Хотини ўлик фарзанд туққан америкалик амалдор изтироб чеккан ҳолатда пайдо бўлади. У бир неча марта ўлик фарзанд туққан хотини навбатдаги йўқотишга дош беролмаслигидан азоб чекмоқда. Бироқ унинг изтироби узоққа чўзилмайди: худди шу куни – 6 июнь, соат 6 да (учта 666) туғилган ва онаси ўлган гўдакни унга тавсия қилишади. Амалдор болани олиб, хотини олдига олиб киради. Шундай қилиб, бўлажак элчи оиласига ота-онаси номаълум фарзанд кириб келади ва унга Демиан деб исм қўядилар. Тезда отани Англияга элчи қилиб жўнатишади. Воқеа ана шу ердан драматик, қизиқарли тус олади. Демиан меҳрибон ота, меҳрибон она қарамоғида жуда яхши тарбия топади ва соғлом бўлиб ўсади. Боланинг соғломлигидан ҳамма хурсанд, дарвоқе, унинг соғлиғи фавқулодда даражада яхши. Таниш-билишлар, ёру дўстлар боланинг беш ёшга тўлганини нишонлаш учун йиғилишади. Шу ерда фожиа юз беради: боланинг тарбиячиси базм пайти ўзини осиб қўяди, осаркан: у «Демиан, сен учун ўлимга ҳам тайёрман», – деб хитоб қилади. Ана шу ерда томошабинлар боланинг кўзидаги ғайритабиий нигоҳга дуч келадилар. Бу нигоҳ ёвуз, қатъиятли ва қадимий, одамзодга нафрат сочиб турган кўз эди. Тарбиячи ўзини осар экан, боланинг орқасида қандайдир пайдо бўлган қора ит турарди ва бола унга қўл силкиб қўярди. Шу тантанани суратга олиб юрган фотограф эътиборидан тарбиячининг ҳолати ҳам, ит ҳам қочиб қутулолмайди. Эртасига элчи олдига қандайдир руҳоний келиб, унга ғалати, тентакнамо бир гапни айтади: сиз иблисни тарбиялаябсиз, сиз тарбиялаётган бола иблиснинг боласи.
Бу гаплар элчининг ғазабини қўзғайди. Табиийки, у руҳоний ақлдан озган деб ўйлайди ва полиция чақириб, уни элчихонадан чиқариб юборади. Бироқ руҳоний ҳамма жойда: кўчада, меҳмонда, уйда элчини таъқиб этади. Бир куни у элчини элчихонага кираверишда учратади ва «Эртага фалон хиёбонга келинг, майли, ишонмаслигингиз мумкин, лекин гаплашиб олайлик», – дейди. Элчи бу чин дилдан айтилаётган таклифга рози бўлади. Руҳоний бурилиб кетаркан қайдандир пайдо бўлган фотограф уни суратга туширади. Эртасига элчи хиёбонга борса, руҳоний уни туман қоплаган хилват жойда аллақачон кутиб ўтирганди. У элчига аввалгисидан ҳам ғалати гап айтади: «болангиз иблиснинг боласи. Сиз уни фалон черковдан олгандингиз, мен унинг онасини танирдим. Мен улуғ гуноҳкорман…» «Буни қандай исботлайсиз?» – деб сўрайди элчи. «Болангиз 6 июнь соат 6 да (учта 666) туғилган. иблис боласи туғилиши билан сизнинг ҳақиқий болангиз дунёдан кўз юмди. Бу Иблиснинг иши. Чунки у боласини ижтимоий таъминланган, келажакда катта мансабдор бўлиш имконияти бор оилада тарбия топишини истади. Шундай бўлди ҳам. Бола бошининг қоқ ўртасида ва товонида туғма учта олти рақами бор. Чунки 6 июнь куни Комета сайёраси ер юзига яқин келганди. Сизнинг хотинингиз яна ҳомиладор бўлган. Бироқ Иблис боласи бу болангизни ҳам ўлдиради, хотинингизни, сизни, бутун хонадонингизни ўлдиради ва мулкларингизга ягона хўжайин бўлиб олади. Бу мулк унга ўз режаларини, ёвуз ниятларини амалга ошириш учун зарур… Бу фожианинг олдини олинг».
