Туркиянинг Измир вилояти ғарбида, Чашма тумани марказидан атиги 10 дақиқа масофада жойлашган Чашма Олтинқум соҳили ўзининг сокинлиги ва кўзга ажиб завқ бахш этувчи таровати билан инсонларни ўзига чорлайди, деб хабар беради мамлакат маданият ва туризм идораси тарғибот гуруҳи.
Ушбу соҳил – Туркия туризм марказларидан бири бўлган Чашма туманининг энг сара пляжларидан биридир.
Олтинқум пляжи Чашманинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у уч томондан денгизлар билан ўралган ярим оролда ташкил этилган. Узунлиги 500 метр, кенглиги эса 15 метрдан ошадиган пляж ўзининг гўзаллиги билан келганларни мафтун қилади. Шунингдек, сувининг жуда совуқ эканлиги ҳам эътиборни тортади. Бошқа сув ҳавзалари билан солиштирганда Олтинқум соҳили ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам муздек туради.
Пляжда кунига 15 лирага иккита ўриндиқ ва соябонни ижарага олиш мумкин. Чашма Олтинқум соҳили атрофида турли кўнгилочар клублар ва кафелар бўлиб, нархлари ҳам анча ҳамёнбоп. Соҳил клубларига кириш бир киши учун 10 лирадан 20 лирагача.
Умуман, Чашма соҳилларининг энг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, одамлар қирғоқдан денгизга томон юрганда денгиз сувининг сатҳи инсонни кўммайдиган даражада экани кўринади. Тахминан 10-15 метрдан кейин эса денгиз чуқурлаша бошлайди. Демак, Олтинқумнинг саёз сувли соҳилига кичик ёшдаги фарзандлар билан бориш мумкин.
Кўплаб маҳаллий ёки хорижий сайёҳлар доимий равишда ташриф буюрадиган бу соҳил турк халқининг бебаҳо бойлигидир. Совуқ денгиз сувидан ташқари шамолли об-ҳаво ҳам ёзнинг иссиқ кунларида инсонга ҳузур бахш этади.
Мўъжизавий совуқ суви билан таналарни титратувчи Олтинқум соҳили туби баъзи жойларда шағал ва тошлоқ бўлса-да, аксар жойлар худди соҳилдаги каби майин қумлардан иборат.
Олтинқум соҳилига бориш йўли осон. Аввал Измир шаҳридан Чашма шаҳарчасига, у ернинг маҳаллий автовокзалидан эса ҳар 30 дақиқада йўлга чиқадиган микроавтобуслар орқали пляжга етиб олса бўлади.