Ўшанда Шаҳло келинлик либосини кийганига бир ҳафтаси кам олти ой бўлган эди. Шаҳлонинг мазаси қочиб қолди. Уйга “тез ёрдам” чақиришиб, уни шифохонага олиб боришди. У ерда Шаҳлони тажрибали ҳакимлар кўздан кечиришгач, туғруқхонага ўтказишди. Азонда эса Шаҳлонинг кўзи ёриди.
Эрталаб ортидан йўқлаб келган қайнонаси келинининг кўзи ёриганини эшитиб, аввалига қўрқиб кетди.
— Чала туғдими?! — деди Лазокат хола шошиб. — Омон бўлгур бирон бир оғирроқ нарсани кўтарган бўлса керак-да.
Доя аёл табассум билан бош силкиди.
— Хавотирланманг, хола, келинингиз соппа-соғ, паҳлавондай ўғил туғди. Суюнчини чўзинг!
Шунда Лазокат холанинг ранги бирдан оқариб, оёқларининг бўғинлари бўшашиб, ёнидаги ўриндиққа ўтириб қолди.
Доя аёл ҳайрон бўлиб деди:
— Сизга нима бўлди, хола?!
— Ахир, тўй бўлганига ҳали олти ой ҳам бўлгани йўқ-ку! Нега у туғади?!
Лазокат хола ҳаётида биринчи марта қизи Манзурани ҳам, ўғли Орифни ҳам ёмон кўриб кетди.
Шаҳлони акасига кўрсатган, уйга олиб келиб таништирган, онасини шу қизникига совчи бўлиб боришга даъват этган Манзура эди. У Шаҳло билан чеварлик билим юртида бирга ўқирди.
Икки марта боришганида қиз томон тўйга розилик берди. “Ёшлар аввалроқ топишиб, “донлашган” экан-ку, билмаган эканман-да, — деб хаёлидан ўтказди Лазокат хола. — Ўғлим ҳам аҳмоқ, енгилтак бўлган экан… Вой, ман нодон-а, вой, ман анқов-а!”
Кейин Лазокат холанинг хаёлидан бошқа бир шубҳа ўрмалаб, қўрқиб кетди. “Наҳотки, наҳотки, бу бола менинг зурриётим бўлмаса, наҳотки, у ҳароми бўлса?!” — деди у ўзига ўзи.
У ёнида қоққан қозиқдай турган доя аёлга деди:
— Жон синглим, чақалоқни бир кўрсам бўладими?
Доя аёл бироз ўйланиб туриб:
— Бўлади, — деди.
У ичкарига кириб кетиб, оқ яктак, оқ дурра олиб чиқди. Лазокат хола яктакни кийиб, дуррани танғигач, доя аёл уни зинадан иккинчи қаватга олиб чиқди. Бир хонага олиб кирди-да, ҳамширалардан бирига деди:
— Азонда кўзи ёриган Шаҳло Парпиеванинг чақалоғини олиб келинг.
Ҳаял ўтмай ҳамшира чақалоқни олиб келди. Ҳамширанинг қўлида биғ-биғ йиғлаётган гўдакнинг юзи қопқора, сочи жингалак эди. У на отасига, на онасига ўхшарди.
Лазокат хола гўдакка бир қаради-ю: “Йўқ, бу менинг болам эмас! Менинг болам эмас!” — деб инграгандай товуш чиқарди. У бирдан чаккасига муштлади, яноқларига кўз ёшлари дув-дув тўкилди: “Бу нима шармандалик?! Бу гапни қўни-қўшнилар эшитса нима дейишади?! Вой, тўйга сарфлаган пулимиз ҳалол эди-ку!..”
Орифнинг тўйи тўймисан тўй бўлганди. Тўй ҳақида таассуротлар ҳали ҳам кўпчиликнинг хотирасида эди. Аввал саксон кило гуруч дамлаб, юртга ош беришди. Никоҳ базмида эса икки гуруҳ атоқли санъаткорлар қатнашишди. Обрўли-обрўли меҳмонлар сўзлаб, оиланинг таърифини келтириб, мақтаб, икки ёшга бахт-саодат тилаб, қадаҳлар кўтаришди.
Тўйдан кейинги ширин гапларни айтмайсизми! Қизил атлас кўйлак, жиякли атлас лозимда, бошига оқ шоҳи дурра ўраб, оёғига зар шиппак кийиб, ял-ял ёниб ҳовлида хизмат қилиб юрган келинни кўргани кирган қўни-қўшнилар Лазокат холага: “Вой, келин эмас, гул олибсиз. Ана ҳусн, ана латофат! Келинингизга тез-тез исириқ солиб туринг, кўзикмасин”, дейишганди. Оила аъзолари қувончининг ҳам чеки йўқ эди.
Эндиликда бу гапларнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб қолди.
Лазокат хола шуларни хаёлидан ўтказиб, юм-юм йиғлади. Доя аёл уни яхши гаплар билан юпатиб, уйига жўнатиб юборди.
Уйда воқеадан қайнота хабардор бўлгач, у ҳам тутақди. Лекин ғазабини сиртига чиқармай, хотинига тасалли берди: “Шошма, хотин, гапнинг тагига етмай бичиб тўқима. Ўғлинг келсин-чи, у нима деркин. Шунга қараб иш қиламиз”.
Ориф геолог эди, хизмат сафари билан бир ойга Устюртга кетганди. Уни ишлаётган жойидан барқнома юбориб чақиртиришди. У эртаси эрталаб етиб келиб, бўлган воқеадан хабардор бўлгач: “Бу бола меники эмас, — деди. — Мен бу ҳақда сизларга гапиролмай юрган эдим. Шаҳлони шу уйга боласи билан олиб келадиган бўлсанглар, мен бош олиб чиқиб кетаман”.
Раҳим ака билан Лазокат холанинг бошлари қотиб қолди. Бу воқеа кўпчиликка ошкор бўлса, Раҳим ака оиласининг ҳам, қуда томоннинг ҳам обрўсига яхши бўлмасди. Шунинг учун ҳам Лазокат хола синчков қўшнилар: “Келинингиз қани?” деб сўрашса, “Сақланишда ётибди”, деб ёлғон жавоб қила бошлади.
— Зоти паст, қиз тарбиялашни билмаган одамларга қуда бўлган эканмиз, — деди у эрига. — Бетлари қурсин! Чув тушдик… Келиннинг ҳуснига маҳлиё бўлибмиз-у, таги-зотини суриштирмабмиз. Туринг, адаси, қудаларингизнинг олдига бориб, дейдиганимизни деб келамиз. Тўйга кетган харажатларни ҳам тўлайсизлар, деймиз.
— Ўчир овозингни! — деди шунда Раҳим ака хотинига ўшқириб. — Қизинг икковинг пиширган ош бу. Энди бир камим қудалар билан жанжаллашиб, маҳаллага шарманда бўлишим қолдими? Бўлар иш бўлди. Жанжаллашган билан ўрнига келмайди. Оиламизнинг шовқини кўчага чиқса, мен ор қиламан. Кечқурун бир ўзим бориб гаплашаман. Қудаларнинг ўрнига ўзингни қўйиб кўр. Уларга ҳам осон эмас. Боламиз шундай бўлсин, дейишмагандир, ахир… Ҳозирги ёшларнинг тарбияси қандайлиги равшан-ку! Ота-она ҳар бир фарзандининг ортидан пойлоқчи қўёлмайди.
* * *
Шаҳло “сақланиш учун” туғруқхонага ётганини Лазокат хола қудаси Робия опага сим қоқиб, маълум қилганди. Робия опа турмушга чиққан тўнғич қизи Нафисага қўнғироқ қилди. У эрталаб синглисидан хабар олишга ваъда берди.
Шаҳло ростмана бола туққанини шифокорлардан эшитгач, Нафиса ҳам онг-тонг қотиб қолди. Икки чеккасига оғриқ турди. У ўз уйига эмас, онасининг қошига борди. Уйга дарвозадан йиғлаб кирди.
— Нима гап? Синглинг соғ-саломатми? — деди она ҳайрон бўлиб.
— Соғ бўлмай, қора ер бўлсин, қизингиз!
— Вой, нега ундай деяпсан?
— У туғибди.
— Чала туғибдими?
— Гўрда чала бўладими! Ростмана бола туғибди. Уч кило икки юз грамм.
— Вой шўрим, бу нима кўргилик?!
— Бола туғмай ўлиб қўяқолса яхши бўларди. Энди қандай бош кўтариб юрамиз. Ўзи товуқ мия эди бу қизингиз, мана натижаси. Бу гапни қайнонам, тили қиличдай қайнагачиларим эшитса, мен нима деган одам бўламан?!
Бу воқеа Робия опа билан Парпи акани каловлатиб қўйди. Улар Нафисага нима деб тасалли беришни билишмади. У ичкари хонага кириб, диванга чўзилганча йиғлаб-йиғлаб чарчагач, ота-онасига хайр ҳам демай уйдан чиқиб кетди.
Тушдан кейин Робия опа туғруқхонага бориб, шифокорлардан қизи билан холи учраштиришни илтимос қилди. Улар илтимосни бажаришди.
Шаҳло онасини кўриб: “Мени кечиринг, ойи!” — деб унга ўзини ташлади. Робия опа қизини итариб юборди. Шаҳло гандираклаб бориб, деворга суяниб қолиб, йиғлаб юборди. Она кафтларини тиззаларига букиб, қизини қарғади, йиғлади. Кейин:
— Кимдан бўлган бу ҳароми, ростини айт?! — деди.
Шаҳло индамади. Она жаҳл билан саволни такрорлади.
— Шавкатдан, — деди шунда секин Шаҳло.
— Қайси Шавкат?
— Турон кўчасида яшайдиган, узоққа юк ташийдиган автомошина ҳайдайдиган Шавкатдан.
— Бўлар иш бўлган экан, нега унинг этагини маҳкам ушламадинг?
— У мени алдади.
— Қандай алдади?
— Қорнимдаги ҳомиламни олдириб ташлайлик, дўхтир топ, десам у: “Мен Россияга бир бориб келай, бир ҳафта-ўн кунда қайтаман, сўнг ҳомилангни олдириб, сенга уйланаман. Ҳозир пул камроқ”, деди. Лекин Россияга кетиб, қирқ кунда келди. Бу орада ҳомилам катта бўлиб қолди. Кейин олдиргани қўрқдим.
— Нега буни менга айтмадинг?
— Қўрқдим… Ўзимча болани туширмоқчи бўлдим, лекин эвидан чиқолмадим… Қўймаганингиздан кейин Орифга тегишга рози бўлдим.
— Қорнингдаги бола уники эмаслигини эринг сезганмиди?
— Аввал сезмади, кейинроқ сезди. Охирги пайтда у менга қарамай қўйган, уйга тез-тез ичиб келадиган бўлиб қолганди…
Робия опа уйига қайтди. Қизи билан бўлган гапларни эрига айтиб турганда, қудалари Раҳим ака кириб келди. Меҳмонни “келинг” деб кутиб олиб, остига янги кўрпача солишга Робия опанинг зўрға мадори етди, Парпи ака қудаси билан қўл бериб сўрашди-ю, унинг кўзларига тик қаролмади.
Раҳим ака қудалари воқеадан хабардор эканлигини дарҳол сезди. Ўтириб, фотиҳа ўқигач деди:
— Ҳойнаҳой, туғруқхонага боргандирсизлар? Воқеадан хабардорсизлар?
Парпи ака секин бош ирғади.
— Энди нима қиламиз?
— Биз ҳайронмиз, — деди Парпи ака. — Бу ташвиш осмондан тушгандай бўлди… Энди сизлар нима десанглар шу.
— Бўладиган ишни қилайлик, қуда. Сиз ҳам шайтонга ҳай денг. Ёшларимизнинг тақдири ёлғон тақдир экан. Уларни яхшиликча ажратайлик. Сизларга даво-жанжалимиз йўқ. Тўй ҳам бир хайр-эҳсон. Унга кетган харажатлар учун пийсабиллило розимиз. Аммо, бир гапни айтай, қизингиз туғруқхонадан ёлғиз чиқса, ҳар икки оиланинг ҳам обрўйи сақланган, эл ўртасида бўладиган ортиқча гап-сўзларнинг олди олинган бўларди.
— Бола нима бўлади? — деди Робия опа.
— Давлатга топширади.
— Шундай қилса бўладими?
— Нега бўлмайди, бўлади. У ерда гўдакни аёллар сути билан маълум муддат боқишгач, гўдаклар уйига топширишади ёки уни ўша ернинг ўзидан бефарзанд кишилар фарзандликка олиб кетишади.
— Ақлли одамнинг садағаси кетсанг арзийди, — деди Парпи ака. — Менинг бошим қотиб қолган эди. Яхши йўлини айтдингиз, шундай қиламиз.
Қудаси кетгач, Парпи ака хотинига деди:
— Эрталаб қизингнинг олдига бориб айт, ҳаромисини туғруқхонага ташлаб чиқсин.
— Кўнармикан?
— Кўнмаса кўндирасан-да, онасан-ку!
— Шавкатнинг ота-онаси билан ўзингиз бир бориб гаплашсангиз қандай бўларкин, адаси? Ахир, бола ўшаники-ку.
— Бўладиган гапни гапир, хотин! Мен эркаклик ғуруримни ерга уриб, у хонадон эшигига бормайман.
— Бўлмаса мен борақолай.
— Сен ҳам бормайсан. Қизинг у хонадонга ортида “бузоқча”си билан бориб бахтли бўлмайди.
Эрталаб Робия опа яна туғруқхонага бориб, бош шифокор Умида Қодировнанинг хонасида қизи билан учрашиб, унга отасининг таклифини айтди.
— Йўқ, — деди шунда Шаҳло. — Боламни туғруқхонада қолдирмайман. Аҳмоқлик қилганимни тан оламан. Энди эса ҳам эр, ҳам фарзанддан жудо бўлиш мен учун оғир.
— Сен калта ўйлаяпсан, қизим, бизларни ўйламаяпсан. Отанг билан олти фарзандни емай едириб, киймай кийдириб ўстирдик. Мана, опанг ёмон оилага тушмади, икки фарзандлик бўлиб, биб-бинойи яшаб ўтирибди. Эрта-индин уканг ҳам ҳарбий хизматни тугатиб қайтади. Уни ҳам яхши бир оиланинг қизига уйлантириш ниятимиз бор. Ота-онамнинг орзулари ушалсин, эл-юрт олдида бошлари ерга қарамасин, онам берган оқ сути учун мендан рози бўлсин, укаларимнинг бахтига зомин бўлмай десанг, болангни давлатга топширасан.
— Ундай қилмайман. Уйга ҳам бормайман, алоҳида яшайман.
— Кўчада орттирган ҳароминг билан ким сенга эшигини очиб турибди? Ё болангни дейсан, ё бизни дейсан, гап тамом.
— Боламни дейман.
— Ахир, у ҳароми-ку, ҳалол бўлса майли эди.
— Ҳаром бўлса ҳам унда менинг қоним бор. Нега мен ўз қонимдан бўлган боламни бировга берар эканман. Мен уни тўққиз ой қорнимда олиб юрдим. Не азоблар билан туғдим. Бола туғиш осон эмас экан-ку!
— Хўп, туғруқхонадан боланг билан чиқиб, қандай яшамоқчисан? Ижара уй топарсан, ош-нонни, кийим-бошни сенга ким беради?
— Бир ризқимни кўрарман… Гадойлик қилиб бўлса ҳам боламни боқиб оламан. Ортиқ эрга тегмайман. Дунёдан шу болам билан ўтаман.
— Ҳа ергина юткур, қайсар! — Робия опа қизини қулочкашлаб урмоқчи бўлганида, хонада она-боланинг гапига жимгина қулоқ солиб ўтирган Умида Қодировна Робия опанинг қўлидан маҳкам ушлаб, уни яхши гаплар билан юпатди.
* * *
Робия опа уйига кириб борганида, Парпи ака ҳовлидаги сўрида бир ўзи хаёл суриб ўтирарди. У хотинига тикилиб:
— Нима бўлди, ташлаб чиқишга кўндими? — деди.
— Йўқ.
— Нима қилармиш?
— Бу ерга келмасмиш, боласи билан алоҳида яшармиш.
— Ҳа лаънати, оқпадар!
— Билмадим, бу қизингиз кимга ўхшади, адаси, зотимизда бундайлар йўқ эди-ку?
Парпи ака қозондаги ёғдай чатнаб ўтирганди. Хотинининг гапи энсасини қотирди.
— Нега зотингда йўқ бўлади? — деди беихтиёр заҳархандалик билан. — Амманг-чи, амманг?! Норбек раисга иккинчи хотин бўлган-ку.
— Энди осилмаганингиз менинг қари аммам қолдими?! — деди бирдан Робия опанинг ранги бўздай оқариб. — Алмисоқдаги гапни ўйлаб топганингизни қаранг. Аммам Норбек раисга иккинчи хотин бўлган бўлса, раис уни никоҳлаб, ҳалоллаб олган.
— Аввал амманг Норбек раисга ўйнаш бўлган. Ҳомиладор бўлиб қолгач, никоҳлаб олган.
— Ёнган юрагимни қўланса гапларингиз билан баттар куйдирманг! Аммам ёмон экан, нега унинг жияни билан яшаб юрибсиз, одамнинг номарди?! Мени қўйиб юбориб, тагли-зотлигидан олсангиз бўлмасмиди!
Парпи ака сўридан тушиб, хотини ёнига келди. Унинг важоҳати қўрққулик эди.
— Ким номард?
— …
— Мана номард! — Парпи ака хотинини тарсакилаб юборди. — Хали сени ҳам, бузуқ қизингни ҳам болта билан чопаман!
Робия опа юзини икки қўли билан ушлаганча уйга кириб кетди. Ичкаридан унинг: “Турмуш қурмай мен ўлай! Фарзанд ўстирмай мен ўлай!” — деб йиғлагани эшитилди.
Оқшом мактабдан қайтган Нилуфар онасининг ичкари уйда ётганини кўриб:
— Сизга нима бўлди, ойи? — деди.
— Сал тобим бўлмади, — деди Робия опа сир бой бермай. — Бугун кечки овқатни сен тайёрлайсан. Укаларинг оч-наҳор қолишмасин.
Нилуфар мастава пишириб, онасининг олдига олиб кирганида ичмади.
Болалар одатдагидан анча барвақт ухлагани ётишди.
Парпи ака тонг саҳарда туриб, товуқларга дон олиб келгани бозорга кетди.
Нилуфар эрталаб чой дамлаб, дастурхон ёзиб, онасини ўйғотгани ичкари уйга кириб, бақириб ташқарига югуриб чиқди. Робия опа ўрнида жонсиз ётарди.
Жасадни шифохонага олиб боришди. Шифокорлар уни текшириб кўриб, марҳум юрак хуружи натижасида вафот этган, деб хулоса қилишди.