Тўлқин Сайдалиев. “Ўткан кунлар”нинг русча таржималари ҳақида

Китобхонларнинг янги авлоди пайдо бўларкан, уларнинг бадиий асардан янада кўпроқ эстетик завқ олиши, муаллиф тафаккурини идрок этиши, қаҳрамонларнинг руҳий кечинмаларига ҳозирги кун нуқтаи назаридан баҳо бериши, пирвардида аввалги таржималардаги кемтикларни бартараф қилиш мақсадида мутаржимлар таржимага қўл урадилар. Бошқача айтганда, таржимашунос олим Нажмиддин Комилов “Бу қадимий санъат…” рисоласида таъкидлаганидек, “қайта таржима ҳаётий заруратдир”.

Абдулла Қодирий шахси биз учун тарихий сиймо ва унинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари худди Алишер Навоий достонлари сингари адабий ёдгорлик мақомидадир. Адабий ёдгорликнинг ҳар бир сўзигина эмас, ҳар бир ҳарфи ҳам дахлсиз, асраб-авайлашни талаб этадиган инжулардир[1].

Демак, мазкур асарларнинг таржималарига ҳам шундай талаб, мураккаб вазифа  қўйилиши даркор. Зеро, XIX аср рус мумтоз адабиётининг йирик вакили Ф. М. Достоевский таъкидлаганидек, бадиий таржимада битта сўз кам ёки кўп бўлмаслиги керак[2].

“Ўткан кунлар” романининг рус тилидаги таржималарига келсак, «За партию» журналининг 1928 йил март ойидаги сонида рус адиби М. Шевердиннинг «Первый узбекский роман» сарлавҳали мақоласи чоп этилган[3]. Мазкур мақолада асардан олинган бир нечта хатбоши ва жумлалар рус тилида берилган бўлиб, мазкур таржималар ким томонидан бажарилган ёки кимлар унга тагламалар тайёрлаб берганлиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бироқ шуниси ҳам маълумки, М.Шевердин ўзбек тилини билмаган. Биз бу ҳақда қуйироқда батафсил тўхталамиз.

Биринчи маротаба роман рус тилига адибалар Л.Бать ва В.Смирнова томонидан  ХХ аср 50-йилларининг иккинчи ярмида ўгирилган ва 1958 йилда Ўзбекистон бадиий адабиётлар давлат нашриётида чоп этилган[4]. Бироқ бу таржимани ҳам тўлиқ таржима деб бўлмайди, чунки мафкуравий босим остида асарнинг энг муҳим ҳисобланган ватан ва истиқлол истиқболи, миллий ўзликни англаш руҳида ёзилган парчалари олиб ташланган. Бу ҳолат романнинг энг муҳим бўлимларидан рус китобхони маҳрум бўлганлигидан далолат беради. Шунга қарамасдан, роман «Минувшие дни» номи билан рус китобхонлари орасида катта шуҳрат қозонган.

Таржимон Л. Бать романнинг биринчи қисмини тўлиқ, учинчи қисмининг 8-бобидан 17-бобигача таржима қилган бўлса, мутаржим В. Смирнова иккинчи қисмини тўлиқ, учинчи қисмнинг 1-бобидан                 7-бобигача таржима қилган. ХХI асрга келиб асарни аслият тилини биладиган таржимон М. Сафаров янгитдан рус тилига ўгирган ва у 2009 йилда “Шарқ”нашриётида чоп этилган[5].

Л. Бать ва В. Смирновалар аслият тилини билмаган ҳолда тагламалар асосида таржима қилишган. Мазкур таржималар мафкуравий босим остида бажарилганлигини мутолаа жараёнида сезиш мумкин.

Асарнинг биринчи бўлимидаги “Хон қизига лойиқ бир йигит” номли иккинчи фаслида Зиё шоҳичининг уйида меҳмондорчиликда бўлиб,  зиёфатда Отабекнинг руслар ҳукмронлиги остидаги шаҳарларга борганлиги, айниқса, Шамай (Қозоғистоннинг ҳозирги Семей) шаҳри таассуротлари атрофдагиларни ҳайратга солади. Отабек русларнинг идора усули ҳақида ҳаяжон билан гапиради ва ўз идора усулимиз орқада қолиб кетганлигини куюниб сўзлайди. Мазкур парчадан биз наинки Отабекнинг, балки муаллифнинг ҳам дунёқарашини англаймиз.

Абдулла Қодирий фикрати таржималарда қай даражада ўз аксини топганлигини аниқлаш мақсадида, уни аслият билан чоғиштириб кўрамиз.

Аслият: “Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғимизни кўриб; бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, – деди бек, – лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчиқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим… Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса, ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанимга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиқ ёзиб, ўриснинг идора тартибини дастуриламал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам… аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлаганларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи бирав ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам:
“Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?” деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам ҳам, сўнғғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда “ҳаййя алалфалаҳ” хитобини ким эшитар эди”[6].

М. Шевердин мақоласидаги таржима: «Увидя управление русских и сравнив его с нашим, я не могу не считать последнее простой игрой. Если так будет дальше, я не могу себе представить, каково будет наше положение. Ах, если бы у меня были крылья! – мечтал я будучи в Семипалатинске, – я сейчас же полетел бы в наш край, спустился бы в ханском дворце и доложил бы повелителю о порядках урусов. Я уверен, что хан выслушал бы меня и отдал бы приказ ввести немедленно всюду русские порядки управления… В самое короткое время, – мечтал, – я увижу свой народ в довольстве, подобно русскому».

«Страна подобна кладбищу: кто может услышать мой призыв»[7].

Л. Бать таржимаси: «До поездки в Шамай я думал, что всюду власть такая, как у нас. Но в Шамае перевернулись все мои представления, я всё теперь вижу по-иному. Надо признать, что урусы умеют управлять; рядом с ними наши порядки похожи на игру. Ума не приложу, как быть, если и дальше так будет идти! Увидев, какие порядки в Шамае, я хотел на крыльях лететь домой, явиться к хану, рассказать о законах урусов. Я мечтал, чтобы хан выслушал меня, написал указ руководствоваться их примером… Я хотел, чтобы наш народ за один месяц догнал урусов! Но увы, вернулся я на родину и увидел, что это несбыточная мечта. Никто даже и слушать меня не хотел, а если находился кто-нибудь. То тут же охлаждал мои порывы: «И ты думаешь, что хан станет слушать тебя, а беки будут исполнять подобные приказы?!» Сначала я не хотел верить этим словам, но вскоре понял, что люди говорят правду. Разве на кладбище услышит кто нибудь призыв «спасите!»[8]?

М. Сафаров таржимаси: «До поездки в Шамай я думал, что власть всюду такая же, как у нас, – уточнил бек, – однако Шамай полностью перевернул моё представление об этом, и ныне мне видится всё по-иному. Я вынужден признать, что по сравнению с административными порядками у русских, наши устои напоминают жалкое подобие игры… Ума не приложу, что же нас ожидает впереди, ежели в наших учреждениях будет все та же неразбериха. Пребывая в Шамае, я хотел обрести крылья и лететь домой, явиться в покои хана и подробно рассказать ему обо всех законодательных актах правительства русских. Я мечтал, чтобы хан выслушал меня и внял моим просьбам, предписал бы твердо руководствоваться порядком как у русских, и результатом чего явилось бы лишь за месяц достижение нашим народом уровня урусов… но, увы, вернувшись на родину, я убедился, что мечты мои являются лишь несбыточными, сладкими грёзами. Никто и слушать меня не хотел, а если и находился кто-нибудь, то тут же ввергал меня в уныние: «Разве станет тебя слушать хан, а беки – исполнять подобные приказы?» Вначале я не хотел прислушиваться к этим словам, однако позднее осознал их правоту. В самом деле, разве на кладбище кто-либо услышит призыв «хаййя алалфалах»[9]?

Мазкур лавҳада муаллиф бош қаҳрамоннинг ички изтиробларини юксак бадиий маҳорат билан очиб берган, унинг атрофдаги ҳодисаларга бефарқ эмаслигини кўрсатган, Отабекнинг тилидан сўзлаб, давлат бошқаруви ҳақида ўз фикрларини ифода этган, лекин хон ва бекларнинг манфаатпарастлиги, узоқни кўра олмаслиги, худбинлиги туфайли ватанининг жар ёқасига келиб қолганлигини афсус надоматлар билан куюниб гапирган.

