Ушбу китобни қуёшга киприк қоқмай қарайдиган, бармоқлари тап тортмай оловни ушлайдиган, кўрлар шовқини ва қичқириғи орасидан мангу руҳ қўшиғини эшитадиган Мэри Элизабет Хаскелга бағишлайман.
МУҚАДДИМА
Муҳаббат ўзининг сеҳрли нурлари билан кўзларимни очиб, оташ нигоҳи-ла қалбимга илк бор ўт қалаганда ўн саккиз ёшда эдим. Гўзаллиги менинг руҳимни уйғотиб, кунларим — орзу-умидлар, тунларим — тўйлар сингари ўтадиган юксак туйғулар жаннатига олиб кирган биринчи аёл Салма Карамий бўлди.
Меҳрибон ва соҳибжамол Салма менга севги сирини очиб, гўзалликка сажда қилмоқни ўргатди.
Руҳий ҳаёт достонидан илк шеърни ўқиб берган ўша бўлди.
Ўзининг назокати билан йигитни ўсмирлик беғамлигидан илк бор уйғотган, латофати билан юрак торини чертиб, ишқ азобига дучор қилган қизни ким эсламайди? Ўшанда худди бирдан уйғонгандай, ўзида тўсатдан ҳамма нарса ўзгариб қолганини ҳис этган ажиб онларни ким соғинмайди? Юракни ларзага солган ўша алам тўла қувончли, ширин дардларни унутиб бўлармиди?!
Ҳар бир ўсмирнинг ҳаёт тонготарида кутилмаганда ўз Салмаси пайдо бўлади. У йигитнинг мароқсиз кунини қувонч билан, завқсиз тунини мусиқа билан тўлдириб, унинг эҳтиёжига сурурий шавқ бахш этади.
Мен табиат чақириғи билан китоблардан олган таассуротларим ўртасида гангиб турган пайтимда муҳаббат Салма Карамий лафзи билан қалбимга шивирлаётганини эшитиб қолдим. Менинг ҳаётим Одам Атонинг жаннатдаги турмуши сингари ёлғиз, бўм-бўш ва совуқ бўлиб турган бир паллада Салма худди оловли қуюндай кўз ўнгимда намоён бўлди. Салма Карамий сир ва мўъжизаларга тўла юрагимнинг Момо Ҳавоси бўлди. У кўзимни очиб, ҳаётим моҳиятидан мени огоҳ этди. Биринчи одам ўжар аёлнинг айби билан жаннатдан қувилди. Салма бўлса, дилбар Салма, мафтункор юрагининг назокати билан мени софлик ва муҳаббат жаннатига олиб кирди. Лекин биринчи одамнинг бошига тушган мусибат менинг бошимга ҳам тушди. Уни жаннатдан ҳайдаган ўтли шамшир ўз тиғининг ярқираши билан мени даҳшатга солиб, ҳали тақиқларни бузиб, яхшилик ва ёвузлик меваларидан татимай туриб, мени муҳаббат жаннатидан маҳрум қилди.
Мана бугун, орадан қанча аламли йиллар ўтиб, гўзал тушлардан фақат аччиқ хотиралар қолди. Бу хотиралар кўринмас қанотлар мисол бошим узра чарх уриб, қалбим қаъридан ғам-андуҳларим оҳини қўзғаб, киприкларимни оғриқ ва умидсизлик ёшларига ғарқ қилмоқда… Салма бўлса, маъсума ва гулрухсор Салма оқшом шафағининг ортига кетди. Бу дунёда ундан қолган бор нарса — менинг кўксимдаги зирқиратувчи оғриқ ва сарв соясидаги мармар тахтадир, холос. Фақат шу кўксиму тош ёдгорликкина одамларга Салма Карамий ҳақида сўзлаб бериши мумкин. Лекин қабрлар қўриқчиси бўлган сукунат худо томонидан тобут зулуматига яширилган сирни қаттиқ асрайди. Унинг танаси зарраларини ўзига сингдирган сарв япроқлари эса шовуллаб туриши билан тупроқ ўз бағрида нимани яшираётганини айтаётгандай. Буни фақат томоққа тиқилиб қолган нафас ва юрак оғриғи айтиб бериши мумкин. Айтганда ҳам ана шу юрак оғриғи сиёҳ томчиларига айланиб, севги, гўзаллик ва ўлим фожиасини баён этиши мумкин.
Ёшликдаги жўражонларим, Байрут бўйлаб тарқалиб кетган қадрдонларим! Агар қарағайзор хиёбон ёнидаги ана шу қабристонга йўлингиз тушиб қолса, шошилмай қадам босинг, қаттиқ одимлар ташлаб, тупроқ остида ухлаётганлар оромини бузманг. Салма Карамий қабри узра менинг номимдан унинг хоки пойига таъзим бажо келтиринг. Нафас ростлаб, мени ҳам ёд этиб, айтинг: “Бу ерда тақдирнинг бевафо ўйинлари туфайли ватанини тарк этиб, бегона юртларга кетган ўсмирнинг орзулари кўмилиб ётибди, бу ерда унинг умидлари пучга чиқди, қувончлари йўқолди, кўзёшлари қуриди ва табассуми сўнди. Мана шу тилсиз қабрлар билан мажнунтоллар ва сарвлар орасида унинг дард-аламлари янада кўпайди, мана шу мозор устида ҳар кеча унинг руҳи хотираларини излаб учиб юради. Бу руҳ ҳасрат ва оғриқдан чирқираётган ёлғизлик шарпаларига нидо қиларкан, дарахтларнинг новдалари билан биргаликда марсия ўқиб, кечагина ҳаёт лабларида ғамгин нола бўлган, бугун эса ер қаърида сокин сирга айланган абадият қўшиғини куйламоқдадир”.
Ёшлигимнинг азиз дўстлари, қалбингиз севган аёллар номидан илтижо қиламан, менинг қалбим ардоқлаган аёл қабрига гуллар қўйингиз, зеро, ҳар бир гул сўлиб бораётган атиргул баргларига тонг кўзидан томган шудринг томчиси монанд ялтираб тургусидир.
УНСИЗ ҚАЙҒУ
Сизлар, эй одамлар, ёшлигингиз тонготарини хотирлайсизлар, хаёлан ўша дамларга қувонч билан қайтасизлар. Лекин у дамлар асло қайтиб келмаслигидан афсусланасизлар. Мен бўлсам ўша дамларни, озодликка чиққан сингари зиндон деворларини ва кишанларим азобини яхши эслайман. Сизлар болалигингиз ва ўсмирлигингиз орасида ўтган йилларни олтин давр деб ҳисоблайсиз. Бу даврнинг тақдир ўйинлари билан алоқаси йўқ: ўша йиллар худди гуллаб турган боғларга шошаётган асалари сингари ташвиш ва ҳаяжонга тўла бошлар узра учиб ўтадилар. Мен бўлсам ўсмирлигимни сирлар палласи, унсиз изтироблар давридан бошқача атай олмайман. Юрагимга беркинган бу изтироблар у ерда бўрон каби қутуриб, борган сари кенгаяверди; лекин бу туйғулар ташқарига отилиб чиқишга йўл тополмади. Тош юракка муҳаббат бостириб киргунча шундай давом этаверди. Юракни забт этган ишқ эса унинг дарвозасини очиб юборди ва қалбнинг энг олис бурчакларини ҳам нур билан тўлдириб юборди. Муҳаббат менинг тилимга эрк берди ва мен сўзлаш қобилиятига мушарраф бўлдим. Қовоқларим жароҳатланди, кўзёшларим тирқираб оқди, томоғим йиртилиб, ундан аянчли ингроқ отилиб чиқди.
Биз ўйинқароқ шўх дамларимизга гувоҳ бўлган, беғубор шивирларимизни тинглаган далалар ва боғлар, майдон ва кўчаларни тез-тез ёдга оламиз. Шимолий Лубноннинг бу ажойиб гўшасини мен ҳам эслайман. Кундалик турмуш ташвишларидан сал чалғидимми, бас, осойишта мафтункор водий кўз олдимга келади, осмонга елка тираб турган тоғларни кўраман. Ўзимни одамлар ғала-ғовуридан четга олган заҳотим ирмоқларнинг шилдирашию япроқларнинг шивирлаши урилади қулоқларимга. Лекин она кўкрагини қўмсаган гўдакдек, мен бугун соғиниб эслаётган барча гўзалликлар руҳимни қийноққа соларди. Зеро, руҳим қафасга солинган лочиндек ҳис қиларди ўзини. У кўкда эркин парвоз қилаётган қушларни кўрганда тушадиган аҳволга тушардим мен ҳам; худди шулар кўксимни тутқунлик азоби ва хаёллар доғи билан тўлдирар, юрагимни шубҳалар билан тўқилган изтироблар тўрига чирмаб ташларди. Шаҳардан ташқарига чиқдим дегунча сабабсиз соғинч билан қайтардим, булутларга нигоҳим тушса дилимни ғам босарди; қалдирғоч чуғурини ёки ирмоқча шилдирашини эшитсам, билмадим, нима учундир қалбимни ҳасрат ҳисси эгалларди.
Бехабарлик — бахт бешиги, бахт эса ҳузур-ҳаловат манбаидир, дейишади. Балки ўлик туғилганлар, ер юзида совуқ мурда бўлиб яшаётганлар учун бу тўғридир. Бироқ бутунлай бехабарлик уйғонган ҳиссиётга ёр бўлса, у тубсиз жарликдан даҳшатлироқ ва ўлимдан аччиқроқ бўлади. Таъсирчан, ҳис-туйғуга берилувчан ўсмирда тажриба етишмаса, у энг бахтсиз мавжудотдир. Зеро, у икки қудратли куч ўртасида руҳан иккига бўлинади: улардан бири сирли куч бўлиб, ўсмирни булутлар ортига олиб кетади, туман ичра борлиқ гўзалликлари орзу-умидларига ошно қилади; иккинчиси эса зоҳирий куч сифатида уни замонига боғлаб қўяди, кўзларини тупроқ билан тўлдириб, кўриб бўлмас зулмат ичра даҳшатга тушиб, тентираб юришга маҳкум этади.
Қайғунинг қўллари — ипакдек майин кўринса-да, кучли — юракни эзғилайди, ёлғиз қолдириб, азоб беради. Ёлғизлик — руҳдаги ҳар қандай шиддатнинг ҳамроҳи сингари қайғунинг йўлдошидир. Ўсмирнинг қалби ана шундай ҳиссиётлар таъсирида эндигина очилган оқ нилуфар гули сингари титроққа тушади, тонг нурларига қалбини очиб беради, шом шарпаси тушиши билан гулбаргларини ёпиб олади. Борди-ю, ўсмирда озгина озуқа берадиган қизиқишлар ёки у туйғуларини ўртоқлашадиган дўстлари бўлмаса, ҳаёт унинг учун зиндонга айланади. Бундай жойда ўсмирнинг нигоҳи фақат деворларда осилиб турган ўргимчак тўрларига тушади, қулоқларига эса бурчакларда ўрмалаб юрган ҳашаротларнинг чириллаши эшитилади, холос.
Ёшликда мени қамраб олган қайғуга келсак, уни вужудга келтирган нарса қизиқишларга бўлган эҳтиёж эмас, ҳолбуки, улар менда етарли даражада эди, дўстларга бўлган эҳтиёж ҳам эмас, зеро улар менда ҳамма жойда бор эди. Бу нарса менда ёлғизлик ва узлатга майл уйғотган қалбнинг табиий хасталиги белгилари эди. Худди шу нарса мендаги ўйин-кулги ва эрмакка бўлган майлни сўндирди ва ёшлигим қанотларини қайирди. Ўз ҳаётимнинг қайғули сокинлигида арвоҳлар сиймосини, булутлар кўчкисини ва шохлар соясини акс эттирадиган, лекин шўх дарё бўлиб денгизга қуйилиш учун йўл тополмайдиган тоғ кўлига ўхшаб қолдим.
Ўн саккиз ёшга тўлгунимга қадар менинг ҳаётим ана шунақа эди. Ниҳоят тоғ чўққисига кўтарилиб, дунёга назар солганимда, кўз ўнгимда одамларнинг йўллари, уларнинг дард ва алам тўла ҳаётлари, ғам ва ташвишларининг изтироблари, қонун ва анъаналарнинг ўнқир-чўнқирлари намоён бўлди.
Ўша йили мен қайтадан туғилгандай бўлдим. Чунки ҳомиласи қайғудан урчимаган, бебоклик билан туғилган ва ширин хаёллар оғушида бўлган одамнинг турмуши ҳаёт китобининг оппоқ, бўм-бўш саҳифасига ўхшаган бўлади.
Ўша йили фалак фаришталари менга соҳибжамол аёл мужгонлари остидан қараётганини ҳис қилдим ва жаҳаннам иблислари жиноятчи кўксида жазавали рақс тушаётганини кўрдим. Фаришталар ва иблисларнинг ҳаётдаги яхши ва ёмон қилмишларини кузатмаган одамнинг юраги илмлардан узоқ, қалби эса ҳиссиётлардан озод бўлади.
ТАҚДИР ТАҚОЗОСИ
Шу ажойиб йилнинг баҳорида мен Байрутда эдим. Ҳамал ойи. Шаҳар боғларида майсалар кўкарган, гуллар очилганди. Бодом ва олма дарахтлари оппоқ муаттар либосларга бурканиб, уйлар орасида яшнаб туришарди. Шу туришда улар табиат томонидан шоирлар ва орзумандларга қайлиқ ва келинчакликка танланган ясатиғлиқ париларни эслатарди.
Баҳор ҳамма жойда гўзал, лекин у Сурияда бетакрор… Баҳор — номаълум худонинг руҳи — ерни шиддат билан айланади, лекин Сурияда қадамини секинлатади, қайрилиб қараркан, бепоён бўшлиқларда учиб юрган подшоҳлар ва пайғамбарлар руҳлари билан суҳбатлашади. Яҳудия ирмоқларига жўр бўлиб, Сулаймоннинг мангу мадҳияларини куйлайди, Лубноннинг кедрлари билан биргаликда ўтмиш шон-шуҳрат алёрларини такрорлайди.
Байрут йилнинг бошқа фаслларига қараганда, баҳорда янада гўзалроқ бўлади. Ёзги чанг-ғубор йўқ бўлгандай, қиш тўплаган кир-чирдан асар ҳам қолмаган. Ёмғирсиз ва жазирамасиз эса, Байрут сойда чўмилиб, баданини қуёш нурларида тоблаш учун чиққан малакка ўхшайди.
Ҳамал ойининг маст қилувчи ана шундай кунларининг бирида дўстимни кўргани бордим. У одамлар ғала-ғовуридан четроқда, шаҳар ташқарисида яшарди. Бир-биримизнинг сирларимиз ва орзу-умидларимиз ҳақида гурунглашиб ўтирганимизда уникига яна бир меҳмон келди. Бу олтмиш беш ёшлардаги муҳтарам қария эди. Юзларини ажин қоплаган, оддий кийимдаги бу киши ўзини анча сипо тутарди. Мен ҳурмат билан ўрнимдан туриб, саломлашмоқчи бўлганимда, дўстим: “Муҳтарам Форис афанди Карамий” деб таништирди. Сўнг мақтов сўзлари билан мени ҳам таништирди. Қариянинг нигоҳи жонланди; оппоқ сочлари тушиб турган кенг пешонасини бармоғининг учи билан артаркан, ниманидир хотирлагандай бўлди, сўнг жилмайди-да, менга пешвоз юрди:
— Сен эски қадрдон дўстимнинг ўғлисан, у менинг ёшликдаги ҳамроҳим эди, — деди қария. — Сени кўрганимдан жуда хурсандман. Ўғли қиёфасидаги отани учратиш нақадар катта бахт.
Унинг илиқ сўзларидан қалбим жунбушга келиб, қарияга меҳрим уйғонди. Унда мени ўзига тортувчи нимадир бор эди. Биз ўтирдик ва қария отам билан дўстлашган йиллари ҳақида гапира кетди. Ўзини аллақачон тарк этган ёшлигини эслади. Чоллар хаёлан ўтган йиллар воқеаларига қайтадилар, юртини соғинган дарвеш сингари аждодлари уйини қўмсаб, улар ҳақида гапирувчини, шоир мисоли энг гўзал достонини ўқиб беришни яхши кўрадилар. Улар жон-танлари билан ўтмиш пучмоқларида яшайдилар, зеро, ҳозирги кун уларга парво қилмай ёнларидан ўтиб кетади, келажак эса кўз ўнгида ўлим тумани ва қабр зулматига бурканган ҳолда гавдаланади.
Унинг ҳикоялари ва хотиралари билан вақт бир зумда ўтди-кетди. Форис Карамий кетишга отланди. Хайрлашаркан, қўлимни қисиб, елкамдан қучди.
— Отангни кўрмаганимга йигирма йилдан ошди, — деди у. — Шунчалар олис айрилиқнинг ўрнини тўлдир, бизникига тез-тез бориб тур, азиз меҳмоним бўл.
Мен эҳтиром билан таъзим бажо келтириб, албатта бориб тураман, деб ваъда бердим.
Форис Карамий кетиши билан дўстимдан у ҳақда суриштира бошладим. У хавфсирагандай гапириб берди:
— Байрутда бойлик бунчалик саховатли қилган, саховат эса бадавлат айлаган бунақанги одам йўқ. Бу дунёга келиб ҳеч кимга озор етказмаган ҳолда охиратга рихлат қиладиган камдан-кам одамларнинг биттаси мана шу киши бўлади. Бироқ бундай одамлар ҳамиша бахтсиз бўладилар. Чунки алдашни билмаганликлари учун улар кишиларнинг ҳийла ва найрангларидан ўзларини ҳимоя қила олмайдилар… Форис Карамийнинг яккаю ёлғиз қизи бор. У отаси билан шаҳар ташқарисидаги ҳашаматли уйда яшайди. Қиз ҳам отаси сингари кўнгли жуда очиқ инсон, гўзаллик ва назокатда камдан-кам аёл у билан тенглаша олади. Лекин у ҳам бахтсиз бўлади — отасининг беқиёс бойлиги уни даҳшатли, тубсиз жарлик ёқасига келтириб қўйди.
Шу сўзларни айтаркан, дўстимнинг юзида алам ва афсус акс этди.
— Форис Карамий, — деди у, — олижаноб ва ҳалол қария, лекин иродаси бўшлиги мунофиқ ва фитначи тамагирлар макри олдида уни кўр ва кар қилиб қўйди. Қиз эса, ҳар қанча ақлли ва руҳи тетик бўлмасин, ҳамма соҳада отасининг ўзгарувчан истакларига бўйсунади. Ота билан қизнинг ҳаётидаги бу сирни мунофиқ бахиллик билан айёрона ёвузликни ўзида мужассамлаштирган бир одам пайқаб қолди. Бу — архиепископ. У Инжил сўзлари билан ниқобланиб, ўз гуноҳларини олижаноблик қилиб кўрсатмоқда. У дин ва мазҳаблар мамлакатида маънавий ҳукмдор, одамларнинг жонлари унинг олдида титраб туради. Қассоб пичоғи остида жониворлар бўйин эгганларидай, кишилар унга бўйин эгадилар. Ана шу архиепископнинг жияни бор. Унинг қалби эса ёвузликнинг айни уяси — чаёнлар ин қурган мағора ва ботқоқликнинг ўзгинаси. Архиепископнинг ридога ўраниб, ўз акасининг ўғли ва Форис Карамийнинг қизи рўпарасида туриб, гуноҳкор қўли билан улар боши узра никоҳ чамбарини кўтаришга ва бокира баданни чириётган мурдага сирлар ва афсунлар занжири билан боғлаб, илоҳий руҳни чириган мавжудот билан ахлоқсизлик қонуни зуғуми ёрдамида бирлаштириб, кундузнинг юрагини кечанинг кўксига қўядиган кунга унча кўп вақт қолгани йўқ. Форис Карамий ва унинг қизи ҳақида сенга айтиб беришим мумкин бўлган гаплар — мана шулар. Бу ҳақда мендан бошқа ҳеч нарса сўрама. Чунки ўлимни эслаб ўлимни яқинлаштирган сингари бахтсизликни эслаш — уни яқинлаштириш демакдир.
Дўстим деразага ўгирилди ва чексиз бўшлиққа разм солди. У гўё бепоён само зарралари орасида кундуз ва кеча сирларининг ечимини излаётгандек эди.
— Ваъда берганимдек, Форис Карамийни бориб кўраман, — дедим. — Унинг отам билан дўст бўлган йиллари ҳақидаги ҳикояларини тинглаш нақадар мароқли.
Дўстимнинг афти ўзгарди. Гўё оддий сўзларим унинг қалбини ларзага солди, онгида даҳшатли фикрлар уйғотди. У ачиниш, азоб ва қўрқув билан кўзимга узоқ қараб турди. Бу қараш инсон қалбининг қаъридаги унинг ўзига ҳам номаълум бўлган нарсаларни ўқий оладиган пайғамбарнинг нигоҳи эди. Унинг лаблари енгил титради, лекин ҳеч нарса демади. Мен эшик томон қадам қўйдим-у, орқага ўгирилиб, шуни ҳис қилдимки, унинг кўзлари мени худди ўшандай ғалати ифода билан кузатиб турибди. Шу дақиқаларда у нимани ўйлаётганини мен кейинчалик тушундим.
ҚАСР БЎСАҒАСИДА
Бир неча кундан кейин, ёлғизликдан зерикиб, маза-матрасиз китоблардан кўзим чарчагач, дилижонлардан бирини тўхтатиб, Форис Карамий уйига қараб йўл олдим. Байрут аҳолисининг энг севимли сайргоҳи бўлган қарағайзор яқинида извошчи йўлдан бурилди-да, ям-яшил ўсимликларга бурканган, теварагида узумзорлар, ҳамал гулларидан яшнаб турган, толлар соясига кўмилган хиёбон бўйлаб арғумоқлар йўрғалаб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг извош муаттар ҳид таралаётган атиргуллар ва ёсуманлар қуршовида, тиканли буталар билан ўраб олинган ёлғиз уй олдида тўхтади.
Боғ томонга бир-икки қадам қўйган ҳам эдимки, дарвоза олдида Форис Карамий пайдо бўлди. У мени севинч билан қарши олди, саломлашиб, уйга таклиф этди. Мен билан ёнма-ён ўтириб, ғамхўр оталардек сўрашишга тушди. Менга дахлдор бўлган ҳамма нарсани, ўтмишим, келажагим ҳақида қизиқиб сўради. Мен унга худди ўша руҳда — ёшлар ўз қўшиқларида куйлагандек, орзу-умидларга тўла оҳангда жавоб бердим. Ёшликнинг қанотлари шеърият патидан тўқилган, асаблари хаёллардан ташкил топган бўлади; ёшлик улар ёрдамида осмону фалакларга кўтарилади. У ердан дунё камалак рангларида товланиб кўринади, ҳаёт эса улуғвор ва шон-шараф мадҳияларида янграйди, лекин тажриба бўрони шеърият парвозли қанотларни қайиради, шунда ёшлик ерга – ҳаммани қийшиқ қилиб кўрсатадиган қинғир кўзгусимон дунёга қайтиб тушади.
Шу пайт бахмал парда ортидан кутилмаганда бир қиз пайдо бўлди. Нафис оқ ипакдан кўйлак кийган бу қиз оҳиста ёнимизга келди. Мен ўрнимдан турдим; қария ҳам турди.
— Бу менинг қизим Салма, — деди Форис Карамий ва исмимни ҳам айтди. — Вақт дўстимни мендан яшириб қўйган эди. Мана, у ўғли қиёфасида рўпарамда пайдо бўлди. Ҳозир бизлар билан бўлмаса-да, мен уни ҳамон кўриб тургандайман.
Қиз диққат билан кўзларимга қаради. Гўё менинг кимлигимни билмоқчидай, бу ерга келишимнинг сабабини аниқламоқчидай тикилди. Кейин менга оппоқ, нилуфардай нозик қўлини узатди. Кафтининг қўлимга тегишидан қалбимда ғалати туйғу уйғонди; бу ҳиссиёт шоир хаёлида илҳом уйғотгувчи шеърий фикрни эслатди. Салманинг келиши билан қўноқхонада қандайдир илоҳий руҳ пайдо бўлгандай жимгина ўтирардик. Худди шуни ҳис қилгандай, қиз табассум билан менга мурожаат қилди:
— Отам сизнинг отангиз ҳақида кўп гапирарди. Агар сиз ҳам отангиздан шундай гапларни эшитган бўлсангиз, демак, ушбу учрашувимиз илк марта эмас.
Унинг гаплари чолни қувонтирди ва отанинг юзида табассум ўйнади.
— Табиатан ва тарбиясига кўра, Салма идеалист — хаёлпараст, — деди у. — Қизим ҳамма нарсани руҳлар оламига чулғанган ҳолатда тасаввур этади.
Форис Карамий мен билан шундай жўшиб, шундай эътибор бериб гаплашдики, гўё менда сеҳрли дунёни кашф этгандай эди ва ўша дунё билан хотиралар қанотида ўз ҳаётининг баҳорига қайтгандай ҳис қиларди ўзини.
У мендан нигоҳ узмас, кўз ўнгида ёшлигини гавдалантирарди; мен бўлсам уни кузатиб туриб, келажак ҳақидаги орзуларга ғарқ бўлардим. Унинг нигоҳи мени мевалари осилиб турган куз дарахтини худди нозик ниҳолдек ҳимоя қилаётганга ўхшарди. Илдизлари ер қаърига чуқур ботган кекса дарахт ўз ҳаётида жазирама ёзни ва қаҳратон қишни, вақт бўронларини синаб кўради. Нозик ва нимжон ниҳол эса фақат баҳорни кўрган ва эрталабки эпкин эсишидан ҳам қалтираб туради.
Салма эса сукут сақлаганча гоҳ менга, гоҳ отасига қарарди. У гўё ҳаёт романининг биринчи ва сўнгги бобини ўқиётганга ўхшарди.
Кун тугаб борар, унинг нафаси майсазор ва боғларда тўхтаб қолар, ботиб бораётган қуёш Лубнон тоғлари чўққиларида оташ бўсасидан из қолдирарди. Уйи ана шу тоғ этакларида жойлашган Форис Карамий ғаройиб воқеаларни гапириб беришда давом этар, мен ўз ёшлигим наволари билан уни яйратиб ўтирардим. Салма бўлса, дераза ёнида ўтирганча ғамгин кўзлари билан бизга қарар, индамасдан бизнинг суҳбатимизга қулоқ тутарди. Афтидан, у гўзаллик товушсиз ва сўзсиз ҳам ифодаланадиган самовий нутқ инъомига соҳиб эканини биладиганга ўхшарди. Бундай ўлмас нутқ инъоми сокинлигида — тинч кўл қаърининг мангу сукунатида ирмоқлар қўшиғи жамланганидек, барча одамлар товуши мужассамдир. Гўзаллик сир бўлиб, уни қалбимизгина илғайди. Гўзаллик ҳукмига бўйсуниб, қалбимиз шодликка тўлади ва кенгаяди, онг эса ҳайратга тушиб, уни ифодалашга сўз тополмайди. Бу — кўрувчи ҳислари билан кўринувчи адолат ўртасидаги зарраларнинг яширин оқимидир; бу — инсоннинг ташқи қиёфасини ёритгувчи муқаддас қалбларнинг нурланишидир: ҳаёт шу тариқа уруғ қаъридан рангларга ва гуллар атрига бурканиб пайдо бўлади; бу — эркаклар ва аёллар ўртасидаги бир-бирини тушуна билишдир. У бирдан пайдо бўлиб, буюк интилишга туртки беради — муҳаббат деб аталувчи маънавий яқинлик ана шу. Салманинг руҳи менинг руҳимга очилдимикин? Уни менга дунёдаги энг гўзал қилиб кўрсатган шу эмасмикин? Ёки барчасига сабаб ёшлик сархушлигимикин?! Одатда сархушлик хаёлда мавжуд бўлмаган сиймолар ва қиёфаларни гавдалантиради. Ёхуд ёшлик кўзларимни кўр қилдимики, Салма кўзларининг чақнашини, лабларининг ширинлигини ва қоматининг нозиклигини тасаввур этдим. Ёинки унинг гўзаллиги чиндан ҳам кўзларимни очиб, севгининг қувончию аламларини татиб кўришимга имкон бердими? Билмайман. Фақат шуни биламанки, мени олдинлари сира билмаган бир туйғу қамраб олди, бу — бутунлай янги туйғу, қалбимга руҳдай кириб келди-ю, мангулик бошланиши олдидан бўладиган тўфон устидан кўкка юксалди. Худди шу нарса менинг қувончларим ва бахтсизликларимга сабаб бўлди.
Салма билан биринчи учрашувим ана шундай бўлди. Фалак ўз иродаси билан кутилмаганда мени ёшликка хос бўлган шубҳалар қуллигидан қутқарди, мендек озод бир ўсмирни муҳаббат сайрига жалб этди. Ҳолбуки, муҳаббат бу дунёда ягона озодликдир, зеро у қалбларни на инсон қонунлари ва урф-одатларига, на табиат қонунлари ва амрига бўйсунадиган юксак чўққиларга кўтаради.
Хайрлашаркан, Форис Карамий самимий тарзда деди:
— Энди йўлни биласан. Бизникига келиб тур. Бу уйни ҳам отанг қатори кўр, Салмани эса синглинг деб бил. Шундаймасми, қизим?
Салма, “ҳа” дегандек, бош ирғади. Кейин менга худди бегона юртда дўстини учратган бахтсиз хорижликдай қаради.
Форис Карамийнинг сўзи Салма билан мени муҳаббат тахтига етаклаган биринчи куй бўлди; самовий мадҳиянинг муқаддимаси бўлди ва сўнгра қайғули марсиясига айланди; у бизнинг қалбларимизни жасорат билан тўлдирган куч янглиғ олов ва ёруққа яқинлаштирди; у коса бўлиб бизга Кавсар сувидан ва ёвшаннинг аччиқ шарбатидан тутди.
Қария мен билан боққа чиқди. У билан хайрлашарканман, юрагим шундай орзиқдики, одатда, ташна одам кўзадан сув ичаётганда лаблари шундай титрайди.
ОҚ АЛАНГА
Ҳамал ойида Форис Карамий уйида тез-тез бўлиб, Салма билан кўришиб турдим. Биз айнан шу боғда, бир-биримизга юзма-юз ўтириб гаплашардик. Мен унинг гўзаллигидан завқланардим, иқтидорига таҳсинлар айтиб, сассиз қайғусига қулоқ тутар, кўринмас қўллар мени шу қиз томонга тортаётганини ҳис қилардим. У билан ҳар бир учрашувимизда унинг қиёфасида янгидан-янги ажойиб белгилар кашф этардим, унинг руҳининг янги олий сирини топардим. Салма менинг кўз ўнгимда китобга айланиб борарди: сатрма-сатр кўз югуртириб, уларни ёддан ўқирдим, шошилиб тинимсиз такрорлардим-у, охиригача сира етиб боролмасдим.
Худо қалб гўзаллигига қўшиб қомат гўзаллиги билан ҳам ёрлақаган аёл — ҳам ошкора, ҳам жумбоқдир. Унинг ҳақиқати шу аёлга меҳр-муҳаббат билан қараган одамгагина ошкора кўринади. Лекин уни сўз билан таърифлашга ошиқувчиларга туман ичра яшириндир.
Салма Карамийнинг қалби ҳам, қомати ҳам гўзал эди. Салмани билмаганларга уни қандай таърифлаш мумкин? Ўлим қанотлари соя солган қалб булбул чаҳ-чаҳини, атиргул шивирини, ирмоқ шарқирашини тасаввур қила оладими? Кишанбанд қилинган тутқин эрталабки шабада эпкинидан завқлана оладими? Лекин сукут сақлаш сўзлашдан қийинроқ эмасми, ахир? Наҳотки, ортиқ даражада эъзозлаш менга Салманинг сиймоларидан бирини оддий сўзлар билан тавсифлашни тақиқлайди? Наҳотки, у қандай бўлса, мен шундайлигича олтин сатрларда тасвирлай олмасам? Оч қолган киши саҳрода тентираб юраркан, агар фалак унга ғамхўрлик қилмаса, қотган нонга ҳам қаноат қилади.
Оппоқ ипак кўйлакда, нозик ва сарвқомат Салмага қараб, хонага деразадан ой нури кириб келдими, деб ўйладим. Унинг бир текис оҳиста ҳаракати Исфаҳон куйи оҳангини эслатди. Салма юмшоқ ва нафис товушда гапирарди. Қирмизи лабларидан енгил учган овоз гул юзидаги шабнам сингари сал ҳаво эпкинидан титраб кетарди. Унинг юзи эса…. Салма Карамийнинг чеҳрасини ким ҳам тасвирлай оларди? Хотиржам, ғамгин чеҳрани, рангпарликнинг тиниқ пардаси ортига яширингандек, айни пайтда очиқ турган чеҳрани қандай сўзлар билан тасвирлаб бўлади? Унинг қалб сирларини бирин-кетин ошкор қилаётган белгиларини тавсифлашга, унга қараб турган кимсага бу дунё билан бир қаторда бошқа дунё ҳам борлигини эслатишга тил қани!
Салманинг жамоли одамлар томонидан гўзаллик учун белгиланган қонунларга жавоб бермасди. Тўғрироғи, Салма ғалати эди. Ширин орзу ва хаёлот сингари, аниқлаш ва ўлчашга сиғмайдиган илоҳий тафаккур каби, рассом мўйқалами учун бетакрор, ҳайкалтарош қаламтароши учун гавдалантириб бўлмайдиган қиёфа мисоли ғайриоддий эди. Салманинг гўзаллиги тилларанг сочларидагина эмас, балки уни қамраб олган маъсумалик шавкатида, шаҳло кўзларида эмас, балки улардан ёғилаётган нурда, қирмизи лабларида эмас, уларга хос ширинликда, оқ томоғи ва бўйнида эмас, балки бошини сал энгаштириб туришида эди. Салма бутун вужудидаги мутаносиблик такомили билангина гўзал эмасди, балки олийҳиммат ақл-идроки билан соҳибжамол эди. Унинг олийжаноб руҳи оқ аланга мисоли ер билан чексизлик ўртасида парвоз қиларди. Салманинг гўзаллиги нимаси биландир улуғвор достонлар, ўлмас тасвирлар ва куйлар яратган даҳоларга яқиндир. Буюк даҳоларнинг қисмати эса бахтсизликдир. Зеро, уларнинг руҳлари ҳар қанча юксалмасин, уларга либос бўлиб хизмат қилувчи кўзёшларидир.
Салма камгап эди, тез-тез ўйга толарди. Лекин унинг сукут сақлаши ҳам мусиқага ўхшаб, суҳбатдошини олис-олис орзулар дунёсига олиб кетарди. Ана шу олис орзулар дунёсида қулоққа унинг юрак уриши эшитилар, кўзга тафаккур ва туйғулар сиймоси чалинарди.
Салманинг феъл-атворини ёрқинроқ ажратиб кўрсатадиган белгиларидан бири унинг алам тўла чуқур қайғу-ҳасрати эди. Гўё бу қайғуни у қандайдир парда мисол ўзига ташлаб олган, гуллаб турган дарахтнинг тонгги тумандаги акси сингари унинг қалби ана шу пардага ўтгандай эди. Айнан қайғу қалбларимизни яқинлик ришталари билан боғлади. Бизнинг ҳар биримиз иккинчимизнинг юзда унинг юраги нимани ҳис қилаётганини кўриб турардик, ўз кўксимизда унинг товушининг яширин акс-садосини эшитардик, гўё худо бизларни бир-биримизнинг ярмимиз қилиб яратган эди-ю, фақат бирлашибгина маъсумлик ва софлик билан биргаликда бир бутунликни ҳосил қилардик, ажралишганда эса ҳар биримиз қалбимизда оғриқли йўқотишни ҳис этардик.
Қайғу ва ҳасратдан азоб чекаётган қалб худди шундай дард билан қийналаётган ва унинг ҳис-туйғуларига шерик бўлган бошқа қалб ила туташганда юртидан узоқларда дайдиб юрган дарвеш ўзига ўхшаш қувғинди биродарини учратганига қувонгани сингари енгил тортади. Агар юраклар қайғу азоблари туфайли яқинлашишган бўлса, қувонч ҳашамати ва дабдаба уларни ажрата олмайди. Ғам-ҳасрат ришталари қалбларни бахт-саодат ва қувонч ришталаридан кўра маҳкамроқ боғлайди. Кўзёшлари билан ювилган муҳаббат — соф, гўзал ва абадийдир.
БЎРОН
Бир неча кундан кейин Форис Карамий мени кечлик овқатга таклиф қилди. Мен унинг ҳузурига ўша самовий насибага қалбдан соғинч билан бордим. Бу насибани Салманинг қўлига само тутқазган эди; биз қалбимиз билан татийдиган шу самовий насибага борган сари кўпроқ эҳтиёж сезамиз; бу сеҳрли нон-насибанинг мазасидан Имрул-қайс, италиялик Данте, юнонистонлик Сапфо ҳам татиб кўришган эди. Шу таъм уларнинг ичини ёндириб, юракларини эритган эди. Зеро ноннинг хамирини қорганда худолар унга бўсалар лаззатини ва орзулар аламини қўшиб, ҳушёр, таъсирчан қалблар қувончи ва азоби учун тайёрлашганди.
Салма боғда эди. У боғнинг бир бурчагида ёғоч курсида ўтирар, боши билан дарахт танасига суянган эди. Оппоқ кийиниб олган Салма шу жойларни қўриқлаётган афсонавий фариштага ўхшарди. Унга қараб титроқ туйғу билан борарканман, муқаддас оловга яқинлашаётган сеҳргардай ҳис қилардим ўзимни. Ҳатто унинг ёнига ўтирганимда ҳам бир оғиз сўз айта олмадим, тилим танглайимга ёпишгандай, лабларим тош қотгандай эди. Мен сукут сақлардим, зеро чуқур ва чексиз ҳислар сўзга эрк берганда, ўз кучининг зарраларини йўқ этадилар. Лекин мен шуни сездимки, Салма сукунатда қалбим даъватига эътибор бериб, менинг кўзларимда ўз қалбининг титроқ инъикосини кўраётир.
Тез орада уйдан Форис Карамий чиқиб, бизларга қараб йўналди. Одатдагидек, мен билан севинч-ла саломлашди-да, қўлини узатди. Бу билан у мен билан қизининг руҳимизни боғлаб турган сирга фотиҳа бергандай бўлди.
— Хуш келибсан, ўғлим, уйга марҳамат, — деди у жилмайиб. — Дастурхон бизга мунтазир.
