Бўйин ва оёқлари ингичка, тили бироз чучук, феъли тезроқ Адашвой адашиб қолди. Велосипедига бир қоп шоли ортиб Қумқишлоқ тегирмонига борган эди. Тегирмончи: чироқ ўчиб қолди, кечқурун ёнса, эрталабгача оқлаб қўяман, деди.
Адашвой изига – Қирқлар қишлоғига қайтди. Қайтишда йўл эниш, ҳам шамол орқадан бўлганидан велосипедни енгил ва шитоб ҳайдади. Тезлик ошган сайин баттар авжланди, кўйлаклари елкандек ҳилпираб, ўзини учиб бораётган қушдек ҳис этди.
Ақл-ҳушини тезлик завқи банд этиб, қаттиқ ҳаяжонланиб бегона қишлоққа кириб борганини билмай қолди. Бу қандай қишлоқ экан? Қумтепага ўтиб кетибманми, деб ўйлади. Лекин Қумтепани илгари қўрмагани боис қаерга келиб қолганини бари бир англай олмади.
Пастқам гувала деворлар, тарновлари остини ёмғир ювган лойсувоқ уйлар, эгри-бугри, чанг-тупроқ кўчалар… Айрим жойларда белдамчалари чириб, белидан синиб, илвираб қолган қўралар мунғайиб турибди.
Атроф қоп-қоронғи. Зулмат ер остидан чиқиб, осмонга томон сийраклашиб кўтарилиб бораётгандек. Қоронғулик ер остидан чиқиб келаркан, деб ўйлади у. Қуёш осмоннинг қай тарафида эканини билиб бўлмасди. Куннинг қайси пайти экан? Ажаб, атроф қоп-қорониғию, Адашвой қишлоқни аниқ-тиниқ кўряпти. Яна ҳам аниқроғи, у ўзи адашиб кириб қолган жойни танияпти.
Қаёқдандир пайдо бўлган бир тўп одам ғаройиб махлуқни кўргандек Адашвойни ўраб олиб томоша қила бошлади. Тахталари уқаланиб, қор-ёмғиру шамоллар, қуёш тиғию вақт эговида қирралари емирилиб, ранги униққан паканагина кўҳна эшиклардан аёллару болалар аввал мўралаб, кейин чўчинқираб, уялинқираб чиқиб келиб Адашвойни ўраган оломонга қўшиларди. Негадир уларнинг турқ-таровати ўзлари чиқиб келаётган эшикларнинг ранг-туси билан бир хил эди.
Адашвой улардан қишлоқларининг номини сўради. Қумбости дейишди қишлоқнинг номини. У бунақа қишлоқни эшитмаганди. Кейин улардан Қирқлар қишлоғи қай томондалигини билмайсизларми, деб сўради. Улар бунақа қишлоқни эшитишмаган экан. Адашвой қўшни туманга ўтиб кетган бўлсам керак, деб ўйлади. Кейин ўша ерда турган таксичилардан сўради. Улар ҳам эшитишмаган экан. Қайси тумандансиз, деб сўрашди улар. Данғараданман, деди Адашвой. Данғарани эшитганмиз. Катта туман. Қишлоғингиз аниқ қаерда, деди улар. Қўқон шаҳрига бориб у ердан қишлоғимизга борадиган йўлни билиб оларман, деб таксичиларга умидвор тикилди. Бўпти, деди улар, лекин анча қиммат бўлади, деб каттагина нарх айтишди. Бунча пул Адашвойни чўчитиб юборди. Таксига шунча пул сарфлагандан кўра бир йўли топилгунча қишлоқда дайдиб юрганим яхши, деган хаёлда ортига қайтди.
Одамлар негадир Адашвойга ажабсиниб қарайди. Гўё у одам эмас, умрларида биринчи марта кўриб турган ажабтовур жонзот эди. Бутун бир оломоннинг ўзига ажабсиниб ва қизиқиб қараб турганидан Адашвой гангиб қолди, беихтиёр атрофга аланглаб беркингани жой қидирди. Азалдан иккита одам баравар қараб, бирор нарса сўраса, ўнғайсизланиб, кўзлари ёшланиб, юз пайлари қалтираб қоладиган Адашвой юзлаб бегона одамларнинг қадалиб, тикилиб туришганидан ўзини йўқотиб, тиззалари майишиб кетгандек бўлди. Кўпчилик бир томонга, бир нарсага баравар қараса, уларнинг нигоҳи ҳам катта куч экан, деган ўй ўтди хаёлидан.
Бошида Адашвойга қизиқиб, ҳайратланиб қараб турган оломон бирданига уни танигандек тиржая бошлади. Улар мени қаердан танир экан, ёки мен ҳақимда кулгили гап эшитишганмикан, деб ўйлади у.
Адашвой уят ва хижолатпазлик ҳисларига кўмиб ташлаган оломон нигоҳидан беркинишга илож топмади, лекин уларнинг қаршисида қаққайиб туришдан ҳам ўнғайсизланиб, негадир кўзини чирт юмиб, уларга қўшилиб кетгиси келди. Шундай қилмаса, назарида, оёғи остидан ер ғойиб бўлиб, тубсиз бўшлиққа тушиб кетадигандек эди. У нажот истаб оломон томон беихтиёр бир неча қадам қўйди. Оломон эса Адашвой тимсолида пайдо бўлган текин томошадан ажралишни истамади шекилли, бараварига ортга чекиниб, кўрсатгич бармоқлари билан ўша жойда тур, дегандек ишора қилиб кулишди.
Оломоннинг бу иши, анчагина овора бўлиб тутган сичқонини бирданига еб қўймай, аввал роса ўйнаб-ўйнаб хумордан чиқадиган мушукнинг қилиғига ўхшаб кетарди.
Айниқса, ёш болаларга эрмак топилди. Улар Адашвойни ғуч ўраб олишади. Чувир-чувирлаб томоша қилишади. Масофа сақлашади. Гўё Адашвойга яқинроқ келишса, қўрқинчли бир ҳодиса рўй берадигандек.
Бутун қишлоқ одами кўчага чиқиб Адашвойни кўргиси келади. Охири Адашвой улар билан гаплашиб олмоқчи бўлди. Қизиқ, ҳаммаси оғзини катта – катта очиб гапиради. Лекин гаплари тугагандан кейин ҳам оғизларини юммай, катта очиб тураверишади. Бир маҳал одамлар Адашвойни қўлидан ушлаб қабристонга бошлаб боришди. Тиканаклар босиб кетган, тупроқлари кўпчиб, кўтарилиб қолган қабристон ҳаддан зиёд катта, нариги чети уфқларга бориб туташган. Одамлар қатор-қатор қабрларни қўллари билан кўрсатиб нималарнидир гапиради. Хурсанд бўлади. Лекин Адашвой худди қалин ойнакнинг ортида турган каби уларнинг гапини эшитмайди. Бироқ уларнинг юз ифодасидан қандайдир қизиқ нарсаларни гапираётганликларини тушунгандек бўлади.
Оломон орасидан яғрини кенг, жағи йўғон, тиржайганида қоп-қора милклари кўриниб кетадиган бир кимса ажралиб чиқиб, эскироқ қабрни кетмон билан буза бошлади. Чўккан қабр ўрнида каттагина ўра қазиб, шунинг ичига туш, дегандек ишора қилди Адашвойга. Адашвой ўранинг ичига мўралаб ҳилвираган кафанини елкасигача тушириб, қовоқ солиб ўтирган жиккаккина чолни кўрди. Чолнинг очиқ елкаси ва билагида бир неча чаён ўрмалаб юрарди. Чол бошини кўтариб Адашвойни кўрдию юзидаги тунд ифода ғойиб бўлиб, тепадаги оломон каби тиржайди ва пастга туш, деб ишора қилди. Кейин чаёнлардан бирини қўлига олиб, қўрқма, чақмайди деган маънода юзига қўйиб юборди. Чаён ўрмалаб лаблари устига келганида чол бир ҳамла билан чаённинг думини оғзига киритиб олди.
Оломон бўлса Адашвойни икки қўлтиғидан ушлаб, бу сенинг отанг, саломлашиб ол у билан, деб қабр ичига тушишга ундай бошлади. Адашвой отам ҳали ўлгани йўқ-ку, деб бақирмоқчи бўлди-ю, лекин оломоннинг бақир-чақирида овозини ҳеч ким эшитмаслигини сезиб, индамай қўя қолди…
Қабристон жуда эски, хароб эди, ҳаммаёқни сертикан янтоқ, барглари кичкина, лекин тикани анчайин узун буталар босиб кетган бўлса-да, жуда кўп қабрларга мармартошлар ўрнатилган ва уларга марҳумларнинг исм-шарифлари битилган, айримларида эса суратлари ҳам кўзга чалинарди.
Қабристонга кираверишда, чап томонда бир неча мевали дарахт мунғайиб турибди, шохларида эса ерга тўкилмай, турган жойида бужмайиб, қорайиб қолган мевалар кўринади. Дарахтлардан нарида, олди очиқ ва пол ўрнига асфальт қилинган каттагина айвон, айвоннинг ўртасида эса каттагина замбилга ўхшаб кетадиган тобут турибди. Тобут устига тизилиб ўтиришган ёш болакайлар бир-бирига гап қотмай, тиржайиб қарайди. Болалар, Адашвойга кўзлари тушиб, тобутни худди от мингандек қилиб қўлларидаги хивчин билан савалай бошлашди. Ўзи ҳам болалигида мозорнинг ичида ўйнаганлари, ўйнаб бўлиб, уйидан олиб келган ўроқ билан қабрлар устини босиб кетган бегона ўтларни ўриб, этакка тугиб молига ташиганлари ёдига тушди.
Оломон Адашвойни икки қўлтиғидан ушлаб улкан қора мармартошли қабр рўпарасига олиб келиб, буни кўр, дегандек бўлди. Адашвой мармартошдаги юзлари юмалоқдан келган одамнинг суратига қаради. Сурат танишдек кўринди. И-е, бу бир ўтиришда бир тоғора манти ейдиган қўшним Қамчибой-ку, кеча уни қассобдан тўрт кило гўшт олаётганида кўргандим, деб ўйлаб оломонга қаради. Оломон эса ёппасига “ҳа, шунақа” деган маънода бошлари билан тасдиқ ишорасини қилди.
Адашвой Қамчибойни ёмон кўрарди. Чунки ерга тўймаган қўшниси ораларидаги деворни бузиб, янги девор тортганида унинг еридан анчагина қисмини ўзлаштириб олган эди.
Қабртошдаги суратга жон киргандек бўлди. Аввал икки юзи қизариб, кейин пешонаси ялтиллай бошлади. Адашвой суратнинг кўзига қаради: у тирилаётганди, баркашдек келадиган башарага ярашмаган бит кўзлар оломонга жавдираб қарай бошлади. Адашвойга кўзи тушгач эса лаблари икки томонга тортилиб тиржайди. Кейин эса марҳумнинг ойдек нур таратиб турган юзлари аввал пушти рангга кирди, кейин қорайди ва мум каби эриб, мармартош устига узун-узун бўлиб оқиб туша бошлади. Адашвой ҳайрон бўлиб оломонга қаради. Оломон бўлса бу манзарадан завқланиб бараварига чапак чалиб, қийқириб юборди. Битта паканароғи эса қабр ичида олов ёняпти, шунинг учун қабртошдаги одамнинг юзи эриб томяпти, деб айтди. Шундай деб айтди у. Лекин гапираётиб ҳам оғзини очмади. Оғизни очмай ҳам гапириш мумкин экан-да, деб ҳайрон бўлди Адашвой. Эски қабрлар чўкиб, емирилиб ер ўчоққа ўхшаб қолганди. Ўт ёқса бўладиган тайёр ўчоқ экан, деб ўйлади у. Хаёлидан шу ўй кечган заҳоти оломон ичидан бир одам бир қучоқ ўтин қўлтиқлаб Адашвойга яқинлашди ва ўтинни унга узатиб, ёқ, деган мазмунда аввал кўзи, кейин ияги билан билан ишора қилди.
Туйқус қабристон унга қишлоғига ўхшаб туюлди. Бири гўрга суяниб, яна бири ерга ўтириб гурунглашаётган одамларга кўзи тушди. Уларнинг бари Адашвойга таниш эди. Қишлоғим бу ерда экан-ку, деган ўй кечди хаёлидан. Оломон ичидан кўзлари балиқнинг кўзидек бўртгансимон бир кимса “Тўғри топдинг. Қишлоғинг шу. Яхшироқ қарасанг, лойсувоқ уйингни топасан”, дегандек бўлди.
Адашвой орқага қайтиб, қишлоқ томон йўналди, ортидан оломон эргашди. Бир пайт қишлоқ бозорига дуч келди. Кичкина бозор. Картон қоғозлардан тикланган дўкончалар. Иккита қари кампир қурт, писта, пуфак, қоғозли қанд ва аллақандай майда-чуйда ялтироқ нарсаларни сотяпти. Уларга яқин келиб не кўз билан кўрсинки, бозорчи кампирлар онаси ва катта бувиси экан. Назарида онаси бувисидан ёши каттароққа ўхшади. Ҳар иккаласининг ранг-рўйи эса бояги кўрган кўҳна эшикка монанд эди.
Улар бу ерда нима қилиб ўтиришибди экан? Ёки шаҳарга бозорга кетяпман деб шу ерга келишармикан, деган ўй кечди хаёлидан. Негадир онаси ҳам, бувиси ҳам Адашвойни кўриб бир сўз демай тиржая бошлашди. Нега улар бегона қишлоқда адашиб қолганимни сезмади экан, деб ўйлади у. Кампирлардан бири, аниқроғи, онаси муштдек тошни кўрсатиб, ма, ол, дўмбоқсухари, деб Адашвойга узатди. У бўлса тошни еб бўлмайди-ку, деб гапирмоқчи бўлди, лекин овози чиқмади. Оломон бўлса Адашвойни дўмбоқсухари деб узатилган тошни ейишга ундай бошлади. У тошни еб бўлмайди, деб бозордан нари кетди.
Кеч тушди, менга тунаш учун жой топиб беринглар, деди у оломонга. Кун бўйи Адашвойни ортидан эргашиб юришдан зерикмаган оломон бу гапни эшитиб хурсанд бўлиб кетди. Чеккароқ хонадонга олиб кириб, битта хонани кўрсатишди. Мана шу жой сизга, дейишди.
Қаттиқ чарчоқдан донг қотиб ухлаган Адашвой эшик тарақ-туруқидан уйғониб кетди. Қараса, тонг отибди. Остонада одамлар. Чой тайёрлаб қўйдик, юринг ичамиз, деди улар.
Қари ўрикнинг соясига, қуруқ ерга эскириб, иплари осилган шолча солиниб, устидан увадаси чиқиб қолган кўрпача тўшалган. Ўртага ёзилган кир дастурхон устида бир бўлак пўпанак босган нон. Оломон тиржайишиб, таъзим билан Адашвойни чой ичишга таклиф қилди. Бир пайт оёқлари ингичка, озғин, лекин кенг кўйлак кийиб олган, қўй кўзлари сал намланиб йилтиллаб турган қорача аёл жўмраги синиқ чойнакда чой олиб келди. Кўз ёшларимни чой қилиб дамладим, ичаверинг, дегандек бўлди. Аёлга разм солиб қараса, ўзининг хотини. Хотиним нима қилиб юрибди бу ерда, деб ўйлади. Оломон кутилмаганда Адашвойга бир ҳўмрайди-да, аёлни ўзлари томон чорлаб, ўртага олиб, худди машҳур инсон билан суратга тушаётгандек ҳаммаси бошини қийшайтириб аёл томонга яқинлаштиришга ҳаракат қилабошлади. Бир маҳал аёл кўйлаклари этагини маҳкам ғижимлаб, қанотдек силкитиб осмонга учиб кетди. Оломон эса Адашвойга уни кўрсатиб: Кўрдингми, хотининг фаришта, деб гапираётгандек туюлди.
Қишлоқнинг кун ботар томонида улкан кўл кўзга ташланди. Кўлнинг усти қалин кўкимтир бақатўн ва шапалоқсимон сув ўтлари билан қопланган, фақат айрим жойларида қорамтирга мойил зангор сув кўринади. Адашвой, унинг ортидан улкан соядек эргашиб юрган оломон кўл бўйига келди. Бу ерда уни ечиниб, чўмилишга ундай бошлашди. Қизиғи шуки, оломон овоз чиқариб гапирмас, Адашвой бўлса уларнинг ниятлари, айтмоқчи бўлган фикрларини шусиз ҳам тушуниб олаётганди.
