Тошкентда “SAI” япон барабанчилар гуруҳининг концерти бўлиб ўтди. Ижодий тадбир Япониянинг юртимиздаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон маданият вазирлиги, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри ҳамда Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройи кўмагида ташкил этилди.
Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма тадбир меҳмонларини қутлар экан, ижодий дастур икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилганини урғулади.
“Тайко, барабан – бутун дунёда олис даврлардан бери яшаб келаётган чолғудир. Японияда у ўзига хос тарзда мукаммаллик касб этган: барабаннинг ёғоч қутиси тери билан қопланган, бу эса унинг товушини узоқ масофаларга ҳам етказиш имконини берган. Шунга кўра, ушбу мусиқа асбобидан маълумот узатиш воситаси сифатида фойдаланилгани айтилади. Барабандан инсон юрагига ҳамоҳанг ҳолда тараладиган товушлар азал-азалдан япон халқи қалбини тўлқинлантириб келган. Шу тариқа барабан фестивалларда янграйдиган асосий чолғуга айланди. Кейинроқ эса япон барабанларида яккахон тарзда ижро этиладиган, “вадайко” деб аталган бетакрор жанр шаклланди”, – дея ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди Япония элчиси.
Япония элчиси Ёшинори Фужияма
Дипломат япон барабанчиларининг Тошкентдаги сўнгги концерти 2016 йилда Япония собиқ бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэ хоним ташрифи доирасида ташкил этилганини ёдга олди.
Олти йил аввалги концерт ҳам, бугунги дастур ҳам японлар иштирокида барпо этилган академик катта театр биносида ўтиши рамзий маъно касб этиши таъкидланди.
“SAI” вадайко барабанчиларининг профессионал гуруҳи ҳозирга қадар 25 давлатда икки мингдан ортиқ концерт дастурларини тақдим этган. Ижодий жамоа 2005 йилда университет гуруҳи сифатида ташкил этилган эди. Гуруҳ аъзолари нафақат вадайко барабани, балки япон флейтаси ва бошқа чолғуларда ҳам куйлар ижро этади. “SAI” гуруҳи концерт дастурлари одатда санъаткорона трюклар, ёрқин либослар ҳамда жўшқин барабан садолари остида бетакрор томошага айланиб кетади. Ижодий жамоа йирик компанияларнинг реклама роликларида ҳам қатнашган.
Халқаро маданият карвонсаройида “SAI” гуруҳи томонидан маҳорат дарси ҳам ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 26 январь куни Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Кунчиқар ўлка элчихонаси юбилей сана муносабати билан турли тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Мавзуга доир мақолалар:
Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатларига 30 йил тўлмоқда. 11.01.2022
Тошкентда Ўзбекистон–Япония дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги доирасида кўргазма очилди. 25.02.2022
Тошкентда Япония элчихонаси билан ҳамкорликда онлайн семинар ва маҳорат дарси ўтказилди. 04.03.2022