Хуршид Дўстмуҳаммад. Соҳилдаги нашъу намо (ҳикоя)

Қуёш ётоғидан бош кўтарди. Унинг заррин толаларидан тарқаган ҳарорат ҳали соҳил бўйлаб кета-кетгунча ястаниб ётган оппоқ қумни қиздириб улгурмасидан пляж чўмилувчилар томонидан бирин-сирин ишғол этила бошланган, пича эртароқ бўлгани учунми, аксари мункиллаган чол-кампирлар имирсилаб-сургалиб келиб соябонли қўналғалар паноҳига жойлашар, йиғма каравотларга узала тушганча баданини тоб­лаётганлар бор, китоб мутолааси ёки уяли телефон бандилари қанча, норғул йигит-қизлар, болакайлар дуч келган жойга сочиқларини тўшаб-тўшамай, устки кийимларини улоқтирганча қувалаша-қувалаша тиззаларига довур сувга кириб боришар, сувсепар ўйини авжига чиқар, сувнинг совуқлигидан қийқиришар, диркиллаб-сиркиллаб қалтираганча соҳилга қайтиб, момиқ сочиқларига ўралишар, қисқа ёз туни ором олган, тонг саҳардан сокин жимирлай-жимирлай кунни қарши олаётган бепоён уммон эса дастлабки шинавандаларининг эркалик ва шўхликларига монанд мавжланаётган, бу кунда-шунда мижоз-меҳмонларга уммон сувининг пешвоз чиқиши – мезбоннавозлигидай туюларди.
Ёруғ дунёнинг жамики ранг-баранглигию хилма-хиллиги пляж дея аталгувчи чўмилувчилар гузарига сочилган: ёшлар ранг-баранг, жинслар ранг-баранг, семиз-ориқлар, дароз-паканалару қиёфалар хилма-хиллигини қўяверинг, ирқ-миллат ранг-баранг, тил-забон ранг-баранг… шоду-хуррамлик ранг-баранг! Эркакларники майли-я, аёл-қизларнинг чўмилиш либослари кенг мўллиги-ихчамлиги, ранго-ранглиги, бичимию гулларининг алламбалолиги, э, ҳа-а-а-а, бир бошдан тасвирлайман десанг… илло томошахона эмас бу ер, шу-ундай чўмилиш либослари борки, номи бору ўзи йўқдай, зеро бу гузар-издиҳомда ярим яланғоч юриш одобдан, бесаноқ издиҳом кўз ўнгида бир-бировининг пинжига “шўнғиш” одобдан, бепулдан-бепул томошаларга суқ бўлиб қараш эса ўтакетган беодоблик саналади курраи арзнинг бу томонларида.
Лекин…
Сувдан чиқиб издиҳом оралаб соҳилга қайтаётган барваста қора танли йигит эътиборни тортмаслиги мумкин эди. Бирдан унинг ортидан югуриб келган хипчагина аёлча олмахондек лип этиб сакрадию қўл-оёқлари билан йигитнинг бўйни ва белига чиппа ёпишиб қучоқлаб олди. Қомати чинордай барваста йигит ҳеч нарса бўлмагандай йўлида давом этди. От калла, елкалари кенг, кифти-яғрини кенг-мўл, елка-қўл-билак мушаклари қайнаб-тошиб чиққан, катта-катта кўзларининг соққаси бўртиб кўринар, оқ-қораси яққол кўзга ташланар, қуюқ жингала сочи, бўй-басти, қаддини ғоз тутиши киройи ҳавас қилса арзигулик эди.
Аёлча қандай чапдастлик билан унга тармашган бўлса, шундай енгиллик билан унинг ёнида пайдо бўлди. Аёлча йигитнинг елкасидан келар, ихчамгина, қадди шамшоддек тик-текис, тим-қора чўмилиш либоси садафдек оппоқ баданига киройи ярашган, сийнабандининг чеккаларидан мусича боласининг тўшидек туртиб чиққан бўлиқ сийналари симобдек оппоқ, бир тутам сочи орқасига йиғиб боғланган, қисиқ кўзларидан меҳр, шўхлик, эркалик майли уфуриб турарди.
Йигит кечагина харид қилингандай яп-янги соябон ёнида тўхтади, турган жойида кўйлак, пойафзал, ул-бул кийимларнинг бетартиб уюмига бир қур назар ташлади. Афтидан йигит билан аёлча чўмилувчилар гузарига келишгану соябонни тиклар-тикламас қувалашганича уммон сари югуришган.
Йигит қумга узала тушди. Аёлча соябон паноҳига кирмай, ўзини кўз-кўз қилмоқчидек қуёшга юз тутиб қўлларини боши узра баланд кўтарди. Қуёшнинг шойи ипакдек заррин нурлари аёлнинг оппоқ ва силлиқ баданига бутун меҳри-сеҳрини тўкиб унга янаям кўзни оладиган гўзаллик бахш этган, аёлнинг оппоқ ва шамшоддек тик кадди-қомати – қўл-оёқларининг, елка ва билакларининг, қолаверса, бели, сон ва болдирларининг мутаносиблигини янаям бўрттириб намоён қилар, устига-устак, ҳозиргина сувдан чиққан эмасми, баданини тарк этишни истамаётган сув томчилари офтоб нурларида жилваланиб дур-гавҳар доналари янглиғ кўзни оларди.
Қуёш пича қад ростлади, ҳавода жазирама нафаси сезилди, қум оёқни куйдирмаса-да, ётган одамнинг бадани роҳат қиладиган даражада илий бошлади.
Йигит қовуштирган қўлларини ёстиқ қилганича унга манглайини қўйиб узала тушди. Аёлча унинг ёнгинасида осмонга қараб чалқанча чўзилди. Осмон кўм-кўк, тиниқ, сокинликни унда-мунда чағалайларнинг “чағғ-чағғ”и бузади, холос. Қиз кўзини юмди. Гузар лаҳза сайин тиғизлашмоқда. Сув хийла илиди чоғи, уммон гурра-гурра чўмилувчиларни бағрига чорлади. Назоратчи вертолёт пастлаб учиб ўтди, ниначининг ўзгинаси.
Аёлча қўзғалди, чордона қуриб ўтирди. Шу ҳолатда иккала билагини жуфтлаб, қумга маҳкам ўрнаштирди-да, бошини билагига қўйди, аввал бир, сўнг иккинчи оёғини авайла-аб тепага кўтарди. Иккала оёғини жуфтлаганича қоматини бир муддат тек тутди. Уммон томондан эсган шабадада қизнинг елкаси, бели ва оппоқ сонига ёпишган қум зарралари дувиллаб тўкилди. Аёлчанинг пахтадай оппоқ ва силлиқ баданида сув зарралари қолмаган, энди унинг бутун баданидан қайтаётган офтоб нури кўзни қамаштира бошлаганди.
Йигит бошини кўтармади.
Аёлча йигитни чўчитиб юбормаслик учун ниҳоятда оҳисталик билан оёқларини туширди, энди чордона қуриб эмас, чўри чамбар ўйнаётган қизалоқлар сингари оёқларини ёйиб, қаддини ғоз тутиб ўтирди. Чуқу-ур нафас олди. Аввал чап, сўнг икки оёғининг ўртаси, сўнг ўнг оёғининг учига қадар энгашиб-қад ростлаш машқини адо этишга киришди. У ҳар бир машқини бажараётиб заррача ошиқмас, ғоятда вазминлик билан, улкан синов-имтиҳондан ўтаётгандек бутун вужуди билан ҳаракат қиларди. Қўлининг учини оёғининг учига теккизганича дарҳол аввалги ҳолатига қайтмас, ичида санаяпти чоғи, тўрт-беш лаҳзагача шу ҳолатини сақлар ва шундан кейингина қад ростлар, яна ва яна машқини давом эттирарди.
Қуёш қиздира бошлади, соҳил шинавандалари кўпайгандан-кўпайди, халоскор ниначининг дам-бадам шовқин солиб ўтиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ, бу ёқда бетини қўлларига қўйиб ётган йигит ҳамон қимир этмасди.
Аёлча икки қўлига таяниб, жуфтланган оёқларини тикка қилди. Худди оёқда ўтириб-туриш машқини бажараётгандек қўлларида “ўтириб-тура” бошлади. Бир, икки, уч, тўрт… саккиз… ўн… Самбит гулидек нозик бадан, нозик қўл, нозик оёқлар самовий мусиқага рақсга тушаётгандек бир маромда ҳаракатланар, одамлар унга эътибор қилмас, осмонда офтобнинг кўзлари катта-катта очилган, бу кўзлар бор куч-қуввати билан нур сочар – бунга сайин аёлчанинг оппоқ биллурий бадани мўъжиза кўрсатишда давом этар, йигит эса бош кўтарай демасди.
Аёлча навбатдаги машққа ўтди. Тик турган ҳолатда гавдасини орқага ташлаб “кўприк” ясади. Тим-қора сийнабанди, аёллик жилвасини паналаган ихчамгина либоси силлиқ баданининг кўркига кўрк қўшиб юборди.
Жонли “кўприк” икки томон таянчи – қўл ва оёқларини ёндамасига силжитиб юра бошлади, икки-уч “одим”да узала тушиб ётган йигит “кўприк” остида қолди. “Кўприк” йигитнинг устидан, унга тегар-тегмас илгарилади, шу чоқ… шу чоқ бирдан сезилди, сезилмади, йўқ, фош бўлди! – аёлчанинг қарийб ўғил болаларникидай калта қирқилган сочининг учлари йигитнинг аввал елкасини, сўнг бели, сўнг қип-қизил чўмилиш кийимини худди қитиқламоқчидек, силаб-сийпалаб ўтди. Ва бирдан гўё ҳолдан тойгандек, гўё қўл ва оёқлари мажолсизлангандек аёлча “кўприк”ни бузди-да, оҳистагина ва авайлабгина йигитнинг белига чўкди. Бор бўйича йигитнинг устига чалқанчасига узала тушди. Қўл-оёқларини чўзиб нафас ростлади, тин олди ва ортиқ ҳаялламай икки қўлига азот таянди, қўлларини букиб-ростлагани, букиб-ростлагани са­йин унинг сийнабоғига танғилган бир жуфт қип-қизил боғич йигитнинг кифтига тегиб-тегмай, ҳилпиллаб турди. Аёлча икки қўлида тик тургани ҳолида йигитнинг елкасидан қўлюриш қилишга ўтди: елкаси, кураклари, бели, сони, болдири… қўлюриш йигитнинг тўпиғига етганда тўхтади. Нафас ростлаган аёлча яна икки қўллаб изига қайтди: йигитнинг тўпиғидан болдири, болдиридан сони, думбаси, бели, кураклари, елкаси ва ниҳоят бошига етдию ғоят чапдастлик билан моҳир чавандоздек йигитнинг белига миниб олди, бағрини йигитнинг кифтига берганича иккала қўли билан йигитнинг бошини уқалашга тутинди. Жингала сочлар чангалзор янглиғ қуюқ, қизнинг нозик ва нимжон бармоқлари алламаҳалгача бу чангалзор оралаб кўздан ғойиб бўлиб кетар, олисдан қараган одамга гўё аёлча нималардир деб тавалло қилмоқдаю йигит унга беҳис-беэътибор-бераҳм парвои палакдек эди.
Ниҳоят…
Соҳилбўйи гузари дам олувчилар, чўмилувчиларга тўлди. Этаклари кўкка туташ уммон сатҳида пайдар-пай қувалашиб келаётган тўлқин мавж­лари ҳарчанд-ҳарчанд соҳилга чиқишга интилар, мастона-мастона чарх ураётган оқчорлоқлар йигит билан аёлчадан ўрнак олмоқчидек уларнинг тепаларидан узоқлашгиси келмас, тепада ўқтин-ўқтин айланишаётган халоскор игначи ҳам энди бир нуқтадан жилмай туриб қолаётганди.
Ва ниҳоят…
Йигитга жон кирди – у астагина қўзғалиб қад ростлади – басавлат, барваста эди, от калласи, кифти ва билакларида мушаклари тошиб чиққудек бўртиб турарди, оёқлари узун-узун, кўзларининг оқи оқ, қораси қора бўлиб ажралиб кўринар… ҳайҳотдай, янгигина пойафзалини наридан-бери оёғига илди, ёнида турган челакни, каттагина соябонни наридан бери тахлаб қўлтиғига суқди, оппоқ, силлиқ баданига қип-қизил, этаги калта кўйлакчасини кийиб олган аёлчани эргаштирганича соҳилни тарк эта бошлади. Йигитнинг одимлари катта-катта эди, аёлча нозик оёқларини пилдиратиб қадам ташлаб унга етиб олди, йигит узун ва куч-қувват ёғилиб турган қўлида даст кўтариб уни бағрига босди. Икковлон шундоққина соҳил бўйида жойлашган йигирма саккиз қаватли уйга кириб кетишди.
Қуёш роса тиккага келган эди…

Нью-Йорк – Флорида.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон