Қайда қолди бутун олам мен туғилган кун? Қани Москванинг электр фонуслари? Қани одамлар? Қаёққа ғойиб бўлди замину осмон? Деразам ортида ҳеч нима кўринмайди! Зулумот…
Бизлар бутун башариятдан узилиб қолганмиз. Керосин билан ёқиладиган кўча фонусларининг энг яқини бу ердан тўққиз чақирим нарида, темир йўл бекатида. Ўша фонуслар у ёқда ҳам бўронда липиллаб, жон қазо қилаётган бўлса ажаб эмас. Тезюрар поезд қор қуюни остида қолган бу бекатдан ярим тунда гувиллаганча Москва томон ўтиб кетади. Бир лаҳзагина тўхтай демайди. Олам ҳодис, изни қор босиб, юришга имкон қолмасагина, поезд тўхташга мажбур бўлади.
Энг яқин электр фонуслари биздан қирқ чақирим нарида, уезд марказида. У ерда яшаш-маза. Кино, магазинлар… Дала-даштда бўрон увиллаб, қор гупиллаб ёғаётган пайтда ҳам, эҳтимол кино экранларида иссиқ ўлкалар, мовий денгиз-у денгиз ўртасида хушманзара ороллар, шаббодада аста тебраниб турган хурмо дарахтлари, дарё бўйидаги қамишзорлар… сузиб ўтаётгандир.
Бизлар эса бу ерда ёлғизмиз.
— Ҳамма ёқ зимзиё, — дейди фелдшер Демян Лукич деразада пардасини суриб.
У ўз фикрини тантанавор оҳангда ва аниқ ифодалайди. Дарҳақиқат, тун зимзиё.
— Марҳамат, яна бир қадаҳдан олайлик, — деб таклиф киритаман мен. (О, айбга буюрманг бизни! Ахир бизлар — яъни врач, фелдшер ва икки акушер аёл, — бизлар ҳам инсонмиз! Бизлар, агар сон-саноқсиз беморларни истисно қилсак, биронта ҳам инсон зотини ойлаб кўрмаймиз бу ерда. Бизлар қорга кўмилганча, мук тушиб ишлаганимиз-ишлаган. Бас, шундай экан, наҳотки врачнинг туғилган кунида, рецепт бўйича сув аралаштирилган спиртдан қиттак-қиттак отиб, уезддан келтирилган шпрот балиғи билан газак қилишга ҳаддимиз сиғмаса?)
— Сизнинг соғлиғингизга, доктор! — дейди самимият билан Демян Лукич.
— Бу ерга ҳали кўникиб кетасиз, деб умид қиламиз! — дейди Анна Николаевна ва қадаҳини чўқиштириб олиб, гулдор матодан тикилган кўчалик кўйлагининг этагини кафти билан текислай бошлайди.
Иккинчи акушер аёл — Пелагея Ивановна қадаҳини чўқиштириб бир ҳўплайди-да, печка олдига чўққайиб олиб, косов билан чўғни ковлай бошлайди. Оловнинг тафтидан юзларимиз ёришади, арақдан кўксимизда ёқимли ҳарорат вужудга келади.
— Ҳеч ақлим бовар қилмаяпти, — ҳаяжонланиб гап бошлайман мен, косов теккан ердан паға-паға отилиб чиқаётган учқунларга тикиларканман, — анави хотин белладонна дорисини нима қилди экан? Ахир, бу — даҳшат-ку!
Фелдшер билан акушер аёлларнинг чеҳрасида жилва ўйнайди.
Воқеа бундай бўлган эди. Бугун эрталаб, қабул пайтида кабинетимга ўттиз ёшлар чамасидаги икки юзи қип-қизил бир жувон қимтинибгина кириб келди. У менинг ортимда турган акушерлик курсисига эгилиб таъзим қилди, сўнг қўйнидан оғзи кенг бир шишача чиқариб, хушомад билан сайрай кетди:
— Вой умрингиздан барака топинг-е, дўхтир, томизғи дорингиз учун раҳмат. Вой шунақаям кор қилди, шунақаям кор қилдики!.. Яна шу шишачамни тўлдириб берсангиз деб келувдим, айланай.
Мен жувоннинг қўлидан шишачани олиб, унга ёпиштирилган ёрлиқ қоғозни ўқидим; ўқидим-у кўзларим қинидан чиқиб кетаёзди. Қоғозда Демян Лукичнинг дастхати билан йирик-йирик қилиб ёзилган: «Tinet. Belladonna» ва ҳоказо сўзлар ҳамда «1917 йил 16 декабр» сўзлари бор эди.
Изоҳ: мен кеча, 16 декабр куни бу жувонга анчагина белладонна дорисини ёзиб берган эдим, бугун эса, мен туғилган кунда, яъни, 17 декабрда қуруқ шиша кўтариб, яна ўша доридан сўраб келипти.
— Сен… сен… кечанинг ўзида ҳаммасини ичиб тамомладингми? — деб сўрадим мен ҳаяжонланганимдан овозим қалтираб.
— Бир томчиям қолдирмадим, отагинам, ҳаммасини ичдим, — деб сайрай кетди жувон қўнғироқдай овози билан, — илоё қўлингиз дард кўрмасин, дўхтиржон… дорининг ярмини уйга борган заҳотим, қолган ярмини кечқурун, ётар чоғимда ичдим. Ё қудратингдан — кўз очиб юмгунча дардим ариди-қолди…
— Мен сенга неча томчидан ичишни айтган эдим? — овозим хириллаб чиқа бошлади. — Беш томчидан, девдим-ку… Нима қилиб қўйдинг, ҳой хотин? Ахир сен… мен ахир сенга…
Жувон, унинг белладонна дорисидан шифо топганига мени ишонмади, деб ўйлади шекилли:
— Худо урсин, ҳаммасини ичдим! — деди.
Мен унинг анордек қип-қизил ёноқларини ушлаб, кўзининг қорачуғига тикилиб қарадим. Лекин қорачуғларда ҳеч қандай иллат кўрмадим. Қорачуғлари чиройли, соппа-соғ эди. Томир уриши ҳам мутлақо беқусур. Умуман, бу жувонда ҳеч қандай заҳарланиш аломати сезилмади белладоннадан.
— Бундай бўлиши мумкин эмас!.. — деб юбордим мен ва овозимнинг борича бақирдим: — Демян Лукич!!!
Демян Лукич оқ халатда дорихонадан чиқиб келди.
— Манави дўндиқчанинг қилиб қўйган ишини кўринг, Демян Лукич! Мен ҳеч нарсага тушунолмай қолдим…
Жувон, бирон номаъқул иш қилиб қўйибман, деб ўйлади, шекилли, олазарак бўлиб, юзини гоҳ менга, гоҳ Демян Лукичга ўгира бошлади.
Демян Лукич шишачани олиб, уни қўлида айлантирди, ҳидлаб кўрди, сўнг жиддий оҳангда деди:
— Гапинг ёлғон, тасаддиқ. Сен дорини ичмагансан!
— Вой, ўлай агар… — деб жувон гап бошлаган эди, Демян Лукич унинг сўзини бўлди:
— Ҳой, хотин, бизни лақиллатаман деб овора бўлма, — деди у мийиғида кулганча, аммо жиддий оҳангда. — Биз ҳаммасини яхши тушиниб турибмиз. Очиғини айт, кимларни даволадинг бу дори билан?
Жувон соппа-соғ кўзларини оппоқ шифтга тикканча чўқиниб олди.
— Худо урсин агар…
— Бас қил «Дийдиё»ингни… — деб тўнғиллади Демян Лукич ва менга ўгирилиб, деди:
— Биласизми, доктор, булар нима қилишади? Манавинга ўхшаган битта устомон касалхонага келиб, дори ёздириб олади-да, кейин қишлоғига бориб, ўша дорини ҳамма хотинларга бир чеккадан ичириб чиқади.
— Вой, нималар деяпсиз, ўргилай фершал…
— Гапирма! — деб унинг сўзини бўлди фелдшер. — Мен бу ерда сал кам саккиз йилдан бери ишлайман. Ҳамма нарсадан хабарим бор. Турган гапки, бу ҳам дорини қишлоғидаги ҳамма ҳовлига кириб, хотинларнинг оғзига томизиб чиққан, — деди у энди менга юзланиб.
— Худо хайрингизни берсин, яна керак эди-да шу томизғи доридан, — деб ёлбора бошлади жувон.
— Э, йўқ, тасаддуқ, — дедим мен пешонамнинг терини артарканман, — энди сени бу дори билан даволамаймиз. Хўш, қорнингнинг оғриғи қолдими?
— Вой, ўргилай, худди дард кўрмагандай бўлиб кетдим!..
— Жуда яхши бўлибди-да. Энди мен сенга бошқа дори ёзиб бераман, буниси ҳам жуда зўр.
Мен жувонга валерианка ёзиб бердим, у дорини олдию ҳафсаласи пир бўлиб қишлоғига жўнаб кетди.
Туғилган кунимда уйимга тўпланган ҳамкасбларим билан мен мана шу воқеани тилга олган эдик. Ташқарида эса, мудҳиш бўрон ўзининг қоп-қора пардасини ташлаб, бизни бутун борлиқдан ажратиб қўйган эди.
— Э, бу нима экан, — дерди Демян Лукич шпрот балиғини назокат билан чайнар экан, — ҳолва-ку: бизлар бу ерда кўникиб қолганмиз бунақа найрангларга. Сизнинг ҳам, қимматли доктор, дорилфунун муҳитидан ва пойтахт ҳаётидан кейин мана шунақанги ғаройиботларга кўникишингизга тўғри келади. Илож қанча, овлоқ жой!
— Вой, бирам овлоқ жойки!.. — худди акс-садодек такрорлади Анна Николаевна.
Мўрконнинг алла қаерида бўрон увиллади ва девор ортида бир нималарни шитирлатиб ўтди. Печка олдига ётқизилган қора тунука парчаси устига оловнинг қирмизи акси тушди. Шундай овлоқ гўшада табобат ходимларини иситган оловга ҳамду сано!
— Салафингиз Леополд Леополдович тўғрисида эшитгандирсиз? — деб гап бошлади фелдшер ва Анна Николаевнага назокат билан папирос узатиб, ўзи ҳам чекди.
— Жуда ажойиб доктор эди! — деди фахрланиб Пелагея Ивановна, чақмоқдек кўзларини ҳузурбахш оловга тикаркан. Унинг тим қора сочига қадалган чиройли тароғидаги сохта тошлар олов шуъласида дам ярақлаб, дам сўнарди.
— Ҳа, у машҳур одам, — деб тасдиқлади фелдшер. — Деҳқонлар уни сидқидилдан яхши кўришарди. Агар операцияни Липонтий қиладиган бўлса, улар ҳеч иккиланмай рози бўлишарди. Ҳа, айтгандай, қишлоқ аҳли Леополд Леополдовични шундай — Липонтий Липонтевич деб чақиришарди. Унга ишонишарди. Леополд Леополдович деҳқонлар билан дарров тил топишиб оларди. Бир куни денг, унинг қабулига Дулцеводан Фёдор Косой деган бир ошнаси келди.
«Мазам йўқ, Липонтий Липонтич, — деди у, — кўкрагим ғижирлайди, нафас олишга қийналаман. Ундан кейин, томоғим қичиб, йўтал тутади…»
«Ларингит (яъни, ҳиқилдоқнинг шиллиқ пардаси яллиғланган)», — дедим мен шу заҳоти. Мана, бир ойдирки, қишлоқма-қишлоқ зир югириб, дардни тез аниқлашга ўрганиб қолган эдим.
«Жуда тўғри. Бўпти, — деди Липонтий, — мен сенга ажойиб бир дори бераман. Икки кунда отдек бўлиб кетасан. Мана сенга француз горчишниги. Биттасини орқангга, икки курагинг ўртасига, яна биттасини кўкрагингга ёпиштирасан. Ўн дақиқадан кейин олиб ташлайсан. Боравер! Айтганимни қил!» Бемор горчишникни олиб жўнаб кетди. Лекин икки кундан кейин яна доктор қабулига келди.
«Ҳа, яна нима бўлди?» — деб сўради ундан Липонтий.
«Нимасини айтай, Липонтий Липотич, — деди Косой, — берган горчишнигингиз ҳеч ёрдам қилмади».
«Гапинг ёлғон! — деди Липонтий, — француз горчишниги ёрдам қилмаслиги мумкин эмас! Сен уни ёпиштирмаган бўлсанг керак!»
«Ие, — деди бемор, — нега ёпиштирмас эканман? Мана, ҳозир ҳам турипти».
Шундай деб у докторга орқасини ўгирди, қарасак, горчишникни пўстини устидан ёпиштирипти!..
Мен хохолаб кулиб юбордим, Пелагея Ивановна ҳиринглаб куларкан, косов билан печкадаги палён ўтинни қаттиқ-қаттиқ уриб олов олдира бошлади.
— Нима десангиз денглар, лекин бу — латифа, — дедим мен, — бундай бўлиши мумкин эмас!
— Ла-ти-фа?! Латифа, денг? — дея чуғурлашди акушер аёллар.
— Йўқ, тақсир! — деди жиддий тарзда фелдшер. — Мен сизга айтсам, бизнинг бутун ҳаётимиз мана шунақа латифалардан иборат… Бу ерда шунақанги қиёмат ҳодисалар бўлиб турадики…
— Қандни айтмайсизми? — деди Анна Николаевна. — Қанд тўғрисида гапириб беринг, Пелагея Иванна!
Пелагея Ивановна печка ўтхонасини ёпди ва кўзини ердан узмай ҳикоя қила бошлади:
— Бир куни мени ўша Дулцево қишлоғига ой-куни яқинлашган бир аёлга доялик қилгани чақиришди…
— Ўзи, бу Дулцево жуда машҳур жой, — деб луқма ташлашдан ўзини тия олмади фелдшер, сўнг илова қилди: — Узр! Давом этинг, ҳамкасаба!
— Одатдагидек, беморни кўздан кечира бошладим, — деб ҳикоясини давом эттирди Пелагея Ивановна, — қарасам, бармоқларимга ҳомила йўлагида гоҳ қумни, гоҳ кесакни эслатувчи аллақандай нарсалар илашяпти… Кейин билсам — чақмоқ қанд экан!
— Мана сизга «латифа»! — тантанавор оҳангда деди Демян Лукич.
— Мени кечирас-с… ҳеч нимага тушунмадим…
— Доя кампир-да! — деб жавоб қилди Пелагея Иванна. — Ўша ўргатипти. Недирки, чақалоқ ёруғ жаҳонга чиқишни хоҳламай, ўжарлик қилармиш. Мана шунинг учун, янги меҳмонни ширинлик билан алдаб чақириб олишаркан.
— Даҳшат! — дедим мен.
— Туғадиган хотинларга, яна, соч ҳам едиришаркан, — деди Анна Николаевна.
— Сабаб?
— Ким билади дейсиз! Икки-уч марта шунақа хотинни ҳам олиб келишган бизга. Бечора нуқул соч тупуради, денг. Қарасак, оғзи тўла соч. Шунақа расм бормиш: соч еган хотиннинг кўзи ёриши осон кўчармиш…
Бу хотиралардан аёлларимизнинг кўзлари чақнаб кетди. Бизлар печкага яқинроқ ўтириб, яна алла маҳалгача чойхўрлик қилдик; мен ҳамкасабаларимнинг ҳикояларини эшитиб, таажжубдан ҳангу манг бўлиб қолдим. Ё, тавба! Мана, ўзингиз эшитинг, китобхон: туғадиган аёлни касалхонага олиб келишаётганида, Пелагея Ивановна, яна айниб қолишиб, беморни қишлоққа қайтариб олиб кетишмасин, деб ўз ченаси билан ҳамиша орқада келаркан; бир гал ҳатто, битта туғадиган аёлни, тескари келиб қолган ҳомиласи ўнгланиб олсин, деб оёғидан шифтга осиб қўйишипти. Яна бир латифа: «тўлғоқ тутган чоғда, докторлар ҳомила пуфагини тешармиш», деган гапни эшитган бир доя кампир рўзғор пичоғи билан чақалоқнинг бошини қиймалаб ташлабди. Оқибат, Липонтийдек машҳур ва моҳир жарроҳ ҳам чақалоқни асраб қололмабди, хайрият, онасини зўрға ўлим чангалидан қутқариб қолибди. Ундан кейин, яна…
Печка ўтхонасининг қопқоғи аллақачон ёпилган, меҳмонларим уй-уйларига тарқалишган. Анна Николаевнанинг деразаси бир фурсат хирагина ёриб турди, кейин у ҳам ўчди. Ҳамма нарса кўздан ғойиб бўлди. Декабрнинг зимистон оқшоми бўрон билан омухта бўлиб, қалин қора парда замину осмонни менинг кўзимдан яширди.
