Инқилоб, аниқроғи ҳокимият тўнтариши… Очларга нон, йўқсилларга бошпана, деҳқонга ер ва эрк, тенглик ва тинчлик ваъда қилган инқилоб. Ҳа, ўша йўқсиллар кутган инқилоб… «Озодлик ва эрк» куйчилари томонидан хўб маромига етказиб обдон куйланган инқилоб… Улардан ўтказиб инқилобга таърифу тавсиф бериш бандасининг қўлидан келмаса керак. У туфайли инсон қадр-қиммати ва унинг ҳаётидан озодлик ҳақидаги тахминий ғоялар ва орзулар устун келган, ака укага, ота болага, жиян тоғасига ёвқараб милтиқ ўқталган давр бошланди.
Бугунги ошкоралик ва қайта қуриш шарофати, биздан унча узоқ бўлмаган бу «сирли» даврга ўзгача кўз билан қараб, қайта кўриб чиқишни талаб қиляпти. Туркистоннинг қонли ва шонли йилларини баҳолашда ва у замонда Ватаним, миллатим, халқим, эътиқодим дея от чоптирган мураккаб тақдирли, зиддиятли ўғлонлар фаолиятини, шахсини, алғов-далғов замонни, даврни ва давр руҳини баҳолашда схематизм ва замонасозликка, бирёқламачиликка муккамиздан кетганлигимизни тан олиб, у сирли даврни кайта ўрганиш ва ўргатиш замон талаби бўлиб қолди.
«Тарихимизнинг фожиали жиҳатлари тўғрисида тўла ва аччиқ ҳақиқатни билишни истамаслик ҳам, тарихий меросимиздаги чинакамига буюк ва қимматли бўлган ҳамма нарсаларни йўққа чиқариш йўлидаги уринишлар ҳам бир хилда хатарлидир». (М. С. Горбачёв). Шунинг учун ҳам ҳар бир даврнинг ўз мезони бор ва у давр тўғрисида фикр юритаётганда ана шу мезонни унутмаслик керак.
Инқилобнинг дастлабки кунлариданоқ Фарғона водийси қип-қизил аланга ичида қолди. Четдан қараган кишига Туркистон ёнаётган тўқайзорни эслатарди. Йўқсиллар қалбини иситмоқни ният қилган инқилоб олови бу юртни ҳўлу қуруғига қарамай ҳаммасининг қалбини ва кулбасини бирдай куйдираверди.
Туш пайти. Қуёш нури самони тик ёриб, буғдой ўраётган ўрус деҳқонларининг атайлаб елкасига найза бўлиб санчиларди. Жануб қуёшининг ўткир тиғи Константин Монастровга ҳам, бошоқ боғлаётган деҳқонларга ҳам бегона эмас эди. Узоқдан от чоптириб келаётган тўртта отлиқ кўринди. Улар тўғри К. Монастров қароргоҳига, аниқроғи армия штабига кириб келишди. Ва осиёликларга хос ҳурмат билан қўлини кўксига кўйиб қўйнидан аллақандай мактуб чиқариб қўмондонга узатдилар.
«Мусулмон отряди йўлбошчиси» Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғлининг «Фарғона вилояти деҳқонлар армияси»нинг қўмондони Константин Монастровга йўллаган мактуби:
Кузатишларимдан шуни англадимки, большовойлар ҳокимиятни эгаллагандан буён, уйқудаги мусулмон халқини таламоқда, мавжуд бўлган конуний солиқлардан ҳам анча кўп тўловлар беришни талаб қилмоқда, қишлоқларни талон-тарож қиляпти. Халқ очликдан қирила бошлаганида ҳам большовойлар бир сиқим ҳам дон бермаяпти. Мен қўлимга қурол олиб, большовойларга карши жанг қилишга бел боғладим…
Роппа-роса бир йилдан буён уларга қарши жанг қиляпман. Менинг мақсадим, большовойларни ҳокимиятдан ағдариш ва ҳокимиятни умумий, тенг, яширин ва тўғри овоз бериш йўли билан сайланган, халқнинг ҳақиқий вакиллари қўлига бериш. Шахсан ўзим ҳокимиятпараст эмасман, унга интилмайман ҳам, юртимда осойишталик, тинчлик бошланган заҳотиёқ ўзим севган деҳқончиликка қайтаман.
Большовойлар менинг тўғримда бор кучи билан «Мадаминбек миллатчи, у хон замонини қайта тикламоқчи» деб иғво таркатишга уринмоқда. Шуни алоҳида таькидлайманки, мен фақат ўруслар билан ҳамкорликда ишлайман ва бошқаларни ҳам шунга чақираман. Ўруслар ва мусулмонлар оға-инилардир, улар бир-бирига ёрдам бериб дўстона яшашлари керак.
Шунинг учун ўрнатиладиган тартибда, ҳамма қишлоқларда мактаб ташкил қилинишига алоҳида эътибор бериш керак. Ерли халқ фарзандлари мактабни тугатиб, олий ўқув юртларида, жумладан ҳарбий билим юртида ўқишни давом эттирадиган бўлиши лозим.
Фарғона деҳқонлар армиясининг 1919 йили 22 августда Армия Ҳарбий Кенгаши томонидан қабул қилинган ва мазкур кенгаш протоколида қайд этилган бандларнинг қолган қисмига қўшиламан.
Мусулмон армиясининг қўмондони
Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли
27 август 1919 йил. Наманган»[1].
Биз Фарғона деҳқонлари армияси ва уларнинг қўзғолони тўғрисида, Мадаминбек ва унинг армияси, уларнинг мақсади ёхуд жанг ҳаракатларининг қандай кечганлиги тўғрисида жуда оз нарсаларни биламиз. Чунки бу қўзғолон тарих дарсликлари ва қомусномаларда қулоқлар исёни деб юритилган бўлса, Мадаминбек ва унинг ҳаракатлари, умуман ўлкадаги ҳаракат босмачилик, бандитлар ҳаракати деб қайд этилган. Аслида Фарғонадаги «қулоқ»лар, Мадаминбек ва мадаминбекчилар янги ҳокимиятдан нега норози бўлган? Уларнинг максади нима экан? Мадаминбек ким эди?
Инқилобнинг дастлабки кунлариданоқ Шўролар сиёсатининг туғи «ким биз билан бўлмаса у бизга душман» шиори остида баланд кўтарилди. Сталинизм эса бу сиёсатни мустаҳкамлади ва ҳаётга чуқурроқ тадбиқ этди. Биз бу машъум сиёсатнинг қурбони бўлган шоиру ёзувчилар ва давлат раҳбарлари номларини жуда яхши биламиз. Боғдорчилик, чорвачилик, деҳқончилик илмининг усталарини-чи? Анъанавий шарқона ҳарб илмининг билимдонларини-чи?
Ана шундай саркардалардан бири Мадаминбек эди. У 1889 йили Фарғонада ўкимишли савдогар оиласида дунёга келди. Ёшлигиданоқ она ерга, деҳқончиликка меҳр кўйди. Шундай бўлса-да, ота касби савдогарчиликни ҳам ерда қолдирмади. Тирикчилик важидан шаҳарма-шаҳар кезиб юриши ёш Мадаминни тезда улғайтириб кўйди. Тижорат ишларини ўрганиш мақсадида отасига эргашиб юрт кезди, эл кўрди, бозор-ўчару фойда-зиённинг оқ-қорасини ажратадиган бўлди. Инқилобгача мавжуд бўлган савдогарлар тоифаси ўз замонасининг илғор фикрли, ўқимишли уддабурон кишилари саналарди. Улар шаҳарма-шаҳар, юртма-юрт кезиб фақатгина молу дунё эмас, балки маданият ва янгиликлар ҳам таширди. Савдогар ҳаётининг ўзи ўқимишлиликни, узоқни кўра оладиган бўлишликни талаб қиларди. Мадамин замонасининг маърифатли оиласида тарбия толди. У юрт кезганида тенгсизлик ва адолатсизликларни, озод элларни ва эзилаётган халқларни, мустамлака ва мустамлакачи бўлган давлатларни, улар ўртасидаги тафовутни ўз кўзи билан кўрди. Ватани Туркистоннинг қолоқлиги сабабларини излади. Қолоқликдан қутулиш учун Ватан озод бўмоғи керак, озод бўлмоқ учун унинг ягона чораси қўлга қурол олиб курашмоқ кераклигини англаб етди. Жаҳон уруши арафасида мустамлакачи Оқ подшо ҳукуматидан норози бўлиб, ёнига ўзига ўхшаган йигитларни тўплаб унга қарши бош кўтарди. Николай Иккинчининг Туркистондаги маъмурлари исёнкор Мадаминни 14 йиллик Сибир сургуни билан «сийлади».
Ўн еттинчи йилнинг феврал инқилоби ғалабасидан сўнг минглаб сиёсий маҳбуслар қатори Мадамин ҳам юртига қайтиб келди. У юртига қайтиб келганида Ватанида «инқилоб тонги» отган, инқилобни сақлаб қолиш учун қонли жанглар авж олган, халқ эса хонавайрон бўлган эди. У инқилоб берган ваъдаларга ишонди ва уни ҳимоя қилиш учун Эски Марғилон шаҳри миршабларига сардорлик қилди. Агар Мадаминбек, ҳозирги тарих дарсликларида ёзилганидек хотинини ўлдиргани учун бадарға қилинганида, ўша давр қонунига мувофиқ 14 йилга ҳукм қилинмасди ва сиёсий маҳбус сифатида бандиликдан озод этилмасди ҳам.
Шўровийлар томонидан йўл қўйилган адолатсизликлар, инқилобчилар амалга ошираётган зўравонликлар туфайли, нафақат хонлик, амирлик, Оқ подшо замонида пичоғи ёғ устида бўлган бой ва бойваччаларгина эмас, балки бир бурда нонга зор бўлган фақирлар ҳам ҳеч кандай ташвиқотсиз хорижга жўнаб кетаётганди. Чунки тирик қолишнинг ягона йўли — аждодлар хоки қўйилган, киндик қони томган Ватанни тарк этиш, ёки биз ҳозирда босмачилар деб атаётган тўдаларга қўшилиб, Ватан, эътиқод, миллат, озодлик дея қуролли инқилобчиларга қарши қурол кўтариш эди. Чунки шўровийлар зўравонларча куракка милтиқ тираб «Яша Шўро» деб қичқиришга ундарди. Мадаминбек эса бу воқеаларга бефарқ қараб туролмасди. «Қўқонга хон бўлиш» учун эмас, юртида тинчлик ўрнатиш учун қўлига яроғ тутди. Ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси уни шунга ундарди. У шундай қилди, эл эса унга ишонгани учун ортидан эргашди.
Энди Фарғона деҳқонлар армияси тўғрисидаги айрим далилларга тўхталиб ўтсак. Фарғона вилоятида инқилоб арафасида Русиё марказидан кўчириб келтирилган 40 мингга якин ўрус деҳқонлари истиқомат қиларди. Вилоятдаги ўрус аҳолисининг 45 фоизини деҳқонлар ташкил этиб, посёлкаларда яшаб қишлоқ хўжалиги билан шуғулланарди. Улар Андижон уездининг Жалолобод районида Николайевский, Благовешенский, Спасский, Ўш уездида Рождественский, Покровский, Наманганда Успенский деб аталадиган рус посёлкаларини бунёд этдилар.
Инқилобий тўнтаришнинг дастлабки кунлариданоқ Шўролар томонидан йўл қўйилган жиддий хатолар (аслида жиноятлар) эвазига Эргаш, Холхўжа, Кўршермат (Шермуҳаммадқул), Муҳиддин бошлиқ мусулмонлардан иборат тўдаларнинг қаршилиги кучайди. Улар орасида талончи фанатик «мусулмонлар» ҳам анчагина бўлиб, юқорида санаб ўтилган рус посёлкаларига тез-тез ҳужум қилиб турарди. 1918 йилнинг ноябрида Холхўжа йигитлари Никольский ва Ивановский посёлкаларига ҳужум килиб, 14 кишини ўлдирди ва посёлкани вайрон этди.
Натижада рус посёлкаларини ҳимоя қилиш учун Шўролар деҳқонларга «ўз-ўзини ҳимоя қилиш» мақсадида қурол тарқатдилар. Қуролланган деҳқонлар марказлаштирилди ва кейинчалик Фарғона деҳқонлари армиясига асос бўлди. Айрим манбаларда Халқ армияси деб юритилса, айримларида қулоқлар армияси деб ҳам юритилади. Умумий сони 4 минг атрофида бўлган рус деҳқонлари 4 та полкка бўлинган эди. Армия қўмондони этиб Константин Монастров сайланди. Деҳқонлар нафақат ўзларини ҳимоя қилиб колмай, кизил армиячилар билан ҳамкорликда босмачи тўдаларига қарши кураш олиб борди.
Қизил армиячилар билан қишлоқларда талон-тарожликка йўл қўйишда ҳам, гуноҳсиз кишиларга азоб беришда ҳам қатнашдилар. Ўз кўрсатмаларининг бирида Деҳқонлар армиясининг қўмондони Константин Монастров қуйидагиларни ёзиб қолдирганди.
«Деҳқонлар қизилармиячилар билан биргаликда ҳарбий ҳаракатларда қатнашиб, улардан безориликни ўрганмоқдалар. Улар қанча бирга бўлишса, шунча талон-тарожлик ва ваҳшийликларга кўникиб боряптилар. Деҳқонлар раҳм-шафқатсиз бўлиб қолди. Улар хулқининг бузилишига Қизил армияда ҳукм сураётган тартибсизликлар сабабчидир. Деҳқонларда ўз «устозлари»га нисбатан қалбининг тўрида нафрат учқунлари пайдо бўла бошлади»[2].
Шўролар ҳукуматининг иктисодиёт жабҳасида олиб борган сиёсати, жумладан, хусусий савдонинг тақиқланиши (бошқасининг ўзи йўқ эди), ҳукуматнинг нон ва дон маҳсулотлари устидан якка ҳукмронлик ўрнатганлиги ва эътикоднинг оёқости этилиши ва яна қатор сабаблар деҳқонларнинг Шўролар ҳукуматига қарши бош кўтаришига сабаб бўлди.
Мадаминбек эса ўз сиёсий фаолиятининг бошиданоқ нафақат аҳолини, балки, босмачи тўдаларини ҳам маълум тартиботга бўйсундиришга ҳаракат килди. Мадаминбек рус деҳқонлари билан тил топишишга, улар билан иттифоқчи бўлишга интилди. У ўз гуруҳининг талончи эмаслигини рус деҳқонлари орасида ҳам ташвиқот қилди. Рус деҳқонлари армиясининг қўмондони Мадаминбек фаолиятини кузатиб борди. Ва у ҳақда қуйидагича фикр билдирган эди. «Уч ойдан буён босмачиларга қарши курашиб, шу нарсага амин бўлдимки, Мадаминбек отряди моҳиятига кўра қароқчи ҳам, талончи ҳам эмас. У маълум бир тартибот ўрнатиш тарафдори. У аҳолига берган ваъдалари устидан чиқяпти. Рус деҳқонлари ҳам Мадаминбекка ўз халоскори сифатида хайрихоҳлик билдирмоқда. Унинг отряди рус посёлкаларини талончи, ваҳший Холхўжанинг чангалидан сақлаб қолди. Ҳозирда деҳқонлар қуйидагича мулоҳаза юритяпти. «Мана тўрт ойдирки биз босмачиларга қарши кураш олиб боряпмиз. Улар бизга нима ёмонлик қилди (мадаминбекчилар назарда тутиляпти — Ш.Д.). Ёмонлик қиладиганга ўхшамайди ҳам. Шўро ҳукумати, Қизил армиячилар-чи? Уларнинг ўзи тартибсиз солиқлари билан хўжалигимизни вайрон килиб юборяпти-ку?
Бас, шундай экан, босмачилар билан мазмунсиз курашни тўхтатишимиз керак. Аксинча, улар билан биргаликда Шўролар ҳокимиятига қарши курашмоғимиз даркор»[3].
Шундай қилиб, большовойлар сиёсатидан норози бўлган рус деҳқонлари Мадаминбек отряди билан бирлашишга интилди. Айни вақтда Мадаминбек ҳам улар билан иттифоқчи бўлиш ёки қўшилиш йўлларини қидираётганди. Шу мақсадда қўмондон К. Монастров Мадаминбек билан учрашишга шошилди. Иккала томон вакиллари 1919 йилнинг 20 июнида учрашди ва фикри бир жойдан чиқса ҳам битим имзоланмай қолди. Бу вақтга келиб деҳқонлар армиясининг умумий сони 4 минг атрофида бўлиб Фарғона вилоятидаги биродаркушлик урушининг боришига жиддий таьсир кўрсатиши аниқ эди. Деҳқонлар қўзғолон кўтармоқчи бўлса-да, кўзғолон кўтарилмади. Бир томондан Мадаминбек билан бир битимга келиша олмаганлиги, иккинчи томондан июл ойи қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йиғиб-териб олиш мавсуми бўлганлиги учун кўзғолон бироз орқага сурилди.
Бу вақт оралиғида Мадаминбек К. Монастров билан бир неча бор учрашди. Деҳқонлар армиясининг Ҳарбий Кенгашида Мадаминбек гуруҳига муносабат масаласи алоҳида кўриб чиқилди. Ва бир неча кунлик музокаралардан сўнг улар ўртасида қўшилиш шартлари имзоланди.
«ШАРТНОМА
Мусулмон армиясининг қўмондони Мадаминбек Аҳмадбек ўғли билан Фарғона Деҳқонлар армиясининг келишув шартлари:
1919 йилнинг 1 сентябрида Деҳқонлар армиясининг қўмондони К. Монастров ва Мусулмон армиясининг қўмондони Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли Ҳарбий Кенгаш ва Штаб аъзолари билан келишилган ҳолда мазкур шартномага имзо чекамиз:
1. 1919 йилнинг 22-25 августида бўлиб ўтган Фарғона деҳқонлар армиясининг Ҳарбий Кенгаши протоколида қайд этилган ва Мусулмонлар армиясининг қўмондони Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғлининг 1919 йил 27 августдаги қўмондон Константин Монастров номига битилган мактубида баён этилган сиёсий платформасини ҳар томонлама, жумладан, қуролли куч билан қўллаб-қувватлаш;
2. Мен, Мадаминбек Аҳмадбек ўғли Фарғона деҳқонлари армияси билан келишилган ҳолда ҳаракат килишга, зарур бўлганда Штаб кўрсатмаларига бўйсунишга ва йигитларимни учдан бир қисмини қўмондон Константин Монастров ихтиёрига жўнатишга розилик билдираман;
3. Ҳарбий қурол-аслаҳа ва ўлжаларни тақсимлаш учун, пул, зарурий хўжалик ва озиқ-овқат муаммоларини ҳал этиш учун Фарғона деҳқонлар армияси ва мусулмон отрядлари томонидан тенг сонли доимий комиссия тайинлаш тарафдориман!»[4]
Иккала томон ҳам сентябр ойининг ўрталаригача, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб-териб олгунга кадар ҳукуматга қарши уруш ҳаракатларидан ўзини тийиб туришга келишиб олишди. Ўз навбатида визилармиячилар деҳвонларни вуролсизлантиришга уриниб кўрди. Лекин уриниш муваффавиятсиз чиқди.
Деҳвонлар армиясининг Ҳарбий Кенгашида Шўролар ҳукуматига ва Мадаминбек армиясига муносабат масаласида анчагина мунозаралар бўлди. Узов давом этган тортишувлардан сўнг Ҳарбий Кенгаш вуйидаги мазмунда карор қабул қилди:
«Фарғона деҳвонлар армияси Ҳарбий Кенгаши шуни билдирадики, ҳозирги ҳокимиятни увувсиз, қаллоб ва ёлғончи шахслар бошқаряпти деб ҳисоблайди. Чунки улар мамлакатни бутунлай ҳалокат ёқасига олиб бориб қўйди. Халқ қашшоқлашмоқда, ҳукмрон партия вакиллари атайлаб зўравонлик сиёсатини олиб бормоқда. Юқори лавозимларни халқ сайламаган шахслар эгаллаб олган. Шаҳарликлар ва ишчилар эркин меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум қилинган, оч-наҳор яшашга маҳкум этилган, ҳукумат қўлини меҳнаткаш деҳқонларга ҳам чўзмоқда. Бизни қуролсизлантириб оғир меҳнатимиз эвазига етиштирган нонимизни арзон баҳода тортиб олмоқчи. Деҳқонларни деҳқончиликдан узиб, сиёсий фронтдаги биродаркушлик урушига тортмоқда. Ҳукумат, меҳнаткаш халқ манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қилаётган, армиямиз томонидан сайланган Ҳарбий Кенгаш ва Армия Штабини ўзбошимчалик билан қамоққа олишга уриниб кўрмоқда. Қуролларни эса фақат кам сонли коммунистларга беришни талаб қиляпти. Меҳнаткаш халқ устидан бундай зўравонлик қилишга йўл қўйиб бўлмайди.
Биз меҳнаткаш деҳқонлар ҳукуматдан қуйидаги талабларимиз бажарилишини талаб қиламиз.
1. Туркистон жумҳурияти маъмурий органлари, яъни Шўролар Ижроқўм ва Қўмиталардаги ва бошка органлардаги мансабдор шахсларни ҳукуматдан четлаштириш ва умумий, тенг, тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан ерли мусулмонларга ўринларнинг тенг ярмини берган ҳолда қайта сайлов ўтказиш.
2. Фуқароларнинг ҳаммасига меҳнат қилиш, эркин кўчиш ва савдо-сотиқ қилиш ҳуқуқини ва бошқа фуқаролик эркинликлари беришни, партияли ва партиясизларга бир хил муносабатда бўлишни;
3. Эркин умумтаълим мактабларини очишни, сўз ва матбуот эркинликлари берилишини;
4. Зудлик билан шахс эркинлиги, диний эътиқод ва виждон эркинлиги устидан зўравонлик қилувчи ҳамма органларни, муассасалардаги комиссарликни, аксилинқилобчиларга қарши курашувчи деб аталадиган «Фавқулодда комиссияларни «особий отдель»ларни тарқатиб юборишни;
5. Инқилобий Трибуналга бўйсунмайдиган ва унинг олдида жавоб бермайдиган мустақил Халқ Судини яратишни;
6. Нон ва дон маҳсулотлари устидан ўрнатилган давлат монополиясини бекор қилишни;
7. Сиёсий фронт жангларидан зудлик билан деҳқонларни ўз районларига, деҳқончиликка қайтаришни;
8. Туркистонда сақланаётган ҳарбий асирларни (биринчи жаҳон урушининг 42 мингдан ортиқ ҳарбий асири Туркистонда эди[5]) ватанига қайтаришни, қуролларни эса Жалолободдаги деҳқонлар армияси штабига топширишни талаб қиламиз. Эркин деҳқонларнинг талаб ва ҳуқуқларини зарурият туғилса қурол кучи билан ҳимоя қиламиз»[6].
