2022-2023 йилларда буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг қарорида сўз боради.
Қарорга биноан, республикамиздаги Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжолар, шу жумладан, аллома шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуалари мукаммал таъмирланади ва уларнинг ҳудуди ободонлаштирилади. Олимлар ва мутахассисларнинг таклиф-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқиладиган концепция асосида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 2023 йил якунига қадар Абу Райҳон Беруний мажмуаси барпо этилади.
Аллома меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимларнинг асарларини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, юбилей доирасида алломанинг илмий-маърифий меросини дунё миқёсида чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган шахслар ҳамда илмий-ижодий муассасаларни тақдирлаш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро мукофот таъсис этилади.
Эслатиб ўтамиз, Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг 2022-2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига киритилган.
Ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний астрономия, физика, математика, геодезия, геология, минералогия, тарих каби фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган.