Ғоят истеъдодли, камтарин, заҳматкаш шоир Асқар Қосимовни талабалик йилларидан билардим. Янглишмасам, биздан уч йил кейин ўқиган эди.
Ўша йилларда факультетимизда юқори курс талабалари томонидан таёрланадиган “Филолог” деворий газетаси чиқиб турарди. Барча материаллар талабчанлик билан танлаб олинарди. Бу даврларда партия қўмитаси ва комсомолнинг нуфузи баланд бўлиб, деворий газетадаги ҳар бир шеър, мақола ёки ҳажвий лавҳаю расмлар уларнинг назаридан ўтарди. Шунга қарамасдан бу деворий газета шеърга шайдо талабаларни илҳомлантиргани аниқ. Мен ҳассос шоир Рауф Парфи (у пайтлар Турсун Парфи деб ёзар эди), Асқар Қосимовнинг илк шеърларини ана шу газетада ўқиганман. Рауф ака кўпроқ сарбастда ёзгани учун тушунишим қийинроқ кечарди, чунки у кезлар шеърий вазн ҳақида тузукроқ маълумотга эга эмас эдим.
Асқарнинг шеърлари эса халқона оҳангларда ёзилгани учун тез “ҳазм” бўларди, айни замонда аксари мисраларида ҳазинлик, норозилик оҳанглари сезилиб турар, аммо коса тагида нимкоса тарзида айтмоқчи бўлган фикрларини, муддаосини илғаб олиш мумкин эди. У Чўлпон ижодига ғойибона мухлис бўлганини, буюк шоирнинг гоҳо дардчил, гоҳо жанговар оҳангларига эргашганини, ўзи ҳам истибдод кишанларига қаттиқ ўраб ташланган она-юрт – ночор Туркистон бир куни зулм занжирларидан халос бўлишини чин юракдан орзу қилувчи эътиқоди мустаҳкам ижодкор эканини кейинроқ англаб етдик.
Менинг омадим кулиб тўртинчи курсга ўтганимизда – ёзги таътил пайтида профессор Ғулом Каримов раҳбарлигидаги ўзбек адабиёти кафедрасининг етакчи домлалари Хумсонда – бизнинг уйимизда, бир кун меҳмон бўлишди. Сўнгра Угам тоғлари оралиғидаги Бахмал кўлига борамиз деб йўлга отландик. Раҳматли отам йўлбошчи, жияним ва мен майда-чуйда ишларни бажарувчи, раҳматли Аъло Ашрапов бош ошпаз, қолганлар ёрдамчи. Ҳамма ишларимиз кўнгилдагидек бўлди-ю, лекин Бахмал кўлига ета олмадик. Йўл биз ўйлагандан кўра узоқ ва оғир экан. Қўшимча улов зарур бўлди. Саёҳатнинг охирги босқичига ҳомийлик қилаётган раҳматли Ўринбой поччам муҳим топшириқлар билан банд бўлиб қолиб, бизни кўзланган манзилга бошлаб бора олмади. Лекин ҳеч ким хафа бўлмади, чунки гўзал тоғлар бағрида, тоза ҳаво қўйнида эдик. Атрофдаги тоғларга, яшил арчаларга боқиб тўймасдик. Угам дарёсининг сўлим қирғоғига чодир тикиб олгандик. Ўн кун қандай ўтгани сезилмади ҳам. Шу баҳонада мен домлалар билан ака-укадек яқин бўлиб қолдим. Саёҳатдан қайтганимиздан кейин яна омадим келди. Озод домла мени Абдулла Қаҳҳор билан таништирди. Хуллас, мен ана шу бахтиёр кунларимизда адабиёт ҳақида ҳам, она юртимизнинг қисмати ҳақида ҳам бирорта аудиторияда гапириб бўлмайдиган ва ҳеч қаерда босиб чиқариш мумкин бўлмаган жуда кўп гапларни эшитиб, кўзим мошдек очилган эди. Шу туфайли бўлса керак, Асқар ҳамда Рауф ака ёзган айрим шеърлар тагидаги теран маъноларни англашим осон кечди.
Асқарнинг ўзи билан ҳам яхшилаб танишиб олдим. Университетни битириб, ярим йил ишлаганимдан кейин сиртқи аспирантурага таклиф қилишди.
Устоз Озод Шарафиддинов илмий раҳбар этиб тайинланди. Натижада бошқа домлалар билан ҳам янада қалинлашиб кетдик. Кафедра мажлисларида бемалол қатнашадиган бўлдим. Ана ўша даврда Асқар яна бир дадил чиқиш қилган эди. Бу ҳақда шоирнинг дўсти Шодмон Отабоев шундай хотирлайди: “Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирлари эди. Ёзувчилар уюшмасининг Хадича Сулаймонова кўчасидаги эски биносида бўлиб ўтган бир адабий анжуманда Асқар юртнинг мустақил эмаслиги, миллатнинг камситилаётгани очиқ-ойдин ифодаланган шеърини ўқиб юборди. Шоирнинг бу чиқиши очиқдан-очиқ исён эди”. (Асқар Қосимов. “Эй, қаро кўзим” тўплами, “Тафаккур” нашриёти, Т.: – 2011, 7-бет.)
Бу чиқиш катта шов-шувларга сабаб бўлганидан хабарим бор. Уюшма раҳбарлари карахт. Бу шаккок йигитга қандай жазо бериш керак? Факультетда ҳамма ғимирлаб қолган; муҳокама устига муҳокама. Шоирни талабалар сафидан чиқаришдан осон иш йўқ. Аммо шундай истеъдод эгаси ҳақиқатни очиқ айта олгани учун қурбон бўлиб кетишига йўл қўйиш ғирт адолатсизлик. Талабаларда катта норозилик уйғониши мумкин. Эшитишимча, ҳамма домлалар, жумладан, Ғулом ака, Озод домла, Умарали Норматовлар муроса йўлини топиш учун кўп ҳаракат қилишган ва факультет раҳбарлари ректоратни зўр-базўр кўндириб, қатъий ҳайфсан билан ишни тинчитишга эришган эди. Шундан кейин Асқар гўзал лирик шеърлар ёзиб, расмий тилда айтганда “тинч” юрди, лекин 5-курсда яна “аслига” қайтди. Факультет газетасида икки-учта шеъри чиқди-ю, аввалгидек боши ғалвага қолди. Деворий газета мутасаддилари қандай юрак ютиб бу шеърларни чиқарди – менга қоронғи. Очиғини айтганда, у шеърларда ҳеч қандай замонидан норозилик ёки даъваткор руҳ йўқ эди. Кимдир “фидойилик” қилиб, Асқарнинг шеърларида Чўлпонинг руҳи бор, у миллатчилик ғояларини усталик билан яшириб тарғиб қилмоқчи, деган ғирт бемаъни, куракда турмайдиган гапларни тарқатган шекилли, деканимиз Анвар Шомақсудов шиддат билан кафедрага бостириб кирди. Ичкарида домла Ғулом Каримов билан ниманидир муҳокама қилиб ўтирган эдик. Хуллас, мен декан билан кафедра мудирининг тортишувига тасодифан гувоҳ бўлиб қолдим. Анвар ака Асқарни қоралайди, қаттиқ чора кўриш керак, деб талаб қилади. Ғулом ака талаба – шоирни ёқлашга уринади. Ғалати бир манзара. Декан эса, уни бошқа ҳимоя қилолмаймиз, деб дағдаға қилади. Шунда мен ҳам тилим қичиб, гапга аралашдим. Деканимиз аввалига менга эътибор бермаган эди, бирданига ранги ўзгариб кескин гапирди: “сиз нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?” Мен, кафедра мудирининг топшириғини бажариб ўтирибман, деб хотиржам жавоб бердим.
– Чиқинг бу ердан, гапга аралашманг! – деб буюрди декан.
Ноилож хонадан чиқдим. Улар қаттиқ тортишаётганини кўнглим сезиб турибди. Анчадан кейин декан қовоғини солиб чиқди ва менга хўмрайиб бир қаради-ю, индамасдан ўз кабинети томонга қараб тез-тез юриб кетди.
Декан, Ғулом ака, бошқа домлалар Асқарга нима дейишганидан хабарим йўқ. Фақат газетани ўша куниёқ олиб қўйишди. Ўқиш тамом бўлгунча, бошқа “фавқулодда ҳодиса” юз бермади.
Шоир йигит университетни тугатганидан кейин Ғафур Ғулом нашириётида ишлай бошлади. Бу ерда, агар янглишмасам, унинг тўртта мўъжаз шеърий китоби чиқди, бешинчи – Ботир Норбоев тўплаб, нашрга таёрлаган анчагина салмоқли китоби вафотидан сўнг босилди.
Мен ҳам етмишинчи йилларнинг ўрталаридан “Шарқ юлдузи” журналида ишлай бошладим. Нашриётга бирор юмуш билан борганда, бошқа дўстлар қатори Асқарни кўрмасдан қайтмас эдим. У ёзган шеърлар, драматик достонлар ва антик шоирлар ижодидан қилган ажойиб таржималарини ҳавас ва хайрихоҳлик билан ўқирдим. Асқар кўнглимга яқин шоир ва ҳалол, мард инсон сифатида юрагимда қолди.
Айниқса, уни менга кўрсатган бир жўмардлиги, саховати сира эсимдан чиқмайди. 1983 йилда нашрётга янги мақолалар тўпламимни топширган эдим. У пайтларда ҳам дўстим, ҳам маслакдош акам Маҳкам Маҳмудов нашриётда танқид ва адабиётшунослик бўлимини бошқарарди. Тўплам унга маъқул бўлиб, йиллик режага киритилди. Асқар адабий муҳаррир қилиб белгиланди. Жуда хурсанд бўлдим. Маълум бир муддатдан кейин шоир, менга тез етиб келинг, маслаҳатли иш бор, деб телефон қилди. Зумда етиб бордим. Кўравериб ўрганиб қолганимиз – Асқар тўладан келган, оғир-босиқ йигит самимий кутиб олди. Салом-аликдан сўнг асосий мақсадга ўтдик. Холи бир хонада гаплашдик. Асқар бироз қимтиниб, негадир, хижолат бўлиб, тортиниб секин гапирди:
– Ортиқ ака, агар йўқ, демасангиз, бир илтимосим бор…
– Бемалол гапираверинг, Асқаржон? – деб далда бердим.
– Ундай бўлса, аввало тўплам билан табриклайман! Ўқиб чиқдим. Мақолаларнинг ҳаммаси ёқди…
У яна тўхтаб қолди.
– Қандай илтимос ўзи? Айтаверинг. Агар қўлимдан келса…
У сал иккиланди:
– Илтимосим шуки, тўпламнинг бирор жойига қалам текиза олмадим…
Унга ҳайрон бўлиб тикилдим.
– Китобингизнинг бирор жойига қалам текиза олмадим. У қандай ёзилган бўлса, шундай чиқарайлик. Агар сиз рози бўлсангиз. Нима дейсиз?
Яна ҳайратим ошди. Шу пайтгача бирор муҳаррирдан бу каби гап эшитган эмасман. Уларнинг инжиқлиги, талабчанлигию нуқул осмондан келишини кўравериб дийдамиз қотиб кетган. Таниқли шоир, тажрибали муҳаррир: “Китобингиз қандай бўлса, шундай чиқарайлик”, деб турса – кимга ёқмайди, дейсиз? Ичимда шубҳаланаман. Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, дейишган-ку. Яна ўзимга тасалли бераман: тўпламга кирган мақолаларнинг ҳаммаси матбуотда чиққан. Шу чоққача бирон танқидчи ёки адабиёт мухлиси, “фалон мақоланг ёмон”, деган гапни айтгани йўқ. Қани, бир таваккал қилайлик-чи…
– Мен розиман. Аммо раҳбарингиз кўнадими? У ерини нега қисқартирмадинг, бу ерини нега таҳрир қилмадинг, деб бошингизни қотирмайдими?
– Сиз рози бўлсангиз бас, бу ёғидан хотиржам бўлаверинг. Фақат илтимосим шуки, буни ҳеч ким билмаслиги керак.
Мен рози бўлдим. Китоб Асқар айтганидек, бирор жойи қисқартирилмай, таҳрир қилинмасдан босилиб чиқди. Лекин, уни кўриш шоирга насиб этмади. Китоб босилиш арафасида бевақт ўлим Асқарни орамиздан олиб кетди.
Шоирнинг бевақт вафотидан кейин янги муҳаррир тайинланганини айтишди. Ҳайрон қолдим, иш битган, фақат қўл қўйиш қолган эди, холос. Муҳаррир сифатида Асқарнинг номи, фамилияси ҳам қўйилганми, деб сўрадим, энг охирги вароқни кўрсатинглар, деб талаб қилдим. Ўзим кутганимдек, охирги саҳифада фақат янги муҳаррирнинг исми шарифи ёзилган эди. Асқарнинг фамилиясини қора рамка ичида берасизлар, у асосий ишни бажаради-ю, бошқа биров ҳеч қандай меҳнат қилмасдан, муҳаррир сифатида ёзиладими, деб қаттиқ туриб олдим. Талабим инобатга олинди. Асқарнинг фамилияси биринчи муҳаррир сифатида қора рамкада берилди, кейин янги ходимнинг исми шарифи…
Мен ваъдамга вафо қилиб, бу ғалати “шарт” ҳақида ҳеч кимга оғиз очмадим. Орадан йиллар ўтиб, Шодмон Отабекнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 2011 йилда Асқарнинг шеърлари ва таржималари кўз кўрса қувонадиган китоб бўлиб, “Тафаккур” нашриётида босилди. Кўп ўтмасдан китобнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Ана ўша анжуманда бояги сирни очиб, китобнинг қандай чиқарилганини оқизмай-томизмай айтиб бердим. Асқарнинг жўмардлиги, саховатли, мард инсон эканлигини яна бир карра таъкидладим.
Мен Асқар ёзган шеърларни ҳозир ҳам соғинган вақтларимда ўқиб роҳатланаман. Улардан завқланаман. Кўп мисраларини ёддан биламан. Қўшиққа айланган “Ёр-ёр” шеърини ўқиш ҳам, эшитиш ҳам роҳат. Китобларини варақлаганимда, “Узилган чечаклар” шеърини бағрим хун бўлиб ўқийман:
Сув узра раъноми, сув узра гулми,
Майлини оқимга топширган?
Чинданам дарёми, чинданам сувми,
Бир даста чечакни гирдобда шопирган?
Соҳилда бақрайиб турган, эй майсалар!
Гапиринг,
Тилингиз бор бўлса!
Чечаклар қирғоққа чиқолмай чайқалар…
Шоирнинг саволлар, хитобларига диққат қилинг. Мисраларнинг мағзини чақиб кўринг. Шеър истибдод йилларида эркидан, ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этилган халқимиз қисмати ҳақида эканлигини англашингиз қийин эмас.
Ёки “Пирпирак” шеърини ўқинг, унда эркинлик, мустақилликдан маҳрум юрт фожиаси чуқур очилган. Халқона руҳда, содда вазнда ёзилган бу шеър бағрида ҳам олам-олам маънолар яширин. Бундай мисолларни хоҳлаганча келтириш мумкин.
Асқар ижодкор сифатида айни балоғатга етган, қирчиллама йигит ёшида оламдан ўтди. У юртимиз мустақил республика бўлиб, истибдод занжирларидан қутулган кунларга етиб кела олмади. Истиқлолни, озодликни соғиниб кутган оқкўнгил шоир Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Усмон Носир сингари фидойи адибларга қўйилган ҳайкалларни кўра олмади. Уларнинг пойига бир даста гул қўйиш унга насиб этмади. Аммо Асқарнинг ана шу буюк устозлар руҳидан мадад олиб ёзган гўзал шеърлари, нодир таржималари, драмалари мангуликка дахлдор асарлар сифатида яшаб қолади. Мен бунга чин дилдан, астойдил ишонаман. Асқарнинг ўзи “Эй, қора кўзим-кўзим” шеърида шундай ёзади:
Ғам ема, бўтам, асло
Эй, қора кўзим-кўзим.
Эл олдида ҳамиша
Ёп-ёруғ юзим-юзим.
Айюб янглиғ сербардош,
Талабгор ўзим-ўзим.
Ўткир эрур қиличдек
Ҳар сўзим-сўзим.
Шоирнинг ўз ҳаёти, шеърлари ҳақида мана шундай катта ишонч билан ёзишга маънавий ҳақи бор эди.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 3-сон