Икки қитъани бирлаштирган Истанбул бетакрор Рамазон анъаналарига эга. Турк маданиятида “Ўн бир ойнинг султони” номи билан машҳур бўлган Рамазон ойи ўз-ўзини тафтиш-назорат қилиш, баҳам кўриш, фидойилик ва рўза тутиш ойидир.
Муқаддас ой, хусусан, Истанбулда ҳам ўзига хос тарзда нишонланади. Бу йил Рамазон ойи 23 мартдан 21 апрелгача давом этиши кутилмоқда. Истанбулга ташриф буюрувчилар шаҳарнинг ўзига хос Рамазон урф-одатлари ва маданияти билан танишишлари, муқаддас ойни севги, хайр-эҳсон ва бағрикенглик муҳитида ўтказишлари мумкин.
Истанбул Рамазонни масжид миноралари оралаб осилган Усмонли мероси байроқлари билан кутиб олади. Бир неча чақиримдан ҳам кўринадиган ёритилган ёзувлар Рамазон муҳитини ҳис этишга имкон беради, айни чоқда, шаҳарга бетакрор манзара бахш этади.
Рамазон дўмбирачилари қадим тарихга эга. Улар тонг отишидан олдин кўчаларни кезиб, дўмбира чалиб, Рамазон ҳақида шеърлар ўқиб, мусулмонларни саҳарликка уйғотадилар.
Истанбулда ифторлик ҳам ўзгача кечади. Айниқса, шаҳар майдонларида ёзилган дастурхонлар ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳиссини туҳфа этади.
Рамазон дастурхонга ўзига хос таомлар тортиладиган давр ҳисобланади. Муқаддас ойнинг энг машҳур таоми “гуллач” ширинлигидир. Пахлаванинг “аждоди” ҳисобланган бу таом сут, атиргул суви, анор ва ўзига хос хамир туридан тайёрланади.
Истанбулнинг муҳташам масжидларида ўқиладиган таровиҳ намози ибодат ва жамоат туйғуларини янада мустаҳкамлайди. Намоздан сўнг турли майдонларда, айниқса, Султон Аҳмадда анъанавий Рамазон ўйинлари ташкил этилади. Шунингдек, майдонларда диний-маърифий суҳбатлар, шеърхонлик, халқ томошалари намойиши бўлиб ўтади. “Карагўз ва Ҳаживат” театри қаҳрамонлари иштирокидаги анъанавий соя қўғирчоқлари чиқиши болалар ва катталарни бирдек ҳайратда қолдиради.
Рамазон ойида улуғ саҳоба Абу Айюб Ал-Ансорий қабри жойлашган шу номли масжид, Оруч Бобо қабри, Яҳё пайғамбарнинг қабри жойлашгани тахмин қилинган Юша тепалиги ва Яҳё афанди мақбараси, Ая Софя, Мовий (Султон Аҳмад) масжиди, Топкапи саройи каби тарихий жойларни зиёрат қилиш мумкин. Муҳаммад (с.а.в.)нинг муқаддас ёдгорлиги бўлган “Ҳирқаи шариф”ни Рамазон ойи давомида шу номли масжидда кўриш мумкин.
Истанбул ҳайит борасида ҳам тарихий анъаналарга эга. Ийд кунлари шаҳар аҳлини кексаларни зиёрат қилиш учун байрамона либос кийиб, ширинлик ёки қандолат маҳсулотлари кўтариб кетаётганини кўрасиз. Қариндошлар йиғилиб оила даврасида байрамни нишонлагач, болаларни истироҳат боғлари ва кўнгилочар масканларда ташкил этилган сайлларга олиб борадилар. Айрича Рамазон шукуҳига эга шаҳар “ойлар султони”да ўз меҳмонларини кутмоқда.