Шаҳардан чиқишда одамлар “Тошкент питаги” деб атайдиган эски автобекат ўрнида водийдан пойтахтга қатновчи киракашлар кечаю кундуз ҳозиру нозир. Ҳаво совуқ, енгил туман ва зах суякни зирқиратади, бир тутам қиш кунида аллақачон шом тушиб улгурган, шу сабабми улов кам, беш-олти чоғли ҳайдовчи бетоқат, ер тепиниб, елка қуништириб, йўловчи кутяпти. Самандар ҳали гап очиб улгурмай ҳайдовчилар қуршовида қолди – ҳар ким ўзининг улови сари ундай кетди. У ҳам анойи эмас, мижозни авраб-алдаб уловига ўтирғизиб олганидан кейин соатлаб куттирадиган киракашларнинг одатини яхши билади. Атайлаб нархнинг тенг ярмини айтди, бошқа пулим йўқ, бўлса шу, бўлмаса ана, улов кўп, кутиб тураман, деди.
Билганидек, киракашларнинг ҳовури пасайди, баъзилари энсаси қотиб ортига қайтди. Самандар йиллар давомида бу йўлларда юравериб пишиб кетган, узоқ сафарда ёнингдаги одамнинг, айниқса улов эгасининг феъли хўйи муҳим. Шу боис айрим “Ака, шўтдан биринчи бўлиб мани машинам чиқиб кетмаса, одам эмасман”, деб худони ўртага қўйиб қасам ичадиганлардан безиган – уловига ўтириб олиб, бир соатдан кейин ҳам юрмаган “қасамхўр” билан ортиқча ади-бади айтишишга тоқати йўқлигидан аксар ҳайдовчиларни ўзидан қочириб, кейин битта-битта хотиржам савдолашади.
Бироқ бугун танлов кўп эмас, кун кеч бўляпти. Ҳайдовчилардан бири ёнидан кетмади:
– Ака, айтган нархимни бераверинг, сиз ўтирсангиз бўлди, жўнайман, ўзи битта клиент кутиб турувдим, – деди астойдил ёпишиб.
У яна бироз нарх талашди, лекин ҳайдовчи сўзида қаттиқ туриб олди.
– Ака, ишонаверинг, бошқа машинага чиқсангиз, бу совуқда камида икки соат кутиб ўтирасиз. Мен ҳозир жўнайман.
У савдо пишганини сезиб, ҳайдовчи кўрсатган улов томон юрди. – Ўтириб туринг, ҳозир жўнаймиз, – савдоси пишганидан хурсанд ҳайдовчи мотори ўт олдирилган, печкаси ишлаб турган уловга ишора қилди-ю ўзи бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Самандар ҳайдовчи ёнидаги ўриндиққа ўтирар экан, орқада бир жувон икки боласи билан андармон эканини ғира-шира қоронғуда илғади, хижолат бўлмасин дея ортига ўгирилмай салом берди. Саломига алик қайтмаганига ажабланди, кейин аёлнинг телефонда сўзлашаётганини англади:
– Ўтирибман… мошинасини ёқиб қўйган, ана, битта одам олдига ўтирди, ҳозир жўнасак керак. Нима!? Тушунмадим….Тушиб, ташқарида кутайми? Ташқари совуқ-ку, болларийиз музлаб қолади. Ҳозир жўнасак керак…
Эри билан гаплашяпти чоғи. Паст, ширали овозда сўзлашяпти. Чамаси, қўлидаги боласи бир-икки яшар. Иккинчиси, уч ёшлар атрофидаги қизчаси ўзида йўқ хурсанд, тинимсиз типирчилайди.
Оббо, чақалоқ таглигининг ўткир ачимсиқ ҳиди ҳеч гап эмас, ҳали узоқ йўлда боласи чинқираб йиғлаб турса, ана унда кўради йўл машаққатини. Майли, бошга тушганни кўз кўрар, бир амаллаб уйига етиб олса бас. Ҳарқалай, печка иссиқ уфуриб турибди-ку, шунисига шукур. Самандар тақдирга тан бериб, танасига югурган илиқликдан жони ором топгандек бўлди ва бошини суянчиққа қўйди.
Тез орада ҳайдовчи етиб келди, жўнаши олдидан уч-тўрт кишидан Тошкентга турли жўнатмалар олди. Орқа ўриндиққа яна бир йўловчи чиқди, кўринишидан талабага ўхшайди, смартфонидан бош кўтармайди.
– Айтганимга кўниб, менинг мошинамга чиққанингиз яхши бўлди. Уч-тўрт соат орасида Тошканга бошқа мошина жўнаши гумон, клиент йўқ, – деди ҳайдовчи уловини жойидан силжитар экан.
Калласи катта, қорамағиз, қовоғи уюқ йигит Андижон-Тошкент йўлига кесиб чиқиш учун уловини тун зулматига чулғанаётган қишлоқлар оралаб ҳайдаб, тор илонизи йўлларда қўрқмай шитоб билан газ босади.
Бу орада жувоннинг телефони тинимсиз жиринглади, бир отаси билан гаплашади, бир синглиси билан лақиллашади. Онаси ва акаси ҳам қўнғироқ қилди шекилли. Барчасига бир гапни қайтаради: “Уч соатда етиб борсак керак, сира хавотир олманг, куёвингизни ўзи кутиб оладиган бўлди, болалар яхши кетяпти”.
Орада телефонининг қуввати тугаётганини айтиб, ҳайдовчидан қувватлаш мосламасини сўради, айнан унинг телефонига тушадигани йўқ экан. Телефоним ўчиб қолса, хўжайиним қидириб қолса нима бўлади, дея хавотирга тушди жувон.
Самандарнинг энсаси қотди: ҳаҳ, барака топгур, телефонингни қуввати тугаб боряпти экан, билар экансан, камроқ валақлаш керак эди-да! Лекин дарров жиззаки ўйга борганидан афсусланди: ҳали ёш, сафарда кўп юрмаган, ёнида икки норасида бола, ҳаяжонланаётган бўлса бордир, устига устак шу туришида манзилига тун ярмида етиб боради.
– Хўжайинингизга менинг номеримни бериб қўйинг, – деди ҳайдовчи хавотирга ўрин қолдирмай.
Жувон қурмағур эрига қўнғироқ қилиб, телефонни ҳайдовчининг қўлига тутқазди. Тун қўйнида тор йўлдан уловини жадал ҳайдаб кетаётган ҳайдовчи бир қўлида рулни бошқариб, бир қўлида телефон тутиб, бир неча марта ўз рақамини қайтарди, лекин бефойда. Ҳамма йўлда, жувоннинг эри ҳам шу тобда Сурхондарёдан қайтиб келаётган эмиш.
Самандар бетоқат бўлди, ўзингиз матнли хабар қилиб жўнатинг, ҳайдовчига халақит берманг, дегиси келди шу тобда аёлга. Агар ўзи матнли хабар ёзишни билмаса, ана, ёнида талаба ўтирибди, ўша ёзиб юборсин, деб айтмоқчи бўлиб, ортга бироз ўгирилди. Талаба қулоғига телефон қулоқчинини улаб, бир нима томоша қиляпти, бўлаётган гапларга сира эътибор бермаяпти. Самандар менга нима, аралашиб нима қилдим, деган ўйда яна йўлга тикилди.
Ана, хайрият, алоқа ҳам узилиб қолди. Ҳайдовчи телефонни қайтариб берди. Бироқ жувон эрига қайта қўнғироқ қилиб телефонни яна ҳайдовчига узатди. Ҳайтовур, бу гал киракаш йигит жўяли иш тутди, жувонга ўзингиз жавоб беринг, мен рақамимни айтиб тураман, деди қуруққина қилиб. Ниҳоят жувоннинг эри ҳайдовчининг рақамини ёзиб олди шекилли, бирор ўн дақиқа ҳамма жимиб қолди. Улов эса ўткир чироқлари билан тун қўйнини ёриб жадал кетяпти.
Сокинлик узоққа чўзилмади, яна қўнғироқ.
– Лаббай аяжон! Мураббоми? Йўқ, тўкилмаса керак, оғзи яхши ёпилган-ку. Ўзи қайси биридан берувдингиз, маймунжонлими ёки шотутми? Ҳа, ўзингиз ёпганданми!? Келинингиз ёпган сира ёқмайди, худди қорасақичга ўхшайди. Дастурхонга қўйган одам нақ шарманда бўлади-я. Ҳа, шакарни қаттиқ аяб солгандан кейин шунақа маза-матраси бўмайди-да. Вой, нимасини айтасиз, увол-а шунча меҳнат. Хўп, майли. Яна бошқа қўнғироқ бўляпти. Куёвингиз бўлса керак.
– Ҳа, яхши кетяпмиз, ҳа уларми, яхши кетишяпти, – жувоннинг овози ширали тус олди. – Сиз биздан олдин келасизми, кутиб турасизми? Ҳозир ўзи қайдасиз? Бизми? Шопир ака қайдамиз? …Ҳа, ярим соатдан кейин Қўқон патир бозорига етар эканмиз. Сиз тезроқ бўлинг, вақтингиз оз, биз тез кетяпмиз. Хўп, хайр! Шопир ака, патир бозорида тўхтаб қўясиз-а?
Сирдарё бўйида, катта йўл ёқасида юзлаб чироқлар жилвираб турган патир бозори сафарга отланган ёки уйига қайтаётган йўловчилар билан гавжум. Самандар ҳам тўртта нон олиш учун уловдан тушиб, расталарга яқинлашди. Тунги изғиринда бошига ўралган жун рўмолининг этагини белига белбоғ қилиб боғлаган сотувчи аёллар уни ҳар турли чиройли сўзлар билан ўзлари томон чақирди. Жарангдор чорлов, жимжима сўзлар, растама-раста юриб савдолашишдан у аллақачон безиб бўлган. Ортиқча гап-сўзсиз, биринчи дуч келган сотувчидан тўртта патир олди.
“Кейинги сафар ҳам фақат ўзимга келинг-а, амакижон!” деди кулча юзли, шўх-шодон сотувчи аёл ширин жилмайиш ила. Бу кеч илк бор Самандарнинг лабига ҳам кулги югуриб, кўнгли ёришгандек бўлди-ю, бир лаҳза ўтиб-ўтмай ғамгин ўй-хаёллар оғушига кириб кетди.
Бир замонлар бу сершовқин бозорда шойи рўмолини пешонасидан танғиган ширмой юзли, серзавқ ва ҳазилкаш сотувчи қизлар “Ҳўв чиройли йигит, сизга айтяпман, йигитнинг гули!” дея шўх-шодон гап отишар, бу каби чорлов ўзи тенги йигитлар учун куну тун такрорланишини билса-да, юраги ҳаприқиб, ширин туйғулардан саркаш бўларди. Йиллар ўтгач “Ҳўв, ака! Ҳўв, келишган ака, сизга айтяпман!” дея чорлашганида ҳам ҳузурбахшлик бор эди. Мана энди “Ҳўв амаки, ҳой, бой амаки!” деб чақиришади, бироқ бу кўнгилда ҳазинлик, ўтиб кетган умрнинг афсус-надомат чангларини қўқон шамолидек беаёв тўзғитади. У шу ўйлар билан растадан узоқлашар экан бояги сотувчи аёлнинг янада жарангдор овоз ила янги харидорга аталган сўзларини эшитди:
– Ҳўв-в, пари-пайкар! Товусдек хиромлаб қаёққа шошяпсиз, келинг ўзимга. Вой сингилжон, шу туришийизда мошиндан тушдингмизми ё дарёдан чиқиб келаётган сув парисимисиз?!
Вой қурмағур-эй, тоза гапга чечан экан-ку! Самандар беихтиёр ортга ўгирилди. Ўгирилди-ю турган жойида донг қотди. Сотувчининг ёнида ҳақиқатан бир пари тургандек эди. Қошу кўзини айтсинми ё қадди-қоматини! Бир тарафдан Сирдарёдан эниб чиқаётган қалин туман уни ёмон кўзлардан яширишга уринаётгандек туюлса, бошқа томондан бозордаги юзлаб чироқларнинг шуъласи фақат унинг юзигагина тушиб, бор ҳусни тароватини оламга кўз-кўз қилишга шошаётгандек. Сарвқоматига ярашиқлик либослари товус патларидек товланади. Э воҳ, инсон ҳам шунчалик гўзал бўладими? Ахир худойим унга бир малак чиройини берибди-ку! “Ҳар етук гўзални, гўзал демасман, гўзалда бир ғайри аломат бўлар”. Бошқа гаплар беҳуда.
Самандар ҳайратини ичига яшириб, бу ҳилқатга тикилиб қолганини биров сезиб қолишидан хижолатда, улови томон шошиб қадам босди. Жойига ўтирди-ю, бетоқат ҳайдовчи сезиб қолмасин дея бозор томон киши билмас нигоҳ ташлаб, бояги ҳурилиқони яна кўрмоқ истади.
Наҳотки?! Ўша пари-пайкар тўппа-тўғри унинг томон юриб келяпти. Самандар тараддудда қолди, бошини эгиб, оёғи остига тикилди. Бир неча сониялардан кейин билдики, бу жувон ўша, орқа ўриндиқда келаётган келин экан…
Жувон патирларни уловнинг юкхонасига жойлаб, орқа ўриндиққа ўтириб, боласини қўлига олганида ва машина шитоб ила ўрнидан жилганида Самандар икки юзи қип-қизариб, мум тишлаб қолди – шу ёшида бўз йигитдек ўй-хаёлларга берилганидан минг бир хижолат чекди.
Бироздан кейин секин бош кўтариб, мушоҳада қила бошлади: ҳа, жувоннинг телефони тинимсиз жиринглаши-ю йўлма-йўл тўхтовсиз сўроқлашлар бежиз эмас экан. Куёв ҳам унча-мунча йигитлардан бўлмаса керак, бахтли бўлишсин.
Энди тинимсиз типирчилаб, олд ойнадан йўлни кўришга интилаётган қизчанинг қилиқлари ҳам беозор туюлар, болаларнинг кийимларидан чиқаётган ачимсиқ ҳидлар гўё тарқалиб кетгандек эди.
Жувоннинг телефони эса яна безовта:
– Лаббай! Ҳа, патир бозорда тўхтадик. Нечта? Саккизта олдим. Вой, нега кўп бўлсин, ўзимизга, уйдагиларга ҳам олдим-да. Яна икки соатда етиб борсам керак. Сиз-чи? Вуйй, етиб келолмайсиз-ку! Нима қилайин? Ҳа, “Анҳор”дами, хўп бўпти. Тезроқ ҳаракат қилинг-да, сиз ҳам, – деди эркаланиш оҳангида.
Орага чўккан жимлик узоқ давом этмади, энди онаси қўнғироқ қилди:
– Ҳа аяжон! Яхши кетяпмиз, болалар жуда яхши. Куёвингиз айтилган пайтга етиб келолмайдиганга ўхшайди. Бизми, нима қилардик, “Анҳор” кафесида қаҳва ичиб кутиб ўтирар эканмиз. Ҳа, худди шундай деди, қаҳва ичиб… Хавотир олманг…
Улов энди довон томон ўрлар экан, Самандар ўзича тусмоллади: қизиқ, бу кўҳлик жувоннинг эри ким бўлиши мумкин, ҳали йўл бошида ҳайдовчининг гапига жавобан Оҳангаронга келин бўлиб тушганман, деди. Балки, эри ҳарбийдир. Оҳангаронда ҳам ҳарбий қисмлар бор, тўғрику-я, лекин у ҳолда эри Сурхондарёда нима қилиб юрибди? Боя ҳайдовчига айтди-ку, хўжайиним Сурхондарёдан келяпти, деб. Агар хизмати ўша ерда бўлса, оиласини ҳам олиб кетиши лозим эмасмиди? Демак, эри ҳарбий эмас, оҳангаронлик оиладан. Куёв Сурхондарёга қурилишга боргандир, балки давлат ишида ишлар, бирор юмуш туфайли сафарга чиққан бўлиши мумкин. Лекин эр-хотининг гап-сўзидан улар камида бир-икки ой кўришмаганга ўхшайди. Келиннинг гап оҳангларида кучли соғинч бор.
Бу орада яна қўнғироқ:
– Ҳа, яхши, нима дейсиз, ҳа энди… билмадим… болалар яхши кетяпти. Ҳа борамиз ўша айтилган вақтда. Ўзингиз яхши келяпсизми? Қаердасиз ҳозир. Ўҳ-ҳў, ҳали узоқда экансизку. Мен-ми… йўқ… ҳеч гап йўқ.
Ҳайдовчи довондаги туннелга кириш олдидан телефонларни ишлатмасликни сўради. Жувон эрига узр айтиб, алоқани узди. Талаба ҳам уловга чиққандан бери кўриб келаётган томошасини тўхтатди. Иккинчи туннелдан ўтгандан кейин вазият яна аввалги тусда давом этди, талаба қулоқчинини илиб концертми, киноми кўришни, жувон телефонда сўзлашни давом эттирди:
– Келяпмиз, иккинчи туннелдан ҳам ўтдик. Ўзингиз қаерда? Бизми? Йўқ, сира тўхтамаяпмиз, тез кетяпмиз. Болалар яхши кетяпти. Телефоним заряди оз, ўчиб қолиши мумкин. Сигнал яхши эмас, кирди-чиқди бўляпти. Хўп, майли.
Узоқ сукунат чўкди. Улов довондан ошиб ўтиб, тоғ ёнбағридаги йўлда, сой ёқалаб кета бошлади. Тепада улкан чўққилар тун қўйнида қоп-қорайиб, важоҳат ила турганга ўхшайди. Самандарнинг кўзи қаршисидан келаётган уловлар чироғида қамашиб, чарчади. Йўлда сира ухлолмайди, кўзини бироз юмиб, мияни турли ўй-хаёллардан холи қилиш ҳам ҳордиқ, деб ўйлади.
Хотиржамлиги узоқ чўзилмади – негадир жувоннинг телефони анчадан буён жимми!? Куёв чарчаб ухлаб қолдимикин ёки Жиззахга етишган бўлса, жиззах сомса егани тўхтагандир, ёнидаги ҳамроҳлари қистови билан қиттак-қиттак ичгандир, одатда шундай бўладику, ахир. Аслида бу ўзининг хоҳиши эди, шу туришида ҳамроҳлари ўзи каби кишилар бўлганида эдими, аллақачон тоғнинг тепасида тўхтаб, бир сих кабоб билан эллик грамм анови қурғурдан уриб олишга қарши бўлмасди. Қишнинг совуқ ва зерикарли тунида бу ҳам бир орзу-да… лекин келиннинг телефони негадир хавотирли сукут сақлаяптими…
Ҳайдовчининг телефони жиринглади.
– Алло! Ҳа, яхшимисиз, келяпмиз, йўлдамиз. Уларми, келишяпти. Бўпти, мана ҳозир, – ҳайдовчи телефонини жувонга узатди. – Хўжайинингиз сўраяпти.
– Ҳа, келяпмиз. Нима!? Йўқ! Аввал эшитмабман, кейин кўрдим телефон қилаётганингизни, кичкинангиз уйғониб кетмасин деб овозини пастлатган эдим, кейин қўлим банд эди… Айтяпман-ку, қўлим банд эди. Кичкинангиз қайт қилмоқчи эди, қўлимда пакет ушлаб турувдим… Ахир қандай қилиб жавоб бераман, бир қўлимда болангизни бошидан тутиб турган бўлсам, иккинчисида пакет бўлса… Ололмасдим… Бунинг устига сигнал кирди-чиқди бўлиб турибди. Нима?.. Вой, нима деяпсиз… нима бўляпти ўзи сизга? – жувон кутилмаганда алоқани узиб қўйди ва ҳайдовчига телефонини қайтариб берди. Кейин жуда оғир хўрсинди, аввалги руҳидан асар қолмаганди.
– Ўчир овозингни, – деб нимадир сўраётган қизини жеркиб ташлади. – Бас, дедим, бас!
Икки-уч дақиқа ўтиб-ўтмай яна қўнғироқ:
– Нима дейсиз? Нега унақа деяпсиз, нима бўляпти ўзи сизга? Ўйлаб гапиринг! Айтдим-ку, сигнал йўқ эди деб. Нега, нега ишонмайсиз… Агар шундай деяверсангиз бормайман, тушаман ҳозир, шу ердан қайтиб кетаман, тамом-вассалом! – жувон телефонини ўчирди, кетма-кет келган яна иккита қўнғироққа жавоб бермади.
Беш-олти дақиқалик жимликдан сўнг энди ҳайдовчининг телефони жиринглади. У номерни таниб, жувонга узатди, яна телефон қиляпти, деди малол келганини сездириб. Жувон аччиғидан тушмади, ўзингиз гаплашаверинг, деди. Ҳайдовчи гаплашиб бўлгач, жувонга ўгирилди:
– Тошкентга олиб келаверинг, деяпти хўжайинингиз.
Жувон жавоб қайтармади, лекин тез-тез, оғир-оғир нафас олаётгани сезилиб турарди.
Кутилмаган ўзгаришдан Самандарнинг ҳам асаби таранг тортилди, воқеа нима билан тугаши ҳақида ўйлаб кетди. Нега энди Тошкентда кутиб олмоқчи, ахир тундаси Оҳангаронга яна қайтиб келишади-ку. Унинг хаёлидан шум фикр ўтгандек бўлди: балки хотини кимлар билан ҳамроҳ бўлгани ёки ҳайдовчи ким эканини билмоқчидир?
Чамаси ўн дақиқалар давом этган сокинликни яна қўнғироқ товуши бузди. Ҳайдовчининг телефони экан, катта тезликда кетаётгани учун жавоб беришни лозим топмади. Тўғри қилди, деб ўйлади Самандар, хавфли, айланма йўллар бўлса, чалғимагани дуруст. Бироқ телефон тинимсиз, асабий жирингларди. Ниҳоят у жавоб беришга мажбур бўлди. Яна ўша қуруқ салом-аликдан кейин телефонини жувонга узатди.
– Ҳа, нима дейсиз? Яна ўша гапми, нима бўляпти ўзи сизга? Нега унақа деяпсиз? – кейин жувон бироз ён босгандек бўлди. – Хўп деяпман-ку. Ҳа, хўп, мана!
Ҳайдовчи икки кўзи йўлда, хўмрайиб телефонини қайтиб олди ва жойига қўйди. Йўқ! Ҳали жойига ўрнашиб улгурмаган телефон шундай жирингладики, гўё кўкрак сутидан ажратиб олинган гўдак чинқиргандек бўлди. Ҳайдовчи пешонасини тириштириб, уни яна жувонга узатди.
– Ҳа, нима гап? Айтганингизни қилдим-ку. Бер дедингиз, бердим-ку телефонини қайтариб. Кимга беришим керак эди? Қизингизга?! Мен қайдан билай? Сиз бўлди, бер деганингиздан кейин гапингиз тугади деб ўйлаб, шунга бу одамга телефонини қайтариб бердим. Нима? Айтмадингиз-ку шундай деб, овозингиз йўқолиб турибди, эшитолмай қопман, ҳа, хўп бўлади. Мана ҳозир, – жувон бу гаплар билан телефонни қизчасига берди.
– Алло! Ассалом алайкум, дада! Биз келяпмиз. Ҳа, аям келяптилар…йўқ..йўқ…ҳа…хўп, хайр дада.
Жувон қизчасидан телефонни қайтариб олиб, эрига узоқ тушунтирди, сигнал бир бор, бир йўқ, гапингизни тушунмай қолибман, ана гаплашдингиз қизингиз билан, хўп, деди. Кейин оғир хўрсиниб, телефонни эгасига қайтарди. Бир оздан кейин пиқ-пиқ йиғи овози эшитилди.
Самандар йиғидан кўнгли бузилса-да, лекин руҳи енгил тортди. Ҳартугул, жувоннинг сиқилгани, йиғи-сиғиси ўтади-кетади, муҳими келишиб олишди, деб ўйлади. Бироқ куёвга нима жин урди экан, деган савол уни тинч қўймасди. Ўзича турли тахминларга борди, лекин бирор жўяли жавоб тополмади. Ҳайдовчининг калласида нима хаёл? У ҳайдовчи томон бир-икки нигоҳ ташлади, агар икковларининг ҳам хавотири бир масалада бўлса, албатта у бирор ишора беради, жилла қурса калласини сарак-сарак чайқаб қўяди. Афсуски, киракаш йигитнинг тунд чеҳрасидан бирор маъно илғаб олиш мушкул эди.
Орадан тахминан йигирма дақиқа ўтиб ҳайдовчининг телефони жиринглади. Самандар унинг пешонаси қаттиқ тиришганидан сездики, яна ўша куёв жаноби олийларининг шахсан ўзлари:
– Ҳа, келяпмиз, ҳа уларми? Келишяпти. Сигнал?! Йўқ, сигнал йўқолгани йўқ, ҳамма жойда бор, телефоним сира узилиб қолгани йўқ, доим ишлаб турибди. Ҳозир бераман.
Ҳайдовчи шу гаплар билан телефонни жувонга узатар экан, Самандарнинг кўнглидан хавотирли ўй ўтди. Шу киракаш йигит бекор айтди-да раидотўлқин узилгани йўқ, ҳамма жойда бор, деб. Ахир унинг эски қўлтелефони халқда “ёнғоқ чақадиган телефон” дейилади, тоғдами ёки боғда, бирдек тўлқинни яхши ушлайди. Бошқаларда смартфон, экрани ойтовоқдек, лекин пасту баланд жойларда тўлқинни яхши ушламайди. Шу гапни айтишга чоғланди-ю кеч қолди.
– Ҳа… Йўқ! Сигнал бир бор, бир йўқ дедим-ку! Айтдим-ку, телефон жирингламади, сигнал ўйнаб турибди. Вой нега унақа деяпсиз, бир бор, бир йўқ, дедим-ку, нега тушунмайсиз ахир…. мошина тўхтагани йўқ ҳеч қаерда… хўп, хўп, – жувон жим қолди. Бироздан сўнг оғир хўрсинишлар ўрнини яна пиқ-пиқ йиғи эгаллади.
Самандар бетоқат бўлди, юраги сиқилди. Шартта куёвга қўнғироқ қилиб, ҳўв ука, намунча тиқилинч қилмасанг, хотининг орқа ўринда, болалари қуршовида тинчгина келяпти, деган гапни айтсамикин? Оловга мой сепгандек бўлмасмикин? Қўй, яхшиси аралашмагани маъқул. Ўзидан кўра ёшроқ, ундан кўра кўпроқ жабр чекаётган ҳайдовчи миқ этмай тоқат қиляпти-ку.
Зулмат қўйнида ҳеч кимдан садо чиқмай Оҳангаронга етиб келишганида ҳайдовчи юрак ютиб сўради:
– Тошкентга кетаверасизми, нима қиласиз энди?
– Йўқ… қоламан… болаларим қийналиб кетишди, қандай бораман шу аҳволимда.
Улов маҳаллий киракашлар турадиган жойда тўхтади. Жувон шу жойда келинлик уйига такси олиш учун тушиб қолди. Самандар уловнинг ёнбош кўзгусидан ортда қолаётган келинни кузатди. Жувон бир қўлида гўдагини бағрига босиб, иккинчи қўлида юкларини кўтариб олган, уйқусираган кўзларини ишқалаётган қизчаси эса унинг этагини тутиб турарди. У ғалвали ҳамроҳдан қутулгани учун енгил тортганга ўхшаса-да, аслида ич-ичдан эзилиб кетарди. Ҳайдовчи ҳам миқ этмасди. Талаба ҳамон томоша кўриб кетяпти, элас-элас эшитилиб қолган шовқинидан билиш мумкинки, бу ўша, бачканаликни фазилат сифатида халққа сингдираётган гуруҳнинг томошаси эди. Тошкент бўсағасидаги узун ва зерикарли йўлнинг бошланиши эди. Самандар эса бетоқат, қандайдир олов ичида ёнарди: йўл бўйида икки боласи билан қолган жувон кўз олдидан кетмас, гоҳ куёвнинг сиймосини гавдалантира олмаганидан қийналар, гоҳ ўзининг янги уйланган кезлари, эр-хотин ўртасидаги можаролар, ҳаддидан ошириб юборган зуғум ва зулмлари ёдига тушиб қолар, шу тобда ҳўнграб йиғлаб юборгиси келарди. Ўзини тутиб турса-да, аслида ич-ичидан ўкириб-ўкириб йиғларди.
Ягона юпанч, олис-олислардан келаётган, элас-элас эшитилиб қоладиган ўйноқи бир овоз тобора сўниб борарди: “Ҳўв келишган йигит! Сизга айтяпман, йигитнинг гули, келинг ўзимга!”
2017 йил.
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 2-сон