Истеъдодли шоир, драматург ва носир Шукрулло (Шукрулло Юсупов) 99 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон халқ шоири (1981), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977) Шукрулло (Юсупов) 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Педагогика билим юрти (1935—38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944).
Шукрулло 1951 йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин озод этилган (1955).
Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон — инсон учун» (1964), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўкилган дардларим» (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.
Шукрулло «Чоллар» (1948), «Россия» (1956), «Икки қоя» (1964), «26 тонг отари» (1966), «Гул ва оташ» (1972), «Кўнгил чироғи» (1975), «Аср баҳси» (1985) ва бошқалар достонларини ёзган. Шукруллонинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари «Баҳор совғаси» (1962), «Юлдузлар» (1964) шеърий тўпламларидан ўрин олган.
«Хатарли йўл» (1962), «Табассум ўғрилари» (1964), «Тўйдан кейин томоша» (1980), «Ўғрини қароқчи урди» (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Қасосли дунё» (1994) публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» (1999) роман-хроникаси муаллифи.
Шукрулло Карло Гоццининг «Бахтиёр гадолар» пьесаси, Ш. Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқалар шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.