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, Оврўпадан кўчириб келтирилган деҳқонлар ва мадаминбекчилар талабномаларида баён этилган фикрлар ҳар қандай зўравонликсиз ҳуқуқий давлат тузиш талаби экан. Биз бу талабларнинг асл моҳиятини етмиш йилдан буён халқдан яширдик ва қулоқлар, буржуйлар талаби деб тушунтириб келдик. Социал қатламларни дўст ва душман синфларга ажратдик. Улар ўртасига Чин деворини тикладик ва бирини бирига гиж-гижлаб отани болага, акани сингилга душман қилиб қўйдик. Оқибатда минглаб кишилар киндик қони томган Ватан тупроғини тарк этишга мажбур бўлди. Оғайнилар бир-бирининг қонини тўкди ва тўкмоқда. Буюк ўрус файласуфи Николай Бердяев ўша воқеаларни ўз кўзи билан кўриб қуйидагиларни ёзиб қолдирган экан. «Аҳолисининг миллий белгиларига караб камситишнигина эмас, балки қайси синфга мансублигига қараб камситилишини ҳам геноцид деб аташ лозим».
Етмиш йиллик тарихимизни кузатсак, бу хулоса ҳақга ўхшайди. Мадаминбекчилар ва деҳқонлар армияси талабларининг асосий қисми бугунги кунда бизнинг талабимиз бўлиб янграмоқда. Юқорида қайд этилган талаблар инқилобнинг дастлабки йилларидаёқ ижобий ҳал этилганида, ҳаётнинг кейинги оқими шу йўналишда кетганида биз бугунга келиб, етмиш йилдан сўнг қайта қуриб ўтирмасмидик. Дарсликларимизда қулоқлар армияси ва босмачилар деб юритилган гуруҳларнинг Туркистон халкига мурожаатномаси ва ноласини ўқиб кўрайлик.
«Фарғона деҳқонлар армияси Ҳарбий Кенгашининг Туркистон халқларига
МУРОЖААТИ
Инқилобга қадар деҳқонлар ҳимоясиз, ҳуқуқсиз қатлам эди ва ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда. Биз фуқаролик ҳуқуқларимизни, озодликни қўлимизга қурол олиб ҳимоя қиламиз. Бизнинг исёнимиз конституцияга қарши исён эмас, биз ўз инсоний ҳуқуқларимизни, озод яшаш ҳуқуқимизни ва бутунлай поймол бўлган мусулмонлар ҳуқуқини биргаликда ҳимоя қиламиз.
Халқ сайламасдан ҳокимият тепасига чиқиб олган номаълум шахсларни ҳокимиятдан четлаштиришни, конституция бўйича сайлов ўтказишни, Советлардаги ўринларнинг тенг ярмини мусулмонларга берилишини талаб қиламиз. Деҳқонлар (кўчиб келган деҳқонлар назарда тутилаяпти) ва мусулмонлар ҳалигача бирор марта сайлов ҳуқуқидан фойдалангани йўқ. Уларга йиғилиш ўтказиш тақиқланган. Мусулмонларга Николай замонидаги волостьной хўжайинлик қилмоқда, уезд, вилоят ва ўлка Шўроларида бизнинг манфаатимизни ҳимоя қиладиган бирорта ноибимиз йўқ. …Нега биз тавсия этган вакиллар қувиб юборилиб ўрнига фақат фирқалар қўйилади?
Русиё ҳукумати Туркистон ҳукуматига, ҳамма сайловда тенг иштирок этсин деб буюради, маҳаллий ҳокимият эса буни халқдан яширмоқда. Мусулмонлар Туркистон аҳолисининг 95 фоизини ташкил этса, ҳукуматда бирорта ҳам вакили йўқ. …Ҳозирги ҳукумат халк талабини ҳам, Ленин декретларини ҳам назар писанд килмаяпти. Улар фақат ҳокимиятдан ажралиб қолишдан қўрқади ва ўзларини халқ сайлаган деб ҳисоблайди. Кимлар қачон сайланганини ҳеч ким билмайди, халқ олдида жавоб беришни хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳамма фуқароларга яшаш жойини танлаш, эркин меҳнат килиш ва шахсий озодлик берилишини талаб қиламиз.
Бизнинг эркин меҳнат қилишимизга умуман имконият йўқ. Давлат нонимиз устидан монополия ўрнатса, маҳсулотларимизни текинга тортиб олаверса, қандай қилиб дон экамиз. Бундай таланишлардан сўнг келаси йили ҳар қанақа аҳмоқ ҳам дон экмайди-ку?
Темир йўлдан мандат билан фақат фирқа аъзолари фойдаланмоқда, бизларнинг эса пиёда юришимизга тўғри келяпти. Сўз ва матбуотга эркинлик берилсин! Йўқолсин охранка бўлимлари! Охранка ва айғоқчилар подшо замонида бўларди! Ҳур мамлакатда уларга ўрин йўқ!
Халқ судлари ташкил этилсин ва ундаги ўринларнинг ҳаммасини коммунистлар эгаллаб олишига йўл қўйилмасин.
Ҳамма фуқароларга талабномаларимизни ўқиб эшиттиришни талаб қиламиз. Нега бизнинг талабларимиз қабул қилинмаяпти, аксинча, аксилинқилобчилар чиқиши деб баҳоланяпти. Конституцияга мувофиқ фирқалар эга бўлган ҳуқуқга бизлар ҳам эгамиз. Лекин бизга уни фирқалар раво кўрмаяпти. Ревкомлар, группалар ва яна ҳар хил комкомларнинг айтишларича, улар биродаркушлик урушини хоҳламаётган эмиш. Ундай бўлса эркин меҳнат килиш ва фуқаролик ҳуқуқимизни берсин, қанча дон керак бўлса етиштирамиз. Қуруқ сўзда эмас, амалда, Исо пайғамбар айтганидек, оға-ини бўлайлик. Шўролар ҳукумати деҳқонларни қуролсизлантирмайди, донларингни тортиб олмайди, жангу жадалга сафарбар қилмайди деб алдашдан нима фойда?
…Айрим деҳқонларни қуролсизлантириб авахтага ташладилар. Дон топширмаганлар трибуналга топшириляпти, трибуналнинг оқибати қандай тугаши бизга маълум. Деҳқонларни фронтга олиб кетмоқдалар, ерини, иш ҳайвонларини тортиб олмоқдалар, боғини пайҳон этиб, молу мулкини талон-тарож қилмоқдалар. Турк ЦИК ахборотномасидан 35-сони ёки фронтдаги деҳқон оиласининг оч қолганлиги тўғрисидаги ўша газетанинг 57-сонидан «Сафарбар этилганларга ёрдам» номли мақолани ўқиб кўришингиз мумкин.
… Биз конституцияга мувофиқ сайланган ҳукуматга қарши бормаймиз аксинча уни ҳимоя қиламиз. Талабларимиз ревкомларда, охранкаларда муҳокама этилсин ва ким ҳақу ким ноҳақ эканлиги аниқлансин. Агар адолат биз томонда бўлса, бизга қўшилинглар ва талабларимизни очиқчасига қўллаб қувватланглар.