Булар элчи учун кутилмаган гаплар эди. У оғир шубҳага тушади. Элчи суҳбатдан мутаассир бўлиб уйига келади. Хотини ҳомиладор бўлиб қолганини, уни ҳозир аниқлаганини айтади. Бу элчини гангитиб қўяди. Салдан кейин беш яшар Демиан велосипед билан онасини уриб кетади, ҳомиласи тушади. Руҳонийнинг башоратлари тўғри чиқаётганди. Бир куни элчининг кўзи газетага тушади. Унда ўша таниш руҳоний сирли равишда узун хода билан елкасидан ерга қадаб қўйилган ҳолатда топилгани ҳақида хабар босилганди. Айтгандай, руҳоний ўзини иблис таъқиб этиб юрганини, унинг ўғли ҳақидаги сирни фош қилгани учун ўч олишини айтганди. Энди элчи руҳонийнинг гапларига заррача шубҳа қилмай қўяди. Шунда унинг ёнида фотограф пайдо бўлади ва унга руҳонийнинг гапларидан ҳам ғалатироқ суратлар кўрсатади: унда Демиан билан тарбиячи ва руҳоний акс этганди. Бу суратлар уларнинг ўлимларидан олдинги суратлар эди. Қизиғи шундаки, иккаласининг бўйнида ҳам ғира-шира арқон осмонга боғланган ҳолатда турарди. Элчи бу арқонларнинг тақдири аъзал ҳукмлари эканини энди биларди: арқонлар иблиснинг ҳукми эди.
Фильм давомида руҳонийнинг барча башоратлари тўғри чиқади. Демиан аввал ота-онасини, сўнг аммасини, кейин амакиларини, кимки йўлига тўсиқ бўлса, барчасини ҳалокатга гирифтор этиб, ўз мавқеини тиклаб олади. Энди у қадим суратларда қайд этилган иблиснинг ўзига айланганди. Унинг бош мақсади ўзига издошлар тўплаш, одамларни Худо таълимотидан қайтариш ва ўз отасининг йўлини, таълимотини тарғиб қилишдан иборат эди. У парвардигор ва унинг таълимотидан дарак берувчи барча нарсани вайрон қилишга киришади. Аста-секин унинг издошлари, салафлари ва саҳобалари кўпая боради. У иблис номидан ер юзига «пайғамбар» этиб жўнатилган, мақсади одамни парвардигорга эмас, иблисга қул қилиш эди. У ўз вазифасини жуда муваффақиятли ўтай бошлади. Путурдан кетган эътиқодлар диний таълимотнинг узоқ йиллар жаҳолат ва мутаассиблик қобиғига ўралиб, парвардигордан кўра шоҳларга, императорларга хизмат қилгани, руҳонийларнинг руҳдан кўра кўпроқ жисмни, танани ўйлашга бериб кетганлари, фаҳш, ёлғон ХХ асрга келиб ўзининг олий мақомига етгани, ёлғонга, хиёнатга, сотқинликка, фаҳшга асосланган бошқарувлар сиёсатида имкон эмас, кўпроқ айёрлик, найрангбозлик русум бўлгани иблисваччанинг ҳокимият зиналаридан тезлик билан юксаклик сари кўтарилишига имкон яратди. У яқин йиллар ичида ўзини ҳукмрон қилиб кўрсатишга тайёрланмоқда эди. Хуллас, ХХ аср ҳаётида иблис яшамоғи ва ғалаба қилмоғи учун барча қулайликлар, имкониятлар мавжуд эди: бу асрда диёнатли одамлар шусиз ҳам кам қолган, диёнат салкам эскилик сарқити сифатида қарала бошлаганди. Аллоҳ йўлидаги даъватлар ҳам диндорларнинг ўзаро келишмовчиликлари, фисқу фасодларга ўралашиб, заиф ва ишончсиз, зерикарли ва қотиб қолган тарзда давом этарди. Бундан ташқари, ХХ аср одамининг ички дунёси бўм-бўш эди. Ўзига, ўзликка ётлашишдан, маънавий таназзалдан иборат ушбу бўшлиқни иблисваччанинг даъватлари осонгина тўлдира бошлади. Одамлар муқаддас илоҳий китобларгамас, қора китобларга меҳр қўйдилар, қора китобларни муқаддас деб билдилар. Вақтларини эртаю кеч қора китобларни ўқишга бағишладилар, қора китоблар одамларнинг дилларини, шуурларини эгаллади, одамларда ички «мен» ўлди. Иблисваччанинг издошлари кўпайди. Фильмда Демианнинг 24 мартда туғилган (Исонинг издошлари туғилиши керак бўлган кеча) барча гўдакларни қириб ташлаш ҳақидаги буйруғи иблис мавқеининг энг юқори чўққиси бўлди. 24 мартда туғилган болалар аёвсиз қирила бошлади.
Бу ҳол кўплар қатори руҳонийларни ҳам безовта қилиб қўйди. Оқибатда улар воқеанинг тагига етдилар ва Демиан (айтгандай Демиан лотинча сўз бўлиб, демон, иблис маъносини беради) йўқ қилиш пайига тушдилар. Фақат фаол кураш, мустаҳкам эътиқод, инсоният ва парвардигор олдидаги масъулият туфайли улар тўғри йўл топдилар. Демианни фақат Исо ясаган ханжар билангина ўлдириш мумкин эди. Қолган барча уринишлар беҳуда бўлиб чиқди. Иблисвачча барча суиқасдларни бир имо билан йўққа чиқарди, жонига қасд қилганларни эса машинага бостирди, токка урдирди, сувга чўктирди, итларга ем қилди, оловда қовуриб кул қилди. Илоҳий ханжарни топиб келган руҳоний охири иблисваччанинг ер юзидаги ҳаётини сўндирди: ўғлининг иблис издоши бўлганидан ва Демиан айби билан бевақт ўлимга дучор этилганидан ғазабга келган журналист аёл уни илоҳий ханжар билан черковда ўлдирди. Демиан черковга Исонинг устидан ғалаба қилганини тасдиқлаш учун келганди. Яна ақл-идрок зафар қозонди. Бироқ ҳамишами? Бу ғалаба мангуми?
Фильм бизга иблис ичимизда экани, уни маҳв этиш ва ақл-идрок ғалабасини таъминлаш ўз қўлимиздалигини яна бир бор эслатади. Бу фақат мистика эмас, руҳият, инсон иродаси ҳақидаги фильмдир. Аввал ўзини поклаган одамгина дунёни поклай олади. Пок ва диёнатли одамларгина дунёни қутқара билади. Гарси фильм Исо таълимоти ҳақида бўлса-да, унинг мазмуни христиан дини чегараларидан чиқиб, умумбашарий тус олади – бу фақат Исо ҳақидамас, Аллоҳнинг улуғлиги ва фақат у юборган таълимот-ваҳийгина инсонни чинакам бут қилиши мумкинлиги ҳақидадир.
Фильм уч қисмдан иборат. У бизни фикрлашга, теварак-атрофимизга назар солишга, мушоҳадага, ўзимизни, ўз ички дунёмизни таҳлил қилишга ва санъатни тушунишга ўргатади. Ичингизга боқиб кўринг. Фильм сизни ҳамиша ҳушёрликка чақириб туради, ичингизга, маънавий дунёингизга назар солади, сизни ўз ичкарингизнинг хўжасига айлантиради, ақл-идрокингизни чархлаб, ўзингизга ўзингизни масъул қилиб қўяди. Ўз-ўзига масъуллик маънавий дунёингизни адашишдан асрайди.