Муҳаммадшариф Сўфизода ўзбек демократик ва маърифатпарварлик даври адабиёти анъаналарини давом эттирган адиблар сирасига киради. Адибнинг таваллуд тарихи шу вақтгача 1869 йил деб кўрсатиб келинган. Буюк Аҳмад Муҳаммад Убайд («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1993, 23 июл) берган янги маълумотга кўра, Сўфизода ўз таржимаи ҳолида: «Мен 1880 йил 29 январь кунида Чуст шаҳридаги кўнчигарлик жамоасида туғилганман»,— дейди. Унинг шахсий ишидаги савол варақасида берилган маълумот ҳам шуни тасдиқлайди. Унда: «Сўфизода 1880 йилда камбағал деҳқон оиласида туғилган, маълумоти ўрта, асосий касби ўқитувчилик, қилиб турган вазифаси ва иши шоирлик бўлиб, оиласи 8 жондан иборат», деб кўрсатилган.
Сўфизоданинг адабиётга ихлоси эрта уйғонган. У онаси Зайнаб хола хоҳишига кўра, қўшниси Манзура отиндан хат-савод ўрганиб, эски мактабда таълим олган. Айниқса, зукко ва хушовоз Манзура отин айтган эртак, достон ва қўшиқлар ёш Муҳаммадшарифда адабиётга ҳавас уйғотган. У Ҳофиз, Бедил, Алишер Навоий, Муқимий, Фурқат каби алломалар ижодини чуқур ўзлаштириб, шеърлар машқ қила бошлаган. Тошкентда чиқадиган «Туркистон вилоятининг газети» каби Қозон, Оренбург ва Боқчасаройда чиқадиган нашрлар билан қизиққан. Боку ва Тифлисда чоп этилган озар тилидаги асарларни мутолаа қилган.
1893—1899 йилларда у Қўқонда яшаб, Муқимий, Фурқат таъсирида «Ваҳший» тахаллуси билан ҳажвий асарлар яратди. Унинг айниқса, «Дакананг», «Бедананг», «Айтинг бу сўзимни», «Ўпай», «Ғубор дарду олам» каби ҳажвий ва лирик ғазаллари эътиборга лойиқ. Бироқ, ҳали Муқимий ҳажвияси зарбидан қутулиб улгурмаган замона ҳокимлари ёш Муҳаммадшарифнинг кескин танқидига қарши ҳужум бошлайдилар. Оқибатда, у 1899 йили Қўқондан Чустга қайтиб келади. Орадан икки йил ўтгач, уни амир-амалдорлар даҳрийликда айблаб, қатл этишга ҳукм чиқарадилар.
Сўфизода «Чустдан қочиб, Мир вилоятига ташриф қилиб, муддати 14 йил ҳар мамлакатда юруб» («Туркистон вилоятининг газети», 1914, 10-сон) умр кечиради. Худди шу йиллар (1900-1914) Сўфизода ижодининг янги босқичини ташкил қилади. У «Аввал Бокуга бориб, Жалил Қулизода, Собир Тоҳирзода, Муҳаммад Ҳодий каби озарбойжон адабиётининг тараққийпарвар вакиллари билан танишади. Сўнг Арабистон, Ҳиндистон ва Туркия мамлакатларида бўлиб, оддий халқ ҳаётини кўради. 1910-1913 йилларда Қўнғиротда муаллимлик қилади, маърифатпарварлик руҳидаги шеърларини ёзиб, Боку ва Оренбургда чиқадиган газета ва журналларда тез-тез кўрина бошлайди. Унинг шу йилларда яратган шеърлари орасида айниқса, «Ўзбек хонимига», «Хонимлар исминда», «Ватан», «Муслималар» асарлари диққатга сазовордир.
Сўфизода 1913 йилда Чустга қайтиб келиб, етим болалар учун мактаб очади ва унда муаллимлик қилади. Дунёвий фанларни енгил ва янги усулда ўргатишга бел боғлайди. Айни чоғда айрим шариат пешволарини, бой-амалдорларни ҳажв қамчиси билан савалайди. Бунга чидай олмаган ҳоким синф вакиллари уни ўлдириш пайига тушадилар. Буни сезган шоир 1915 йили яна хорижий мамлакатларга кетишга мажбур бўлади.