… Ҳозирги ҳокимият ишчи-деҳқон ҳокимияти деб аталади, агар шундай бўлса ҳокимият нега охранка ва айғоқчиларга суянади. Россия Республикасида (РСФСР назарда тутиляпти) ишчи деҳқонлар 85 фоизни ташкил этади. Биз уларни ҳокимиятдаги ўрнини кўрмаяпмиз-ку»?
Халқ армияси»[7]
Ҳа, орадан етмиш йилдан ортиқ вақт ўтибдики, биз ҳам уларнинг (ишчи-деҳқонларнинг) ҳокимиятдаги ўрнини кўрмаяпмиз. Тўғри, Олий Кенгашларнинг фахрли ўринларида савлат тўкиб ўтирганини кўрамиз-у, ҳокимиятни бошқарувдаги ролини кўрмаяпмиз десам тўғрироқ бўларди.
Келинг яхшиси, 1919 йилнинг охири — 20-йилнинг бошларида Фарғона водийсидаги қонли воқеаларга Мадаминбек армиясининг муносабати ва улар тақдири билан боғлиқ уруш ҳаракатларига оид айрим ҳужжатларни биргаликда кўздан кечирсак.
Мавжуд ҳокимият бошқарувидан норози бўлган ўрус деҳқонлари ва Мадаминбек бошлиқ мусулмон армиясининг қўшилиши Фарғона водийсида Шўролар ҳокимиятини ағдариш учун реал куч бўлиб қолди. Бу байналмилалчи армия 8 сентябрда Ўш шаҳрини эгаллади. Минтақада сиёсий вазият мадаминбекчилар фойдасига кескин ўзгарди. Бутун-бутун отрядлар улар сафига кўшила бошлади. Қуйида, Помир тоғи сарҳадларини ҳимоя қилувчи тоғ отрядининг мажлис аҳдномасидан бир лавҳа келтирамиз.
«Помир тоғи ҳарбий чегара районининг Гулчи кўнгилли отрядининг умумий йиғилиши протоколидан:
Ўш район ҳарбий қисмлари командири Плотниковнинг деҳқонлар армияси ва мадаминбекчиларнинг ҳарбий ҳаракатлари ва минтақадаги сўнгги воқеалар тўғрисидаги хабарлари тингланди.
Қарор қабул қилинди: ўшлик ўртоқларнинг биродаркушлик урушини тугатиши ва халққа сиёсий дунёқарашидан, диний эътиқодидан қатъи назар ҳақиқий виждон эркинлиги, матбуот ва сўз эркинлиги, шахс ва фуқаролик эркинлиги берилсин деган талабни тўла маъқуллаймиз. Ва мазкур принципларни ҳаётга татбиқ этиш учун улар сафига қўшиламиз.
Ўш район ҳарбий қисмларининг қўмондони ўртоқ Монастров буйруғига мувофиқ ҳаракатдаги Гулчи отряди командири ва қалъа комендантини қайта сайлаш.
Қарор қабул қилинди: Ҳаракатдаги Гулчи отрядининг командири этиб Г. Жуков, қалъа комендантлигига ўртоқ Зиновьев сайланди. Таклифлар: Ўртоқ Юренберг, Плотниковга ва унинг коллегиясига биродаркушлик урушини тўхтатишга қўшаётган хизматлари учун чин юракдан миннатдорчилик билдирамиз. Қарор қабул килинди: бир овоздан.
Мажлис раиси Г. Жуков.
Секретари Науменко 9-сентябр 1919 йил Гулчи[8].
(Ўш уезди)
«1919 йилнинг 15 сентябрида Эски Марғилон шаҳрида босмачи гуруҳларининг бошлиқлари Мадаминбек, Кўршермат (Шермуҳаммадқул)[9], Холхўжа, Эргаш[10] ва бошка қўрбошилар иштирокида йиғин бўлиб ўтди. Уларнинг мақсади биргаликда ҳаракат қилиб, биринчи навбатда йирик шаҳарларни қўлга киритиш эди»[11]. Бу йиғинда Мадаминбек ўзбошимча, тарқоқ ҳаракат қилаётган қўрбошиларни бошини қовуштиришга, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундайди. Қўрбошилар Мадаминбекни «Ислом лашкарининг бошлиғи» эканлигини тан олса-да, амалда ўз билганларича иш тутавердилар.
Мадаминбекчилар ва деҳқонлар армияси 1919 йилнинг 18 сентябрида Андижон шаҳрини қамал қилди. Қўзғолон отрядлар белгилаган муддатдан эртароқ бошланиб кетди. Чунки ҳали далада йиғим-терим ишлари тугалланмаган эди. Мана шунинг ўзи ҳам меҳнаткаш халқни сабр косаси тўлганлигини исботлаб турибди. Иттифоқчи (бирлашган) қўшинлар катта куч бўлса-да марказлаштирилган уруш олиб боришдан йироқ эди. Қўзғолончилар ҳадеганда командири буйруғига бўйсунмасди ҳам. Қўзғолончиларнинг бир қисми қамални давом эттирмай даладаги ҳосилни йиғиб олиш учун уй-уйларига тарқаб кетди. Замонавий қуролланган қизилармиячилар қўзғолончиларга нисбатан ҳарбий жиҳатдан устун эди. Бунинг устига улар сафига 1919 йилнинг 22 сентябридаёқ Андижонга М. С. Соколов бошлиқ Қозон полки қўшинлари, М. С. Сафонов отряди ва Э. Ф. Кужело бошлиқ жанговар группалар ёрдамга келди. Фақатгина Э. Ф. Кужело ихтиёрида 4,5 мингдан ортиқ аскар, 12 та замбарак, 3 та бомбамёт, 57 та пулемёт бор эди. Вилоятдаги қизилармиячиларнинг асосий қисми 2-ўқчи дивизияга бирлаштирилиб, унга Н. А. Верёвкин-Рохалский қўмондонлик қилди. Улар сафида 12,5 мингдан ортиқ қуролли инқилобчилар бор эди. Улкан армия олдида Мадаминбекчилар ва деҳқонлар армияси танг аҳволга тушиб қолди ва чекинишга мажбур бўлди. Улар 26 сентябрда Ўш шаҳрини, 30 сентябрда Жалолобод шаҳрини қизилармиячиларга топширди. Мағлуб бўлган деҳқонлар армияси тарқалиб кетди. Бир қисми Мадаминбек лашкари сафига келиб қўшилди.
Қисқа вақт ичида Мадаминбек катта лашкар йўқотса-да, армиясини сақлаб қолди. Мадаминбек 1919 йилнинг 22 октябрида Хитой билан чегара район ҳисобланмиш Эркештомда «Вақтли мухтор Фарғона ҳукумати»ни тузди. Унинг бу уринишидан ҳам бир наф чиқмади. «Ўн тўққизинчи йил Октябр ойининг охирларида Ойим қишлоғида Мадаминбек Фарғона водийсида ҳаракат қилаётган қўрбошиларни марказлаштириш ва ягона улкан мусулмон армиясини тузиш учун учинчи марта қўрбошиларни бир жойга йиғишга муваффақ бўлди»[12].
Улар ягона армияга амалда бирлашолмадилар ва Фарғона водийси бўйлаб тарқоқ ҳаракат қилавердилар. «Қўқон ва Хўжанд уездида Эргаш, Раҳмонқул, Исломқул, Эшматбой, Наманганда Омонполвон, Марғилон ва Фарғона шаҳри оралиғида Кўршермат (Шермуҳаммадқул)нинг йирик гуруҳи, Ўзганда Холхўжа, Ўшда Муҳиддин, Андижон ва Асака оралиғида Мадаминбек ва унга бўйсунувчи Исроил, Парпи, Аҳмадполвон йигитлари ҳаракат қиларди»[13].
