Ё етарман мақсадимнинг чўққисига охири…
Ибн Сино
Мен ҳаётда ҳали ҳам шундай одамлар борлигини бировдан эшитганимда, ишонмас эдим. Ўзим кўриб, гапларини қулоғим билан эшитгач, бандаси феъли, аъмоли, қатъиятию бирсўзлигига умр бўйи собит тура олишига ишонч ҳосил қилдим.
Ундаги ёввойи бир виқор, мағрурлик нишоналари оддий одам қавмидан эмаслигини кўрсатиб турар эди…
* * *
– Ҳозиргина одам жўнатдим, Муқим тоға келади, – деди Баҳодир дўстимиз жилмайиб. – Бува зўр мерган. Эллик йил овчилик қилган. Бу тоғу тошлар орасида у билмайдиган камар, у сув ичмаган булоқ, унинг қадами етмаган ғор қолмаган.
Биз беш оғайни шоир дўстимиз Баҳодир Баҳромнинг уйига, Қашқадарёнинг Китоб тоғлари бағридаги Палангдарага меҳмонга бориб бир суюнган бўлсак, анчадан бери суҳбатини оламиз деб юрганимиз Муқим овчи билан гурунглашиш ниятимиз ушалганидан икки қувондик.
Палангдара – гир атрофи тоғу тош, сою булоққа макон, хушманзара қишлоқлардан бири экан. Дўнгликлару тоғ этакларида, қияликларда бетартиб жойлашган ҳовлиларда ажиб бир тартибот ҳам борки, уни айтмасликнинг иложи йўқ. Уйлар тоғ шароитига хос, табиат инжиқликларига мос бунёд бўлган. Дарё қутурадими, сел келадими, сой тошадими, қор кўчадими – бу уйларга заха етказолмайди.
Сезганим шу: палангдараликлар анчайин оркаш халқ, қони қайноқ эл экан. Мардлиги бўйидан баланд келади. Ахир, Жиннидарёдан сув ичган эл мард бўлмай, ким мард бўлсин.
Ҳаял ўтмай, дарвоза тақиллади. Баҳодир ташқарилади. Унинг ортидан қорувли бир киши кириб келди.
– Муқим тоға шу киши бўладилар, – деди Баҳодир бизни таништириб.
Тоға билан салом-алик қилдик. Қаттиқ сиқиб кўришар экан, қўлимиз худди шер панжаси билан пашша тутгандай, у кишининг кафтига сингиб кетди. Муқим тоға деганлари етмишга чиққан одамга сира ўхшамайди. Ҳар билаги, лоф бўлсаям, етти яшар терак танасидай, икки елкасида икки одам ўтирувига жой чиқади, бир пой кавушига икки оёғингизни тиқсангиз ҳам пичаси бўш қолади, қисқаси, девнинг чала туғилган боласига келбат берадиган зот.
Олифталик қурсин, ўша ердаям ижоду адабиётдан баҳслашиб кетдикми, Муқим тоға аввал-бошида бироз бегонасираб ўтирди. Биз ҳам кўп-да гап қўша олмадик. Кимдир тоғликлар ҳақида сўз қотди-ю, тоғага тил битди. У киши билан қуюқ танишиб, бир пиёла чой ичгач, тушга яқин дам олиш тадоригини кўра бошладик.
Гилам-тўшак, қозон-товоқни ўраб, туз-наъмакни тугиб, машинага юкладик. Йўлда бир қассобдан лаҳм гўшт олдик.
Палангдарадан чиқиб, тоғ бағирларию дўнгликлар оша чайқалиб-чайқалиб кетяпмиз.
Олдимиздан айқириб оқаётган бир дарё чиқди.
– Жиннидарёмиз шу, – деди Муқим овчи.
Бизга теккан касаллик – ном маъносини билиш истаги қўзиб қолади.
– Отидан маълум-ку, – дея кулди овчи. – Сиз бу ерларга баҳорда бир келинг, билиб оласиз. Ғирт тентакдай қутуради бу.
Дарё устига қурилган омонатгина кўприкдан ўтдик. Биз борган ёзнинг чилласида сув камайган, кенг-мўл сой ҳосил қилиб оқаётган дарё сокинликка чўмган эди.
Шу зайлда машинамиз чираниб-чираниб, тоққа ўрмаламоқда эди. Олдимиздан бир ирмоқ чиқди. Уловимиз базўр ўтди. Сўнг ўтлоқзор келди. Ўт-хашак тизза бўйига келади, машина зўр бериб олдинга интилади, бироқ моторнинг гувиллагани қолади: тоғ этагидаги тик қиялик бошланди. Шунда ҳайдовчи тушиб туришимизни буюрди. Ҳаммамиз тушиб, машина ортидан итардик. Қияликдан ўтиб олгунча, ўпкамиз оғзимизга тиқилиб, ҳансираб қолдик. Бироз юргач, энди олдимиздан сув ҳам кўндалангига чуқурлик келди.
– Бўлди, – деди Муқим тоға. – У ёғига улов боролмайди. Ўзимиз кетамиз. Қани, меҳмонлар, кўч-кўронимизни олиб, яёв юрамиз энди.
– Борадиган жойимиз қаёқда ўзи? – деб юбордик беихтиёр.
Тоға:
– Ҳув анави қоялар тагида зўр бир жой бор. Сой бўйи.
У кўрсатган томонга қараб, ҳовлиқиб қолдик. Эҳ-ҳе! Яқин кўрингани билан бу тошлару сув оралаб, камига шунча ашқол-дашқолни кўтариб боришни айтинг. Кимдир кўрпачаларни қўлтиқлаган бўлса, бошқамиз қозону идишлар ўралган дастурхонни кўтардик, яна биримиз ичимликларни авайлаб елкага ортдик. Муқим тоға йўл бошлади. Бешовлон туртиниб-суртиниб, ортидан эргашдик.
Топ-тоза, енгил ҳаводан симириб-симириб ичгиси келади одамнинг.
“Ҳеҳ-ҳе-ҳе! Биз келдик!” дея айқирсангиз яна. Бироқ бунинг учун аввал манзилга етмоқ керак.
– Жадаллашинглар-ей, азаматлар! – дейди Муқим тоға ниятимизни пайқагандай. – Озгина қолди. У ёғига маза қиласизлар!
Бешовлон чамаси бир километрча юриб, силламиз қуриди. Қўлимиздаги нарсалар тушиб кетай-тушиб кетай деяпти. Муқим тоға ҳолимизга боқиб, кулди:
– Тоғнинг нариги тарафига борсак бўлар экан ўзи, а, нима дейсизлар?
– Шу ерлар ҳам бўлаверади бизга, – деймиз кулишиб.
Кўз очиб юмгунча Муқим тоға илдамлаб кетди. Бизникидан оғирроқ юк билан олдинда, тин олмай, худди кучга тўлган ўн саккиз яшар йигитдай чаққон ҳаракат қилишини кўриб, бекорга ярим аср тоғма-тоғ ов қилиб юрмаганини тушундик ва унга жуда ҳавасимиз келди.
Бироздан сўнг у кишига етиб олдик. У тоғ бағри бўйлаб ўтган кичикроқ бир ариқ олдида кутиб турган экан.
– Ариқнинг ўнг томонидан юрамиз, – деди у.
Қарасак, у айтган томон юришга жуда ноқулай, тор, тик жарликни ялаб ўтган илонизи ёлғизоёқ йўл. Қайтанга, ариқнинг чап тарафи кенггина, бемалол юрса бўлар экан. Чол тушмагур сувдан ўтишга эринди-ёв деб ўйлаб, бир сакраб ариқнинг нарига томонига ўтиб олдим. Ортимдан яна бир шеригимиз ҳатлади. Қолганлар эса тоғага эргашди.
Юз метрча юргач, тоғани тушундик: биз юрган йўл бора-бора ниҳоятда торайиб, йўқолар экан… Қия, қиррали ҳарсангтошлар бошланиб, оёқ босишга жой қолмади ва тойиб-тойиб иккимиз ҳам ариққа йиқилдик. Устимиз шалоббо бўлди. Жазирама бўлса-да, муздек сув баданни тешиб ўтай дейди. Бирпас шу сувда турсангиз, тишингиз такиллаб, баданингиз кўкариб, товуқэт бўлиб кетади.
Кўнглимдан ўтганини ўзим биламан. Эҳ, Муқим тоға! Ёшлик қилдик-да биз. Ахир сиз бу ерларнинг ҳар қарич ерини, ҳар бир тошини, гиёҳию бутасини биласиз-ку. Нега ортингиздан эргашмадик биз? Ўзимизга янги йўл солмоқчимидик? Ота-боболар йўлидан юрмаганлар шуйтиб муқаррар адашар экан-да…
Тоғанинг олдида хижолатдан юзимиз лов-лов ёнса-да, ҳазил-ҳузул қилиб, гапни бошқа ўзанга бурдик.
Ниҳоят Муқим тоға тўхтади ва пастликка – қуюқ дарахтзор томон туша бошлади. Ортидан худди курктовуққа эргашган жўжадай пилдираб эниб кетдик.
Воҳ! Мана бу маназарани қаранг!
Елкамиздаги юк оғирлигию, икки кўзимиз оёғимиз остида бўлгани учун эътибор бермай келаётган эканмиз! Нақд жаннат боғига тушиб қолибмиз-ку! Аланглаб, кўзимиз порлаб кетди. Тўрт тарафимиз тоғ, қуюқ дарахтзор! Ўртадан зилол суви мавжланиб-товланиб, тошлардан тошларга урилиб, эни уч қулоқ келарли сой оқиб ўтяпти. Тангадай жойгаям қуёш нури тушмайди. Танга роҳат берадиган салқинлик. Сувнинг жилдираши ҳузур бағишлайди. Боғи Эрам шу ердан улги оганмикан…
– Шу ерга қўнамиз! – деди Муқим тоға. – Сизлар жой тайёрланглар, мен ўчоққа қарайман. Бир қовурдоқ қилиб берай…
Кўрпача-гилам тўшаб, дастурхон ёздик. Ноз-неъматларни батартиб тердик. Сой четига тошларни йиғиб, “тўғон” қурдик-да, ичимлик ва тарвуз-қовунни бўктириб қўйдик. Тоға ҳаш-паш дегунча тошлардан шинамгина ўчоқ ясаб қозон осди. Жиззаси тайёр бўлгунча гурунглашиб ўтирдик.
– Ўсмирлигимдан елкамга милтиқ илганман, – дейди Муқим тоға гўштни лўнқа-лўнқа тўғрар экан. – Етмишга кириб ҳам таним дард билмади. Шу тоғларни кезиб сочим оқарди, тишим тўкилди, шундай бўлса ҳам қаддим букилмади. Шу тоғлардан қувват олиб яшадим. Бировга гапимни олдирмадим, бировга гап бермадим. Ҳурмат қилганимни бошимда кўтардим, ёмонлиги бор одамга ёндашмадим.
Бир йили қишлоғимиз катталаридан иккитасининг уйига одам юбордим. “Муқим тоғаникига борар экансизлар, какликхўрлик бўлар экан” деб айттирдим. Ўша куни қўнжим тўлиб каклик овлаб келган эдим-да.
Улар келди. Какликни қизартириб, гиёҳлар қўшиб пишириб, олдига қўйдим. Маза қилиб еб бошлашган эди, секин турдим-да, деворда илиғлик қўшоғизни олдим. Ўқладим. Ҳалиги икковининг луқмаси оғзида қолди. Ютишниям, чиқаришниям билмай қолди.
Қўшоғизни шартта икковига қаратдим.
– Оғзингдагини тезроқ ют! – дедим жиддий туриб. – Икковингниям отаман! Сўнг ўлигингни гиламга ўраб, Жиннидарёга оқизаман…
Икковиям феълимни яхши биларди. Қиламан деган ишимни қилишимни кўрган, гажирлигимдан хабардор эди.
Нима бўлаётганини умуман тушунмай, анграйиб, икковиям қўлини кўтарди. Ранги сурпдай оқариб кетди.
– Нимага? Нима гуноҳ қилдик? – дейди. Қарасам, икковиям кўзи милт-милт этиб, йиғламоқдан бери бўлиб турибди.
– Икковинг ҳам ўғрисан! – дедим. – Одамларнинг ҳақини еб, элнинг элагини тешиб юрибсан!
Икковиям бошини оёғимга уриб, ялинди:
– Муқим ака, ундай қилманг! Еганимизни қайтариб жойига қўямиз, фақат отманг… – деди. Сўнг ҳамма қилғилиқларини ўз оғизларидан эшитиб олдим-да, бир ой вақт бердим. Ишонасизларми, анави кассир билан буғалтир шўрлик ярим ойга қолмай, ҳамма нарсани жой-жойига қўйибди.
Ўзи улар билан шунчаки, жўрттага ҳазиллашиб, нишонга олиб кўрган эдим. Баҳонада кирдикорларини билиб олдим. Элнинг ҳақи қайтди.
Муқим тоға мамнун ҳолда жилмайиб қўйди. Қозонга картошкани солар экан, яна кўп хотираларини эслади.
Асли у овчи эмас, дуппа-дуруст ёзувчи, ровий экан. Боиси воқеаларни шундай тасвирлаб гапиряптики, манзаралар кўз олдимизда худди кино тасмасидай тиниқ ва равшан бўлиб жонланяпти….
* * *
…Декабрь тонгларидан бири. Тоғни қалин қор қоплаган.
Овчи Муқим тоға каллаи саҳарлаб чакмони ўнгирини қайириб, липпасига танғиди. Куракни олиб, лойсувоқ оғилхона томига чиқди. Қарийб бир метрча келадиган қорни эҳтиёткорлик билан куради. Уйи томидаги қорни эса ярим қаричча қолдирди. Сабаби, томда озроқ қор қолдирилмаса, 30-35 даража совуқда шифер чарс-чарс ёрилиб кетади.
Тонг ёришмасдан дарвозахона, катак, оғилхона ва тандирхонага йўл очди.
Сўнг тўрхалтасига ўқ-дори, емак-ичмагини, туз, ичак ип, қўшимча қоп, қўлбола қопқон, гугурт ва қўлчироғини солиб, тахт қилди. Қорнини тўқлади-ю, елкасига қўшоғиз милтиғини осиб, йўлга тушди.
Қуёш нурлари оламни мунаввар, чароғон қилса-да, ожизгина тафти этни зирқиратадиган аёз заҳрини кесолмайди. Қалин қор ёққан ана шундай кунлари кўпинча ови бароридан келади. Бундай чоғларда очликдан қийналган жониворлар изғиб юради. Қор қанча қалин бўлса, уларни тутиш шунча осонлашади. Шу боис Муқим тоғанинг бугунги овдан умиди катта. Тулки, қуён ўз йўлига. У овчиларнинг азалий орзуси, қанча овласа, шунча обрўси ошадиган ўтюрак ва мағрур жонивор – бўри илинжида йўлга чиқяпти.
Тўғри, илгари ҳам бир-икки марта бўри овлаган. Лекин улар билан мақтангулик эмас эди: бўрилардан бири қўтир босган, касалманд, нимжонгина, иккинчиси эса ҳали ғўр бўрибачча эди.
Ов иси ўткир бўлади, овчи кўнгил виқор тусайди.
Бўрининг зўрини ким отган, дейилса, Муқим овчи номи тилга олиниши керак! Одамлар, наинки оддий одамлар, ҳатто, унча-мунча овчи ҳам у билан ўйлаб салом-алик қилсин.
Овчининг юраги гупиллаб кетди. Неча-неча йиллик бу орзу бугун ушалса, қандай яхши ахир. Ови юрганнинг дови юради-да.
У осиб олган халтаси елкасига қанчалик оғир юк босмасин, руҳи тетик, қушдай енгил эди. Тошдан-тошга кийикдай сакраб борар, қор тиззасига келса-да, тўпиғига чиққанчалик туюлмасди.
Қишлоқдан узоқлашиб, одамлар қадамидан узоқ – Қорахонтоғнинг ёввойи ҳайвонлар макон тутган ён бағирлари бошланар экан, овчи тўхтаб, бир нафас тин олди. Қора кўзойнагини тақди. Бутун борлиқ оқликка бурганган бундай паллада қор кўзни ёмон қамаштиради. Қора кўзойнак эса, кўзни асраб, ором беради.
Муқим овчи энди зийракликни оширди. Боиси мана бу дара атрофи, ҳув анави “якка-мохов” қоя ва кунботарга туташиб кетган тоғ қайирлари тулкию ушоқ жониворларга макон. Ана, қалин қор сиртини сидириб, силаб-сийпаб ўтган, яккам-дуккам майда излар кўзга чалиняпти. Бу – қуён изи. Лекин Муқим овчи унга парво қилмайди.
У ғарч-ғурч қилиб, қор кечиб узоқ юрди. Туя ўркачига ўхшаш бир дарадан чиқиб қолди. Чап тарафида бир ирмоқ оқяпти. Ундан иссиқ буғ кўтариляпти. Ирмоқ бўйлаб озроқ юриб, сўқмоқдан нишабликка қараб кетса, бир-бирига омонатгина тегиб турган йирик-йирик ҳарсангтошлардан омон ўтиб олса, у ёғи муродга етказадиган марра-манзил.
Муқим овчи юравериб-юравериб ҳориди.
Одам бўйи келадиган бир ҳарсангтошнинг кунгай тарафига ўтиб, қор тушмаган иқ жойда оёқ илди. Этиги билан қорни кураб, ўтирар жойини кенгайтирди.
Қорни очиққанини сезди. Чинор ва дўлана шох-шаббасидан териб келиб, ўтин ёқиб исинди. Тўрхалтасидан егулик олиб, оғзига солди. Сувидишни оловга тутиб, иситди. Томоғини ҳўллади. Кўзойнагини ечиб, атрофни томоша қилди.
Зумрад қишнинг гўзаллигидан баҳри дили очилди. Ҳа, бу тоғлар йилнинг тўрт фаслида ҳам тароватли. Қараган кўзни гўзалликка ошно қилади. Худди шоли ва тариқдай аралаш сочилиб кетган арча, дўлана, заранг, чинор, наъматак, каби дов-дарахтлар, буталар усти қорга бурканиб, тоғлар юзига суртилган упадай товланади.
Ана, овчи қордан тозалаган ерда ўтлар қолдиғи кўриниб турибди. Ие, манави хапри деган ўсимлик хашаги-ку. Тоғликлар уни аврук ҳам дейди. Одамлар аврукнинг дамламасидан қўтир ва бошқа тери касалликларини даволашда фойдаланади. Агар унинг ўтини сувга солиб чўмилса, баданга хушбўй беради. Терини майин қилиб, яхшилайди. Бу томонларга замонавий атторлик кириб келгунича, тоғлиқлар, айниқса, бўйи етган, тўйи бўлар қизлар аврукка чўмилиб, ўз ифори билан ошиқларини батамом адойи тамом қилган.
Муқим овчи аврук хасини қўлига олиб, ҳидлади. Қор тагида қолган бўлса-да, димоғига хушбўй кириб, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Руҳи енгил тортди.
Беихтиёр жилмайди: йигитлигини, ёри билан кечган илк учрашув кечасини эслади. Ўшанда ҳам севгилисидан мана шундай майин ис келган эди…
Овчи ажиб ҳисларга берилиб, энтикиб турар экан, бир нарса эътиборини тортди: ахир ҳозир у турган жой хавф-хатарнинг кони-ку! Оғзидаги оғзида қолди. Зудлик билан қўшоғизга ўқ жойлади ва қулоғи динг бўлиб, ҳушёр турди.
…Шу йил баҳорда – айни май чоғи овга чиққан эди. Буталар соясида ётар экан, бурнига нохуш ҳид келди. Қараса, сал нарида тезак ётибди. Муқим овчи ўшанда ҳам сесканиб кетганди. Бу – ёввойи чўчқанинг гўнги эди.
Тоғда ёлғиз одам учун тўнғиздан кўра хавфлироқ ҳайвон кам. Муқим овчи, кўзим алдамаяптимикан, дея атроф-жавонибга тикилиб қаради. Буталарни айланиб чиқди. Тўнғиз юрган йўлида туёқ изи қолади, қумоқ ташлайди, ерни тирнаб, дарахтларга ишқаланиб, белги беради. Уни кўпроқ дарахти мўл, сувга яқин жойларда учратиш мумкин.
Муқим овчи буталарни айланиб юриб, қуруқ ўт тўпланиб турганини кўрди-ю, юрагини баттар ваҳима босди. Айни баҳорда бутазорлар ичида бундайин усти қуруқ ўт билан қопланган янги шаббалар пайдо бўлдими, билингки, у жойда яқин орада ёввойи чўчқа болалайди. Муқим тоға, гарчи елкасида милтиғи бўлса-да, ўзи неча йиллик овчи эса-да, дарров у ердан узоқлашди. Тўнғиз подасига дуч келса, милтиқ ҳам иш бермайди…
Ҳозир ўша манзара кўз олдига келиб, егани томоғидан ўтмади. Ёввойи чўчқа болалари етилиб, одамни тилка-пора қиладиган кучга тўлган бўлиши мумкин…
Муқим овчи тезда нарсасини йиғиштириб, аланглай-аланглай, у ердан узоқлашди.
Куни билан юриб, оёғи терлабдими, пайтаваси оёғига жиққа ёпишиб, ғашига тега бошлади. Боя оловда қуритиб олса бўларкан экан. Йўқса, нам пайтава оёқни хароб қилиши тайин.
Муқим овчи чек-чегараси йўқ тоғ бағрида ҳорғин юқорилаб борар экан, хўрсиниб қўйди. Қишлоқ олисларда қолди. Пешин бўлcа ҳамки, бирор нима овлай олмади. Аввал-бошда қуённинг изидан тушишга ор қилди. Тулки учрамади. Куннинг ёруғида бўрига дуч келиши-ку амримаҳол. Какликлар ҳам узоқлардан овоз берди. Олдидан “пир” этган товуш чиқмаса-я…
Муқим овчи яна мўл юрди. Юксакка ўрлагани сайин қор қалинлашиб бораверди. Овчи яхши билади. Палангдарада ё Варганзада бир қарич қор тушса, бу ерларда, айниқса, ҳув анави Қорахонтоғ манглайларида бир метрдан ошади. Қорнинг зўри ёввойи ҳайвонларнинг шўри дегани. Тўғри, уларнинг кўпи кундузи инидан чиқмайди. Тунлари озиқ излаб изғийди. Сув ичиш учун пастга энади. Емиш тополмаса, қишлоқларга яқинлашади. Ҳатто, одамларнинг ҳовлиларига довур тушиб келади. Муқим овчи буларни хўп яхши билади.
Тунов куни бир гурунгда ғалати гап эшитди. Варганзалик бир тадбиркор одам олма сотиб олгани олисроқ қўшни қишлоққа борибди. Савдони пишитиб, эртасига келаман деб қайтибди. У борадиган кун сотармон кечга яқин йиғиб ўтирган олмаларидан хабар олай деб ҳовлисига чиқса, бир айиқ меваларни еб ётган эмиш. Ҳалиги киши жон ҳолатга қўлига илашган белкуракни олиб, айиқ томон пўписа қилиб югурибди. Шунда оч айиқ ҳам унга қараб югуриб, даст кўтарибди-ю, зарб билан улоқтириб юборибди. Ўн қадамча нарига бориб тушган одамнинг бир қўли чирт узилиб тушибди. Шунақа. Оч айиқ урса, беш ёшли ҳўкизнинг ҳам бели синиб кетади.
“Ишқилиб, оч айиққа йўлиқтирмасин” деди Муқим тоға ичида. Лекин бу ўйи ўзига нашъа қилиб кетди. Унга нима бўляпти? Ўйласа, боядан бери ҳайвонларнинг унисидан ҳам, бунисидан ҳам қўрқа бошлаяпти. Ёввойи чўчқадан бир қўрқди, энди айиқдан юраги така-пука бўляпти. Ё ёши ўтгани сайин овчи дегани ҳам қўрқоқ бўлиб қоладими? Қарчиғай қариса, чумчуққа майна бўлармиш. Энди у қаридими? Ё “Милтиқ кўтарган билан овчи бўлмас, дағдаға солган билан довчи бўлмас”, деган гап Муқим тоғага ҳам айтилганмикан?
Асло!
У овчи деган номга иснод келтирмайди. Қўлида қуроли бор экан, ҳар қандай йиртқич олдида мағрур туради. Ҳатто, қуролсиз ҳам йиртқич кўзига тик қарай олади. Тўқол така сузишса, енгилармиш. Лекин Муқим овчи яроқсиз ҳам енгилмайди. Бир айиқни елкадан оширишга етар қуввати бор ҳали.
Ё номинг қолсин, ё шонинг!
Муқим овчининг бир умрлик ҳаёт қоидаси бу!
У қаддини ғоз тутди. Худди фронтга кираётган мағрур аскардай олдинга қараб интила бошлади. Ҳозир олдидан оч айиқ ё қутурган бўри тугул, дев чиқсаям, бир ўқ билан ер тишлатадиган шаҳд пайдо бўлди. Бироқ қаршисида дев тугул, қуён ҳам қора бермаяпти… Бу ёғи қош қорайиб келяпти. Ҳадемай буюқ турса, ишнинг пачаваси чиқади. Осмонда ҳали ҳам кулранг булутлар тарам-тарам бўлиб сузиб юрибди. Уфқда қуёшнинг хира нури булутлар остидан осмонга қизғиш тус бериб турибди.
Овчи чарчади. Ҳарчанд олдинга интилмасин, қадам олиши сусайиб, мадори кетаётганини ҳис қилди. Яна озроқ юрса-ку, анави қоя лабидаги якка ёнғоқ дарахтга етиб олар, бир муддат нафас ростлар эди.
Ўн қадамча юрган эди, нимадир увиллагани қулоғига чалинди. Муқим овчи тақа-тақ тўхтади. Овоз келмиш томонга қулоқ тутди. Аввал секин, сўнг чўзиб увиллаган овоз келди. Ортидан худди кучукваччалар вангиллагани каби товуш эшитилди.
Муқим овчи яқин орада бўри борлигини тусмоллади ва дарров милтиқни қўлига олиб, товуш келаётган тарафга – қояни айланиб ўтишга қарор қилди. Ишқилиб, тўда ҳид олиб, жуфтакни ростлаб қолмасин, дея пусиб, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан бора бошлади. Қоя ортига ўтиши билан эллик метрча нарида – буталар ёнида уч бўри турганини кўрди. Улар бир-бирига қарама-қарши чўнқайиб ўтирар эди. Икки кулранг бўрининг жуссаси катта, жуни ҳурпайган, бири ёлдор, виқор билан турарди. Учинчисининг туси оқишга товун, наригиларига қараганда, бироз кичикроқ, озғинроқ эди.
Муқим овчи ёлдор бўрига илк бор дуч келган эди. Бўрилар нега бундай ўтирганини дарров фаҳмлади. Демак, устма-уст ёққан қалин қор жониворларнинг силласини қуритган. Тўда емиш тополмай, она табиатнинг сўнгги, аёвсиз ва шафқатсиз қонуни ижросини бажармоқ учун йиғилиб турибди. Муқим тоға бундай ҳолга бир сафар дуч келганида, ҳай, майли, тасодифдир, дея ўйларди. У уч-тўрт бор гувоҳ бўлган. Бошқа номдор овчилардан ҳам бу ҳақда кети узилмас ҳикоялар эшитган.
Бўрилар ҳеч озиқ тополмай, очликдан жони хатарда қолса, туни билан давра қуриб ўтиради. Кўз юммайди, киприк қоқмайди. Қай бири кўзини юмса, оч тўда ўшани ейди. Кўзини юмиб қўйгани эса, ўз қавмининг ғажишларига мардонавор, мағрур туриб беради.
Биологик танлов, табиатнинг аёвсиз қонуни бу. Бирорта бўри бу қонунни бузишга журъат қилолмайди.
Муқим тоға зийраклик билан тўдага тикилди. Ана, бу тўда ҳам киприк қоқмай тикилиб турибди бир-бирига. Фақат анави оқиш бўри ҳадеб увиллаяпти. Қорни ичига тортиб кетяпти. Бесаранжом, жонсарак кўринади.
Овчи қайси бирини нишонга олишни ўйлади. Оқиш бўрини отиш кулгили, албатта. Шунча йўл босиб, не-не орзу-ният билан келиб, ўламса бир бўрини отадими?
Шу чоғда отасидан эшитган, бир умр қулоғи остида жаранглаб тургувчи, қўлига милтиқ олганидан бери амал қилгувчи гапни пичирлаб айтди: “Овни отсанг билиб от, дол нишонга илиб от”.
Ахир, бошқа пайт бўлса, бўри тўдасига қарата ўқ узса-ю, ўқ хато кетса, йиртқичлар тум-тарақай қочиши мумкин. Одамга ширин бўлган жон ҳайвонгаям бирдай тотли-да.
Бироқ ҳозир вазият ундай эмас. Овчининг қаршисида турган мана бу тўда шундоқ ҳам жонидан тўйиб кетган. Уларни айни дамда милтиқ тугул, замбаракдан ўққа тутсангиз ҳам, дов бериб, устингизга важоҳат солиб бостириб келиши, ташланиб, милтиқ-пилтиғингиз билан тилка-пора қилиб ташлаши мумкин. Шунинг учун биринчи уринишдаёқ нишонни бехато олмоқ керак.
Муқим овчи “дол нишон” қилиб ўнггай турган, ёлдор кулранг бўрини танлади.
У эсини таниганидан бери биринчи бор бундай катта, кучга тўлган, мағрур ва ёлдор бўрини кўриши эди. Муқим тоға бир умр овлашни орзу қилган йиртқич балки шудир. Эҳтимол, у бундайини қайтиб учрата олмас…
Ширин хаёлга берилди. Ҳозир уни қулатса, овчи жўралари ўлжани кўрса, энлаб кўриб, унга ҳавас қилса, элда гапириб юрса-ю, овчи номига ном қўшилса. Палангдара хонадонларида оқшомлари билан оналар болаларига Муқим овчининг ботирлигию мерганлиги ҳақида эртаклар айтиб берса. Палангдаралик ўғлонларга Муқим исмини қўйиш урфга кирса. Овчилар шогирдларига мерган дегани пана-пастқамда туриб олиб, ожиз ва нимжон, ярадор ҳайвонларни эмас, энг кучли йиртқич, жониворнинг зўри билан майдонда яккама-якка олишиб, ундан устун келиши лозимлигини айтишса, айтишса-ю, Муқим овчини мисол келтиришса… Айниқса, буғалтир ва кассирга ўхшаган мунофиқлар бирор ишга қўл уришдан аввал Муқим овчини эсласа ва оқибатини ўйлаб, қинғир ишидан қайтса…
Муқим овчи шуларни ўйлар экан, ҳаммаси ҳозир нишонни аниқ ва тўғри олишига, овчиларга хос ички хотиржамлик билан тепкини ўз вақтида босишига боғлиқ эканини ич-ичидан ҳис этди.
Айни пайтда ўқ хато кетиб, тўда ҳужум қилиб қолса, қўшоғизни ўқлашга улгурмаслигини ҳисобга олиб, ҳар эҳтимолга қарши дея, халтасидан пичоқни чиқариб, этиги қўнжига солиб қўйди.
Милтиқ стволини ёлдор кулранг бўрига тўғрилаб, жониворнинг нақд кўкрагини нишонга олди. Бўри қилт этмай турарди.
“Ўзинг қувват бер! Шарманда қилма”, деди овчи ичида пичирлаб. Сўнг бўрининг кўзига сўнгги бор тикилди ва нишонни янада ростлаб, тепкини босди!
Ўқ овозидан тоғ гумбурлаб кетди.
Аниқ кўрди: ёлдор бўри гуп этиб қулади.
Ёнидаги кулранг бўри эса қочиб кетди. Оқиш тусли кичик йиртқич эса қандай ўтирган бўлса, шу тарзда тураверди. У қочмади!
Муқим тоға овчи бўлиб, ўқдан қочмаган ҳайвонга илк бор дуч келган эди. Оқиш бўри энди шерикларига эмас, Муқим овчига қаради. Кўзи ёниб тикилди.
Овчи ўрнидан қўзғолди. Милтиқни ўқлаб, қочмай ўтирган оқиш бўри томон қадам ташлади. У ҳам қасд қилгандай, тек тураверди. Орада йигирма қадамча масофа қолганида бўри оёққа турди. Энди у аввалгидай ичини уриб турган, озғин бўри эмас, қор устига қулаб, кўкрагидан лаҳта-лаҳта қон оқаётган кулранг ёлдор қавми мисоли мағрур турарди.
Инсон ва бўри бир-бирига рўбарў келди!
Муқим овчи милтиқни тўғри унинг пешонасига тўғрилаб, яна бир қадам босди!
Инсон ва табиат орасида муқаррар фалокат масофаси яна бир қадамга қисқарди.
Ҳозир овчи тепкини босади-ю, яна бир йиртқичнинг ҳаётига нуқта қўйилади. Ёки аксинча…
У ёғи икки махлуқнинг эпчиллигию маҳоратига тан.
Муқим овчи оний лаҳзаларда миясидан ўтган бир фикрга асир тушди: нега ўқ еган бўрининг ёнидаги бақувват шериги қочиб кетди-ю, мана бу нимжони қимир этмасдан турибди?! Овчи эътибор бериб қараса, у анчагина қариб қолган экан. Лекин барибир унга ишониб бўлмайди. Бўри қариса ҳам, бир қўйни олар кучи бўлади.
Шу боис Муқим овчи оқиш бўри манглайини нишонга олиб, олдга яна қадам босди. Шунда оқиш бўри тисарилди ва индамай орқасига қараб йўртиб кета бошлади.
Муқим овчи милтиқни туширди.
Оқиш бўри сал нарига бориб, тўхтади ва чўнқайиб ўтириб олиб, овчини кузатишда давом этди.
Муқим овчи ўлжага бориб қаради.
Ё, худо! Бу не синоат бўлди? Бу ерда нишонга олинган йирик ёлдор бўридан бошқа, уч-тўрт қадам нарида ундан ҳам катта яна биттаси чўзилиб ётарди!
Муқим овчи терисига сиғмай кетди. Ахир энг катта бўрини отган эди, ундан ҳам йирикроқ яна бири қулабди! Бир ўқ билан икки… бўри! Бунақаси унча-мунча овчининг қўлидан келадиган иш эмас! Кулранг бўри кўксини тешиб ўтган ўқ унинг панасида турган нариги, Муқим овчига кўринмаган улкан бўрини ҳам яралаган экан.
Муқим овчи тоғни ларзага келтириб “О-о-о!” дея айқирди!
Энди унинг номи тилларда достон бўлади!
Бироқ ҳали суюнишга эрта эди. Бир эмас, икки зилдай бўрини қандай қилиб қишлоққа олиб кетади? Одамларга қандай қилиб кўрсатиб, мақтанади?
Ўйлай-ўйлай, боши қотди. Икки жониворнинг ҳам терисини шилиб, тиши ва тирноқларини олишга қарор қилди.
Халтасидан ичак арқонни олди. Кулранг бўрининг оёғидан боғлаб, ўн қадамча наридаги қари қайрағоч тагига аранг судрай бошлади. Қари бўри изидан эргашди. Овчи бир қадам ташласа, уям бир қадам ташлади. Муқим овчининг бир кўзи ўлган бўрида, иккинчиси таъқиб қилаётган қари йиртқичда.
Ўқ ёлдор бўрининг нақд юрагига теккан шекилли, кўп қон оқибди. Бора-боргунча қор усти ҳам қип-қизил рангга бўялди. Уфқ шафағида қон теккан жойлар қорамтир кўринар, ундан таралаётган иссиқ ҳовур овчининг қўлига хуш ёқаётган эди.
Муқим овчи таъқиб қилаётган, ана, сал нарида чўнқайиб ўтириб, кўз узмай кузатаётган қари йиртқичга ортиқ эътибор бермай, ичак арқоннинг бир учини бўрининг орқа оёғини жуфтлаб, маҳкам илгаклади ва иккинчи учини дарахтнинг бақувват шохига отди. Арқон шох оша қайтиб тушди. Овчи уни қаттиқ тортди. Бироқ бўри оёғи бироз кўтарилди-ю, танаси қилт этмай ерда тураверди. Муқим тоға арқонни қўлига қайта-қайта ўради ва бор кучи билан яна тортди. Бу сафар бўрининг икки орт оёғи ердан узилди, бироқ ярми судралиб тураверди.
Ўзиям жуда катта экан-да жонивор! Бўйи ўлчанса, Муқим тоғадай қорувли одамдан ҳам узун чиқар экан. Шу боис кучи камлик қилаётганини сезган овчи сўнгги усулни қўллади: арқон учини ҳалқа қилиб, белига ўради ва зарб билан торта бошлади. Арқон белига қаттиқ ботса-да, охири ниятига етди ва ўлжани чангаклади. Бўри дарахтга тўлиқ осилганида сезди: ниҳоятда катта экан. Отдай келади десак, лоф бўлар, хўтикдай десак, ҳақимиз кетади… Хуллас, Муқим тоғанинг ови зиёдаси билан бароридан келди. Икки бўри терисини шилиб олгунича осмон жимирлаб, Зуҳро юлдузи ҳам хира тортиб, тонг ота бошлади.
Қари бўри уни Палангдара остонасигача таъқиб қилиб келди.
…Тушга яқин Палангдарада байрам бўлиб кетди!
“Муқим овчи отдай-отдай иккита бўрини ер тишлатибди!”, “Терисидан бир ўтов тикса бўлар экан” деган гаплар бирпасда бутун қишлоққа тарқалди.
* * *
– Кейин нима бўлди, Муқим бова? – деб сўраймиз ҳикояни мароқ билан тинглаб бўлгач.
Муқим овчи лаганга сузилган қовурдоқ устига майдалаб пиёз арчиб, барра кўкатларни сепар экан, мамнун жилмайди ва:
– Овчиликни ташладим! – деди.
– Нега?
– Ўша овдан кейин анча вақт ётиб қолдим. Кулранг бўрининг қаҳрга тўлиб қараб турган кўзи тушларимга кириб чиқаверди. Айниқса, анави нимжон қари бўрининг ҳар оқшом хаёлимда таъқиб қилишлари юрагимни зада қилиб юборди. Охири бу ишни қўйдим. Ўйлаб-ўйлаб, бир оқ қўчқор сўйиб, қон чиқардим. Шу билан қўлимга милтиқ олмадим. Қўшоғизнинг ҳузурини сандиғим кўриб ётибди.
Муқим овчи бирпас тин олди ва тантанавор оҳангда:
– Байрам дастурхони тайёр! Ёлдор бўрининг қовурдоғига марҳамат! – деди.
Кулдик.
Таомланиб бўлгач, ёнгинамизда мавж уриб, тошдан-тошга ҳайқириб оқаётган муздай сойда мириқиб чўмилдик. Сўнг энг яқиндаги қояга чиқиш истаги туғилди. Кимдир “у ёқларда бўри-мўри йўқми, ишқилиб?” деб сўраб қолди. Мезбон Баҳодир дўстимиз: “Бўри дегани Муқим тоғанинг ҳидини олса, бу ерларга доримайди” деди.
Муқим тоға ўчоқ бошида қолди. Биз қўлимизга зарангтаёқ олиб, тоққа ўрмалаб чиқиб, эмаклаб тушдик…
…Лаш-лушимизни йиғиштириб қайтар маҳалимиз Муқим овчи бир гап айтди:
– Қолган-қутган нон бўлакларини манави тош устига, суякларни анави дарахт тагига, тузни эса ўчоқ олдида қолдиринглар. Уларда ҳайвонларнинг ҳам ҳақи бор.
Биз Баҳодирга қарадик. Дўстимиз секин шивирлади:
– Тоғда одат шундай: жонзотлар учун албатта туз ташлаб кетилади. Овчилар-ку, ўлжасидан бошқа ҳамма егулигини қолдиради. Муқим тоға эса, жониниям ташлаб кетадиган одам…
Мен ҳаётда ҳали ҳам шундай одамлар борлигини бировдан эшитганимда ишонмас эдим. Ўзим кўриб, гапларини қулоғим билан эшитгач, бандаси ўз феъли, аъмоли, қатъиятию бирсўзлигига умр бўйи собит тура олишига ишонч ҳосил қилдим. Эҳтимол, ўша ёлдор кулранг бўрининг виқори, мағрурлигию қатъиятини сизу биз ҳам Муқим тоға сингари юзма-юз туриб кўрсак, унингдек одам бўлармидик.
Билмадим.
Билганим шуки, етмишга кирса-да, ҳали бардам-бақувват, сўзидан ва изидан қайтмайдиган, лафзи ҳалол Муқим тоға ёввойи ва ҳеч қачон инсон қўлига ўрганмас, боғлиқ туришга рози бўлмас, қафасни хуш кўрмас, милтиқдан чўчимас ҳайвон, мағрур жонивор, инсоннинг қадим қондоши БЎРИ билан яккама-якка қолган. Юзма-юз келган. Тиккама-тикка борган.
Тасаввур қиляпсизми: яккама-якка, тиккама-тикка…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон