Гёте ва жаҳон адабиёти. Жаҳон санъати нуқтаи назаридан туриб ёзувчи ижодини ўрганиш ҳозирги замон адабиётшунослигининг энг самарали йўналишларидан биридир. Ёзувчининг жаҳон адабиётига кириши учун биринчи мезон, энг аввало, ўзи мансуб миллий маданиятдаги ўрни, ижодининг оламшумул аҳамияти, маҳорат даражаси, умумбашарий муаммоларни бадиий ҳал эта олгани, шунингдек, турли мамлакатлар тадқиқотчиларини унинг асарларига мурожаат этиши каби муаммолар билан боғлиқдир.
Миллий маданият — бу ўз ички интизоми билан тарихий жиҳатдан узвий юзага келган бир бутунлик. Адабиётлараро муносабатлар миллий адабиётни янада умумийроқ тарихий адабий тизим билан боғлаб туради. Шекспир, Данте, Навоий, Ҳофиз, Байрон, Гёте, Пушкин, Достоевский сингари ижодкорлар яратган дурдоналар фақат ўз миллий адабиётларининг мулкигина эмас, балки жаҳон адабиёти хазинасига мансуб дурдоналардир.
Иоганн Вольфган Гёте (1749-1832) “Фауст” ва “Ғарбу Шарқ девони” каби оламшумул дурдона асарлар муаллифи. У немис адабиётининг вакили бўлиши билан бирга умуминсоний адабиётнинг ҳам ёрқин тимсолидир. Гёте ижоди серқирра, бошқа адабиётлар учун катта бадиий қиммат касб этади. Шунинг учун ҳам адабиётлараро муносабатлар жиҳатидан қунт билан ўрганилмоқда. Масалан, адабиётшуносликда айтиладики, 19-20-аср рус ёзувчилари учун Гёте немис адабиётининг тажассуми ҳисобланиб, ҳар доим кучли ва теран хайрихоҳликка сабаб бўлар эди. Гёте ижодини Пушкин, Лермонтов, Тютчев, Фет, Брюсов, Блок каби кўплаб рус адибларига таъсирини эътироф этиш зарур.
Гётенинг ватани Веймар шаҳрида умумбашарий маданият дурдоналари қаторида Пушкин ҳайкали қад кўтариб турибди. 1824 йили айнан Пушкин дўсти Кюхелбекерга ёзган хатида: “…Гёте ва Шекспирни афзал кўраман”, — деган сўзларни айтиб ўтган.
Германияда 20 йилдан кўпроқ яшаган, замондошлари “тафаккур шоири” деб атаган яна бир рус шоири Ф. Тютчев ҳам немис мутафаккирлари асарларини чуқур ҳис қилган. “Гётедан” деб номланган ўз бадиҳаларида у гётеча рамзий оламни гавдалантиришга, унинг бадиий тафаккури ва услубининг ғайриоддийлигини, фалсафий теранлигини, бадиий руҳиятини акс эттиришга интилган ва “Ғарбу Шарқ девони”дан “Ҳижра” шеърини таржима қилган эди. Гёте вафот этган 1832 йилда шоирнинг “Инсониятнинг баланд дарахтида…” шеъри пайдо бўлди. Академик В. Жирмунскийнинг фикрича, Тютчев уни Гётега бағишлаб ёзган. Шеърда немис шоирининг улуғвор қиёфаси “буюк қалб билан” гавдалантирилади.
18-аср охирида рус маданияти ва адабиётида бошланган Шарққа қизиқиш 19-асрда ўзининг юқори чўққисига чиқади. Л. Толстой ижодида ҳам шарқ мавзуи энг муҳим йўналиш бўлиб қолади. М. Дмитриев, А.Фет, В.Вересаев каби етук ижодкорлар “Девон”дан парчалар таржима қиладилар.
20-асрнинг “рус фаусти” деб ном олган шоир А.Блок ўз ижодида гётеча рамзлар ва усуллардан фойдаланган. У Гётенинг буюклигини унинг “сирли иккилиги” билан боғлиқ, деб ҳисоблаган. Зеро, Гётенинг ўзи ҳам: “Менинг асарларимни ўқи. Мен ўзим иккиликда ягонадирман”, — деб ёзганди.
Гёте ижодиётини ўрганишда жаҳон адабиёти ҳаётий шароит ҳисобланади. “Жаҳон адабиёти” тушунчасини Гёте биринчи марта 1827 йилда тавсиф этади, бу пайтда Гёте эстетикасида жаҳон бадиий жараёнини англаш анча юқори даражага кўтарилган эди. 1829 йилда шоир жаҳон адабиёти ҳақидаги рисоласи устида ишлай бошлайди, аммо афсуски, адабиёт назарияси, ҳам ғарб, ҳам шарқ миллий адабиётларининг у ёки бу муаммоларига бағишланган улкан асар Гётенинг кўплаб қораламалари, лирик мушоҳадалари ва қайдлари ҳолида қолиб кетди. “Ғарбу Шарқ девони”да, хусусан, унинг насрий қисмида қимматли фикрлар ва кузатувлар мавжуд. Улар асосан жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида Шарқнинг адабий-эстетик ва маънавий бойлигини юксак баҳолашга қаратилган.
Эккерман билан 1827 йил 31 январдаги суҳбатида Гёте шундай дейди: “Шеърият – инсоният бойлиги ва у ҳамма жойда минг-минглаб одамларда намоён бўлишига тобора кўпроқ амин бўлмоқдаман… Шу боис мен бошқа миллатларда нима борлигини завқ билан кузатаман ва ҳар кимга ҳам шундай қилишни тавсия этаман. Миллий адабиётнинг энди унчалик аҳамияти қолмади. Энди Бутунжаҳон адабиётига гал келди…”
Гёте ғарбда биринчилардан бўлиб, Шарқ — бу умумбашарий тарих ва маданиятнинг энг муҳим таркибий қисми деб эълон қилди. Унинг замирида янги хаёлотларни жонлантириш ва уйғотиш, ўзининг миллий аҳамиятини аниқлаб олиш учун ижодкорга зарурий улкан, кучли бойитувчи анъана яширинган. “Ғарбу Шарқ девони”нинг ноёблиги шундаки, у на фақат улкан ахборот-билиш мазмуни билан, балки ундан-да муҳимроқ бўлган чинакам шарқона маънавий-шеърий маъно билан тўлдирилган. Бу теран бадиий-тафаккур ижод намунаси, муаллиф буюк Гётенинг ҳақиқий маънодаги дастлабки улуғвор меҳнати натижасидир.
“Ғарбу Шарқ девони”нинг яратилиш тарихи. Гёте синчковлик билан таъкидлаб айтган эдики, “Ғарбу Шарқ девони” — бу мустаҳкам қад кўтарган эҳром гумбази, гарчи у турли жанрлар билан тўлдирилган бўлса-да, мустаҳкам қад кўтариб турибди.
Бу эҳромга олиб борувчи шоир йўли оғир ва мураккаб эди, асарнинг насрий қисми ва шарқномалар, шунингдек, Гёте ва замондошлари хотиралари шундан гувоҳлик беради. Насрий қисмнинг сўнгги мақоласи “Ниҳоят, ҳаммаси мустажоб бўлди!” деб аталади. У жуда ҳам самимий ва айни дамда камтарона сўзлар билан бошланади: “Ўтмишдаги қадимий Шарқни энг янги ва гуллаб-яшнаб турган хотира билан қай даражада боғлай олдик, бу ҳақда холисона, лутфан ҳукм чиқариш дўстлар ва билимдонларга” тан.
Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони” биринчи бор 1820 йилда чоп этилган эди. Аммо иш ҳали давом этарди, 1827 йилда иккинчи, кенгайтирилган нашри пайдо бўлди. Даставвал “Девон” “Ғарбу Шарқ девони ёхуд мудом Шарққа мос келувчи немис шеърлари тўплами” деб аталганди. Яна бир қанча номлари бор эди. Фақат охирги, ўнинчи номи муаллифни қаноатлантирди: “Ғарбу Шарқ девони”. Ўн икки китоб. “Ғарбу Шарқ девонининг энг яхши нусхасига мақоллар ва изоҳлар”.
Гёте Шарққа ёшлигидан қизиқарди. У идиш (яҳудий тили)ни ўрганади, Инжилни ўқийди, диний ривоятларни фикридан ўтказади, хаёлан Миср ва Фаластинда бўлади, шарқ халқлари хулқ-атвори, одамлар, либослари тўғрисидаги китобларни ўқийди.
1811 йилда Гёте ҳинд адабиётини, Ведаларни, Соннер, Жонсон тадқиқотларини, “Гита Говинда” парчалари таржималарини ўрганади ва уларни тўла таржима этишни орзу қилади. 1814 йилда ношир И.Ф. Котте Ҳофизнинг И. Ҳаммер таржимасидаги икки жилдли нашрини Гётега совға қилади. Ҳофиз номи кундаликда 1814 йил 6 июлда биринчи марта тилга олинган. Гёте шу дамгача Ҳофиз ғазалларини яккам-дуккам ўқигани ва унинг шеърияти ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилмаган эди.
1815 йилда Шарқ билан шуғулланиш давом этади. Гёте шарқшунос тарихчи, Ҳофиз ва шарқ шеърияти таржимони И.Ҳаммернинг олти жилдли “Шарқ хазиналари” йирик нашрини ўқийди. Пруссиянинг Истанбулдаги собиқ элчиси, барон фон Дицнинг икки жилдли шарқшунослик илмий ишини катта қизиқиш билан ўрганади. Бундан ташқари рўйхати бир неча бетни эгаллайдиган бошқа кўплаб китобларни мутолаа қилади.
“Аннола” мақоласида (1815) Гёте ёзадики, Ҳофизнинг турли журналларда чоп этилган алоҳида таржималари уни сира ўзига тортмасди, бироқ энди “Шарқ хазиналари”да Ҳофизни ўқиб, у қаттиқ таъсирланди ва бу қудратли таассурот юки уни бутунлай янчиб ташлашидан хавотирга тушади.
Гёте ўз ёзмаларида қайд этганидек, “Шарқ ҳавосидан нафас олиш учун” тилга, ёзувга, унинг хусусиятлари ва безакларига мурожаат қилди. 1816 йилда Ҳаммер ва Диц ишларини ўрганишда давом этди. Гёте қайд этади: “Ҳамма жойда Шарқнинг тоза ҳавосидан димоғим чоғ бўларди”. Гёте шарқ операси сюжетига қораламалар қила бошлади, бироқ бу иш охирига етмай қолди, чунки унинг ёнида ҳаммаслак – бастакор йўқ эди.
1817 йилда Гёте шарқ тилларини ўрганади, хаттотлик билан шуғулланади, руҳ техникаси соҳасидаги бу саъй-ҳаракатлар “Девон”нинг кўплаб шеърларига таъсир кўрсатади. Қуръони Карим сураларидан Гёте қўли билан бажарилган кўчирма нусхалар сақланиб қолган.
Бу вақтда Гёте “оташин муҳаббат намунаси сифатида” “Лайли ва Мажнун”ни сайёҳлар Петро делла Вилле Таверьне, Шарденларнинг аллақачон ўрганиб бўлинган илмий ишларини қайта-қайта мутолаа қилади. Таниқли шарқшунослар Силвестрде Саси, Лоребах билан мулоқотлар бир зум тўхтамайди. “Девон”ни яратиш баробарида юзага келган кўплаб саволларга Диц жавоб қайтаради.
1818 йилда шарқшунос Михаэлиснинг “Араб сарфу наҳви”ни ўрганади, таниқли француз шарқшуноси Анкетил Дюперроннинг “Қадимги форсларнинг диний урф-одатлари” китобини, Бидпан (яъни “Калила ва Димна”) масалларини, Фрейтагнинг араб қўшиқларини мутолаа ва мушоҳада қилади. “Девон” устида олиб борилган ишда Ҳаммернинг “Форс мамлакати нафис одоб санъати тарихи” (Вена, 1818) ни мутолаа қилиш айрича аҳамият касб этди, бу китоб ўрта аср форс шеъриятининг ўзига хос баёзи эди.
“Девон” устидаги иш жадал борарди. Оз вақт ичида шоир талай шеърлар битди. “Ғарбу Шарқ девони” учун ёзилган дастлабки шеър Ҳофиз йўлида иншо этилган “Яралиш ва турилиш” бўлган эди, деб ҳисоблашади. Аввалбошданоқ Гёте “Девон”ни бир бутун деб эътироф этган ва ўзининг бўлажак асари тузилишини пухта ўйлаб олган. Асар устидаги иш ниҳоясига етгунга қадар у ўзидаги қандайдир бадиий нуқсонларга нисбатан талабчанликни ҳис қилиб турган. “Девон” устида ишлаш муаллифга улкан ижодий қониқиш бағишлайди. У қандайдир янги ва мисли йўқ бир иш қилаётганини англаб турарди, Ғарбий Европа ва Немис бадиий анъаналарини Гёте учун умрбод жозибадор ва битмас-туганмас ҳисобланган бой шарқона эстетик тажрибаси билан йўғириб юборишга муваффақ бўлган эди.
Гёте таъсири остида немис адабиётида Ф. Рюккертнинг “Шарқ гуллари” (1822), Август Платеннинг “Девон” яратилишига бағишлаб ёзган “Ғазаллар” тўплами дунёга келди. Бироқ Гётедан фарқли ўлароқ, Платен шарқ маданиятини ўрганишга муккасидан кетмади. Натижада у “ўзга” олам ичига теран ижодий кириб бора олмади. Гёте бу тўпламга тақриз ёзди, мазмуннинг юзакилигини, услубнинг дабдабалилигини таъкидлади, ундан унчалик ҳаяжонга тушмаганини айтди. Тақризда енгил киноя оҳанги ифода этилган.
Гёте учун шарқ маданиятини англаш — бу қийин, кўп қиррали ва айни вақтда ёқимли, севимли жараёндир. Уни на жўғрофий, на этник-ижтимоий-психологик, на диний чекловлар ташвишга солади, аксинча, булар унга ҳузур бағишлайди. Ижодий жараёнга ҳамкорлик қилган далиллар тўғрисида гапирар экан, Гёте таъкидлайдики, улар бахтиёрлик туйғусининг жонланишига ва тобора кучайиб боришига имкон беради, соф туйғуга эга бўлган ҳар одам “Девон”ни мутолаа қилганида худди шундай кайфиятга берилади” .
Дарҳақиқат, “Девон”ни ўқир экансиз, шундай бир кутаринки ҳис туйғулар, теран фалсафий-эстетик мушоҳадалар муҳитига ғарқ бўласизки, бундай муҳитда шоир ҳам, унинг ўқувчиси ҳам ўзини том маънода бахтли ҳис этади.
“Ғарбу Шарқ девони”ни илмий ўрганиш. Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони” жаҳон маданиятида қарийб икки юз йилдан буён яшаб келмоқда. Аммо шу вақтгача бу ноёб асар икки хил миллий-адабий-эстетик тизимнинг ўзаро суҳбати ўлароқ, ўқувчилари ва тадқиқотчилари олдида ўзининг барча сир-асрорини теран очиб берган, деб дадил айта олмаймиз. 1968 йилда таниқли рус шарқшуноси Н.Конрад шундай савол берган: “Гётенинг Ғарбу Шарқ достони машҳур ва ўрганилган, бироқ немис шоирининг Шарққа нисбатан на фақат унинг ўз ижодий библиографиясидаги ғоят жиддий вақтда, балки янги Европа адабиёти учун ҳам ҳаддан ташқари жиддий бўлган бир вақтда мурожаат қилганининг ўзи етарли даражада баҳоланганми?”
Афсуски, фан бу саволга ҳануз узил-кесил жавоб қилгани йўқ. Дастлабки тақризлардан бирини Гётенинг замондоши, шарқшунос, “Девон” устидаги иш жараёнида шоирнинг маслаҳатгўйи бўлган Козегартен ёзганди. Унинг кузатишлари алоҳида қимматга эга. Шуни таъкидлаш керакки, немис фани “Ғарбу Шарқ девони”га катта эътибор бериб келаётир, бу ҳақда немис олимлари ишларининг А.Михайлов мақоласида илова қилинган библиография гувоҳлик беради.
Рус адабиётшунослигида “Девон”га у қадар кўп эътибор берилмайди. В.Жирмунскийнинг “Гёте рус адабиётида” рисоласида (1937) “Ғарбу Шарқ девони” тилга олиб ўтилади холос, аммо адабиётшунослик нуқтаи назаридан таҳлил этилмайди. Л.Кессель ва И.Брагинский ишларида “Девон” диққат марказида турса-да, тадқиқ этилмаган муаммоллар шундайича қолаверган.
Айрим мамлакат ва шаҳарларда Гёте ижодини ўрганиш бўйича жамиятлар мавжуд (мас. Франция, Россия, Грузия, Қозоғистон, Москва, Санкт-Петербургда). Уларда немис шоирининг асарлари билан боғлиқ кўплаб муаммолар кўриб чиқилади. Аммо “Ғарбу Шарқ девони” хоҳ германшунослик, хоҳ шарқшунослик, хоҳ туркшунослик бўлсин, ҳали ўз тадқиқотларини кутмоқда.
“Ғарбу Шарқ девони”да Шарқ тимсоли
Европаликнинг нигоҳи. “Ғарбу Шарқ девони”да Гётенинг ўз миллий нуқтаи назари намоён бўлган кўплаб кузатишлар, мушоҳадалар ва умумлашмалар учрайди. Бунда у Шарқ вакиллари учун қандайдир янги нарсани кашф этади. М. Бахтин таъкидлайдики, бегона маданият бошқа маданият кўзида ўзини тўлароқ ва теранроқ инкишоф этади. Айни вақтда яна огоҳ этадики, “…бироқ ижодий тушуниш ўзидан, замонидаги ўз маконидан, ўз маданиятидан воз кечишни билдирмайди ва ҳеч нарсани эсидан чиқармайди”. Бахтиннинг бу ҳаққоний қайди “Девон”нинг бутун мазмунида ўз тасдиғини топган, бунда маданиятларнинг ўзаро мулоқоти содир бўлади, бу мулоқотда ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро бир-бирини бойитиш туфайли улардан ҳар бирининг бойлиги, теранлиги янгича тарзда очиб берилади.
“Девон”нинг бош қаҳрамони шоир ўзини шарқ зиёратига йўл олган сайёҳ деб эълон қилади. Шоир тимсоли Гётенинг ўзи билан узвий боғлиқ, у ўзини немис деб ҳис этади, унинг учун Шарқ маънавий-эстетик тажрибаси билан тўқнашиш ўз ижодининг улкан ва қудратли имкониятлари — адабий уйғунликка, “ёт” эстетик анъанани нозик идрок этиш ва ижодий мушоҳада қилишга қодирликни намоён этишга имкон берди.
“Девон” устида қаттиқ иш олиб бораётган вақтда Гёте ношир И.Ф.Коттега хатида ёзадики, унинг (Гётенинг) мақсади Ғарб ва Шарқни, ўтмиш ва ҳозирни, форсча ва немисчани холисона бирлаштиришдан иборат, токи тафаккур қилиш хулқ-атвори ва услублари бир-бирига сингиб кетсин”.
Айни вақтда “Шарқ руҳи”да шеърлар ёзар экан, Гёте ҳамма нарсага европалик нигоҳи билан қарайди, унинг ғарб одами қаршисида очилаётган муҳим нарсаларни қайд этиб боради. Шоир огоҳлантириб дейдики, “Жаннат таассуротлари ҳақида барча одамларга немис сўзи билан хабар қиламан”.
Шарқ одамида, санъатида, шеъриятда немис шоири унинг назарида жаҳон маданиятини бойитадиган фазилатларни очиб беради. У ёзади: “Форсларда шеърий натюрмортлар бор, уларни энг яхши нидерландия мусаввирларининг суратлари билан ёнма-ён қўйиш мумкин, ахлоқий жиҳатдан эса уларни янада баландроқ қўйиш мумкин… табиат неъматлари уларга диний афсоналарнинг ясама нусхалари бўлиб хизмат қилади. Гул ва Булбул Аполлон ва дафна ўрнини тўлдиради”.
Шарқ сўз усталари маҳорат даражасига юксак баҳо бериш билан биргаликда ушбу гётеча мушоҳадаларда умуминсоний маданият қаърига теран кириб бориш, замон ва маконда бир-биридан узоқ, хилма-хил миллийликни бир-бирига бақамти қилиб қўйиш, антикликдан, мифологиядан бошланган ғарб ва шарқ адабиётида умумий манбаларни усталик билан топиш кишини ҳайратга солади.
“Юсуф ва Зулайҳо” афсонаси Гёте талқинида
Муқаддас китоблар Инжил ва Қуръони Карим кўп асрлар давомида Шарқ ва Ғарбнинг буюк сўз санъаткорлари эътиборини тортиб келмоқда, борлиқ ва кундалик ҳаётнинг абадий масалалари устида фикр юритиш ва муттасил ўйлаш учун моя бўлиб ҳисобланмоқда. Заковат ва шеърий тафаккурнинг Фирдавсий ва Навоий, Жомий ва Ҳофиз, Саъдий ва Румий, Данте ва Гёте, Пушкин ва Достоевский, Байрон ва Толстой сингари даҳоларнинг адабий-диний ёдгорликларга бўлган қизиқишлари жаҳон мумтоз адабиётида ўчмас из қолдирди. Инжил ва Қуръони Карим ғоялари, адабиётлари, муаммолари ва тимсолларига мурожаат қилар экан, Сўз Усталари бемисл асарлар яратганлар. Улар миллий-бадиий тизим сирасидан чиқиб, умумбашарий жаранг касб этган.
Инжилни Гёте кўп марталаб ўқиб чиққан эди ва у таъкидлаганидек, “бирон вақти-замони билан, усиз иш тутишига тўғри келганида тараддудланиб қолмаслик учун бу китобга жуда кўп меҳрини бахшида этган”ди. “Қуръони Карим — бу ибрат ва кўнгил очиш учун ўқиладиган, одамлар қўли билан ёзилган китоб эмас, балки илоҳий битиклар ва ҳукмлардир”, дейди Гёте. Муқаддас китобни 1772 йилда Д.Ф. Мегерлин таржимасида ўқийди ва “Муҳаммад сураси” шеърини ёзади, “Муҳаммад” номли драма устида иш бошлайди. Гёте Қуръони Каримнинг олтинчи сурасини лотин тилидан таржима қилади.
Ўрта аср шеъриятида ижодий жараён моҳияти ўзига хос кўриниш касб этди. Яратиш қобилияти фақат Оллоҳга хос, унинг билими ниҳоясиздир. Инсонга эса пайғамбарлик фазилати қисмангина ато этилган, бу биринчи навбатда шоирларга тегишли. Айнан шулар “руҳий қалб” билан юқоридан нозил бўлувчи умумий ғоялар оқимини идрок этишга, уларни хаёлан тимсолларга айлантиришга, тасаввур этишга, гавдалантиришга ва ниҳоят адабий асарлар яратишга қодирдирлар. Ижодий жараён бир неча босқичдан ташкил топади: ғояни идрок этиш, илҳомланиш, ғояларни кўра билиш, яъни асар яратиш. Бунда Қуръони Каримни тез-тез эслаб туриш шарт. Шу боис Гёте “Девон”да шеърият ҳақида ёзганда, у, ҳадисларда айтилишича, худодан келадиган шарқ шеъриятининг айни моҳиятига, ўзак-ўзагига ёриб киради.
Ҳофиз, Саъдий, Навоий шеъриятида бўлганидек, “Девон”нинг шеърий матни саҳифаларида Қуръони Карим тез-тез эсга олинади. Қуръон руҳидаги ғоялар, сюжетлар “Девон”нинг кўплаб шеърларига татбиқ этилган.
Инжил ва Қуръони Карим оҳанглари шоир ижодида муҳим ўрин тутади. Гёте айтадики, “барча воқеалар, таълимотлар, рамзлар, масаллар бадиий онгда у ёки бу тарзда фаолдир ва хотирага маҳкам ўрнашиб қолган.
Гёте икки ошиқ-маъшуқ Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги афсонавий шарқ сюжети билан таниш эди. Бу ҳақда Гёте “Ишқнома” бобида берган тавсифдан хабар топамиз: “Гарчи нотаниш бўлсалар-да, гуноҳгача бир қадамдир, бу Юсуф ва Зулайҳодир” Гўзал Юсуф тимсоли уни ёшликдан маҳлиё қилган. У қайд этиб ўтганидек, Юсуф тарихини ишлаб чиқиш азалдан мақбул иш бўлиб тасаввур қилинган, фақат иш шакли, ёндашув ҳажми ҳақидаги масала мудом кўндаланг бўлаверган. Насрий ишлов бериш анча қулай туюлган. Демак, Инжил афсоналарига асосланган ҳолда Гёте Юсуф ҳақида насрда ҳажмдор эпик достон ёзган, аммо у сақланиб қолмаган.
Гёте шарқ адабиётида Қуръон сюжети адабий вариантини яратган сўз усталари қаторидан ўрин олган. Юсуф ва Зулайҳо севгиси тарихини Балхий Бахтиёрий, Фирдавсий, Рабғузий, Хоразмий, Жомийлар ёритиб берганлар. Бу икки севишганлар тимсоллари Низомий, Ҳофиз, Румий, Саъдий, Навоий ва Шарқнинг бошқа мумтоз ижодкорлари шеъриятининг дурдона намуналари бўлган.
Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги сюжетнинг 70 дан зиёдроқ адабий талқини туркий тилда ёзилган. Энг қадимгиси Лондонда сақланади, Х асрга оид қўлёзмаси Тошкентда мавжуд. Алишер Навоий бу афсонани “достонлар ичида энг улуғвори” деб атаган, у бу сюжетни бойитишга жазм қилган, аммо иш амалга ошмай қолган. “Юсуф ва Зулайҳо” достонини Дурбек (ХV а.)ижодида кўрамиз, 1981 йилда Рамз Бобожон томонидан ўзбек тилига, 1983 йилда рус тилига ўгирилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур достон фақат Шарқда шуҳрат топгани йўқ. Масалан, Кремлнинг Ёқут саройи деворини Юсуф ва Зулайҳо тасвири туширилган нақшу нигор безаб турибди, Варшаванинг марказий боғида улар-нинг тимсоллари ҳайкалда абадийлаштирилган. Жаҳон адабиётида бу сюжет Т.Маннинг “Юсуф ва унинг ака-укалари” романида, Нозим Ҳикматнинг “Иосиф ва Менофис” драмасида акс эттирилган.
Гётенинг “Зулейханома”сида машҳур сюжетдан четланилади, аммо уни қайта гавдалантиришга ҳаракат қилинмайди, шоир бутунлай бошқа мақсадни кўзда тутади. Гётенинг диққат марказида Ишқ, Маъшуқа, Шоир, Шеърият ётади. Матнда Юсуф исми тилга олинса-да, қаҳрамонларга дахл қилмайди, бу ерда Зулейха ва Ҳотамни кўрамиз. У шарқ адабиёти ва шеърияти билан боғлиқ белгили қиёфадир. Юсуф — илоҳий гўзаллик, исмату иффат, мардликнинг ўзига хос рамзи бўлиб, сўз устаси Гётени ўзига жалб этгани шубҳасиз, аммо “Зулейҳо китоби”да унинг фақат исми тилга олиб ўтилади. Сабаб шундаки, Зулейҳо — бу ривоятлардаги Зулейха эмас, балки шоир Ҳотам шартли равишда “ўзимнинг Зулейҳам” деб атаган бошқа аёл. Яъни, шарқ ривоятидаги қаҳрамон қизнинг фақат исми ва ишқ мавзуи олинган, холос.
Ҳотам тарихий исм бўлиб, туркий достонларда учрайди. Тахминларга кўра Ҳотамтой VI асрда яшаб ўтган ярим афсонавий қаҳрамон ва шоир бўлган. Яна бир тахминда у афсонавий араб амири дейилади. Барча тадқиқотчилар пировард натижада уни яхшилик, ҳозиржавоблик, саховат тимсоли деган фикрга келадилар.
Ҳотам исми Саъдийнинг “Бўстон”ида ва яна Ҳофизнинг ғазалларида тилга олинади, Гёте, афтидан, буни ўша ердан олган бўлиши керак. “Девон”да бу тимсол анча ўзгартирилган. У, аввало, шоир, донишманд, закий. У озига қаноат қилади, ердаги айшу фароғат ва бойлик-сарватларга парво қилмайди. Севги ва шеъриятни ҳамма нарсадан устун қўяди.
Ишқ мавзуи Ҳотам ва Зулайҳо мулоқотида кенг муҳокама қилинади. Козегартен қайд этганидек, уларнинг мулоқотларида форс шоирларининг тимсоллари ва тили сақланиб қолган. Ҳотамнинг ўз маъшуқасини форс шоирлари Низомий, Жомий, Саъдийлардан қизғанганлиги бежиз эмас. У мазкур шоирлар билан, уларнинг қаҳрамонлари билан баҳс бойлашади, ўз шеърларини улар шеърларига қарши қўйиши ҳам — шундан.
“Зулайҳонома” “Девон”даги энг йирик боб ва муаллифнинг ўзи уни тугалланган, деб ҳисоблайди. Бу боб даставвал икки қисмдан иборат бўлиши керак эди, бироқ кейинчалик Гёте унинг биринчи қисмини “Ишқнома” деб атади, иккинчиси эса юқорида айтилганидек, “Зулайҳонома” бўлган.
Ўзбек адабиётида Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”си (XIV аср) тарзидаги мустақил достон ёки Саъдийнинг “Бўстон”и сўнги қисмини ўрганиш асосида ишқ мавзуи алоҳида бобга олинган. Уларда ишқий изтироблар ва ишқий фароғатлар ҳақида кўтаринки руҳий оҳангларда ҳикоя қилинади.
“Ғарбу Шарқ достони” — бу мураккаб рамзий тизим бўлиб, унда икки миллий — шеърий тизимнинг уйғунлашуви жараёни алайна кўриниб туради. Маъшуқаси ҳақида ҳикоя қилар экан, Ҳотам Шарқнинг анъанавий тимсолларидан унумли фойдаланади: кўзлар — юлдузлар, ақиқ — лаблар, олмос — нигоҳлар, киприк — ўқ, гажак — илон, булбул — гул ва ҳ.к. Бироқ Гёте ўз қарашлари билан шарқ шеърий услубларини бойитади, шарқ шеъриятига хос бўлмаган рамзларни олиб киради: мағрур бўйин, сиймин сийналар, лолагул, гунафша ва ҳ.к. Гёте ишқий туйғуларни, жононга мардоналарча хизмат қилишни нозик психологик шаклларда, умуман ишқни янгича талқинда ифода этишга муваффақ бўлади.
“Низомий” мақоласида Гёте бундай таъкидлайди: “Ошиқ-маъшуқлар Мажнуну Лайлини, Хусраву Ширинни берди у бизга: кўнгил сезгиси, тақдир, табиат, одат, майл, завқ — булар бари шуларни бир-бирига боғлайди, ўзаро кайфият уларнинг қовушувига ёрдам беради, аммо ҳасадгўйлар, каж табиатлилар, тазйиқ, тасодифлар, тақиқлар уларни бир-биридан жудо қилади…”.
Агар Ҳотам ва Зулайҳонинг ўзаро муносабатлари ривожланиши йўлини кўздан кечирадиган бўлсак, шуни айтиш лозимки, Гёте Низомий достонларида кўрсатиб ўтган ўринларни у қайсидир маъноларда қайта гавдалантиришга ҳаракат қилади. Бироқ бу сюжет ясовчи вазиятлар узра тавсифлар, мушоҳадалар, энг асосийси мулоқотлар қат-қат тахлана бошлайди, шулар туфайли муносабатларнинг мутлақо бошқа хили пайдо бўлади. Зулайҳо фақат оташин муҳаббат ўтида ёнган соҳибжамол қиз эмас, балки ақлу заковатда, маънавиятда ошиғидан заррача кам бўлмаган шахс сифатида намоён бўлади.
“Ғарбу Шарқ достони” ва ўзбек адабиёти. Маълумки, Гёте Шарқни ҳар тарафлама ва чуқур ўрганган эди. У ўзига хос, жиддий тарзда, имкони борича илмий ва бадиий адабиётни мутолаа қилди, тарихий, жуғрофий, иқтисодий фанлар, ёдгорликлар, сайёҳларнинг қайдлари, шарқшуносларнинг илмий ишлари — бари-бари унга бегона эмасди. Тайёргарлик ишлари жараёнида шоир Гёте ўзининг шарқшунос, тилшунос, диншунос, файласуфга хос истеъдодларини намоён этарди. Бу кенг билимлар шоирона ички туйғулар билан омухта бўлиб кетар, европалик идроки ила бу мураккаб ва қийин мавзудаги энг муҳим қирраларни зийраклик билан илғаб оларди. Натижада “Ғарбу Шарқ девони”да жаҳон тамаддудининг кўплаб муаммолари олға сурилди.
“Девон”да Осиё бўйича далолатларнинг мўллиги ва бойлиги кишини ҳай-ратга солади. Ўзбек адабиётига дахлдор алоҳида далолатларга кўзимиз тушади. Маълумки, мингйиллик тарихга эга адабиётимиз жаҳон мадания-тининг антиклик, эллинизм, ренессанс, романтизм, маърифатсеварлик сингари барча босқичларини босиб ўтган. Н.Конрад “Ренессанс ва Алишер Навоий” мақоласида “жаҳон маданиятининг ўчоғи” деб атаган ҳудуд ҳозирги Ўзбекистон заминини ҳам ўз ичига олади. Н.Конрад таъбирича, “Ренессанснинг бу йўлидаги ваколатли вакили” бўлган Алишер Навоий ўзбек адабиётининг асосчиси, туркий тамаддуннинг ёрқин вакили, Жомийнинг дўсти. Унинг ижодида кўплаб жаҳон маданиятлари: юнон-рим, эллин, византия, форс, араб, ҳинд, хитой ва ҳ.к. маданиятлари, турли динлар ва этник хусусиятлар туташганди. Шубҳасиз, Гёте сингари Навоий ҳам жаҳон адабиёти вакили.
Кўплаб давлатлар Ўзбекистон тарихи билан боғлик, улар: кушон салтанати, Сўғдиёна, Хоразм давлати, Фарғона тамаддуни, Амир Темур давлати, буюк Бобурийлар сулоласи, Хоразмдир. Уларни Ҳофиз, Саъдий, Навоий ўз шеърларида тараннум этганлар ва Гёте ўзининг “Девон”ида тилга олиб ўтган.
Таниқли тарихчи А. Тойннби Фарғона водийси янги тамаддун маркази бўлиб қолади, деб башорат қилиши тасодифий эмасди, Француз олими П.Левек “Эллин дунёси” рисоласида Сўғдиёнани “Ўзбекистон элладаси” деб атаган. У таъкидлайдики, Самарқанд мана шу эллин давлати ҳудудида қад кўтарган. Осиё ҳайкалтарошлик мактаби бўлган, фан тарихи Шарқнинг Ғарбга таъсири тўғрисида кўплаб мисоллар беради. Ўзбекистоннинг илдизи йилларга бориб тақалувчи бой маданияти туркий маданиятга чуқур кирган, бу билан Гёте Дицнинг илмий асарлари орқали танишган. Гёте И.Коттега ёзган хатида Молликат ва Қуръон Каримдан тортиб, Жомийгача бўлган шарқ шеърияти ва адабиётига алоҳида эътибор қаратган. Шу нарса муҳимки, Гёте тузган кўрсаткичда “Ўзбеклар” деган банд бор, бундан ташқари Хоразм, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари тилга олинган. “Девон”нинг еттинчи боби “Темурнома” деб аталади, у икки кун — 1814 йилнинг 11 ва 12 декабри ичида ёзилган. Унга иккита шеър киритилган: “Совуқ ва Темур” ва “Зулайҳо”. Изоҳларда Гёте ёзади: “Сирасини айтганда, уни бошлаш қолган, холос. Агар Насриддинхўжа тимсолини олиб чиқиш лозим бўлса, фожиа асарини кулги билан бежаб чиқиш мумкин…”. Гёте илтимоси билан Диц Хўжа Насриддин ҳақидаги бешта латифани таржима қилган ва “Девон” учун унга юборган. “Темурнома” битмай қолган. Шу нарса эътиборга моликки, Гёте ўзбек халқи тарихида, шунингдек, бутун жаҳон тарихи ва маданияти катта рол ўйнаган тарихий шахсга бефарқ бўлмаган.
Гёте ўз иши давомида тез-тез туркий фольклорга мурожаат қилади. У “Қўрқутнома”, “Ўғузнома” китобларини ўрганади, “Девон”да айрим ўринларда улардан фойдаланади. Айниқса, шоир XIV асрга оид “Қобуснома”дан қаттиқ таъсирланади. Қобуснома” немис тилига 1811 йилда таржима қилинган эди. Уни ўқиган, Гёте дўстларига ҳам ўқиб, фикрларини бойитишни тавсия қилади. Ўзи эса “Европа шароитида ўз ҳаёти ҳақида Тўғри ҳукм чиқариш учун кўплаб ибратли нарсалар топади. Китоб 44 бобдан иборат, бу боблар номларини муаллиф “Девон”да келтириб ўтган.
Гёте шеърлари ўзбек тилида ҳам худди аслиятдагидек ёқимли ва жарангдор.
Гёте таржима ишига алоҳида аҳамият беради. Маълумки, таржима — бу адабиётлар ўртасида адабий воситачи. Ўзбек адабиётида Европа маданиятига катта қизиқиш билан қарайдилар ва бу ҳам унинг даражасини белгиловчи жараёнлардан биридир. Ҳомер, Софокл, Данте, Шекспир, Байрон, Пауло Коэльо, Ибсен асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Гёте ижодидан “Фауст”, “Ёш Вертернинг изтироблари” ва бир қанча шеърлар ўзбек китобхонларига армуғон этилган. “Ғарбу Шарқ достони” эса ҳали маданиятимиз хазинасидан ўз ўрнини топганича йўқ ва бу қутлуғ иш ўз эгасига мунтазир бўлиб турибди.
Хулоса
Гёте ижоди — бу маънавият ва заковатни ҳамма нарсадан устун қўювчи шахснинг тикланиши ва камол топиши ҳақида кўплаб афсоналар яратилиши учун битмас-туганмас манбадир.
Ушбу вазифани ҳал этишда Гёте Шарқ қадриятлари ва ютуқларига мурожаат қилди. Шарқ маданиятини ўрганар экан, Гёте муҳим хулосага келади: “Олий устуворликка эга бўлишда шарқ шеъриятининг асосий фазилатини, биз, немислар, руҳ деб атаймиз… Бироқ бундай имтиёздан фақат шоир эмас, балки бутун халқ фойдаланади…”
Гёте тантанавор бундай дейди: “Ғарбни Шарқдан ҳеч қачон ажратиш мумкин эмас”. У Ҳофиз шарофати билан Кальдеронни, Шарқ шарофати билан Европани, жаҳон адабиёти шарофати билан инсониятни яхшироқ тушуниш мумкинлигига асло шак келтирмайди. Гёте “акедош” сўзини яхши кўрарди, унинг шеъриятида “ойна” тимсоли катта аҳамият касб этарди. Ғарбу Шарқ уйғунлиги сифатида турли маданиятларнинг ўзаро акс этишини Гёте бадиий шеърий шаклда “Девон”да кўрсатиб берди. “Девон” келажакка томон беткай турибди. Буюк Гётенинг сўзи ҳали-ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.
Камола Бобожонова, филология фанлари номзоди, доцент
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 4-сон