Биз босмачи тўдалари деб атаётган гуруҳларнинг ҳаммаси ҳар хил кайфиятда бўлиб, турлича ҳаракат қиларди. Энг йирик гуруҳ ҳисобланмиш Мадаминбек гуруҳи халқни таламасликни тарғиб килса, Эргаш бошлик тўда бунинг аксини қиларди. У Бувайда аҳолисига: «Икки кун ичида менинг йигитларим учун 15 миллион сўм, 200 та қўй, 50 қоп гуруч йиғиб бермасанглар, ёшу қариларингга қарамай ҳаммангни бўғизлайман»[14] деб талабнома қўйди.
Мадаминбек лашкарида турли миллат вакиллари бор эди. Андижон учун бўлган жангдаги мағлубиятдан сўнг ўрус деҳқонлари армиясининг катта қисми Мадаминбек лашкари сафидан жой олди. Байналмилалчи улкан армия яна жанговарлик қобилиятини тиклай бошлади. 1919 йил декабр ойининг бошларида Афғон делегацияси Мадаминбек ҳузурига ташриф буюради. Делегациянинг ташрифи мусулмонлар ва насронийлар орасидаги дўстона муносабатларнинг дарз кетишига туртки бўлди. Чунки делегациянинг мақсадини турлича талқин қилдилар. Улуғ давлатчилик шовинизми таъсирида улғайган ўрус деҳқонининг кайфияти ҳам ўзгача эди. Тағин қизилармиячиларнинг хуфёна ташвиқотию хуфёна айғоқчиларининг жонбозликларини айтмайсизми? Бунинг устига мусулмон лашкаридаги кичик тўда бошлиқлари Холхўжа, Йўлчи, Раҳмонқул бошлиқ гуруҳлар бекнинг буйруғини доимо бажаравермасди. Улар бошлиқ гуруҳлар насронийларга ола кўз билан қарарди. Бу ҳолатлар армиядаги бирликка, муштаракликка катта зарар етказарди.
«1920 йилнинг 31 январида Маҳкамхўжа ва Акбарали 800 та йигити билан Мадаминбек бошлик мусулмон армияси лашкарига қўшилди. Йигитларнинг 600 таси милтиқ билан қуролланган эди. Шу йилнинг 2 февралида Парпи кўрбоши 300 та ибтидоий қуролланган йигити билан Мадаминбек ихтиёрига келди[15]. Шундай бўлса ҳам 1920 йилнинг баҳорига келиб Фарғона водийсида сиёсий вазият қизилармиячилар фойдасига кескин ўзгарди. Мадаминбекчилар сафи ерли халқ томонидан тўлдирилиб ва бошқа зарурий ашёлар билан таъминланиб турилишига қарамасдан кетма-кет мағлубиятга учрай бошлади.
Биз юқорида мағлубиятлар сабабларига қисман йўл-йўлакай тўхталиб ўтдик. Яна бир ҳолатга диққатингизни жалб қилмоқчиман. Босмачилик ҳаракатининг мағлубиятга учрашининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлса ажаб эмас. Негадир бунга тарихчиларимиз эътиборсиз қарашади ёки атайин четлаб ўтади. Бу ҳам бўлса марказдан алоҳида топшириқ олиб келган қуролли инқилобчилар ва уларнинг Туркистонда инқилобни амалга оширишдаги оламшумул ролидир. Улар хизматини тан олмаслик ёки «қаҳрамонлик»ларидан кўз юмиш ноинсофликдан бошқа нарса эмас.
Бир зум йигирманчи йиллар воқеаларини кўз олдингиздан ўтказинг. Октябр тўнтариши бутун ўлкани қўпориб ташлади. Нафақат Туркистон, балки бутун Русиё империяси ини бузилган аридек тўзиб кетди. Бу жараён чор Русиёсининг қолоқ, чекка ўлкаси бўлмиш Туркистонда ўзгача кечди. Қуролли инқилобчилар феодализм қобиғини эндигина ёриб чиқаётган ўлкада коммунизм қуришга киришиб кетдилар. Ерли халқ хоҳиш-иродаси билан ҳеч ким ҳисоблашмади. Минг йиллик эътиқод поймол этилди. Ер, сув, молу мулк бойлардан, деҳқонлардан тортиб олинди-ю ҳақиқий эгасига қайтариб берилмади. Аросатда қолган қора халқ бу янгиликларни оғриқсиз қабул қилолмасди. Натижада ерли халқ янги тузумдан норози бўлиб оёқ етган томонга кета бошлади. Катта бир қисми Хитойга, Афғонистонга бош олиб кетди. Ватанидан, киндик қони томган тупроқдан ажралишни хоҳламаган, руҳий, диний, миллий эътиқоди топталишини истамаган қисми тоғу тошларга, чўлу биёбонларга кетишни ихтиёр этди. Ва улар беихтиёр тарзда партизан отрядларига бирлашдилар, оврўпалик қуролли инқилобчиларни қурол билан қарши олдилар. Биз бу отрядларни тўдалар, партизанларни босмачилар деб атай бошладик ва шундай деб атаб келмоқдамиз. Биз ўша босмачилар деб атайдиган кишилар учун, наздимда, Ватан бу шунчаки бошпана эмас, муқаддас макон, муқаддас саждагоҳ, ўзининг жисми эканлигини бугунги янгича фикрлаш даврида ҳам тан олгимиз келмаяпти.
Марказдан келган қизилармиячилар сони кундан кунга ортаверди. М. В. Фрунзе алоҳида армияга бош бўлиб, 1920 йилнинг 21 февралидаёқ Туркистонга етиб келди ва бевосита Фарғонадаги жанг ҳаракатларини ўз қўлига олди. Айни вақтда олдинма-кетин Куйбишев, Калинин, Каменев, Будённий, Зиновьев ва Троцкийлар Туркистонга келди ва Фарғона босмачилари билан овора бўлдилар. Ҳозиргача бизга асли нияти номаълум бўлган Турккомиссияларнинг эса кети узилмасди. Қуролли инқилобчилар ерли халқнинг маълум қисмини ўзлари томонга оғдира бошлади ва шу мақсадда ўлка бир бурда нонга зор бўлишига қарамасдан 1919 йилнинг ноябр ойида «Фарғона вилоятида ерли аҳоли ўртасида шўровий ташвиқот ишларини олиб бориш учун 40 млн сўм ажратди»[16].
Катта ҳарбий кучга эга бўлган қизилармиячилар Мадаминбек лашкарини Олой тоғи этакларигача таъқиб қилиб борди. Улар Жилтиқ довони орқали Гулчига ўтиб кетишга уринди, қиш фасли қорнинг қалинлиги ҳалақит берди ва қуршовда қолиб кетдилар. Мадаминбек олдида икки йўл бор эди. Бири кучлар тенг бўлмаган ҳолда жангга кириб кирилиб кетиш, иккинчиси ўз армиясини сақлаб қолиш учун Шўролар томонига ўтиш. Мадаминбек инсон ҳаётини, унинг қадр-қимматини ҳамма нарсадан устун қўйди ва шўровийлар билан яраш битимини тузишни танлади. У бу билан биродаркушлик урушига мумкин қадар хотима беришга, бекорга қон тўкилишининг олдини олишга ва юртида осойишталик ўрнатилишига ишонди.
Мадаминбекка қадар бир қанча босмачилар гуруҳи Шўролар томонига ўтганди. «Амирул муслимин» ёки Мусулмонлар армиясининг кўмондони Мадаминбек (у бу лавозимни 1918 йилнинг ёзида катта Эргаш кўрбоши Марғилон шаҳри ёнидаги жангда ҳалок бўлгандан сўнг мерос қилиб олганди) Қозон полки командири Юсуф Иброҳимов воситачилигида Н. А. Верёвкин-Рохалский билан музокара олиб боришга киришди. Айни вақтда М. В. Фрунзе «Музокараларнинг кандай кетишидан қатъи назар, Мадаминбек қўшинларини қўлга олиш учун катъий чоралар кўрилсин» деб буйруқ берди. Н. А. Рохалский билан Мадаминбек яраш битимига келиша олди. 1920 йилнинг 6 мартида Эски Марғилон шаҳрида тантанали ярашув маросими бўлиб ўтди. Ва иккала томон қуйидаги битимга имзо чекдилар:
«Туркистон фронти Инкилобий Ҳарбий Кенгашининг амалдаги буйруғига асосланиб, 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Николай Андреевич Верёвкин-Рохалский, иккинчи томондан Мусулмон армиясининг кўмондони Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли қуйидаги битимга имзо чекамиз.
Мен, Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли армиям, қўрбошиларим ва маслаҳатчиларим номидан тантанали равишда баёнот бераман.
Ушбу шартларим бажарилса, Шўролар ҳукуматини тан оламан. Унга содиқ дўст бўлишга ва буйруқларини бажаришга ваъда бераман.
1. Шўролар ҳокимияти Туркистонда фуқаролик ишларини ташкил этишда шариат асосларини сақлаб қолсин.
2. Менинг асосий қароргоҳим этиб Наманган шаҳри белгилансин…
3. Шўролар ҳукуматининг ички ва ташқи душманларига қарши жанг қилиш учун зарурият туғилса Фарғона ҳудуди сарҳадларига ҳам ўтишим мумкин. Бошқа фронтларга жўнаб кетишни ва жанг ҳаракатларига қўшилишни зиммамга олмайман.
4. Менинг армиямда хизмат қилаётган ўрус биродарларимнинг ҳаммасига амнистия (кечирим) эълон қилинсин. Уларнинг хоҳишига қараб менинг отрядимда қолдирилсин.
5. Туркистон фронти Ҳарбий Кенгаши ва Туркистон Марказий ҳукуматига ўзимнинг содиқлигимни билдириш учун 1920 йилнинг 13 мартигача Тошкентга етиб боришга сўз бераман»
2-Туркистон ўқчи дивизиясининг командири, Н. А. Верёвкин-Рохалский.
Дивизия ҳарбий-сиёсий командири А. Слепченко.
Мусулмон армиясининг қўмондони, Муҳаммадаминбек Аҳмадбек ўғли 1920 йилнинг 6 марти. Искобелов шаҳри[17]
Мадаминбек ва унинг етти мингга яқин қўшини, унга итоат этувчи қўрбошилардан Бойтуманхўжа, Омон полвон, Примқўрбоши ва бошқа қўрбошилари билан бирга маслаҳатчилари Ситниковский, Иван-Фаринский ва Ненсберглар Шўро ҳукумати томонига ўтди.
Мадаминбекнинг бу хатти-ҳаракати кимларгадир маъқул тушди ва уни қўллаб қувватладилар. Айримлар уни нодонликда, қолаверса хоинликда айбладилар.
Тинчлик сулҳи имзоланди, лекин у узоқ яшамади. Мусулмонлар шартномада кўзда тутилган ҳамма мажбуриятларни бажарди. Қизил армиячилар эса…
Келинг, яхшиси Турккомиссия аъзоси В. В. Куйбишевнинг яраш сулҳига берган баҳосини эшитайлик. «Мазкур битим шу ҳолида сиёсий соҳада ҳам, ҳарбий соҳада ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин… Биринчи банди бизни Фарғонада ва ҳатто Туркистонда фуқаролар орасидаги ишимизни чеклаб қўяди ва Шўро ҳокимиятига ёт бўлган принципларга амал қилишга мажбур этади». В. В. Куйбишев сулҳни бекор қилишни (орадан анча вақт ўтгач) ва «Мадаминбекни аста-секин шаштидан тушириб, уни оддий бир итоат этувчи киши даражасига келтириб қўйишни»[18] таклиф этади. Орадан бир неча кун ўтгач (Мадаминбек ўлдирилгандан сўнг) «Фарғона вилояти партия қўмитаси махсус қарор қабул қилди: Туркистон Комфирқаси, — дейилади бу қарорда, — ўлка фирқа қўмитасидан ва Туркистон Ҳарбий Инқилобий Кенгашидан Мадамин билан тузилган сулҳ битими матнининг кириш қисми ва 5-бандидан бошқасини бекор қилиш сўралсин, чунки у вилоят фирқа қўмитаси ва Ҳарбий Инқилобий Кенгашнинг баъзи аъзоларининг фикрича сиёсий жиҳатдан мутлақо нотўғридир»[19].
Мадаминбек Шўролар томонига ўтгач, «Амири лашкари Мусулмон» лавозимини Кўршермат (Шермуҳаммадқул) эгаллади. У қизилармиячилар ўқидан омон қолган босмачиларни уюштиришга ҳаракат қилди.
1920 йилнинг март ойида Мадаминбек Кўршермат ва Холхўжага музокара олиб бориш учун бир неча марта одам юборди. Ва Кўршерматдан қуйидаги жавоб мактубини олди.
«Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим. Етимлар, есирлар ва камбағаллар дўсти, енгилмас саркарда Муҳаммадаминбекка, Шермуҳаммадқулдан.
Сизнинг довруғингиз Бухорою Шеробод ва Кобулгача бориб етибди. Бутун мусулмон лашкарига бош бўлиб, Шўролар ҳокимияти хизматига кириб, тинчлик ва осойишталик учун курашаётганингизни биз ҳам эшитдик.
Менинг ҳам йигитларимни умумий тўдага қўшиш учун, биргаликда кенгаш ўтказиш мақсадида Гарбува қишлоғида сизни ва ўрус маслаҳатчиларингизни кутаман»
Шермуҳаммадқул.
Ҳижрийнинг (қамарий) 1238 йили Шаъбон ойининг 3-куни. Водил қишлоғи[20].
Мадаминбек Кўршермат билан юзма-юз музокара олиб бориш учун 12 та йигити билан Учқўрғонга Кўршермат ҳузурига йўл олади. Улар Учқўрғон йўлидаги Қоровул қишлоғига етиб келганида, бир неча кун илгари ўзига бўйсунган, ўзининг собиқ қули Холхўжа томонидан қўлга олинади. Ватан хоинлигида айбланиб, 1920 йилнинг 14 майида Қоровул қишлоғида Холхўжанинг ўзи бекни бошидан жудо қилди»[21].
Мадаминбек ўлимидан сўнг армиясининг асосий қисми яна босмачилар томонига қочиб ўтди. Босмачилик ҳаракати эса яна бир неча йил давом этди.
Биз узоқ вақт тарихий шахсларга, жумладан Мадаминбекка ва мадаминбекчилар фаолиятига, шахсига баҳо беришда, улар яшаган замонни ва давр руҳини эсдан чиқариб қўйганмиз. Шунинг учун бўлса керак бутун хўжалиги, ижтимоий ҳаёти деҳқончиликка асосланган ўлка фарзандидан марксизм-ленинизмни талаб қилдик. Гўёки, Мадаминбек коммунист, унинг чўнтагида фирқа билети бордай муносабатда бўлдик. Ва уларни фирқанинг мафкурага бағишланган Олий Кенгашларида муҳокама этдик. Саркарда ҳаёти билан боғлиқ айрим эсдаликлар ва архив ҳужжатлари билан танишиб шу нарсани англадимки, Мадаминбек Ватанини, халқини, динини севган байналмилалчи саркарда бўлган экан. Агар у халқини севмаганида тинчликка интилмасди, ҳаётини гаровга қўйиб Учқўрғонга Кўршермат қароргоҳига ёлғиз бормасди. Мадаминбек эндигина 28 ёшга тўлганди. Афсуски у довюраклигини ҳам, халқпарварлигини ҳам ўзи билан бирга олиб кетди.
Мабодо ўша алғов-далғов замонда довюракларимиз тирик қолганида минглаб ватандошлар ватангадо бўлиб хорижга чиқиб кетмасди, имло-алифболаримиз ўзгартирилиб саводсизликка маҳкум этилмасдик. Агар Мадаминбекдай саркардаларимиз омон қолганида жаҳон урушида миллионлаб юртдошлар қумурсқадек қирилиб кетмасмиди? Балким улар миллатпарвар генералимиз бўлармиди? Туркий халқлар ўртасидаги ҳарб илми ҳам бугунгидан бошқачароқ бўларди. Москвалик олимадан марказий матбуот орқали «ўзбек халқи жисмонан ночор, ҳарб илмига уқувсиз, уларнинг армиядаги салмоғи ошган сари Ватанимиз мудофааси ҳам шунчалик кучсизланиб бораяпти» деган дашномларини эшитмасмидик. Балким «босмачиилик даври 10 йилгина олдин таҳлил қилинганида Туркистон фожеаси Афғон фожеаси бўлиб такрорланмасдими? Минглаб бегуноҳ тенгқурларимизнинг қони дарё бўлиб оқмасди. Бугунгидек турна қатор темир тобутлар келмасди. Гдлян ва Ивановлар халқимизни бугунгичалик хўрлай олмасди.
Шунча йўқотилган қадриятлар ва нобуд бўлган фарзандларимиз эвазига биз бугун нималарга эга бўлдик?.. «Ўтмишни ўрганиш бу келажакни олдиндан кўриш» дейди доноларимиз. Келинг яхшиси ҳечдан кўра кечи ҳам яхши деганларидай, Ватани, халқи, миллати учун жонини фидо этган қаҳрамонларимиз руҳини шод этайлик. Мадаминбек орзу қилгандай, ҳарбий мактаблар очайлик, ўрус биродарларимиз суворовчи бўлганидай биз ҳам темурчи ва бобурчилар бўлайлик. Темур ва темурчи боболаримиз қолдирган ҳарб илмларидан баҳра олайлик. Мазкур ҳарбий мактабларда укаларимиз, фарзандларимиз туркий тилда сабоқ олсинлар. Ва мактабларимизни Ватаним, халқим дея жон берган Бобон ботирлар, Олимқули ва Номозботирлар, Муқанна-ю Торобийлар номи билан атайлик.
Ёвга қарши жангда шаҳид бўлган Темур Маликка Хўжандда, Искобелевдай фотиҳни тиз чўктирган Бобон ботирга Самарқандда, истилочи Черняев тўпига кўкрагини тутган Тошкент ҳимоячиси Олимқулига Тошкентда, ярим подшоҳликни ларзага келтирган Номозботирга Даҳбетда, тулкидек айёр Кауфманни магпуб этган Мулла Исҳоқхонга Андижонда ҳайкал ўрнатсак, уларнинг ватанпарварлигини ҳимоя қилувчи музейлар ташкил этилса, кинофильмлар яратилса ана шундагина ёш авлод қалбига ВАТАН туйғусидек муқаддас руҳни сингдирган бўламиз.
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 4-сон
________________________
[1] П. Алексеенков. «Крестьянское восстание а Фергане» издание Акционер. Обшества «Средазкнига» Т.1927., стр.67. (Отдел СредАз Бюро ЦК ВКП(б) по изучению истории партии Октябрской революции в Средней Азии).
[2] П. Алексеенков, Ўша асар, 25-бет.
[3] П. Алексеенков, Ўша асар, 39-бет.
[4] П. Алексеенков, Ўша асар, 68-бет.
[5] ЎзССЖ. Марказий Давлат Архиви, Р-25-фонд, опись 1, дело — 18, 38-39-варақ.
[6] П. Алексеенков. Ўша асар, 52-53-бетлар.
[7] П. Алексеенков. Ўша асар, 60-62-бетлар.
[8] П. Алексеенков, Ўша асар, 71-бет.
[9] Шермуҳаммадқул Фарғонада туғилган. Тарихга Кўршермат номи билан кирди. Кўршермат Фарғонада мағлубиятга учрагандан сўнг, ўзига содиқ 140 та йигити билан Қашқарга қочиб ўтади. 1923 йили Пешаворга етиб келади ва Англия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайди. Айни вақтда Хитой ва Ҳинд мусулмонларидан нажот излади. Инглиз олими Гленда Фрезер ўзининг 1987 йили Лондонда чоп этилган «Босмачилар» деб номланган китобида таъкидлашича, 1924 йилнинг мартида Англия ҳукумати Кўршерматга ёрдам бера олмаслигини билдирган. Афғонистон ҳукумати эса унга 500 афғон рупийси миқдорида нафақа тайинлаган (К. Н. Абдуллаев. «Из истории Бухарской послереволюционной эмиграции» Обшественные науки в Узбекистане 1990 г. № 4, стр. 54.)
[10] Туркистонда босмачилик даврида иккита Эргаш қўрбоши Шўроларга қарши жанг килди. Биринчиси, катта Эргаш 1918 йилнинт ёзида Марғилон шаҳри ёнидаги жангда ҳалок бўлади, у бунгача Мусулмон армиясининг кўрбошиси этиб сайланганди. Иккинчиси 1920 йили Қўқонда мағлубиятга учраганидан сўнг сиёсий фаолиятдан четлашиб кетди.
[11] Шўролар Армиясининг Марказий Давлат архиви. 25859-фонд, 1-изоҳнома, 35-дело, 92-варақ.
[12] ЎзССЖ Марказий Давлат архиви, Фонд Р—243, 1-изоҳнома (опись), 6-дело, 9-варақ.
[13] ЎзССЖ Марказий Давлат архиви, 17-фонд, 1-изоҳнома (опись), 250 «а» дело, 9-варақ.
[14] П. Алексеенков. Ўша асар, 71-бет.
[15] «Краткий очерк возникновения и развития басмачества в Фергане» (по данным 1 марта 1922 года) Ташкент 1922 год; 21-стр.
[16] Резолюции и постановления сьездов коммунистичесной партим Туркестана 1918—1924 гг. Ташкент, изд-во «Узбекистан» 1968 г. стр. 26.
[17] Шўролар Армиясининг Марказий Давлат архиви, Фонд —110, опись 1, дело —62, 101-варақ.
[18] Шўролар Армиясининг Марказий Давлат архиви, фонд— 110, 1-изоҳнома, 62-дело, 107-варақ.
[19] М. X. Назаров. Туркистон интервенция ва биродаркушлик уруши даврида «ЎзССЖ Давлат нашриёти». Тошкент — 1961 йил. 227-бет.
[20] Марк Поликовский. «Конец Мадаминбека». Ташкент — 1961 год, 157. (записи о гражданской войне)
[21] КПСС Марказий Қўмитаси қошидаги марксизм-ленинизм институтининг архиви 122-Фонд, 1-изоҳнома, 44-дело, 124-варақ.