Озод Шарафиддинов. Нажот — ҳамкорликда (Салмон Рушдига очиқ хат) (2003)

Жаноб Салмон Рушди!
Мен «Шайтон оятлари» деган асарингиз важидан бўлган можаролар туфайли биринчи марта номингизни эшитгандим. Ўшанда шариат судининг сиз тўғрингиздаги ҳукми аввалига менда норозилик уйғотган эди, лекин асарингиз билан танишиб чиққанимдан сўнг сизни оқлаш учун етарли асос топа олмадим. «Шайтон оятлари» ҳар қандай мусулмоннинг энг муқаддас диний туйғуларини таҳқирлайдиган асар экан. Ўшанда сиз шариат ҳукмидан қочиб, Англияда бошпана топдингиз. Менда эса ортиқ бошқа асарларингиз билан танишишга иштиёқ қолмади.
Орадан йиллар ўтди. Яқинда «Нью-Йорк таймс» газетасида мақолангизга кўзим тушди. Орадан шунча сувлар оқиб кетди. Шу одамда ҳам қандайдир ўзгаришлар содир бўлгандир, деган ўй билан мақолангизни қўлга олдим. Афсуски, ундай бўлиб чиқмади: «шафқатсиз, тошбағир ислом»ни фош этиш жазаваси ҳамон сизни тарк этмапти. Мақолада Нигерияда яқинда «Жаҳон ойим» танлови атрофида бўлиб ўтган воқеалар, зино қилган нигериялик мусулмон аёлнинг тошбўрон қилишга ҳукм этилгани, Эронда юқори рутбалик дин арбоби тўғрисида қалтис гапсиятгани учун ўлимга ҳукм қилинган йигит, голландиялик мусулмон аёлнинг эркаклар зулмидан шикоят қилгани учун таъқибга учрагани тилга олинган. Мақолада миср¬лик Муҳаммад Субҳининг яхудийларга қарши кайфиятдаги кўп серияли филми ҳам эътибордан четда қолмаган. Табиийки, ислом зулмидан жабр кўрган одамлар сафига ўзингизни тиркаб қўйишни ҳам унутмабсиз. Ҳа, буларнинг ҳаммаси факт. Афтидан, уларнинг сонини янада кўпайтирса бўлади. Улар бир ипга тизилиб, бугунги «ёвуз, ғаддор, бутун дунёни бесаранжом қилиб турган ислом»нинг ёқимсиз сиймосини яратишга хизмат қилади. Албатта, жаҳон матбуотида исломга қарши ёзилган бунақа мақолалар кўп. Бу мақолани: «Ҳа, энди аламзада бир одам яна дардини айтиб йиғлаяпти-да» деб, индамай қўя қолса ҳам бўлаверар эди. Аммо мақола қай бир даражада «ислом зиёлилари»га мурожаатга ўхшаб кетади. Сиз мақолангизда келтирилган далиллардан ислом фанатизми ҳақида, фундаментализм ва экстремизм тўғрисида умумлаштирувчи хулосалар чиқарасиз ва зиёлиларни бу иллатларга қарши фаол курашмаётганликда айблайсиз. Сизнингча, ислом зиёлилари бугун деспотизм шароитида қулларча мутеълик билан ҳаёт кечирмоқда, сиз уларни «зиндонлар эшикларини парчалаб», тафаккурни эркинликка олиб чиқишга даъват қиласиз. Ҳатто қизишиб кетиб, исломни янгилаш, «замонавийлаштириш» тўғрисида «қимматли» маслаҳат беришдан ҳам тийилмабсиз. Чиндан-да тан бермасдан илож йўқ — кўп асрлардан бери миллиардлаб одамларнинг қалбини нурлантириб келаётган жаҳон динларидан бирини ўзи тўқиб чиқарган айбларни тақиб, уни «янгилашга» чақирмоқ учун ё одамнинг отнинг каласидек юраги бўлмоғи, ёхуд, жинни-пинни бўлиб қолмоғи керак. Яхшиси, бу гапларни қўйиб, асосий масалага кўчайлик.
Ўзингиз сезиб турган бўлсангиз керак, жаноб Рушди, бу мактубни ёзишдан мақсад на ислом, на унинг зиёлиларини ҳимоя қилиш эмас. Улар менинг ҳимоямга муҳтож эмас. Негаки, ислом зиёлилари ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам истанг аниқ фанлар соҳасида, истанг фалсафа, адабиёт ёхуд руҳоният бобида жаҳон тамаддунига жуда катта ҳисса қўшганлар ва қўшмоқдалар. Исломнинг ниҳоятда мукаммал, таъсирчан ва юксак даражадаги диний тизим экани ҳам аллақачон инсоният томонидан эътироф этилган. Ҳатто бугун ҳам — дунёнинг турли гўшаларидаги енгил шуҳрат ишқибозлари исломни жон-жаҳдлари билан қоралаб ётган бир шароитда Ж.Кусто каби буюк олимларнинг исломни қабул қилгани ёхуд бу диннинг Япония каби тараққий этган мамлакатда тобора кенгроқ тарқалиб бораётгани унинг қудратидан ва жозибасидан дарак бериб турибди.
Лекин таассуфлар бўлғайким, бугунги кунда исломга тош отаётган, йўқ иллатларни зўр бериб унга ёпиштираётган, номусулмон юртларда унга қарши нафрат туйғусини ҳосил қилишга уринаётганлар кўпайиб қолди. Ҳар хил шуаро-ю адиблар, сиёсатчилар, катта-кичик давлат арбоблари «ислом фактори», «ислом хавфи», «ислом терроризми», «ислом экстремизми», «ислом фанатизми» ва шунга ўхшаш «измлар» ҳақида кўп гапирадиган бўлиб қолишди. Мана, сиз ҳам бу гапларнинг чинлигига астойдил ишонасиз, шекилли, калта ўйлайдиган ва билиб-билмай ҳовлиқадиган одамларнинг қарашларини тасдиқлайдиган мақола ёзибсиз. Ачинарли жойи шундаки, бу ола-қуроқ шовқин-суронда баъзан тузук-тузук одамларнинг ҳам овозлари эшитилиб қолади. Афтидан, талвасага тушган одамларнинг жазаваси юқумли бўлади, шекилли, баъзи бировлар кўп йиллик касб-корларини қўйиб, этакларини тошга тўлдиришга киришадилар. Масалан, машҳур шахматчи Каспаров Олмоняда чоп этилган, сўнг «Труд» газетасида қўчириб босилган суҳбатида исломга нисбатан ўта душманлик руҳида гап айтибди. У ёзади:
«Исломга қарши салб юришини бошлаш керак эмас. Бироқ мусулмон дунёсининг бир қисми, жангари фундаменталистлар бизга уруш эълон қилди, биз ҳам уларга жаъмики шафқатсизлик билан жавоб бермоғимиз лозим. Бизнинг душманларимиз террористларгина эмас, уларни қўллаб-қувватловчилар ҳамдир.» Билмадим, Каспаров жаҳон биринчилигини ютқазиб қўйиб, бу гапларни алам устида айтганми, ҳар ҳолда гапининг оҳангидан қўлида атом бўмбаси бўлса, уни ўша «душманлари» бошига ташлашдан ҳам тоймайдиган кўринади. Тавба дегим келади — билмаган нарсага аралашмоқ не керак, шахмат ўйнаб юраверган яхши эмасми?
Билмадим, одамларнинг мудом тили қичиб турадими ёхуд қўли қичийдими, ҳарҳолда, кўпчилик борига қаноат қилиб, тинчлик билан умргузаронлик қилишни билмайдилар ёки истамайдилар. Яқин-яқинларда учинчи минг йилликни кутиб олишда ХХI аср ниҳоят тинчлик асри бўлишини, одамларга ақл кириб, ихтилоф-у низоларни қўйиб, тинч-тотув яшамоқларини орзу қилган эдик. Афсуски, орзумиз ушалмади. Бу асрни ҳам бўмбаларнинг портлаши, милтиқларнинг қасир-қусури, ракеталарнинг қашқир мисол чийиллашлари билан кутиб олдик. Инсоният бирон хавф-хатарга қарши курашмаса туролмайдиган бўлиб қолганга ўхшайди. Ҳаётда бундай хатар бўлмаса, уни ўзи ўйлаб чиқаради. Мана, ҳозир ҳам — ўйлаб чиқарилган ислом хавфи, яшил хатар… Ҳолбуки, аслида ислом хатари йўқ нарса — ислом тинчлик, тотувлик, аҳиллик дини. У биронта динга ёки биронта сиёсий тузумга қарши эмас, унинг биронта ақидаси, биронта қонун-қоидаси, бирон ғояси урушга чақирмайди, зўравонликни мадҳ этмайди, зулмни оқламайди. У одамларни фақат покликка, тўғриликка, инсофга, адолатга ундайди. Фанатизм ёхуд фундаментализм, терроризм ёхуд экстремизм деганлари исломнинг моҳиятига тааллуқли эмас, балки исломни талқин қилувчи одамлар савияларидан, билим даражаларидан, манфаатларига кўра шунга ўхшаш иллатларни вужудга келтириши мумкин. Шуни ҳам айтмоқ керакки, бу иллатлар номусулмонлар ўртасида ҳам кўп.
Яқинда Россия президенти В.В. Путин фуқаролар билан телемулоқотда терроризм ва ислом ҳақидаги масалага жуда донолик билан жавоб берди. У бу икки тушунчани бир-биридан кескин ажратиш керак, деган фикрни айтиб, террористларни тавсифлаш учун хитойларнинг ажойиб бир иборасини келтирди: террористлар кўкрагида сути бор ҳар бир хотинни «онам» деб орқасидан югурадиган одамлар. Уларни фарқлаш жуда-жуда муҳим, акс ҳолда, номусулмон омманинг онгида ислом дунёдаги ҳамма ёвузликлар, ҳамма иллатларнинг жаъмул жами сифатида гавдалана бошлайдики, бу ҳозир баъзи жойларда кўринаётганидай, қонли можароларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Зўрлик эса ҳамиша зўрликни туғдиради. Бунақа учқунлардан шунақа гулхан пайдо бўлиши мумкинки, унинг ёлқинларида Шарқ ҳам, Ғарб ҳам куйиб кул бўлиши ҳеч гап эмас.
Жаноб Рушди! Мен сизга насиҳат қилиш фикридан жуда узоқман. Шунингдек, сизга ақл ўргатмоқчи ҳам эмасман. Шунинг учун ҳаммага яхши таниш бўлган маълум гапларни кўпроқ гапириб юборганим учун мени маъзур тутасиз.
Ўйлашимча, номусулмон зиёлилари билан ислом зиёлилари бир-бирларига таъна тошларини отишдан тийилиб, гинахонликни йиғиштириб қўйиб, бир-бирларини тушунишга, бир-бирларига дилкаш ва дардкаш бўлишга ҳаракат қилмоқлари керак. Бир-бирини қоралаш, бир-бирига зуғум қилиш йўли муқаррар тарзда боши берк кўчага олиб киради. Унда «борса келмас» жойлардан қайтиш анча оғир кечади.
Мана, биргина мисолни олиб кўрайлик. Сизнингча, мусулмон дунёсида аёлларнинг аҳволи мутлақо ўзгаришсиз — улар ҳали ҳам ичкарининг қули, эркаклар улар устидан зулм ўтказади, улар ҳамма ҳуқуқларни тортиб олган, аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги масаласи эса кун тартибига қўйилган ҳам эмас. Шунинг учун зудлик билан аёлларни оврўпача озодлик билан таъминламоқ керак.
Бу ўринда бундай қарашларнинг нотўғрилигини айтиб, аёллар масаласида шариат ҳуқуқининг қонун-қоидаларини баён қилишга киришсам, бир эмас — бир нечта мақола ёзишга тўғри келарди. Шахсан мен аёл ва эркакнинг тенг эмаслигини ва ҳатто тенг бўлиши мумкин эмаслигини ёқлайман. Тўғрироғи, инсоний ҳуқуқлар нуқтаи назаридан улар тенг бўлиши керак, албатта, аммо ҳаётда тутган ўрни жиҳатидан, зиммасига юкланган олий ва илоҳий вазифаси жиҳатидан, оналиги жиҳатидан у эркакдан беқиёс юқори туриши керак. Шунинг учун тош кўтарган, футбол ўйнаган, боксда бир-бири билан муштлашган, ўзаро кураш тушган хотинларни кўрсам ғашим келади, ҳатто ғазабим қўзийди. Чунки табиат қонунларига амал қилмоқ — эркак эркакнинг, аёл аёлнинг ишини қилмоғи керак, деб ҳисоблайман. Негаки, мен ҳар қанча зиёли бўлмай, томирларимда бироз бўлса-да шарқона ёхуд мусулмон қони оқади, яъни аёл киши эркакча ишласа, рўзғор аравасини бир ўзи тортса, ортиқча кучанса, зўриқса, бунга ор қиламан. Юртимизнинг бошқа кўпгина эркаклари каби менинг ҳам қон-қонимга ва ҳатто қонимдан ўтиб, ирсиятимга сингиб кетган бир ақида бор — рўзғоримни бутлаб қўйиш, аёлимни ҳеч нарсага зориқтирмаслик, унинг шойиста ҳаёт кечирмоғи учун зарур шароитни таъминлаб боришни ўзимнинг бирламчи бурчим деб ҳисоблайман. Бизда эркак одам эркаклиги билан эмас, биринчи навбатда, аёлмандлиги, оиласидаги аёлларга ғамхўрлиги билан белгиланади. Бу ақидалар кеча пайдо бўлган эмас, улар асрлар синовидан ўтган. Шунинг учун бўлса керак, аёлларимиз ҳа деганда оврўпоча эркинликка интилавермайди, эркакларнинг «зулми»га, ичкари «тутқунлиги»га чидаб яшайди. Кўринадики, бизда бу масалалар аллақачон бир шаклга тушган ва маданий менталитетимизнинг узвий қисмига айланган. Бу ўз навбатида бизнинг ҳаёт фалсафамизни ҳам, ахлоқий-маънавий қадриятларимизни ҳам белгилайди. Шунинг учун биздаги эмансипация ҳам ўзимизга хос ва ўзимизга мос шаклларда амалга ошади.
Мен оврўпоча эмансипация қандай бўлиши кераклиги тўғрисида йўриқлар бермоқчи эмасман — бунинг фойдаси йўқлигига ақлим етади, лекин бу масалада баъзи фикрларим борки, уларни айтмай туролмайман.
Оврўпода ва, айниқса, Россияда хотин-қизлар эмансипацияси уларни «ижтимоий-фойдали меҳнатга» жалб қилиш шиори остида ўтди. Фақат завод ва фабрикаларда, кон ва қурилишларда, далалар ва боғларида ишлаган аёлларгина чинакам озод аёллар, деб ҳисобланди, қолганлари эса, масалан, уйда ўтириб, 4-5та болани тарбиялаб, вояга етказган аёл ичкарининг ёки оиланинг тутқуни ҳисобланди, негаки, у «фойдали меҳнат билан» машғул эмас эди. Шундай қилиб, ХХ аср бошларида, миллионлаб аёллар оиладан ажратиб олиниб, бевосита ишлаб чиқаришга жалб қилинди. Албатта, аёллар ишлаб чиқаришда эркаклар билан баравар бўлмаса-да, бир қатор ҳақ олдилар ва эҳтимол, бу пуллар уларнинг рўзғорида жуда асқотгандир. Лекин шу билан бир қаторда ишлаб чиқаришдаги эркин аёл эркакча сўкишни ўрганди, ичкиликка ружу қўйди, чека бошлади, юриш-туришида ўз-ўзидан аёллик тароватини йўқота бошлади. Бунақа «озодлик»нинг ҳисоб-китобини қилиб улгурмасдан, шаҳвоний инқилоб бошланди. Оврўпо мамлакатларида бошланган бу ғайри инсоний ҳодиса чўл ёнғинидай бир зумда Россияга ҳам етиб келди ва бу ердаги аёлларнинг қолган-қутган латофатларини ҳам куйдириб битирди. Натижада, аёлларнинг бети қотиб кетди, улар ҳам, эркаклар ҳам уят ва ҳаёни йиғиштириб қўйиб, ишрат масалаларини очиқдан-очиқ, бепарда, беибо сўзлар билан муҳокама қила бошлашди. Оврўпода ва кейинги ўн йиллар ичида адабиётда шунақа бепарда гаплар айтилди, шунақа шармандали шаҳвоний вазиятлар ошкора тасвирландики, уларни кўрса ҳатто машҳур Маркиз де Сад ўз асарларида ишрат масалаларини нечоғли ношудлик билан тасвирлаганини кўриб, хижолатдан яна бир бор ўларди.
Наҳотки, «аёл озодлиги» деган юксак тушунча илиққан жойда қовушиб кетавериш имконидан фойдаланиш бўлса? Наҳотки, озод аёл “бир тўшакда бир вақтнинг ўзида ҳам эрим, ҳам ўйнашим билан бирга ётишни истайман», деб баралла айтса?
Мен биламан — ишқий масалалар муҳим, мураккаб, турфа хил масала, лекин у интим ҳодиса-ку? Худо (истаганлар, майли табиат десин) инсонни яратганда уни ҳайвондан фарқ қиладиган қилиб яратган. Шунинг учун унга ҳаё, уят, ибо каби сифатларни берган. Бу сифатлар асрлар давомида инсоннинг инсонлигини сақлаб келган ва инсониятни қанчадан-қанча фалокатлардан, бало-қазолардан, чириш-иришлардан асраб келган.
Энди эса биз инсонликнинг ана шу муҳим сифатини улоқтириб ташлаб, яна ҳайвонлик палласига қайтмаяпмизми? Масаланинг бошқа томони ҳам бор — «эмансипация» пардаси остида бузуқлик, фаҳш, шаҳватпарастлик жуда кенг тарқади — бунинг оқибатида «муҳаббат» деган қадриятдан путур кетди, жамият асосини ташкил қилувчи оила заифлашди, қўйди-чиқди кўпайди, туғилиш камайиб, бутун бошли миллатлар учун йўқолиб кетиш хавфи кўрина бошлади, болалар тарбияси ёмон аҳволга тушди, СПИД кучайди, наркомания кенг тарқала бошлади. Бу нохуш, тўғрироғи, ҳалокатли воқеалар осмондан тушгани йўқ ёки мусулмон жамиятларидан юққан ҳам эмас.
Шундай бўлгандан кейин, ҳали фурсат бутунлай бой берилмасдан олдин зиёлилар йиғилиб, шундай масалаларни ошкора муҳокама этсалар, боши берк кўчадан чиқиш йўлларини изласалар бўлмайдими? Бу дунё ҳисоб-китобли дунё — ҳамма нарсанинг ҳақини тўлаш керак. Озодлик учун ҳам, роҳат-у фароғат учун ҳам, шаҳватпарастлик учун ҳам… Бутун шарқ файласуфлари, мусулмон мутафаккирлари, фақат уларгина эмас, бугун панд-насиҳатлари ва ўгитлари бутунлай унутиб юборилган улуғ юнон донишмандлари ҳам одамларни бежиз нафсни тийиб яшашга чақиришган эмас.
Менинг назаримда, бугун жаҳон яна бир қийин танлов олдида турибди — у ё ихтилофлар йўлини танлайди, яна бир-бирининг тагига сув қуйиш йўлидан, ҳасад ва бахиллик йўлидан боради ва боши берк кўчага кириб, кўп овораи сарсонликларни бошидан кечиради, ёхуд низолар, ихтилофларни бутунлай йиғиштириб, аҳиллик, биродарлик, қардошлик йўлига киради. Бошқа илож йўқ. Путиннинг яна бир иборасидан фойдаланаман: биз ҳаммамиз — оқтанлилар ҳам, қора танлилар ҳам, сариқлар-у ола-булалар ҳам, католиг-у православ, шиа-ю сунний, буддавий-ю маъжусийлар — ҳамма-ҳаммамиз шу курраи заминда яшаймиз. Шоирнинг таъбири билан айтганда, у Қуванинг анорича келаркан, анча мўрт экан, арзимаган нарсадан нобуд бўлмоғи мумкин экан. Курраи заминимизни, яъни ўз уйимизни омон асраб қолмоқ учун ҳам, ўзимизнинг ўз уйимизда эмин-эркин яшамоғимиз учун ҳам бир-биримизга бир оиланинг аъзоларидек муомала қилмоғимиз, иноқ ва аҳил бўлмоғимиз керак.
Нажот ҳамкорликдадир!
Бунга эришмоқ учун эса бутун жаҳон зиёлиларининг хизмати катта бўлмоғи керак!

Камоли эҳтиром билан
Озод ШАРАФИДДИНОВ
Тошкент

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 1-сонидан олинди.