Гулруҳ опанинг ажинлари қошларига туташиб кетган чеҳраси-ю, эгилган гавдасига кўзи тушган киши шубҳасиз уни саксондан ошган кампир деб ўйларди (аёл ҳозир 56 ёшда). Ва албатта, унинг ҳаёти билан қизиққан одам аёл киши учун энг оғир жазо бўлган – ёлғизликдан ўзга ҳеч нарса уни бунчалик тез хароб қила олмаган бўларди, дея хаёлидан ўтказарди.
Доктор бир миллион тўрт юз минг сўм эвазига унинг оёғини операция қилишга рози бўлди. Гулруҳ опа касалхонадан фаромуш қайтаркан, шундоққина рўпарасига келиб тўхтаган таксининг шовқини хаёлини бўлди. Машина ҳайдовчисини кўргач, негадир аёлнинг вужуди жимирлаб кетди. Худди доктор қабулидаги каби. Таксичи айтилган манзилга етиб келгач, икки баравар ҳақ талаб қилди. У бу қари кампирдан ҳеч қийинчиликсиз янада кўпроқ пул ундиришига ишонарди.
Гулруҳ опа уйининг яқинидаги ошхонада овқатланишга қарор қилди. Официант унга четроқдан жой кўрсатди. Аёл чалоп ва нон буюрди. Аммо кетаётиб хизматчи йигит ундан икки ҳисса пул ундириб олди.
Гулруҳ опа катта йўл ёқалаб барча девор ва тирқишларигача ёлғизлик ҳамда сукунат ин қуриб олган ўз уйи томон одимларкан, кимдир сумкасидан ҳамёнини суғуриб олаётганини сезди. У ўғрининг ортидан на югура олди, на унга қаршилик кўрсата олди. Фақат орқага бурилиб қарагандагина бу навқирон йигитнинг чеҳраси ўзига нақадар таниш эканини хаёлидан ўтказди. Аёл ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг рўпарасидаги пиёдалар йўлакчасига етганида юришдан тўхтади. Ҳар сафар шу ерга келганда узоқ туриб қолади. Чунки унинг кундан-кун нурсизланиб, хира тортаётган кўзлари узоқни кўра олмас, тез қадам ташлаган сари оёқлари ўзига бўйсунмасди. Аёлнинг ёнига сочлари ўрилган, истараси иссиқ бир қиз келди ва оҳиста унинг қўлидан ушлади. У аёлга қараб чиройли жилмайди. Гулруҳ опа гўёки авлиёнинг қўлидан тутиб тургандек бирдан сесканиб кетди. Қизнинг кўзлари эса аёлга кимнидир эслатарди. Қиз уни йўлдан ўтказиб қўйди.
Гулруҳ опа уйига қадам қўяркан, ҳар доимгидек 28 йилдан буён деворга осиғлиқ турган беш нафар чақалоқнинг сурати ёнида тиз чўкди. Суратдагиларнинг ҳар бири унинг фарзанди бўлиб, уларни ёшлигида бир хушторидан орттирган ҳамда катта пул эвазига боласи йўқларга сотиб юборган эди. Гулруҳ опа айни лаҳзада ич-ичидан ҳасрат чекаркан, бугуннинг ўзидаёқ бешта фарзанди билан тасодифан учрашганини хаёлига ҳам келтирмасди.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди.