Кичкинагина, лўппигина қизчанинг бир эчкиси бўлиб, қизча шу эчкисини боқиб, сутини соғиб кун кечирар экан.
Эгнига яшил кўйлак, бошига сариқ дуррача ўраган бу қизча сут идишини кўтариб олган кўйи уйма-уй юриб, харидорларнинг кўзачаларига сутдан қуйиб бераркан. Қувноқ ва шўх бу қиз ҳаммага бирдек ширин муомала қиларкан: беморларнииг дардига даво тилар, бўй етган қизларга эса тезроқ бахтли бўлишларини тилар экан. Шунинг учун бўлса керак, ҳамма унинг келишини сабрсизлик билан кутар, чунки чиройли табассуми ғамнок хонадонларга ёруғлик, ҳатто баҳор нафасини олиб келаркан. Одамлар уни эркалаб Сутчи Момақаймоқ деб аташаркан. Бу лақаб қизга ёққани учун шу ном билан чақиришганидан сира хафа бўлмаскан.
Вақт ўтиши билан Момақаймоқнинг ҳам бўйи етибди, унга йигитларнинг тез-тез кўзи тушадиган бўлибди. Биринчи бўлиб Ўргимчак Момақаймоқнинг ёнига судралиб келибди. У фақат ўзинигина севувчи худбин одамлардек муҳаббат ҳақида сўз очмай, қандайдир кенг ва ёруғ, равон уйи борлигини айтибди. Бу уйда Сутчи Момақаймоқ билан роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришлари, ҳеч ким уларга халал бермаслиги учун эшикларига катта қулф солиб қўйишини айтибди. Қиз кулиб, шундай жавоб қайтарибди:
− Кулбангда ўзинг соғ-саломат яшайвер, менга деса эшигингга учта қулф солмайсанми, бирон кимса яна ўғирлаб кетмасин сени! Менга қасрингнинг кераги йўқ. Пул йиғиб, ўзимга уй қуриб оламан-да, дурустроқ эрга тегиб оламан.
Лекин ким ёшликда пул йиға олади дейсиз? Шунга ўхшаб, Сутчи Момақаймоқ ҳам деярли ҳар куни янги сариқ рўмол, янги туфли ё бўлмаса яшил кўйлак сотиб олиб кияркан, қарабсизки, ўз-ўзидан пул йиғолмас экан.
Гўзал қизга бой Қовоқари ошиқ бўлиб қолибди. У Сутчи Момақаймоқнинг ёнига келиб, қўлини сўрабди. У қўл остида бир пода хонқизи борлиги билан мақтанибди, лекин Сутчи Момақаймоқ бундай баджаҳл эрга теккандан кўра оқ эчкиси билан ёлғиз кун кечиришни афзал кўрибди.
− Мен пул йиғиб, ўзимга уй қуриб оламан. Уйим битгач, тузукроқ эрга ҳам тегиб оламан, − дея эртаю кеч хиргойи қилар экан Момақаймоқ.
Сутчи Момақаймоқ аста-секин уй қуришга киришибди, эчкисини соғиб, сутини сотиб, пул йиға бошлабди. У энди янги рўмол сотиб олмай қўйибди, эскиларини ювиб ўрайверибди.
Пуллари йиғилгандан-йиғилаверибди. Лекин севги-муҳаббатдан дарак йўқмиш! Муҳаббати қаерда қолди ё ёнидан ўтиб кетганини сезмай қолдимикин, а? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, чунки муҳаббат ҳар бир тирик мавжудотнинг насибаси. Нима учун унинг пешонасига ёзилган куёв тезроқ қўлини сўраб келмаяпти экан? Балки у шу атрофда, ёнгинасида юргандир ёки обрў-эътиборли куёвларнинг муҳаббатини рад этгани учун совчи юборишга бошқаларнинг юраги бетламаяптимикан, а?
Сутчи Момақаймоқ кундан-кунга ўйчан ва хаёлпараст бўлиб бораверибди. Эрта тонгда эчкисини шабнам тушган ўтлоққа олиб чиқаркан-да, қўлини пешонасига соябон қилиб, гўё ўз саволларига жавоб ахтараётгандек самога тикилиб қоларкан. Самода ҳеч нарса кўринмас, фақат юксакликда Тўрғайгина ўзининг узундан-узоқ қўшиғини хиргойи қилиб юраркан, холос. Тўрғайнинг қўшиғи Сутчи Момақаймоққа жуда-жуда ёқар, бу қўшиқ қизнинг қалбини ажиб бир ҳаяжонга солар экан.
Во ажабо, нима учун Сутчи Момақаймоқ учун дунё гўзаллиги Тўрғайнинг қўшиғида мужассамдек туюладиган бўлиб қолди экан-а? Мабодо ўтлаётган эчки бошини силкитиб, қўнғироқчаларини жиринглатиб қўйса ҳам Тўрғай учиб ўтиб кетмаяптимикан, деган хаёлда қиз тепага қараркан. Арғувон шохида Қизилиштон “тўқ-тўқ” қилса ҳам Сутчи Момақаймоқ бошидан рўмолини олиб, кўкдан Тўрғайни ахтараркан. Тунлари эса кимдир эшикни қоқиб қўшиқ куйлаётгандек бўлиб туюлар, Сутчи Момақаймоқ эса бу Тўрғай бўлмасин яна деган ўйда ўрнидан сапчиб туриб кетаркан.
− Момақаймоқнинг хаёлига менга насиб этган муҳаббат шу бўлса керак! − деган ўй келибди. У ўзини бағоят бахтли ҳис этибди.
− Ҳой Тўрғай, пастга туш! Қулоқ сол, сенда гапим бор!
Тўрғай ҳавода доира ясаб чир айланибди-да, ўт устига келиб қўнибди. Сутчи Момақаймоқ ўзини йўқотиб қўйганидан тили калимага келмай қолибди.
− Нима гапинг бор? − сўрабди Тўрғай ундан.
− Мен… Мен… Сен куйлайдиган қўшиқнинг сўзларини билмоқчи эдим, − очиғини айтибди Сутчи Момақаймоқ.
− Марҳамат, − дебди Тўрғай ва:
Бисотдаги қўшиқларимни
Бағишлайман сенга тамоман… −
деб куйлабди.
− Менга! − хитоб қилибди Сутчи Момақаймоқ, − Менга бағишлагайсан?! Ўзим ҳам биргина мен учун куйласанг керак деб ўйлардим, қара-я, бу сўзларни ўз оғзингдан эшитдим. Ундай бўлса тезроқ тўйимизни ўтказа қолайлик.
− Тўй? − ҳайрон бўлиб сўрабди Тўрғай. − Аммо…
− Оҳ, биламан, биламан, азизим, унчалик бой-бадавлат эмассан, лекин менга бойлигинг керак эмас. Муҳаббатингнинг ўзи кифоя, − унинг гапини бўлибди Сутчи Момақаймоқ.
− Муҳаббатим? − саросимага тушиб сўрабди яна Тўрғай. − Аммо мен…
− Муғомбирлик қилмай қўя қол, айёрвой! − Тўрғайга пўписа қилибди қиз бармоғини нуқиб. – Ма, ол, эчки сутидан ич, қолган гапни кейин гаплашамиз.
Сутчи Момақаймоқнинг гапларидан Тўрғай ҳанг-манг бўлибди, оғзи қуруқшаганидан сутдан бир қултум ичибди-ю, шу заҳоти туфлаб ташларкан:
− Сутинг бунча тахир! − дебди.
Тўсатдан Сутчи Момақаймоқнинг уч кундан буён эчкиси соғилмай қолгани эсига тушибди.
− Зиёни йўқ, лекин иссиқ бўсаларим жуда ширин! − дебди-ю, Сутчи Момақаймоқ шу заҳоти Тўрғайнинг бўйнига осилиб олибди. Бироқ Тўрғай қизнинг бу хатти-ҳаракатига чап бериб, осмону фалакка парвоз этиб, қўшиғини куйлай кетибди:
Бисотдаги қўшиқларимни
Бағишлайман Тождоримга…
Сутчи Момақаймоқ Тўрғай уни эмас, балки Тождорни севишини тушуниб етибди. Эвоҳ, Сутчи Момақаймок энди нима қилади, нима қилсин, кимдан маслаҳат сўраса бўлади?
Сутчи Момақаймоқ оқариб кетган рўмолини силкитиб қичқирибди:
− Ҳой, Тўрғай, шошма, кетмай тур, сенга яна бир гап айтмоқчиман! Ёнимга туш, менинг пулим жуда кўп!
Тўрғай бўлса борган сари баландлаб кетаверибди, ўзининг севган қўшиғини куйлашда давом этибди.
− Боримни кўкка совураман! − қичқирибди Сутчи Момақаймоқ. Ҳамёнини очибди-да, жамғарган олтинларини олиб Тўрғайнинг ортидан сочиб юборибди.
Сариқ олтинларни эса шамол теварак атрофга сочиб юборибди. Баҳор келганда бутун яйловни тилларанг момақаймоқ гуллари қоплабди.
Рус тилидан Дилдора Рўзимаҳамадова таржимаси