Азонда бехос уйғониб кетдим. Қарасам, чап қўлим йўқ! «Ие, бу қанақаси бўлди? — дедим ўзимга ўзим. — Кечқурун ахир жойида турувди-ку. Қўл жонивор қаёққа кетиши мумкин?»
Шундай дедиму ётган ўрнимни титкиладим. Ўринда кўринмади. Хотинимга ўгирилдим-да, тирсагим билан (ўнг қўлимнинг тирсаги билан) туртиб, сўрадим:
— Жоним, мабодо чап қўлимга кўзинг тушмадими?
— Чап қўлми, ўнг қўлми… — дея ғўлдиради хотиним уйқусираб. — Қўлларингизга шунча қараганим озмиди? Қўлларингиз кўрсатган ҳунарларни шунча кўрганим етмасмиди? Саҳарлаб бу нима майнавозчилик?
— Жоним, майнавозчилик деганинг нимаси? Мен ҳеч майнавозчилик қилмаяпман-да. Ростдан ҳам чап қўлим йўқ. Ишонмасанг, мана, ўзинг туриб қара.
Бу гапимни эшитиб хотиним сесканиб кетди. Ўрнидан туриб ўтирди-да, чап елкамни пайпаслаб кўрди.
— Ҳа, ростдан ҳам йўқ-ку, — деди ҳайрон бўлиб. — Қаранг, ном-нишон ҳам йўғ-а.
Шундан кейин хотиним менга шубҳаланиб қараб турди-да, тўсатдан сўраб қолди:
— Кимга бердингиз қўлингизни?
— Ие, кимга берардим? Менинг қўлимни биров бошига урадими?
— Ҳа бўлди, бўлди. Ҳаммасини билдим. Битта-яримта жононнинг нозик қўлчаларига топширгансиз. Атрофингизда парвона бўлиб юрган ўша қушча сиздан ўзига керагини олган-у, пир этиб учган-кетган. Ё бўлмаса биронта гўзалнинг кўкрагига қўлингизни солгансиз-у, қайтиб олиш эсингиздан чиққан…
— Ё тавба! Ҳазил қилишга топган вақтингни қараю! Мен сенга қўлим йўқолди деяпман. Тушуняпсанми, йўқми?
— Йўқолса менга нима? — дея эснаб жавоб берди хотиним. — Ҳаммаёқни яхшилаб қараб кўринг. Эҳтимол, битта‑яримта тешикка бекитгансиз-у, қайтиб олиш эсингиздан чиққандир. Қачон қараса, ҳар нарсангиз ҳар ёқда сочилиб ётади. Нима қаерда ётганини ўзингиз ҳам билмайсиз.
Бутун уйни тит-пит қилиб ташладим. Қидирмаган жойим қолмади. Ҳамма шимларнинг чўнтагини бир-бир қараб чиқдим. Ҳатто тунда ишлатиладиган тувакни ҳам очиб кўрдим. Ҳеч қаердан тополмагач, хунобим чиқиб, хизматкорнинг ёқасидан олдим:
— Қани ярамас, тўғрисини айт: чап қўлимни сен олдингми? Ёлғон гапирсанг, нақ башарангни тескари қилиб қўяман.
Дағ-дағамдан шўрликнинг эс-хонаси чиқиб кетди.
— Вой, хўжайин, мен сизнинг қўлингизни нима қиламан, ўзимнинг иккита қўлим бўлса… Яна битта қўлни нима кераги бор менга?
Хизматкорнинг гапи тўғри. Ҳақиқатан ҳам, иккала қўли жойида турибди. Рост-да, иккита қўли бўла туриб ортиқча қўлни нима қилади? Олганда ҳам қаерига қўяди?
Хизматкорни қўйиб юбордим. Тарвузим қўлтиғимдан тушиб кўчага чиқдим. Ҳар куни кечқурун овқатдан кейин кўчага чиқиб бир айланиб келаман. Ҳозир ҳам ўша ҳар кунги йўл бўйлаб юра бошладим. Менинг бир ёмон одатим бор: юрганда қўлларимни қаттиқ-қаттиқ силтаб-силтаб юраман. «Ие, тўхта, — дедим ўзимга-ўзим. — Кечаси уйқусираб кўчага айлангани чиққан бўлсаму чап қўлимни қаттиқроқ силтаб юборган бўлсамда, у шилқ этиб узилиб ариқ-париққа тушиб қолган бўлса-я?»
Шундай деб йўл четидаги ариқларни титкилашга тушдим. Ҳамма ариқларни бирма-бир қараб чиқдим. Лекин қўлимни тополмадим. Ҳар куни ишдан қайтаётганда чорраҳадаги баққолнинг дўконидан уйга майда-чуйда ола кетаман. Бориб ундан ҳам суриштирдим.
У гапимни эшитиб турди-да, икки қўлини кўксига қўйиб, деди:
— Йўқ, йўқ, тақсир! Худо асрасин! Мен дўконимда бировнинг қўлини сотмайман. Бундоқ нопок ишлардан худонинг ўзи асрасин!
— Шунақами ҳали?! — дедим тутақиб. — Ҳов, Митҳумал! Мен сени жуда яхши биламан. Худонинг номи тилингдан тушмайди-ю, лекин ўғрилик мол келиб қолса пуллашдан ҳеч қочмайсан. Қани, бўл, буёққа чўзиб қўй қўлимни!!!
— Тақсир! Менда қўлингиз йўқ, ахир! Кўзим тушгани ҳам йўқ унга! Битта-яримта дўконимда бирор нарсасини қолдириб кетса, дарров эҳтиётлаб олиб қўяман. Бир гал бунақа воқеа бўлган. Ёмғир мавсуми эди айни. Бир куни битта харидор дўконимда шамсиясини қолдириб кетипти. Ўша шамсияни роппа-роса бир йил асраб, ахийри эгасига топширдим. Шамсия — керакли матоҳ. Сизнинг чап қўлингиз кимга ҳам керак?
Қўлимни қидира-қидира чарчадим. Энди миршабхонага борсаммикан, деб турувдим, бирдан баққолнинг охирги гапи ёдимга тушиб қолди. Ўйладим: ростданам, чам қўлнинг менга нима кераги бор ўзи? Ҳамма нарсани ўнг қўлда қилсам, ўнг қўлда ёзаман, ўнг қўлда овқат ейман, шу қўл билан ёқалашиб, шу қўл билан кўришаман. Иккита қўл фақат кафтларни жуфтлаштириб, ҳиндуча саломлашиш учун керак, холос. Бир қўлимнинг йўқлиги қайтанга фойда бўлди менга: дуч келган амалдорга қўл қовуштириб таъзим қилавермайман. Бунга энди тўлиқ ҳаққим бор. Қарабсизки, бу одатдан ҳам қутулиб турибман. Чап қўлнинг ишини ўнг қўл ҳам бемалол бажараверади. Шу битта қўлни деб миршабга мурожаат қилсам, улар дарров суриштиришга тушишади: «Исминг нима? Отангнинг исми нима? Буванг ким? Ўғрилик қайси пайтда юз берди? Қаерда содир бўлди? Ўзи бормиди чап қўлинг? Далилинг борми бунга? Қўлинг кечаси ухлаб ётганингда йўқолган экан, демак, хотинингни сўроқ қилишга ҳақлимиз. Уни участкага олиб келишинг керак. Эҳтимол, қўлингни хотининг ўғирлаб, бирортасига пуллаб юборгандир? «Йўғ-эй» деганинг нимаси? Ундоқ бўлса хотинингнинг бегуноҳлигини исботла. Қўлингни ўзинг беркитиб қўйиб, алдаётган бўлсанг-чи? А? Ҳозир бунақалар тиқилиб ётибди. Бутун мол-давлатини ҳавога совуради-да, кейин ўғри урди, деб йиғлаб юради. Эҳтимол, сен шу қўлинг билан бирор жиноят қилиб қўйгандирсан-да, сувдан қуруқ чиқиш учун уни гумдон қилгансан… Қўлингнинг ранги қанақа эди? Узунлигичи? Нечта бармоғи бор эди? Бармоқларнинг сони бешта бўлса, жиноятда шуларнинг ҳаммаси иштирок этганмиди, йўқми? Ўша пайтда калланг қаёқда эди? Қани, яхшиликча шуларнинг ҳаммасига иқрор бўл…»
Шу бошоғриқ томонларини ўйлаб, миршабга мурожаат қилмай қўя қолдим.
Шу воқеадан кейин беш-олти кунгача бир хил бўлиб юрдим. Кўчада кета туриб битта-яримтанинг қўли учтамасмикин, деб ўтган-кетганга тикилиб қарайман. Аммо унақа одам учрамади. Кейинроқ бориб, билдимки, худди менга ўхшаб, кўпчиликнинг қўли битта экан. Ниҳоят, «Ҳа, чап қўлим ўзи бутунлай ортиқча бўлиб қолган экан», деган фикрга келдим-у, кўнглим таскин топди. Ўйлаб қарасам, баъзан чап қўлим ғашимга ҳам тегаркан. Мана, ўйлаб кўринг. Ўнг қўлингиз билан маҳбубангизнинг нозик белидан астагина қучдингиз, дейлик. Шунақа пайтда қани энди чап қўл деган нарса бир чеккада турса! Қаёқда! У ҳам ҳозиру нозир бўлади. Қутулганимга шукр-эй!
Шундан кейин бир маҳаллар қўлим иккита бўлгани эсимга ҳам келмайдиган бўлиб қолди.
Орадан кўп ўтмай битта қулоғимдан айрилдим. Воқеа бундай бўлди. Бир куни эрталаб уйғондим-да, ўзимча юз-кўзимни сийпалаб кўрдим. Назаримда бир нарса камга ўхшади. Яна бошқатдан сийпаладим. Қарасам, ўнг қулоғим йўқ. Ўрни сип‑силлиқ. Гўё умуман бўлмагандек. Ўрнимдан сапчиб турдимда, бориб ўзимни ойнага солдим. Ростдан ҳам бир қулоқдан ном-нишон йўқ. Ҳайрон бўлганмдан ўзимни йўқотиб, ҳайкалдек қотиб қолдим. Анчадан кейин ўзимга келдим-да, «Қулоғим қаёққа кетганикин?», деб ўйладим. Ҳаммаёқни тит-пит қилишга тушдим. Ёстиқнинг тагини қарадим, каравотнинг тагини… қулоғим ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ. Тақур-туқуримга хотиним ҳам уйғониб кетди.
— Э-э, сизнинг дастингиздан ухлаб бўладими, йўқми? Яна нима балони бошладингиз? — деб тўнғиллади.
— Ўнг қулоғим йўқолиб қолди-ку, — дедим мен.
— Э-э, қаёққа кетарди йўқолиб? — деди хотиним. — Қулоғингиз худди шайтонникидек шалпанг бўлса… ким бошига уради?.
— Ишонмасанг, мана, ўзинг туриб қара. Битта қулоғим йўқ, — дедим мен.
— Ўзи ҳеч бир гап қулоғингизда турмайди. Биридан кириб, иккинчисидан чиқиб кетаверади. Яна қулоғим йўқолди, деб даъво қилиб юрибсиз. Қулоғингиз бор бўлди нима-ю, йўқ бўлди нима?
— Ҳой, хотин, менга қара! Ўнг қулоғим бутунлай йўқ, бундоқ ўрнингдан туриб қарасанг-чи.
Шундагина хотиним гапнинг тагига етди. Кафтини кафтига тарс этиб урдию йиғи-сиғи қилишга тушди.
— Э, худойим-эй! Нима гап ўзи?! Сизга нима жин урди, а? Ҳали у ерингиз йўқолади, ҳали бу ерингиз… Аввал қўлингиз йўқолувди, мана, энди қулоғингиз йўқ бўлиб турибди. Эртага, ҳойнаҳой, оёғингиз ғойиб бўлади. Кейин ўзингиз ҳам йўқ бўлиб қолмасангиз эди. Мени ҳеч балодан хабари йўқ деб ўйламанг, ҳа. Мен ҳамма нарсани кўриб-билиб турибман. Сиз жўрттага ҳали у ерингизни, ҳали бу ерингизни гумдон қиляпсиз. Шундоқ қилиб-қилиб, охири бир куни шартта битта‑яримта жононнинг уйига бориб ўтириб оласиз. Бу ёқдагилар қаёққа кетди экан деб ҳайрон ўтираверади. Сиз мени гўл деб ўйламанг. Мен сизнинг ичингиздагини шундоқ кўриб тураман.
Бу воқеадан кейин бутун таниш-билишларим миршабхонага мурожаат қилгин деб маслаҳат беришди. Олдин тўсатдан қўлинг йўқолди, энди қулоғинг. Шунинг учун миршабга арз қилмасанг бўлмайди, дейишди улар. Мен кўп ўйладим. Ўйлаб‑ўйлаб, охири ҳеч қаёққа бормайман, деган қарорга келдим. «Э, шунга ҳам ғам чекаманми? — дедим ўзимга ўзим. — Битта қулоғим йўқолса йўқолибди! Иккинчиси турибди-ку жойида! Керакли гапни битта қулоқ билан ҳам эшитса бўлади. Бўлар‑бўлмас нарсаларни эшитиб ўтиришга ўзи вақтим йўқ. Битта қулоғим йўқолгани қайтанга фойда бўлди. Хотиним нуқул: «Сизга гап гапирса бу қулоғингиздан кириб, у қулоғингиздан чиқиб кетади», деб нолигани нолиган. Шу гапдан ҳам қутуладиган бўлдим энди. Энг яхши жойи шуки, энди мен кўчадаги қулоқни батанг қилувчи шовқин-суроннинг ярминигина эшитаман, холос. Ҳозирги даврда ўзи машиналарнинг шовқини одамнинг умрини тенг баравар қисқартирар экан. Шуни ҳисобга олсак, унда менинг битта қулоқдан айрилганим нур устига нур бўлди. Шунинг ҳисобига умрим ҳам икки баравар узайса, ажаб эмас. Ўйлаган сарим бир нарсага тобора ишончим комил бўлиб борди: қулоқ иккиталигидан битта бўлгани афзалроқ экан. Шу боис миршабга арзга бормай қўя қолдим.
Шундан кейин икки-уч ой жуда ҳузур қилиб юрдим. Лекин бир куни тўсатдан кўзимнинг биттаси йўқолиб қолди. Хонамда китоб ўқиб ўтирувдим. Қўлимдаги китоб жуда қизиғ-у, лекин ҳаддан ташқари мураккаб масалалар кўтарилган экан. Шу сабабли аранг беш-олти бет ўқидим-у, ухлаб қолдим. Қаттиқ ухлабман. Бир маҳал уйғониб, кўзимни очдим. Назаримда, теварак ғира-ширадек кўринди. Туриб, чироқни ёқдим-да, ваннахонага кирдим. Ювиниб турган эдим, назаримда битта кўзим йўққа ўхшаб туюлди. Шартта юзимни артиб, ойнага қарасам, чап қошимнинг остида ҳеч вақо йўқ! На киприк бор, на қорачиқ — кўзнинг ўрни сип-силлиқ тери. Соғ қолган кўзимни жонҳолатда бир неча марта очиб, юмдим. Қўлим билан ишқалаб, яна ойнага қарадим. Барибир чап кўз кўринмади. Ҳеч қачон бўлмагандек, ўрни теп-текис.
Менга нима бўлди ўзи? Ҳеч ақлим бовар қилмай қолди. Ахийри ҳеч чидаб туролмадим, телба одамдай додлаб юбордим.
Дод деганимни эшитиб, хотиним югуриб келди.
— Ҳа, нима бўлди? — деди у шанғиллаб. — Нима бало, кўзингизга совун кириб кетдими?
— Совун кириши қаёқда! Кўзнинг ўзи йўқ!
— Қайси кўзингиз йўқ?
— Чап кўзим.
Хотиним бирпас ўйлаб турди-да, деди:
— Битта-яримтага кўз тикиб, ололмай қолгандирсиз-да? — Э, хотинжон-эй!
— Е бўлмаса, бирорта хонимга кўз қисгандирсиз.
— Оббо!
— Ҳа, худди шундоқ бўлган. Битта-яримта бузуқ хотинга ҳирс билан тикилгансиз-у, худди ўша кўзингизни илиб кетган.
Хотинимнинг нима дейиши олдиндан маълум, шунинг учун гапни чўзмай қўя қолдим. Ваннахонадан чиқдим-да, кўзимни қидиришга тушдим. Китобни бирма-бир варақлаб чиқдим. Креслонинг тагини қарадим, кўзойнак сақланадиган қутичани ҳам текшириб кўрдим. Кўзим ҳеч ерда йўқ! Ошна-оғайниларникига бориб суриштирдим. Беш-олти кун шу билан ўтди. Лекин кўз қурғур ерда ҳам йўқ, кўкда ҳам! Назаримда, битта-яримта олган-у, ҳеч қайтариб бергиси йўқдек. Нега шундай қилаётганини яхши биламан. Чунки ўзим ҳам ортиқча нарса деса томдан ташлайдиган одамман.
