Француз халқининг буюк фарзанди Виктор Гюго 1802 йил 26 февралда Парижда дунёга келди. Унинг отаси Жозеф Леопольд Сигизбер Гюго француз армиясида хизмат қилиб юқори мартабаларига эришган шахс эди. Онаси Софи Требюше бадавлат оиланинг қизи бўлган.
Ёш Гюго Буюк Людовик коллежида таҳсил олади ва ижод билан жуда эрта шуғуллана бошлайди. 15-17 ёшларидаёқ унинг ёзган асарлари ёрлиқлар, мукофотларга сазовор бўлган.
Ўша давр Франция ёшлари онгида икки даҳо – Байрон ва Шекспир устувор эди. Байрон романтикадан мураббийлик қилса, Шекспир драматургия соҳасида уларни юксак чўққиларга даъват этарди.
Тенгқурлари орасида ўзининг иқтидори билан довруғ қозонган Гюго тинимсиз изланади. Унинг илк китоби “Қасидалар ва бошқа шеърлар” 1826 йили чоп этилган. Гарчи Гюго бугунги кунда кўпчилик китобхонлар тасаввурида буюк романнавис сифатида гавдаланса-да, унинг адабий меросида шеърият салмоқли ўрин тутади. Зеро, адибнинг ўлмас романлари ва жўшқин драмаларидаги буюк ғояларга замин яратган, аввало, унинг туғёнли шеърлари эди. Шу маънода унинг қизғин поэтик ижодида муҳим босқичларни ўзида акс эттирган “Шарқ оҳанглари”, “Интиқом”, “Шуур”, “Қаҳрли йил” ҳамда бир неча жилддан иборат “Асрлар афсонаси” номли шеърий тўпламларини алоҳида таъкидламоқ жоиздир. Гюго шеъриятига унинг буюк замондоши, дўсти Бальзак тан бериб, у ҳар қандай оҳангда, ҳар қандай услубда сатрларини сайратиб юбора олади, деган эди.
Романлари Гюго ижодида энг салмоқли ўринни эгаллайди. Унинг “Париж Биби Марям ибодатхонаси”, “Хўрланганлар”, “Кулаётган одам”, “Денгиз заҳматкашлари” романлари нафақат француз, балки жаҳон адабиётининг бебаҳо дурдоналари саналади.
“Париж Биби Марям ибодатхонаси” асари қаҳрамони Квазимодо образидан ҳайратланган Ф.Достоевский 1862 йили “Время” журналидаги мақоласида бу образнинг нақадар санъаткорона, чуқур тимсол асосида яратилганини таъкидлаб, асарни таржима қилишга хоҳиши борлигини билдиради.
Адиб “Хўрланганлар” романи устида йигирма йил тер тўкиб ишлайди. Асар ниҳоясига етганда муаллиф “мен роман эмас, тоғ яратдим”, дейди ўз даҳосидан ҳайратини яширмай. Л.Толстой ҳам бу асарга юқори баҳо бериб, XIX асрда яратилган жамики француз романларининг энг яхшиси, дея таъкидлайди. Зеро, Гюго мазкур романида юксак маънавият борасидаги қаҳрамонликни куйлайди, улуғлайди.
Гарчи Гюгонинг романларида, аксарият драматик асарларида тарихийлик руҳи устувор бўлса-да, у ўз даврининг энг мураккаб ижтимоий муаммоларини қаламга олишдан ҳеч қачон чўчимади. Унинг “Клод Гё” ва “Маҳкумнинг сўнгги куни” қиссалари фикримизга далилдир.
Гюго драматург сифатида ҳам жуда катта мерос қолдирди. Унинг “Кромвел”, “Марион Делорм”, “Эрнани”, “Қирол ишрати”, “Рую Близ” драмалари ўз вақтида Париж саҳналарида чақмоқдек чақнаган эди. Жумладан, “Қирол ишрати” драмаси айрича қисматга эга. Бу драма бундан ўн йиллар илгари Эркин Воҳидов томонидан ўзбекчалаштирилиб, телевизион спектакл сифатида намойиш этилган. Драма “Жаҳон адабиёти” журналининг шу йилги 2 – 3-сонларида эълон қилинмоқда.
“Қирол ишрати” яратилган даврида афишаларда пайдо бўлиши биланоқ цензуранинг қаттиқ таъқибига учрайди. Асарни “муаллифнинг ахлоқсизлиги” сифатида талқин этишиб, таъқиқлашади. Драма эллик йилдан кейингина француз театрларида қўйилади.
В.Гюго буюк эврилишлар, инқилоблар замонида яшади. У ўз давридаги воқеа-ҳодисаларнинг шунчаки шоҳиди эмас, балки фаол иштирокчиси эди. Мамлакат тақдири, оддий одамларнинг ўта қашшоқлиги унинг уйғоқ қалбини ҳамиша туғёнга келтирарди.
Адибнинг император Луи Бонопартга қарши ёзилган “Кичик Наполеон” памфлети тилининг ўткирлиги билан мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлади. Бундан ғазабланган Бонопарт уни ҳибсга олишга фармон беради. Ўша пайтда А.Дюма-ота дўстига унинг боши 25 минг франкка баҳоланганлигини айтади. Императорга яқин кишилардан бири, агар уни тута олишмаса, отиб ташлаш ҳақида махфий буйруқ ҳам борлигини етказади. Баррикадаларда олиб борилаётган курашларнинг самарасизлигини сезган Гюго Францияни тарк этишга мажбур бўлади. У ўн тўққиз йил қувғинда яшайди. Изтироблардан азоб чеккан адиб, “Қувғин бешафқат диёр экан”, деган эди дўстларидан бирига.
Француз халқининг дардларига йўғрилган Гюго асарларини ўзининг маҳорат мактаби деб билган рус ёзувчиси А.Толстой адиб вафотининг 50 йиллигига бағишланган мақоласида шундай ёзади: “У ўзининг оддий қаламида ўктам сиймолар ярата оларди. У менинг мўъжаз юрагимни чуқур инсонийликка йўғрилган оташин туйғуларга тўлдирганди…
Унинг юксак ғояларга лиммо-лим романтикаси қашшоқ турмуш устидан ҳамиша ғолиб келарди. У борлиққа “Уйғонинг, инсон қашшоқлашиб бормоқда, халқ адолатсизлик остида инграмоқда” дея бонг урарди”.
Шекспирга бағишланган “Тафаккур ва омма” номли китобида В.Гюго ёзувчи ким учун меҳнат қилиши керак деган саволни қўяди ва бу саволга ўзи шундай аниқ жавоб беради: “Халқ учун ишламоқ ёзувчининг энг муқаддас бурчидир”.
1870 йил 5 сентябрда адиб қувғиндан Парижга қайтиб келади. Бутун мамлакат уни “Яшасин Республика!”, “Яшасин Гюго!” деган хитоблари билан кутиб олади. Бу издиҳом қувғинга учраган шоирнинг орзу-умидлари француз халқининг армону идеаллари билан аллақачон уйғунлашиб кетганидан далолат эди. Умрининг сўнгги йилларини ҳам мардонавор яшаган адиб 1885 йили 83 ёшида вафот этади.
Октав Мирбо Гюгони “Франциянинг куйловчи юраги”, “XIX аср қалби”дея атайди. Гюисманс адиб ижодига баҳо бериб, XIX асрда истеъдодлар кўп эди, лекин “даҳо битта – у Гюго”, дейди.
Барҳаёт адиб Гюго таваллудининг 200 йиллиги кунларида ёзувчи ва замон, ёзувчи ва шахс деган тушунчаларнинг моҳиятини чуқурроқ англаймиз. Адибнинг умр туғёни фаол бўлишга, одамлар бахти учун курашмоққа даъват этади.
“Жўшқинлик, қатъият, енгилмаслик, ўзингга бўлган чексиз ишонч, қисмат билан яккама-якка олиша билмоқ, хавф-хатарни дадил туриб бартараф эта олиш, ғалабалардан ғурурланиб кетмаслик, мардонавор тура билмоқ – халқларга керак бўлган сабоқлар, уларни илҳомлантирувчи ёғдулар мана шулардир”, дея ёзган эди Гюго “Хўрланганлар” романида. Бу улуғ даъват бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотгани йўқ.
Гюго Бальзакнинг дафн маросимида сўзлаган нутқида улуғлар ҳайкал учун пойдеворни ўзлари тиклайдилар, уларга ҳайкални эса келажак қўяди, деган эди. Икки юз йилки, инсоният Виктор Гюгога ажойиб ҳайкал тиклади ҳамда бу ҳайкални қалб тўрида ардоқлаб келди ва ҳамиша ардоқлайди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 12-сонидан олинди.