Биз ўрнимиздан туриб, унга эргашдик. Салма зимдан менга қараб қўйди. Унинг бу қарашида нозик бир назокат бор эди. Гўё “ўғлим” деган сўз унинг қалбида ширин ҳиссиёт уйғотганди. Онанинг қўли гўдакнинг нозик баданини силагандек, Салманинг меҳрини менга қаратганди.
Овқатланарканмиз, тансиқ таомлардан ҳузур қилардик, кўпдан бери асраб қўйилган шаробдан татиб кўрардик. Қалбларимиз эса биз билмаган ҳолда олис дунёларда учиб юрар, келажак ҳақида орзу қилиб, унинг қўрқув ва даҳшатларига тайёрланарди. Фикр-ўйлари билан бир-бирларига асло ўхшамайдиган учовлон, аслида ич-ичидан ўзаро севги ризолиги билан боғлиқ, уч очиқ қалб соҳиби, уч заиф ва бегуноҳ, ҳиссиётга бой ва тажрибаси кам инсон — кўнгил боғларида юз берган фожиа қаҳрамонлари ана шундай эдилар. Ўз қизини жондан севгувчи олижаноб ота уни фақат бахтли қилиш орзусида эди. Келажагига ишонмаган йигирма ёшли қиз ўзини бахт кутаяптими ёки қайғу деб фол очиб ўтирарди. Қалби беором ёш орзуманд, ҳали ҳаётнинг на гулобини, на оғусини татиб кўрмаган йигит эса ишқ ва муҳаббат осмонида парвозга тайёрланиб, қанот қоқмоқда, лекин ожизлигидан ердан кўтарилишга кучи етмайди. Шаҳар четида оқшом сукунатига бурканган уйда тўкин дастурхон атрофида ўтирган ҳалиги учовлон ана шундай одамлар эди. Уларнинг ҳар учаласи ҳам мазали овқатлардан тановул қилиб, шаробдан нўш этардилар, лекин тақдир улар учун ғам-андуҳ ва азоб-уқубат тайёрлаб қўйганини билишмасди.
Эшик очилиб, хонага оқсоч кириб келганида биз ҳали овқатланардик.
Оқсоч Форис Карамийга мурожаат қилиб:
— Жаноб, ташқарида бир киши сизни сўраяпти, — деди.
— Ким экан? — сўради қария.
— Архиепископнинг қаролига ўхшайди, тақсир.
Форис Карамий синов назари билан қизига қаради. Пайғамбар бирор ишора кутаётганда осмонга шундай қарайди.
Кейин:
— Майли, кирсин, — деди.
Оқсоч кўриниши дабдабали, кийимига зар жияк тикилган, мўйловининг учлари тепага буралган кишини бошлаб кирди. У таъзим бажо келтирди ва Форис Карамийга мурожаат қилди:
— Ҳазрати олийлари муҳим ишлар ҳақида гаплашиб олиш учун ташриф билан эҳтиром кўрсатишингизни сўрайдилар. Сизни олиб кетиш учун шахсий извошини юбордилар.
Қария ўрнидан турди. Унинг ранги ўзгарганди. Юзидаги табассум ўрнини ташвиш қоплаганди.
— Умид қиламанки, қайтиб келгач, сени шу ерда кўраман, — деди у менга қараб. — Салмага яхши суҳбатдош бўласан ва ажойиб ҳангомаларинг билан уни зериктирмай ўтирасан, деб ўйлайман. Шундайми, Салма? — деди у қизига, жилмайиб.
Салма бош эгди. Ёноқлари қизариб кетганди. Унинг овози най товушидай майин жаранглади:
— Меҳмонни зериктирмасликка ҳаракат қиламан, ота.
Қария архиепископ қароли кузатувида ташқари чиқди. Извош кўздан ғойиб бўлгунча Салма дераза олдида турди. От туёқларининг дўпири тингандан кейин у ёнимдаги яшил бахмал қопланган оромкурсига ўтирди. Оппоқ кўйлагида у эрталабки шабадада сал энгашиб турган нилуфарни эслатарди.
Фалак Салма билан кимсасиз уйда қолишимизни ихтиёр этди. Шу тариқа сукунатга чўмган дарахтлар қуршовидаги уйда, гўзаллик, бокиралик ва муҳаббат шарпалари дайдиб юрган гўшада иккаламиз қолдик.
Анча вақтгача индамай ўтирдик. Эсанкираган бир ҳолатда, ким олдин гапираркан деб бир-биримизни пойладик. Лекин севилган қалбларни фақат гапирилсагина тушуниш мумкинми? Нима, фақат тилдан учган товушлар, лабдан кўчган иборалар қалблар ва онгларни яқинлаштирадими? Нима, товушлар ҳаракати ва товушлар жарангидан пайдо бўлувчи сўздан кўра олий ва соф нарса йўқми? Наҳотки, сукут сақлаганда юраклар шивирламаса, нур таратаётган қалблар туташмаса? Ахир, бизни ўз-ўзимиздан ажратаётган нарса жимжитлик эмасми ва биз чексиз руҳнинг бепоён бўшлиқларида парвоз қилиб, фаришталарга яқинлашмаймизми ҳамда баданларимиз тор зиндонлардан афзал бўлмаган дунёнинг бор-йўғи олис қувғин маскани эканини ҳис қилмайдими?
Салма менга шундай қарадики, унинг киприклари қалб сирларини ошкор қилди.
— Боққа чиқайлик, — деди у сирли хотиржамлик билан. — Дарахтлар орасида ўтирамиз. Ҳадемай тоғлар чўққиси узра ой кўринади…
— Ой кўтарилиб, боғни ёритгунга қадар шу ерда кутганимиз яхши эмасми, Салма? — сўрадим мен. – Ҳозир қоронғилик дарахтлар ҳамда гулларни яшириб турибди ва биз ҳеч нарсани кўрмаймиз.
— Дарахтлар ва гулларни кўздан яшираётган зулмат муҳаббатни яширишга қодир эмас, — деди Салма.
Салма бу иборани деразага ўгирилган ҳолда жуда ғалати ифода қилди. Мен сукут сақлаганча эшитганим ибора ҳақида ўйлар, айтилган сўзлар маъносини тушунишга, ифодасининг асл моҳиятини англашга уринар эдим. Салманинг кўзлари яна менга қадалди, гўё афсусланиб, ўзининг сеҳрли нигоҳининг кучи билан мени ўз эътирофини унутишга мажбур қилмоқчидай бўлди. Лекин кўзларининг жодуси менга шундай таъсир ўтказа олмади — Салманинг сўзлари кўксимдан янада чуқурроқ жой олди ва умрим охиригача қалбимда яшаб, туйғуларимни ҳаяжонга солиб ўтди.
Бу дунёда мавжуд бўлган барча улуғвор ва гўзал нарсалар ягона фикрдан ёки инсон ичидаги ягона ҳиссиётдан туғилган. Ўтмишнинг ҳали-ҳанузгача маълум бўлган барча кашфиётлари эркак онгида сирли фикр ёки аёл кўксида нафис туйғу сифатида пайдо бўлишидан олдин ҳам мавжуд эдилар. Барча буюк инқилоблар — қонлар дарё бўлиб оққан пайтлар ва озодликка маъбудага сиғингандай сиғинилган замонлар – минглаб кишилар орасида адашиб юрган биргина одамнинг онгидаги дарбадар хаёлий тафаккур эди. Тахту тожларни қулатиб, салтанатларни парчалаган бузғунчилик урушлари ёлғиз одамнигина яширин ташвишга солган ғоя эди. Инсоният ҳаётини тубдан ўзгартирган юксак таълимотлар атрофидаги фуқаролардан ажралиб турган якка-ёлғиз кишининг шеърий орзуси эди. Биргина фикр эҳромларни тиклади, биргина туйғу Трояни яксон қилди, биттагина ғоя Исломга шон-шуҳрат келтирди, биргина сўз Искандария кутубхонасини куйдириб кул қилди.
Бир фикр тун сукунатида инсонни ҳаракатга келтиради ва уни шон-шуҳратга буркайди ёки телбага айлантиради. Аёл кўзларининг бир онлик нигоҳи эркакни бахтиёр ёки бахтсиз қилади. Ҳукмдорнинг оғзидан чиққан биргина сўз бойни хонавайрон қилиб, камбағални бадавлатга айлантириши мумкин. Ўша сокин кечада Салма Карамийнинг лабларидан учган биргина иборадан мен довдираб, қутурган денгиз тўлқинлари билан осмон оралиғидаги сарсон кема мисоли ўтмиш ва келажак ўртасидаги чорраҳада адашиб қолдим. Тўла маънога эга биргина ибора мени ёшлик ва ёлғизликнинг ғафлат уйқусидан уйғотиб, ҳаёт ва ўлим ҳукмрон бўлган муҳаббат саҳнасига олиб келди.
Биз чорбоғ йўлагига чиқдик. Шабаданинг енгил эпкинлари юзимизни силаб ўтди, оёқларимиз остида гуллар ва майсалар майин шивирлади. Ёсуман бутасига етиб боргач, индамай сўрига ўтирдик. Ухлаётган табиат ўз нафаси билан бизни ўраб олди. Бутун борлиқ бизнинг нафас олишимизга қулоқ солаётгандек эди.
Ана, Санно тоғи узра ой кўтарилди, тепаликлар ва соҳилни нурга тўлдирди. Водий ёнбағрида, худди бўшлиқдан ўсиб чиққандай, қишлоқ пайдо бўлди. Кумушранг нур остида бутун Лубнон йигит мисоли гавдаланди.
Лубнон Ғарб шоирлари учун Довуд, Сулаймон пайғамбарлар билан бирга йўқолиб кетган афсонавий мамлакат, Одам ва Ҳаво қувиб чиқарилган жаннатдир. Улар учун Лубнон бу тоғли ўлканинг номи эмас, балки бир мажоздир, қалбда асралаётган туйғуни кўрсатувчи, сервиқор чинорлар, мис ва мармар миноралар, водийларида ўтлаб юрадиган оҳулар подасини эслатувчи рамздир. Менга эса ўша оқшом Лубнон хаёлий орзу бўлиб кўринди.
Юзига тушиб турган ой шуъласида гўзаллик ва муҳаббат илоҳаси Астартани қадрловчи уста қўли билан яратилган мармар ҳайкалга ўхшаб кетган Салма менга мурожаат қилди:
— Нега жимсан? Ўз ҳаётинг ҳақида гапириб берсанг-чи…
Мен унинг порлаб турган кўзларига қараб, тўсатдан тилга кирган соқовдек гап бошладим:
— Мен жим турибманми? Шу ердалигимиздан бери сенга гапираяпман — уйдан чиққанимиздан бошлаб сен билан гаплашаяпман! Гуллар шивири-ю, сукунат куйини илғаб турган шу сенинг нозиктаъб қалбинг руҳим йиғисини ва юрагим инграшини эшитолмадими?
Қиз қўллари билан юзини беркитиб, лўнда-лўнда айтди:
— Мен сени эшитдим… Ҳа, эшитдим… тун қаъридан чиқувчи ҳайқириқни ҳам, кун юрагида пайдо бўлувчи гулдуросни ҳам эшитдим…
Мен унга дарҳол жавоб қайтардим. Ўзимни бутунлай унутиб, кимлигимни ва қаердан эканлигимни эсдан чиқариб, Салмадан бошқа ҳеч нарсани ўйламай, фақат унинг яқинлигини ҳис қилиб, дедим:
— Мен ҳам сени эшитдим… Зарралари билан самони ҳаракатга келтираётган ва заминни ларзага солаётган улуғвор, жон олувчи ва жон берувчи оҳангларни эшитдим!
Салма кўзларини юмди ва унинг қирмизи лабларида ғамгин табассум пайдо бўлди.
— Энди мен биламан, — шивирлади Салма, — шундай нарса борки, у осмондан баландроқ, денгиздан чуқурроқ. У шундай нарсаки, ҳаётдан, ўлимдан ва вақтдан кучлироқдир. Мен кеча билмаган нарсамни энди биламан, бу ҳақда орзу ҳам қилолмасдим…
Шу дақиқадан бошлаб Салма мен учун дўстдан азизроқ, синглимдан яқинроқ, севгилимдан қимматлироқ бўлиб қолди. У онгга интилгувчи олий тафаккур, юракни қамровчи нозик туйғу, гўзал орзу — қалбимнинг ажралмас йўлдошига айланди.
Муҳаббат — узоқ давом этган ўзаро алоқалар ва мустаҳкам боғланиб қолганликнинг меваси деб ҳисобловчилар нодондирлар. Чинакам севги — руҳий аҳд-паймон фарзанди; бир туғилмаган севги ҳеч қачон туғилмайди.
Салма бошини кўтариб, нигоҳини олис уфққа қадади, чексиз бўшлиқ узра Санно тоғи кўриниб турарди.
— Кеча сен менга ака эдинг, — деди у, — ва мен бепарво отамга эргашиб ҳузурингга келардим. Энди яхши биламан: шундай туйғу борки, дўстлик риштасидан мустаҳкамроқ ва теранроқдир. Мен улар устидан ҳукмрон эмасман. Улар кучли, ҳаяжонга солувчи ва қўрқинчлидир, мана шу нарса қалбимга қувонч бағишлайди ва ғам билан тўлдиради.
— Бизни қўрқитиб, юракларимизни титроққа солувчи шу туйғу эмасми, — хитоб қилдим мен. — Худди шу туйғу ойнинг ер теварагида, ернинг қуёш атрофида, қуёш ва галактикаларнинг тангри атрофида ҳаракатини бошқараётган қудратли кучнинг бир қисми эмасми?
Салма бармоқлари билан сочимни тараб қўйди; унинг қувончдан ёришиб кетган кўзларида худди наргиз япроғидаги шудрингга ўхшаб ёш ялтирарди.
— Бизнинг бошимизга тушган бу воқеага ким ҳам ишонарди? — шивирлади Салма. — Қуёш ботиши билан ой чиқиши оралиғида биз ҳақиқатни шубҳадан ажратувчи тўсиқлар ва ғовларни ошиб ўтганимизни ким тушунади? Биринчи учрашганимиз ҳамал ойи — бизларни ҳаётнинг муқаддаслар муқаддасига олиб келганига ким ишонади?
Қиз эгилган бошимни майин силади. Мен унинг нозиккина қўлини дафна чамбарига ҳам, шоҳ тожига ҳам алмаштирмасдим.
— Бунга ҳеч ким ишонмайди, — дедим. — Муҳаббат — йил фасли ёрдамисиз очиладиган ягона гул эканини одамлар билишмайди. Лекин илк бор учрашувимиз ҳамалда юз берганмиди? Ахир ҳаётнинг энг муқаддас сирли оламига энди қадам қўйдикми? Инсон ҳаёти она қорнида бошланмайди ва мозорда тугамайди. Туғилишимиз бизларни кунлар ва тунлар тутқунларига айлантиришидан олдинроқ тангри қўли иккаламизни бирлаштирган эди!
Ой нури ва юлдузлар ёғдуси билан ёритилган чексиз бўшлиқда муҳаббат-ла йўғрилган ва ризолик билан бирлашган кўплаб қалблар бор…
Салма бармоқларини сочларим толасидан аста бўшатди ва қандайдир учқунлар чақнагандек бўлди. Сўнгги шабада уларни илиб, учириб кетди. Мен унинг қўлларидан ушладим-да, меҳробни ўпиб, фотиҳа олиш учун талпинаётган фидойи тақводордек, иссиқ лабларига лабимни босиб, узоқ бўса олдим.
Шу тариқа орадан бир соат ўтди. Унинг ҳар бир дақиқаси муҳаббат ва эҳтирос йилига тенг бўлганидек туюлди менга. Биз икки кабутардай ой шуъласи ёритиб турган, дов-дарахтлар ва майсалар билан қопланган тун сукунатида ўтиргандик. Ва худди шу маҳал, инсон ширин муҳаббат оғушидан бошқа дунёдаги бор нарсани унутишга тайёр турган пайтда туёқ товушлари эшитилди ва шиддат билан яқинлашиб кела бошлади. Ўзимизни унутган ажойиб дамларимиз бузилди — ҳушимиз жойига келди, ширин уйқудан уйғонгандек, хаёллар дунёсидан ерга тушиб, саросима ва ҳалокат ўртасидаги чорраҳада қотиб қолдик.
Қария архиепископ ҳузуридан қайтиб келарди. Биз боғни тарк этиб, унга пешвоз чиқдик. Извош дарвоза олдида тўхтади, ундан Форис Карамий тушди. У бошини эгганича аста қадам ташлаб, оғир юкдан зўрға юраётгандай, Салмага яқинлашди. Уни елкаларидан қучиб, юзига шундай ғамгин боқдики, гўё қизининг сиймосини сўнгги бор кўраётгандай эди. Унинг ажиндор ёноқларига кўзёшлари оқиб тушарди.
— Тез орада, қизим, жуда тез кунда, — деди у ўлимга ҳукм этилган киши овозида, — сен отанг уйини тарк этасан. Бошқа эркак бағри учун отанг бағрини тарк этасан. Боғимиз қадам товушларингни соғинади, отанг сенга бегона бўлиб қолади. Тақдир тақозоси шундай экан, болам, тангри сени ёрлақасин ва ўз паноҳида асрасин!
Бу сўзларни эшитиб, Салманинг юзи қув оқарди. Гўё ўлим арвоҳига дуч келгандай, нигоҳи қотиб қолди. Лабларидан ингроқ отилиб чиқди, танаси азоб билан титради; сўнг овчи ўқидан яраланган қушдай ерга қулаб тушди ва типирчилай бошлади.
— Нима дедингиз? — хитоб қилди қиз чуқур алам билан. — Бу нима деганингиз? Мен қаёққа кетишим керак?
Қиз отасига шундай тикилдики, гўё шу нигоҳи билан ўз кўксида яшириниб ётган сирлар пардасини очиб ташламоқчи эди…
— Мен тушунаман, — дея ингради Салма. — Ҳаммасини тушунаман… Архиепископ сизнинг севгингиздан қанотлари қайрилган қушлар учун қафас тўқиди… Сиз шунга рози бўлдингизми, ота?
Чол қизига нима дейишини билолмай қолди. Жавоб ўрнига чуқур хўрсинди; юзи азобдан бужмайиб кетди. Улар боғда мени ёлғиз қолдириб кетишди. Шунда танамга тушган ғулғула бўрон кузги япроқларни ўйнагандай, ҳисларимни ўйнай бошлади.
Мен хайрлашишим керак эди ва Салма ҳамда унинг отаси орқасидан эргашдим. Хирапашша бўлиб кўринмаслик учун уй соҳибининг қўлини қисдим, сувга чўкаётган юлдузга термулгандек Салмага бир тикилдим-да, чиқиб кетдим. Мен боғ дарвозасига етганимда, қария ортимдан чақириб қолди. У шошилиб келарди. Орқага қайтдим. Форис Карамий қўлимни кафтига олди.
— Кечир мени, ўғлим, — деди у овози титраб. — Менинг айбим туфайли бу оқшом сен учун кўзёшлари билан тугади. Лекин биз яна учрашамиз, шундай эмасми? Ахир, изтиробдан кўнгли ғаш чолдан бўлак ҳеч ким қолмайдиган бу уйга тез-тез келиб турмайсанми? Гуллаётган ёшлик сўниб бораётган кексаликдан қувонмайди — тонг шом билан учрашишга шошилмайди. Лекин ҳар бир ташрифинг отанг билан дўстликда ўтган ёшлик кунларимга қайтаради. Салма мен — қари чолни ёлғиз қолдириб кетаётган бўм-бўш уйда сени наҳотки бошқа кўрмасам?
Сўнгги сўзларини у пичирлаб айтди. Мен хайрлаша туриб энгашдим, қўлимга бир неча томчи кўзёши томди. Ич-ичимдан бир сесканиб тушдим — чолга фарзандлик меҳрим товланди, кўксимда нозик ва ғамгин туйғу жўш урди, нимадир нафасимни бўғиб, юрагимга оғриқ санчилди. Бошимни кўтарганимда кўзимдаги ёшни кўриб, ҳамдардлик билдиргандай энгашиб пешонамдан ўпди. Унинг лаблари титрар эди.
— Хайрли тун… Хайрли тун, ўғлим! — деди у ва уйига йўналди.
Ёшликнинг йиғиси — юракни тўлдирган ортиқча рутубатдир. Қарилик кўз ёшлари эса ҳаётнинг қовоқлар тагидан оқувчи сўнгги томчилари, қувватсиз танада ночор куч қолдиқларидир. Ёшлик кўзларидаги ёшлар атиргул баргидаги шудринг томчисига ўхшайди. Кексалик ёноғидаги ёшлар умр қиши яқинлашуви билан шамол учириб кетувчи сарғайган куз япроқларини эслатади.
Форис Карамий ичкари кириб кетди, мен боғдан чиқдим. Салманинг овози қулоқларимдан кетмас эди. Унинг гўзаллиги кўз ўнгимдан аримасди. Отасининг кўзёшлари қўлимдан анчагача қуримади. Мен у ердан худди Одам Ато жаннатдан чиққандай чиқдим, лекин мен учун бутун дунёни жаннатга айлантириши мумкин бўлган юрагим Момо Ҳавоси ёнимда йўқ эди… Мен ўзимни янгидан туғилгандай ҳис қилган шу кечада кўзларимга биринчи бор ўлим башараси кўриниб кетди.
Қуёш далаларга худди ана шундай ҳаёт бахш этади ва уларни ҳалок қилади.
ҲАЁТ ЧОРРАҲАСИ
Тун қоронғисида инсон яширинча қилган ҳамма нарса кун ёруғида ошкор бўлади. Сукунатда шивирлаб айтилган сўз одамлар орасида миш-мишларга сабаб бўлади.
Бугун биз қилинган ишни уйда яширишга ҳар қанча уринмайлик, эртага у кўчага ёйилади.
Тун шарпалари шу тариқа архиепископ Булос Ғолиб нима учун Форис Карамийни уйига чақирганини ҳаммага эълон қилдилар. Бу хабар еллар қанотида шаҳар бўйлаб тарқалди, менинг қулоқларимга ҳам етиб келди.
Ўша ойдин кечада архиепископ Булос Ғолиб қашшоқлар ва бева-бечоралар ҳақида гаплашгани чақиргани йўқ. Асло ундаймас. У шахсий ҳашаматли извошини жияни Мансурбек Ғолиб учун Салманинг қўлини сўраш ниятида юборган эди.
Форис Карамий бадавлат одам эди. Унинг Салмадан бошқа меросхўри йўқ эди. Шунинг учун ҳам Булос Ғолиб айнан Салмани танлаганди. На қизнинг гўзаллиги, на олижаноб қалб соҳибаси эканлиги, балки бойлик, отасининг афсонавий бадавлат эканлиги архиепископнинг шундай қарорга келишига сабаб бўлди. Булос Ғолиб жиянининг келажаги ҳақида қайғурарди, чунки Мансурбек хотинининг беҳад бойлиги ёрдамида Байрут аъёнлари орасида муносиб ўрин эгаллаши мумкин эди.
Шарқда руҳоний дарғалар ўз амалига кўра фахр-ифтихор ва ҳокимият билан қаноатланмайдилар, балки қариндош-уруғларига бирор яхшилик қилишга, қандай йўл билан бўлмасин уларни бирор амалга миндиришга интиладилар. Улар эса одамлар устидан ҳукмрон бўлиб олгач, зўравонлик ва талон-тарожга эрк берадилар. Ҳурмат-эҳтиромдан амир фойдаланади. У ўлганидан кейингина бундай имтиёз тўнғич ўғилга ўтади. Диний раҳнамоларнинг яхши номи ва шон-шуҳратини улар ҳали тириклигидаёқ укалари ва жиянлари суиистеъмол қила бошлайдилар. Насроний епископи, мусулмон имоми ва ҳинду браҳмани ҳам бу борада сира бўш келмайдилар.
Архиепископнинг илтимосига қария чуқур сукут сақлаш ва кўз ёшлари билан жавоб берди. Қўшни хонадонга ёки подшо саройига кетган қизидан айрилиб қолиш ҳақидаги фикрдан ким даҳшатга тушмаган, қайғурмаган дейсиз? Табиат қонунига кўра ўз фарзандидан жудо бўлган онанинг изтиробларини бир тасаввур қилиб кўринг-а? Қизини узатган ота-она ҳис этган туйғу ўғлини уйлантиргандаги қувонч ҳиссидан қолишмайди. Ўғилни уйлантирганда уйда янги инсон пайдо бўлади, қизни узатганда эса оиладан азиз жигаргўшанг чиқиб кетади. Бу воқеалар киши қалбида ширин ва аччиқ туйғулар уйғотиши табиий.
Салманинг отаси, барибир, архиепископ иродасига бўйсунди. Форис Карамий аслида бу никоҳга қарши бўлса-да, руҳоний куч билан унинг розилигини олди, никоҳга кўндирди. У Мансурбекни олдин учратган, одамлардан унинг очкўз, бузуқ ва шафқатсиз экани ҳақида кўп эшитганди.
Лекин Сурияда1 қайси насроний епископнинг гапини рад этиши мумкин, диндош биродарлари кўз ўнгида обрўси бир пул бўлмайдими унинг? Маънавий ҳукмдор измига қарши бориб, пок номини ким ҳам асрай олади? Қария Булос Ғолиб иродасига бўйсунмаганда Салманинг шаънига доғ тушмасмиди, унга қарши шубҳа ва иғволар авж олдирилмасмиди? Ғийбатлар қанчадан-қанча бокира қизлар номини тупроққа булғамади, дейсиз? Ахир, ток зангининг юқори қисмидаги узум боши тулки учун “пуф сассиқ” эмасми?
Салма Карамийга тақдир шуни тақозо этди, бахтсиз шарқ аёллари карвонида ночор чўри мисоли етаклаб кетди. Шу тариқа олижаноб руҳ муҳаббатнинг оппоқ қанотларида, ой шуъласи ва хушбўй гуллар ҳидидан тўйиниб энди уча бошлаганида тўрга тушиб қолди.
Оталарнинг бойлиги қарийб ҳамма жойда болаларига бахтсизлик келтиради. Отанинг меҳнати билан тўпланган ва онанинг тежамкорлиги билан кўпайтирилган омборлар меросхўрлар учун тор ва қоронғи зиндонга айланади. Пул сиймосидаги кўринишига одамлар топинаётган ўша буюк худо даҳшатли иблисга айланиб, дилларга қайғу, юракларга ҳалокат олиб келади. Салма Карамий кўплаб ўз сингилларига ўхшаб оталари бойлиги ва куёвлари очкўзлигининг қурбонига айланди. Агар Фарис Карамий бой бўлмаганида Салма ҳам барчамизга ўхшаб офтоб нурларидан яйраб яшаган бўлар эди.
Кунлар ўтиб борар, муҳаббат мени тарк этмасди. Севги тун бўйи менга бахт қўшиғини куйлар, тонготарда уйғотиб, ҳаёт маъносини ва турмуш сирларини очиб берарди. Юксак ишқ ҳасад нималигини билмайди, чунки у саховатлидир, танага ҳам изтироб етказмайди, зеро қалбнинг қаърида яшириниб ётади. Кучли эҳтирос зерикиш, жонга тегиш нималигини билмайди. Мустаҳкам боғлиқлик маънавий ташналикни қондиради.
Сеҳрли жодулар ерни мен учун лаззат манбаига, ҳаётни эса ажойиб рўёга айлантирди. Эрталаблари далаларни айланиб юрарканман, мангулик рамзи бўлган табиатнинг уйғонишини кўрдим. Денгиз соҳилида ўтирганимда тўлқинлар менга абадият қўшиғини куйлаб бердилар. Шаҳар кўчаларида сайр этаётиб, бахтли кишиларни учратдим. Меҳнат аҳли чеҳрасида бунёдкорлик нашидасини ҳис этдим.
Бу кунлар шарпалардай ўтиб, туман мисол тарқалиб кетдилар. Улардан менга изтиробли хотиралар қолди, холос. Баҳорнинг гўзаллигини, табиат уйғонишини кўриб ўрганган кўзларим энди фақат атрофимни куршаб турган қаҳр-ғазабни сезмоқда; тўлқинлар қўшиғини тинглаган қулоқларим фақат денгиз қаъри ингроғини ва тубсизлик йиғисини эшитаётир; одамлар меҳнатидан ва тамаддун улуғворлигидан қувонган қалбим фақат камбағаллар бахтсизлигини ва етим-есирлар чеккан азобни ҳис этмоқда. Муҳаббат онлари нақадар гўзал, ўша дам орзулари мунчалар ширин; қайғу кечалари мунчалар маъюс ва унинг даҳшатлари нақадар буюк!
Ҳафтанинг охирида туйғуларим оғушида сархуш бир ҳолда Салма Карамий уйига йўл олдим. Муҳаббат билан сайқал берилган бу кошонанинг таърифига тил ожиз… Дарвозадан ўтиб, сўлим боққа кирганим замон, қандайдир куч иродамни ўзига бўйсундириб, мени эртаклар дунёсига бошлагандай бўлди, уйнинг олдига борганимдагина ўзимга келиб, аста қарадим.
Салма ёсуман бутасининг соясидаги ўриндиқда, худди тангри иродаси билан мен учун бахтиёрлик ва азоб онлари бошланган ўша оқшомдагидай ўтирарди. Мен индамасдан унга яқин бордим. Пайдо бўлганимдан ҳайратланмади ҳам, афтидан мени кутаётган эди. Унинг ёнига ўтиргач, Салма нигоҳини менга бир қадади-да, чуқур хўрсиниб, узоқ уфққа тикилди. У ерда эса оқшом чўкиб келаётганди…
Ниҳоят, Салма менга ўгирилди, совуқ, титраётган қўлини кафтимга қўйди. Унинг шивирлаб сўзлаши очликдан силласи қуриб, гапиролмай қолган одамнинг хириллашига ўхшарди.
— Менга бир қара, дўстим! Сабр-тоқатли ва эътиборли бўл — сен эшитишга ташна бўлган барча нарсани юзимдан уқиб оласан… Менга бир қара, севгилим… эътибор бер, оғажон!
Унинг юзидан кўз узмай, узоқ тикилдим…
Қизнинг кечагина кулиб турган кўзларини ғам қоплаганди. Офтоб табассумидан қувнагувчи оқ нилуфар гулбарглари мисоли оппоқ бадани сарғайибди, умидсизлик пардаси билан қопланибди. Ширинлик атри таратувчи лаблари куз гулидай сўлибди. Нафис бўйни дилини ҳаяжонга солаётган ўйлар юкидан эгилибди.
Мен кўрдим — Салма ҳайрон қоларли даражада ўзгарибди. Лекин ўз қайғуси билан у янада гўзаллашибди. Худди паға-паға булутлар ой теграсини қуршаб, унга тағин ҳам мафтункорлик ва улуғворлик бахш этгандай. Унинг сирлари ҳар қанча изтиробли бўлмасин, қалбини безаб турган туйғулари юзига латофат бериб турибди. Агар у гапирмаса, ўй ва туйғуларини яширса, бунчалик ёқимли бўлолмасди. Салма ўша оқшом ҳаёт алами ва қалб тоти қоришиб кетган олий сарҳушлик эса лиммо-лим косага ўхшарди. Ҳали ўзи ҳам билмай туриб, буни мен ўзимда билмасдим, шафқатсиз эр зулмига дучор бўлиш учун севимли ота уйидан кетадиган, ёвуз қайнона чўрисига айланиш учун меҳрибон она бағрини тарк этадиган шарқ аёлини тажассум этарди.
Мен Салманинг юзидан кўз узмасдим; унинг тўхтаб-тўхтаб нафас олаётганини эшитиб ўтирар, қалбида нималар юз бераётганини тушуниб, у билан бирга изтироб чекардим. Мана, вақт тўхтаб қолди, борлиқ йўқ эди гўё… Мен фақат унинг катта-катта очилган кўзларини кўриб турардим, улар гўё қалбим қаърига қараб туришарди, совуқ, титроқ қўллари билан мени пайпаслаётганини ҳис этдим… Бирдан қиз мени ҳушимга келтирди.
— Келинг, гаплашиб ўтирайлик, қадрдон дўстим, — деди Салма. — Ҳали бутун даҳшатлари билан бошимга ёпирилмаган келажакни бир тасаввур қилиб кўрайлик. Отам ҳозир то сўнгги манзил-мозоримгача ёнимда бўладиган одам ҳузурига кетди. Фалакнинг гардиши билан менинг дунёга келишимга сабаб бўлган инсон умрим охиригача амрида бўладиган кишим билан учрашгани кетди. Шаҳар марказида ёшлигимнинг ғамхўри бўлган қария билан яшашимга йўлдош бўлгувчи йигит учрашадилар. Бугун отам билан куёв тўй кунини белгилайдилар. Агар бу узоқ муддат бўлса-да, кутишимга оз қолди. Вақт ҳукмронлиги нақадар буюк! Бундан роппа-роса бир ҳафта бурун мана шу ёсуман тагида муҳаббат менинг қалбимга ташриф буюрганди, руҳимни ёритган эди, худди ўша дамда илоҳий тақдир Булос Ғолибнинг уйида келажагим ҳақидаги илк сўзни айтган эди. Отам билан куёв тўйим учун гулчамбар тўқишган дамда эса, мен ёнимда сени кўриб турибман. Ҳозир сенинг қалбинг сувга ташна қуш мисоли бошим узра чарх урмоқда. Ташналигини қондирадиган булоқни эса даҳшатли аждарҳо қўриқлаб ётибди. Мунчалар қоронғи бўлмаса бу тун, мунчалар мубҳамдир унинг сирлари!
Умидсизлик менга қора шарпа бўлиб кўринди. У бизнинг муҳаббатимизнинг бўғзидан олиб, уни бешигидаёқ бўға бошлади.
— Муҳаббатим қуши ўша булоқ тепасида чарх ураверади! — дея хитоб қилдим мен. — Айланаверади, токи ҳолдан тойиб ҳалок бўлмагунча ёки парча-парча қилиниб, унинг тўймас жиғилдонида йўқ бўлиб кетмагунича!
Ҳаяжонланган қиз саси титроқ кумуш торлар сингари жаранглаб чиқди:
— Йўқ, дўстгинам! Қўйинг, қушча яшайверсин. Майли, ярим тунга қадар булбул сайрайверсин. Сайрайверсин, токи баҳор ўтиб кетмагунча, дунё йўқ бўлиб, мангулик бутунлай тугамагунча. Унинг қўшиғини ўчирма — у менга жон бахш этади, қанот уришини тўхтатма — унинг силкиниши юрагимдан ғам-андуҳ туманини ҳайдайди.
— Қушча ташналик ва қўрқувдан ҳалок бўлиши мумкин, — дедим мен хўрсиниб.
— Руҳ ташналиги тўйинган жисмдан юксакдир, — шивирлади қиз титроқ лаблари билан. — Юракдаги ҳадик жисм оромидан енгилдир. Менга қулоқ сол, севгилим! Мен янги ҳаёт бўсағасида турибман. Бироқ бу ҳаёт тўғрисида ҳеч нарса билмайман. Худди кўрга ўхшаб, деворни ушлаб юраман, чунки йиқилиб тушишдан қўрқаман. Мен — чўриман: отамнинг бойлиги мени қуллар бозорига олиб келди ва мени эркаклардан бири сотиб олди. Мен уни севмайман, чунки уни билмайман: севги билан билмаслик бир-бирига зиддир. Аммо мен севишни ўрганаман, эътиборли бўламан ва бўйсунаман, уни бахтиёр қилишга уринаман. Мен унга ожиза аёл кучли эркакка бахш этиши мумкин бўлган ҳамма нарсани бахш этаман. Сен бўлсанг ёшсан, ҳаётинг ҳали олдинда, йўлинг кенг ва равон, гуллар тўшалган. Сен ҳаёт саҳнасига юрагингни қўлингда ёнаётган машъаладай тутиб кирасан. Сенинг ўйлашга ва ҳис қилишга ҳаққинг бор, истаган ишингни қила оласан, ўз номингни ҳаёт китобига ёза оласан, чунки сен эркаксан. Сен бахтли бўласан, зеро, ота қашшоқлиги сени қулликдан халос этади. Камбағалнинг қизлар сотиладиган қуллар бозорида қиладиган иши йўқ. Умр йўлдошингни ўзинг танлайсан, у уйингга киришдан олдин юрагингда ўз ўрнини топади, турмуш ўртоғинг бўлишдан аввал хаёлингда сен билан бирга бўлади.
Салма бир оз тин олди.
— Бизнинг йўлларимиз мана шу ҳаёт чорраҳасида ажралиб кетармикин? Сеники шон-шуҳратга, меники эса аёл мажбуриятларини бажаришга элтармикин? — деди ҳаяжон билан Салма. — Бизлар кўраётган ширин туш шу тариқа тугармикин? Денгиз бўзтўрғай бўзлашини ютармикин, шамол атиргул япроқчаларини сочиб юборармикин, оёқлар май тўла қадаҳни босиб янчармикин? Наҳотки ўша оқшом бизларга ой беҳуда нур сочган бўлса, наҳотки ўша ёсуман кўланкасида қалбларимиз бекорга учрашган бўлса? Ёки биз юлдузлар сари учишга шошилдикмикин ва толиққан қанотларимиз бизни тубсиз жарга қулатдимикин? Ёхуд ухлаётган муҳаббатни уйғотишдими ва у бизни ўз ғазаби билан жазоладими? Нафас олишимиз тун эпкинини ҳаяжонга солдимикин ё? Бундан у бўронга айланиб, бизни кукун мисоли учириб юбордимикин? Наҳотки тақиқланганига қарамай, мевадан татиб кўрганимиз учун бизни жаннатдан қувишаётган бўлишса? Қўполлик ёки айёрлик қилдикми — шунинг учун бизга дўзах хавфи борми?.. Йўқ! Йўқ! Бизнинг оний учрашувимиз асрлардан улуғворроқдир. Қалбимизни ёритган зиё зулматдан кучлироқдир. Ҳаёт бизни маҳв этди, лекин ўлим тирилтиради!
— Аёл юраги ёшига қараб ўзгармайди, — ишонтирарди мени Салма, — у табиат таъсирига бўйсунмайди. Узоқ вақт жон бериш талвасасида бўлса-да, ҳеч қачон ўлмайди. Аёл юраги чўлга ўхшайди. Эркак томонидан жанг майдони сифатида танланган бу чўлда у дарахтларни қўпориб ташлайди, майсаларга ўт қўяди, тошларга қон сачратади, тупроқни суяк ва бош чаноқлари билан тўлдириб ташлайди. Лекин ер барибир сукут сақлайди, тинч ва хотиржам бўлади; унда баҳор баҳорлигича қолади, куз-кузлигича, асрлар тугагунча шундай давом этаверади… Энди биз нима қиламиз, тақдир ўз сўзини айтиб бўлди-ку, ахир? Нима қилиш керак? Айт менга, нима қилай — қандай айрилай ва учрашувни қаердан излай? Севги бир дарвеш эдими, кечқурун бизга меҳмон бўлди-ю, тонг отиши билан жўнаб кетдими? Бу ҳафта бизлар учун сархушлик соати эдими ва ниҳоят тафаккуримиз мусаффо бўлдими… Бошингни кўтар, севгилим! Кўзларингни яхшилаб кўрай. Бирор нарса десанг-чи, азизим, овозингни эшитай, жоним. Айт менга, айт, мени унутмайсанми? Ҳаётим кемасини довул чўктирганда ҳам мени эслайсанми? Тун қоронғусида қанотларим силкинишини сеза оласанми? Нафасим тўлқинлари юзинг ва бўйнингни майин силаб ўтганини ҳис этасанми? Оғриқлардан қаттиқ инграганимда дарду фиғонимни эшитасанми? Тонгги туманда тарқаб кетадиган тун шарпалари орасида менинг шарпамни кўрасанми? Айт менга, севгилим, айт, кўзларимнинг, қалбимнинг қувончи, руҳим қанотлари, энди мен учун ким бўласан?
— Сен учун ким десанг, ўша бўламан, — дедим қалбимдан.
— Мени севишингни истайман, — деди Салма. — Сўнгги кунимгача, шоир ўзининг ғамгин ўйларини севгандай севишингни истайман. Йўлчи булоқнинг тиниқ сувига боқиб, уни ичишдан олдин аксини кўриб, ўзини танигандай, ёруғ дунёни кўрмай, она қорнида ўлган гўдак сингари мени эслаб юришингни истайман. Сен мен ҳақимда раҳмдил шоҳ ўз тутқуни ҳақида ўйлагандек ўйлашингни истайман. Биласанми, ўша тутқун шоҳ афв беришини кутмай жон берган экан. Менга оға бўл, дўст бўл. Отамни зиёрат қилиб тур, мен бу уйни тарк этгач, унга бегона бўлиб қоламан. У ёлғиз бўлиб қолади.
— Сенинг истагингни бажо келтираман, Салма, — дедим мен. — Руҳим сенинг қалбингни ўзига сингдиради, юрагим гўзаллигингга ошён бўлади, кўксим — қайғунг қабрига айланади. Экинзор баҳорни севгандай севгумдир сени, гул офтоб нури билан яшагандай, мен сенинг руҳинг билан яшайман. Водий қишлоқ черковлари қўнғироқлари жарангига акс-садо бергандай номингни такрорлаб яшайман. Соҳил тўлқинлар ҳикоясини тинглаганидай, мен қалбинг нидосини тинглаб яшайман. Юртидан ҳайдаган ёлғиз қувғинди ватанини, камбағал ноз-неъмат тўла дастурхонни, тахтдан ағдарилган шоҳ шон-шуҳратларини, шўрлик маҳбус озодлик кунларини қўмсаганидай, сени соғинаман, Салма. Уруғ сочувчи деҳқон бўлиқ бошоқлар ва буғдой ғарамларини, жонкуяр чўпон ям-яшил майсазор ва шарқироқ сойларни ўйлагандай, сени ўйлайман, Салма!
Қизнинг нигоҳи қоронғуликка қадалганди; “уҳ” тортиб қўяр, унинг юраги денгиз тўлқинларидай гоҳ тез-тез урар, гоҳ секинлашарди.
— Эртага, — деди у, — воқелик — рўёга, ҳақиқат — хаёлга айланади. Шайдо кўнгил иссиқ оғушлардан қониқармикин, хаёлот чашмасидан ташналигини қондира олармикин?
– Эртага, — дедим мен, — тақдир сени оиланинг сокин бағрига бошлайди, мени эса тутун бурқсиётган ва кураш кетаётган ҳаёт саҳнасига ташлайди. Сени ҳусну жамолинг ва бокиралигинг бахтиёр қиладиган ёринг уйи кутмоқда, мени эса ғам-андуҳ. Сени ҳаёт кутаётир, мени — талваса; сени — хотиржамлик, аҳд ила паймон, мени — ёлғизлик ва узлат. Аммо ўлим соя солган водийда мен муҳаббат шарафига ҳайкал тиклайман ва унга топинаман; суҳбат қураман; у севгим ҳақида суҳбатдош бўлиб тавба-тазаррумни эшитади, қўшиқчи бўлиб кўнглимни кўтаради, шароб бўлиб чанқоғимни босади, кийим бўлиб танимни иситади. У мени эрталаблари уйғотиб, олис чўлларга бошлайди, туш пайтлари дарахтлар соясига етаклаб келади, у ерда мен қушлар билан бирга жазирамадан жон сақлайман, кечқурунлари ботаётган қуёшга боқиб, табиатнинг ёруғлик билан хайрлашувини кузатаман. Кечалари у мени оғушига олиб, рўё қанотларида севишганлар ва шоир руҳи яшайдиган осмону фалакларга олиб кетади. Баҳор чоғи биз у билан бирга қир-адирлар кезиб қўшиқ айтамиз, бинафша ва мойчечаклар қоплаган жойлардан ўтамиз, нилуфар ва наргис гулларининг косачаларида тўпланиб қолган ёмғир сувларидан чанқоғимизни қондирамиз; ёз ойлари майсазорга чўзилиб, бошимизни похол боғламига қўйганча очиқ осмонга тикилиб ой ва юлдузлар билан суҳбат қурамиз; кузда узумзорлар оралаб, узум тўла саватлар ёнида ўтириб, тилларанг кийимини ечаётган дарахтларга, соҳилга интилаётган қушларга суқланиб қараймиз; ўчоқ ёнида ўтириб бир-биримизга қадимги афсоналардан, мамлакатлар ва халқлар тарихидан сўзлаб берамиз. Муҳаббат менинг ёшликдаги устозим, балоғат ёшимдаги таянчим, кексаликдаги дўстим бўлади. Муҳаббат умримнинг охиригача мен билан бирга бўлади, ўлганимдан кейин эса Тангри қўли мени сен билан қовуштиради.
Бу сўзлар қалбимнинг энг тўридан отилиб чиқар, гулхан сингари гоҳ пасайиб, гоҳ авж олиб, чорбоғнинг бурчакларига сингиб кетарди.
Салма жимгина тинглаб ўтирар, кўзёшларидан юзи намиққан эди.
Севги қанот ато этмаганлар парвоз қилолмайди, осмону фалакка кўтарила олмайди; тилсимли дунё улар учун берк, ҳозир у ерда Салманинг ва менинг руҳларим тентираб юрибди. Кимни муҳаббат ўз эътиқодига буйсундирган бўлмаса, унинг ваъзларини тинглашга қодир эмас. Бу китоб улар учун ёзилмаган; унга кўз югуртириб, сатрлараро арвоҳлар ва химераларни кўролмайдилар…
Салма бошини орқага ташлаб, қўлларини олдинга чўзди; лаблари титраб кетди, кўзлари катта-катта очилди, юзини мавҳумлик ва умидсизлик азоби қоплади.
– Не гуноҳим бор эди, ё Тангрим, не гуноҳим билан ғазабингни келтирдим? – хитоб қилди Салма. – Шу қадар даҳшатли жиноят содир қилдимми, абадий қасосингга маҳкум этибсан? Сен кучлига ожизани қийнаш не учун керак? Шу улуғворлигинг билан тахтинг пойида эмаклаб юрганни топташ шартми? Сен уни ўзинг меҳр билан яратдинг, яна шундай меҳр билан уни ҳалок қилмоқчисан! Ўнг қўлинг билан ўзингга яқинлаштириб, чап қўлинг билан ортга итқитасан. Эй Тангрим, муҳаббат билан менинг кўзимни очдинг ва кўр қилдинг, яна муҳаббат билан. Юрагимга оқ атиргулни ўтқазган ўзинг, унинг ён-верига тиконларни қадаган ҳам ўзинг. Руҳан мени ўзим севган йигит билан боғладинг-у, мен танимайдиган кимсани менга эрликка раво кўрдинг. Бу ҳаёт-мамот курашига қандай бардош берай, ўлимимга қадар қандай содиқ ва соф қолай? Сенинг измингга бўйсунаман, Тангрим! Номинг мангу барқарор бўлсин!
Салма жим қолди. У сўзини давом эттираётган қиёфада эди. Бошини эгди, қўллари ҳолсизланиб осилиб қолди, елкаси букчайди. Бўрон узиб ташлаган дарахт шохи ана шундай ерда бемажол ётади, у энди қуриб-қовжирашга маҳкум. Мен унинг муздек қўлларини иссиқ кафтимга олдим-да, кўзларимга, лабларимга босдим. Салмани тағин қандай овута олардим? Менинг ўзим шафқатсиз изтиробда эдим…
Шу оқшом ҳеч қайси биримиз бошқа бирор сўз айтмадик. Дард ва алам юкидан тилларимиз калимага келмай қолди. Бизлар тошдек қотиб, лол турардик. Бир-биримизга дил изҳори қилишни бой бергандик. Асабларимиз шу қадар таранглашган, руҳиятимиз шунчалар зўриққан эдики, бирор сўз айтиш у ёқда турсин, ҳатто нафас олгудек бўлсак ҳам юрагимиз тарс ёрилиб кетадими, деган хавотирда эдик.
Тун ярмидан оғди. Сукунат янада ваҳимали тус олди. Санно тоғи ортидан кемтик ой кўтарилди. Жимир-жимир қилаётган юлдузлар қуршовида у атрофини хира шамлар ёритиб турган ўлим тўшагида ётган мурданинг бурушган юзига ўхшаб кўринарди. Шу топда Лубнон ҳам йиллар юкидан букчайган чолни эслатарди. У ғам-андуҳ юкидан уйқуси қочиб қийналаётган, тахтидан туширилган қиролга ўхшарди. Тоғлар, дарахтлар ва дарёлар кечаю кундуз давомида ўз қиёфасини ўзгартирадилар. Фикри ва ҳиссиёти ўзгариб турувчи одам ҳам шундай. Терак кундузи келинчакка ўхшайди, кўйлаги елда ҳилпираб туради, кечқурун эса осмонга ўрмалаётган тутунга ўхшаб кўринади. Кундузлари тақдир зарбаси устидан кулаётган баҳайбат паҳлавонни эслатувчи қоя – кечалари очиқ осмон остида қуруқ ерда ўтирган камбағал бечорани эслатади. Эрталаб кумуш эритмасидай ялтираб, мангулик қўшиғини куйлаб оқаётган ирмоқ кечалари боласини йўқотган она мисоли бўзлаб йиғлайди. Бундан бир ҳафта бурун, тўлин ой кечасида биз қувончдан яйраб ўтирардик, Лубнон эса бор гўзаллиги билан савлат тўкиб турарди. Энди бўлса осмонда кемтик ой тентираб юрибди, бизнинг юракларимиз оғриқдан инграр эдилар. Бир вақтлар улуғвор кўринган тоғлар букчайиб, хира тортгандай кўринарди.
Биз ўрнимиздан туриб, хайрлашарканмиз, ўртамизда иккита улкан арвоҳ пайдо бўлди: бири – севги арвоҳи, бошларимиз узра каттакон қанотларини ёйди, иккинчиси – умидсизлик арвоҳи, тирноқлари билан бўйнимизга ёпишди; бири ҳўнграб йиғлар, иккинчиси ёвузона куларди. Мен жонсарак бир аҳволда Салманинг қўлини ўпдим; у менга яқинлашиб, лабларини сочим толасига босди, кейин ўриндиққа ўтирди.
— Раҳм қил, ё Тангрим, барча қайрилган қанотларга қувват бер!
Боғдан чиқарканман, эсим оғаётганини ҳис қилдим; кўл юзасини туман тўсгандай шууримни қалин парда қоплади. Йўл бўйида ердан чиққан арвоҳлардай дарахт соялари рақсга тушарди, ойнинг хира нурлари шохлар орасида ингичка камон ўқлари мисол титрар, худди жин руҳлари каби юрагимни нишонга олаётгандай бўларди.
Бутун борлиқ, ҳаётнинг бор маъноси, қалбнинг барча сирлари менга ёввойи, даҳшатли, бадбашара тарзда кўриниб кетди. Менга дунёнинг гўзаллигини ва ер мавжудотларининг қувончларини кўрсатган ўша маънавий ёруғлик оловга айланиб, юрагимни куйдира бошлади. Масрур овозларни бирлаштирган ўша қўшиқ уни илоҳий мадҳияга айлантириб, ушбу дамда шернинг ўкиригидан даҳшатлироқ наърага, тубсиз учурумнинг қичқириғига айланди.
Уйда мен ўзимни тўшакка отдим, овчи ўқидан яраланган қуш, одатда, ерга ўзини шундай ташлайди. Қалбим даҳшатли ҳақиқат ва босириқли туш ўртасида типирчиларди. Хаёлимда Салманинг сўзларини такрорлардим: “Раҳм қил, ё Тангрим, барча қайрилган қанотларга қувват бер!”
ЎЛИМ ТАХТИДА
Ҳозирги кунда никоҳ – йигитлар ва қизларнинг оталари ўртасида тузиладиган кулгини қўзғатувчи ва аламдан йиғлатувчи битимдир. Биринчилар, яъни йигитлар, бу битимда ютиб чиқадилар, иккинчилар, яъни оталар, ҳамиша ютқизадилар. Қизларни эса бир буюм-мол сингари бир қўлдан иккинчи қўлга беради; шу билан улар бор қувончидан маҳрум бўладилар, уларнинг қисмати эски жиҳоз сингари уйларнинг қоронғи бурчакларида оҳиста сўниш бўлиб қолади.
Ҳозирги тамаддун аёлнинг ақлини бироз оширди, лекин унинг азобларини ҳам кўпайтирди, эркакнинг ҳирс-майллари учун янада кенгроқ йўл очиб берди. Кечагина у бахтиёр чўри эди, бугун бахтсиз бекага айланди. Кечагина у кўр, кундузи ёруғда юрарди, бугун эса кўзи очиқ тун қоронғисида юрмоқда. У ўзининг нодонлиги билан гўзал, соддалиги билан меҳрибон, ожизлиги билан кучли эди. Энди бўлса ўзининг назокати билан бадбашара, дунёқарашида юзаки, хатти-ҳаракатларида режали бўлиб қолди. Аёлда гўзаллик ва оқилалик, назокат ва меҳрибонлик, тана ожизлиги билан қалб қуввати мутаносиблиги уйғунлашадиган кун келармикин? Мен маънавий равнақ — инсоният йўли деб ҳисоблайман. Камолотга яқинлашув аста-секин бўладиган, лекин муқаррар жараёндир. Агар аёл бир соҳада олдинга силжиса-ю, бошқа соҳада орқада қолса, бу шунинг учунки, тоғ чўққисига олиб борувчи тик қияликда қароқчилар пистирмаси ва бўрилар ғори ҳам учраб туради. Бу кўтарилиш – уйғониш олдидан мудраб қолишдай бир гап; ўтган авлодлар хоки бу ерда келажак уруғлари билан қоришиб кетганидадир. Ажойиб шижоат ва майл туғдирадиган бу кўтарилишда қарийб ҳамма шаҳарда аёлни – келажак қизи рамзини учратиш мумкин. Байрутда шундай рамз Салма Карамий эди; бироқ у дунёга анча барвақт келган кўплаб қизлардан бири сифатида ўз даврининг қурбони бўлди.
Мансурбек Салмага уйлангач, улар Рас-Байрут даҳасининг бойлар ва шаҳар аъёнлари яшайдиган соҳилдаги муҳташам уйга кўчиб ўтдилар. Форис Карамий ўзининг эски уйида бир ўзи қолди. Тўй кунлари ўтди, дабдабали тантана кечалари ортда қолди, асал ойи тугади, унинг аччиқ таъми қолди, холос. Бу шонли олишувлардан сўнг олис чўлларда қолган каллалар уюмини эслатади. Шарқ тўйининг тантанавор жаранги куёв ва келинлар қалбини юксак осмонларга олиб чиқади, улар кўкда бургутлар-ла қанот қоқадилар, лекин тез орада оғир тегирмон тошларидай денгизлар қаърига чўкадилар. Уларнинг қувончи денгиз соҳилидаги тўлқинлар ювиб кетадиган излар сингари мустаҳкам эмас.
Баҳор ва ёз ўтди, куз кирди ва менинг Салмага бўлган муҳаббатим, дастлаб йигитнинг ҳаёт тонготарида гўзал аёлга қизиқиши сифатида етим боланинг мангуликка кетган онаси руҳини ўзига хос кўр-кўрона севишга айланди. Бутун вужудимни қамраб олган туйғу ғам-андуҳга эврилди. Кўзимдан ёш оқизган эҳтирос телбаликка айланиб юрагимни қон қақшатди. Ҳамдардлик ингроғи кўксимни тўлдириб, эҳтиросли дуога қўшилди. Ана шу дуо билан кўкка илтижо қилдим, Салма учун бахт, эри учун қувонч, отаси учун осойишталик тиладим. Лекин менинг тоат-ибодатларим ва илтижоларим беҳуда кетди — Салманинг бахтсизлиги шундай руҳий хасталик эдики, уни фақат ўлим билан даволаса бўларди. Унинг эри дунёда ҳамма нарсани текинга оладиганлардан бири эди. Ҳаётни ёқимли қиладиган ҳамма нарса унинг жон-дили эди; бунақалар ўзида бор нарса билан кифояланмасди, ҳамиша бировнинг мулкига кўз тикадилар, ўз умрларининг охиригача очкўзлик билан яшайдилар. Ундан Фарис Карамий учун осойишталик сўраш ҳам бефойда эди. Чунки куёв келиннинг қўлини олиши билан улкан сеп-сидирға соҳиби бўлди. Лекин бечора қарияни унутдигина эмас, ўз ҳолига ташлаб қўйди. Айни чоғда чолнинг қолган бойлигини ҳам ўзлаштириб олиш учун унга ўлим тиларди.
Мансурбек феъл-атвори билан архиепископни эслатарди; афтидан у амакисининг кичик нусхаси эди. Булос Ғолиб ўз мақсадларига роҳиблик кийимини ниқоб қилиб эришарди, кўксида осилиб турган олтин хоч ҳимоясида очкўзлик қиларди. Унинг жияни буларнинг ҳаммасини қўпол ва ошкора амалга оширарди. Архиепископ эрталаблари черковга борар, қолган вақтини етим-есирлардан пул ундиришга сарфларди, жияни эса умрини айш-ишратда ўтказарди.
Якшанба кунлари архиепископ черков минбаридан ўзи ишонмайдиган нарсани тарғиб қиларди, ҳафтанинг қолган кунларини сиёсий найрангларга бағишларди. Мансурбек бўлса, дам олиш нималигини билмас, амалга олиниш ва хизмат мартабасига кўтарилиш илинжида юрганлар орасида амакисининг нуфузини пуллаш билан овора эди. Бири ўз қинғир ишларини тун қоронғисидан фойдаланиб амалга оширувчи ўғри, иккинчиси кун ёруғида дадил ҳаракат қилувчи ёлғончи эди.
Чорва моллари йиртқич оғзида ёки қассоб пичоғи тиғида ҳалок бўлгани сингари халқлар ўғрилар ва ёлғончилар дастидан ўлиб кетадилар. Шарқ миллатлари шу тариқа ўзларини мунофиқ қусурли тарафдорларига бахшида этадилар; ортга қайтиб эса жарга қулайдилар ва тақдир зарбалари остида кулга айланадилар. Агар мен ўз ҳикоямни бечора аёл тарихи ва севгига дучор бўлган изтиробли юрак хом-хаёлларига бағишлашга қарор қилган эканман, бахтсиз миллатлар ҳақида гапиришга нима мажбур қилаяпти? Бахтсиз ва эзилган халқлар ҳақида ўйлаганимда нега кўзларимга ёш қалқийди. Энг гуллаган ёшида ўлим ҳаётдан олиб кетган ожиза аёлни эслаб гапирганимда нечун йиғлагим келаверади. Лекин шу аёл эзилган миллатнинг рамзи — эмасми, ахир? Жон шиддати ва тан кишанлари билан тилка-пора қилинган аёл ҳукмдорлар ва дин хизматчилари қийнаган миллатга ўхшамайдими? Соҳибжамол аёл гўрига олиб кетувчи сирли бўронлар миллат ҳаётини тупроқ билан кўмгувчи довул эмасми? Миллат учун аёл — чироқ учун оловдай гап. Агар чироқда мой кам бўлса, аланга кучсиз бўлмайдими?!
* * *
Куз ўтди, шамол дарахтлар баргини учириб кетди, зерикарли, йиғлоқи қиш кирди. Мен Байрутда қолдим, дўстларим билан орзу-армонларга кўмилиб яшардик. Орзулар бизни юлдузларга олиб учса, армонлар юрагимизни қора ерга урарди.
Ғам-андуҳ-ла кўмилган қалб ёлғизлик ва узлатда ором олгиси келарди; у ярадор оҳу подадан қочиб, ғорда яшириниб тузалиб кетиши ёки ўлимини кутгандай тўдадан узоқлашиб, ёлғизликни қўмсаб қолади.
Бир куни менга Флорис Карамий бетоб эканини айтишди. Мен узлатдан воз кечиб, уни кўргани бордим. Озиб-тўзиб кетган чол тўшакда ётарди. Ич-ичига тушиб кетган кўзлари зулмат чўккан ўрани эслатарди. Уларнинг тубларида азоб ва оғриқ арвоҳлари дайдиб юргандай эди. Яқиндагина қувонч ва эзгулик акс этиб турган юзини ажин босиб, хиралашганди. Йирик-йирик қўллари шу қадар озиб кетган эдики, бармоқларининг бўғимлари яққол кўзга ташланиб турарди.
Соғлиғингиз қандай, деб кўнгил сўрадим. У буришган юзини менга ўгирди, лабларида ғамгин жилмайиш кўринди, қаердандир олислардан эшитилаётган ожиз товушда деди:
— У ерда, эшик ортида Салма. Далда бер унга. Кўз ёшларини артиб, бу ёққа бошлаб кир. Ёнимда ўтирсин…
Салма диванда, юзини ёстиққа босиб ётган экан. Отасининг тинчи бузилмасин деб, ҳўнграб юборишдан ўзини зўрға тутиб турарди. Мен аста унга яқинлашиб, номини айтиб чақирдим. Нафасим зўрға чиқди. У асабий титраб кетди, худди даҳшатли тушдан уйғониб кетгандай бўлди, оҳиста ўрнидан турди. Менга ғалати қараш қилди, менинг нега бу ердалигимни тушунмай, арвоҳ деб ўйлади, шекилли.
Чуқур сукутда бир неча дақиқа ўтди. Бу сукунат бизларни бахтдан маст бўлган дамларимизга қайтаргандай эди. Салма бармоғининг учи билан ёшини артди.
— Кўраяпсанми, замон нақадар ўзгарган, — деди ўкиниб Салма. — Кўраяпсанми, тақдир бизни қандай алдади, мана шу даҳшатли мағорага олиб келди? Кеча бизларни баҳор муҳаббат билан боғлаган жойда, айни қишда, жон бераётган киши тўшаги ёнида учрашдик. Қандай равшан эди ўша кун ва қанчалар қоп-қора бу кеча!
Шу иборанинг охирини мен зўрға эшитдим. Салманинг бўғзига тиқилиб келган йиғи унинг гапларини чувалаштириб юборди. У қўли билан кўзларини беркитди.
— Биз бўрон олдида миноралардай дадил турамиз, — шивирладим мен унинг сочларига тикилиб, — ғанимлар қиличини кўкраги билан тўсган жангчилардек турамиз. Мағлуб бўлсак жафокашлардай жон берамиз, ғолиб келсак қаҳрамонлардай яшаймиз… Жабру ситамлар олдида бош эгмай яшаган жонлар қийноғи тинчлик ва осойишталик бўлган жойга қочишдан кўра мардоналикдир. Чироққа урилиб, ўша заҳоти ўлиб кетадиган парвона қоронғи уясида узоқ йиллар тинчгина яшайдиган кўрсичқондан устундир. Қиш совуғига ва табиат инжиқликларига бардош беролмайдиган уруғлар ерга илдиз отиб, ҳамал гўзаллигидан қувона олмайдилар. Қуёшга тик боқиб, тошлоқ йўлдан дадил қадам ташлаб борайлик: қоялар орасида сочилиб ётган калла суяклари ва буталар орасидан ўрмалаб чиқадиган илонлар билан нима ишимиз бор! Агар қўрқувдан ярим йўлда тўхтайдиган бўлсак, тун арвоҳлари бизни ёвузона қичқириқ билан қарши оладилар. Агар чўққига дадил чиқиб борсак, биз билан бирга макон руҳлари ғалаба мадҳини куйлайдилар! Ўзингни қўлга ол, Салма, кўзёшларингни арт ва қайғунгни яшир. Отанг бизларни кутаяпти, олдига кирайлик. Сен — унинг ҳаётисан, унинг соғлиғи — сенинг табассумингда.
Салманинг нигоҳида назокат ва алам бор эди.
— Мендан сабр-бардошли ва қатъиятли бўлишни сен талаб қилаяпсанми? Ахир ўзингнинг кўзларинг умидсизлик ва изтироб билан лиммо-лим-ку? Ўзи оч камбағал бошқани тўйдира олмайди. Ўзини даволай олмаган кимса бошқа беморни даволай оладими?
Салма отасининг ётоқхонасига кирди. Мен унга эргашдим. Биз беморнинг бош томонида ўтирдик. Қиз зўраки жилмайди, қария ўзини тетик кўрсатишга ҳаракат қилди. Қизнинг бахтсизлигидан юрак-бағри эзилган касал отанинг, падарининг бетоблигидан ларзага тушган севгувчи қизнинг дарду аламлари муҳаббат ва ўлим олдида бирлашди.
Менга ўзим учун ҳам, улар учун ҳам алам қиларди. Тақдир учаламизни бирлаштирган эди, у бизларни куйдириб кул қилди.
Қария ўгирилиб қизига қўлини узатди.
— Қўлингни қўлимга қўй, — деди ота қизига.
Салма унга қўлини тутди. Ота қизининг қўлини эркалаб, бармоқлари билан қисди.
— Яшаш мени чарчатди, болагинам, — деди ота. — мен узоқ умр кўрдим. Ҳаёт лаззатларидан бенасиб бўлмадим, вақтимни беҳуда ўтказганим йўқ. Болалигимда капалаклар кетидан қувишни яхши кўрардим, ўсмирлигимда севдим. Ёшим улғайганда пул топдим — ҳамиша омадим чопган, ошиғим олчи эди. Мен онангни йўқотганимда, Салма, сен ҳали уч ёшга ҳам тўлмагандинг. Онанг менга бебаҳо хазина — сени қолдирди. Сен жуда тез улғайдинг, чеҳрангда онангнинг юзи акс этди. Юриш-туришинг, хатти-ҳаракатинг билан онангни эслатиб турардинг. Мен энди қаридим, мункайган чолга айландим, чолларнинг дунёси эса ўлимнинг юмшоқ қанотларида бўлади. Қайғуни қув, қизгинам, мен сени вояга етказдим, ўлганимдан кейин ҳам сен билан бўламан. Бугун ўламанми, эртагами ёки кейинроқ, барибир, ёнингда бўламан… Ҳаётимиз кунлари кузги япроқларга ўхшайди, ҳар томонга учиб кетади. Агар мен мангуликка сал олдинроқ кетсам, демак, фақат шунинг учунки, менинг руҳим онанг билан учрашишни соғиниб қолган…
Қария қўлини ёстиғи тагига тиқиб, олтин суви югуртирилган рамкадаги эски суратни олди.
— Яқинроқ ўтир, қизим, — деди у ёдгорлик суратдан кўзини узмай. — Сенинг онанг мана шунақа эди. Бу унинг қоғозда акс этган сояси, холос.
Салма отасига яқинлашди, кўзёшини артди, тасвирдаги чеҳрани яхшироқ кўриш учун унга тикилди — у худди кўзгудагидек, ўз аксини кўриб турарди. “Она! Онажон!” дея шивирлади Салма, сўнг суратни титраётган лабларига босди…
“Она” — инсон лафзидан айтиладиган энг нафис сўз бу, энг ёқимли мурожаатдир бу. Муҳаббат ва умидга тўла бу қисқа сўз инсон юрагининг энг нафис ифодасидир. Она — ҳаётдаги ҳамма нарса шу биргина сўзда мужассам, бошингга ғам тушса, ҳамдард бўлади, умидсизликда ишонч уйғотади, ўзингни жонсиз сезсанг куч бағишлайди; у назокат, раҳм-шафқат манбаи; онасини йўқотган одам, кўкрагига бош қўйган инсондан, кўзи билан ҳимоя қилган, қўли билан оқ фотиҳа берган кимсани йўқотади.
Табиатдаги ҳамма нарса оналик рамзидир. Қуёш – ернинг онаси, уни ўз ҳарорати билан иситади, нури денгиз тўлқинлари шовуллаши, ирмоқлар шилдираши, қушлар сайраши билан аллалайди; ер – дарахтлар ва гуллар онаси, уларни ўстиради, озиқлантиради; улар эса ўз навбатида ширин мевалар ва ҳаётбахш уруғлар онасидир; бутун мавжудотнинг онаси эса гўзаллик ва муҳаббат ҳосиласи — мукаммал, абадий сўнмас руҳдир.
Салма Карамий онасини билмасди, у гўдаклигидаёқ ўлиб кетганди, лекин унинг суратини кўриши билан “Онажон!” деб хитоб қилди. Уруғ ер бағрида яширин бўлганидек, бу сўз ҳам қалбимизда яширин, у қайғу ва қувонч пайтидагина тилдан отилиб чиқади. Хушбўй ҳид атиргул юрагидан ана шундай отилиб чиқиб, атрофга ёйилади.
Салма онаси суратидан кўз узмай тикилар, уни эҳтирос билан ўпар, сўнг кўксига босарди. Кейин отаси ёнига чўкди. Форис Карамий унинг сочини силади.
— Сен онангнинг қоғоздаги сиймосини кўрдинг, холос, — деди у. — Энди диққат билан эшит, мен сенга унинг бир суҳбатини айтиб бермоқчиман.
Салма бошини кўтарди. Бутун вужудини қулоқ қилиб отасини тинглашга тайёрланди.
— Онангни отаси қазо қилганида сени ҳали кўкракдан айиришмаганди, — деб бошлади қария. — Бу йўқотишдан онанг жуда қайғуда эди. Дафн маросимидан қайтишимиз билан, онанг мана шу хонада ёнимга ўтириб, қўлларимни кафтига олди.
— Отам ўлди, Форис, — деганди ўшанда онанг, — лекин ёнимда сен борсан, бу менга далда беради. Отаси ўлганда онанг шундай деган эди, Салма. Мен бу дунёни тарк этсам, сен ҳам шундай дейишинг керак.
— Онам отасидан жудо бўлганида, — деди андуҳ билан Салма, — унинг ёнида сиз бор эдингиз. Сиз бу оламдан кўз юмсангиз, айтинг ёнимда ким бўлади? Онамнинг отаси вафот этганида, унинг ёнида содиқ ва севимли, муносиб эри бор эди. Унинг отаси оламдан кўз юмди, лекин ёнида қизчаси бор эди. Сизга бирор нарса бўлса, менинг ёнимда ким бўлади, отажон? Сиз менга ҳам ота, ҳам она эдингиз, болалигимда дўстим, ёшлигимда устозим бўлдингиз — бундай йўқотишни ким қоплай олади?
Салма ёш тўла кўзларини менга ўгириб, ўнг қўли билан енгимни ушлади.
— Мана, менинг яккаю ёлғиз дўстим, отажон, — деди у.– Сиз вафот этсангиз, менинг ёнимда фақат шу бўлади. Лекин бундан менга қандай наф бор, унинг ўзи ҳам изтиробда-ку, ахир? Изтиробдан ўзи тарс ёрилай деб турган юрак бошқага қандай далда бериши мумкин? Ғамдан адо бўлган кўнгил бошқанинг қайғусидан енгил тортармиди? Қанотлари қайрилган кабутар учолмайди. Бу — менинг дўстим, лекин ўз қайғум билан уни ғамга ғарқ этдим. Бу — менинг акам, ҳамма акалар сингари у ҳам қайғумга ҳамдард бўла олади, лекин бошимга тушган ташвишимдан қутқара олмайди. Биз биргаликда йиғлаймиз, бундан кўзларимиз ёши янада аччиқлашади, юрак дардимиз янада кучаяди.
Салманинг ҳар бир сўзи менинг ҳаяжонимни оширарди; ҳис-туйғуларим кўксимга сиғмай кетарди… Қариянинг боши ёстиққа чўкиб борарди, унинг толиққан қалби шамолда титраётган чироқ алангасини эслатарди.
– Қўй энди, мен хотиржам омонатимни топширай, жон қизим, — дея шивирлади қария, қизининг гапдан тўхташига имо қилиб.– Онанг мени чақираяпти, Салма, энди мен бора қолай, қизим. Ҳамроҳ шамол эсиб қолди, кема елканларини кўтарди ва сузишга тайёр. Рулга ёпишиб уни тўхтатишга уринма, қизим! Мен тириклигимда сени севардим, болагинам, ўлганимда ҳам севаман. Сенга мадад бериш ва ҳимоя қилиш учун руҳим ҳамиша ёнингда бўлади.
Қария менга ўгирилди. Кўзлари ярим юмуқ эди. Сўзларидан ўлим уфуриб турарди.
— Сен, ўғлим, Салма учун ака бўл. Ахир, сенинг отанг менга ота ўрнида эди. Қизимнинг ёнида бўл, нима бўлишидан қатъи назар, унинг дўсти бўл. Унинг ғам чекишига йўл қўйма. Ўлганлар учун аза тутиш — адашган болаларимизнинг одати. Қизимга қизиқ-қизиқ воқеалардан гапириб бер, ҳаёт мадҳини куйла — овуниб, ғам-андуҳни унутади… отангга айт, мени хотирласин. Ундан сўрасанг, ёшлигимда қандай бўлганимни айтиб беради… Шуни билиб қўйсинки, уни сенинг қиёфангда сўнгги нафасимгача яхши кўрганман…
Чол жилмайиб қолди, нигоҳи иккаламизга қараб турарди.
— Дўхтирни чақирманглар, — шивирлади у, — берган ҳапдорилар тутқунлик онларимни узайтиради, холос. Қуллик даврим ўтди — руҳим эркинлик кенгликларига интилмоқда. Агар гуноҳим бўлса, жон таслим қилмай ётганим билан уни юволмайман, борди-ю, соф бўлсам ҳам жаннат эшиклари мен учун муддатидан олдинроқ очилмайди. Фол очиш билан юлдузлар йўналишини ўзгартиб бўлмаганидек, кишилар ибодати билан тангри иродасини қайтариб бўлмайди. Мен ўлгач, дўхтирлар ва руҳонийлар билганларини қилишсин. Тўлқин тўлқинни чақиради, аммо кема, барибир, соҳилга қараб сузаверади…
* * *
Шу даҳшатли тунда Форис Карамий зулмат талвасасига тушиб, сўнгги бор кўзини очди. Унинг нигоҳи Салмага қадалди. Қизи унинг тўшаги ёнида тиз чўкиб турарди. У нимадир демоқчи эди, лекин айтолмади, чунки уни ўлим овоздан маҳрум этганди. У фақат нафас олди, шивирлаши зўрға эшитилди:
— Тун ўтди… Тонг отди… Салма… Салма…
Унинг боши кўксига тушди, ранги оқарди, лабларида жилмайиш қотиб қолди. Форис Карамий жон берди.
Салма отасининг қўлларини ушлади. Муздек эди… Қўллар синган қанотлардек осилиб турарди.
— Раҳм қил, ё тангрим, — шивирлади Салма ерга таъзим қилиб, — барча қайрилган, синган қанотларга раҳм қил!
* * *
Форис Карамий вафот этди, мангулик унинг жонини ўз оғушига олди. Мансурбек унинг бойлигига эга бўлди, қизи ўз бахтсизлигининг асирасига айланди…
Мен бўлсам, хом хаёллар ва ташвишларнинг айқаш-уйқаш йўлларида адашиб юрардим, вақт мени йиртқич ўлжасини тилка-пора қилгандай азобларди. Китоб ўқиб, овунай деб ҳар қанча ҳаракат қилмай, фойдаси бўлмади, қайтанга оловни ўчираман деб унга мой қуяётгандай бўлардим. Авлодлар сафида мен негадир фақат қора сояларни кўрардим, қўшиқларида фақат инграш ва йиғиларнигина эшитардим. “Иова китоби” мен учун Довуднинг ажойиб оятларидан гўзаллроқ, “Иеремиянинг йиғиси” Сулаймоннинг “Қўшиқлар қўшиғи”дан яхшироқ, Бармакийлар фожеаси Аббосийлар улуғворлигидан яқинроқ, Ибн Зурайка қасидалари Хайём рубоийларидан ёқимлироқ, “Ҳамлет” — бутун француз адабиётидан устунроқ эди.
Ғам-алам кўзимизни шу қадар хиралаштириб қўядики, биз фақат қўрқинчли арвоҳларнигина кўрамиз. Худди шунга ўхшаб, умидсизлик қулоқларни кар қилиб қўяди ва биз фақат ҳаяжонланган юракларимизнинг уришинигина эшитамиз, холос.
ИСО МАСИҲ БИЛАН АСТАРТА ЎРТАСИДА
Байрут чеккасидан Лубнон тоғлари этакларигача чўзилган боғлар ва адирлар ўртасида эски бутхона бор. Қояга ўйиб ишланган бу кичик ибодатхонани тол, зайтун ва бодом дарахтлари тўсиб туради. Бу муқаддас жой катта йўлдан ярим чақиримча четроқда. Унинг мавжудлигини камдан-кам одам билади. Суриядаги бунга ўхшаш диққатга сазовор тарихий жойлар унутилган. Улар археологлар кўзидан йироқ бўлгани учун ҳам дарвешлар ва савдойи ошиқлар учун бошпана бўлиб қолган.
Мазкур бутхонага келувчилар унинг шарқий деворидаги, афтидан финикийлар томонидан ишланган нақшни кўрадилар. Тақдир тақозоси билан бу барельефнинг айрим чизиқлари ўчган, йил фасллари унинг рангини ўзгартириб юборган. Лекин унда севги ва гўзаллик маъбудаси Астарта1 нинг тасвирини илғаса бўлади. Муҳташам тахтда ўтирган маъбуда атрофидан еттита яланғоч қиз жой олган. Улар турли ҳолатда тасвирланган. Қизлардан бири қўлида машъала, иккинчиси — кифара, учинчиси — ладандон, тўртинчиси — шаробли кўза, бешинчиси — атиргул шохи, олтинчиси — дафна чамбари, еттинчиси — ўқ-ёй ушлаб турибди. Уларнинг юзлари итоаткорона Астартага қаратилган.
Бошқа деворда анча кейинроқ ишланган барельеф аниқ кўриниб турибди: хочга тортилган Исо атрофида мотамсаро она Мария Магдалена, яна иккита аёл унга аза тутишаяпти. Ушбу барельеф Византия услубида, афтидан, бешинчи ёки олтинчи асрда ишланган.
Ғарбий деворда — иккита думалоқ дераза, кечқурунлари шу деразалар орқали бутхонага қуёш нури тушади, барельефлар тилла билан қоплангандай кўринади.
Бутхона ўртасида тўртбурчакли устун бўлиб, қирралари қадимий ўйма нақш билан безатилган; нақшнинг у ер-бу ерида қотиб қолган қон кўзга ташланади, демак, қадимги ибодатчилар бу жойда қурбонлик сўйганлар, қонга шароб, гул ёғи ва мой қўшиб нақшга ишлов берганлар.
Ибодатхонада жимлик ҳукм сурар, бундан кишини ваҳима босарди, унда сеҳрли мафтункорлик бор эди, у қадимги воқеаларни сўзсиз ҳикоя қилар ва бундан қалблар ларзага тушарди. Чунки бу ҳикоялар халқлар ҳаётидан сўзларди, бир эътиқоддан иккинчисига ўтишларни баён этарди. У шоирни бу дунёдан олис дунёга жалб қиларди, файласуфни инсон эътиқодли қилиб яратилган ва у кўзга кўринмайдиган нарсани ҳам илғай олишга қодирлигига, хаёлидагини сўзда, оҳангда ва ҳайкалларда ифодалай олишга ишонтиришга уринарди.
Ана шу кўздан нари бутхонада мен ойда бир марта Салма Карамий билан учрашиб турардим. Биз соатлаб деворлардаги тасвирларни кузатардик, бундан кўп асрлар бурун Голгофада хочга тортилган қаҳрамон ҳақида ўйлардик, Астарта сиймосидаги гўзалликка сиғиниб яшашган ва севишган финикиялик йигит ва қизлар қиёфасини тасаввур қилишга уринардик.
Бизнинг учрашувларимизни сўз билан ифодалаш қийин. Зеро бу учрашувлар лаззат ва азобда, қувонч ва қайғуда, умид ва афсусда ўтарди. Одамни инсон, ҳаётни эса мангу жумбоқ қилувчи ҳамма нарса шу висол дамларида акс этарди. Буни эслашни ўзи жуда ҳам оғир.
Ўша эски бутхонада учрашиб, биз шундоқ эшик олдида, елка билан деворга суяниб ўтирардик. Ўтмишни эслаб, ҳозирги кунимиз тўғрисида гаплашардик, келажак ҳақида даҳшатга тушиб фикр юритардик. Юрагимизга тош бўлиб чўккан дардимизни баҳам кўрардик; бир-биримизга далда берадиган сўзларни топишга интилиб, умид чўнтакларини ширин хомхаёллардан тозалашга уринардик. Ниҳоят ҳаяжонларимиз босилиб, кўзёшларимиз қурирди, юзимизга ранг кирарди; дунёдаги ҳамма нарсани унутиб, севги шаробидан сархуш бўлиб, бир-биримизга қучоқ очардик… Эсимда, Салма сочларим толасини ўпар, мен унинг бармоқларини лабларимга босардим…
Учрашувларимизда завқ-шавқ ва шикоятлардан ташқари бошқа нарсалар ҳам бўларди. Тез-тез, буни ўзимиз ҳам сезмаган ҳолда умумий мавзудаги суҳбатга ўтардик: гап бу ғалати дунёда нималар бўлаётгани тўғрисида, адабиёт ва ёзувчилар ҳақида, китоблар ютуғи ва камчилиги, фалсафий ва ижтимоий муаммолар ҳақида борарди. Салма аёлларнинг жамиятдаги ўрни, ўтмишнинг унинг дунёқарашига таъсири, ҳозирги замон никоҳи, унга хос камчиликлар хусусида баҳслашишни яхши кўрарди. Эсимда, бир сафар шундай деганди: “Ёзувчилар ва шоирлар аёлни тушунишга ҳаракат қилаяпти, лекин аёл қалбининг сирлари уларга бегона. Чунки улар аёлга лаззатланиш пардаси орқали қараяптилар, қараганда ҳам фақат баданини кўраяптилар, ёхуд бу хилқатни нафрат микроскопи остида текшириб, фақат бўйсуниш ва ожизликни ҳис этмоқдалар”.
Бошқа бир сафар, қўли билан барельефни кўрсатиб, деди: “Ушбу қоя юрагида авлодлар қўли билан икки рамз ўйиб ишланган. Улар аёл туйғусини аниқ ифодалайди. Бу рамзларда ишқ билан изтироб, тантана ва қурбонлик ўртасида саргардон аёл қалби сирлари акс этиб турибди. Тахтда ўтирган Астарта билан хоч олдида турган Мария ўртасида тентираётган аёл қалби сирлари ошкор этилаяпти… Эркак шон-шуҳрат ва буюклик соҳиби бўлади, донг таратади, лекин бунинг жазосини аёл тортади”.
Бизнинг учрашувларимизни худо ва боғлар устида учиб юрган қалдирғочлардан бошқа ҳеч ким билмасди. Салма извошда Пошо боғи деган жойга келар ва у ердан кимсасиз йўлак билан висол жойига йўл оларди. У қўлида соябон, оҳиста келиб ибодатхонага кирганда, мен чинакам эҳтиросдан ва ташналик туйиб, ўша ерда уни кутиб турган бўлардим.
Бизларни кўриб қолишади деб қўрқмасдик, виждон азобини ҳис этмасдик. Чунки оловда тозаланган ва кўзёшлари билан ювилган қалбларимиз кишилар айб ва шармандалик деб атайдиган тушунчалардан устун эди; қалбларимиз қуллик қонунлари ва урфларидан озод эди. Зеро, бундай қонунлар инсон қалби туйғулари учун анъналар томонидан ўрнатилган эди.
Инсоният етмиш аср давомида чирик қонунларга бўйсуниб яшади, фалакнинг мангу ҳақиқатлари маъносини англамай яшади. Инсон нигоҳи шаклларнинг хира ёруғида ўрганиб, қуёш нурларидан кўзи қамашди. Кўнгил хасталиги ва яралари авлоддан авлодга ўтиб, инсон мижозининг ажралмас қисми бўлиб қолди. Одамлар энди бундай касаллик ва жароҳатларни дард эмас, балки юқоридан юборилган табиий, олижаноб ожизлик деб қарамоқдалар. Бундай иллатлардан озод одамларни эса мажруҳ, маънавий етукликдан маҳрум деб ҳисоблайдилар.
Қонуний эри уйидан чиқиб, учрашувга бораётган Салма Карамий ўз номига доғ туширишга уринаётганлар ожиз, хаста мижозли одамлар қаторига киради; улар учун соғ одамлар жиноятчилар, руҳан тетиклар эса исёнчилар ҳисобланади; улар кундузги кун ёруғида йўловчилар оёғи остига тушиб қолишдан қўрқиб, қоронғида ўрмалаб юрган ҳашаротларга ўхшайдилар.
Ноҳақ қамалган маҳбус — қўрқоқ, у ўз қамоқхонасининг деворини бузиши мумкин, лекин бунга ботинолмайди. Салма Карамий маҳбус эди, у озодликка чиқишга ботина олмади. Шундай экан, уни ўз қамоқхонаси деразасидан яшил далаларни мириқиб томоша қилди деб айблаш адолатданми? Бутхонада муқаддас Астарта ва хочга тортилган Исо ўртасида мен билан учрашиш ниятида эри Мансурбек уйини тарк этгани учун уни хиёнатчи деб ҳисоблаш керакми? Одамлар истаганини гапираверишсин. Салма уларнинг чирик қалблари ботган ботқоқликни босиб ўтиб, бўрилар увлаши ва илонлар вишиллаши етмайдиган дунёга қадам қўйди. Мен ҳақимда ҳам истаганча гапираверишсин. Ўлимнинг юзига тик қараган кимса қароқчилар кўзига қарашдан қўрқмайди; боши узра сермалган қилични кўрган аскар кўча болаларининг унга тош отишларига парво қилмайди.
ҚУРБОН
Бир куни, июл ойининг охирларида, Байрут аҳолиси иссиқдан жон сақлаш учун тоғларга йўл олганда, мен, одатдагидек, бутхонага жўнадим; Салма билан учрашажагимдан қувониб борардим, ёнимда Андалуз шоирларининг шеърлар китоби ҳам бор эди. Мен уларни ўқишни яхши кўрганим учун қўлимдан қўймасдим.
Мен таниш жойга тонг ғира-ширасида етиб келдим ва одатдагидек эшик олдида ўтирдим. Бу ердан лимонзорлар оралаб ўтадиган йўлак кўриниб турарди. Ҳар замон-ҳар замонда китоб варақлаб, менга ёқиб қолган шеърларни ўқиб қўярдим; амирлар, шоирлар ва аскарларни эсладим. Улар Севилья, Қурдоба, ва Гарнатани тарк этгандилар, боғлар, мачитлар ва қасрларда ўзларининг муқаддас орзуларини қолдириб кетгандилар, шу кўйи қайтиб келолмагандилар.
Келганимдан бир соатча вақт ўтгач, Салмани кўрдим. У бутазорлар оралаб, соябонига суянганича бутхонага қараб келарди. У келиб ёнимга ўтирди, қарашлари ташвишли эди. Мен сергак тортдим, вужудимни ғалати туйғу қамраб олди.
Салма фикримни уққандай изоҳ беришга шошилди.
— Яқинроқ ўтир, севгилим, — деди у сочларимни силаб, — Яқинроқ ўтир ва сени сўнгги бор тўйиб-тўйиб бағримга босай. Айрилиқ вақти келди.
— Бу нима деганинг? — хитоб қилдим мен. — Қандай куч бор бизни ажратадиган?
— Кечагина, бизларни бир-биримиздан айирган ўша сўқир куч, — деди Салма. — Тилсиз-забонсиз, мўмин-қобил, индамас бир куч. Ана шу куч номидан кишилик қонуни ҳукм чиқаради. Худди мана шу куч қуллар қўли билан иккаламизнинг ўртамизга ўтиб бўлмас ғов солди. У бунёд этган иблислар одамлар жонига ҳокимлик қилмоқдалар. Айни шу куч суяклар ва калла чаноқларидан тикланган уйда мени тарки дунё қилишга маҳкум этди.
— Ёки эринг бирор нарсадан шубҳаланяптими? Сен унинг ғазабланиши ва ўч олишидан қўрқаяпсанми?
— Эримга барибир. Уни менинг қандай вақт ўтказганим қизиқтирмайди. Эримни кўпроқ қашшоқлик туфайли қуллик бозорига тушиб қолган бахтсиз қизлар қизиқтиради. Атир сепиб, сурма қўйган бу шўринг қургур қизлар ўзларини қон ва кўзёшига булғанган бир бурда нонга сотмоқдалар…
— Унда гап нимада? Мана шу қасрга келиб, худо нигоҳи ва асрлар арвоҳлари олдида мен билан ўтиришингга нима халақит бераяпти? Ёки менинг қалбим сирларига боқишдан чарчадингми? Жонинг мендан ажралишни тусаб қолдими?
— Йўқ, севгилим, — деди кўзига ёш олиб Салма. — Менинг жоним айрилиқни истамайди, чунки сен унинг бир қисмисан. Кўзларим ҳам сенга боқишдан чарчамайди, зеро, сен унинг зиёсисан. Лекин тақдир менинг қўлимни занжирлаб, оёғимга кишан уриб, ҳаёт ўпқонига отди, сенинг бошингга ҳам шундай кунлар тушишини истай оламанми?
— Аниқроқ гапир, — ялиндим мен, — сўзларингда не сир яширин? Шубҳаларга ғарқ этма мени!
— Ҳаммасини ошкора айтиб бўлмайди. — деди у. — Изтиробдан тилим тош қотган бўлса, қандай гапирсин? Агар оғзимга умидсизлик муҳри босилган бўлса, унинг очилиши даргумон. Фақат бир нарсани айта оламан: мени ўз тузоғига етаклаб келганлар тўрига тушишдан қўрқаман.
— Нима бўлди, Салма? Кимдан қўрқаяпсан?
Қўллари билан юзини беркитиб, Салма аччиқ хўрсинди.
— Мени маҳкум этишган мозордан ойда бир бор чиқиб кетаётганимни архиепископ билиб қолибди.
— Бу ерда ким билан учрашаётганингни биларканми?
— Агар билса сенинг ёнингда бўлмасдим. Лекин Мансурбекнинг амакиси ўта гумондор ва шубҳаланадиган бўлиб қолибди. У менинг кетимдан кузатувчилар қўйди, хизматкорларига мендан кўз узмасликни, ҳар бир қадамимдан огоҳ бўлиб туришни тайинлади.
Салма бироз жим қолди, кейин кўзёшларини артиб, давом этди:
— Мен ўзим учун қўрқмайман, сувга чўкаётганга шамоллаш қўрқинчли эмас. Сендан хавотирдаман. Сен офтоб нуридай эркинсан, менга ўхшаб макр-ҳийла тўрига тушмаслигинг керак. Менга нима бўлиши муҳим эмас, тақдирнинг барча ўқлари кўксимга қадалиб бўлган. Лекин сенинг ҳаётинг — бу баҳор, шон-шуҳрат йўли сен учун тўсилишини истамайман.
— Ҳаёт фақат ғам-андуҳдан иборат эмас, — эътироз билдирдим мен. — Қулоқ сол, Салма. Диққат билан тингла. Нима, бизларни одамлар пасткашлиги ва ёвузлигидан фақат айрилиқ қутқара оладими? Нима, бизлар учун севги, ҳаёт, эркинлик йўллари беркми? Ҳаёт қулларига бўйсуниш қолган, холосми?
— Бунинг биргина йўли, — деди у умидсиз бир овозда, — учрашиб туришни бас қилайлик.
Мен унинг қўлларига ёпишдим, жон ҳолатда хитоб қилдим:
— Ўзгалар иродасига ҳаддан ташқари узоқ вақт бўйсундик, Салма. Бизлар учрашган дамлардан бошлаб иккимизни сўқир етакчилар бошлаб келаяпти. Биз эса уларнинг санамларига тиз чўкиб келаяпмиз. Мен сени таниганимдан буён Булос Ғолибнинг қўлидаги иккита коптокчага ўхшаймиз. Бизни истаганча ўйнаб, хоҳлаган томонига итқитиб юборади. Нима, энди биз унинг иродасига бўйсуниб, ўзимизни ер ютгунга қадар чидаб юраверамизми? Ҳаёт нафаси — Тангри инъоми, уни ўлим оёқлари остига ташлаш — гуноҳ, эркни қулликка айлантириш ҳам гуноҳ. Ўзининг ҳаёт шамини ўчириши — худога шак келтиришдир, ахир, жонимизни Яратганнинг ўзи ато қилган-ку? Хўрловчига қарши исён кўтармай, унинг барча жабру зулмларига чидайверган кимса ҳақиқатга қарши ёлғоннинг ёрдамчисидир, гуноҳсизни калтаклаётган жаллоднинг малайидир. Биз бир-биримизни севамиз, Салма. Севги эса қалби буюк инсонларга Яратган томонидан ишониб топширилган бебаҳо хазинадир, уни чўчқалар титкилаб, тепкилашлари ножоиз. Бизнинг олдимизда кенг дунё, гўзаллик ва мўъжизаларга тўла, нега энди биз архиепископ ва унинг малайлари қазиган тор чоҳда яшашимиз керак? Бизнинг олдимизда ҳаёт ва ўша ҳаётдаги эркинлик, ўша эркинликдаги ҳузур ҳаловат: нега энди елкамиздаги бўйинтуруқни улоқтириб, оёқларимиздаги кишанларни парчалаб, тинчлик ва осойишталик бор жойга кетмаслигимиз керак? Тур ўрнингдан, Салма, ушбу оддий черковни тарк этиб, Тангрининг буюк ибодатхонасига кирайлик! Бу ердан кетайлик, қулликдан ва гумроҳликдан олис-олисларга бош олиб кетайлик. Қароқчилар қўли ва иблислар тили етмайдиган жойларга кетайлик! Соҳилга шошилайлик, тун қоронғисидан фойдаланиб, кемага ўтирайлик-да, денгиз ортига борайлик ва ўша томонларда янги ҳаёт қурайлик. Хўп дегин, Салма, бу дақиқалар шоҳлар тожидан қиммат, фаришталар сиридан қадрлидир. Юра қол!
Салма бошини сергади.
— Йўқ, — деди у секин. — Йўқ, жонгинам. Тақдир қўлимга оғу ва ёвшон шарбати тўла косани тутди ва мен уни бирданига ичиб бўшатдим, тагида бир неча томчи қолди, холос. Уни охиригача ичишим керак, акс ҳолда коса тагида нима ёзилганини билиб бўлмайди. Севгига лим тўла, исёнсиз ва хотиржам янги ҳаётга муносиб эмасман. Қанотлари қайрилган қушга тошлар орасида сакраб юриш қолди, холос. — У энди ҳеч қачон кўкка парвоз қилолмайди. Кўзи ожиз одам яқиннигина кўради, ёрқин ёруққа бардош беролмайди. Бахт ҳақида гапирма, шу биргина сўз бағримни тилади. Ҳузур-ҳаловат ҳақида лоф урма — унинг сояси ҳам қайғу сингари даҳшатга солади. Яхшиси, сен бу ёққа — фалак куйдириб кул қилган кўксимдаги муқаддас алангага қара… Биласанми, мен сени она ёлғиз фарзандини севгандек севаман. Ана шу меҳр-муҳаббат йўлида сени ўзимдан ҳам ҳимоя қилишга тайёрман. Олов билан тозаланган ана шу севги мени дунёнинг нариги чеккасига ҳам қочиб кетишдан ушлаб турибди, токи соф ва мусаффо, ёвуз ғийбатлардан йироқ бўлиб қол. Ошиқ севгиси интиҳосида севгилисига эришишни истайди, унга бошқа ҳеч нарса керакмас… Ёшлик тонготарида келган муҳаббат эса учрашувлар ва висол онлари билан кифояланади, бўса ва қучоқлар оғушида улғайиб боради… Кеча архиепископ мени жияни уйидан ташқари чиқишимни тақиқламоқчи эканини эшитиб, эрга теккан давримда қисматимга тушган ана шу ягона қувончимдан ҳам маҳрум этишмоқчилигини билиб қолгач, дераза олдида узоқ туриб, денгиз ортини кузатдим, у ердаги бепоён мамлакат ҳақида шахсий мустақиллигим, маънавий озодлигим тўғрисида ўйладим. Сўнг ҳўнграб йиғлаб юбордим. Тожу-тахтидан, давлати ва бор будидан ажралган шоҳ худди шундай йиғлайди. Шунда кўзёшларим орасидан сенинг юзинг, кўзларинг кўриниб кетди. Улар менга тикилиб турарди. Бирдан эсимга айтган сўзларинг тушди: “Аскарлар сингари душман қиличларини кўксимиз билан тўсиб, бардош берамиз. Мағлуб бўлсак жафокашлардай жон берамиз, ғолиб келсак, қаҳрамонлардай яшаймиз. Жабру ситамлар олдида бош эгмай яшаган жонлар қийноғи тинчлик ва осойишталик бўлган жойга қочишдан кўра мардоналикдир…” дегандинг ўшанда. Сен бу сўзларни ўлим қанотлари отам узра соя солганда айтгандинг. Улар менинг эсимга кеча, бошим узра умидсизлик қанот қоққанда тушди ва мен кучимга куч қўшилганини, руҳим тетиклашганини сездим. Мен учун қандайдир маънавий озодлик йўли очилди. Бу шундай бир озодликки, қайғуни юмшатади. Шунинг учун бўлса керак, севгимиз денгиз каби чуқур, юлдузлар каби олис, бўшлиқ сингари чексиз бўлиб кўринди. Шунда мен ўзимда пайдо бўлган янги куч билан ёнингга йўл олдим, сенинг ёнингда бўлиш бахтига эришишга чорлаётган буюк қудрат қурбони бўлишга келдим; сенинг номинг кишилар кўз ўнгида пок ва ҳалол бўлиб қолиши учун шундай қилдим. Мен авваллари бу ерда ожиз оёғимда оғир кишанлар билан келардим, бугун эса ўша кишанлар оғирлигини ва йўлнинг олислигини назар-писанд қилмайдиган қатъият туйғуси билан келдим. Олдин қўрқоқ, жонсарак арвоҳ сингари келардим, бугун эса руҳан кучли аёл бўлиб келдим. Бу аёл қурбонлик юкини ҳис қилиб ва изтироб машаққатини била туриб, севгилисини нодон одамлардан ҳимоя қилиш учун келди. Авваллари мен ёнингда соя сингари титраб турардим, бугун эса муқаддас Астарта ва хочга қоқилган Исо олдида мен ким эканлигимни тан олишга келдим. Мен — сояда ўсган дарахтман, лекин бугун менинг шохларим офтоб нурларида бирпас эркаланиб яйрашади… Мен сен билан хайрлашгани келдим, севгилим; ва бу видолашув муҳаббатимиз мисоли тантанавор ва улуғвор бўлишини истайман; токи бу муҳаббат олтинни эритиб, унга янада ёрқинроқ порлайдиган тус берувчи олов сингари ловуллаб турсин!
Салма эътироз билдиришимга имкон бермади; кўзлари чақмоқ сингари чақнаб турарди, уларнинг шуьласидан миям карахт бўлиб қолганди. Салманинг чеҳраси шу қадар улуғвор тус олгандики, сўзсиз итоат этишини талаб қилувчи қиролича аксини олганди. Ва бирдан у ўзини менинг кўксимга отди, авваллари унда бундай эҳтиросни сира кўрмагандим, қўллари билан бўйнимни қучоқлади-да, лабларини лабларимга босиб, чўзиб-чўзиб ёндиргувчи бўсалар олди. Бу ўпишлардан танимга жон кирди, баданимда ҳаёт уйғонди. Қалбимнинг сирли торлари жунбушга келди, ички борлиғим ўзини олий қонун ихтиёрига топшириб, бутун дунёга қарши исён кўтарди, зеро у Салманинг кўксини ибодатхона, унинг қалбини эса меҳроб дея тан олган эди.
Қуёш ботиб, унинг сўнгги нурлари яқин-атрофдаги боғ-роғларни тарк этгач, Салма ўрнидан турди ва бутхонанинг ўртасига чиқди; деворлар ва бурчакларга шундай эътибор билан қарадики, гўё ўз кўзларининг нури билан тасвирлар ва рамзларга ёрқинлик бермоқчи бўлди; кейин Исонинг хочга михланган қиёфасига яқинлашди-да, аста тиз чўкиб, қон силқиётган оёқларидан бир неча бор ўпди.
— Мен Астартанинг қувонч ва завқ-шавқидан кўра, сенинг хочингни танладим, назаретлик Исо! Мен мушку анбар ўрнига қоним ва кўзёшларим билан ювиндим. Кавсар ўрнига ёвшан шарбати ичдим. Мени ўз муридларинг сафига қабул қил ва Голгофага бошла…
Салма менга ўгирилди.
— Энди мен арвоҳлар чарх ураётган ўша зимистон мағорага қувонч билан бораман. Менга ачинма, севгилим. Қайғурма, жоним. Худонинг соясини кўрган бу жонимга иблисларнинг арвоҳлари даҳшат сололмайди. Олий бахтни кўриб, унинг зиёсида бир зумга бўлса-да, баҳраманд этилган бу кўзларим дунёнинг ҳар қандай азобларидан кўр бўлмайди.
Шойи ёпинчиққа ўралганича бутхонадан узоқлашиб бораётган Салманинг изидан қараб қоларканман, ўзимни алаҳсираётгандай ҳис қилдим; ўйларим шарпалар дунёсида тентираб юрганга ўхшарди. Кўриб турганим олатасир дунёда эса худолар тахтларида ўтирган эмиш, фаришталар одамларнинг гуноҳларини ёзиб бораётган эмиш, руҳлар ернинг ғамхона — байтулҳазани ҳақида ҳикоя қилар, жаннат парилари эса муҳаббат, дарду ғам ва абадият қўшиғини куйлаётганмиш.
Ўзимга келганимда атрофни тун қоронғиси қоплаганди; анча вақтгача дарахтлар орасида тентираб юрдим. Салма айтган ҳар бир гапини эслашга уриндим. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, имо-ишораси кўз ўнгимда гавдалана бошлади. У билан айрилиқ муқаррар эканини англаб етгач эса, ёлғизлик изтироби ва севги ҳасратидан миям карахт бўлиб қолди, юрагим типирчилай бошлади. Шундагина ҳур бўлиб туғилган инсон ўз ота-боболари томонидан яратилган шафқатсиз қонунларга қул бўлиб яшаётганини тушуниб етдим. Тақдир эса бугуннинг ўтмишга бўйсунишидан, шу дақиқадаги истак учун келажакдан воз кечишдан бошқа нарса эмаслигини ҳис этдим. Салмани яшашдан кўра ўлишга мажбур қилган ички майллар ҳақида кўп ўйладим. Ўзини қурбон қилишга тайёрлиги билан исёнкор руҳ бахтини қиёслаб, қайси бири муносиброқ ва муқаддасроқ эканини англашга уриндим. Лекин ўзимга фақат бир нарса кашф этдим; ҳалоллик ва яхши ниятлар билан самимийликка эришиларкан. Салма эса, самимиятнинг тимсоли, ростгўйликнинг намунаси эди.
ҚУТУЛИШ
Салма эрга текканидан бери беш йил ўтди. Лекин ҳанузгача фарзанд кўрмаганди. У билан ёстиқдоши ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлайдиган, табассуми билан бегоналашган қалбларни худди отаётган тонг тун билан кунни яқинлаштиргандай бирлаштирувчи фарзанд етишмасди.
Туғмайдиган аёл ҳамиша эрининг нафратини уйғотади. Чунки худбинлик туйғуси эркакка болалар унинг ҳаётининг давомчиси деган ўйни сингдиради. Шунинг учун ҳам у ер юзида мангу яшаб қолиш учун авлод қолдиришга ҳаракат қилади.
Дунё ташвишларига кўмилган эрга туғмайдиган хотин уни аста-секин тамом қиладиган ўлимга маҳкум этаётгандай туюларди; наф-рати ошиб, ундан воз кечади ва эрини ҳалок этишга қасд қилган ёвуз душмани сингари унга ўлим тилайди. Қулоқларига қадар турмуш ташвишларига ботган, пўлатдай совуқ, мозордай тўймас Мансурбек Ғолиб ўғил кўришни истарди; унинг номи, моли ва давлатига ворислик қиладиган ўғил кутарди ва туғмагани учун Салмадан нафратланарди.
Мағорада ўсадиган дарахт мева бермайди. Салма Карамий ҳаётнинг соясида яшарди ва фарзанд кўрмасди. Қафасга тушган булбул уя қурмайди, зеро полопонларига қулликни мерос қолдиришни истамайди. Салма Карамий бахтсизлик асираси эди ва фалак унга болалар туғишни раво кўрмади. Водий гуллари — булар қуёш севгиси билан табиат эҳтиросидан туғилган болалардир; инсон болалари — ота муҳаббати билан она нафосатидан туғилган фарзандлардир. Салма эрининг ҳашамдор ва зимистон уйида нафосат нафасини ҳам, ҳиссиёт ҳароратини ҳам сезгани йўқ. Бироқ у тун зулматида худодан фарзанд ато этишини сўраб ибодат қиларди. Боласи нозик бармоқлари билан онасининг кўз ёшларини артишини, кўзларининг нури билан ажал шарпасини қувишини тиларди.
Салма шундай эҳтирос билан ибодат қилди, шундай ёлвориб илтижо этдики, унинг йиғиси булутларни тешиб ўтди, осмон аёлнинг қорнига ширин нафосат ижро этилган оҳангни уфурди ва никоҳдан беш йил ўтгандан сўнг уни она бўлишга тайёрлади, бу билан Салмани хўрлик ва шармандалик доғидан халос этди.
Саҳрода ўсган дарахт гуллади ва мева тугди.
Қафасдаги булбул ўз қанотлари патидан уя ясай бошлади.
Оёқ остига ташланган кифара тонг сабоси йўлига дуч келди ва узилмай қолган торлар тебраниб кетдилар.
Бахтсиз Салма кишанланган қўлларини кўкка кўтарди ва фалакдан мукофот олиш илинжида дуолар қилди.
Ҳаётда ҳеч бир нарса мангулик иродаси-ла бахтини туйган бепушт аёл қувончи билан тенглаша олмайди. Баҳор уйғонганида бор бўлган бутун гўзаллик, тонг отиши билан келгувчи бутун шодлик худо томонидан ранжитилган ва кутилмаганда Тангрининг ўзидан афв олган аёл кўксида мужассамдир.
Она қорнидаги ҳомиладан таралаётган ёғдудан кўра ёрқинроқ ва кучлироқ ранг йўқ.
Ҳамал ойи қир-адирларга сайқал бериб ўтди. Айни шу дамларда Салманинг кўзи ёриши керак эди. Табиат худди у билан бирга қувонгандек дарахт куртакларига жон ато қилди, гуллар ва ўт-ўланларга ҳаёт бахш этди.
Бир куни кечаси, зулмат шарпалари Рас-Байрутдаги уйлар оралиғига жойлашиб олган пайтда Салмани тўлғоқ тутди. Унинг тўшагида ҳаёт-мамот жанги бошланди. Дўхтир ва доялар бу дунёга яна бир меҳмонни кутиб олишга тайёрланишди. Кўчадаги йўловчиларнинг қадам товушлари тиниб, тўлқинларнинг қирғоққа урилиш шовқини жим бўлиб қолгач, Мансурбек уйининг деразасидан юракни эзадиган чинқириқ эшитилди…
Жоннинг жондан ажралиш чинқириғи… Фанолик олдидан раҳм-шафқат ҳақида ёлвориш чинқириғи… Икки буюк хилқат — ҳаёт ва мамот оёқлари остига ташланган ожиз Салманинг чинқириғи.
Тонг отар пайти Салманинг кўзи ёриди, ўғил кўрди. Чақалоқнинг биринчи қичқириғидан ўзига келиб, кўзини очган Салма атрофида кулиб турган чеҳраларни кўрди… Кейин, диққат билан қараб, шуни сездики, унинг тўшаги ёнидаги ҳаёт билан ўлимнинг олишуви ҳали тугаганича йўқ; кўзи қамашиб илк бор хитоб қилди: “Болагинам!..”
Доя чақалоқни шойи матога ўраб, онасининг ёнига ётқизди. Дўхтир эса Салмага ғамгин қараб қўйди, бир неча бор алам билан, индамай бошини чайқади.
Тантанавор хитоблар қўшниларни уйғотиб юборди, улардан айримлари кийинмасдан, отани янги туғилган ўғил билан қутлагани чиқишди. Шифокор бўлса, она билан болага ачиниб қараб турарди.
Хизматчилар ворис туғилгани ҳақидаги хабар билан Мансурбекни табриклагани ва суюнчилар олгани шошилишди. Лекин шифокор энди умидсиз нигоҳ-ла Салма ва чақалоққа қарар, улардан кўз узмасди.
Офтоб чиққанда Салма чақалоқни кўксига босди; норасида илк бор кўзини очди, онасига қаради ва типирчилаб, кўзларини абадий юмди. Дўхтир унинг ёнига бориб, жонсиз танани онасининг қўлидан олди; унинг кўзларидан икки йирик томчи юзига оқиб тушди. У ўзича шивирлади: “Мана мусофир, келишга улгурмай, бу дунёни тарк этди…”
Бола ўлганди, одамлар бўлса ҳашаматли меҳмонхонани тўлдиришиб унга соғлик, узоқ умр тилардилар. Бечора Салма, дўхтирга қаради-ю, қичқириб юборди: “Боламни беринг, бағримга босай!” У яна бир бор қаради-да, тўшаги ёнида ҳаёт ва ўлим ҳамон олишувда давом этаётганини кўрди.
Бола ўлди, лекин унинг дунёга келганидан қувонаётганларнинг қадаҳлари янада қаттиқроқ жаранглашда давом этарди.
Тонготарда туғилиб, кун чиқарда ўлди — бандалардан кимдир вақтни чамалаб: “Тонг отардан кун чиқаргача бўлган муддат мангуликдан қисқадир, деб айтиши мумкин. Рост, халқлар туғилиши ва ўлиши оралиғидаги вақт мангуликка тенгдир.”
Фикр мисол туғилди-ю, бир нафас олгандай ўлди-кетди, соя сингари йўқолди, Салмага оналик туйғусини ҳис қилиш имконини берди, лекин онасига бахт бермай, унинг тўшагидан ўлим чангалини аритмай кетди.
Қисқагина ҳаёт – тун тугашида пайдо бўлиб, кун бошланишида сўнди, худди баргга тунда қўнган шабнам мисоли нур тушиши билан учди-кетди.
Худди мангулик айтган сўзни афсусланиб, ўз қаърига қайта олгандай…
Худди денгиз марваридни, кўтарилган сув тўлқинлари билан қирғоққа чиқариб ташлаб, сув қайтганда денгиз қаърига тортиб кетгандай…
Худди нилуфар гул, эндигина ҳаётга юз очганда ўлим оёқлари топтаб ташлагандай…
Салма бу дунёда ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ кутган кимса, келишга улгурмай қайтиб кетди, эшикни очди-ю, ҳаётга киришга улгурмади.
Дунёга келиши билан чақалоқ тупроққа айланди-қолди, инсоннинг ҳаёти, халқлар ҳаёти, қуёш, сайёралар, юлдузлар ҳаёти ҳам шундай…
Салма дўхтирга ўгирилди-да, аччиқ хўрсинди.
— Ўғлимни менга берсангиз-чи! — хитоб қилди у. — Беринг, эмизай уни!
Дўхтир бош чайқади.
— Бола ўлик, — зўрға шивирлади у. — Уни қайтариб бўлмайди. Сизга эса ҳаяжонланиш мумкин эмас — танглик ҳали тугагани йўқ.
Салма жон ҳолатда чинқириб юборди ва дарҳол жим бўлиб қолди. Юзини қувончли табассум қоплади. Гўё у ўзи учун ниманидир, шу пайтга маълум бўлмаган нарсани кашф қилгандай эди.
— Уни менга беринг, — деди Салма хотиржам товушда. — Беринг, ўлик бўлса ҳам майли…
Дўхтир ўлик чақалоқни унинг қўлларига қўйди. Салма боласини кўксига босди.
— Мени олиб кетгани келдингми, ўғилгинам, — деди Салма, деворга ўгириларкан. — Соҳилга йўл кўрсатиш учун келдингми? Бу қоронғу ғордан мени олиб чиққани келдингми, болам?
Яна бир неча дақиқадан сўнг дераза пардаси орқали ўтган қуёш нурлари ҳаракатсиз ётган икки тана устига тушди; оналикнинг улуғвор руҳи кузги ўлим қанотлари билан уларнинг ўрин-тўшагини қўриқлаб турарди.
Дўхтир кўзларида ёш билан хонадан чиқди. Меҳмонхонада у пайдо бўлиши билан қувончли ҳаяжонлар қайғу ноласига айланди. Фақат Мансурбеккина бирор товуш чиқармади, ғинг демади, бир томчи кўз ёш тўкмади, ҳеч қандай сўз айтмади; у тош ҳайкалдай қотиб, ўнг қўлида шароб тўла қадаҳ, серрайиб турарди.
* * *
Эртаси куни Салмага оппоқ никоҳ кўйлаги кийдириб, қордай оқ бахмал билан қопланган тобутга қўйдилар; чақалоқнинг кафани эса йўргак, тобути — она қучоғи, қабри унинг совуқ кўкси эди. Дафн маросими қатнашчиларининг жуда секин ҳаракати – ўлаётган инсон кўксидаги юрак уришига ўхшарди. Мен тобут ортидан эргашиб бораётган оломон орасида эдим; менинг хаёлимдан нималар кечаётганини, қалбим изтиробларини ҳеч ким билмасди.
Қабристонда архиепископ Булос Ғолиб дуо ўқиди; тунд ва лоқайд юзли руҳонийлар унга жўр бўлиб, тоат-ибодат қилдилар.
Тобутни қабрга туширишганда, кимнингдир шивирлагани эшитилди:
— Икки одамни бир тобутда кўмишганини сира кўрмагандим…
— Чақалоқ гўё онасини шафқатсиз эрнинг зулмидан қутқариш учун келгандай бўлди…
– Мансурбекка қаранглар, нақадар лоқайд нигоҳ. Бирданига хотини ва боласини йўқотган кишига сира ўхшамайди…
– Эртага архиепископ унга Салмадан бойроқ ва соғлиғи яхшироқ қайлиқ топади…
Гўрков мозорни тупроқ билан тўлдиргунча роҳиблар дуо ўқиб турдилар. Хайрлашадиган вақт келди ва одамлар навбат билан архиепископ ва Мансурбек ҳузурига келиб, кўнгил сўрадилар, ҳамдардлик билдирдилар. Мен бир чеккада ёлғиз турардим, ҳеч ким келиб ҳамдардлик билдирмади, ҳолбуки, Салма ва унинг ўғли мен учун дунёдаги энг азиз хилқатлар эдилар.
Мана, ҳамма кетди, қабристон бўшаб қолди. Янги кўмилган мозор ёнида белкураги билан ёлғиз гўрков турарди.
— Форис Карамий қаерга кўмилганини биласанми? — сўрадим мен.
У менга узоқ тикилди, кейин Салманинг қабрини кўрсатди.
— Мана шу чоҳда мен унинг кўксига қизини қўйдим, қизининг кўксига эса, Салманинг ўғлини қўйдим. Устидан эса мана шу белкурак билан тупроқ ташладим.
— Шу қабрга менинг юрагимни ҳам кўмдинг, — дедим. — Нақадар қудратли сенинг қўлларинг!
Гўрков дарахтлар панасига ўтиб кетгач, куч-мадорим қолмади ва мен Салманинг қабрига йиқилдим, унинг тақдирига ачиниб, ўксиб-ўксиб йиғладим.
Русчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон