд чекишган эканки, буни бир тасодиф билан Навоийнинг ўзи ҳам кўриб қолган.
Ўтмишда шеър кишиларни экстаз ҳолатига туширгани бор гап. Чунончи, “…бу мухаммасни ҳазрат эшон шоҳ Машраб ўқиғондин кейин жамъи халойиқ тавфиққа келиб, шоҳ Машрабнинг сўзи таъсир қилиб, ҳаммага жунун рўй берди. Маст бўлдилар…
Алқисса, ҳазрат эшон шоҳ Машраб бул мухаммасни ўқуғондин кейин жаъми халойиқларни кўрдиларки, замирлари ойнадек соф бўлубдур…” “Замири ойнадек соф бўлиш” – илмда катарсис ҳодисаси дейилади, бу ҳолда кишининг қалби мусаффо ойнадек бўлиб қолади. Афсус, ана шундай бебаҳо шеър ўқиш анъанаси секин-аста унут бўлиб бораётибди.
Бизда тўрт-беш йил аввал шеър ўқишга, шеър эшитишга бир рағбат пайдо бўлди. Шоирлар радиога, телевидениега чиқиб ўз асарларини ўқий бошлашди. Аммо зўраки тарзда уюштирилгани учунми, кейинча у анъанага айлана олмади. Шоирлар… одам эшитадиган, эшитган одам уқадиган қилиб шеър ўқий олишмади-да.
Шоира қизларимизнинг кўпи шеърини Ҳалима Худойбердиевага тақлидан ўқишга чиранади, тингловчи эса ҳайрон: бу кимнинг шеъри ўзи?
Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асарида бир воқеа бор. Тоғда нима кўп – сўқмоқ йўл кўп. Тоғ устига чиқадиган сўқмоқлар. “Бу фалончининг сўқмоғи, буниси эса фалончиники”, деб айтишар экан. Аммо бировлар очган сўқмоқдан юрганлар ҳам оз эмас. “Ёшлигимда мен ҳам тайёр сўқмоқдан чиқиб-тушар эдим, – дейди шоир. – Аммо бир кун отам мени қаттиқ тергади: одам бўламан десанг, ўзингга сўқмоқ оч, ўша йўлингдан юр…”
Шеър ўқиш ҳам баайни бир сўқмоқ йўл. Ҳар бир шоирнинг ўз ўқиш мароми, ўз йўриғи бўлиши, ўз нафаси сезилиб туриши керак.
Мавриди келди, шеър ёдлаш ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтайлик. Мен яқинда “Назм ва наво” тарзидаги бир кўрсатувда қатнашдим. Шунда хонандалар нима учун олдинга чиқмай, соз чалаётган машшоқлар ортида туриб ашула айтишлари сирини билиб олдим. Қадимда, у хон саройида бўладими, ё халқ сайилидами, ашулачи машшоқдан олдинга ўтиб қўшиқ айтар, соз ортда туриб чалинар эди-ку десам, кўп ёш хонандалар қўшиқ шеърини ёд билишмас, созандаларнинг елкасига ёпиштириб қўйилган қоғозга қараб… ашулани ўқиб беришар экан! Ўзи айтаётган қўшиқни ёд билмайдиган ижрочи унинг маъносини тушунади, деб ўйлайсизми? Шунақа қилиб ашула айтган одамларнинг хониши бизни сел қила оладими?
Алишер Навоий бола чоғидаёқ Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини ёд билган. Кейинчалик ўзи ёзган барча асарлардан ташқари, ўзгалар қаламига мансуб яна эллик минг байт ашъорни ҳам ёдаки айта олган. Абдулла Орипов ҳамма шеъру достонларини ёдаки ўқигани ҳануз кўз ўнгимизда. Эркин Воҳидов эса, бир даврада Фузулий шеърларидан шунчалик кўп айтган эканки, манаман деган озарбойжон шоирлари ҳам “Фузулий – ўзбекларнинг шоири экан-ку”, деб тан беришган, қойил қолишган.
Энди бу нима номаъқулчиликки, ўзи ёзган тўрттагина шеърини сўрасангиз, жужуқ ижодкорлар қўл телефони экранидан ўқиб беришади? Ўзи битган шеърни ёд билмайдиган, уни ифодали ўқиб бера олмайдиган кишини шоир деб бўладими?
Озар ТВси каналида “Майхона” деган бир кўрсатув бор экан. Бундаги “майхона” деган сўз баъзи серҳадик биродарларимизни чўчитмай қўя қолсин, чунки бир маҳаллар Навоийнинг ўзи унинг жавобини бериб қўйган:
Сен гумон эткандин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
Бу – ёрга ишқнинг зўридан ошиқнинг ичиб маст бўлган кишидек ихтиёрини йўқотишига ташбиҳ берилган бир “май”дир, бу ишқ – илоҳийдир. Биз эса, эҳтиётлана-эҳтиётлана, ҳатто тасаввуф қўрғонига киришда ҳам кўп қардошларимиздан ортда қоляпмиз. Нима учундир, тасаввуфдан ҳадиксираш, уни “ҳозирча” оммалаштирмай туриш ҳоллари бизда кўп. Ҳолбуки, туркий тилдаги тасаввуф бобида биз энг пешқадам эл эдик.
Бу гапларнинг шеър ўқиш ва уқишга бевосита дахли бор. Ахир, ғазал – тасаввуфдан ташқарида… деярли йўқ нарса-ку.
Яқинда Элшан Хазар отли озар шоирининг ана ўша “Майхона” теледастурида виқор ва тамкинлик билан ўқиб берган “бор-йўқ” тазоди асосида битилган бир ғазали кўпчиликка айрича таъсир қилди:
Бу дунё бир ажиб ердир, муҳаббат вор, саодат йўқ,
Муҳаббатдан доған минг бир жиноят вор, адолат йўқ.
Бу дунёда, гарак, билсин адолат ахтаран инсон,
Бу йўлда чўх балолар, чўх мусибат вор, шикоят йўқ.
Шеър ёзиш бир ажиб ҳунар бўлса, уни одамнинг шуурига етказиб ўқиш ҳам катта санъат эканини кўрдик. Шундай экан, Масков ТВларига тақлид қилавермай, озарийлардан ҳам бир чимдим улги олиб, биз ҳам ўз ТВмизда бир “Майхона” очсак, бу гўшага кирган ҳар бир шоир сухандонлар ва олимлар қошида шеърларини эҳтирос, дард билан ўқиса… деймиз.
Шеър ўқилган уй эса обод бўлмасдан қолмайди. Чунки ҳақиқий шеър – қалбдан чиққан тилак ва армон, дуою илтижодир. Ижобат бўлишига шак йўқ.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 16-сон

