Жаббор акани Худо урди: бугун олган маошини ичиб қўйди. Аслида у яккаю ягона қизи — Заҳронинг туғилган кунига маржон шодасини сотиб олиб совға қилмоқчи эди. Афсуски, ҳаммаси чаппасига кетди.
Жаббор ака йўлак чеккасидаги ёғоч ўриндиққа беҳол чўкиб чуқур нафас олди. Теварагига маъюс, тўниб қаради.
Қуёш сўнгги шуълаларини шаҳар устидан шоша-пиша йиғиб олмоқда. Баланду паст иморатлар ҳурпайиб кўринади. Кенг йўлда машиналар серқатнов. Бекатларда йўловчилар сийрак.
Унинг кўнгли ғашланди. Тамом… ҳаммаси тамом. Энди хотинимга нима дейман… қизгинамнинг юзига қандай қарайман, деган нохуш ўйлар унинг ич-ичини аёвсиз тимдалар эди.
Жаббор ака аллақандай қўшма корхонага қарашли омборда юк ташувчи бўлиб ишлайди. Маошидан нолийдиган жойи йўқ. Гоҳ-гоҳо ҳатто мукофот пули ҳам бериб туришади. Бироқ аллақачон эллик ёшни ҳатлаб ўтган, сочлари сийраклашиб, қуюқ оқ аралашган бу ишчи топган-тутганини у ойдан бу ойга аранг етказади. Сабаби унинг ўзидай оддий: у ичкиликка ружу қўйган. Кун ора уйига гандираклаб, судралиб кириб боради. Хотини аввал-бошда уни анча жеркийди-ю, кейин ювиниб-чайинишига, ўрнига ётишига кўмаклашади. Жаббор ака хотинининг меҳрибончиликларидан жуда хижолат бўлади. Унинг кўпгина шишадош жўраларининг аёлларига ўхшаб тонг отгунча айюҳаннос солиб, қарғаниб чиқишини истайди. Жаббор ака, айниқса, қизи Заҳронинг олдида ўзини жуда ноқулай сезади, уялади. Ота бўлиб яккаю ягона фарзандининг кўнглини кераклигича овлаёлмаётганидан, кераклигича меҳр-муҳаббат кўрсата олмаётганидан ўкинади. Шундай кезлари оғзига бошқа ичкилик олмасликка ўз-ўзига сўз беради, қўлларини мушт этиб, тиш қайрайди. Бироқ, орадан уч-тўрт кун ўтмасданоқ яна уйига чайқалганича кириб келаверади.
Бугун эрталаб у ўзгача бир кайфият билан ишга отланди. Ахир қизининг туғилган куни. Заҳро роппа-роса ўн саккизга тўляпти! Унга бир яхшироқ совға қилмаса бўлмайди-ку, ахир?! Пул масаласи ҳал: бугун маош олади.
Жаббор ака ишга отлана-отлана хотинига Заҳронинг туғилган кунига маржон шодаси совға қилмоқчи эканини беихтиёр айтиб қўйди. Хотини мамнун-мамнун жилмайди. Отасининг нияти қўққис қулоғига чалинган Заҳро қувончдан ял-ял яшнади.
Бироқ…
Йўлак чеккасидаги ёғоч ўриндиқда букчайибгина ўтирган Жаббор ака чуқур тин олди. Қоп-қора, ориқ юзлари аламдан баттар қорайиб кетгандай бўлди. У соқоллари тиканакдай ўсган иякларини асабий қашлаб, бугун бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир кўз олдидан ўтказди.
Маош олгач, бошлиқларнинг кўзини шамғалат қилиб кўчага отилди. Юраги тошарди унинг. Марказдаги олдилари ойнаванд, серҳашам магазин томон жўнади. Худди шу дўконда у маржон шодасини кўрган. Анчадан бери шу ғалати матоҳдан қизига совға қилишни дилига туккан. Афсуски, бу ниятига шу пайтгача эриша олмаган. Аммо энди ҳеч бир баҳона кетмайди. Пул бор, ният бор, сабаб бор: туғилган кун…
Жаббор ака ҳовлиққанча борарди. Аммо катта чорраҳа биқинидаги ҳар бир тош-кесагигача ўзига таниш ичимликлар дўкончаси ёнидан ўтаётганида қадамлари беихтиёр секинлашди. Ахир у ерда бақалоқ сотувчи турли ичимликларга лиммо-лим ёғоч қутиларни ғайрат билан ичкарига таширди-да.
“Об-бо, зап устидан чиқибман-у”, деб юборганини Жаббор аканинг ўзи ҳам сезмай қолди. Лекин дарров сергак тортди. Қайга, не сабабдан кетаётганини эслади.
У чўнтагидаги пулларни кафтида сиққанича йўлида давом этди. “Ё, озгина ютиб олсаммикан, а… Чарчоқларим тарқарди-да…” деб ўйлади Жаббор ака негадир асабийлашиб. Ютоқди. Лекин эрталаб совға дарагидан ял-ял яшнаган қизининг чеҳраси кўз ўнгида жонланиб, яна олға юрди.
“Йўқ, бугунча ичмайман”, деб пичирлади у қўлларини мушт қилиб.
Шу пайт ичкилик дўконидан сирғалиб икки саёқ чиқди. Улар Жаббор аканинг ҳамшиша оғайниларидан эди. Дўстларини кўрдию негадир унинг кўнгли равшан тортиб кетди. Ичкиликбоз оғайниларининг кўзига кўринмай, илдам-илдам қочиб қолишнинг ўрнига, қадамларини сусайтириб, уларнинг кўзига тушиш учун атай ғимирлаб юрди.
“Дўстлардан қочиш яхшимас”, деб ўйлади у ўзини ўзи алдаб.
Ниҳоят, орқадан таниш ҳуштак янгради. Шусиз ҳам тоқати тоқ бўлиб турган Жаббор ака ялт этиб ўгирилди.
Оғайнилар етиб келишди.
— Бу дейман… Томоқлар қуриб битибди-ёв, а, — деб пихиллади ҳамшишалардан бири Жаббор акага қарата.
— Юр, биз билан, — сирли им қоқди иккинчиси.
Жаббор ака ботинмайгина минғирлади:
— Йўғ-э, ишим бор-да…
Икки ҳамшиша бараварига хохолашди:
— Ҳа, энди, — деди ароқ қўлтиқлагани, — хотиндан қўрққандан кейин қийин-да.
— Ҳеч кимдан қўрқмайман, — тўнғиллади Жаббор ака.
Кўзлари шилпиқ, тақамўйлов дўсти бетоқат депсинди:
— Юрасанми, йўқми?
Жаббор ака бир чўчиб тушди-да, беихтиёр уларга эргашди.
Шундан кейин нима бўлди, аниқ-тиниқ эслаёлмайди. Агар адашмаса, у боши сал қизигач, одатдагидай сахийлиги тутиб чўнтагидаги бор пулни ўртага ташлаган, оғайниларидан чаққонроғи шартта олиб яна дўконга югурган…
Жаббор ака титраб-қақшаб йўлак чеккасидаги ёғоч ўриндиқдан турди. Кўз олди тиниб кетди.
“Ҳозир бораман-у, ертўлага тушиб ўзимни ўзим осаман. Бундай шармандали ҳаёт нима керак? Қизгинамнинг кўзига қандай қарайман энди?” деб ўйлади Жаббор ака энтикиб.
Шу пайт кўча муюлишидан Заҳро кўринди. Афтидан, у майда-чуйда харидлар учун маҳалла дўконига чиққанди.
Жаббор ака титраб кетди. Беихтиёр дарахт панасига яширинмоқчи бўлди. Бироқ улгурмади.
— Дадажон!
Заҳронинг қўнғироқдек қувноқ овози уни йўлак ўртасига михлаб қўйди.
— Дадажон, нега кеч қолдингиз? — Заҳро отасига яқинлашиб унга хавотирланиб қаради.
Жаббор аканинг ғижим, чанг-гард юқи теккан уст-боши ҳамма воқеани сўзсиз айтиб турарди.
Заҳро жилмайиб бориб отасининг пинжига тиқилди.
— Озгина ичибсиз-а, дада… — деди у эркаланиб. — Мен учун… туғилган куним учун ичибсиз-а… Мен сизни яхши кўраман, дада…
Жаббор аканинг ўпкаси тўлиб кетди. Беихтиёр қизининг елкасидан қучиб, сочларидан ўпди. Унинг кўзларидан тошиб, ёноқларига оқаётган ёшлари, қуёшнинг кечки шуълаларида маржон шодаларидек ялтирар эди…