Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли шоир, моҳир таржимон, тасаввуфшунос олим Матназар Абдулҳаким ҳаёти ва ижоди ҳақида журналист Сайёра Солаеванинг таниқли шоир Баҳром Рўзимуҳаммад билан суҳбати
Сайёра Солаева: – Баҳром ака, суҳбатимизни аввало устоз Матназар Абдулҳакимнинг миллий адабиётимизда тутган ўрни борасидаги фикрларингиз билан бошласак.
Баҳром Рўзимуҳаммад: – Маълумки, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Сўз дунёсига услублари бутунлай бошқача шоирлар кириб келган эди. Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби шоирларнинг илк китобларини ўқиб, қанчалик ҳаяжонланганимиз эсимда. Ўша вақтларда мен Тошкент давлат университетининг (эндиликда ЎзМУ) журналистика факультетида ўқир эдим. Курсдошларим Абдували Қутбиддин, Абдумажид Азим каби шоирларнинг улар билан танишганини эшитиб, ҳавасим ошарди. Қанийди мен ҳам довруқли шоирлар билан суҳбат қурсам, дея орзу қилардим.
Айнан ўша даврларда “Ёшлик” альманахида, “Ёшлик баёзи” китобида Матназар Абдулҳакимнинг туркум шеърларини ўқиб қолдим. Ўша шеърлар услубан янгилиги туфайли диққат-эътиборимни тортди. Дейлик, “Поездда” сарлавҳали шеър. Шеърнинг дастлабки қисми мен учун сирли туюлган:
Дим вагонда кетиб борардик,
авжда эди ёзнинг ҳовури.
Пармаларди қулоқ-миямни
қартабозлар ғала-ғовури.
Шу пайт
кимдир
тиниқ осмонда
ногоҳ чақин чаққандай гўё,
деразага талпиниб,
деди:
– Дўстлар, ана, қаранглар, – дарё!
Шеър гарчи “Поездда” дея номланса-да, муҳаббат мавзуида эди. Иккинчи қисмда ўша ҳодиса ифодаланади:
Биласанми,
сени ҳам шундай
йўлиқтирдим оддий бир дамда.
Ва инондим
тип-тиниқ бир бахт
барқарор деб ёруғ оламда.
Кейин суюкли аёлга муносабат тасвирланади. Қаранг, жозибадор ифода: “Пок бир висол, / тиниқ бир бахтдан / энди сўнгги дамгача мастман”. Хулоса шуки: “Сен дарёмас, / поездмас ҳаёт, / мен ҳам ўксиб ўтиб кетмасман”.
Сўз дунёсида соф маънодаги рақобат мавжуд бўлиши мумтоз адабиётимиздан аён. Дейлик, Навоий ҳазратлари ўзидан уч юз йил аввал таваллуд топган улуғ шоир Низомий Ганжавий (1141–1209) билан хаёлан рақобат қилган: “Фалак кўрмади мен киби нодире, / Низомий киби назм аро қодире”.
Ўша саксонинчи йилларда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон каби шоирлар шундай мақомга кўтарилган эдиларки, уларнинг сояларидан салгина четга чиқишнинг ўзи мушкул эди. Менимча, устоз Матназар Абдулҳаким Шарқу Ғарб шеъриятини ўзаро туташтиргани боис баҳайбат соялардан қоча билди.
Ҳа, адабиётимиздаги ўрни ҳақида сўрадингиз. Матназар Абдулҳаким эгаллаган ўрин бутунлай бошқача. Сирли. Бир шеърида айтган-ку: “Ерга ёға олмай ёнган юлдузлар, / Бизлар қаловини топган қорлардир”. Шунга қиёсан, устозни ҳали кашф этилмаган юлдузга менгзайман. Ҳали унинг эстетик қарашлари, шоирлик, таржимонлик, олимлик салоҳияти хусусида кўб ва хўб ёзадилар.
– Дарвоқе, бир суҳбатингизда Матназар Абдулҳаким энг аввало, рус шеъриятининг кумуш даври (Пушкин, Лермонтовлардан кейинги давр) шоирлари ижодини астойдил ўргангани, баъзи шеърларида символизм унсурлари балқиб кўриниши, кейинчалик эса Шарқ мумтоз шеъриятига ошно тутингани ҳақида гапирган эдингиз. Ана ўша икки қутб эстетик қарашлари шоиримиз ижодида қай тариқа туташган, деб ўйлайсиз?
– Таржимаи ҳолидан биламизки, устоз 1967–1972 йилларда Россиядаги Таганрог давлат педагогика институтининг филология факультетида ўқиган. Демакки, ўн тўққиз ёшларидан бошлаб рус шеъриятини ўрганишга киришган. Александр Блок, Анна Ахматова, Осип Мандельштам, Марина Цветаева ва уларнинг бошқа сафдошлари шеъриятидан таъсирланган. Шу буюкларнинг издоши, бугунги кунда жаҳонга машҳур шоир Евгений Евтушенко қаламига мансуб “Гиря” сарлавҳали шеърини, айтиш мумкинки, худди Евтушенконинг ўзи ўзбек тилида ёзгандек таржима қилган:
…Кумушқанот укам, сен эдинг бир зар,
Осмонга кўрк бўлиб қилардинг парвоз.
Рангпарроқ эдим мен. Нозанин ғозлар,
Сени кўп севарди, мени эса – оз.
Бу таржималарни Эркин Воҳидовнинг Сергей Есениндан таржималари даражаси билан тенглаштирса бўлади. Зотан, устознинг Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби улуғларимизга ихлоси, эҳтироми юксак эди.
Ана энди Шарқ мумтоз шеърияти масаласига келсак. Устознинг маслакдоши, яқин дўстларидан бири Қадамбой Солаев “Тўртинчи муаллим сабоқлари” рисоласида шундай ёзади: “…Матназар оғанинг падари бузрукворлари Абдулҳаким ота саводхон, мактаб кўрган маърифатпарвар, “Хамса” ва бошқа кўплаб асарларни ёддан айта олганлар”.
Ёдимда, устоз билан бирга бир кекса ғазалхоннинг уйига борган эдик. Шунда, оға, бу шоир отамнинг дўсти бўлган, деган эди. Яна менинг таклифимга кўра, шовотлик Юнус эшонбуванинг уйига бориб, эҳтиром кўрсатганига гувоҳ бўлганман. (Юнус эшонбува йирик олим, тадқиқотчи, хоразмшунос – Сергей Павлович Толстов билан суҳбатдош бўлган экан. Эшонбуванинг невараси Баҳодир Содиқов (1959–1980) мунаққид сифатида мамлакатимизда танилган.) Эшонбува ҳам устознинг савиясига, билимига қойил қолиб, унга Бедил қўлёзмасини ҳадя этган эди.
Хулоса шуки, устоз аввал Европа шеъриятини ўрганиб, кейин Шарқ шеъриятига мурожаат қилган. Устоз таъсирида мен ҳам шундай қилдим. Яна бир шогирди Болтабой Бекматов ҳам айнан шу йўлдан борди. Аслида, буларнинг барчасига мулла Абдулҳаким бобо сабабчи бўлган.
Шоиримиз каминанинг “Икки нур” (1994) китобига ёзган сўзбошисида шу масалага ойдинлик киритган: “Биз ворислик ҳақида гапирганимизда ҳам анъанавийликнинг ботиний сифатларига асосий эътиборни қаратмоғимиз керак. Афсуски, ижодий таъсирни фақат шаклий эргашувдангина иборат деб тушунадиганлар оз эмас. Падар ҳамда фарзанднинг ўхшашлигини улар кийган либос эмас, балки либос ичидаги вужуд ҳамда бу вужуддаги руҳ белгилагани каби шеъриятда устоз ва шогирдлик даражасини маънавий муштаракликлар ифода этади”.
Кейинги даврларда Ғарбнинг ўзи Шарқдан таъсирланган деган гаплар кўп айтилмоқда. Дейлик, улуғ Гёте ҳам Шарқ шеъриятидан таъсирланиб, “Ғарбу Шарқ девони”ни яратган. Ҳаттоки модернизм ҳам Шарқ тамаддуни маҳсули эканлиги таъкидланмоқда. Устоз Рауф Парфи: “Модернизм Шарқда туғилиб, Ғарбда паспорт олган” деган ва мен унинг бу фикрини Рауф ака ҳаётлик чоғида, “Фидокор” газетасида чиққан суҳбатимда ишлатганман.
