Динора Юсупова. Симурғ — эзгулик тимсоли

Шарқ мумтоз шеъриятида рамзлар алоҳида аҳамият касб этади. Шарқда ижод аҳли рамзий образлардан фойдаланган, айниқса, шоирларнинг севимли образларидан бири қуш образидир.

Симурғ – шарқ халқлари оғзаки поэтик ижодидаги афсонавий қуш; осмонда учиш, узоқ манзилларни яқин қилиш ҳақидаги асрий орзу-умидларнинг рамзий ифодаси. Дастлаб “Авесто”да “сенемург” шаклида ишлатилган. Яъни XIV яштда тасвирланишича, “саена меруға” баҳайбат қуши Ворукаша денгизининг ўртасидаги “ҳаёт дарахти”нинг тепасида уя қурган. Булутдек улуғвор қанотлари билан “ҳаёт дарахти”ни ёвуз кучлардан ҳимоя қилувчи “саена меруға” (симурғ) ҳақидаги илк мифлар, назаримизда, Ворукаша ёки “Қирғоқсиз денгиз” деб аталувчи Орол денгизи бўйларида, яъни қадимги Хоразм воҳасида яратилган. “Авесто” тадқиқотчиси К.В.Тревернинг таъкидлашича, бу хаёлий қуш номи дастлаб Саена-меруға шаклида бўлиб, “ит-қуш” деган маънони англатган. Симурғ қадимги зардуштийлар мифологиясида ит бошли қуш – асотирий жонзот сифатида тасвирланган. Чунончи, “Бундахишн”да: “Ўн биринчи бўлиб тунда яшайдиган мавжудотлар яратилган, шулардан иккитаси – ўз болаларини кўкрак сути бериб боқади. Бу Сэнмурв ва кўршапалак бўлиб, тунда учадилар. Айтилганидек, тунда кун кўрувчилардан ит-қуш ва мушакдор жонивор яратилган, чунки улар қушга ўхшаб учадиган, оғзида итники сингари тиш­лари бор, мушакдор жониворлар каби ғорларда яшайдилар”. “Бундахишн”нинг бошқа бир жойи­да эса “…қушлар орасида иккитаси бошқаларидан фарқли қилиб яратилган: бу Сэнмурв ва кўршапалак бўлиб, оғизларида тиши бўлган бу жониворлар боласини кўкрак сути бериб боқади”, дейилади.

Симурғ қуши мумтоз адабиётимизда ҳам буюк мутафаккир боболаримиз томонидан ниҳоятда гўзал талқин қилинган. Фариддидин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” ва Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонлари фикримизга далилдир.

Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асаридаги ғояга кўра, ундаги қушлар Симурғнинг сояси, холос. Яъни улар Симурғга интилганидагина аҳамият касб этади. Қушлар(инсонлар)нинг бу дунёдаги ҳаёти ҳижрон ва айрилиқдадир, достондаги қушлар сўнгги водийда Симурғ билан бирлик касб этадилар. Навоий достонида эса риёзат чекиш асносида покланиб, ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.

Навоий талқинича, бутун инсониятнинг биргаликда эришуви мумкин бўлган олий такомил босқичига ҳар бир киши, ҳар бир жамоа ўзича камолот ҳосил қилиб етиша олмайди. Бутун инсоният (жами қушлар) унга бирга интилмоғи, бирга-бирга парвоз қилиб, йўл машаққатларини бирга енгиб ўтиб эришмоқлари мумкин. Симурғ – бир қуш эмас, камолотнинг олий босқичи – Тавҳид босқичига кўтарилиб етган ўттиз қуш(“си мурғ”)нинг бирлиги – маънавий ягоналик ҳосил қила билган уйғун инсонлар жамоаси, яхлит инсоният. Уларнинг Симурғ сари машаққатли йўли – бахтли ва одилона жамият сари тарихий изланиш жараёнидир.

