Ўша куни эрталаб, талабалар байрами нишонланадиган куни болалар боғчасида олдингидан фарқли бесаранжомлик ва жонланиш юз берди. Кўчалардан гуруҳ-гуруҳ бўлиб бошланғич ва ўрта мактабларнинг ўқувчилари марш айтиб ўтишар, ҳаммаси шаҳарнинг олис сайлгоҳларига йўл олишарди.
Энг катта тарбияланувчиси олти ёшда бўлган бу боғча болаларини узоқроқ жойга элтиш бироз мушкуллиги туфайли ҳар йили улар байрамни кичкина оёқлари билан 20 дақиқача йўл босиб бориладиган хушманзара сой бўйида нишонлашади.
Тайёргарлик жой-жойида. Боғча турли-туман рангли кийимдаги жонли гуллар даласидек тўлиб-тошган. Ўғил болалар янги пойабзалларини артиб тозалашса, қизлар бир-бирининг сочларини тўғрилаб, бузилган ленталарини боғлаб қўйишар, тугмаларини ўтказишарди. Бу пайтда олти ёшли бир қизалоқ тош зинага ўтириб, тўрт ёшли етим ўртоғининг сўкилган кўйлагини тикишга уринар, бу эса албатта, кўрган одамнинг ҳайратига сабаб бўларди.
Ниҳоят тайёргарлик тугаб, қувноқ болалар гуруҳи йўлга тушди. Кичкинтойлар бир қўлларида рангли пакетлар, ўйинчоқ ва егуликлар билан тўла саватларни кўтариб олишган, иккинчиси билан эса ўртоқларининг қўлларидан маҳкам тутишганча йўлларида давом этишарди. Кўчада ортиқча шовқин-сурон чиқармаслик учун ўқитувчилар болаларга марш айттира бошлашди. Катта болалар қоматларини бор кучи билан кўтариб, хурсандчиликдан ичига сиғмай куйлашарди. Кичкиналар юришда қандай бўлса ашула айтишда ҳам шундай орқада қолишар, натижада пала-партиш овозлар пайдо бўларди. Болалар кўчалардан ўтишаркан, деразалар очилиб аёллар бошларини чиқарар, дўконлардаги сотувчилар нима бўлаётганини билиш учун қизиқиб қарашарди.
Болалар боғчасининг ҳамма саёҳатларида бўлгани каби бу гал ҳам сафнинг бошида ғамсиз кичкиналар билан бирга илдамлашарди Fамсиз сариқ рангли қари ит. У болалар боғчаси жойлашган маҳаллада яшайди. Fамсиз одамлардек тушуна олади. Лекин у баъзи одамларга қараганда вафодорроқ жонивор. Дайди юргани учунми, маҳалладагилар унга ғамсиз деб ном қўйишган. Дарҳақиқат, ростдан ҳам у жаъми итларнинг энг ғамгини. Бунга бир неча йил аввал катта бахтсизликка учрагани сабаб бўлган.
Ўшанда у тўрт боласининг бирданига заҳарланиб, кўз ўнгида тўлғона-тўлғона ўлганидан қаттиқ ғамга ботганди. Ўлик болаларини ортиб олиб кетаётган машинанинг орқасидан анча олисгача чопиб бориб, бир ҳафта орқага қайтмаганди.
Ўшанда уни бирор жойда фалокатга учраб жон берганини тахмин қилганлар ҳам бўлди. Бироқ ғамсиз девона ва ўйчан кўрингани билан жуда зийрак ит эди. У душманларини тез пайқаб олса-да, баъзан ўзини уларга ишониб заҳарли овқатларини еб, тузоқларига тушадигандек кўрсатарди. Лекин бундай қилмасди. Шу сабабли душманлари уни ўлдиришнинг иложини топишолмасди. Ўшанда у тез-тез қулоққа чалинаётган совуқ гапларни чиппакка чиқариб, бир ҳафтадан кейин яна маҳаллага қайтиб келганди. Аммо у энди бахтга қарши қариб, ғамгинлашиб қолган, узун сариқ туклари лойга буланиб, яраланган оёқлари билан оқсоғланиб қадам ташларди.
Билмадим, ростми-ёлғон, маҳалладаги аёллар у ҳақидаги бир воқеани кўп гапиришарди. Ёамсиз болаларининг ўлимидан кейин яшашни истамаган эмиш… Вайронага айланган бинолар олдида турганча осмонга қараб ёлворгандек тўхтаб-тўхтаб улиган, болаларини заҳарлаган овқатдан унга ҳам беришларини сўраганмиш… Ҳатто бир марта заҳарланган экан-у, ўлмаган эмиш… Кўп азоб чекиб, анча пайт судралиб юргандан кейин яна оёққа туриб кетганмиш…
Fамсиз болалари ўлгач маҳалладагилардан хафа бўлиб, болалар боғчасининг орқасидаги вайронага жойлашиб олганди. У энди олдингидек кўчаларда айланиб юрмас, фақат аҳён-аҳёнда боғча дарвозасидан ийманиб ичкарига кириб болалар билан ўйнар, тушлик вақтида улардан ортган егуликларни ер эди.
Катталарга қараганда кўпроқ болаларга ишонарди. Кичиклардан ёмонлик кўрмаслигини билгани ва уларни ҳам ўлиб кетган кичкина жигарпоралари каби ҳимоясиз эканини ҳис қилгани учунми, шундай қиларди.
Ўқитувчилар бу олтин рангли, ҳаммага маҳзун ва ўзгача меҳр билан қараб қўядиган, болаларнинг ҳар бир эркалиги-ю жабр-зулмига бардош берадиган қари, кўча итини қувишмас, уни ҳимоя қилишарди. Шунинг учун болалар боғчасининг қоровули ва ходимлари унга ғамхўрлик қилишарди. У кичкинтойларнинг энг севимли дўстига айланганди.
Болалар боғчалари жамиятнинг кичиклаштирилган бир бўлагига ўхшайди. Бу ерда камбағаллик, оилага доғ тушиши каби сабаблар билан жамиятдан ажратиб қўйилган ёки турли хил важ туфайли ёлғиз яшаш истагида уйидан қочган мурғак болалар ҳаёт кечиришади. Fамсиз боғчанинг бир чеккасида болалар билан овунади. Муштдек юракларида айтиб бўлмайдиган дард-у ғамларини сиғдириб яшаётган болалар унинг лой оёқларини қўлларида тутганча жонивор билан суҳбатлашарди.
Fамсиз ҳам болаларга меҳрибонлик қиларди. Ҳатто бир марта унинг боғчада югуриб йиқилган кичкинтойнинг яраланган тиззасини тили билан ялаётганини кўрган ўқитувчилар ҳайрон қолишганди.
Болалар тўдаси маҳалладан чиқиб ям-яшил далалардан ўтадиган тор сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланар, ғамсиз ҳаммадан олдинда мағрур илдамларди. Лекин нимагадир бугун унинг кўзларида маъюс кайфият зоҳир эди.
Ниҳоят байрам ўтказиладиган жойга етиб боришди. Бу ер соя-салқин дарё соҳили бўлиб, сув остида силкинаётган яшил сувўтлари тепадан аниқ кўриниб турарди. Болаларнинг шовқин-суронидан ўтлоқдаги қушлар ҳуркиб учиб кетди. Ҳозир уларнинг хурсандчилик қиладиган пайти. Улар қичқириб-қувалашиб ҳар тарафга тарқалишар, баъзилар дарахтга тирмашиб чиқа бошлашса, баъзилар ўтлоқзорда юмалашиб ўйнарди. Кечқурун бўлишига ҳали анча вақт борлигини ҳисобга олмасдан бутун куч ва шодликларини сарф қилишар, айримлари ул-бул егуликларини тановвул қилишни ҳам бошлаб юборишди.
Fамсиз бироз жонланиб болалар билан ўйнай бошлади. Лекин бирданига тўхтади. Бошини кўтариб аламли фарёд қилди. Кейин аста-секин жимиб қолди-ю, каттакон иккита тошнинг орасида тўлғона-тўлғона ётиб қолди.
