Шундай одамлар бўладики, кўрсанг баҳридилинг очилади. Суҳбатлашсанг суҳбатидан баҳра оласан. Ҳар доим ҳаммага эзгулик соғиниб юрадиган бу тоифа кишилар касб-корларига ҳам сидқидил берилиб меҳнат қиладилар. Ўқишда, ишда ташкилий, ижодий тадбирларда фаол бўладилар. Ана шундай фидойи инсонлардан бири адабиётшунос олим, ёзувчи ва драматург Шуҳрат Ризаев таҳсил кўролган 1975– 1980 йилларда университетда адабий ҳаёт қайнар эди. Филология факультетининг “Ўзбек мумтоз адабиёти” кафедраси қошидаги “Ўзбек адабиёти гулшани” тўгараги ва унинг “Гулшан” номли деворий газетасига эътибор катта эди. Тўгаракка ёш иқтидорли адабиётшунос домлалардан Бегали Қосимов раҳбарлик қилар, аълочи талабалардан Ҳамидулла Болтабоев ёрдам берар эди. Талабаликнинг дастлабки йиллариданоқ Шуҳрат тўгаракнинг фаолларидан бирига айланди, эълон қилинаётган ҳар бир бадиий, илмий асар муҳокамасини ташкил қилишда фаол иштирок этар, домлалар, асарлар муаллифлари билан яқиндан мулоқотда бўлар эди. Бу унинг адабиёт деб аталмиш гўзаллик оламига кириб келишида дастлабки қадамлар бўлди. Шу билан бирга, устози Бегали Қосимовга бўлган эътиқоди кун сайин ошиб борди, домла ҳам унга ишониб, анча масъулиятли ишларни топширадиган бўлди. Шу тариқа у домла Ғулом Каримов эътиборини ҳам қозонди. Бу даврда профессор Ғулом Каримов бошчилигида “ХIХ аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошлари ўзбек адабиётини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш” илмий мактаби ёш тадқиқотчиларни ўз атрофига бирлаштирган бўлиб, Шуҳрат ҳам унинг фаол аъзосига айланган эди. Домла ёшлар ўртасида “Илмий тадқиқот романтикаси” мавзусида тез-тез суҳбатлар ўтказиб турар эди. Албатта, бундай суҳбатлар ёшларда илмий-тадқиқот ишига нисбатан катта рағбат уйғотар эди.
Шу тариқа адабиёт оламига ёниб кириб келаётган Шуҳрат Ризаев университетни тугатгач, мустақил фаолиятини миллатни уйғотган адиб (Озод Шарафиддинов) Ойбек уй-музейида илмий ходим сифатида бошлади. Аммо у университет билан алоқасини узмади, Ғ. Каримовнинг сиртқи аспиранти сифатида фаолиятини давом эттирди. Ойбек музейи ҳам Шуҳрат ҳаётида дорилфунун вазифасини бажарди. Бу масканда у узлуксиз давом этиб келаётган (ҳар йили 10 январь Ойбекнинг таваллуд куни, 1 июль вафот этган куни) ойбекхонлик кунларини ўтказишда бош бўлди. Бу ерда у адабиёт ва санъатимизнинг улкан раҳнамолари ҳамда адабиёт оламига шиддат билан кириб келаётган Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Азим Суюнлар билан яқиндан мулоқотда бўлди, ҳаммамиз учун улуғ устоз Наим Каримов билан даврадош бўлди, ҳамкорлик қилди.
Шуҳрат Ризаев – фаолият доираси кенг олим. Авваламбор, у адабиётшунос олимдир. Унинг ижодий фаолияти ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган. Республикамиз матбуотида, турли мажмуаларда илмий, адабий-танқидий мақолалари билан қатнаша бошлади. У адабиёт илмига катта иштиёқ билан кириб келди: фанимизнинг етакчи намояндалари Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимовларнинг эътиборига тушди. Дастлаб профессор Ғулом Каримов раҳбарлигида, домла вафотидан кейин жадидшунослик илмининг асосчиларидан профессор Бегали Қосимов раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борди.
Адабиётимизда яратилаётган ҳар бир жиддий асар Шуҳрат Ризаев эътиборидан четда қолмади. Айниқса, атоқли ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг 80-йиллар ўрталарида яратилган “Қора камар” драмаси ҳақидаги “Шахслар фожиаси” мақоласи катта шов-шувга сабаб бўлди. Бу мақола адабиётшунос Ҳафиз Абдусамадовнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган “Емирилиш” мақоласига жавобан ёзилган эди. Шуҳрат ўз мақоласида Ҳ. Абдусамадовнинг ўз даврини яшаб бўлган қарашларини кескин қоралади, инкор этди.
Шуҳрат Ризаевнинг катта жасорат билан ёзилган ушбу салмоқли мақоласи “Ёшлик” журналининг 8-сонида эълон қилиниши билан мартабаси улуғ санъат арбоблари ва раҳбар ташкилотчиларнинг эътиборини қозонди. Кунларнинг бирида узоқ йиллар академик театрга, кейинроқ “Ўзбеккино”га, ўша йиллари эса “Ёш гвардия” (кейинроқ Аброр Ҳидоятов номли) театрига директорлик қилган Абдулаҳад Абдуллаев уни йўқлайди ва суҳбатда мазкур театрда адабий эмакдош сифатида ишлашга таклиф этади. Бу фикрни суҳбатда бирга бўлган театр бош режиссёри Баҳодир Йўлдошев ҳам алоҳида қўллайди. Бу театр ва кино санъати арбобларининг Шуҳрат Ризаев истиқболига бўлган юксак ишончи эди. Шу тариқа ёш олим ижодида янги, ижодий юксалиш даври бошланди. Ахир, у Абдулла Қодирийдек буюк ёзувчининг “Ўткан кунлар” романи киновариантининг яратилишига бевосита сабабчи бўлган Абдулаҳад Абдуллаевнинг таклифини ерда қолдирмади: “Рози бўлдим ва мен мана, орадан йигирма йил ўтдики, ўша кунги тақдир инъомига шукрона айтиб юраман. Чунки бу икки инсон билан ўша кундан эътиборан яқин бўлиб, инсоний ришталар билан боғланиб кетишим ҳаётимнинг энг нурли даврлари, хотирамнинг энг ардоқли саҳифалари бўлиб қолди”.
Бу сўзлар бундан ўн йил олдин раҳматли Абдулаҳад ака Абдуллаевга бағишланган “Асилзода инсон” мақоласида айтилган эди. Умуман, кейинроқ Шуҳрат Ризаевнинг “Искандар”, “Она”, “Дискотека” драмаларининг яратилишида унинг мазкур театрдаги эмакдошлик фаолияти муҳим аҳамият касб этди.
Абдулаҳад ака Абдуллаевнинг адабиёт ва санъатимизнинг Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Йўлдош Аъзамов, Малик Қаюмов, Собир Муҳамедов каби буюк чинорлари ҳақидаги суҳбатлари адабиёт ва санъат ошиғи Шуҳратни том маънода санъаткор ва санъатшунос, чин инсон сифатида тарбиялаган бўлса, ажаб эмас.
Шуҳрат Ризаев бадиий сўзни нозик ҳис қилувчи адабиётшунос олим бўлиш билан баробар саҳна, мусиқа санъатининг ўзига хос жиҳатларини эгаллаган етук санъатшунос олим сифатида ҳам катта эътибор қозонди. Бу жиҳатдан унинг саҳна санъатига бағишланган мақолаларини ўз ичига олган “Саҳна маънавияти”, “Сурат ва сийрат чизгилари” тўпламлари санъатимиз истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳар қандай театрда режиссёр санъаткорлар жамоаси учун етакчи шахс ҳисобланади. Давримизнинг етакчи режиссёрлари Баҳодир Йўлдошев ва Олимжон Салимов ҳақидаги Шуҳрат Ризаевнинг мақолалари алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳатто Баҳодир Йўлдошев ҳақида алоҳида “Баҳодир Йўлдошев театри” номли китоб ҳам яратди. (Аслида бу китоб 2000 йилда нашрдан чиққан “Саҳна маънавияти”нинг қайта таҳрирдан чиққан ва тўлдирилган кўринишидир).
Дарҳақиқат, ҳақиқий режиссёрлик камдан-кам санъаткорга насиб этади. Назаримда, бу камёблик Шуҳратнинг “Искандар” (Алишер Навоийнинг “Хамса” асари оҳангларида) драмасини саҳналаштиришда, айниқса, француз актёри Франсуа Шато билан ҳамкорликда Алишер Навоий тимсолининг яратилишида намоён бўлган эди. Ҳатто Отелло тимсолини жаҳон миқёсига кўтара олган Аброр Ҳидоятов ҳам, туғма қобилият соҳиби Обид Жалилов ҳам режиссёр Маннон Уйғур (Нодир)нинг талабларига бўйсунишар эди. Бунинг учун эса режиссёр ниҳоятда катта билим соҳиби, улуғ санъаткор бўлиши ҳам керак эди. Бу ҳақда Аброр Ҳидоятов сўзларига эътибор беринг: “Ғафур, қилни қирқ ёрадиган Оға не-не манбаларни титкилаб, Отелло ҳабаш мусулмонларидан бўлиб, ота-онаси унга қўйган ҳақиқий исми Атоулло эканини, ғарбликлар ўз тил хусусиятларига мослаштириб уни Отелло дея атаганликларини ва спектаклда бу қора ҳабаш тақдир тақозоси билан христианлар орасида умргузаронлик қилишига қарамай, мусулмонлигича қолганини саҳнада қандайдир восита орқали кўрсатиш кераклигини ҳаммамизга уқтирган эди”.
Ҳаммамизга маълум ва машҳур профессор Шариф Юсупов бундан 21 йил муқаддам эълон қилган “Санъат ва ҳайрат” асаридаги ҳайратомуз фикрларига кўзим тушди. Қарангки, ўзбек саҳна санъатининг фахри, том маънодаги биринчи ўзбек режиссёри Маннон Уйғур билан буюк актёр Аброр Ҳидоятов тўғрисида икки мақолани улуғ Ойбек билан Ғафур Ғулом, атоқли актёр Шукур Бурҳонов ҳақида Мақсуд Шайхзода махсус мақола битган эди. Буюкликка дахлдор Олим Хўжаев ҳақида эса олим ва драматург Иззат Султон жуда гўзал мақола яратган. Бу улуғларнинг дўстлиги ва ҳамкорлиги ҳам кишиларни ҳайратга соладиган даражада самимий ва боқий бўлган. Бу анъана давом этмоқда: ёзувчи ва олим Шуҳрат Ризаев ўзига хос ижод услубига эга бўлган етакчи режиссёрлар Баҳодир Йўлдошев ва Олимжон Салимовлар ҳақида бетакрор мақолалар, ижодий портретлар яратди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида истиқлол, мустақиллик учун курашган мутафаккирлар – жадид ёзувчи ва шоирлар фаолиятини ҳар жиҳатдан ўрганиш, асарларини тўплаш, тадқиқ этиш давр талаби эди. Бунинг учун эса етакчи университет ўзбек филологияси факультети қошида махсус кафедра ташкил этиш ниҳоятда зарур эди. Бу таклиф профессор Бегали Қосимовдан чиққан бўлса ҳам бу ишга бош-қош бўлиш Бегали учун анча ноқулай вазиятни вужудга келтирар эди. Чунки очилажак кафедра мудири Қосимов университет гуманитар факультетлар проректори эди. 90-йиллар бошида илмий ишлар бўйича проректор академик Тўрабек Долимов олдида Бегали Қосимовнинг олим сифатидаги эътибори жуда баланд бўлиб, уни жадидшунослик илмининг асосчиси деб билар, Тўрабек аканинг ўзи ҳам жадид тийнатидаги олим эди. Алоҳида таъкидлаш керакки, махсус кафедра ташкил этишга факультетимизнинг ҳамма етакчи адабиётшунос домлалари ҳам хайрихоҳ эмас эдилар. Агар янги “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” кафедраси очилса, даврнинг Авлоний, Ҳамза, Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби энг эътиборли ёзувчи ва шоирлари “Ҳозирги ўзбек адабиёти” (собиқ “Совет адабиёти”) кафедрасидан янги кафедрага олиниши керак эди. Бу, албатта, эски кафедра аъзоларига маъқул тушмас эди. Шунинг учун ҳам курашлар анча шиддатли кечди. Ушбу масалага бағишланган сўнгги йиғинда проректор Т. Долимов ҳам қатнашиб, шундай фикрни айтгани ёдимда: “Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжонлар ҳақида йирик монографиялар яратилган вақтда улар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Рауф Парфилар ёшида эдилар. Ҳозирда эса улар ҳақида бирорта йирикроқ илмий-танқидий асар яратилганича йўқ. Ишлайман десангиз, ҳозирги замон адабиёти бўйича қилиниши зарур бўлган ишлар жуда кўп. Фақат тезлик билан ишга киришиш керак”.
Шу гапдан кейин “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” кафедрасини ташкил қилиш масаласи деярли ҳал бўлган эди. Бу ишда жадидшунослар – профессор Шариф Юсупов, доцентлар – камина Улуғбек Долимов, Суннатилла Аҳмедовлар Шуҳрат Ризаев билан ёнма-ён туриб фаолият кўрсатган эдилар. Айтиш керакки, бу ишда асосий юк барибир Шуҳрат зиммасига тушган, таъна-дашном тошлари унинг бошида синган эди. Бу ишда Тўрабек ака Шуҳрат Ризаевга қимматли маслаҳатлар берди. Алоҳида таъкидлаш керакки, йирик геолог-олим Тўрабек Долимов факультетимиздаги ёш ўқитувчилардан Шуҳрат Ризаев ҳамда Раҳмон Қўчқоровларни ўзининг туғишган укаларидек яхши кўрар, ҳурмат қилар, ниҳоятда иқтидорли инсонлар сифатида қадрлар, номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини анча кечиктириб юбораётганликларидан қаттиқ ранжир эди. Шуҳратнинг бирор иш билан ректор Т. Долимов ҳузурига кириб, кўнгли ранжиб чиққанини билмайман. Бўлмаса, Тўрабек ака у даражада юмшоқ табиатли эмас, аксинча, ўта жиддий, қаттиққўл одам эди.
Шу тариқа “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” кафедраси 1993 йилдан профессор Бегали Қосимов раҳбарлигида иш бошлади. Шу йили кафедранинг биринчи маҳсули “Миллий уйғониш ва ўзбек филологияси масалалари” номли илмий мақолалар ва матнлар тўплами нашрдан чиқди. Бегали университет проректори бўлгани сабабли кафедранинг ўқув, илмий-ташкилий ишлари асосан Шуҳрат Ризаев зиммасида эди. У бу даврга келиб ўқитувчилик маҳоратини мукаммал эгаллаган етакчи доцент ҳурматини қозонди. Мен факультет декан муовини, сифат комиссияси раиси сифатида унинг дарсларида бир неча марта бўлганман, ҳатто қўшни журналистика, тарих факультетлари талабаларининг Шуҳрат маърузаларига оқиб келаётганининг гувоҳи бўлганман, уларнинг таассуротларини эшитганман.
Ишдан ташқари вақтларда кафедрамиз домлалари Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Шуҳрат Ризаев, камина ҳамда қўшни кафедрадан Раҳмон Қўчқоровлар иштирокида ойда бир “ошхўрлик” йиғинимиз бўлар эди. Бу йиғин кўпроқ Чимбойдаги, кейинроқ Тахтапулдаги Шуҳратнинг уйига яқин кичикроқ чойхонада бўларди. Бундай йиғинларда бирортамизнинг ҳаётимизда бирор муваффақият содир бўлса ёки бирортамизнинг китобимиз нашр этилса, уни “ювар эдик”. Йиғинларнинг ташкилотчилари ҳаммамиздан ёшроқ Шуҳрат ва Раҳмон бўлар эди. Кўп ҳолларда ҳаммамиз учун қадрли устоз, бағрикенг инсон Озод Шарафиддиновни таклиф қилардик ва кўп ҳолларда домланинг маслаҳатларига суянар эдик. Бундай ўлтиришлар фақат еб-ичиб кетиш, дам олиш билангина чекланмас эди. Янги кафедранинг юмушлари, келажакда қилинадиган ишлар муҳокама қилинар эди. Шундай йиғинларнинг бирида Республика олий ўқув юртлари ўзбек филологияси факультетлари талабалари учун яратилажак “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” дарслигининг тўлалигича проспекти, ҳар бир муаллиф ёзиши керак бўлган боблар тақсимлаб чиқилган эди. Албатта, бундай режалар Бегали Қосимов билан Шуҳрат Ризаев томонидан олдиндан ишлаб чиқилар ва муҳокамага қўйилар эди. У 90-йилларда диссертацияси устида ҳам жиддий иш олиб борди ва 1995 йилда “Жадид драмаси. Шаклланиш даври ва манбалари” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва 1997 йили “Жадид драмаси” монографиясини эълон қилди. Китобда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” ҳамда ушбу драма таъсирида яратилган Нусратулла Қудратулла ва Ҳожи Муиннинг “Тўй”, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”, Абдулла Бадрийнинг “Жувонмарг” ва “Аҳмоқ”, Ҳожи Муиннинг “Эски мактаб, янги мактаб”, “Кўкнори”, “Мазлума хотун” драмаларини 83 йилдан кейин биринчи марта жорий алифбода эълон қилди. Шуҳрат Ризаевнинг ушбу китоби илмий жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинган ва матбуотда жадидшунос олимларнинг тақризлари эълон қилинган эди.
Шуҳрат Ризаев мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида, кейинроқ Маданият ва спорт вазирлигида масъул лавозимларда меҳнат қилди. 1997 йилдан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида кафедра мудири, 2012 йилдан эса “Жаҳон адабиёти” журналида бош муҳаррир лавозимида фаолият кўрсатди.
Кейинги йилларда Шуҳрат Ризаев миллий киномиз ва унинг истиқболига алоҳида аҳамият бераётгани кўзга ташланади. Кино – замонга энг ҳамнафас, ниҳоятда тезкор санъат. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида Ғарбда турли миллатлар анъаналарига, маънавиятига беписандлик авжига чиққан бир пайтда кино санъати орқали маънавий тубанлик, эътиқодсизлик, фаҳш ҳаёт ёшлар онгига сингдирилмоқда. Мана шундай жиддий масалалар муносабати билан 2009–2010 йилларда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан яратилган бадиий фильмлар таҳлил қилинган “Маънавий тарбия жараёнлари ва замонавий кино”, “Миллий кино: муаммолар, мулоҳазалар…” мақолаларини эълон қилди. 2018 эътиборан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги масъул раҳбарлик вазифасига олинди.
Кейинги йилларда адабиётимиз ва санъатимизнинг энг ноёб ва гўзал асарларини телевидение орқали тарғиб ва ташвиқ қилишда, улар моҳиятини халққа етказишда Шуҳрат Ризаев “Гўзал мажлислар” (“Мажолис ун-нафоис”) рукнини ташкил қилган эди. Бундай кўрсатувларга ўша мавзуни мукаммал биладиган адабиётшунос ва санъаткор олимларни, ёзувчи ва бастакорларни таклиф қилар эди. Санъатсевар тингловчи – томошабин бундай кўрсатувларга бефарқ қарамас, аксинча, бир неча кун шу кўрсатув оғушида юрар эди. Бир мисол: шундай кўрсатувларнинг бири аср бастакори Мутал (Мутаваккил) Бурхонов фаолиятига бағишланган бўлиб, кўрсатувда атоқли бастакор Мустафо Бафоевни ҳамда ўзбек мусиқаси тарихини мукаммал билувчи, “Шашмақом”ни “Танбур чизиғи” номи билан ноталаштирган Комил Хоразмий ва ўғли Расул Мирзо асарини нашрга тайёрлаган санъат арбоби Матназар Отаназаровни таклиф қилган ва уч иштирокчининг бу чиқиши санъатсеварларда катта таассурот қолдирган эди. Ризаевнинг бу соҳадаги фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Йирик олим ва ёзувчи Шуҳрат Ризаев ўз фаолияти давомида йигирмага яқин китоб, адабиётшунослигимиз, санъатшунослигимиз муаммоларига бағишланган тўрт юзга яқин мақолалар эълон қилди. Бугунги шиддатли ўзгаришлар даврида таниқли олим ва ижодкор учун ҳали қилиниши зарур бўлган катта ишлар олдинда.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон
____________________________
Улуғбек Долимов – Педагогика фанлари доктори, профессор. 1939 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. У икки юздан ортиқ илмий мақолалар, “Маърифат дарғалари” (проф. Б. Қосимов билан ҳамкорликда), “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” (университетлар ва институтлар филология факультетлари учун дарслик – ҳаммуаллифликда), “Исҳоқхон Ибрат”, “Туркистонда жадид мактаблари”, “Миллий уйғониш педагогикаси” каби ўндан ортиқ китоблар муаллифи.