Пошшажон Кенжаева. Халқ ҳикояларининг бадиий инъикоси

Турк фольклорида ҳали ёзма адабиёт пайдо бўлмасдан олдин “Халқ ҳикоялари” номли жанр мавжуд бўлган. Бу жанрнинг вужудга келиши, оммалашиши, анъанавий жанр сифатида шаклланиши ҳақида қатор турк олимлари тадқиқот олиб борганлар. А.Б.Алптекин, Э.Аслан, Ҳ.Баёз, А. Дуймаз, М. Экижи, Ш. Элчин, Р. Филизок, Э. Гуней, Д. Кая, Н. Кўсе, А. Пускуллуўғли, Э. Сав, Ф. Кўпрулу сингари адабиётшунослар тадқиқотларида[1] “халқ ҳикоялари”нинг ўзига хос хусусияти, мавзулар кўлами батафсил ўрганишга ҳаракат қилинган. Айниқса, “Кўрўғлининг пайдо бўлиши”, “Кўрўғли ва Демиржиўғли”, “Ошиқ Гуруний”, “Желалий ва Меҳметбей”, “Кирманшоҳ”, “Эшрефбей”, “Латифшоҳ”, “Одил шоҳ”, “Варақа билан Гулшоҳ”, “Хуршид ва Моҳимеҳри”, “Ярадор Маҳмуд”, “Элиф билан Маҳмуд”, “Орзу билан Қамбар”, “Ошиқ Ғариб”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Али Иззат”, “Гул ва Алишер”, “Ҳотамитой”, “Довуд ўғли Сулаймон”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайло ва Мажнун” ва “Юсуф ва Зулайҳо ҳикояси” сингари машҳур оғзаки ҳикоялар нафақат турк, балки бутун бир туркий халқлар фольклорида учрайдиган мавзулар ҳисобланади. Халқ ҳикояларининг келиб чиқиши, унинг таъсир манбаси ҳақида йирик фольклоршунослар томонидан турлича талқин қилинган. Хусусан, турк халқ ҳикоялари устида илк жиддий тадқиқот олиб борган машҳур олим Фуад Кўпрулу уларни қуйидагича таснифлайди:

  1. Туркий анъаналар таъсиридаги мавзулар: “Китоби Дада Қўрқут”, “Кўрўғли” достонлари;
  2. Ислом анъанасидан ўтган диний мавзулар: “Мавлуд”, “Ҳазрати Ҳамзанинг қаҳрамонликлари”, “Або Муслим Хуросоний қиссалари”, “Ҳалложи Мансур”, “Шайх Санъон” сингари насрий ва назмий китоблар;
  3. Эрон анъанасидан ўтган – аксарияти диний бўлмаган, баъзан зоҳирий, исломий маъно берилган мавзулар ва форс насри анъаналари таркибидан ўтган ҳинд адабиётидаги мавзулари: “Калила ва Димна”, “Шоҳнома”[2].

Адабиётшунос Али Берат Алптекин таснифи бироз ўзгачароқ характерга эга. Унинг таснифида макон хусусиятлари билан бир қаторда Шарқ насрига хос мавзу хусусиятлари ҳам эътиборга олинган:

а) туркий манбалардан етиб келган халқ ҳикоялари: “Кўрўғли”, “Ошиқ Ғариб” ва ҳоказо;

б) араб, форс ва ҳинд манбаларидан етиб келган халқ ҳикоялари: “Лайло ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Юсуф ва Зулайҳо”;

в) эртак-афсона манбалари асосида яратилган халқ ҳикоялари: “Кирмоншоҳ”, “Тапдиг”, “Латифшоҳ”, “Шоҳ Исмоил”;

г) ошиқлар ҳаётидан таъсирланган халқ ҳикоялари: “Карам билан Асли”, “Туфарганли ошиқ Аббос ва Гулгез пари”, “Гурбаний ва пари”, “Ержишли Эмраҳ ва Селвихон” ва ҳоказо[3].

Исмоил Касапнинг “Халқ ҳикоялари ҳақида” мақоласида эса қуйидагича таснифга дуч келамиз:

а) ҳаётда бўлиб ўтган воқеалар;

б) ошиқлар бошидан кечирганларини ривоят қилувчи таржимаи ҳоллар;

в) Або Муслим, Баттол Ғози сингари диний ривоятлар;

г) мавзулари мумтоз шеърий ҳикоялардан, араб, ҳинд ва форс шеърий тўпламларидан олинган ҳикоялар[4].

Бу тасниф қисман Н. А. Айзенштейн тадқиқотидаги таснифга яқин келади. Бу таснифда бевосита тилга олинмаса-да, реалистик, романтик, диний-маърифий, классик ҳикоячилик сингари назарий терминларнинг етакчилиги сезилади.