Туркий халқларда Симурғнинг Ҳумо, Анқо, Давлат қуши, Бахт қуши, Марқумомо, Кунтубулғон, Булбулигўё ва бошқа вариантлари мавжуд. Симурғ образи “Қаҳрамон”, “Ойнаи жаҳоннамо”, “Рустам”, “Кенжа ботир” каби эртакларда атрофлича тасвирланган. Бу образ ёзма адабиётда ҳам учрайди.

Симурғ ўзбек халқ эртак ва афсоналарида ижобий қаҳрамоннинг дўсти, ҳимоячиси, ҳамроҳи, уни “етти зулмат ичи”дан олиб чиқувчи фантастик қуш сифатида гавдаланади. Ўзбек адабиётида Симурғ афсонаси асосида атоқли шоир Ҳамид Олимжон “Паризод ва Бунёд” достонини ёзган.

Симурғ ‒ қадим аждодларимизнинг ибтидоий тушунчасига кўра, тотемистик ҳомийлик тимсоли, ботирларнинг мададкори бўлмиш улкан қуш. Бу гўзал лирик образ қачон пайдо бўлгани аниқ эмас, аммо Симурғ билан боғлиқ қадимий сюжетлар Шарқ халқлари фольклорида кенг тарқалган. У қаҳрамонни улкан қанотига миндириб, Ер ости дунёсига олиб тушиш ёки Заминга чиқариб қўйиш вазифасини уддалай олади.

Ўзбек халқ сеҳрли эртакларида тасвирланган Симурғ қуш ҳам тарихан “Авесто” мифологиясидаги Сэнмурв образининг эпик тафаккур тизимидаги эволюцияси натижасида юзага келган персонаж ҳисобланади. Гарчи ўзбек эртакчилиги анъанасида Симурғнинг кўриниши ва функциясида Сэн­мурвга хос сифатлар кўзга ташланмаса-да, бу афсонавий қушнинг қаҳрамонни ўзга оламга олиб бориши билан боғлиқ бир деталь унда “итқуш”га доир айрим белгилар сақланганини кўрсатади. “Зорлиқ билан Мунглиқ” эртагида “Симурғ бир томондан қор-ёмғир билан учиб келибди ва майдалаб ташланган аждарни ютиб юборибди”, дейилади. Бу образ иштирок этган эртакларда қушнинг устига миниб олганча ўзга оламга сафар қилаётган ёки ёруғ дунёга қайтиб чиқаётган қаҳрамон то манзилига етгунича Симурғни гўшт бериб боқади. Бу эса Симурғ “Бундахишн”да қайд қилинганидек, “оғзида тиши бор”, яъни итга ўхшаб гўштхўр жонзот эканлигини англатади. Бизнингча, Сэнмурв ёки Симурғ қадимги ўрта осиёликлар мифологиясида ит гавдали, қуш қанотли афсонавий жонивор сифатида тасвирланган. Кейинчалик эса бу мифологик тасаввурлар унутилиб кетди. Энди у эртак ва достонларимизда қаҳрамонни мушкул аҳволдан қутқарувчи, полопонларини аждар хуружидан омон сақлаб қолган қаҳрамонни олис манзилига етказувчи, қаҳрамонга кўмаклашувчи хаёлий қуш образи тарзида тасвирлана бошлади. Аслида эса, Симурғ ҳақидаги мифологик тасаввурлар генетик жиҳатдан қуш тухумидан чиққан ит ҳамда қушдек уча оладиган қанотли ит – грифон ҳақидаги қадимги мифологик афсоналарга алоқадордир.

Қадимги космогоник мифологияда Симурғ образи оламнинг самовий тузилишига бевосита алоқадор афсонавий ҳаёт дарахти билан боғлиқ ҳолда талқин қилинган. VI асрда паҳлавий тилида (қадимги форс тилида) яратилган “Минокехрат” ёдгорлиги матнининг 62-бобида бу самовий образ эволюциясини кенг қамраб олувчи тушунчалар картинаси намоён бўлади: “Ўликларга жон ато қилувчи ҳаёт дарахти Хома Ворукаша денгизининг ўртасида ўсади. Ҳаёт дарахтини макон қилган Семурв (Симурғ) эзгулик ҳомийсидир. Ҳар гал уясидан кўтарилганда дарахт шохларидан минглаб янги новдалар ўсиб чиқади ва ҳар сафар қўнганида минглаб шохлар синиб, жами ўсимлик уруғлари турли томонга сочилади”.

Ҳаёт дарахтининг самовий қуш билан боғлиқлиги ҳақидаги тасаввурлар Скандинавия, Ҳинд-европа, Сибир, араб халқлари мифологиясида ҳам учрайди. Шу нарса диққатга сазоворки, мифлардаги ҳаёт дарахтининг учида катта қуш тасвирланса (қадимий ҳинд-эрон мифларида – Симурғ, арабларда ‒ Қақнус), илдизига илон ўралиб ётади (скандинавияликлар мифларида Нид­хегг номли илон). Мифик “ҳаёт дарахти” “Авесто”да тасвирланган Хома (ҳинд мифологиясида ‒ Сома) ёки “Хварри” (“Серсув”) номли дарахтни эслатса, қуш ва илон ҳамда Шарқ фольклоридаги Семурғ ва у уя қурган катта дарахтга чирмашган илон образлари орасида ҳайратланарли ўхшашлик бор.

Фирдавсий шарқ достончилигида биринчи бўлиб афсонавий қуш Симурғ образини яратди. Ғайритабиий куч ва қудратга эга бу парранда Золнинг чақалоқлиги даври тасвиридан то Исфандиёр достонигача бўлган воқеаларда иштирок этади. Симурғ ҳамиша Золи Зар ва унинг авлодларига энг оғир дамларда кўмаклашади. Масалан, “Шоҳнома”нинг “Рустами достоннинг онадан туғилиши” бўлимида Рудоба туғруқ дардидан қийналиб, ҳушидан кетади. Ҳамма саросимага тушиб қолганда Симурғнинг патини ёдга олишади. Зол дарров олов ёқиб, Симурғнинг патини оловга ташлайди. Бир зумда Симурғ пайдо бўлиб, Золга қараб дейди:

Топиб келтиринглар олмосдек пичоқ,
Билимдон кимсани топингиз шу чоқ.

Санамни май билан аввал маст қилинг,

Дилидаги алам шаштин паст қилинг.

Симурғ ёрдамида Рудобани осонлик билан дарддан халос этадилар ва болага Рустам дея исм қўядилар.

Симурғ одамдек гапиради, жангу жадалларда Золи зар ва Рустамга ёрдам беради, гоҳ донишманд табиб қиёфасида ҳаёт мушкулларини ҳал этишда йўл кўрсатади. Фирдавсий тасвирича, Симурғ фалакда парвоз қилса, оламни зулмат қоплайди, замину замон ларзага келади. У кимсасиз саҳро ўртасидаги тоғ чўққисига уя қурган:

Бир тоғ бўларди, Элбурз деган тоғ
Қуёшга яқину ердан кўп узоқ.

У ерда Семурғ уяси ҳам бор,
Унда бирон киши топилмас зинҳор.

Фирдавсий “Шоҳнома”сидаги Симурғ билан Ҳамид Олимжон достонидаги Симурғ образида ўхшашликлар бор. Ҳар иккала асарда ҳам Симурғ инсонга дўст, инсоннинг оғир кунларида бирга бўлади. Фирдавсийда Семурғ болаларининг хоҳиши билан Золни боқади, парвариш қилади, тил ўргатади, билим беради. Одам жаҳолатга йўл қўяди, қуш эса адолат йўлини тутади. У Рустамга аждар, девларни, ҳатто Исфандиёрни енгишда ҳам яқиндан мададкор бўлади. Ҳамид Олимжон достонда чин севгидан йироқ, жаҳолатга гирифтор бўлган хон қизи Паризод шартни бажарган Бунёдни қабул қилмай унинг ҳалок бўлишини истаб, дев жангига юборади. Инсон разолатга йўл қўяди, Симурғ эса Бунёдни жасорат сари йўллайди. Бунёдни дев масканига элтган Симурғ жасур йигитнинг ғалабасини қўллайди. Семурғнинг қаҳрамон йигитга муносабати ҳамда Бунёднинг дев билан яккама-якка олишуви ва ғалабаси тасвирида “Шоҳнома” га ҳамоҳанглик бор.

Замонавий эрон шеъриятида ҳам мазкур образдан самарали фойдаланилган. Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб шоирлар ижодида яна бир қанча қуш образлари пайдо бўлди. Масалан, Соя, Касроий ва Жоле ижодида қалдирғоч, каклик ва бургут образи, Муҳаммад Зоҳерий шеърларида баклан (қора қуш), канарейка, тўрғай, Нодерпур шеърларида эса ҳудҳуд қушидан муайян символик образ сифатида фойдаланилган.

Сиёвуш Касроий асарларидан ўрин олган қуш образларидан бири Симурғдир. Адибнинг “Сиёвуш қони” тўпламидан ўрин олган “Симурғ қайғуси” номли шеърида афсонавий Симурғ қушини кўрамиз. Қадимий асарлар ва афсоналарга кўра, Симурғ қуш бўлиб, қариндошларига ёрдам беришга боради ва ўзининг бир қанотини юлиб уларга беради. Рустам ва Исфандиёр достонида, Зол замонида Симурғнинг пати ўтда куйдирилади. Бу қуш Рустамнинг ярасига дармон топишга шай эди. Аммо бу қуш Сиёвуш Касроийнинг шеърида биз дастлаб учратган Симурғ образидан фарқ қилади. Унда у ўзининг улуғворлигини йўқотиб, қанотидан ажралган қуш сифатида кўринади. Гарчи дастлаб қанотга эга бўлиб, паҳлавонлар ва баҳодирлар қошига шошилса-да, аммо энди у ўзининг нажотбахш қудратини йўқотган, қанотсиз, худди “қари чинор”дек “изтиробли ва ғамгин” бўлиб қолган эди.

Касроийнинг мазкур шеърида қадимги асарларда нажотбахш бўлган, аммо ҳозирда ўз имконини қўлдан бой берган, оддий кишидек фикр юритадиган, қанотлари ва парлари тўкилган, куч-қудрати қолмаган ғамгин ва афтода қушга айланган Симурғ образини кўрамиз. Шу ўринда бир савол туғилади: нега Сиёвуш Касроий ҳаётдаги умид ва елиб-югуришни ифода этган “Ораш-е камонгир” достонини ёза туриб, унинг кетидан маъюс ва ғамгин шеърларни ўз ичига олган “Хун-е Сиёвуш” достонини ёзган. Мазкур тўпламдан ўрин олган “Андуҳ-е Симурғ” (“Симурғнинг ғами”) шеърида бу нажотбахш қушни шундай тасвирлайдики, энди у ҳаракат қилишга ночор, ҳатто ёрдам ҳам беролмайди.

Сиёвуш Касроий метафизик элементларни камайтириш ва заифлаштириш истагида инсонни саҳнада (асарда) намоён қилди. Негаки, бу асарда инсон ўз тақдирига масъулдир, у ўз келажаги ва тақдирини белгилайди.

Хуллас, Симурғ образи жуда қадимги даврларда пайдо бўлган, эзгулик тимсоли, шарқ халқлари адибларининг севимли тимсоллари қаторига кирувчи қуш образидир. Симурғ қушидаги улуғворлик, инсонпарварлик каби фазилатлар, гарчи турли-туман сюжетлар орқали китобхон эътиборига ҳавола этилган бўлса-да, шарқ халқлари маданиятининг ўзаро уйғунлигини намоён қилади. Турли даврларда шарқ халқлари бошидан кечирган тақдир синовлари ҳамда жамиятда юз берган ўзгаришлар бадиий тўқималар асосида Симурғ қуши тимсолида ёритиб берилган.

Динора Юсупова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 11-сон