Шарқу Ғарб фалсафаси, эстетик қарашлари қадимги даврларда жуда яқин бўлган. Немис файласуфи Фридрих Ницше “Зардушт таваллоси” (Русчадан Иброҳим Ғафуров таржимаси) асарида донишманд Зардуштга мурожаат этгани шунчаки тасодиф эмас. Бинобарин, Матназар Абдулҳаким ижодида Шарқу Ғарб эстетик қарашлари, фалсафаси туташганининг тарихий илдизлари мавжуд. Бу илдизлар моҳиятини тадқиқ этиш масаласи келажак адабиётшунослари олдидаги муҳим вазифа, деб ўйлайман.
– Устоз Матназар оғани ҳеч муболағасиз навоийшунос, огаҳийшунос дейиш мумкин. Шу фикрга муносабатингиз?
– Мен мамлакатимиздаги бошқа навоийшунос, огаҳийшуносларни заррача камситмоқчи эмасман. Лекин бир мулоҳазамни айтмоқчиман. Олимларимиз мумтоз шоирларга Ақл билан ёндашганлар. Устоз Матназар Абдулҳаким ворис сифатида Туйғу билан яқинлашган. Унда ҳам шоирлик, ҳам олимлик иқтидорлари мужассамлашган. Ҳазрат Навоийдан таъсирланиб, ғазаллар битган:
Бахтингни кутиб вақт ўтишин тезда тиларсан,
Умрингни ўғирлайди у айёр, хабаринг йўқ.
Дебсанки, хабарсиз Матназар жабрима маҳкум,
Бундан хабарим аллақачон бор, хабаринг йўқ.
Навоий ҳазратлари ғазалларидагина шу зайлдаги ўйноқиликка дуч келамиз. Демакки, устозимиз Навоий ҳазратлари усулларини астойдил ўрганиб, ўз ижодида улардан унумли фойдалана олган. Бу ўйноқилик камдан-кам шоирлар ижодига хос. Устоз Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давронга бағишланган “Даъват” сарлавҳали шеърида ҳазрат Навоийни қанчалик соғинганини ифодалаган:
Не керак заминни титратмас сурур,
Кўкни зир титратмас оҳни нетамиз.
Кўп ҳам давроннишин бўлаверма, юр,
Ҳазрат Навоийга кетамиз.
…Теран бир андуҳга қиламиз сафар,
Жўнаймиз, дўстгинам, юксак бир бахтга.
“Ўн миллион, юз миллион ва миллиард нафар”,
Ҳаммамиз сиғамиз шеърият – тахтга.
Худди ўша соғинч алфозларини Қадамбой Солаев ҳам ёзган: “Бир куни Матназар оғадан “Хамса”ни ёддан биласиз-а, деб сўраганимда “Ёддан биламан, десам катта кетган бўларман-у, лекин Ўзбекистонда Алишер Навоийни мендан кўпроқ ўқийдиган бўлмаса керак”, деб жавоб берди”.
Яна муаллиф изоҳ беради: “Тағин шоирнинг “Ўзбекистонда Алишер Навоийни мендан кўпроқ ўқийдиган бўлмаса керак”, деган сўзларини даъво ўрнида эмас, балки Навоий ҳазратларига ихлоси баланд инсоннинг кўнгил истаги деб тушунишни жуда-жуда истардик”.
Мен шогирд сифатида айнан шу ҳолатларга гувоҳ бўлганман. Уйига борсак, “Хазойин ул-маоний”ни ўртага қўйиб, ўқи, дерди. Навбатма-навбат ғазал мутолаа қилардик. “Хамса”га ўтганларимиз ҳам ёдимда. Бизларга борганида (қўрғонсифат, боғ-роғли, қишги ва ёзги ҳовлилар ўртасидан солма (ариқ) оқиб ўтган уй. Устоз қадимий манзараларни хуш кўрарди) “Хазойин ул-маоний”ни ўқиймиз, дер эди. Чор китобнинг учинчи жилдини дадам менга совға қилган. Ана ўша мутолаалар таъсирида “Навоийга татаббуъ”ни ва “Қомат” сарлавҳали (Навоий ҳазратларидан иқтибос олинган) шеърларини ёзганман. Мен эса 1989–1990 йилларгача ҳазрат Навоийни умуман ўқимаганман ҳисоб. Устознинг беқиёс мақомдаги таъсири боис ҳазрат меросига ошно тутинганман, ҳаттоки унинг ижоди ҳақида мақолалар ёза бошладим. “Навоийнинг навоси” сарлавҳали мақолам “Халқ сўзи” газетасида, “Зиддиятлар чорраҳасида” сарлавҳали мақолам “Маърифат” газетасида чиқиб, яхшигина шов-шувга сабаб бўлган. Устоз Матназар Абдулҳаким мени, яъни шогирдини ҳазрат Навоийнинг сарҳадсиз дунёсига олиб кирган.
Энди Огаҳий масаласига ўтсак. Устоз Огаҳий ҳазратлари қаламига мансуб таърих, ғазал ва мухаммасларни форс тилидан таржима қилган. Ўша таржималар “Мангулик жамоли” китобига киритилган. Огаҳий ҳазратлари ғазалига мухаммасида сўзни нақадар юксак мақомга кўтарганига эътибор қаратинг-а:
Эзгу сўз парвозда, ҳар ҳарфинда бир қуш бордур,
Сўз сабаб тушларда ўнг, ўнгларда ҳам туш бордур,
Тингла, эй, Абдулҳаким, устозни, то ҳуш бордур,
Олам ичра барча ишдан қоттиғу душвордур,
Огаҳий, маъқул қилмоқ беҳаё, нодонга сўз.
Сўзга эҳтиром кўрсатган ҳолда устозимиз аста-аста энг қадимги даврларга руҳан яқинлашган. Ҳазратларимиз: Мирзо Бедил, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Нажмиддин Кубро шеърларини форсийдан ўгирган. Ҳа, Матназар оғанинг Огаҳий ҳазратларига бағишланган “Булбул тушлари” номли тадқиқотини ўқисангиз, сўз сеҳридан, сўзнинг жозибасидан огоҳ бўласиз.
“Кўчки” (“Ятим ад-даҳр” оҳангларида) туркум шеърларида (баъзида “достон” ҳам дейилади) бундан минг йил аввалги шеъриятга руҳан яқинлашгани ойдинлашади. Маълумки, “Ятим ад-даҳр” тазкираси араб тилида битилган ва ўзбекчага ўгирилган. Мен мазкур тазкирани ўқиш баробарида модерн усулларига дуч келиб ҳайратланганман. “Кўчки”нинг маъноси образларнинг кўчиб ўтиши, демак. Бинобарин, устоз Матназар Абдулҳаким тазкира яратувчиси Абу Мансур ас-Саолибий билан ҳаммуаллиф. Шунинг учун ҳам ҳар битта парча қўштирноқ билан берилган:
“Ғазна аҳли, эй шимолликлар,
Сизни Ҳақ ардоқлар. Бу – Ҳақдир.
Қутлуғ бўлсин муборак қисмат,
Муборак бўлсин қутлуғ тақдир.
Жўнатамиз тиллоларни биз,
Хазинада йўқу борларни.
…Эвазига изғирин йўллаб,
Жўнатасиз совуқ қорларни”.
Менимча, араб тилидан қилинган таржима унчалик равон чиққан эмас. Устоз қалами боис оҳанглар сирли тусга кирган. Энди ўзингиз таъриф беринг: устоз Матназар Абдулҳаким ким?
– Менимча, уммон! Минг йиллик Шарқ шеъриятини ўзида жамлаган, гоҳида сокин оқадиган, гоҳида мавж урадиган уммон. Афсуски, мен ўша даврларда Хоразмдан олисда, Тошкентда яшаб, ижод қилганим боис Матназар оға билан кам кўришганман. Ҳатто, бир пайтлар устоз билан “Миллий тикланиш” газетасига суҳбат тайёрламоқчи бўлганман. Ачинарлиси, ўша суҳбат матни чала қолиб кетган. Бу энди мен учун армонга айланди. Сиз бахтли шогирдсиз: кўп йиллар улуғ шоиримиз билан ҳамсуҳбат бўлгансиз. Илк танишувингиз қандай кечганини эслай оласизми?
– Энг аввало, шуни таъкидлашни истардимки, бугунги кунда мамлакат миқёсида танилган ижодкорлар – Қадамбой Солаев, Жуманазар Юсупов, Рўзимбой Ҳасан, Шуҳрат Маткарим, Юсуф Латиф, Йўлдош Эшмурод, Гавҳар Ибодуллаева, Болтабой Бекматов, Гўзал Бегим, Маҳмуд Ражаб, Муҳаббат Сафоева, Даврон Ражаблар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг устозга нисбатан эҳтиром мазмунидаги ёдномаларига қулоқ тутган бўласиз. Гапнинг қисқаси, Матназар Абдулҳаким устозимиз, мураббийимиз турли ёш ва турли дунёқарашдаги ижодкорларни руҳан бирлаштира олди. Ўша воқеликлар Қадамбой Солаев қаламига мансуб “Тўртинчи муаллим сабоқлари”, Шуҳрат Маткарим қаламига мансуб “Устоз ҳақида сўз” рисолаларида қисман акс эттирилган.
Энди илк танишув масаласига келсак. Университетни битказганимдан сўнг Тил-адабиёт илмий текшириш институтига ишга киришга ҳаракат қилдим. Ўхшамагач, шумшайибгина, тарвузим қўлтиғимдан тушиб юртимга, қадрдон қишлоғимга қайтдим. Ўйлаб кўрсам, ишимнинг ўхшамаслиги орқасида аслида катта бир ҳикмат ётган экан. Бунинг учун Оллоҳга шукронам беҳисоб. Акс ҳолда, менинг ижодим бошқача ўзанда давом этармиди?
Хуллас, туман газетасига ишга кирдим. 1984 йилнинг апрель ойида газета муҳаррири Қуронбой Юсупов билан бамаслаҳат таҳририят қошида “Нилуфар” адабий клубини ташкил этдик. Беш-олти саҳифамиз нашр қилингач, муҳаррир ўринбосари Нурмат Ражабов менга, шуларни Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбарларига кўрсатинг, эҳтимол танилишларингизга ёрдам беришар, деди. Маслаҳатга кўра, уюшма бўлимига бордим. Кабинет эшигини очишим биланоқ Матназар акага ва унинг ҳамкасби Жуманазар Юсуповга кўзим тушди (икковини ҳам 1980 йилда “Хоразм ҳақиқати” газетаси таҳририятида журналистика амалиётини ўтаб юрганимда кўргандим). Матназар ака, “Келинг, ука!” деб қўйди.
Мен ҳаяжонланиб, шовотлик эканимни, туман газетасида ишлашимни, клуб ташкил қилганимизни айтдим. Киришимдан аввал улар кулишиб, нималар ҳақдадир суҳбатлашиб ўтирган эдилар. Титроқ қўлларим ила тутқазган газеталарни Матназар ака тезгина варақлаб чиқди. “Бу клуб яхши экан. Биз умуман бехабармиз. Шовотдан Мадиёр Худойбергановдан (Собиқ давлат арбоби, кўп йиллар Хоразм вилоятининг биринчи раҳбари лавозимида ишлаган. – С. С.) бошқа таниқли одам чиқмаса керак, деб ўйлаб юрардим”, деди кулимсираб. Илк таассурот шундай бўлдики, Матназар Абдулҳаким – ўта мағрур, унча-мунчани писанд этмайдиган шоир.
