Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги 8 ноябрь – Ғалаба куни муносабати билан баёнот берди.
“Бугун Озарбайжон Республикаси халқимиз қудрати ва миллий ғуруримиз тантанасига айланган, давлатимизнинг обрў-эътибори ва янада ривожланиши нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга бўлган Ғалаба кунини нишонламоқда. Арманистоннинг провокациясига ва навбатдаги ҳарбий тажовузига жавобан, 2020 йил 27 сентябрда бошланган ва 44 кун давом этган ватан уруши натижасида Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилди, БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли қарорлари, шунингдек, бошқа халқаро ташкилотларнинг кўплаб қарор ва резолюциялари талабларига мувофиқ, Озарбайжоннинг халқаро чегаралар доирасида ҳудудий яхлитлиги таъминланди, бир миллионга яқин озарбайжонлик мажбурий кўчкинларнинг ўз қадрдон уйларида яшаш ҳуқуқи тикланди”, – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, 44 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида музаффар бош қўмондон, президент Илҳом Алиев раҳбарлигидаги армия Жаброил, Фузулий, Зангилан, Қубадли шаҳарларини, 300 дан ортиқ аҳоли пунктини, жумладан, Озарбайжон халқи тарихи ва маданиятида алоҳида ўрин тутадиган Шуша шаҳрини ишғолдан озод қилди. 2020 йил 10 ноябрда Озарбайжон, Россия ва Арманистон раҳбарлари томонидан имзоланган уч томонлама келишув билан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди. Можаро ҳарбий-сиёсий йўл билан ҳал қилинди.
“Урушдан кейин Озарбайжон олдида озод қилинган ҳудудларни қайта қуриш ва тиклаш, бу ҳудудларни миналардан тозалаш каби муҳим вазифа турибди. Бу саъй-ҳаракатлар ўнлаб йиллар давомида асосий ҳуқуқлари поймол этилган озарбайжонлик мажбурий кўчкинларнинг ўз уйларига хавфсиз ва муносиб тарзда қайтишини таъминлашга асосланади. Озарбайжон вақт, молиявий ва жиддий ҳаракат талаб қиладиган бу жараёнда ёлғиз эмас, озод этилган ҳудудларни тиклашда биз билан дўст ва ҳамкор давлатлар иштирок этмоқда. Келгуси йилларда биз дастлабки кўчкинларнинг ўз уйларига қайтишига гувоҳ бўламиз”, – деб ҳисоблайди ТИВ.
Таъкидланишича, қарийб 30 йилдан буён давом этган агрессия сиёсати доирасида содир этилган ноқонуний фаолият ва халқаро ҳуқуқ бузилишларида айбдорлари жавобгарликка тортилиши учун Озарбайжонга томонидан тегишли қадамлар қўйилди.
“Озарбайжон келажагини кўриш стратегиясининг асоси барқарор тинчлик, тараққиёт ва равнақни таъминлашдан иборат. Озарбайжон ўз ҳудудларини босиб олиш омилини бартараф этган ҳолда, Арманистон билан муносабатларни халқаро ҳуқуқ тамойилларига, хусусан, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, халқаро чегараларнинг дахлсизлиги тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда нормаллаштиришга тайёр. Ҳозирги босқичда минтақада келажакда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун уч томонлама баёнотларни тўлиқ амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Озарбайжон эса бу йўналишда қўйилган қадамлар Арманистон томонидан ҳамжиҳатликни кутмоқда”, – дейилади расмий Боку баёнотида.
Қайд этилишича, можаро тугаши билан Жанубий Кавказ минтақасида янги ҳақиқатлар вужудга келади ва бу ҳақиқатларни ҳамма қабул қилиши керак.
“8 ноябрь – Ғалаба куни халқаро ҳуқуқ ва адолат байрами бўлиб, Озарбайжон халқи тарихида шонли саҳифани ташкил этади. Ушбу қутлуғ кунда Озарбайжоннинг мустақиллиги, суверенитети ва яхлитлиги учун жон берган барча шаҳидларимизнинг азиз хотирасини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга оламиз”, – деб якунланади баёнот.