16 март куни Қозоғистон сенати “Икки давлат ўртасида Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда “Кazinform” агентлиги хабар берди.
“Давлат чегарасининг халқаро-ҳуқуқий расмийлаштирилиши Қозоғистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади, бу эса мамлакат миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўзбекистон билан чегарани қонунийлаштириш жараёни 2022 йил 22 декабрда икки давлат президентлари томонидан Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги битим имзоланиши билан якунланди. Чегара демаркацияси 2001–2002 йиллардаги Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегараси тўғрисидаги келишувлар асосида амалга оширилди”, – деди Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко.
Шунингдек, у демаркация бўйича музокаралар 2003 йилда бошланганини айтди. Маҳаллий чегара белгиларини ўрнатиш бўйича ишлар 2004 йилдан 2021 йилгача давом этди. 19 йил давомида Қозоғистон–Ўзбекистон қўшма демаркация комиссиясининг 100 та ва қўшма демаркация қилиш бўйича ишчи гуруҳининг 34 та мажлиси бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, чегара узунлиги 2356 километрни ташкил этган. Чегара чизиғига 1301 та белги ўрнатилган. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара чизиғи 5 километрга узайтирилган.
Мавзуга доир мақолалар:
Қозоғистон ва Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи. 03.02.2023
Ўзбекистон–Қозоғистон: сув муаммоларига доир чора-тадбирлар белгиланди. 09.02.2022