У бош суқмаган дўкон қолмади, бироқ барчасидан қуруқ қўл билан қайтди. Ҳамма жойда бир-бирига ўхшаш жавоблар:
– Элнинг нордай йигитлари кетган, ундан гапирмайди, топган гапини қаранг, «бу қандай шаҳар экан-ки, биттагина балиқ топилмаса…»
– Шундай денг… – иложсиз бошини ирғади, аммо у ердан чиққани билан бошқа дўконга киришдан ҳам ўзини тутиб туролмади, ўйларди, каттакон шаҳар экан, мингта илма-тешиги бор, эҳтимол, бу ерда тополмаган нарсангни шунга девор қўшни бўлган анов дўкондан топишинг мумкин. Ҳар тугул бир ҳафтага ҳамма жойни шип-шийдам қиладиган очарчилик бошлангани йўқку…
Гарчи ҳамма нарса ундан дарак берарди: музлатгичлар ҳувиллаб қолган эди, расталарда дудланган тилларанг пулли балиқдан, ранг-баранг, консервалардан бошқа бирор нарса кўзга кўринмасди. Улар ҳам қачондан қолганини Худо билади…
– Келиб қолган жойимизни қаранг, – охирда қўлни ювиб қўлтиққа артганча бозордан чиқиб, четроқда қолдирган машинасининг олдига қайтганда беихтиёр хўрсинди. – Балиқ дегани анқонинг уруғига айланган.
– Наҳотки? – ҳалиям харид қилганларини жойлаштириш билан андармон хотини ишончсизроқ гап қотди: – Мунча танқис бўлмаса?.. Бошқа пайтда кўча-кўй тўлиб тошади.
– Шамолга кўра шундай. Бир ҳафта олдин уч балиқчи чўккан, жасадини топгани йўқ… Бутун шаҳар мотамда. Ҳамма улардан гапиради.
– Э… шўрлик онаси ўлгурлар… бир ҳам эмас, учта денг, – аёл танимаган кишиларининг тақдирига қайғурганча бирпасдан сўнг гапнинг индаллосига кўчди, – энди нима деймиз онамизга?
– Ўзим ҳам ҳайронман.
Машинани ишга солаётган ўқитувчининг уни қизитаётганини ёки бир тўхтамга келиши учун хаёлида ниманидир ўйлаётганини билиш қийин эди. Анча ўйланишдан сўнг машинани чорраҳага томон эмас, темир йўл станциясига қараб буриб юборди. Аввалига хаёлида бутун ишларни кейинга қолдириб, онасининг илтимосидан бошлаш кераклигини ўйлаб, ўз-ўзини койишга тушса ҳам, кейинроқ аён бўлдики, шунинг ҳам фойдаси йўқ экан. Бўлса ҳам фақат шунда бўлар эдики, шунча овора бўлиб кеч қолишмасди. Бошида бозорга киришдан, у ердан чиқиб саноат моллари магазинига жўнашган, хотини майда-чуйда харид қилгунга қадар у вақт йўқотмаслик учун сартарошхонада соч-соқолига оройиш бердирган эди. Бироқ шуларни бироз кейинга қолдиришса, бўлмасмиди? Ёки болаларга дафтар-китоб, қалам-ўчирғич, онасига дори-дармон, қўшни Сайфулла қарияга ёритғич тоши олишничи? Энди бошларини кўтариб, қош қорайганини кўрганларида у шуларни ўйларди. Худо берган куз кунининг умри қанча ахир? Соқолдан олганингни мўйловга қўйгунча кун ўтиб, оқшом тушади. Бунинг устига улар шаҳарга мактабда бир қанча дарслар тугагандан кейин, қарийб соат иккида жўнагандилар. Вақтни тежаш учун бир луқма тушликни ҳам йўл бўйлаб, бир қўли рулда бўлаётиб қилган эди. Қирқ километрлик йўл, ахир. Вақтларининг кўп қисми ҳам шунга кетди.
– Суви шунча камайган шу тегирмоннинг Машина замбарак бурнидай кўкка кўтарилган катак-катак узун шлагбаумнинг таги билан сакраб-сакраб мазутли шпаллар тўшалган темир йўл ўтгандан сўнг хотини нотаниш жойларга нигоҳ ташлаганча сўрар эди. Бу савол унинг хаёлини қай ёқларга олиб кетмади?.. Бир пайтлар Бакуга, Эронга, Иравонга бу станциядан қатнаётганларга, аскар жўнатиб кутиб олаётганларга, хурсанд бўлиб, келин тушираётганларга ҳавас билан қарашнинг ўзи бир томоша эди. Негадир ўша пайтда одамлар ҳам ўзгача эдилар. Ҳамма нарсада ажойиб бир мунислик бор эди. Шу ерларнинг фақат ўттиз йиллик тарихга эга эсдаликларигина эмас, паравоз овозидан тортиб радио карнайи орқали бериладиган эълонларигача ҳамма нарсаси: юк ташувчиларнинг қий-чуви, текширувчилар билан паттасиз йўловчиларнинг жанжали, сархуш йўловчиларнинг ўринсиз баҳс қилиши, ҳатто ҳар хил йўл-йўлакай товушлар ва ранглар болалик йилларининг оқ-қора расмларидай эсида қолганди…
– Шаҳарга балиқни асосан ушбу тармоқ тарқатади, – кеч бўлса ҳам, ниҳоят, ўқитувчи ўзига келиб гапирди, – модомики, келган эканмиз, тўхтанг, мен шу ердан ҳам бир суриштирай, токай кўнглимда ғашлик қолмасин. Кейин бемаъни саволлар билан ўзим-ўзимга азоб бераман, билмайсизми мени?
Чегара минтақаси бўлганидан кўп йиллар қўлланилмасдан қолган жумбоқли чўл-биёбон, ундан ҳам нарида одатдагидай, кундузлар тилларанг, кечаси кумушранг тусда товланиб турадиган тиниқ кўл сувлари қўл чўзсанг, етади деб кўзни алдайдиган бесўнақай уфқ чизиғи ҳозир бир ўзгача кўринишда эди: тирик жон йўқ биёбонда, кечги хираликнинг мунги сингиган, бир-бирини қуваётган бўзроқ тўлқинларнинг ваҳимали товуши барча унларни ютган, якка-ёлғиз балиқчи чайлаларининг яқин-узоқ чироқлари ҳам ним туманда элас-элас кўзга илинарди. Эндигина ёға бошлаган қорни айтмайсизми… Изғирин кучайиб, қора қишнинг бор-будини гўё атрофга кўз-кўз қилаётгандай эди.
Шамол хонавайрон қилган соҳилда балиқ овлагич, тилов қармоқ, занг босган челак, узун сопли белкурак, бир пой этик, сертугун ва айқаш-уйқаш бўлиб кетган балиқчи тўри, тескари тўнкарилган катта қайиқ ва эшкаклар пала-партиш ҳолда қалашиб ётарди. Уларнинг эгнида узун шинель, бошида эски, қулоқли аскар телпаги бўлган, йирик савлатли балиқчи кутиб олди. Унинг тук босган афт-ангоридан заҳар ёғиларди.
– Оғайни, ҳаммасини тушуниб турибман. Аммо сиз ҳам мени кечиришингиз керак. Анов олисдан кўринган тоғ бору, тўғри унинг орқасидан келаяпман, бемор онам учун балиқ керак эди…
Ўқитувчи машина эшигининг очиқ дарчасидан унга ҳалиям ғалати қараётган балиқчининг гўштдор ва холдор юзини пастдан тепага қараб кузатганча ундан қўл етмас бир нарсани илтимос қилаётганини дафъатан ҳис қилди, шу боис фақат овозинигина эмас, айтган гапини ҳам дарров юмшатди:
– Биттагина, кичкинагина бўлса ҳам майли. Қуруқ қўл билан қайтмасам, бўлгани…
Балиқчи бошини чайқади, чуқурроқ хўрсинди, лунжларини уқалаган сайин лангар билан чайқалиб турган кўлга кўз югуртирди ва жимгина ўгирилиб чайлага томон юрди. Фақат у ерга етгандагина орқасига секин қараб, ҳалиям ундан жавоб кутаётган ўқитувчига қўли билан ишора қилдики, кутмасин, кетсин.
– Балки, чўккан ўғли бўлса керак? – хотини ғамгин товуш билан балиқчининг ҳаракатини оқламоқчи бўлди, – боёқишнинг хаёли жойида эмас…
– Бўлиши мумкин – деса ҳам, ичида агар чўккан шунинг ўғли бўлса, у ҳолда бу ерда нима қилиб юрибди, ҳозир уйида азада, келиб-кетганлар билан банд бўлиб ўтирмасмиди, деб ўйлади ва гўё ўзича хаёлида балонинг шу одамдан ён ўтганлигига қувонгандай бўлди:
– Бекорга вақт йўқотаяпмиз, – деб машинани қор ҳали нам қилиб улгурмаган ўтзорда олдинга-орқага юрғизиш қийин бўлса ҳам, бир амаллаб орқага қайтара олди, – шундан кейин камида ўн чайла бор. Йўқ эканки, бошқасининг олдига жўнатмайди, бўлса, жўнатарди. Бу деганики, демак, ҳеч қаерда йўқ.
Шундай дейиш билан фақат ўзигагина таскин бермасди, хотинига ҳам уқдирмоқчи бўларди, кейинчалик уни койимасдан тинч қўйсин, бўлмаганга бўлишма дейди, йўқчиликдан Худо ҳам безор…
Қайтишда нақ ўртаси билан йўл босганлари қалин қамишзор машина чироғи ёруғида ўз ваҳимали кўриниши билан айнан ўша лаҳзаларда чинакам чангалзорни эслатарди. Шамолда йўлга қараб икки томондан ҳам эгилиб қолган буталар машинанинг ойналарини аёвсиз савалар, қуюқ қўнғир шохчалари билан, гўё уларга бармоқ силкитаётгандай бўларди. Торгина тупроқ йўл билан асфальтга чиққунга қадар қор теваракни оппоқ қилган эди. Шундан нарида темирйўл станцияси бошланарди.
– Сабил қолгурнинг ёғишга вақт танлаганини қаранг… Бизни ярим йўлда қолдирмаса, бўлгани, деб машинани эҳтиётлик билан, секин-секин асфальтга чиқарган ўқитувчи қаттиқ шамолда ойнага зарб билан урилаётган сувли қор зарраларидан нолиди, – дилимнинг шу хира пайтида қандай жавлон ураётганини айтмайсизми бу қурғурнинг?!..
– Э ёғса, ёғибдида, энди кўрибмизми, шунгаям ташвиш қилиб юрасизми?! Сиз машинангизни ҳайдайверинг…
* * *
Ажал кампирнинг боши устига туриб олганига анча бўлган эди, ана кетади, мана кетадигандек бир аҳволда ётарди. Оғриқлари энди дори-дармон билан ҳам, «иссиқ-совуқ» билан ҳам камаймасди. Нари борса, бир-икки соат, холос, кейин яна қишлоқ докторини олиб келишарди, у ҳам маслаҳатини бериб, дори-пори ёзиб кетарди, зорланишлар ҳам ана ўшандан кейин бошланарди, айниқса, тунларда… Шу тариқа кампир бир ора туман касалхонасида, тағин бир ойдан кўпроқ вилоят марказида даволанадиган бўлди. Ҳеч нима ўзгармаганида эса, олиб кетинглар мени бу ердан, деб туриб олди, ўзларингни ҳам, мени ҳам алдаманглар, йўли нарёққа бўлганнинг бу ерда нима иши бор?!
Йўлда кетаётганда кампир бир гап ҳам айтган эди:
– Дуо қилинглар, ажалим тезроқ келсин. Сизларни қийнамайин, ҳеч ҳам қарғишга қолгим келмаяпти…
Шу нолишлар билан кампир тағин бир неча йил умр кўриб, саксон ёшга тўлди. Унда ҳам бир бошқа дардга чалинди; секин-секин, уйқусини бутунлай йўқотди, ейиш-ичишни канда қилди, озиб-тўзиб чўпга айланди. Қисқаси, гоҳо кунлаб оғзидан луқма ўтмас, томоғидан бир қултум сув ўтмас, нафаси зўрға келиб-кетарди. Ҳайрон қолишардики, қизиқ, у ниманинг кучи билан чидаб, жонини топширмай турибди. У бўлса бошқа нарсани айтарди. Айтардики, қанийди, киши ерда қолмасдан тетиклигида ўлса!.. Далда бериб, кўнглини кўтариб, шуни ўзингизга дард қилманг, қўйинг, ҳеч кимга юк бўлганингиз, бировни безор қилаётганингиз йўқ, дейишарди. У ёқ-бу ёққа боришганда бирор нарса керакми деб сўрашарди. Зора кўнглидан нимадир ўтса, юраги бир нимани хоҳласа… Шуни фарзанд ҳам қилмаса, ким қилади, ахир?! У эса бошини чайқаб, чуқурга тушган кўзларини юмиб, юзини ўгирарди. Бу дегани, нега ўлаётган жойимда тинчгина жон топширишга қўйишмаяпти, менга шундай яшаш керакми ўзи, жонимдан тўйдим, ахир, дегани бўларди.
Бугун эса ҳаммаси тескари бўлди. Келини тушь пайтида кийимини ўзгартириб, уйдан чиқаётганда кампир бошини ёстиқдан сал кўтариб, уни қўли билан яқинроққа имлади, қудуқдан чиқаётгандай пастроқ овози билан:
– Бир дона балиқ олакелинглар менга, – деди.
Келин эшитган гапидан бир зумга ўзини йўқотгандай бўлди. Қизиқ, кун бугун қайдан чиққан экан?!.. Унинг охирги марта ниманидир хоҳлаб сўраётганини эслашга ҳаракат қилди. Қачон бўлган эди бу?!..
– Нега бирини? – деди хурсанд бўлиб, – нақ учини оламиз. Бизларни етим қўймасдан, еб-ичиб, набирангизнинг тўйигача юриб кетсангиз бўлгани…
* * *
Дарашам* ўрмони ортда қолди. Ўртадалани* ўтиб кетишди. Қорақирнинг* баландлиги бошланганда ўқитувчи шаҳардан чиққандан бери, секин-секин бўлса ҳам соат капкиридай тиним билмаётган ойна тозалагични иккинчи тезликка ўтказди:
– Қаранг, – деб қўйди, – у ерни қор тутиб турган эди, бу ерни сел олиб кетаяпти. Ўртадаги масофа бор-йўғи йигирма километр…
– Қордан кўра ёмғир яхшироқ, омон-эсон етиб олсак, бас. Йўл ишини билиб бўлмайди, кейин тоғларга ҳам ёғади. Қиш ҳали олдинда.
– Нимани билиб бўлади, ахир? – ўқитувчи шуни айтган ҳам эдики, эски автобус бекатида уларга қўл кўтарган одамни кўриб қолди, бироқ машина шундай тезлик билан кетаётган эдики, уни тўхтатишни ёки орқага қайтишни хаёлига ҳам келтирмади.
– Сиз, чиндан ҳам, у шўрликни қолдириб кетяпсизми? – хотинининг шу гапи маломат ё жонкуярликдан кўра ҳам, кўпроқ уни синаб кўришга ўхшар эди, – ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг… Ивиб кетиши у ёқда турсин, қурт-қумурсқага ем бўлиб қолиши мумкин одам бу дараларда…
Ўқитувчи ўз ҳаракатини оқлагандай бўлди:
– Топган гапингизни қаранг, шу пайт йўлда одам нима қилади?! Соат ўн бўляпти. Ким билади, мастми, наркоманми, бало бадтарми?..
– Аксинча, йўлда турибдими, демак, маст эмас экан. Ичган ё чеккан бўлганида қайдадир чўзилиб ётган бўларди. Қайтиб олинг уни, боёқиш, балки, болаларига нон обораяпти..
– Ё Раббим! Бошига иш орттириш шундан ортиқ бўладими?! Хотин зотидан шунақа гапа?.. – ўқитувчи хуноб бўлган кишидай шунчалик нолидики, гўё унинг энг нозик жойига тегиб ўтган эдилар, бироқ тўнғиллаб турганча ниманидир ўйлаб, тезликни пасайтирди, машинани секингина тўхтатиб, аввал уни орқага юрғизмоқчи бўлди, лекин кучли лайсонда ва қоронғуда бунинг жудаям қийинлигини кўриб, беҳуда вақт йўқотмаслик учун ярим километр орқага қайтадиган бўлди. Лекин хотинини «обориб-олиб келиш»дан ҳам тап тортмади. Айниқса, охирида айтгани ҳаммасидан ўтиб тушди:
– Хотин зотининг гапига кирган эркакнинг шўри қуриган. Шундайларга қандай қилиб эркак дейиш мумкин, ахир?!
– Савобга қоласиз, – хотини унинг кўп ҳам авж олишига йўл қолдирмади, – Худога ҳам хуш келади, кўп оғринманг! Балки, шунда бир хайр ҳам бор. Қаердан биласиз, эҳтимол, шу озгина вақт бизни олдиндаги қайсидир бало-қазодан қутқаряпти?..
– Профессор бўлиб кетганларини қаранг!..
Улар қўлида тўрхалта ушлаб темир устуннинг олдида совуқдан шумшайиб турган йўловчининг ёнига етганларида ўқитувчи ҳалиям минғирларди.
Юзидан нур ёғилиб турган одам сувнинг ичида эди, аъзойи бадани қалтираб, тили калимага келмасди. Машинадагиларнинг ярим йўлдан уни деб қайтишганини билганда эса ҳайдовчининг қўлларидан ўпишига сал қолди. Бироқ ўзини зўрға тутиб, «Овора бўлибсизлар, катта раҳмат!» – деб қўйди. Ҳайдовчининг:
– Овораси борми? Ахир, нимага яралган ҳазрати инсон?! Нуқул еб-ётиш билан иш битмайдику, дейиши уни баттар хижолат қилди. Додига етганларнинг оддий одамлар эмаслигини ўзича уққан сайин дабдурустдан гапни қайдан бошлашини билмас эди. Бироздан сўнг машинадагиларга аён бўлдики, йўловчи туман марказига яқин сув омборида бекчи бўлиб ишлар экан, тунги хизмат пайтида ногоҳ келган қўнғироқнинг хабарини эшитиб, зудлик билан уйига қайтадиган бўлибди, онаси жуда оғир аҳволда экан…
– Ташвиш қилманг, дардимиз бир хил экан. Ундай касалдан бизда ҳам бор, – деб ҳайдовчи шу гапи билан ўзича унинг хаёлини чалғитишга уринди. – Элнинг гапини эшитмаганмисиз, қирчиллайдиган дарахт кўп яшайди, дейишади. Ҳали юз ёшларини ҳам ўтказишимиз мумкин.
Кейин танишиш бошланди. Ўтган-кетгандан гапиришди, қимматчиликдан гинахонлик қилишди, ўғилдан-қиздан суҳбат очишди, навбат об-ҳавога, турмуш ташвишларига етганда туман марказига етишган эди. Қизиғи, йўл бўйлаб хоҳ олдиндан бўлсин, хоҳ орқадан бўлсин, бирорта машина қорасини кўрсатмади. Фақат шариллаб ёғаётган ёмғир, сирпанчиқ йўл ва қоронғи дала-дашт…
– Бироз кечга қолдингми, аҳвол мана шу, кун ботгандан кейин ҳар ким ўз кулбасига кириб кетади, – деб йўловчи машинани бориш-келиш тинган йўл четида тўхтатиб, ундан тушгани билан қўлини чўнтакка тиқди. Бироқ:
– Ана шу ишингиз ўртоқликка тўғри келадими энди?! – деган ўқитувчининг маломатли саволи унга шундай таъсир қилдики, дарров қўлларини кўтарди:
– Мен таслим! Насиб қилса, вақти-соати етиб, шу хижолатдан қутуларман. Аксига олиб, уйда оғир касалим бор, бўлмаса олис йўл олдидан сизларни жоним билан меҳмон қилардим, – дея йўловчи шошилаётгани учун узр сўраб, чаққон қадамлар билан шундай тез узоқлашдики, ўқитувчининг орқадан эшитилган овози уни қайрилишда аранг тўхтата олди:
– Оғайни, исмингиз ҳам эсимдан чиқди. Халтангиз қолди, халтангиз!..
Ҳалиям тинмаган ёмғирда нимаси биландир шарпани эслатадиган йўловчи орқага ўгирилди:
– У шу ергача меники эди, энди сизларники… – деб қоронғуда ғойиб бўлди.
* * *
– Ҳабиб ака, бир бу ёққа қаранг! – ўқитувчи уст-бошини алмашиб, шу бугун олган газеталарни эндигина тартиб билан олдига тахлаб қўйган эдики, хотинининг ошхонадан келаётган ҳаяжонли овозини эшитиб, нимадир рўй берганлигини ўйлади, чунки у унча-мунчага шундай тўлқинланадиган эмасди. Аёл гапирганча ошхонадан келаётган, ўқитувчи эса нолиганча хонадан чиқиб келаётган эди. Йўлакда юзма-юз келишганда эркакни қийқиришдан нима сақлаб қолганини ўзи ҳам билмасди: қаршисида табассум сочиб турган хотинининг ҳар қўлида бир балиқ бор эди…
Озарбайжон тилидан Акиф Азалп таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 10-сон