Жорий йил 21-27 май кунлари дунё миқёсида Турк ошхонаси ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Бу йил иккинчи марта ташкил этилган ҳафталикда ЮНEСКО ижодий шаҳарлар тармоғи томонидан “Дунёнинг 26-гастрономия шаҳри” деб эълон қилинган Ҳатайнинг минтақавий таомларига урғу берилмоқда.
Ҳафталик Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда.
Туркиянинг турли давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари қатори Тошкентдаги элчихона томонидан ҳам Ҳатай ошхонасининг ўзига хос таъмини тарғиб қилиш мақсадида тадбир ўтказилди.
Ҳафталик иштирокчилари маҳаллий маҳсулотлар ва анъанавий пишириш усулларидан фойдаланган ҳолда, Ҳатайнинг маҳаллий таомларини тайёрлаб, қадимги турк ошхонаси билан танишмоқдалар.
Ҳатай пазандалари Ўрта Ер денгизи иқлими ҳукмрон бўлган унумдор тупроқларда етиштирилган юқори сифатли зайтун мойи ва дон, дуккакли экинлар, сабзавотлар, мевалар, маҳаллий ўтлар ва зираворларни бирлаштирган ҳолда мўъжизалар яратади.
Олис тарих давомида турли тамаддунларга мезбонлик қилган шаҳарнинг ошпазлик мероси юзлаб таомлари билан диққатни тортади. Турк ошхонаси ҳафталиги доирасида тайёрланадиган Ҳатай таомлар рўйхатида “биберли экмек” (қизил мурч пастаси қўшилган нон), “зайтун салати”, “ҳуммус”, “кисир” (булғур салати), “тепси кабоб” (тандирда пиширилган кабоб) ва “кунефе” (пишлоқли ширинлик) кабилар мавжуд.
Турк пазандалиги турли иқлимларда яшовчи, турфа хил таъб соҳибларига бирдек маъқул келувчи таомларга эга. Мамлакатнинг бетакрор иқлими, бой флора ва фаунаси пазандалик анъаналарининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган.
Серҳосил ва унумдор ерларда, сифатли уруғлардан етиштирилган маҳаллий маҳсулотлар, анвойи сабзавот ва мевалардан тайёрланган таомлар асрлар синовидан ўтгани билан қадрлидир. Турк таомларини тайёрлашда ортиқча чиқиндиларга йўл қўйилмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Мавзуга доир мақола:
Тошкентда ҳам “Турк ошхонаси ҳафталиги” доирасида тадбир ўтказилди. 27.05.2022