Сочлари жингалак, киприклари узун-узун, чарос кўз, бетлари лўппи, дўмбоққина, оппоққина бу қизалоқ бир ёшга тўлганида худди қўғирчоққа ўхшарди. Чақалоқ туғилганида оилада қанчалик шодиёна бўлса, бир ёшга тўлганида ундан-да кўпроқ қувонадилар. Гўдак ҳеч нарсага тушунмаса ҳам, унга ҳар турли совғалар берадилар, суйиб-суйиб эркалайдилар, ўпиб-ўпиб табриклайдилар, Оллоҳга илтижолар қилиб, саодатли умр тилайдилар.
Мингларча оилаларда шодлик руҳи кезади. Тўққиз қаватли уйнинг барча хонадонларига меҳмон бўлиб келиб турувчи бахт еттинчи қаватдаги икки хонали уйни нечундир четлаб ўтади. Ҳатто бир йил олдин ширин қизалоқ туғилганида бахт мўралаб ҳам қўймаган эди.
Сочлари жингалак, шириндан ширин қизалоқ бир ёшга тўлган куни оилада шодлик қаҳқаҳаси янграмади, ҳеч ким совға келтирмади, суйиб-суйиб эркаламади, ўпиб-ўпиб табрикламади, саодатли умр тиламади…
Бир қўли узилган, кирланиб кетган қўғирчоғини силтаб-силтаб ўйнаб ўтираверди.
Кир қўғирчоқни ўйнаб зериккан асал қизалоқ хонтахта устига ёзилган дастурхонга тирмашиб туриб олди, онаси “ҳай!” дейишга улгурмай, чой тўла пиёлага дўмбоққина, оппоққина панжасини урди. Чой тўкилиб, ўша заҳоти дўмбоққина, оппоққина бетига онасининг қип-қизилга бўялган, узун-узун тирноқли панжаси тушди. Оппоққина, дўмбоққина бетда бераҳм онанинг бармоқлари изи қолди.
Иссиқ чойдан қўли куйгани учун йиғладими ё ширингина бетига тушган аччиқ тарсакиданми, она фарқлай олмади. Чинқираётган асал қизалоқни жаҳл билан четга олиб қўяётганида кампирдан дакки эшитди:
– Болани урма, қўлинг сингур.
– Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, энди бу итваччани эплай олмайман, етимхонага бераман, – деди ширин қизалоқнинг онаси.
– Бекор айтибсан! Етимхонага ғирт етимлар берилади. Бунинг отаси бор, онаси бор, – деди асал қизалоқнинг бувиси.
– Отасига керак эмас-ку?
– Отасига керак бўлмаса, онасига керак.
– Менга ҳам керакмас. Ўша ҳўкизнинг сарқити деб мен ёш умримни хазон қилишим керакми?
– Болани “сарқит” дема, гуноҳига қоласан. Ўша ҳўкизни ўзинг яхши кўриб қолган эдинг.
– Унда ҳўкизлигини билмаганман. Буни етимхонага бериб, ўзим Туркиягами, Россиягами кетаман.
– Қайси гўрга кетсанг кетавер, лекин болани етимхонага бермайсан.
– Етимхонага бермасам, сиз олиб қоласизми, сиз боқасизми?
Бир ёшга тўлган ширин-ширин гўдакларнинг туғилган кунлари шодлик билан нишонланаётган дамда бахт четлаб ўтаётган бу икки хонали хонадонда шундай можаро бўлиб ўтган эди.
