Дилора Холиқова (1985)

Дилора Холиқова 1985 йилда Навоий вилоя­тида туғилган. Навоий давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ёш ижодкорларнинг «Зомин семинари» иштирокчиси.

* * *

Осмон маним, демасман,
Ой ўғриси эмасман.
Юрагимга ёғилган,
Бир нурни излаяпман.
Кўнглим нурдек ёритган,
Кимнидир эслаяпман.
Ёмғир маним, демасман,
Булут таним, демасман.
Томчи дилим илитган
Навони излаяпман.
Ишқни таниган сарим
Худони эслаяпман.

* * *

Кўзларимда, кўзим ичида,
Ўй суради тилга кўчмас сир.
Фақат сизга севги ҳақида,
Ўқиб бергим келаверар шеър.
Кўзларимда, кўзим ичида,
Шўр тубига қулайди денгиз.
Соғинишнинг алам, ўчида,
Сочларини тарар пари қиз.
Кўзларимда, кўзим ичида,
Айрилиқдан маъно тўқир вақт.
Тўкилолмай киприк учида,
Умид излаб умидланар бахт.
Кўзларимда, кўзим ичида,
Аллақачон бошланган сўроқ.
Ишқ бош эгар иймон курсида,
Умидларнинг танида титроқ.
Кўзларимда, кўзим ичида,
Ой кезинар тунлари ёлғиз.
Ер шарининг менсиз бурчида
Ойга боқиб ўлтирасиз сиз.

ЎЛМАЙДИГАН ҲИС

Арқони чириган соғинчнинг,
Ҳажрлар ҳукмида узилар.
Осмонга кўз тиксам умидвор,
Томошаталаб ой сузилар.

Моҳтобим, ҳолимни баён эт,
Булутлар тўсган кўк кўзини.
Қулоғи битган ой эрта-кеч,
Ойнага солади ўзини.

Сўкилар тикилган ишончлар,
Яна дор томонга судрашар.
Осмоннинг кўксини тўлдириб,
Нажотсиз юлдузлар мудрашар.

Бу кеч дор узилмас, сезяпман,
Ўқилган бу ҳукм – сўнггиси.
Руҳ чўкиб борару, умиднинг
Ўлгиси келмайди, ўлгиси…

* * *

Кундан-кунга тўлишар ҳажр,
Ҳар тун кўкни кезади бесар.
Соғинганинг сезяпман, ахир,
Соғинганим ҳис этсанг агар,
Кел…

Тун кўксида йилтирар умид,
Кўкни оққа чулғар ёлғиз шам.
Сабрларнинг билгани – сукут,
Сукутларнинг тилини билсанг,
Кел…

Лабларимни елимлади тун,
Чигирткалар қилади байрам.
Ёнарқуртлар жилмаяр маҳзун,
Телба булоқ йиғлайди сим-сим.
Кел…

Тун кўзингдан бўлсин хижолат,
Тонг дилингда кўрсин оқликни.
Сўнг мен учун бир фурсат ажрат,
Ўргатиб кет унутмоқликни
Кел…

* * *

Саболарда сочин тараб сир келади,
Тегирмони тош йўнар тақдир келади,
Пайти келса, дарду шодлик бир келади,
Шу йўллардан мени сўраб шеър келади.

Қир бағрига чопиб борар қизғалдоқлар,
Қиш гардини ёпиб борар қизғалдоқлар.
Товонимни ўпиб борар қизғалдоқлар,
Кўнгил деган тоғларимдан сел келади,
Шу йўллардан мени сўраб шеър келади.

Ҳар тонг қуёш йўлларига боққаним бор,
Шеър суйдирди, Худойимга ёққаним бор.
Она тупроқ дарсин дилга уққаним бор,
Бу диёрга бир йилда юз пир келади,
Шу йўллардан мени сўраб шеър келади.

Осмонимга турналар хат битиб кетди,
Гиналарни сойга отдим, йитиб кетди.
Соғинчларнинг шамолида ҳувиллар тонг,
Майсаларнинг кўзёшини ютиб кетди.
Умр бир кун аламларга тор келади,
Юрагимни уйғотгувчи шеър келади.

САРЛАВҲА

Шунчаки, кўзимга нимадир тушди,
Шунчаки, кўнглимни этолмадим тош.
Бу кеч барча юлдуз бир йўла учди,
Бугун юрагимга қўл солди қуёш.
Ёняпман, муз қотган сабрлар сели,
Кўзимдан йўл очди мендан кетгани.
Юлдуздек миллион йил кутгандим сени,
Бағрингда бир лаҳза ёниб ўтгани –
Осмоним!