Ечин, деди улар бараварига. Ўзингни сувга ташла. Адашвой ҳамма кийимини ечиб, битта иштончада қолди. Энди сувга тушмоқчи бўлган эди оломон қийқириб, кичкина иштончангни ҳам еч, кўлда сув париси яшайди, деб туриб олишди. Адашвой беихтиёр оломоннинг раъйига бўйсуниб, чўзмаси бўшаб қолган кичкина иштончасини ҳам ечди, ечдию уялганидан тезда ерга ўтириб олди. Шу онда у ҳар бир хатти-ҳаракати оломон томонидан бошқарилаётганини, уларнинг калласида қандай фикр пайдо бўлса, шу заҳоти худди ўргатилган итдек бажаришга киришиб кетаётганини англаб қолди. Фақат англади, холос, аммо оломон томондан бўлаётган босимга қарши туришга ўзида заррача куч йўқлигини сезди.
Уялганидан қунишиб ўтирган Адашвойга туш сувга, сув париси сени кутиб қолди, дейишди одамлар. Сув тўсатдан қаттиқ шалоплади. Кўл томонга бўйнини кескин буриб қараган Адашвой қирғоқда сийрак ва калта сочларини бармоқлари билан тараб ўтирган яланғоч аёлни кўрди. Сув париси қўшниси Қамчибойнинг шаҳарлик хушторига ўхшарди. Тунов куни ўша шаҳарлик аёл Қамчибойнинг уйига келиб роса жанжал кўтарганди. Қамчибойнинг ювош, бошидан рўмолини қўймайдиган, ҳуда-беҳуда кўчага чиқавермайдиган, доим кулимсираб турадиган хотинини сочларидан чангаллаб, юзларини тимдалаб ташлаганди. Агар маҳалла аёллари орага киришмаганида ким билсин нималар бўп кетарди. Кундошини уриб хуморидан чиқолмаган шаҳарлик манжалақи: ҳозир чойхонага чиқиб эрингнинг қилиқларини айтиб шарманда қиламан, деб қичқирганча чойхона томон кетганди.
Сув париси қирғоқдаги одамларни кўрмаётгандек бамайлихотир томчилар маржондек осилиб турган нам сочларини тараб, томоқлари тагини силаб қўярди. Адашвой аёлнинг бўйнидан пастига қарагани қўрқди.
Ўзини иродасиз ва фикрсиз махлуқдек ҳис қилаётган Адашвойни оломон хоҳлаган куйга солиб, қўғирчоқдек ўйнатаётган эди. Ана, оломон хаёлан ит бўл, деб буйруқ берди, у бўлса дарҳол итга ўхшаб югура кетди. Югуриб-югуриб чарчаб тўхтади-да, тилини осилтириб ҳансираб нафас ола бошлади. Тилининг учига йиғилган сўлак узун бўлиб ерга оқди.
Буни кўрган қиёфаси ва тиржайишлари бир хил оломон чапак чалиб олқишлади. Кейин қўллари билан “зўр” деган ишора қилиб, энди эшак бўл, деб буйруқ беришди. У эшак каби шаталоқ отиб югура кетди, югуриб кетаётиб моча эшакни кўргандек тумшуғини баландроқ кўтариб, олдинга талпиниб-талпиниб ҳанграй бошлади.
Адашвой негадир бу қишлоқдан ҳеч қачон чиқиб кетолмасам керак, деб ўйлай бошлади. Балки адашиб шаҳар чеккасидаги жиннихонага кириб қолгандирман, деган ўй кечди хаёлидан. Шаҳар тугаб, уларнинг қишлоғи бошланган жойда жиннихона борлигини эшитганди. Одамлар Адашвойнинг хаёлидан кечган ўйни шу заҳоти сезиб, маъқуллаб, тиржайишиб уни ўша тамонга бошлаб кетишди.
Мана, сен излаган жой, кўр, мана, деди улар улкан майдондаги бир хилда йўғон тахталардан қилинган катта-катта баракларни кўрсатиб. Баракларнинг бари бир хил шаклда тахта ва ёғочдан қурилганди, анчайин баланд эди. Оломон Адашвойни деярли мажбурлаб ичкарига киритиб юборди. Баракнинг ичи ҳам жуда катта, кичикроқ футбол майдонича келарди. Ичкарига қатор-қатор қилиб икки қаватли каравот ўрнатилган, бир хил кийимда ва айтарли ёши бир-биридан фарқ қилмайдиган одамлар қўлини ёнбошига чўзиб, осмонга қараганча белгисиз томонга тикилиб ётарди. Гўё ҳаммаси битта буйруқни баравар бажараётгандек тиржаярди. Адашвойга чўзилиб ётганлар танишдек туюлди. Улар ҳозиргина уни ичкарига мажбурлаб киритган оломонга ўхшарди. Орқамдан соядек эргашиб юрган одамлар мендан олдин кириб ётиб олибди, шекилли, деб ўйлади у. Тезда ташқарига қайтиб чиқди. Уни ташқарида оломон хурсанд бўлиб, тиржайишиб кутиб турган экан.
Улар Адашвойни билагидан ушлаб яна бир улкан баракка киритиб юборишди. Бу ерда ҳам биринчи баракда кўрган манзараси – икки қаватли каравотда бир хил кийим ва бир хил тусдаги, қони сўриб олингандек ранги оқаринқираган кимсалар қимир этмай осмонга қараб, қўлини икки ёнга чўзиб ётишибди. Уларнинг тириклигини тиржайиб-тиржайиб туришларидан билса бўларди. Гўё кимдир бу бечораларнинг миясига қандайдир сим улаб, онги, иродасини йўқ қилиб ташлайдиган тўлқинлар ёрдамида тиржайтираётгандек туюлди. Қандай қилиб ҳамма одамларда бир хил кайфият пайдо қилиш мумкин? Ҳатто ўлик кўмиш учун тобутнинг орқасидан қабристонга кетаётганларнинг орасида латифа айтиб, кулишадиганлар топилади.
Юзлаб одамларнинг бир хил алфозда ётиб, бир хил кўринишда кулаётгани Адашвойга ёқмади, ҳатто кўнгли айнигандек бўлиб, шартта орқасига бурилиб, ташқарига чиқиб кетди. Бу ердан қочиш керак деган ўй пайдо бўлди калласида.
Ташқарига илдам чиқиб, узоқ-узоқларда нима борлигини кўрмоқчидек иягини кўтариб чор тарафга аланглай бошлади. Ҳеч қайси томонда йилт этган нур кўринмади. Фақат осмоннинг бир томонида зулмат сийракроқ, оқаринқираганроқ эди. Қуёш шу томондан чиқар эҳтимол деб, ўша томонга югуриб кетди. Қуёшни мўлжал қилиб қишлоғимга борадиган йўлни топиб оламан, деб ўйлаган эди у.
Қаноти қирқилган ўрдак учишга ҳаракат қилгандаги ҳолатда гоҳ оёғи ерга тегиб, гоҳ тегмай олдинга илдамлаб бораётган Адашвой рўпарасида бир-бирини қўлтиқлаганча узун девор ҳосил қилиб, бараварига тиржайиб турган одамларга кўзи тушиб, секинлади. Афтидан оломон Адашвойни ҳали бери қўйиб юборадиган эмасди.
Улар худди сафда турган аскарлардек, бир текисда қадам ташлаб, бир-бирининг қўлтиғидан маҳкам ушлаб Адашвойни ўраб кела бошлашди. Адашвой қаёққа қочишини билмай ерга чўккалаб ўтирди-да, иккала қўли билан бошини тўсиб, тиззаларини баттар қисиб, устига минглаб одамларнинг ташланишини кута бошлади.
Лекин Адашвой кутган ҳодиса содир бўлмади – унинг устига ҳеч ким ташланмади. Ўрнидан енгилгина туриб, атрофга аланглади. Ажабо, оломон йўқ, изсиз ғойиб бўлган, бутун борлиқни эса қоп-қора булутлар қоплаб олганди. Қора булутлар худди ер искалаган итлардек ер бағирлаб сузиб борарди. Адашвой энди оёғи остидаги ерни ҳам кўролмади, ер ҳам қора булутга айланиб бўлган эди.
Адашвой ҳатто ўзини, ўз вужудини ҳам кўролмади. Унинг озғин танаси ҳам булут ичида булутга айланиб, сингиб кетганди. Фақат унда кўриш ва ўйлаш қобилияти сақланиб қолган эди, холос.
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.