Бу сафар давомида у дастлаб Ҳиндистон, сўнг Афғонистонда ўқитувчилик билан машғул бўлади. 1918 йилда Афғонистон маориф вазирининг ўринбосари сифатида Туркистон (Тошкент)га келиб, афғон ваколатхонасида тилмоч бўлиб ишлайди. Сўфизода ўз Ватанига қайтиб келгач, яна ҳажвий шеърлар ёзишда давом этади. У мунофиқ раҳбарлар ва ғанимлар қаршилигига дуч келса ҳам ўз халқига хизмат қилишдан заррача тўхтамайди. Унинг асарлари «Қизил Ўзбекистон», «Муштум», «Фарғона» каби газета ва журналларда тез-тез босилиб туради.
1925 йил 13 августда «Фарғона» газетасида «Хушчақчақ қаламлар» сарлавҳаси остида унинг бир қатор ҳажвий шеърлари чоп этилади. Унинг «Ҳақиқатдан кўз юмганлар», «Қалайсизлар?», «Сайловга» каби шеърларида ўша суронли йиллар нафаси эшитилади. 1934 йилда эса Сўфизода «Байрам нашидалари» номли достонини ёзган.
Сўфизодага ўзбек адабиёти олдидаги хизматлари учун Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан бир кунда 1926 йил 27 февралда Ўзбекистон ҳукумати қарори билан «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилган.
У 1937 йилда «халқ душмани» сифатида отиб ташланади.
Афсуски, Ғайратий муҳаррирлигида нашрга тайёрланган сайланма шеърлари шоирнинг 1937 йилда қамоққа олиниши муносабати билан эълон қилинмай қолган ва куйдириб юборилган. Унинг «Тарона» сарлавҳали ягона шеърлар тўплами 1968 йили нашр этилган.
* * *
Ғубор дарду алам сийналарни қилди фигор,
Фигор қилғуси, албатта, заҳру зангу ғубор.
Чу дор остида қолдим, тараҳҳум айла, нигор,
Нигор қилса ғазаб, лозим ўлмасунму чу дор.
Шиори шуълаи шавқингда майл бўлди наҳор,
Наҳор васлинг учун ҳажр шом топди шиор.
Фанор ёқса мусаффо бўлур Яману Ясор,
Ясор бирла баробар қилур Ямандан фанор.
Ки зор Сўфини бебаҳраси ҳамиша мазор,
Мазор баҳравари шулки, ҳақ йўлини кезор.
Қиморхонага кирганда дов қўйса на ор,
На ор жонни қўйиб, ишқ йўлинда ўлса қимор.
Анор донасидек ҳасратим қатор-қатор,
Қатор риштаи назмимга (боз) терилди анор.
Бу зор Ваҳшини қадрига Шамси ҳожи етар,
Етар ҳам ани қадрига хўп яхши бу зор.
* * *
Хоним, суюкли сочинг вор, на суд шонаси йўқ,
Очиб десам сўзими маърифат нишонаси йўқ.
Ҳилола бенгзар у қошларки, сенда вор анжақ,
Зиёси миллат учун партави махонаси йўқ.
Ёзув ғизолини сайёд кўзларинг танимас,
Масалда ворки, анинг доми вору донаси йўқ.
На хайр умед эдилур қирмизи ёноқлардан,
Ҳижоб одат эмиш бошқа бир баҳонаси йўқ.
Тилинг такаллума зангин вале фасоҳатисиз,
Бу бир ғани кабидир миллата ионаси йўқ.
Қулоқларингда гўзал гушвора вор, аммо —
Қувоъи сомеаи нутқи шоиронаси йўқ.
Баёз аллар ила инжа-инжа бармоқлар
Санга верурмиш экан фазли котибонаси йўқ.
Гетуб макотаба касби камола иқдом эт,
Жамоли махза ғурур этманинг замонаси йўқ.
Жаҳон жамиласи ўлсун адиба ўлмасса,
Демак ўлур у қизинг зийнати замонаси йўқ.
Насл таассуф эдилмас шу ҳола, ой қизлар,
Ватанни халқларини маърифатли онаси йўқ.
Сабаб надур, душунинг, Оврупо усулинча
Биз ўйла қуш кабимиз, вале ошиёнаси йўқ.
ГАЗЕТА ТЎҒРИСИНДА
Яшнатиб дил ғунчасин, фасли баҳор айлар газет,
Сув бериб кўнгул боғини сабзавор айлар газет.
Шарқдан Мағрибгача бўлғон ҳаводисни ёзиб,
Не гўзал марғуб хабарлар ошкор айлар газет.
Кўб ўқур бўлсанг, бўлурсен эл аро чун нуктадон,
Сўзлаганда сўзларингни беғубор айлар газет.
Гоҳи-гоҳи келмайин қолса ўзининг дўстларин
Шавқида телмуртириб кўп интизор айлар газет.
Чиқса бир хурсандлик сафҳасида дарж ўлуб,
Фикри завқ-ла қалбни беихтиёр айлар газет.
Э нехушким, халқимиз суймакда кун-кундан сени,
Бир вақт зарларни бошингдан нисор айлар газет.
Ноумид бўлма, чиқар бир кун ҳақиқий дўстларинг,
Ёрдам айлаб, муштарийни бешумор айлар газет.
Йўқсул эл аҳволидан гар сен ёзиб берсанг хабар,
Дарж этиб бу йўлга жалби эътибор айлар газет.
Гар қорайғон дил, тўнук руҳларга бердикчи зиё,
Бўлгани жон доимо бошқа тумор айлар газет.
ВАТАН
Ватан ҳолиндан ўтру кўзларим сақфинда қон оғлар,
На ёлғиз кўзларим мажруҳ ўлан жисмимда жон оғлар.
Салоҳи хоним он фикринда оғлар хонадонлар чўх,
Фақат баи ошкоро оғларам, онлар ниҳон оғлар.
Қироатхона-у шўродағи мактаб-ла ҳар балда,
Бу кун маъмур экан Фарғона беному нишон оғлар.
Муборак мамлакатлар бир тақим ҳайвонлара ҳоло.
Чарогоҳ ўлдуғундан ноши еру осмон оғлар.
Эвет, инсон сайилмаз ўлмаянлар исмина мазҳар,
Масал вор бизда: «Виждонсизларинг оғзида нон оғлар».
Чиқиб курсида воиз онлара сотдуқча ризвони,
Ҳалосиндан жаҳаннам шод ўлур, боғи жинон оғлар.
Жаҳондан маҳв ўлиб ул қаҳбалар бир кун кетар онжақ,
Мисоид аср ичинда фавт ўлан ушбу замон оғлар.
Ёзуқ олий Ватан ўксиз каби бир ҳолда душмушким,
Агар таҳрир эдарсан, хомаи мўъжиз баён оғлар.
Шариф ўлмас у масканки, шариф ўлмас эса сокин,
У танбалларки, вор устинда яъсиндан макон оғлар.
* * *
Кириб ваҳдат хумига носаводлиқни рангланглар,
Ки қилмоқ ошнолиқ боридин ғайри-ла тангланглар.
Қаю мазҳабда аҳли ишқин қатли эрур вожиб?
Мусулмонлиғ агар шул бўлса, мўъминлар парангланглар.
Буни масжид деюрлар, на само аҳлиға манзилдур,
Боринг, эй сўфилар, эшшак каби саҳрода ҳангранглар.
Ҳазар қилманглар, эй аҳли муҳаббат, муҳтасиблардан,
Кириб рағбат ила кунжу харобот ичра бангланглар.
Начун қўймас экан(лар) бизни май ичгали зоҳидлар,
Қиличлар қўлга олиб, бу фасод аҳлига жангланглар.
Биҳамдиллоҳки, ишқинг журъасига сарбаланд ўлдум,
Бу базм ичра кишиким кирса тийру тапангланглар.
Қилибдур қози шаръи иҳтисоб аҳли муҳаббатни
Туринг бу беадабни бошига бир неча сангланглар.