Ит касалланган эди. Буни дарҳол фаҳмлаган болалар унга овқат олиб бордилар. У овқатни емас, вақти-вақти билан инграб, тишларини ғижирлатиб қўярди. Унинг изтиробли боқишларини ўқитувчилар ҳам кўришди.
— Яқинлашманглар, болалар… Нима бўлгандаям бу ҳайвон, балки қутурган бўлиши мумкин, — дейишди катталар.
Болаларни тартибга келтира олишмагандан кейин ходимлардан бирини навбатчи қилиб қўйишга мажбур бўлишди.
* * *
Олти-етти ёшлардаги қиз ниманидир эслаб, бақира бошлади.
— Эй, воҳ, ғамсизни заҳарлашди. Бугун эрталаб харид қилгани баққолга боргандим. Бир чеккадаги ахлатлар олдида уни кўргандим. Бошқа итлар билан бирга бир нималарни ейишарди. Менимча, ана шу аниқ заҳарли овқат эди…
Ўқитувчилар қари итнинг бундай эҳтиётсизлик қилишини кутишмаганди. Бироқ қизчанинг айтганлари тўғри эди. Fамсиз заҳарланиб қийналадиган ҳамма итлар каби тўлғониб-тўлғониб типирчиларди. Энди болаларнинг хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Байрам ўтаётган ўтлоқзор жим-жит бўлиб қолди. Шу етмагандай, баъзи болалар йиғлай бошлашди. Ҳамма қиладиган ишини унутгандай, паришон бўлиб қолганди.
Fамсиз боғчанинг қадрдон ҳайвони бўлиб қолган бўлса-да, ўқитувчилар байрамни болаларга заҳар қилишни исташмади.
— Болалар, қўрқманглар! Сизлар билмайсизлар, ғамсиз олдин ҳам бир неча марта заҳарланиб, кейин тузалиб кетганди. Унга ҳеч нарса бўлмайди, қани, ҳамма ўйинга! — деди ўқитувчилардан бири.
Кичкинтойларни қийинчилик билан тарқата бошладилар. Кимдир йиғлашда давом этар, яна кимдир катталарнинг сўзидан таскин олиб, Қамсиз сабрли жонивор, унга ҳеч нарса қилмайди, дейишарди. Ҳатто кичкина ҳовучларини очиб, уни дуо қилганлар ҳам бўлди.
Болаларни ғамсиздан узоқлаштиришнинг иложи бўлмади ва ўқитувчилар бунинг бошқа чорасини ўйлаб топишди. Улар байрам жойини икки-уч дақиқа олисликдаги бошқа бир ерга кўчиришга қарор қилишди. Тўшанчилар, пакетлар йиғиштирилиб, болалар ғамсизни ёлғиз ташлаб кета бошлашди…
* * *
Болалар ўзаро келишиб олишдими, ҳар тўрт-беш дақиқада бир ўқувчи йўқолиб қолар ва улар ҳеч кимга билдирмай ғамсизнинг аҳволидан хабар олишарди. Бундан энг кичкина болалар ҳам хабардор бўлса-да, ўқитувчилардан сир тутишиб миқ этишмасди.
Бир соат ўтиб, ғамсиз жон таслим қилаётгани ҳақидаги совуқ гап тарқалди. Бечора ётиб олган тошлар орасидан чиқиб, ачинарли аҳволда типирчиларди. Fамсизнинг оғзидан қон келаётгани учун юз-кўзи, оёқлари қип-қизил тусга кирганди. Энди на буйруқ, на дўқ-пўписа болаларни итнинг олдига боришдан тўхтатиб қола оларди. Ҳамма болалар бирданига бақириб йиғлаб чопа бошладилар… Ўқитувчилар зўрлик билан икки-учтасини қайтариб қолишса, яна бошқа саккиз-тўққизтаси қочиб кетишарди.
