Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” (“Туркий сўзлар девони”) асари туркий халқларнинггина эмас, балки жаҳон маънавий хазинасининг олтин китоби ҳисобланади. Битиг 1072 йилнинг 25 январидан 1074 йилнинг 10 февралига қадар машаққатли меҳнат эвазига яратилди. Бу бебаҳо асарга манба йиғиш учун Қошғарий Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган туркий ўлкаларни, шаҳарлар, қишлоқ ва яйловларни кезиб чиқди, шу аснода турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой бадиий-илмий ашё тўплади.
Муаллиф ўз асари ҳақида шундай деган: “Китоб 464 йилда (ҳижрий) жумадул аввал бошларида бошланди ва тўрт карра ёзилгандан (кўчирилгандан) ва тузатилгандан сўнг 466 йил жумадул охирнинг 12-куни битирилди… Мен бу китобни махсус алифбо тартибида ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, ражаз ва наср деб аталган адабий парчалар билан безадим… Бу ишда мисол тариқасида туркларнинг тилида қўлланиб келган шеърларидан, шодлик ва мотам кунларида қўлланиладиган ҳикматли сўзларидан, мақолларидан келтирдим”. Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, Қошғарий турклар деганда туркий тилда сўзлашувчи элат ва уруғларни, ўғуз деганда эса ўғуз лаҳжасида сўзловчиларни назарда тутади. Худди шундай қарашни буюк даҳоларимиз Навоий ва Бобурда ҳам учратамиз. Хусусан, нуктадон бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида Андижон тўғрисида сўз юритиб: “…эли туркдур, шаҳар ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур… Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирида нашъу намо топиптур, бу тил биладур”, деган эди.
Бугун маънавий ҳаётимизни безаб турган “қўшиқ”, “шеър”, “қасида”, “афсона”, “мақол” каби атамалар илк бор “Девону луғотит турк”да қўлланган ва уйғур ёзуви ҳақида ҳам илк маълумотлар келтирилган. Асарда меҳнат ва маросим қўшиқлари, лирик қўшиқлар ва ўгитномалар, “Қиш ва ёз” мунозараси, “Алп Эр Тўнга” (Афросиёб) марсияси, савлар (афсоналар), мақоллар, “Олтин қон” афсонаси (унда қадимги туркий аждодларимизнинг Искандар Зулқарнайнга қарши мардликлари ҳикоя қилинади), “Тангутлар билан жанг”, “Ябоқулар билан жанг” каби асарларидан парчалар келтирилган.
Лирик қўшиқларда инсоннинг қалб кечинмалари, нозик ҳис-туйғулари ифодаси, табиат ва она юрт манзаралари тасвири етакчилик қилади. Кишиларни қуршаган олам ҳақидаги қўшиқларда туркий халқларнинг доимий йўлдоши – отлар ҳам алоҳида мавқе тутади. Асардаги кўпгина қўшиқлар овчилик, чорвачилик билан, туркий халқларнинг яшаш тарзи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда юзага келган. Маҳмуд Қошғарий “қўшуқ” атамасига “шеър, қасида” деб изоҳ берган. “Девон”га кирган адабий парчаларнинг асосий қисмини тўртликлар ташкил қилади. Битигда келтирилган мақолларни ўз фалсафаси, оҳанги ва хулосаси билан кичик тугал шеърлар деб аташ мумкин.
Ўзбекистонда “Девон”нинг биринчи тадқиқотчиси ва қисман ношири профессор Фитратдир. Кейинчалик бу асарни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, таниқли тилшунос, миллатсевар олим Солиҳ Муталлибов 1960–1963 йиллари ҳозирги ўзбек тилига ағдарди.
Тан олмоқ керак, мазкур таржима икки-уч авлод олимларига илмий манба бўлиб хизмат қилиб келди. Ҳозир ҳам ушбу нашрнинг мавқеи юқори. Бироқ китоб ўша чиққанича узоқ йиллар маълум мафкура туфайли қайта босилмади. Ниҳоят 2016 йили заҳматкаш ноширларимиз профессорлар Қосимжон Содиқов ва Ҳамидулла Болтабоевлар саъй-ҳаракати билан икки бор чоп этилиб, афкор халқимиз бу бебаҳо асардан баҳраманд бўлди. Ушбу нашрнинг эътирофли жиҳатлари қуйидагича:
- Учала жилд бирлаштирилган.
- Мутахассислар учун ҳам, ўқувчи учун ҳам фойдаланишга қулай.
