Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг “Адабиёт дунёси” деб номланган саккиз жилдли тўплами тақдимотига бағишланган маърифий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тадбирда таъкидланганидек, Иброҳим Ғафуров узоқ йиллардан буён миллий адабиётимиздаги жараёнларни теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келади. Бадииятда ҳаққонийлик, инсонийлик, адолат ва миллий ўзига хослик, илмийлик ва холислик тамойилларининг намоён бўлишини кузатади.
“Иброҳим Ғафуров олтмиш беш йилдан буён адабий жараённинг ичида. Мазкур саккиз жилдли тўплам ҳам ўзбек адабиётидаги ана шу олтмиш беш йиллик ижодий жараённи ўзига қамраб олган. Бу тўплам жуда юксак савияда ёзилган. Унда адабиётдаги истаган жанрни учратиш мумкин. Устоз ижодкор қалб нозиклигини кашф этган ижодкордир”, – дейди атоқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад.
Тўпламдан муаллифнинг адабий-танқидий мақолалари, бадиа, мансура, эссе, насрий достон ва адабий суҳбатлари ўрин олган.