Ҳозир кишиларда зиғирча инсоф қолмаган. Ҳатто, умрида инсоф, диёнат деган сўзларни эшитмаган одамлар бор. Менку, жуда унақа эмасман. Шунга қарамай, ҳайронман: кўзим қаёққа йўқолиши мумкин!
Энди хотиним миршабга арз қилинг, деб ҳиқиллашга тушди. Ўйлаб кўрсам, миршабга бориб ўтиришдан зиғирча фойда йўқ. Ўзим каттакон савдогарман, ишим ҳам бошимдан ошиб ётган бўлса… Миршабга қатнаш ўрнига бирор ишимни битирганим маъқул эмасми? Тўғри, бир кўз билан юриш анча нохуш. Лекин иккинчи кўзим соғ-ку? Бир кўзим йўқолгач, иккинчиси шунақа равшан кўрадиган бўлдики, асти қўяверасиз. Кўзим битталигидан яна бир фойда бўлди: энди мен дунёни фақат бир нуқтаи назардан кўряпман. Тўғри, бу маълум вақтгача ҳуснимга путур етказди, лекин кейин шахсий табибим Сузаний шундай бир қулинг ўргилсин шиша кўз ясаб бердики, кўрган одамнинг ҳаваси келмай қолмасди. Бу кўз менга шу қадар ярашдики, ҳатто соғ кўзимни ҳам юлиб ташлаб, ўрнига шу кўздан қўйдирсаммикан, деган хаёлга бордим. Хуллас, кўзим битталиги менга ҳар жиҳатдан қўл келди!
…Ўтган куни бирдан ёстиғимнинг тагидан ҳамёним йўқолиб қолса бўладими? Кечаси ётаётганимда йирик пулларимни албатта пўлат сандиққа қулфлаб қўяман. Шунинг учун ҳамёнимда атиги битта ўн рупиялик бор эди. Лекин ўн рупия ҳам барибир пул-ку!
Пулим йўқолганини ўша заҳотиёқ хотинимга айтдим. У уйни бошига кўтариб дод-вой қилди. Менда эмас гуноҳ, деб дарҳол қўлини қулоғига тегизди. Мен шартта уйни супуриб-сидирувчи хизматкор аёлга ёпишдим. У ҳам қасам ичиб, мен олганим йўқ, деб туриб олди. Пул ахийри ошпазнинг ёстиғи тагидан чиқди. Ошпаз безгак тутганини баҳона қилиб, тўрт кундан бери кўрпа-тўшак қилиб ётган эди. Ярамасга бир яхшилаб дўқ қилувдим, айбига иқрор бўлди-қўйди. Жағига ўхшатиб бир тарсаки тортдиму қулоғидан чўзиб, ҳовлига олиб чиқдим.
— Падарингга лаънат! — дея ўшқирдим. — Ҳам тузимни ичасан, ҳам ўғрилик қиласанми, аблаҳ?!
— Ҳай, қўйинг бечорани ўз ҳолига! — деб орага тушди хотиним. — Кўрмаяпсизми, шўрликнинг аъзои бадани ёниб турибди. Дорига пул беринг, деб ҳиқиллаб турувди. Пул бериш эсимдан чиқибди.
— Пул бериш эсингдан чиққан бўлса, ўғирлаш керакмиди? А?
Шундай деб ошпазнинг юзига яна бир тарсаки тортдим. Бечора гурс этиб қуладию инграб юборди.
— Ҳай-ҳай! Қўйинг деяпман сизга! Раҳм деган нарса борми? — дея илтижо қилди хотиним. — Шўрликни тўрт кундан бери безгак тутиб ётибди. Миллион-миллион пул ўйнайдиган одамсиз-ку, пул бўптими шу ўн рупия сизга?!
— Нега пул бўлмас экан? — деб наъра тортиб юбордим мен. — Бу пулни мен қандоқ ҳасратларда топганимни биласанми? Шу пулни деб қанча-қанча одамни алдайман, хийла-найранг ишлатаман, бировларга хушомад, тилёғламалик қиламан! Йўқ, сен икки дунёда буни тушунмайсан. Буни фақат мен биламан!..
— Қўйворинг бечорани, — деб ялинди хотиним.
— Қўйвориб бўпман, — дедим мен. — Менинг ўн рупиямни ўғирлабдими — жазосини тортиши керак!
Шундай деб мен ошпазни ёқасидан олдиму миршабхона томон судраб кетдим.
Ҳиндий тилидан Ансориддин Иброҳимов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 11-сон