Бироқ энди ҳеч ким итга яқинлаша олмади. Чунки ғамсизнинг типирчилаши қўрқинчли тус олган эди. У ўзини қўярга жой тополмай типирчилар, оёқлари билан ҳар тарафга тупроқни титкилар, қонга бўялган оғзини осмонга қаратиб, таҳдид қилаётгандай тушунарсиз овозда ғингширди. Бу ҳол бир муддат давом этгач, охири у сўнгги кучини тўплади. Ва ичини ёндираётган оловни пасайтириш учун дарё томонга югуриб кетди.
* * *
Худди шу пайтда дарё устидаги омонатгина тахта кўприк яқинида, чамаси, беш ёшлардаги икки қизча ўйнаб юрарди. Улар итнинг чанг-тўзонга буланиб ўзлари томонга югуриб келаётганини кўриб, қўрқиб кетишди. Кўприкдан нариги тарафга ўтиб олмоқчи бўлишди-ю, азбаройи шошилганидан биттаси дарёга тушиб кетиб, жон ҳолатда питирлай бошлади.
Фалокатни кўрган ғамсиз дарҳол тўхтаб қолди. Йўлини кўприк тарафга ўзгартириб чопди ва қизчанинг орқасидан сувга отилди. Оғзи билан унинг кийимидан тишлаб саёзроқ жойга олиб чиқди. Ўқитувчилар етиб келгунича уни сув устида ушлаб турди.
Кейин сабри ва насибаси тугади чоғи, аста оёқлари остида сувга йиқилди. Бир-икки марта шўнҚиб атрофдаги сувни ҳаракатлантирди ва жони узилди. Бўшашиб қолган танаси бир зайлдаги сув оқимига бўйсуниб, аста-секин соҳилдан узоқлаша бошлади.
Исматулла Дўстмуродов таржимаси
*****************************
БЕҒАМНИНГ ЎЛИМИ
Ўша тонг боғчанинг ҳовлисида фавқулодда бир ҳаяжон ҳамда жонланиш бор эди. Ўқувчилар байрами куни эди. Бошланғич ҳамда ўрта мактаблар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, мадҳиялар айтиб, кўчалардан ўтишар, шаҳарнинг узоқ бурчакларига тарқалишарди.
Энг кекса тарбияланувчиси эндигина олти ёшда бўлган боғча болаларини эса у қадар узоқларга олиб боришнинг имкони йўқ эди. Улар байрамларини ўз митти-митти, кичик-кичик одимчалари билан йигирма дақиқалик йўл келадиган бир ўтлоқ этагида нишонламоқчи эдилар.
Тайёргарлик юқори даражада эди. Боғча ҳовлиси ранго-ранг либослар ичра ўзгача кўринишга кирган, гўё гул-чечаклар чаманига айланганди. Ўғил болалар янги оёқ кийимларини артиб-суртишар, қизлар эса бир-бирларининг сочларини тараб-тузатишар, ечилиб кетган ленталарини боғлашар, тугмаларини қадашарди. Олти ёшдаги қизча тош зинапоянинг пиллапоясига ўтириб олганча тўрт ёшли бир етим ўртоғининг сўкилган кўйлагини тикишга уринарди.
Ниҳоят, тайёргарлик тугади, гуруҳ бир сафга тизилиб, йўлга тушди. Бир қўллари билан ёнидаги ўртоқларининг қўлларидан ушлаб, иккинчисида рангли халталар ҳамда егулик ва ўйинчоқлари солинган жажжи-жажжи саватчаларни кўтариб олишганди.
Йўл давомида кўча-кўйда ортиқча тартибсизлик ҳамда шовқин-сурон бўлмасин деган мақсадда тарбиячилар болаларга мадҳия айттириб боришарди. Катталар ҳаяжонлари ичларига сиғмай, юракдан куйлашар, кичиклар эса худди ташлаётган қадамларига монанд қўшиқ айтишда ҳам орқада қолишар, кишининг кулгисини қистайдиган даражада пала-партишлик билан бақиришарди.
Тўда кўчалардан ўтиб бораркан, хонадон деразалари очилар, аёлларнинг бошлари кўринар, сотувчилар дўконларидан чиқиб қарашарди.
Боғча болаларидан иборат ушбу карвонни барча саёҳатлардагидек бу гал ҳам Беғам бошқариб борарди. Беғам — сариқ юнгли қари маҳалла ити. У худди исонлардек ақлли, бироқ инсонлардан кўра вафодор бир махлуқ эди.
Боши оққан томонда дайдиб юргани учун маҳалладагилар унга «Беғам» дея ном қўйишганди. Аслида эса, кучукларнинг ичида унинг ғами энг кўп эди. Бир қанча йиллар аввал жуда катта айрилиқ, мотамсаролик тушганди унинг бошига. Тўрт боласининг бирдан заҳарланганига, кўз олдида типирчилай-типирчилай жон берганига гувоҳ бўлганди у. Болаларининг мурдасини олиб кетган ахлат ташувчи уловнинг ортидан узоқ маҳаллаларгача тўхтамай югуриб борган бечора махлуқ бир ҳафтагача қайтмаганди.
Унинг қаердадир бирор фалокатга йўлиқиб, ўлганини башорат қилган кишилар ҳам бўлганди. Аммо афтодаҳол кўринишига қарамасдан у жудаям сезгир ҳамда зукко ит эди. Жинсдошларининг душманларини яхши танир, ҳатто баъзан ўзини уларга ишонгандек, заҳар аралаштирилган нонларни егандек, тузоқларига тушгандек кўрсатиб, уларни масхара ҳам қиларди. Шундай экан, унинг бирор ерда ўлиб кетиши мумкин эмасди. Шу боис бир ҳафтадан кейин ўз маҳалласига қайтиб келди. Фақат яна ҳам қариган, маъюс кўринишда, сариқ юнглари аввалгидан баттар кирланган, оёқлари лой-балчиққа қоришган ҳолда эди…
Билмадим, бу гап ёлғонми-ростми, маҳалла хотинлари у ҳақида бир воқеани сўзлаб юришади. Эмишки, Беғам болаларининг ўлимидан кейин яшашни истамаганмиш… Эски кулбаларнинг рўпарасида туриб, ёлворгандек қисқа-қисқа улиб, болаларининг ўлимига сабаб бўлган емакни хоҳлаган… Ҳатто бир мартасида заҳарланган ҳам, фақат ўлмай қолган… Анча қийналган, узоқ вақт ётиб қолгандан кейин яна оёққа турган…
Беғам болаларининг ўлимидан сўнг маҳалладагилардан ранжиб, болалар боғчасининг орқасидаги вайронадан паноҳ топган. Энди кўчаларда аввалгидек кўринмас, фақат ҳар-ҳар замон боғчанинг деворидан ичкарига сакраб ўтиб, болалар билан ўйнайди, туш пайтида улардан қолган овқат қолдиқларини ейди.
Болаларга катталардан кўра кўпроқ ишонгани, улардан ҳеч қандай зарар келмаслигини билгани учунмиди, йўқса, уларнинг ҳам ўз ўлган болалари сингари маъсум ва ҳимояга муҳтож махлуқлар эканини ҳис қилганидан шундай қилармиди, бу бизга қоронғу…
Тарбиячилар, олтинранг кўзлари маҳзун ва маъюс, шунингдек, вафо билан боқувчи, шўх-шаддод болакайларнинг барча эркаликлари-ю барча азиятларига индамай чидайдиган бу қари кўппакни ҳайдаб солишмас, билъакс, бекитиқча ҳимоя қилишарди. Алҳосил, Беғам боғчанинг ходимига айланиб, қўриқчиси бўлгани учун сийланар, кичкинтойларнинг эса суюкли дўстларига айланганди.
Болалар боғчаси, инсонлар жамиятининг кичрайтирилган намуналарига ўхшайди. У ерда ҳам қашшоқлик, фақирлик сингари оилаларга хос доғ деб қаралган турфа сабаблар билан жамиятдан ташқарига отилган ёхуд тўсатдан ёлғизликни хоҳлаб, уйидан қочган «ёлғиз»лар бор. Беғам айнан ана шу кичик «ёлғиз»лар билан дўст тутинар, боғча ҳовлисининг бир бурчагида оғир-оғир одимлаб айланиб юрарди. Митти юракчаларида изҳор қилиб бўлмайдиган дарду аламлар билан яшаётган болалар у билан руҳан суҳбат қуришарди.
Беғам, шу ҳолатида ҳам ҳатто беморга ёрдам беришни уддалаган, бир кун ҳовлида югуриб юриб, ерга йиқилиб тушганидан тиззаларини шилиб олган кичкинтойни турғазиб қўйган, то ўзини ўнглаб олгунича уни суяб турганди.
Карвон энди маҳалладан чиқиб, яшил далаларнинг орасидан ўтган анҳорнинг ингичка кечув жойидан ўтаётганди. Беғам энг олдинда, мағрур ва бамайлихотир кетиб борарди. Бироқ нима учундир, бугун унинг юриш-туришида қандайдир бир мужмал кайфият, тушуниб бўлмас бир сокинлик сезилмоқда эди.
* * *
Ниҳоят, байрам қилинадиган ерга етиб боришди. Бу ер соя-салқин анҳор бўйи эди. Сув ичида яшил сув ўтлар чайқалиб турарди.
Кичкинтойларнинг чуғур-чуғуридан қушлар ҳуркиб учиб кетишди. Ҳозир дунё уларники эди. Қий-чув қилганча атрофни бошларига кўтариб югуришар, дарахтларга тирмашиб, кўм-кўк ўтлар устида юмалашарди. Кечгача яна бир дунё вақт бор эканини ҳисобламасдан, куч-қувватлари ҳамда завқ-шавқларини сарфлашар, ҳатто тушлик учун келтирган егуликларини ейишга тушиб кетишганди.
Беғам ҳам бир лаҳза жонланиб, болалар билан бирга ўйнашни истади. Бироқ бирдан тўхтаб қолди, бошини юқори кўтариб, аччиқ-аччиқ улиди. Кейин секин-аста ортга чекиниб, йирик-йирик икки тошнинг орасига кириб ётиб олди.
Беғам касал эди. Болалар буни дарров сезишди. Унинг олдига овқат келтириб қўйишди. Аммо ит овқатларга қайрилиб ҳам қарамас, ҳар-ҳар пайт типирчилаб, ўз ҳолига қўйишлари учун ёлвораётгандек тишларини кўрсатиб, секингина ириллаб қўярди.
Беғамнинг изтироб чекаётганини ҳамда боқишларидаги паришонликни тарбиячилар ҳам кўришди.
– Болалар, яқинлашманглар!.. У нима бўлгандаям барибир ҳайвон. Балки, қутирган бўлишиям мумкин! – дея кичкинтойларни огоҳлантиришди.
Болаларнинг бу гапларга парво қилмаётганини кўриб, эҳтиёткорлик юзасидан ходимлардан бирини уларга қараб туриш учун навбатчи қилиб қўйишга мажбур бўлишди.
* * *
Тарбияланувчилардан ёши каттароқ бўлган олти-етти ёшлардаги бир қизча бирданига худди нимадир эсига тушиб қолгандек бақира бошлади:
– Эй воҳ, Беғамни заҳарлашибди!.. Бугун эрталаб бир нарса олиш учун дўконга боргандим. Кўча бошидаги ахлат ташланадиган ерда уни кўрдим… Бошқа итлар билан бирга у ҳам ниманидир еяётганди… Заҳарланган нон егани аниқ!…
Тарбиячилар бўлса, қари итдан бундай эҳтиётсизликни асло кутишмасди. Бироқ, минг афсуски, қизчанинг гаплари тўғри эди. Беғам барча заҳарланган итларда кузатилганидек тўлғониб типирчилашга тушди.
Болаларнинг шодликлари бирданига йўқолиб, ҳозиргина кичкинтойларнинг қий-чувлари билан жонланиб турган ўтлоққа қабристондагидек жимжитлик чўкди. Баъзи бирлари йиғлашарди. Унга бирор ёрдам беришнинг имкони йўқ эди.
Боғчанинг қанчалик суюклиси бўлмасин, бир итни деб, байрам шодиёнаси кичкинтойларга татимаслигига йўл қўйиб бўлмасди. Тарбиячилардан бири:
– Болалар, қўрқманглар… Сизлар билмайсизлар, Беғам аввал ҳам бир марта заҳарланиб, ўлмай қолганди… Унга ҳеч нима бўлмайди… Қани энди, байрамни давом эттиринглар! – дея бақирди.
Сўнг кичкинтойларни деярли мажбурлаб, тарқата бошлашди. Уларнинг баъзилари йиғлашда давом этар, баъзилари эса тарбиячиларнинг сўзлари билан ўзларига тасалли бериб: «Беғам — кучли… Унга ҳеч нарса қилмайди!» дейишарди. Ҳатто жажжи қўлчаларини очиб, унинг ҳаққига дуо қилганлар ҳам бўлди.
Тарбиячилар ниҳоят бошқа бир чора ўйлаб топишди. Байрам жойини сал нарироққа; икки-уч дақиқалик масофа олислигидаги дарахтзорга кўчиришни маъқул кўришди… Ўтлоқ устига тўшал-ган шолчалар ҳамда йўлхалталар йиғиштирилиб, гуруҳ Беғамни ёлғиз қолдирганча йўлга тушди.
* * *
Болалар ўртасида шу заҳоти бир яширин ташкилот тузилди. Уч-беш дақиқада гуруҳдан иккитаси ғойиб бўлар, яширинча Беғамни кўришга кетиб, унинг ҳолидан хабар келтирарди. Ахборот шу заҳоти кичкинтойлар ичида тарқалиб, ҳатто энг кичкиналари ҳам буни тарбиячилардан сир сақлашарди.
Бир соатдан сўнг яна-да ёмон хабар келди: Беғам ўлим арафасида эди. Ўзи беркиниб олган тошлар орасидан чиқиб, қаттиқ типирчиларди. Оғзи, кўзи ҳамда оёқлари қонга беланганди. Энди на буйруқ, нада пўписа болаларни забт этолди. Барчаси баб-баравар йиғлаганча бақиришиб, югуришга тушди. Тарбиячилар икки-учтасини амаллаб тутиб олишса, саккиз-ўнтаси уларнинг қўлидан қутилиб қочарди.
Шундай бўлса-да, энди итга яқинлашишмади. Беғамнинг типирчилаши қўрқинчли тус олганди. Гоҳ ерда ағанар, оёқлари билан тупроқни тимдалар, гоҳ қонли оғзини кўкка кўтариб, таҳдид қилгандек хунук товушда улирди. Ниҳоят, охирги кучини жамлаб, оёққа турди. Ичидаги оловни босиш учун анҳорга қараб югуришга тушди.
* * *
Анҳордаги ингичка ёғоч кўприкнинг ёнида беш ёшлар атрофидаги икки қизча турарди. Улар итнинг чанг-тўзон кўтариб югуриб келаётганини кўриб, қаттиқ қўрқиб кетишди. Ёғоч кўприкдан нариги тарафга ўтмоқчи бўлишди. Аммо уларнинг бири шошиб қолганидан анҳорга тушиб кетди. Сувдан чиқиш учун жон ҳолатда типирчилай бошлади.
Беғам бу фалокатни кўргач, бирдан таққа тўхтади. Йўлини ўзгартирди. Ёғоч кўприк томон югурди. Қизчанинг ортидан сувга сакради. Унинг кийимларини тишлаб олди. Тарбиячилар етиб келгунга қадар уни сув юзида ушлаб турди.
Сўнгра худди бошқа тоқати қолмагандек, ўзини сувнинг ихтиёрига топширди. Бир-икки бор шўнғиди, атрофидаги сувни кўпиртирганча жони узилди. Беғамнинг руҳ тарк этган жонсиз жасади сувнинг оқими бўйлаб, секин-аста узоқлашди.
Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси