Яҳёхон Фаёз (1988)

Яҳёхон Фаёз 1988 йили туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. “Бахтимизнинг зар туморлари” китоби чоп этилган.

* * *

Эр йигитлар бу дунёда
Яшар номус-ори билан.
Севги аҳли шодон бунда
Жондан севган ёри билан.

Ишқ-муҳаббат ҳавас дерлар,
Дили айро кимнинг кимдан.
Ошиқ севсин маъшуқини
Юракдаги бори билан.

Шоир аҳли ашъор битса,
Йиғлаб дардин айтса қалам.
Ҳофиз куйга солиб айтар
Жаранглаган тори билан.

Ёшлик қайтмас баҳор дерлар,
Ширин ёдлар қолар бундан.
Кексаликнинг гашти асли
Бошга тушган қори билан.

ВАТАН

Кўкка етган чинорларнинг
Ҳар ёшида Ватан бор.
Боқиб турсам ҳу-ув тоғларнинг
Ҳар тошида Ватан бор.

Сарвқомат сингилларим,
Сочлари сунбулларим,
Пилик мижгон, жайрон нигоҳ,
Кўз-қошида Ватан бор.

Кўрган куни ғурбат эди,
Қодирий ҳам Фитрат эди,
Ўтган неча аждодларим
Бардошида Ватан бор.

Бобом кутган кунлар келди,
Момом айтган кунлар келди.
Куйиб-куйиб йиғлаганлар
Кўз ёшида Ватан бор.

Ватан ишқи дилим ёққан,
Томчи қоним шундай оққан,
Ҳар эрта тонг кулиб боққан
Қуёшида Ватан бор.