Турк халқ ҳикоялари қадимий жанр ҳисобланган миф, эртак, афсона, ривоят ва достонлар таркибида шаклланган. Шунинг учун ҳам халқ ҳикояларида баъзан мифологик ҳикоялар, афсонавий ва тарихий қаҳрамонлар, ишқий мавзулар, сеҳр-жоду, фантастик хусусиятлар устунлик қилади.

Турк халқ ҳикоялари “Дада Қўрқут китоби” достонида “boy”, “Кўрўғли” достонида эса “kol” шаклида ифодаланади. “Кўрўғли” туркумидаги халқ ҳикоялари Кўрўғлининг туғилишидан то умрининг сўнггигача бўлган воқеаларни қамраб олади. “Кўрўғлининг туғилиши”, “Кўрўғли ва темирчи ўғли”, “Темирчи ўғли ва Райҳон араб”, “Кўрўғлининг Айвазни олиб қочиши”, “Кўрўғли ва Ниғдели кийик Аҳмад”, “Кўрўғли ва Нигорхоним”, “Кўрўғли, Нигорхоним, Ҳасанбей ва Телли Нигор”, “Оқшаҳарда Телли Нигор жангги”, “Келўғлоннинг Кўрўғли отини олиб қочиши”, “Кўрўғлининг сўнгги умри” сингари ҳикоялар шулар сирасига киради.

Шунингдек, фольклор асарлари ёзма адабиёт таъсирида янада тараққий топиб борди. Бу ҳақда академик Т. Мирзаев ва фольклоршунос олим М. Жўраев шундай фикр билдиради: “XVIII асрнинг охирларида, хусусан, XIX асрнинг иккинчи ярмида фольклор асарларини ёзма адабиётга яқин руҳда қайта ишлаш ёки аксинча, ёзма адабиёт намуналарини “фольклорлаштириш” жараёни ниҳоятда кучайди. Бунинг натижасида турли характер ва мазмундаги қиссалар (“Халқ китоблари”) пайдо бўлди, айрим бахшилар ижодида ёзма адабиёт унсурлари кўрина бошлади”[5]. Фольклор асарларидаги бундай кузатувлар, жараёнлар турк халқ адабиётида ҳам кўзга ташланади. Хусусан, халқ ҳикоялари орасида ёзма адабиёт намуналаридан парчалар, мавзулар, қаҳрамонлар, воқеалар пайдо бўла бошлади. “Ҳотамитой”, “Фарҳод ва Ширин”, “Юсуф ва Зулайҳо”, “Лайло ва Мажнун”, “Маҳмуд Ғазнавий”, “Зол ўғли Рустам”, “Малика Дилором” каби халқ ҳикоялари ёзма адабиётдаги достонлар таъсирида яратилди. Турк халқ ҳикояларида кузатиладиган аксарият мавзу ишқ-муҳаббат ҳисобланади. Ишқ-муҳаббат мавзусидаги ҳикояларда бош қаҳрамон сифатида ошиқ ва маъшуқа ҳаётидан лавҳа тилга олинади. Баъзан уларнинг ишқ-муҳаббати халқ қўшиқлари воситасида ифодаланади. “Ошиқ Гуруний”, “Маликшоҳ ва Гуллихоним”, “Варақа ва Гулшоҳ”, “Хуршид ва Моҳимеҳри”, “Алиф ва Маҳмуд”, “Орзу ва Қамбар”, “Асумон ва Зейжон”, “Ошиқ Ғариб”, “Туфаргонлик ошиқ Аббос ва Гулгез пари”, “Карам ва Асли”, “Гул ва Алишер”, “Розиниҳон ва Моҳфируза”, “Ошиқ Ҳасан”, “Шоҳ Исмоил”, “Дардли Ҳасан ва Нозлихон”, “Сумманий ва Шенлик”, “Эмроҳ ва Селви”, “Оташқалб Умар ва гўзал Зайнаб”, “Биллуркўшк”, “Дадал ўғли ва туркман гўзали”, “Сурмалик бек ва Дилбар санам” сингари қатор халқ ҳикояларида ишқ-муҳаббат мавзуси куйланади.

Шундай ҳикоялардан бири “Карам ва Асли” тилларда достон бўлган ҳикоя ҳисобланади. Бу ҳикоянинг яратилиши, оммалашиши ҳақида Туркияда Шукри Элчиннинг “Карам ва Асли ҳикояси”, Али Дуймазнинг “Карам ва Асли ҳикояси ҳақида қиёсий тадқиқ” номли диссертациялари бор.

Олдинги даврларда халқ ҳикояларини оғиздан-оғизга ўтказувчи кишиларни “маддоҳлар” деб аташган. Улар наинки тингловчилар вақтини хуш ўтказиши, эстетик завқ олиши, бадиий-тарихий маълумотларга эга бўлиши учун, балки халқ орасида миллий-исломий маърифат, одоб-ахлоқ (этика) нормаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилганлар. Маддоҳларнинг ўз давридаги вазифаси ва маддоҳлик санъатининг аҳамияти бугунги ёзувчи ва китобнинг ижтимоий аҳамиятидан кам бўлмаган. Турк адабиёти тарихи манбаларида келишича, XV асрда маддоҳлар-ҳикоячилар жуда машҳур бўлганлар. Улар насрий, назмий, мусиқали ва мусиқасиз усулларда ўз репертуарларидаги асарларни халққа етказганлар. Жумладан, Араб Нодим, Айваз ўғли, Дарвиш Ҳасан, Дарвиш Меҳмет, Эмин, Ҳамза, Кичик Али Чалабий, Муҳсинбей, Умар, Рамазон, Ошиқий, Балабан, Дарвиш, Дарвиш Комил, Фируз, Ҳамди, Мустафо Чалабий, Ҳаққи ва Чалабий каби маддоҳлар репертуарлари турк тадқиқотчилари асарларида кўп эсланади. Бугунги кунда эса халқ ҳикояларини сўзлаб бериш, ҳикоя қилиш ёки куйлаш халқ бахшилари томонидан халққа етказилмоқда.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 10-сон

____________________

[1] Бу ҳақда қаранг: Alptekin Ali Berat. Elif ile Yaralı Mahmut Hikayesi. // Türk Folkloru Araştırmaları (27) Ankara-1982. – S.179–205; Alptekin Ali Berat. Dede Korkut Hikayeleri ile Halk Hikayelerinin Münasebetleri. // Türk Kültürü Araştırmaları. Prof. Dr. Şükrü Elçin Armağanı. Ankara-1993; Alptekin Ali Berat. Halk Hikayelerinin Motif Yapısı. Ankara – 1997. 2. Baskı Ankara – 2002; Aslan E. Halk Hikayelerini İnceleme Yöntemleri. Yaralı Mahmut Hikayesi Üzerinde Bir İnceleme. Diyarbakır – 1990; Aslan Е. Halk Hikayelerinde Kahramanların Kıyafet Değiştirme Motifi ve Arabızengi Tipi // Türkbilig. 2001//2. Ankara. – S. 1–10; Bayaz H. Köroğlu’nun Antep Rivayeti. Ankara – 1981; Duymaz A. Kerem ile Aslı Hikayesi Üzerinde Mukayeseli Bir Araştırma. Ankara-2001; Ekici M. Dede Korkut Tesiri ile Teşekkül Eden Halk Hikayeleri. Ankara – 1995; Elçin Ş. Halk Edebiyatına Giriş. Ankara – 1981; Elçin Ş. Halk Edebiyatı Araştırmaları. Ankara-1988; Filizok R. Ziya Gökalp’ın Eserlerinde Halk Edebiyatı Tesiri Üzerine Bir Araştırma. Ankara – 1991; Güney E.C. Folklor ve Halk Edebiyatı. Istanbul – 1971; Kaya D. Mahmut ile Nigar Hikayesi Üzerine Karşılaştırmalı Bir Araştırma. Ankara-1993; Köse N. Türk Halk Hikayelerinde Gurbet. İzmir – 1997; Püsküllüoğlu A. Türk Halk Öyküleri. Ankara – 1982; Sav E. Halk Hikayeleri. Ankara – 1974; Köprülü M.F. XVII.asır Saz Şairlerinden Kayıkçı Kul Mustafa ve Genç Osman Hikayesi. Istanbul – 1930; Köprülü M.F. Edebiyat Araştırmaları. Ankara – 1966.

[2] Köprülü M.F. Edebiyat Araştırmaları. Türk Tarih Kurumu Yayınları, Ankara-1986. – S. 366–371.

[3] Alptekin A.B. Halk Hikayelerinin Motif Yapısı. 2.Baskı. Akçağ Yayınları, Ankara – 2002. – S.42.

[4] Kasap I. Halk Hikayeleri Üzerine. // Hece. Türk Öykücülüğü Özel Sayısı. Sayı:4. 2000. – S.127.

[5] Алпомиш. Ж.1: Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари. – Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи, 2015. –Б.17.

_____________________

Пошшажон Кенжаева – филология фанлари доктори (DSc). 1980 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси туркология бўлимини битирган. 60 га яқин илмий мақолалари республика ва хориж журналларида нашр этилган. “Жинлар орасида қолган қизлар”, “Кутилмаган меҳмон”, “Бинафша” номли бир қатор таржима тўпламлари чоп этилган.