Қўли куйганиданми ё онасининг тарсакисиданми чинқираб йиғлаётган ширингина қизалоқ бу гапларни эшитганда ҳам маъносига тушунмаган бўларди. Бу шириндан шакар оппоққина бетларга бундан олдин ҳам тарсакилар тушиб турган, узун-узун киприкли бу чарос кўзлардан илгари ҳам шашқатор ёшлар тўкилган эди. Буниси охиргиси бўлди. Шундан сўнг у онасини бошқа кўрмади…
Отасини бирон марта ҳам кўрмаган эди, онаси ҳам ғойиб бўлди. Беш ойлигида кўкракдан чиққан эди, эмишни қўмсамади. Лекин онасининг ҳидини соғинди, онасининг иссиққина, юмшоққина бағрида ором олишни истади. Бувисининг бағри ҳам иссиққина, юмшоққина эди, лекин онасиникига ўхшата олмади. Силтаб, калтаклаб турса ҳам онаси яхши эди…
Бувиси кўтарганида жавондаги суратга интиларди. Суратдаги жувон – унинг онаси. Бир куни бувиси унга суратни олиб берди. Ҳали иккига тўлмаган ширингина қизалоқ суратдаги бемеҳр чеҳрани суйиб-суйиб, соғиниб-соғиниб ўпа бошлаганда бувиси чидаб туролмади, аввал йиғлади, сўнг суратни она меҳрига зор қизалоқнинг қўлидан юлиб олиб, йиртиб-йиртиб ташлади. Шундан сўнг бечорагина, дили яримта қизалоқ онасини мутлақо кўрмай қолди. Лекин тарсаки тушириб турадиган онасини унутмади, тушларида кўрганида қувона-қувона, маҳкам-маҳкам қучоқлади, суйиб-суйиб, тўйиб-тўйиб ўпди. Шириндан ширин бетларига, орқаларига тушган калтаклар, чимчилашлар азоби ёдидан кўтарилди, аммо онасининг суйиб-суйиб бағрида эркалаб ўтирганларини унутмади. Уч ёшга тўлганида онасининг чеҳрасини кўз олдига келтира олмасди, лекин онасининг йўқлигидан юраги сиқиларди. “Ойим қанилар, ойим қачон келадилар?” деб бувисидан кўп сўрарди, баъзан жавоб олмасди, баъзан “Яқинда келади” деган ишончсиз сўзларни эшитарди. Бувисининг хўрсиниб қўйиши сабабини эса англамасди.
Кунлар, ҳафталар, ойлар шу зайлда ўтаверди.
Бу орада кимдир қўнғироқ қилиб: “Қизингиз оғир касалга чалиниб қолди, Москвадаги касалхонада ётибди, даволаш учун пул керак”, деди.
Бувиси жавоб бермай, гўшакни жойига қўйди. Сўнг ҳайкалга ўхшаб қотиб ўтирди. Кечаси бувиси ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаб, ширингина қизалоқни уйғотиб юборди. Чарос кўзли қизалоқ қўрқиб кетди. Кейин бувисини қучоқлаб олиб, бор овози билан чинқириб йиғлай бошлади. Бувиси уни бағрига маҳкам босди. Йиғиси янада кучайди, ширингина қизчанинг лўппи юзи бувисининг кўз ёшларидан ҳўл бўлди.
Баҳорнинг инжиқликлари тугаб, иссиқ кунлар бошланганида яна кимдир қўнғироқ қилиб: “Қизингиз касалхонада ўлди. Ўлигини олиб кетасизми ё Москвада кўмаверайликми? Бу ерда кўмиш учун қабристонга анча пул тўлаш керак. Олиб кетсангиз арзонроққа тушади. Ўликни ҳеч ким олмаса, крематорийда куйдириб ташлашлари мумкин”, деди. Бувиси бу сафар ҳам индамади. Гўшакни қўйиб, бу сафар ҳам ҳайкалдай қотиб ўтирди. Онасини соғиниб яшаётган ширингина қизалоқ ярим кечада қўрқинчли туш кўриб, чинқирганича уйғониб кетди. Бувиси ҳайкалдай қотиб ўтирган эди. У ҳам чўчиб тушди. Киприклари узун-узун, бетлари лўппи-лўппи қизалоқни тезгина бағрига олди. Қаттиқ қучоқлаб, ўпа кетди, сўнг хўрсинди, сўнг ҳўнграб йиғлай бошлади.
Тонгга қадар йиғидан тинмади. Кўзёшлари ҳам қуриб қолди. Нонушта пайти томоғидан бир ҳўплам чой ҳам ўтмади. Ширингина қизалоқнинг ҳам иштаҳаси йўқ эди, аммо бувисининг зўрлаши туфайли сарёғ сурилган бир бурда нонни еб, ярим пиёла чойни аранг ичди. Кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетган буви чарос кўзлари нажот излаб мўлтиллаётган ширингина қизалоқнинг дўмбоқ билагини маҳкам сиққанича етаклаб, боғчасига ташлаб келди.
Ширингина қизалоқ боғчанинг ширин таомини ҳам емади, ўртоқлари билан қўғирчоқ ҳам ўйнамади, маъюсгина бўлиб ўтираверди. Қўғирчоққа ўхшаган жингалак сочли ширингина қизалоқни боғча опаси жуда яхши кўрарди. Унинг маъюслигидан хавотирланиб: “Касал бўлиб қолмадингми, асалим, иссиғинг йўқми?” деб пешонасидан ушлади. Кейин бирпас қучоқлаб ўтирди. Боғча опасининг бағри ҳам иссиққина, юмшоққина эди… Аммо… онасиникига ўхшамасди…
Пешиндан кейин барча болалар ухлашди, ширингина қизалоқ эса чарос кўзларини шифтга тикиб, қимирламай ётди. Боғча опаси икки марта келиб, пешонасига кафтини қўйди, бетларини меҳр билан силади. Уйқудан сўнг ширин чой ичилгач, болалар уйга қайтишга тайёргарлик кўра бошладилар. Бунақа пайтда боғча опаси ҳам шошиб қолади:
– Диёрахон, бўла қол, аянг келдилар…
– Иброҳимжон, чойни уйингда ичарсан, ойинг келдилар…
– Робияхон қўғирчоқ талашма, ойижонинг келдилар…
Ҳамманинг онаси келиб, соғиниб-соғиниб қучоқлайди, суйиб-суйиб ўпади… Фақат ширингина қизалоқнинг онаси келмайди… Соғиниб-соғиниб қучоқламайди, суйиб-суйиб ўпмайди…
Боғчанинг ширин чойи ичилиб, уйга қайтиш вақти келганда сочлари жингалак-жингалак, ширин-ширин қизалоқнинг юраги сиқила бошлайди, узун-узун киприклари ҳимоясидаги чарос кўзларига маъюслик қўнади, ҳатто йиғлагиси келади…
Боғчада ҳаммадан каттароқ, ҳаммадан кўп гапирадиган бир қиз бор. Боғча опа уни нима учундир “Қайнона-қиз”, деб атайди, гапларидан кулаверади. Бугун уйқуга ётишдан олдин ширингина қизалоқ расм чизиб ўтирганида “Қайнона-қиз” яқинлашиб:
– Вой-бў, бунча чиройли, бу ким? – деб сўради.
“Бунча чиройли” деган баҳодан асалгина қизалоқ қувониб кетди:
– Бу ойим, – деди фахр билан.
– Ойинг қаердалар?
“Қайнона-қиз”нинг бу саволи ширингина қизалоққа ёқмади, узун-узун киприклари пирпиради, жавоб бергиси келмади. Хирагина, ёпишқоққина “Қайнона-қиз” эса нари кета қолмай, яна сўради:
– Ойингни нега мен кўрмаганман, қаердалар?
Ширингина қизалоқ юзини ўгириб, паст овозда: “Ойим узоқдалар”, деб хўрсинди. “Қайнона-қиз” бу жавобдан қаноатланмади, қўғирчоққа ўхшаган қизалоқни яна сиқувга олди:
– Узоқда деганинг қаерда?
– Жудаям-жудаям узоқдалар, бу ерга келишлари қийин.
– Гапинг ғалати-я, жудам-жудаям узоқда бўлсалар… – “Қайнона-қиз” бироз ўйлангач, давом этди: – Унда юлдуздамилар? Энг узоқ жой юлдуз-ку?
“Қайнона-қиз”нинг бу гапидан ширингина қизалоқ қувониб кетди, шодликдан чарақлаган чарос кўзлари билан унга боқиб:
– Ҳа, ҳа, юлдуздалар, жудаям узоқ юлдуздалар! – деб тасдиқлади-да, бу хира қизнинг навбатдаги саволидан чўчиб, қўғирчоқ ўйнаётган дугоналари томон югурди.
Боғчадан қайтганда: “Бувижон, юлдузлар қаерда?” деб сўради.
– Юлдузлар осмонда, – деди бувиси унинг саволидан ажабланиб. – Кундузи кўринмайди, қоронғи тушганда қарасанг, митти-митти чироқчаларга ўхшаб ёниб туради.
– Юлдузда одамлар яшашадими?
Бу савол бувини янада ажаблантирди. Умид билан тикилиб турган чарос кўзларга қараб, жилмайиб қўйди:
– Билмадим… балки яшашар. Катта бўлиб, яхши ўқисанг, олима бўласан, юлдузларга учиб бориб, ўзинг кўрасан.
Бувисининг бу гапи асалгина қизалоқнинг ширингина орзусига қанот бўлди: демак, юлдузлар осмонда, у ерда одамлар яшашади… уни соғинтираётган онажони ҳам ўша юлдузда… юлдузлар қоронғида кўринади, учиб бориб, онажонининг иссиқ бағрига етиш мумкин…
Бувижонига бошқа савол бермади. Чарос кўзларини дераза томон тикиб қоронғи тушишини кутди.
Бу пайтда… етти қаватли уйдан мингларча чақирим узоқликда, баланд бинолари томига қизил юлдузлар қўндирилган шаҳарнинг бадбўй ўликхонасида йигирма беш ёшлардаги, келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган, исми насаби номаълум жувоннинг мурдасини крематорийга жўнатишга тайёрлашаётган эди…
Қоронғи тушди. Қўшни уй деразаларидан чироқларнинг нурлари таралди.
– Нимага тикилиб қолдинг? – деб сўради бувижони.
– Ана, юлдузлар кўринди! – деди ширингина қизалоқ ҳаяжон билан.
– Булар юлдузлар эмас, уйлардаги чироқлар. Юлдузлар осмонда бўлади. Бу чироқлар ўчганида юлдузлар кўринади…
Бувижони бу кеч нима учундир телевизорни ёқмади. Дам-бадам хўрсиниб, дераза томон тикилиб ўтираверди.
– Бувижон, юлдузга бирга учиб бора қолайлик, – деди ширингина қизалоқ умид билан тикилиб.
Оҳ… қани эди уча олсам…
Бувижони шундай дегач, пиқиллаб йиғлай бошлади. Дўмбоққина, оппоққина, ширингина набираси яқинлашган эди, уни қучоқлаб олиб узоқ йиғлади…
Йиғлаб-йиғлаб чарчаб, асалгина қизалоқни каравотига ётқизди. Чироқларни ўчириб, ўзи ҳам ётди. Хўрсинишлари анчагача тинмади. Онажонини кўриш орзусидаги қизалоқ ухламади. Деразага қараб ётаверди. Рўпарадаги уйнинг чироқлари бирин-сирин ўча бошлади. Ташқари зулмат чодирига ўралгач, умидли қизалоқ секингина ўрнидан туриб, деразага яқинлашди. Рўпарадаги баланд уй қоп-қора қутига ўхшаб қолган. Унинг тепасида милт-милт қилиб ожиз нур таратаётган юлдузлар кўринди. Ширингина қизалоқ бувижонини уйғотиб юбормаслик учун лиқиллаб қолган эски стулни асталик билан сурди. Сўнг стулга, ундан дераза токчасига чиқди. Энди юлдузлар янада кўпроқ кўринди. Улар орасида биттаси ялтиллаб нур сочаётган эди. Юлдузлар орасида онажонининг кулиб турган чиройли кўзларини ҳам кўрди.
– Ойижоним шу юлдуздалар, мени соғинганлар, мен ҳам соғинганман, кўпгина-кўпгина соғинганман… Ойижон, ухлаб қолманг, ҳозир учиб бораман…
Шу аҳд билан деразани очди. Юзига майин шабада урилди. Назарида аяжонининг ёқимли, илиқ нафаси урилгандай бўлиб, энтикди. Юлдузга тикилганча бир оз ҳаракатсиз турди. Фалакда яна онажонининг кулиб турган кўзлари кўрингач, юлдузлар сари қадам қўйди…
Ёши катта одам юқори қаватдан ўзини ташласа, қўрқув туфайли ерга етиб келгунича жони узилар экан. Чиройли қўғирчоққа ўхшаган ширингина қизалоқ қўрқмади, аксинча қувонди: у онаси томон учиб борар эди… Онажонига етиб боради, онажони билан юлдузда яшайди…
Ҳудди шу онда крематорийнинг қайноқ нафаси йигирма беш ёшлардаги жувоннинг жасадини куйдириб кул қилиб бўлган эди…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 7-сон