Ҳамиджон Ҳомидий. Жаҳоний шуҳрат

Илм-фанимиз дарғалари орасида шундай зоти киромийлар борки, улар ўзлари танлаган соҳани пишиқ-пухта билиб,  соҳа аҳлига заковат улашиб юриш билан бирга ўз тадқиқотларига йўлдош-ёндош фанларни ҳам теранроқ идрок этиб, қиёсий-типологик йўсинда таҳлилий асарлар яратиб юрадилар. Ғарб адабиётининг кенг қамровли донишманди, Шарқ классик адабиёти ҳамда тасвирий санъатининг нуктасанж билимдони, филология фанлари доктори, профессор, меҳрибон устоз Фозила Сулаймонова ана шундай серқирра ижодкорлардан эди.

Шарқу Ғарб адабиёти ва маданиятининг толмас тадқиқотчиси Фозила Сулаймонова 1919 йили Марғилонда зиёли оилада дунёга келди. Бўлажак машҳур олима ўрта мактаб хатмидан сўнг, 1937–1941 йиллар давомида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги педуниверситет)да таҳсил кўрди. Ўз устозлик фаолиятини Тошкент давлат университети (Ҳозирги ЎзМУ)да бошлаган Фозила Сулаймонова кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти, Давлат Адабиёт музейи ҳамда Қўлёзмалар институтларида катта илмий ходим вазифаларини бажарди. 1998 йилдан умрининг охирига қадар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Адабиёт музейида етакчи илмий ходим сифатида тадқиқотлар олиб борди ва ёш илмий ходимларга раҳнамолик қилди.

Дастлабки илмий фаолиятини Ғарб адабиёти тарихини жиддий тадқиқ этиш билан бошлаган олима ўтган асрнинг 60-йилларида “Стендалнинг “Люсьен Левен”и”, “Шекспир Ўзбекистонда” монографияларини яратди. Илк китобида олима ўша кезлари илм-фанда Стендалнинг мукаммал ижодий биографиясини яратишга муваффақ бўлган, санъаткорлик маҳоратини зукколик билан таҳлил қилган. Иккинчи асарда эса, ўзбек китобхонини Шекспир ижодий лабораториясига олиб кириб, унинг даҳолик сеҳрини кашф этган. Хусусан, муаллифнинг Шекспир асарларининг Ўзбекистонга кириб келиш тарихи, уларнинг ранг-баранг таржималари хусусидаги фикрлар, саҳна талқинлари ҳақидаги мулоҳазалар анча жиддий ва ибратомуздир. Гап шундаки, аслият тилини яхши билган, ҳар асар моҳиятини чуқур идрок этган олима уларнинг қиёсий-солиштирма таҳлилини берган. Булар ҳам назарий, ҳам амалий моҳиятга молик фикр­лар эди.

Кейинги 30-40 йил давомида олима Шарқ ва Ғарб адабиётлари, илм-фани ҳамда тамаддунининг ўзаро алоқалари, бир-бирига таъсири, Европа маданиятининг шаклланишида Шарқнинг таъсирини ўрганди. Мана шу ният йўлида у Шарқу Ғарб мамлакатларини кезиб чиқди, минглаб қўлёзмаларни кўздан кечирди, халқаро анжуманларда маърузалари билан иштирок этди; француз, инглиз, рус ва бошқа тилларда кўплаб мақолалар эълон қилди. Кўп йиллик заҳматлари натижаси сифатида “Шарқ ва Ғарб”, “Шарқ маданияти ва Данте”, “Восток и Запад” китоблари юзага келди. Бу монографияларнинг турли қитъалар, халқлар маданиятларининг ўзаро таъсири ва муштараклигининг назарий масалаларини, амалий муаммоларини янгича таҳлилидаги аҳамияти беқиёс. Биз бу ерда олима хизматининг айрим жиҳатинигина таъкидлаймиз, холос.

Маълумки, Шўролар давридаги шарқшунослик ҳамда адабиётшуносликда, асосан, Ғарб тамаддунининг Шарқ халқлари илм-фани, адабиёти ҳамда маданиятига таъсири ҳақида бир ёқлама фикр юритиш расм бўлган эди. Фозила Сулаймонова “Шарқ ва Ғарб” монографиясида фандаги ана шу нохолисликни юзлаб дастхат манбалар, дунё археологлари қўлга киритган ашёвий далиллар асосида, икки минтақа халқлари мифологиясидаги муштарак тамойилларни қиёсий-типологик таҳлил қилиш жараёнидаги илмий хулосалар воситасида рад этди: Ал-Хоразмий, ал-Форобий, ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Синоларнинг Европа илм-фани инкишофидаги ўрнини аниқ далиллар билан кўрсатиб берди. Бугина эмас, монографияда Зардушт фалсафасининг дунё фалсафий қарашларига таъсирини  далиллар асосида илмий нуқтаи назардан исботланган.

Маълумки, “Авесто”да аждодларимизнинг уч минг йилдан наридаги фалсафий қарашлари, илм-фани, касб-кори, чорвачилик, деҳқончилик, меъморлик, шаҳарсозлик, маъданшунослик, тиббиётга доир теран фикр­лари жамланган. Ҳатто ёдгорликда бир марталик шприц, қон қуйиш мосламаси ҳақидаги аниқ мулоҳазалар баён этилган. Назаримизда, “Шарқ ва Ғарб”да дунё авестошунослигида биринчилардан бўлиб зардуштийлик билан ислом динидаги кўп ўхшашликлар аниқланган, муштарак жиҳатлар кўрсатилган.

Ўтган асрнинг 60-йиллари бошида замонамизнинг забардаст алломаси Ҳамид Сулаймон раҳбарлигида бир гуруҳ олимларимиз Навоийнинг мукаммал асарлари нашрини яратишга киришдилар. Ана шу жараёнда Фозила Сулаймонова ҳам жиддий матншунос сифатида фаол иштирок этди: Париж, Лондон, Ленинград шаҳарларидан юзлаб қадимий қўлёзмаларнинг, Навоий дастхатларининг нодир нусхаларининг фотоакслари келтирилди. Уларни ўқиш, қиёсий таҳлил этиб, аслига яқинроқ нусхаларини тиклашда Фозила Сулаймонова ҳам тинимсиз тер тўкди; бир қанча заҳмат пиллапояларини босиб ўтди. Натижада у кишининг бевосита иштироки билан ҳали ўзбек фани оламида номаълум шоир Ҳофиз Хоразмийнинг икки китобдан иборат девони; Навоий мукаммал асарлари тўпламининг 3-, 4-, 5- ва 6-жилдлари чоп этилди; “Хазойин ул-маоний”нинг икки қўлёзма нусхасини қиёсий ўрганиб чиқиб, мукаммалини аниқлашга эришди. Хуллас, олима манбашунослик ва матншунослик соҳасида бир олим умрига арзигулик тадқиқотларни амалга оширган.

Шарқда шеърият билан бир паллада тасвирий санъат ҳам, айниқса, унинг миниатюра жанри тараққий эта бошлаган. Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, миниатюра санъати Рудакий замонларидаёқ пайдо бўлиб, X–XII асрларда узил-кесил шаклланган. XIV–XVI асрларга келиб эса, бунинг ёнига портрет жанри – нимтана тасвири ҳам қўшилган. Жомийнинг “Саломон ва Ибсол” достонига чизилган икки юздан зиёдроқ турли табақа вакиллари портрети, Дорошукуҳ томонидан чизилган 14 та темурийзодалар портрети фикримизни тасдиқлайди. Ҳамид Сулаймонов етакчилигидаги экспедиция қўлга киритган манбалар таркибида юзлаб миниатюралар ҳам мавжуд эди. Фозила опа матнларни ўрганиш жараёнида ана шу санъат мўъжизаларига маҳлиё бўлиб қолди. Энди у нозикбин санъатшунос сифатида Ҳирот, Табриз, Самарқанд, Бухоро ва Ҳинд тасвирий санъат мактабларини ўрганиб чиқди; Беҳзод, Нодирмуҳаммад Самарқандий, Муҳаммадмурод Самарқандийлар мероси билан танишди. Унинг қалбида буюк шоирлар асарларига чизилган миниатюраларни жамлаб, уларни нашр этиш истаги пайдо бўлди. Ана шу илмий ният ҳосиласи ўлароқ “Навоий асарларига ишланган расмлар”, “Амир Хусрав Деҳлавий асарларига ишланган расмлар”, “Низомий “Хамса”сига ишланган расмлар” сингари юзлаб миниатюраларни ўзида жамлаган мураққаъ – альбомлар нашр этилди. Бу жаҳон эътироф этган ва бутун дунёга тарқалган фундаментал асарлар, уларга битилган мукаммал таҳлилий сўз-боши ва шарҳлар олиманинг миниатюра санъатининг мўшикоф донишманди эканлигини тасдиқлаб турибди. Зероки, олима дастхатлардан сайлаб олган ҳар бир миниатюрани сюжет, композиция, ранглар таносиби, достон мазмунини нечоғлик ўзида ифода этгани, ғояси, бадиий қудрати томонидан ғоятда синчковлик билан таҳлил қилиб, муайян илмий-назарий хулосаларга келган. Демак, Фозила Сулаймонова Шарқ ва Ғарб маданиятларининг, қиёсий адабиётшунослик, таржимашунослик, манбашунослик, матншуносликнинг юксак билимдони, беназир назариётчиси сифатида фанимиз зарварақларини бойитиб келган. Унинг 200 дан ортиқ мақолаларининг аксарияти хорижий тилларда ҳам чоп этилган ва кўплаб хорижлик мутахассислар эътирофига сазовор бўлган.

Фозила Сулаймонова ёшларнинг беминнат ғамхўри ва ўта меҳрибон устози ҳам эди. Унинг бевосита раҳнамолигидаги ўнга яқин ёшлар номзодлик ва докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.  Серқирра ижодкорнинг фанимиз равнақи йўлидаги фидойи меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган.  У юртимизнинг “Соғлом авлод учун” (1994), “Буюк хизматлари учун” (1999) орденлари ҳамда Франциянинг “Академия пальмаси” (1994) ордени билан мукофотланган.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 8-сон