Леонид Дранько-Майсюк (Леанiд Дранько-Майсюк, 10 октябрь 1957, Давид-Городок) — белорус шоири. СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1984).
* * *
Янко Купала…
Мана у қаршимда турибди гўё,
Дала-ю ўрмонлар қалбим шукуҳи.
Лек хуррам хитобим эшитиб,
“Муродинг не?” – дейди шоирнинг руҳи.
Муносиб сўзларни топа олмадим,
У кўздан йўқолди, нурмиди, рўё?
Қай овлоқ йўллардан излайин уни,
Майли, яйлов кезай, кечайин дарё.
Балки энди уни қайтариб бўлмас,
–Чин Белорус қалбин соғиндим сасин.
У каби ҳар тонгда Қуёш ўз йўлин,
Жалейкада бир куй чалиб бошласин.
* * *
Менга бир нима де, нимадир сўзла,
Меҳрли бир сўз топ…Тонг палласида.
Ва шундай хотиржам, сокингина айт,
Ер ва мовий Осмон чегарасида.
У ерда қуримиш кекса эман ҳам,
Лайлак афсун айтар, ини тўла хас.
Қичқириғин ерга сочганча бунда,
Энди уйғонмайди, эман жим, бесас.
Кампир йўл халтага бор меҳри билан,
Ўша қичқириқнинг йиғаркан хокин.
Сенинг хитобингга жавобан аста,
“Хайрли кун” – дейди, маъюс ва сокин.
* * *
Қўшиқ. Дарё. Сув ёнида қиёқ ўт ҳамон,
Осмон баланд, кўз илғамас чексиз, бепоён…
Борлиқ кўм-кўк, қарғалар ҳам бунда гангиди,
Ғозлар чиқур бўриларнинг изидан қувлаб.
Тошлар ҳам дарз кетди гўё, ёнди майсалар,
Чақмоқлар ҳам булутлардан тушдилар қулаб.
Буғулар-чи, тоғ тизмаси бўйлаб жар солди,
Остонатош сари сузиб борарди отам.
Қўрқув нима билмас эди, ўктам ёш эди,
Бир қайиғу кўйлак эди, бор бисоти ҳам.
Сузар эди, ёқавайрон ўрмонга қараб,
Эшкагин у кенг дарёнинг тубига тираб.
Гулхан узра муз қотгандай бир зум турдию,
У кез ўрмон ажинаси қориб кетди лой.
Ўша лаҳза гувиллаган кулол чархига,
Булутлар ҳам пастлаб келиб қўнди ҳойнаҳой.
Маст қилувчи бир куй оқди кўнгиллар томон,
Сархуш бир куч қайнаб-тошиб қалбларга кирди.
Кўкда Лочин чарчаса-да, учарди ҳамон…
Оҳ, отам-чун жуда ҳам кам нарса буюрди.
Қадрли у сирға, бехос гулханга тушди,
Унинг олтин теграсин лой қуршаган у тун.
Опаларим орасидан фақат биттаси,
Онам қиёфасин сақлаб қолган кун…
* * *
Яшаш мумкин ҳар жойда, Пинскда, Бараняда,
Хельсинкида ҳам ҳатто, маъни йўқдур номларда.
Қувғиндининг ул хира кўзларидан тирқираб,
Болтиқ денгиз ашклари қуйилар оқшомларда.
Ҳар жойда яшаш мумкин, чопма эй дўст, тўхтагил,
Бемаънилик, англамак бундай диллар ниятин.
Ҳар ерда ҳам май, майдур, денгиз, денгиз, шу осмон,
Йўқ қилолмас мусибат, мусибат моҳиятин.
Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси