Туркистон озодлиги учун қурбон бўлган машҳур жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик фаолияти бўйича диссертация ёқланаётган эди. Ушбу илмий иш, жумладан, Беҳбудий шахси ҳақида аллома Иззат Султон фикр билдирар экан, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижоди тадқиқ қилинаётганидан мамнунлигини изҳор этиб, жадидшунос тадқиқотчилар олдида турган навбатдаги вазифаларни айтди:
— Жадидларни оқлаб олдик. Лекин совет замонида Беҳбудий, Мунаввар қори ва яна бир неча жадидларга қўйилган «панисломист», «англизпараст» деган афсоналарни ҳам чилпарчин қилиб ташлаш вақти келди.
Атоқли олим Иззат Султон бугун орамизда йўқ. Унинг сўзлари эса васият бўлиб қолди.
«Охранка» ёзишмалари «КГБ»га асос бўлган
Шу пайтгача Беҳбудийнинг муфтилиги, Мунаввар қорининг Қуръонни ёддан билиши, яъни диндорликлари уларнинг юрт миқёсидаги эътирофларига тўсқинлик қилаётган бўлса керак, деган фикрда эдим. Негаки, Беҳбудий Самарқанд жадидларига карвонбоши бўлса, Мунаввар қори Тошкентда жадидларга йўлбошчи эди. Ўз вақтида «Ҳақ олинур, берилмас» каби даъватларни айта олган инсонлар ҳам улар эдилар. Қолаверса, бу инсонлар кўплаб сафдошларни атрофларига жамлагандилар. Фитрат, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Садриддин Айний каби юрт фидойилари фикримиз далилидир.
Шу боис совет даври сиёсатига оид кўплаб китобларни таҳлил этганимизда, Беҳбудий ва Мунаввар қорининг фақат “англизпараст”лиги эмас, балки панисломизм ва пантуркизмнинг Туркистондаги вакиллари сифатида айбланганлигига гувоҳ бўлдик.
Бу тамғанинг тарихи Россия охранкасининг ўтган аср бошидаги хулосаларига асосланган. Ғоявий жиҳатдан «ўзгача» бўлган советлар бу хулосаларни ҳукм сифатида қабул қилиб, тузум йиқилгунга қадар фаол қўлладилар. Ҳатто, мустақилликка эришган бўлсак-да, уларнинг номларини эҳтиёт бўлиб ишлатадиган олимларимиз ҳануз йўқ эмас.
Бунинг сабаби, фикримизча, жадидларнинг асл мақсадларини турлича тушуниш ва талқин этишда. Масалан, сарлавҳадаги саволга диққатингизни тортамиз: кўпчилигимиз «Буни ким билмайди, албатта, эскилик тарафдорлари «қадим»чилар, улар тутган йўриққа нисбатан янгидир», деймиз. Бошқамиз Дукчи Эшон қўзғолонини кўз олдимизга келтириб, жадидчилик шу кураш тарзига нисбатан янги ҳаракат, деган хулоса чиқарамиз. Негаки, ўша давр, хусусан, жадидчилик ҳақида тадқиқотчиларнинг жуда кўп мақолалари эълон қилинди, диссертациялар ёқланди. Бироқ бу қарашлар тадқиқотчиларнинг бир (мустабид) жамиятдан иккинчи (мустақил) жамиятга ўтиш давридаги турлича фикрларга, яъни жадидчиликка муносабатнинг ҳар хил эканлигига асослангандир.
Машҳур адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони О.Шарафиддинов профессор Б.Қосимовнинг «Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик» китобига ёзган сўзбошида шундай асосли фикр битилган: «Жадидчилик тўғрисида ўзимизда ва хорижда кўп асарлар ёзилган, албатта. Лекин, биринчидан, уларнинг ҳаммасида ҳам жадидчилик тўғри талқин қилинавермайди. Аксариятида у биртомонлама — маданий-маърифий ҳаракат сифатидагина баҳоланган. Иккинчидан, шу пайтга қадар жадидизм ҳақидаги тасаввурларимизни бир жойга йиғадиган, ютуқларимиз, камчиликларимизни умумлаштирадиган китоб йўқ ҳисобида эди. Шу жиҳатдан, Б.Қосимовнинг мазкур тадқиқоти бугунги кунда, айниқса, миллий истиқлол мафкурасини шакллантираётган бир пайтимизда жуда катта илмий-амалий аҳамият касб этади».
Дарҳақиқат, устоз олим Б.Қосимов ушбу тадқиқотида жуда катта ахборотни бир жойга жамлаб, масаланинг тарихи, «жадид» сўзининг истилоҳи, йўналиши, намояндалари ижоди ва фаолиятини бир бутун системага солиб, китоб тайёрлаган. Бу жадидшуносликда воқеа бўлди.
Бугунги баҳсимизни ана шу китобга таянган ҳолда олиб борсак айни муддао бўлур эди. Аввало, Б.Қосимовнинг жадидчилик характери–йўналиши ҳақидаги ўринли фикрига эътиборни қаратсак: «Жадидчилик оқим эмас, ҳаракат. Ижтимоий, сиёсий, маърифий ҳаракат. Яқингача ҳам у фақат маърифатчилик ҳаракати деб келинди. Бу атайлаб қилинган эди. Мақсад — жадидчиликнинг доирасини торайтириш, социалистик-коммунистик мафкурадан бошқаси кенг халқ онгини қамраб олиши, эгаллаши мумкин эмас, деган сохта тушунчаларнинг асорати эди. Аслида эса, жадидчилик:
1) жамиятнинг барча қатламларини жалб эта олди. Уйғониш мафкураси бўлиб хизмат қилди;
2) мустақиллик учун кураш олиб борди. Унинг ғайрат ва ташаббуси билан дунё кўрган Туркистон Мухторияти бу йўлдаги амалий ҳаракатнинг дастлабки натижаси эди;
3) маориф ва маданиятни, матбуотни ижтимоий-сиёсий мақсадларга мослаб чиқди».
Иқтибосдан ўзимизга керакли хулоса чиқарадиган бўлсак, демак, жадидчилик — ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат бўлиб, унинг асосий мақсади мустақилликка эришиш бўлган.
Яна ўша савол…
Бу янгича ҳаракат қандай ҳаракат(лар)га нисбатан янги? Шу ўринда «қадимчилик»нинг ҳаракат эмаслиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолади. Мустамлакачиликка қарши кўтарилган турли қўзғолонлар (масалан, Дукчи Эшон қўзғолони) ҳам ҳаракат даражасида бўлмай, балки стихияли характерда эди.
Саволга жавоб эса ўша даврда дунёда содир бўлган воқеалар билан боғлиқдир. XIX асрда Ғарб давлатлари Осиё ва Африка мамлакатларини босиб, тўғрироғи, бўлиб олдилар. Бу ҳақда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат асарларида ва мустақилликка эришгач кўпгина манбаларда, хусусан, Ўзбекистон янги тарихининг совет мустамлакачилиги даврига оид жилдида, юқорида номи зикр этилган китобда таъкидланади. Шарқ халқларининг зиёлилари, юрт фидойилари мустамлака зулмидан қутулишнинг чора-тадбирларини ишлаб чиқа бошладилар. Уларнинг энг машҳури ислом байроғи остида бирлашиш (мустамлакачилар унга панисломизм деб ном бердилар) ғоясидир. Бироз вақт ўтгач, бу байроқ остида бирлашиш мумкин эмаслиги маълум бўлди, энди турк бирлиги масаласи кун тартибига қўйилди. Бизга таниш бўлган туркчилик ҳаракати (ғарбликлар уни пантуркизм деб атадилар) ана шу асосда келиб чиқди. Туркистон зиёлилари Шарқ мамлакатларига қилган саёҳатлари пайтида у ерлардаги ўзгаришларни кўрганлари ва бу улар фаолиятига таъсир кўрсатганлиги, ёзган мақолаларида ўша руҳ ҳукмрон бўлганлиги ҳам бор гап.