Мен кабинетимда ҳамон у ёқдан буёққа юрар эканман, оёғим остида пол тахталари ғижирлар, иссиқ печканинг тафтидан таним роҳат қилар, қаердадир бедор сичқон ниманидир азза-базза кемирарди.
«Анойи йўқ, — дея мулоҳаза қилардим мен, — пешонамга бу хилват гўшада қанча вақт яшаш битилган бўлса, шунча вақт бу зимзиё зулмат билан олишганим бўлсин! Чақмоқ қанд-а!.. Ё алҳазар!..»
Яшил қалпоқли чироқ билан ёритилган хонамда хаёлотга берилиб кетдим, шунда кўз олдимда дорилфунуни бор улкан шаҳар, у шаҳардаги шифохона, шифохонада эса, — саҳнига кошинлар ётқизилган ҳайҳотдай зал, ялтироқ жўмраклар, оппоқ, топтоза чойшаблар ва чўққи соқолига оқ оралай бошлаган донишманд чеҳрали ассистент намоён бўла бошлади…
Бундай хаёлот оғушига тушган чоғда эшик тақилласа, киши ҳаяжонланиши, ҳаттоки чўчиб ҳам кетиши мумкин. Мен ҳам бир сесканиб тушдим.
— Ким экан, Аксиня? — сўрадим мен ички зина панжараси оша энгашиб (врач квартираси икки қаватли бўлиб, тепада — иш хонаси ва ётоқхона, пастда емакхона, яна алла қандай бир хона ва ошхона бор эди: ошпаз хотин Аксиня касалхонанинг ягона қоровули бўлмиш эри билан шу ошхонада истиқомат қилар эди).
Эшикнинг зилдай оғир зулфини шарақлади, пастда чироқ шуъласи тебраниб кетди, кўчадан ғувиллаб совуқ кирди. Шундан кейин Аксиня:
— Бемор келди… — деб жавоб қилди.
Очиғини айтсам, қувониб кетдим. Уйқум қочиб кетган эди, қолаверса, сичқоннинг тўхтовсиз «қитир-қитир»ию кети узилмаётган хотиралардан кўнглим алланечук ғаш ва паришон эди. Ундан кейин, бемор, хайриятки, аёл эмас, эркак экан, демак, дард унча қўрқинчли эмас — туғмайди-ку, ҳар ҳолда.
— Ўзи юрарканми?
— Юрарди, — деб жавоб қилди Аксиня ҳомуза тортиб.
— Унда, кабинетга чиқаверсин.
Зина узоқ вақт ғижирлаб турди. Қандайдир салобатли, тоши оғир одам чиқиб келаётган эди. Бу аснода мен йигирма тўрт ёшли йигитча бўлсам ҳам, имкони борича, докторона савлатни сақлашга уриниб, стол ортида ўтирардим. Ўнг қўлим столдаги стетоскоп устида ётарди: мен стетоскоп эмас, гўё тўппонча ушлагандай ҳис қилардим ўзимни.
Эгнига кўй терисидан пўстин, оёғига пийма кийган бир шахс эшикдан зўрға суқилиб кирди. У қалпоғини қўлига ушлаб олган эди.
— Нега бунча бемаҳалда келмасангиз, отагинам? — дедим мен имкони борича улуғворлик билан.
— Узр, гражданин доктор, — ёқимли йўғон овоз билан деди келган одам, — бўроннинг қутуришини кўринг! Ноилож, бироз кечикиб қолдик. Ўтинаман, кечиринг, доктор!
«Назокатли одам экан», — деб мамнуният билан кўнглимдан ўтказдим мен. Бу одам менга жуда ҳам ёқди, ҳаттоки унинг қалин малла соқоли ҳам яхши таассурот қолдирди. Кўринишидан, у соқолини наинки парваришлаб, кузаб турар, шунингдек, унга мой ҳам сурар экан; гарчи мен қишлоққа яқинда келган бўлсам ҳам, кўзим анча пишиб қолган эдики, бемор соқолининг ўсимлик мойи билан мойланганини бир қарашдаёқ фаҳмладим.
— Хўш, эшитаман! Олдин пўстинингизни ечинг. Қаердан келдингиз?
Стулга ташланган пўстин тоғдек кўпчиди.
— Безгак хуруж қилиб қийнаб юборди, — деб жавоб қилди бемор юзимга маъюс боқаркан.
— Безгак? Тушунарли! Сиз Дулцеводан бўлсангиз керак-а?
— Ҳа. Тегирмончиман.
— Хўш, у қандай хуруж қиляпти? Менга сўзлаб беринг!
— Ҳар куни соат ўн икки бўлиши билан, бошим лўқиллаб оғрий бошлайди, кейин иситмам чиқади-да… икки соатча роса қалтиратиб кейин қўйиб юборади.
«Дарди аниқ»! — деган ғолибона сас янгради миямда.
— Қолган пайтларда қалай ҳис қиласиз ўзингизни?
— Оёғимда дармон йўқ…
— Ҳа-а… Ёқангизни ечинг!.. Ҳм… балли.
Кузатув ниҳоясида бемор кўнглимга жудаям ўтириб қолди. Қабулимга келувчи овсар кампирлардан, оғиз бўшлиғини текшириш учун қўлимга темир қошиқчани олишим билан қўрқонғич отдек ўзини орқага ташловчи ўсмир болалардан ва ниҳоят, бугун эрталабки белладонна воқеасидан кейин, дорилфунун муҳитига ўрганган кўзларим тегирмончини ҳузур билан кузатарди.
Тегирмончининг гаплари ҳам бамаъни эди. Бундан ташқари, у саводли одам бўлиб чиқди, ҳаттоки унинг ҳар бир рафторида мен учун энг севимли бўлган фанга, яъни медицинага ҳурмат-эҳтиром сезилиб турарди.
— Гап бундай, азизим, — дедим мен беморнинг кенг ва илиқ кўкрагига бармоғим билан тўқиллатарканман, — сиз малария дардига чалингансиз… Бу дард безгак билан галма-гал хуруж қиляпкан бўлиши керак… Ҳозир менда бутун бир палата бўш турипти. Маслаҳатим — шу ерда ётинг. Биз касалингизни синчиклаб кузатамиз. Сизни аввалига кукун дори билан даволаб кўрамиз, агар у ёрдам бермаса, игна билан дори юборамиз. Хуллас, тузатмай қўймаймиз. Хўш! Ётасизми?..
— Бениҳоя миннатдорман! — назокат билан жавоб қилди тегирмончи. — Сиз ҳақингизда кўп яхши гаплар эшитганмиз. Ҳамма хурсанд сиздан. Яхши муолажа қилар экансиз… Мен игна билан дори юборишингизга ҳам розиман, тузалиб кетсам бўлгани.
«Йўқ, бу одам чиндан ҳам зулмат қўйнидаги нур экан!» — деб ўйладим мен ва стол ортига ўтириб, ёзишга киришдим. Ёзарканман, ҳозир касалхонага бегона одам эмас, балки ўз туғишган жигарим — оғам меҳмон бўлиб келгандек, дилим чароғон эди.
Битта варақага шундай деб ёздим:
«Chinini mur. 0,5
D. T. dos. № 10
S. Тегирмончи Худовга
Ярим кечада биттадан кукун дори»
Тагига жимжимадор имзо чекдим.
Иккинчи варақага эса:
«Пелагея Ивановна! Тегирмончини 2-нчи палатага қабул қилиб олинг. Унинг дарди malaria. Дард хуруж қилишидан тўрт соат олдин, яъни ярим тунда биттадан хинин дориси берасиз. Мана сизга истисно бемор! Зиёли тегирмончи!» — деб ёздим.
Жавоб хати келганида, мен ухлагани ётган эдим. Хатни тумшайган Аксиня олиб келиб берди; у дам-бадам оғзини каппа-каппа очиб эснарди.
«Қимматли доктор! — деб ёзилган эди хатда. — Ҳамма айтганларингиз бажарилди. Пел. Лбова».
Мен хотиржам пинакка кетдим.
…Кейин мени уйғотиб юборишди.
— Нима гап? Тинчликми? Нима бўлди, Аксиня?! — дея ғўлдирадим.
Аксиня оқ хол-хол гулли юбкаси билан кўксини тўсиб, рўпарамда ийманибгина турарди. Липиллаб ёнаётган шам унинг уйқудан салқиган, безовта чеҳрасини базўр ёритарди.
— Ҳозир Марья келиб кетди. Пелагея Иванна сизни чақираётганмиш. Тезроқ бораркансиз.
— Нима гап экан?
— Иккинчи палатага ётқизилган тегирмончи ўляпти, деди.
— Нима-а?! Ўляпти? Нега ўлар экан?
Туфлини пайпаслаб тополмаган яланг оёқларимни муздек полга қўйдим. Анча-мунча гугурт чўпини синдириб, ахири чироқни ёқишга муяссар бўлдим. Соат миллари роса олтини кўрсатар эди.
«Нима бўлдийкин унга?.. Наҳотки дарди бошқа бўлса? Наҳотки нотўғри диагноз қўйган бўлсам? Томир уриши жуда яхши эди-ку…»
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, мен камзулим тугмаланмаган, сочим таралмаган ҳолда, оёғимга тескари кийилган пайпоқ устидан пийма кийиб, ҳали ҳам қоп-қоронғи ҳовлини югурганча кесиб ўтдиму иккинчи палатага ўқдай отилиб кирдим.
Тегирмончи кўрпаси очиб ташланган, чойшаби ғижимланган каравотда касалхона кийимида ўтирарди. Кичкинагина чироқ унинг юзини зўрға ёритар, малла соқоли ҳурпайган, кўзлари қоп-қора ва катта-катта бўлиб кўринар эди. У худди маст одамдай нуқул чайқаларди. Ҳар томонга даҳшат билан боқар, ҳансираб нафас оларди…
Ҳамшира Марья оғзини ланг очганча, беморнинг лавлагидек қизарган юзига тикилиб ўтирарди.
Халатини қийшиқ кийган, бошяланг Пелагея Ивановна мен томонга пешвоз юрди.
— Доктор! — деди у хиёл хирқироқ овоз билан. — Худо ҳаққи, айб менда эмас! Ким билибди дейсиз? Ахир ўзингиз «зиёли» деб ёзибсиз-ку…
— Нима бўлди ўзи?
— Вой, нимасини айтай, доктор! — деди Пелагея Ивановна кафтларини бир-бирига уриб. — Бемор ўнта хинин дорисини бирваракайига ютиб юборипти! Ярим тунда.
Ғира-шира ёриша бошлаган қиш тонги. Демян Лукич ошқозон найчасини йиғиштирмоқда. Палатани кофур мойи ҳиди тутиб кетган. Ерда қўнғирранг суюқликка лим-лим тўлган тоғора турипти. Бирпасда чўпдек озиб, ранги докадек оқариб кетган тегирмончи каравотда оқ чойшабни иягигача ёпиб ётипти. Малла соқоли тиккайган. Мен унинг томирини ушлаб кўриб, ниҳоят таскин топдим: бемор ўлмайди.
— Хўш, қалайсиз? — деб сўрадим ундан.
— Кўз олдим зимзиё… О… оҳ… — заифона дўриллаган овоз билан жавоб қилди тегирмончи.
— Мен ҳам шу аҳволдаман! — дедим ғижиниб.
— Нима? — деди тегирмончи (унинг қулоғи ҳали ҳам яхши эшитмаётган эди).
— Қани, менга айтинг-чи, — деб бақирдим унинг қулоғига, — нега бундай қилдингиз?
У маъюс оҳангда ғижиниб жавоб қилди:
— Э… кунига биттадан дори ичиб сизлар билан пачакилашиб ўтираманми, деб ўйлаб, бира тўла ҳаммасини гумдон қилиб қўя қолувдим.
— Қандай жаҳолат! — деб юбордим мен.
— Латифа! — деди фелдшер заҳарханда қилиб.
«Э, йўқ… мен курашаман. Мен албатта… Мен…» Шу чоғ бутун тунни машаққатда бедор ўтказган вужудимни тотли уйқу ўз оғушига олди. Мен туш кўра бошладим. Тушимда зимзиё зулмат пардаси қатлам-қатлам бўлиб кўринармиш… бу қатламларда мен… қўлимда ё шамшир, ё стетоскоп билан… олға кетиб бораётганмишман… Жанг қилаётганмишман… овлоқ жойларда… Лекин ёлғиз эмасмишман… Лашкарим: оқ халатлар кийган Демян Лукич, Анна Николаевна, Пелагея Ивановналар мен билан елкамаелка туришиб, жанг қилишармиш. Ҳаммалари нуқул олға, фақат олға интилишармиш…
Уйқу — кўп ҳузурбахш нарса-да!
Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 6-сон