Зилзиладан жабр кўрган аҳолига хавфсиз ва сифатли тураржойларни тақдим этиш бош вазифа бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун Грециянинг “Kathimerini” газетасига берган интервьюсида гапирган.
“Ҳозирги вақтда ҳукуматимиз фуқароларимизнинг эҳтиёжларини қондириш ва зилзиладан зарар кўрган шаҳарларимизни қайта тиклашдан бошқа устувор вазифага эга эмас”, – дейди профессор Ф.Алтун.
Қайд этилишича, 6 февраль куни рўй берган икки кучли зилзила 1999 йилда Мармар денгизи минтақасида қайд этилган ер қимирлашидан ҳам кучлироқ бўлиб, 11 та вилоятда талафотлар келтирди. Шу сабаб у “аср фалокати” деб аталмоқда.
Ф.Алтунга кўра, Туркия ваколатли идоралари зилзила оқибатларини бартараф этиш, қидирув-қутқарув учун бор кучини ишга солган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, мамлакат мушкул паллада бир муштга, ягона юракка айланди. Айни чоқда, фожиа кўлами ва қутқарув амалиётини холис баҳоламаётганлар ҳам талайгина.
Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари март ойидаёқ зилзила ҳудудларида янги тураржойлар қурилиши бошланишини тасдиқлар экан, фуқароларни хавфсиз ва сифатли тураржой билан таъминлашга мамлакатнинг қудрати ва салоҳияти етарли эканини таъкидлаган.
Профессор Алтун Греция билан муносабатлардаги тушунмовчиликларни ҳам самимий мулоқот орқали ҳал этиш мумкинлигини айтган.
“Вақти-вақти билан давлатлар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши табиий. Биз бу келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида мазмунли ва самимий мулоқот ва адолатли тарзда ҳал қилишимиз керак. Турк миллати дўстона узатилган ёрдам қўлини ҳеч қачон бўш қолдирмайди”, – деб хулоса қилган Туркия президенти девони вакили.
Аввалроқ Фахриддин Алтун зилзила оқибатларини бартараф этиш учун курашаётган Туркия ахборот хуружи, дезинформация хатарига дуч келгани ҳақида баёнот берган эди.