Фикримизга далил сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Таърих ва жуғрофия» мақоласини («Туркистон вилоятининг газети», 1908 йил, 30 ноябр) келтириш ўринлидир. Унда ислом дунёсини, унинг бир қисми бўлган Туркистонни европаликлар босиб, бўлиб олганликлари очиқ баён қилинади. Мазкур мақола хулосасидан бир парча: «Хулоса, Оврупони Жануби-Ғарбидаги мамолики исломия маҳв ва нопадид (кўринмас, таъсирсиз — Ҳ.С.) бўлди. Аҳли исломиясини баъзиси ҳайдалди. Баъзан асир, баъзан таҳриқ қилдурилди ва бу кун улардан на ном бор ва на нишон. Оврупо васатиға қарасангиз, Серб, Булғор, Қирим, Курид, Қибрис, Юнон, Рум ила хитталари(ўлка, ер юзи — Ҳ.С.) кетди, ҳоло кетмакдадур. Бир карра Африқо харитасига назар қилайлук. Танжа кетди, Тароблис, Тунис, Занжибар, Судан, Мадагасқар исломиялари қисман кетди ва қисман кетмакдадур…
Азиз жолисим, сизға сўйлаб турибман, фаҳмлайсизму? Ҳайҳот, ҳайҳот, умумий Осиё қитъасиға 600 милийун қадар мусулмон борки, андин ўн милийуни Осиёи сафро ва жазират ул-Арабға сокин ва Усмонли ҳукуматиға тобеъ, 9 милийун Эронға, 6 милийуни Афғонға, 2 милийуни Бухоро, милийуни Хива, 1 милийуни Булужистон, 12 милийуни Ҳайдаробод деган, 1 милийуни Уммон ва милийундан ками жумҳур ҳукумати исломиясиға тобеъ бўлуб, бақя 50 милийуни Хитой ва 50 милийуни инглисға ва 50 милийун қадари, яна 40 милийуни Жазоир, Баҳри Кабир мусулмонлари ила баробар Инглис, Франса, Каландия, Испания, Русия ва ўзга давли (давлатлар – Ҳ.С.) насрониясиға тобеъ. Биз Осиёи вусто (ўрта – Ҳ.С.) ва шимолий сокинларидан Русия давлатиға тўғридан-тўғри тобеъ…»
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Россия ҳукмронлиги даврида ёзилган бу мақоласи «Танланган асарлар»ига киритилмаганлиги учун каттароқ иқтибос олдик. Беҳбудий «Ҳайҳот», дея ҳайқириб ёзган бу мақолада, эътибор берган бўлсангиз, Туркистон дарди ислом дунёси муаммолари фонида кўтарилган.
Жадид боболар, бошқа мустамлакада қолган халқлар сингари, юртни озод қилиш йўлида бировлардан ёрдам кутганларини ҳам қоралаш мумкин эмас. Лекин ҳаёт шуни кўрсатдики, жадидлар на исломчилик, на туркчилик байроғи остида бирлашиб, мустамлака асоратидан озод бўлиш қийин эканлигини англаб етдилар.
Шу ўринда айтиш жоизки, жадидчилик ҳаракати асосчиси, қирим-татар зиёлиси Исмоилбек Ғаспирали биринчи бўлиб мустамлакачининг руслаштириш сиёсати ва унинг оқибатларини аввалдан англаб етиб, Россия ҳудудида яшайдиган мусулмонларнинг ўқиб, ўрганиб, шунга яраша ҳаракатда бўлишлари лозимлигини таъкидлади. Беҳбудий ва Мунаввар қори Ғаспиралини устоз деб билиб, унинг фикрларига таяндилар, албатта.
Бироқ, «охранка» уларнинг ҳеч бирини «шпион»ликда ёки давлатни сотганликда айблай олмади. Чунки улар сиртдан жуда беозор бўлган — маърифат орқали тараққий этиш, бошқа миллатлар (хусусан, рус миллати) билан тенг бўлиб яшаш ғоясини илгари сурдилар. Улар озодлик сўзи ўрнига тараққий сўзини қўллай бошладилар.
Ёдга олинг: Мунаввар қорининг саъй-ҳаракатлари билан ташкил топган ва мустамлакачи томонидан тезлик билан ёпилган Туркистон жадидлари биринчи газетасининг номи ҳам «Тараққий» эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кўплаб мақолаларида ушбу атама ишлатилган, лекин 1917 йил феврал воқеаларидан кейин миллат орасида ноиттифоқлик келиб чиққан бир фурсатда ёзилган мақоласида тараққий сўзининг ишлатилганлигига эътибор беринг: «Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромға бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. «Ал-ажлу минаш-шайтон!» (Шошқалоқлик шайтондандур – Ҳ.С.). Бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизға тараққий қилмоғингиз мушкулдур. Балки бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз. Мен ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат қиларманким, тараққий пайдо бўлсун. Шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан. Бинобарин, ўрта ва бу қадар имкон кўпроқ киши майл қилатурғон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдур».
Энди тараққий сўзи ўрнига мухторият, мустақиллик, озодлик сўзларини қўйиб кўринг!
Олмон олимаси Ингеборг Балдауфнинг «Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда» мақоласида шундай фикр бор: «Беҳбудий ўқувчиларга (гап «Саёҳат хотиралари» асари ҳақида бораяпти–Ҳ.С.) Фаластинда яшовчи араб мусулмонларининг тақдирини намойиш этади. Баъзилар бу қиёслаш орқали Беҳбудий панисломизм ғояларини ёйишга ҳаракат қилган деб ўйлашлари мумкин. Йўқ, аксинча, Беҳбудий бунга мутлақо интилмайди, баъзи ҳолларда эса, фаластинлик мусулмонларни «кир-чирга ботган араблар» деб тасвирлаб, ҳурмат-эътиборга кўпроқ лойиқ бўлган туркистонликлар бир чеккада қолиб, империячи кучлар арабларнинг эътиборини қозонишга уринаётганидан ғайирлиги қўзиганини ҳам яширмайди. Бир диндаги кишиларнинг яқинлиги ясамадир, чинакам бирдамлик эмас; камдан-кам ҳоллардагина Беҳбудий «барча мусулмонларнинг бирлиги» тўғрисида сўз юритади. Маҳмудхўжа тушунчасидаги бирдамлик фақат унинг ўз миллатига тааллуқлидир. Миллат эса фақат диний эмас, балки диний ва маконий нуқтаи назардан таърифланиши лозим, яъни Беҳбудий «барча мусулмонларнинг бирлиги» деганда, фикримизча, биринчи навбатда, Ўрта Осиё мусулмонларининг бирдамлигини тушунган бўлса керак. Шу бирдамлик тушунчаси Беҳбудийнинг сиёсий нуқтаи назарини ҳам белгилайди».
Бир-биридан айрим ҳаракатлар
Ислом байроғи остида бирлашув ғоясини Беҳбудийнинг «Улуғ Туркистон» газетасининг 1917 йил, 12 июн сонида чоп этилган «Баёни ҳақиқат» мақоласидаги парламент хусусидаги фикрлари ҳам инкор этади: «Биз истаймизки, Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда ўз бошлариға Руссияни бир парчаси ҳисобланадурғон Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз «парламентаризм» бўлсун».
Болшевиклар ҳокимиятни қўлга киритгач, Беҳбудий «Руссияни бир парчаси бўлиш»дан воз кечди, бироқ озод Туркистонда қонунларни Миллат мажлиси чиқаришини таъкидлади: «Мухториятни Миллат мажлиси ҳар бир халқға нафъини кўзда тутуб қонун чиқарур».
Ана шу қарашнинг ўзиёқ ислом ёки турк байроғи остида ягона давлат ташкил этиш мақсади йўқлигини кўрсатади. Лекин бу қарашлар исломчилик, туркчилик ғояларини ўргангач, англагач шаклланганлигини ҳам инобатга олмоқ жоиз. Иззат Султон айнан шу хусусда, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг улуғлиги — унинг келажакни кўра билишидадир, масалан, унинг давлатни парламент асосида ташкил этиш борасидаги ғоясининг тўғрилигини бугунги авлод англаб турибди, деган эди.
Абдурауф Фитратнинг «Аруз ҳақида» рисоласида шундай фикрни ўқиймиз: «Бизда жадидизмнинг биринчи даври панисломизм байроғи остида юрди… Бора-бора панисломизм, пантуркизм, ўзбек миллатчилиги бир-биридан айрим хатти-ҳаракатлар тарзида ажралади». Фитратнинг ушбу фикри ҳам жадидчилик панисломизм ва пантуркизмга нисбатан ўзгача ҳаракат бўлганлигини англатади.
Қандай пайтда мавжуд ҳаракатларга нисбатан янгисини тузиш эҳтиёжи пайдо бўлади? Албатта, ўша ҳаракатлар дастуридаги мақсадлар, унга эришиш йўллари мос келмаганда ёки инкор этилганда!
Фикримизча, жадидчилик ҳаракати исломчилик (панисломизм), туркчилик(пантуркизм) ҳаракатлари каби мустамлакачиликка қарши кураш ғоясини ўзида мужассам этган бўлса-да, лекин миллий-озодликка эришиш йўли юқоридаги ҳаракатларга нисбатан янгичадир. Истиқлолга ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини улар жуда яхши англар эдилар. Истиқлолга эришгач эса, давлатни бошқариш ва уни идора қилиш, ишлаб чиқаришни Европа давлатларидаги даражага кўтариш, дунё мамлакатлари билан тенг муносабатлар ўрната олиш, чет тилларни билиш лозим эди. Бунинг учун эса янги мактаблар очиб, унда асосан аниқ фанларга эътиборни кучайтириш, тегишли дарсликлар ёзиш, муаллимлар тайёрлаш, ёшларни чет элларга ўқишга юбориш масалалари кун тартибига қўйилди ва бу ишларнинг аксарияти амалга оширилди. Улар очган мактаблар, ёзган дарсликлар, пиесалар, шеърлар, ривожланган давлатларда ўқиб келган ёшлар фикримизга асос бўла олади.
«Англизпараст» тамғаси қандай пайдо бўлган?
Беҳбудийга қўйилган «англизпараст» тамғасига ҳеч қандай асос йўқ. Негаки, унинг сафдоши Фитрат «Англиз ва Туркистон» мақоласида инглизларнинг жосуслари кўпайганлигини, бунинг сабабини (уларнинг асосий мақсадларини) очиб бераркан, Туркистоннинг инглизлар билан иттифоқ тузишини номаъқул йўл деб хулоса чиқаради:
«Шул суратда Туркистоннинг толеъи нимадир?
Уни туркистонликларнинг ўзлари тайин қиларлар, аммо иттифоқ ва иттиҳод этиб, бутун фикрларини бир нуқтада тўплағандан кейин!..»
Ушбу иқтибосда Туркистон жадидларининг асл мақсади яққол эътироф этилади. Туркистоннинг тақдири бошқа давлатлар томонидан эмас, ўз халқи томонидан яратилиши керак.
Бу ҳақда Беҳбудийнинг ўзига ҳам мурожаат қилишимиз мумкин. Унинг «Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат» («Ҳуррият » газетаси, 1918 йил, 26 январ) мақоласида шундай даъват бор: «… сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунун, мухторият-да олинур, лекин берилмас. Яъни, мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олур. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар».
Хўш, иттифоқ тузиш мақсад эмас экан, «англизпараст»лик тамғаси нега уларга ёпиштирилди. Бу 1919 йили Беҳбудий ва унинг ҳамроҳлари «асрорангиз суратда» (Ҳожи Муин) йўқолганлиги воқеаси билан боғлиқдир.
Атоқли олим Наим Каримовнинг аниқлашича, Беҳбудий ва ҳамроҳлари Вилсон (АҚШ президенти) билан учрашиши лозим бўлган (хабарингиз бор, Беҳбудий ва ҳамроҳлари қатл этилади). Иккинчи гуруҳ ҳақида олим Сирожиддин Аҳмад «Йўлбошчи» (Мунаввар қори Абдурашидхонов. Танланган асарлар. Т.: “Маънавият”, 2003) мақоласида ёзишича, Ориф Каримий ҳамроҳлари билан «Қашқарга йўл олди. У ерда Англия ва Япония вакилларига Бухоро, Хоразм ва Туркистон ҳукуматлари номидан ёзилган хатни топшириши тайин этилади. Аммо Олмаотага яқин жойда улар қўлга олинадилар». Ана шу муносабат билан Мунаввар қори ҳам 30 мартдан 1 декабргача ҳибсда сақланган.
Фикримизча, қудратли давлатлар раҳбарларига ёзилган бу хатларнинг мазмуни қандай бўлганидан қатъи назар, улар юртимиз озодлиги, миллат равнақи қайғусида ёзилгани аниқ. Қизил мустамлакачи наздида ушбу мактубларнинг четга чиқарилиши «жосуслик» бўлиши мумкиндир, бироқ миллат манфаати нуқтаи назаридан қараганда, бу озодликка чиқишга бўлган яна бир ҳаракатдир. Шу боис жадид боболарнинг ҳар қандай шароитда, яъни чор Россияси бўладими, Муваққат ҳукумат ёки совет тузуми бўладими, ён-атрофдаги бошқа давлатларни ҳам инкор қилмаган ҳолда, имконият топиб, ҳамкорлик асосида миллатни озодликка чиқариш ғамида бўлганликлари том маънода қаҳрамонлик эмасми!
Абадий ўрнак ва ибрат
Беҳбудий, Мунаввар қори ва уларнинг сафдошлари панисломизм, пантуркизм ҳаракатларининг Туркистондаги вакиллари бўлмаганлар. Балки, ўзлари уларга нисбатан янги — маърифат асосида озодликка эришиш ғоясини мақсад билган жадидчилик ҳаракатини яратганлар, халқ орасига ёйиб, ривожлантирганлар.
Мунаввар қори Абдурашидхонов Қуръонни ёддан билган, Махмудхўжа Беҳбудий муфтилик қилган, демак, улар шариат илмининг билимдони бўлганлар. Ана шу диндор боболар ўзлари орзу қилган озод юртда парламент — Миллат мажлисини ташкил этиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги инобатга олинган қонунлар тузиш ниятида бўлганлар, бу мақсад йўлида инсон учун энг азиз бўлган жонларини тикканлар. Улар кўрсатган ўрнак ва ибратдан четда тайёрланган айрим ғаламисларнинг бир-икки «сабоғи»ни олиб, дарҳол «халифалик давлати» тузиш «ғамига тушиб», ҳатто бу йўлда ўзларини портлатишга иштиёқманд айрим кимсалар тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўларди. Ахир бугун жадид боболаримиз орзусидаги мустақил юртда яшаяпмиз, фақат мақсад ривожлантирилган, яъни қўлга киритилган озодликни асраб-авайлаш, дунёда тенглар ичида тенг бўлиш учун тараққий этишдир.
Исломга эса ҳеч қандай монелик йўқ. Ўтган уламолар Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрори Валий, Имом Мотуридий ва бошқа азиз авлиёларимиз ёдга олиниб, руҳлари шод этилмоқда.
Улар қаторида гоҳ муаллим, гоҳида педагог, драматург, артист, журналист, муҳаррир, мутаржим, муфти, сиёсатчи, иқтисодчи, адвокат, раҳбар… қисқаси, озодлик йўлида шароит нимани тақозо этса, ўша ишни катта-кичиклигига қарамасдан, сидқидилдан бажарган жадид боболаримиз ҳам ана шундай эҳтиромга муносибдирлар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 33-сонидан олинди.