Жорий йил 1-5 октябрь кунлари Тошкент ва Бухоро кинотеатрларида Европанинг 15 та энг сара фильми намойиш этилади. Анъанавий Европа кинофестивали Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказилмоқда.
“Европа кинофестивали кино муҳиблари интиқиб кутган ҳодисадир. Зеро, у маданиятларни бирлаштиради, ҳамкорлик уфқларини кенгайтиради. Бу йил фестиваль дастурига Европанинг эътироф қозонган ва мукофотларга сазовор бўлган фильмлари киритилган бўлиб, уларда Европа ҳамда умумжаҳон аҳамиятига эга ижтимоий муаммолар тадқиқ этилган. Улар Ўзбекистон учун ҳам долзарб саналади. Сўнгги йилларда фестиваль доирасида Европанинг 20 давлати киноижодкорлари суратга олган 90 та фильм Ўзбекистоннинг етти минтақасида 20 минг томошабин ҳукмига ҳавола этилди”, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.
Ҳафталик дастурига Австрия, Бельгия, Хорватия, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Венгрия, Италия, Мальта, Португалия, Руминия, Словения, Испания, Украина киноижодкорлари суратга олган 15 та сара фильм киритилган. Комедиядан драмага қадар, анимациядан ҳужжатли фильмга қадар – турли жанрдаги асарларда инсониятнинг энг оғриқли муаммолари бадиий йўсинда тадқиқ этилган.
Дастурдан “Луццу” (Мальта), “Санремо” (Словения, Италия), “Дилили Парижда” (Франция), “Она” (Хорватия), “Ухлаётган девлар ҳақида эртак” (Финляндия), “Менга турмушга чиқ” (Бельгия), “Тун эртаклари” (Франция) “Менинг фикрларим cукутда” (Украина), “Бобомнинг жинлари” (Португалия), “Микадо” (Руминия), “Баландликлар ва чуқурликлар” (Венгрия) каби картиналар ўрин олган.
Барча киноихлосмандлар учун кириш бeпул.
Фильмлар оригинал тилда, ўзбек ва русча субтитрлар билан намойиш этилади.
Томоша Тошкентда 1-3 октябрь кунлари “Yulduz” (cобиқ Premier Hall) кинотеатрида, Бухорода эса 3-5 октябрь кунлари “Бухоро” кинотеатрида ўтказилади.