Аслиятдаги биринчи гап: “Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғимизни кўриб; бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, – деди бек, – лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади”. М. Шевердин мақоласидаги таржимада бу гап умуман берилмаган. Л. Бать уни бундай таржима қилган: «До поездки в Шамай я думал, что всюду власть такая, как у нас. Но в Шамае перевернулись все мои представления, я всё теперь вижу по-иному». Мутаржим аслиятдаги мазкур зидлов боғловчили боғланган қўшма гапни икки содда гапга бўлган ҳолда таржима қилган. Муаллиф антитеза бадиий воситасини қўллаганлиги учун ҳам таржимон иккинчи гапда рус тилидаги «но» зидлов боғловчисини ишлатган. Русчасига Семипалатинск шаҳри номини муаллиф “Шамай” шаклида берганидек, Л.Бать ҳам Шамайлигича қолдирган ва шу билан давр руҳи ҳамда миллий колоритни ярата олган. Аслиятдаги “ҳукмдорлиғимиз”сўзини «власть» тарзида ўгириб, асосан, тўғри йўлни танлаган. “Маним фикримни ост-уст қилиб” жумласини «перевернулись все мои представления» шаклида таржима қилган. “Ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади” жумласини эса муқобил таржима эмас, балки эркин таржима усулидан фойдаланиб, аслият мазмунини таржимада айнан ўзидек бера олмаса ҳам, муаллиф мақсад-муддаосини имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қилган.

Мутаржим М. Сафаров мазкур гап шаклини айнан аслиятникидек рус тилига ўгирган. Мазмунида эса Л. Бать таржимасига айнан бўлмаса-да, яқин таржима қилган: «До поездки в Шамай я думал, что власть всюду такая же, как у нас, – уточнил бек, – однако Шамай полностью перевернул моё представление об этом, и ныне мне видится всё по-иному». Бунда олдинги ўгирманинг таъсирида шундай ўхшаш таржима вужудга келган деган гумонимиз ҳам йўқ эмас.

Парчадаги “Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчиқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим…” деган иккинчи гап М. Шевердин мақоласида қуйидагича таржима қилинган: “Увидя управление русских и сравнив его с нашим, я не могу не считать последнее простой игрой”. Мутаржим томонидан “ўриснинг идора ишларини кўриб” жумласи аслиятга яқин “увидя управление русских” тарзида таржима қилинган, “идора ишлари” сўз бирикмаси «управление» сўзи билан берилган, бироқ «сравнив его с нашим» жумласи аслиятда умуман йўқ, «ўз идорамизнинг худди бир ўйинчиқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим…» жумласи «я не могу не считать последнее простой игрой» деб ўгирилган.

Л. Бать таржимасида эса қуйидагичадир: «Надо признать, что урусы умеют управлять; рядом с ними наши порядки похожи на игру». Эътибор берган бўлсангиз, таржимон рус тили синтаксиси қонун-қоидаларига мувофиқ, аслиятдаги гапнинг охирида келган “иқрор этишка мажбур бўлдим”биринчи шахс бирликда қўлланилган кесимни «Надо признать» деб феълнинг ноаниқ шаклида таржима қилиб, гапнинг бошида берган, сўнгра аслиятдаги “Мен ўриснинг идора ишларини кўриб…” гапини «что урусы умеют управлять…» тарзида ўгириб, аслиятдаги “мен” олмошини тушириб қолдирган, “ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлғанлиғини” жумласини «рядом с ними наши порядки похожи на игру…» деб ўгирган. Л. Бать аслиятдаги баён шаклидан чекинган бўлса-да, таржима давр руҳига мос равишда бажарилган. Айниқса, “ўрис” сўзининг русчада «урус» деб берилиши таржимада ўзига хос миллий колоритни яратишга хизмат қилган.

Мазкур гапни мутаржим М. Сафаров таржима қилишда бошқача йўл тутган: «Я вынужден признать, что по сравнению с административными порядками у русских, наши устои напоминают жалкое подобие игры…». Эътибор беринг: таржимада аслиятда йўқ бўлган «административные порядки» бирикмаси ишлатилган. Таржимон ҳеч қачон замон ва макон қонуниятини унутмаслиги керак. Агар ўша вақтда чор Россияси ва Туркистон хонлигида маъмурий қонун-қоидалар тизими мавжуд бўлганида, буни тушунса бўлар эди. Юқоридаги сўз бирикмаси китобхонни воқеа-ҳодиса ҳозирги кунларда содир бўлган экан, деган хато хулоса чиқаришга олиб келади. Мазкур таржиманинг бир ютуқ томони шундаки, “бир ўйинчиқ бўлғанлиғини” жумласини «жалкое подобие игры», “ўз идорамизнинг” бирикмасини «наши устои» шаклида аслият мазмунига ниҳоят даражада яқин таржима қилган.

Таҳлилга тортилган парчанинг “Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса, ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди” деган учинчи гапи М. Шевердиннинг мақоласида қуйидагича таржима қилинган: «Если так будет дальше, я не могу себе представить, каково будет наше положение». Аслиятдаги баъзи сўзлар таржимада тушиб қолган: идорамиз; бу кунги тартибсизлик; ақлим етмай қолди. Таржимон эркин таржима услубидан фойдаланган ҳамда гапнинг мазмуни ва муаллиф ғоясини тўғри мушоҳада қилиб, рус тилида инъикосини топтирган. Л. Батнинг ҳам эркин таржима услубидан фойдаланганлиги кўриниб турибди: «Ума не приложу, как быть, если и дальше так будет идти!». У ҳам аслиятдаги баъзи сўзларни таржимада бермаган: бизнинг идорамиз; бу кунги тартибсизлик; ҳолимиз.

М. Сафаров ушбу гапни «Ума не приложу, что же нас ожидает впереди, ежели в наших учреждениях будет все та же неразбериха» шак­лида рус тилига ағдариб, муайян маънода муқобил таржима услубига мурожаат қилган. Аслиятдаги асосий маъно ва мазмунни мужассам этган барча сўзлар ағдармада ўз аксини топган. Юқорида икки таржимон тушириб қолдирган сўзлар таржимада тўлиқ берилган: в наших учреждениях; будет все та же неразбериха; ума не приложу. Бироқ таржимон «ҳолимизнинг нима бўлишига» жумласини ўгирмада «что же нас ожидает впереди» шаклида бериб, аслиятдан сал четлашган. Ушбу гапнинг учта таржимасини бир-бири билан қиёслаганда, учинчи таржима нисбатан мақбулроқ дейишимиз мумкин.

Таҳлилни давом эттириб аслият парчасидаги охирги гапларни таржималар билан чоғиштирамиз: “Бу ерда сўзимни эшиткучи бирав ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: “Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу бек­лар ижро қиладими?” деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам ҳам, сўнғғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда «ҳаййя алалфалаҳ» хитобини ким эшитар эди». М. Шевердин мақоласида мазкур қисмнинг фақат сўнгги гапи: «Страна подобна кладбищу: кто может услышать мой призыв», – сказал Атабек» тарзида таржима қилинган.

Л. Бать бу лавҳани рус тилига қуйидагича ағдарган: «Никто даже и слушать меня не хотел, а если находился кто-нибудь. То тут же охлаждал мои порывы: «И ты думаешь, что хан станет слушать тебя, а беки будут исполнять подобные приказы?!» Сначала я не хотел верить этим словам, но вскоре понял, что люди говорят правду. Разве на кладбище услышит кто нибудь призыв «спасите!»?

М. Сафаров таржимасини келтирамиз: «Никто и слушать меня не хотел, а если и находился кто-нибудь, то тут же ввергал меня в уныние: «Разве станет тебя слушать хан, а беки – исполнять подобные приказы?» Вначале я не хотел прислушиваться к этим словам, однако позднее осознал их правоту. В самом деле, разве на кладбище кто-либо услышит призыв «хаййя алалфалах»[10]?

Келтирилган аслиятдаги парчанинг энг муҳим луғавий маъноси мужассам бўлган ҳолат таржимада қандай акс этганини кўриб чиқамиз. М. Шевердин мақоласидаги таржимада «мени маъюс қилдилар» жумласи умуман берилмаган ҳамда “мозористонда «ҳаййя алалфалаҳ” хитобини ким эшитар эди” гапи мутлақо матн контекстига нисбатан зид ҳолатда таржима қилинган: «Страна подобна кладбищу: кто может услышать мой призыв». Отабек ватанини қабристонга қиёс қилмайди, балки муболаға ўрнида қўллаб, сўфининг азони ҳаёт бўлган мўминларга қаратилган бўлиб, ҳақиқатда қабристонда ётган майитлар учун бу чақириқ фойдасизлигини билдиради. Унинг тингловчиларга қаратилганлигини таъкидлайди. М. Шевердин мақоласидаги мазкур қўпол хато биринчи ўзбек романига ёзилган тақризнинг нақадар енгил-елпи, чуқур мулоҳаза қилинмасдан ёзилганлигидан далолат беради.

Л. Бать юқоридаги жумла ва гапни ўзига хос тарзда рус тилига ўгирган: «то тут же охлаждал мои порывы» ҳамда «Разве на кладбище услышит кто нибудь призыв «спасите!» Таржимон аслият тилини билмаса-да, таглама асосида амалга оширган ўгирмасида муаллиф фикрини тўғри илғай олган ва эркин таржима имкониятларидан фойдаланиб, аслиятдаги мазмунни рус китобхонига имкон қадар етказишга ҳаракат қилган. Бироқ роман муаллифи аслиятда ишлатган исломий истилоҳ: “ҳаййя алалфалаҳ» – қутқарилишга шошилинглар, нажотга келинглар” рус китобхонига мавҳум бўлиб қолган.

М. Сафаров эса қуйидагича таржима қилган: «ввергал меня в уныние» ва «В самом деле, разве на кладбище кто-либо услышит призыв «хаййя алалфалах?» Таржимоннинг аслият тилини билиши унга бошқа мутаржимларга нисбатан муайян даражада устунлик берган. М.Сафаров муаллиф ғоясини тўғри идрок этиб, мазмунни тўлиғича рус тилига ўгиришга ҳаракат қилган. Сўфининг намозга чақириғини ҳам айнан сўзма-сўз ўгирган: «призыв «хаййя алалфалах». Исломий истилоҳлардан узоқроқ бўлган рус китобхони ушбу чақириқни тушунмаслиги мумкинлигини инобатга олган мутаржим шарҳ ва изоҳлардан кенг фойдаланган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, давр руҳи, миллий колоритни таржимада қайта яратишда мутаржимлар қабул қилувчи муҳитнинг имкониятларидан самарали фойдаланишлари, буни амалга ошириш учун ўзга тил лексикологик қатламидаги архаик сўзлар ва историзмларни унумли қўллаш, тарихий асарни таржима қилишда ҳозирги замон рус тилига эмас, уларнинг муаллифлари яшаган давр, улар қўллаган услуб ва усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда, асар қуруқ омма­боп-публицистик таржимага айланиб қолади.

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 4-сон

____________________

[1] Қаранг: Раҳмонов В. Сўнгсўз //Абдулла Қодирий. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”. – Т.: Ғ. Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992. – 507-б.

[2] Қаранг: Фёдоров А. В. Основы общей теории перевода. – М.: Высшая школа, 1983. – С. 210.

[3] Қаранг: Шевердин М. Первый узбекский роман (А. Кадыри. «Уткан кунляр» (Прошлые дни) //За партию: Орган СредАзиатского Бюро ЦК ВКП (б) и Казкрайкома ВКП(б). – Ташкент, 1928. – № 3. – С. 88–96.

[4] Кадыри А. Минувшие дни: Роман. – Т.: Государственное издательство художественной литературы УзССР, 1958.

[5] Кадыри А. Минувшие дни. – Т.: Главная редакция издательско-полиграфической акционерной компании «Sharq», 2009.

[6] Қодирий А. Танланган асарлар. – Т.: «Sharq» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2014. – 15-б.

[7] Шевердин М. Первый узбекский роман (А. Кадыри. «Уткан кунляр» (Прошлые дни) //За партию: Орган СредАзиатского Бюро ЦК ВКП (б) и Казкрайкома ВКП(б). – Ташкент, 1928. – № 3. – С. 89–90.

[8] Кадыри А. Минувшие дни. – Т.: Государственное издательство художественной литературы УзССР, 1958. – С. 36–37.

[9] Кадыри А. Минувшие дни. – Т.: Главная редакция издательско-полиграфической акционерной компании «Sharq», 2009. С. 48–49.

[10] Кадыри А. Минувшие дни. – Т.: Главная редакция издательско-полиграфической акционерной компании «Sharq», 2009. С. 48–49.