- Янги нашр асарнинг қўлёзма нусхаси асосида қайта кўриб чиқилган, аввалги нашрларда йўл қўйилган камчиликлар тузатилган.
Энди “Девон”нинг маънавий ҳаётимизга қайтишига, яъни топилишига сабаб бўлган бахтли тасодиф тўғрисида тўхталиб ўтмоқчимиз. Манбага кўра, бир куни Диёрбакирда яшовчи Али Амирий исмли толеи ёруғ турк биродаримиз эски китоблар сотиладиган саҳҳофлар бозорига бориб, ўзига маъқул ҳеч вақо топмаганидан сўнг дўкондор Бурҳонбейдан бирор янги нарса борми, деб сўрайди. Сотувчи бир китоб бор-у, бироқ қиммат эканини, ҳатто маориф вазирлигининг ҳам қўли калталик қилганини айтиб, битигни унга кўрсатади. Али Амирий китобни қўлига олиши билан бу асар ягона қадимий нусха эканини, асарнинг жаҳоншумул аҳамиятини дарҳол тушуниб етади. Ҳаяжонини Бурҳонбейга сездирмасдан у билан савдолашиб, китобни 33 лирага сотиб олади. Али Амирий шундан кейинги таассуротини маслакдошларига бундай ҳикоя қилган эди: “Китобни олиб уйга келдим. Еб-ичишни ҳам унутиб, бир неча соат унинг мутолааси билан машғул бўлдим. Дўстлар, сизга билдиряпман. Бу китоб эмас, Туркистон ўлкасидур! Туркистон эмас, жумлаи жаҳондур! Турк тили бу китоб соясида чинакам равнақ топади! Араб тили учун Себавайҳийнинг китоби қанчалик муҳим бўлса, бу ҳам турк тили учун шунчалик аҳамиятлидир. Ҳозирга қадар турк тилида бунинг каби китоб ёзилгани йўқ. Бу китобнинг ҳақиқий баҳоси аниқланмоқчи бўлса, жаҳоннинг хазиналари бунга тенг келолмас. Бу китоб билан ҳазрати Юсуф орасида бир ўхшашлик бор. Юсуфнинг акалари уни арзимас ақчага сотдилар. Бироқ уни Мисрда ўзининг вазнича келадиган жавоҳирга пулладилар. Бурҳонбей бу китобни менга 33 лирага сотди. Мен эса буни беҳисоб олмосларга, зумрадларга бермайман”.
“Девон”нинг топилиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳатто уни Можаристон Фанлар академияси ўн минг олтин пулга сотиб олишни таклиф этди. Французлар “Девон”ни қўлга киритиш учун қуюқ ваъдалар бериб кўрди. Бироқ миллат манфаатини ҳар қандай моддий бойликдан устун қўядиган Али Амирий барча таклифларни рад этди. Шу тариқа “Девон” 1915–1917 йиллари Истанбулда чоп этилди. Кейинчалик инглиз, немис, рус, турк, озарбайжон, уйғур ва ўзбек тилларига таржима қилинди. Туркийшуносликда асар ҳақида кўплаб тадқиқотлар яратилди. Бу асарни илмий ўрганиш ва оммалаштиришда ўзбек олимларининг ҳам хизмати беқиёсдир.
Буюк олим дунёга мутафаккир нигоҳи билан боқиб, зукколик билан тузилган дунё харитаси (дунёнинг доира шаклидаги тасвири)ни “Девон”га илова қилган.
Харитада мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, довон, денгиз, кўл, дарё номлари ёзилган. Ёзилмай қолган бир қанча номлар асар матнида изоҳланган. Харита, асосан, ҳозирги Шарқий ярим шарга тўғри келади. Асарда ХI асрдаги шаҳарлар, қишлоқлар, денгиз, кўллар, туркий қабилалар ва уруғлар ҳақида, уруғларнинг ижтимоий аҳволи, келиб чиқиши, номланиши, ички уруғ ва тоифалари, уларнинг жойланиши, урф-одатлари, тил хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Бундан ташқари, ҳайвонот ва ўсимликлари, уларнинг номланишига тўхтаб ўтилади, астрономик маълумотлар, бурж ва мучал ҳақида ҳам баён бор. “Девон”да, айниқса, қабила ва уруғ тилларига оид лингвистик маълумотлар анча батафсил берилган. Бунда сўзларнинг маънолари (кўп маъноли, шаклдош, маънодош, зид маъноли ва архаик сўзлар) чуқур таҳлил қилинади, айрим сўзларнинг этимологиясига тўхталиб ўтилади. Товушлар (фонемалар)нинг таҳлили анча мукаммал: унли ва ундош фонемалар, чўзиқ ва қисқа унлилар, уларнинг уруғ тилларидаги талаффузи ва орфографияси, тилдаги фонетик ҳодиса ва қонуниятлар батафсил изоҳланган. Морфология соҳасида сўз туркумларини, давр анъанасига кўра 3 сўз туркумига: феъл, исм, боғловчига бўлиб, уларнинг ясалиш ва турланиш йўллари кўрсатиб ўтилган. “Девон”да 250 дан ортиқ мақол ва маталлар, ўнлаб шеърий парчалар келтирилган.
Академик В. В. Бартольд “Девону луғотит турк”дан ўз илмий ишларида кенг фойдаланган. Тилшунос олим В. И. Беляев “Девону луғотит турк” ҳақида шундай ёзади: “Биз бу асарга ниҳоятда юксак баҳо беришимиз керак, чунки у китоблардан олиб ёзилмаган, балки жонли материални шахсан кузатишга асосланган… Муаллиф берган маълумотлар… археологик кашфиётлар бу маълумотларнинг аксариятини исбот этмоқда”.
Немис шарқшуноси К. Броккельман асарни 1928 йилда немис тилига таржима қилди. “Девон” қўлёзмасининг фотонусхаси Истанбулда Килисли Рифат (3 жилдли; 1915–1917), кейинчалик Бесим Аталай томонидан (3 жилдли; 1939–1941) турк тилига таржима қилиниб, чоп этилган. Турк тилидаги кейинги қайта нашри 1957 йил амалга оширилди.
“Девону луғотит турк” иккинчи бўлиб ўзбек тилига, айтиб ўтилганидек, Муталлибов домла томонидан таржима қилинган. Ушбу нашр фақат таржима бўлмай, туркча таржимага муносабат, баҳо, атамалар, шахс номлари, шаҳар ва жой номларига изоҳ ва тафсир ҳамдир. Ўзбекча нашрининг муқаддима қисмида XI аср филологлари, “Қутадғу билиг” асари, Маҳмуд Қошғарийнинг лингвистик қарашлари, туркий қабилалар, уларнинг шаклланиши, бу уруғ ва қабилалар, тилларнинг ҳозирги туркий халқлар ва уларнинг тилига муносабати, таржима транскрипцияси тўғрисида маълумотлар берилган. “Девону луғотит турк” ўзбекча нашрининг охирида туркий уруғ, қабила, шаҳарлар ва бошқалар тўғрисида батафсил маълумотлар бор, асарнинг ҳар бир жилдида ҳаволалар берилиб, унда учраган сўз ва иборалар кенг таърифланади, изоҳланади. Ўзбекча нашрининг муҳим томонларидан бири, ушбу жилдлар асосида асарнинг индекс-луғати ҳам босиб чиқарилди. Унда “Девон”да учраган сўзлар алифбо тарзида келтирилиб, сўзнинг ўзбек ва рус тилида таржимаси берилган. Мазкур сўз “Девон”нинг қайси бетларида учраши (олдин ўзбекча, сўнг туркча нашрларининг бети, сатри) кўрсатиб ўтилади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, “Девон”га алломалар Алихонтўра Соғуний, Алибек Рустамий, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов, академик Неъматилла Иброҳимовлар чуқур эҳтиром ила ёндашиб, бу тенгсиз асар билан миллат ёшларини яқинроқ ошно этишни таъкидлаганлар. Кейинги пайтларда бир қатор таниқли олимларимиз, жумладан, академик Ғани Абдураҳмонов, профессорлар Қосимжон Содиқов, Ҳамидулла Болтабоев, доцентлар Бахтиёр Исабеков, Қаюм Каримов, Салима Рустамий (Алибек Рустамийнинг қизи), тадқиқотчи олимлар Жўра Худойбердиев, Нодирбек Абдулаҳадов, Исроилжон Тошпўлатов, Умидахон Носирова, Умидахон Жўрабоева кабилар ушбу нодир асарнинг тадқиқоти ва тарғиботига алоҳида ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, “Девон” бўйича ҳозиргача қанча кўп тадқиқот қилинган бўлса, асар ҳали бундан ҳам кўп ишга мавзу бериши мумкин. Бу борада очилмаган қўриқлар, қилинажак тадқиқотлар сизу биздан ғайрат ва шижоат кутиб турибди.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 8-сон