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Бир куни таҳририятга келсам, қўлимга конверт тутқазишди. Қарасам, конверт тепасига йирик-йирик ҳарфлар билан Матназар Абдулҳакимов деб ёзилган экан. Хат жуда қисқа эди. Жумлалари аниқ ёдимда: “Сиз катта шоирсиз, ука! Қўлёзмангизни тайёрланг! Муҳокамадан ўтказамиз”. Бу сатрларни ўқиб, осмони фалакка учиб кетгандай бўлдим. Гап шундаки, клуб саҳифаларидан бирида ўз шеърларимни ҳам эълон қилдиргандим. Ёдимга тушгани – “Учишни хаёл қилган Қурбақа” сарлавҳали шеър. Ўша шеър ва бошқа туркумларимни устознинг ўзи рус тилига ўгириб, “Хорезмская правда” газетасида (1985) эълон қилдирган.
Хуллас, 1985 йилнинг декабрида устоз Матназар Абдулҳаким тавсиясига биноан пойтахтга жўнадим. “Ёшлик” журналига ишга жойлашдим. Орадан ўн йил ўтгач, мамлакат миқёсида профессионал шоир сифатида танилдим. “Товушсиз қадам” шеърлар тўпламим чиқиши биланоқ устозга ҳадя этганман. У эса туман газетасининг 1987 йилги 22 апрель сонида “Ҳайрат” сарлавҳали тақриз эълон қилдирибди. Мен ўша газетани асраб қўйибман. Гоҳо сарғайган газетага қараб ўтириб, ўз-ўзимни руҳлантираман.
Биласизми, бешта китобимнинг (“Товушсиз қадам” (1987), “Теракка яқин юлдуз” (1989), “Звезда над тополями” (1990), “Икки нур” (1994), “Давсаман” (1995) дунёга келишига бевосита устоз сабабчи бўлган. Унинг тавсиясига биноан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиндим. Ва худди ўша йили Хоразмга қайтганман. “Хоразм” нашриётида ишлаган вақтларимни (1991–1995) ҳаётим йилномасининг олтин саҳифалари дея оламан.
Табиатимда тушкунликка тез берилиш одати бор. Агарда миям тинч бўлмаса, ҳеч нарса ёзгим келмайди. Шундай пайтларда устоз бизни руҳлантирар эди. Ҳар қандай ижодкор кўнглида ўз ижодига нисбатан шубҳа-гумон уч кўрсатиши табиий. Матназар Абдулҳаким ана шундай қора чечакларни юлиб ташлашда моҳир эди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида устоз шахсияти, ижоди тўғрисида иккита мақолам чиққан. Шулардан бирида қай тариқа танишганимизни, хат мазмунини батафсил тасвирлаган эдим. Устоз бу тўғрида менга ҳеч нарса демади. Кейинчалик қайсидир шогирдидан эшитдим. Мақоламни ўқиб, “Баҳром ўзини реклама қилибди-да” деб кулиб қўйган экан. Нима бўлишидан қатъи назар мен ўзимни руҳлантирган инсон хусусида гапиришим керак эди. Чунки бу хусусда жим юришим такаббурликка кирарди.
– Мана, Сиз ҳам Хоразмга қайтдингиз. Бунинг асосий сабаби нимада? Ёки ўз элатингизда вақтинча яшаяпсизми?
– Устозга “Матназар ака, нега Сиз Тошкентга бориб яшамайсиз?” деб савол берганимда, жавоб қайтарганки, “Ким қаерда яхши ёзса, ўша ерда яшагани маъқул”. Шу гапга қиёсан айтганда, негадир мен Хоразмда яхшироқ ёзишимга ишоняпман. Режаларим жудаям кўп. Бир режам – Хоразм адабий ҳаракатчилигини янада жонлантириш.
Мен бу даврага бегона эмасман. Адабий доирадагиларнинг барчаси Матназар Абдулҳакимнинг, устозимнинг шогирдлари. Устозни эса ҳар суҳбатимизда эслаймиз, десам муболаға саналмас. Зотан, ўзи ёзганидек:
Бизлар ўлмагаймиз – сизларнинг йўқлов
Жон бахш этар марҳум жонларга.
Қайтгаймиз, бизларни йўқлаган заҳот
Тирилиб, муборак хонадонларга.
Устоз таъзиясига борганимизда ўғли Музаффар ўша тўртликни отасининг ён дафтаридан топганини айтди. Бу тўртлик устоз қабридаги тошга ўйиб битилган. Қадамбой Солаев ёзадики: “Бу Матназар Абдулҳакимнинг сўнгги сатрлари. Агар шу аржуманд сўзларни дунёдан ўтган одамнинг васияти деб қабул қилсак, биз тирикларга яқинларимизнинг руҳлари олдидаги мажбуриятларимиз янада ойдинлашади. Устоз Абдулла Орипов “Айни камолга етиб турган бир пайтда Матназар орамиздан кетди. Дийдор-ку, қиёматга қолгандир, бироқ унинг ижоди ҳақида ёзиш сизу биз тирикларнинг бўйнимизда турибди…” дегандилар”.
Олтмиш йиллик юбилейида қатнаша олмаганман. Телефон қилиб, узримни айтсам, ҳар доимгидек сокин овозда: “Ҳеч зарари йўқ. Етмиш йиллик юбилейимда қатнашарсан” деганди. Қайтишим юбилей масаласига бағишланган мажлислар мавсумига тўғри келди. Ҳаммаси яхши, рисоладагидек, бироқ, устознинг ўзи йўқ… Мажлисларнинг бирида мен устоз хотирасига бағишланадиган “Оқ тут” халқаро антологияси лойиҳаси ҳақида сўзладим. Фикр-мулоҳазаларим маъқулланди. Қизғин ишлаяпмиз.
“Қувончбек-Машҳура” масъулияти чекланган жамияти нашриётининг бош муҳарририман. Менга ижод қилишим учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Оллоҳ омонатини омон қўйса (Бувим Раҳима момонинг ибораси) бор ижодий қобилиятимни юртимга бахшида этмоқчиман.
– Устознинг армонлари бормиди?
– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмасига биноан 1989 йилнинг май ойида устоз иккимиз Ашхабодга ижодий сафар қилганмиз. Ашхабодда қадрдонимиз, туркманнинг улуғ шоири Омондурди Аннадурдиев (Рубоийларини устоз таржима қилган. “Жавзо ташрифи”дан ўша рубоийлар ўрин олган.) билан кўришдик. “Яшлик” журнали бош муҳаррири (исм-шарифи ёдимдан кўтарилибди) хонадонида, дастурхон атрофида кўпгина туркман шоирлари, насрнавислари билан танишганмиз. Ўша суҳбатларда ўзбек-туркман адабий алоқаларини ривожлантириш хусусида аҳдлашганмиз. Орадан сал вақт ўтмасдан воқеалар ривожи бошқача тус олди, собиқ иттифоқ парчаланиб кетди.
Устоз эса нафақат туркман, балки бутун туркий халқлар адабиётлари билан қардошлик ришталарини мустаҳкамламоқчи эди. Афсуски, бу орзулар армонларга эврилди. Бугунги вазият эса бутунлай бошқача. Бугун бизда ўша пайтда лафз қилиб, бироқ бажара олмаганимиз ўзбек-туркман қардошлик алоқаларини тиклаш имконияти пайдо бўлди. Бунинг учун ана шу ғояларнинг ташаббускори муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ҳар қанча раҳмат айтсак кам. Биз шогирдлар, ўша вазифани адо этишимиз керак. Бу қарз ва фарздир.
Ҳа, дарвоқе, устоз Матназар Абдулҳаким ва камина иккимизнинг шеърий туркумларимиз “Яшлик”, “Юность” журналларида, 1990 йилда туркман ва рус тилларида эълон қилинган. Бу саъй-ҳаракатлар улкан умидларнинг дебочаси эди. Галдаги вазифа устоз бошлаб берган анъаналарни давом эттириш…
Хулоса шуки, устозимиз фанода чиройли яшади. Сўз дунёси осмонида ўзига хос юлдуз бўлиб чақнади. Парвознинг умри эса боқийдир. Худди ўзи башорат қилганидек:
Тоғдек тоқатлардан мўмиёдек сирқиб,
Дўстларга аталган дил розларимиз.
Қанотимиз пўлат. Ҳеч бўлмас қирқиб,
Жаранглаб туради парвозларимиз.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон