МИНГ ТИЛЛОГА БАҲОЛАНГАН БОШ
Тарихий фожиа
Воқеа 1810 –1827 йилларда бўлиб ўтади
ҚАТНАШУВЧИЛАР:
О й д ў с б о б о
Х о н
Б о ш в а з и р
Х о н н и н г м а ҳ р а м и
Б е г и с в а М ир ж и қ – О й д ў с бо б о н и н г и н и л а р и
Қ ў н ғ и р о т ҳ о к и м и
Б и й л а р
Д ў с п а н – О й д ў с б о б о н и н г ж и л о в д о р и
Я с о в у л л а р, н а в к а р б о ш и л а р, н а в к а р л а р
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ
Д е ҳ қ о н л а р, б а л и қ ч и л а р, ч о р в а д о р л а р, е т и м л а р
БИРИНЧИ ВОҚЕА
К ў р и н и ш
Ёпиқ парда олдида қўлларига узун сопли – бир учи найзага, иккинчи учи болтага ўхшаш яроқ тутган уч ясовул икки бандини ҳайдаб келади. Бандиларнинг бири қалин соқолли, хушсурат Ойдўс бобо, иккинчиси унинг жиловдори, ғўлабир гавдали ёш йигит Дўспан. Ясовуллардан бири Ойдўс бобонинг бўғзига найза санчгудек, иккинчиси унинг бошини болта билан чопгудек алфозда. Учинчи ясовул оғзига латта тиқилган Дўспаннинг орқасидан турткилайди. Дўспан дам йиқилади, дам қаддини ростлайди. Саҳнага кириб йиқилганида Дўспаннинг оғзидаги латта қонга беланиб ерга тушади. У эркин нафас олиб,
билаги билан оғзини артиб тупуринади.
1-я с о в у л. Қалайсиз энди, Ойдўс бобо?
О й д ў с б о б о (унга бурилиб қараб.) Яхши. (Ясовуллар кулишади.)
2- я с о в у л. “Яхши”миш! Бу кишига у дунё ҳам яхши, дўзах ҳам яхши!
Д ў с п а н. Бу дунё ҳам, нариги дунё ҳам фақатгина қўли тоза, кўнгли оқ, ўзи ҳақ одамга яхши!
3-я с о в у л. Тилингни тий!
Д ў с п а н. Сизларга ўхшаганларга бу дунё дўзах, у дунё янаям баттарроқ!
1-я с о в у л. Ў-ў, лаънати! Жим бўл! Оғзингни юм!
Д ў с п а н. Ўзларингиз мажбур қиляпсизлар-ку!
1-я с о в у л. Бу гапинг билан бизгагина эмас, улуғ Хива хонига ҳам туҳмат қиляпсан!
Д ў с п а н. Дунёда улуғлар икки хил бўлади: бир хиллари ҳаммага маъқул келадиган иш қилади, яна бир хиллари ўзларига маъқул туюлган номаъқулчилигини ҳаммага маъқуллатмоқчи бўлади.
1-я с о в у л. Ҳой маҳмадана, шуни билиб қўйки, улуғ хонимиз одамларни фақат яхшиликка бошлайди, биз сенга ўхшаган бебошларни улуғ хоннинг ҳурматини жойига қўйишга ўргатамиз.
Д ў с п а н. Тўғри, Улуғ Хива хони яхшиликка бошлайди, бироқ сизлар… Бироқ сизлар ёмонликни, шафқатсизликни, ҳатто тиланчиликни ўргатасиз!
1-я с о в у л. Тиланчиликни?!
Д ў с п а н. Ҳовва.
1-я с о в у л. Исбот қил!
Д ў с п а н. Биз шаҳарга кирган пайтда ўрта ёшлардаги биров боласи билан етаклашиб, гаплашиб келаётган эди. Бизларга яқинлашганида у боласини орқасидан биз тарафга итарди. Бола олдимизга келиб, иккала кафтини очиб садақа сўради…
3-я с о в у л. Хўш, нима бўпти? Шуҳратпараст бий билан унинг жондорида ҳаром пул кўп деб ўйлагандир-да!
Д ў с п а н. Қарға ўз отини ўзи айтиб чақирар экан…
2- я с о в у л. Оббо, манови маҳмадана тилини тийишни билмайди, шекилли?!
Д ў с п а н. Бу дунёда ҳеч ким душманидан қўрқиб-писиб яшамаслиги керак. Кунлардан бир куни ўша душман ҳам ахийри ўлади-ку…
1- я с о в у л. Гапиргани қўймай қайта тиқ латтани оғзига!!!
Учинчи ясовул Дўспаннинг ўз кўйлагидан бир парча йиртиб олиб оғзига тиқади.
ПАРДА ОЧИЛАДИ
К ў р и н и ш
Олтину кумушдан нақшлар ўйилган дарвоза кўринади. Ясовулбоши бошқаларни ташқарида қолдириб ичкарига киради. Дарвоза очилади.
Баланд олтин тахтда ўтирган хоннинг икки томонида икки мулозим уни елпиб турибди. Хон ҳовлиқиб кирган ясовулбошига нафратли назар билан қарайди.
Х о н. Қандай хабар?..
Я с о в у л б о ш и. Хон ҳазратлари, сиз ҳамиша ҳурмат қиладиган қорақалпоқ элининг бош бийи Ойдўс фармони олийингизга тупурди!
Х о н. Қанақасига?..
Я с о в у л б о ш и. Саҳройи элнинг бош бийи ўзининг ёввойилигини кўрсатди-да…
Я с о в у л б о ш и. Шерғози мадрасасида таҳсил кўраётган бир туркман талабаси ёшлар орасида буюк Хоразмнинг офтоби бўлмиш Сиздек зоти олийлари ҳақида қинғир гаплар тарқатгани учун дорга ҳукм этилган эди. Фармони олийингизни бажо келтириш ниятида айбдорнинг бўйнидан арқон ўтказилиб, эндигина юқори кўтарилганида, саҳройи Ойдўс бий сизнинг номингизни сотиб дор остига келди-да, ўткир қиличи билан гуноҳкорнинг бўйнидаги арқонни кесиб ташлади. Хоразм тарихида бундай ёввойилик ҳеч қачон бўлмаган. Лекин улуғ аждодларимиздан қолган анъаналарга кўра, бир одам икки марта дорга осилмайди. Гуноҳкорнинг бўйнига осилган дор арқони бехос узилиб кетса ё кесиб ташланса, маҳкум озод қилиниши керак…
Х о н. Қани, Ясовулбоши, сен нарироқ тур-чи! Ҳой, қорақалпоқнинг бош бийи, сен гапир-чи, бу қанақаси?
О й д ў с б о б о. Шунақа бўлиб қолди-да, хон ҳазратлари.
Х о н м а ҳ р а м и (хон билан ясовулбошига қараб.) Бий эмас, ўтакетган бузғунчи экан-ку, бу!
Х о н (вазминлик билан ҳар бир сўзини салмоқлаб.) Гуноҳкор талаба туркман экан, сиз қорақалпоқ бўлсангиз… Тоға-жиянмисиз ё?..
О й д ў с б о б о. Танимайман уни! Бироқ ҳамма туркийларнинг қонимиз битта-ку!
Х о н м а ҳ р а м и. Ялоқхўр саҳройининг келтирган далилига қаранг!
О й д ў с б о б о. Бундай ўзбошимчаликка журъат қилганимда аввало сизнинг довруғингизга довруғ қўшишни ўйладим, хон ҳазратлари.
Х о н. Аксинча, менинг обрўйимга соя ташлаб, ўзингизни ғамхўр-меҳрибон кўрсатмоқчи бўлгансиз!
Х о н м а ҳ р а м и. Тўғри айтасиз, хон ҳазратлари. Бу одамнинг дарди бедаво!..
О й д ў с б о б о. Ҳой маҳмадана маҳрам, мен хон ҳазратлари билан гаплашаётганимда орага суқилавермай жимгина туринг, хўпми!
Х о н (маҳрамга жиддий таҳдидли қараш қилади-да, Ойдўс бобога синовчан кўз тикади.) Нима, Фармони олийимнинг тўғрилигига шубҳангиз борми?
О й д ў с б о б о. Ҳеч қандай шубҳам йўқ!
Х о н. У ҳолда?..
О й д ў с б о б о. Солиқ пулларини хазинага топшириб саройдан чиқаётганимда мункиллаган чол-кампирни кўриб, тўхтадим. Ҳол-аҳвол сўрашдим. Гапиришимдан кимлигимни билиб олишдими, қайдам, иккаласи йиғлаб-сиқтаб ёлғиз ўғилларининг дорга ҳукм қилинганини айтишди. Ҳузурингизга кириб арз-дод қилишмоқчи экан, посбонлар киргизишмабди… Шундан кейин уларга шафқат сўраб ҳузурингизга киргунимча ёш талаба дорга осилмасин деб…
Х о н м а ҳ р а м и. Бу кенг жаҳонда…
О й д ў с б о б о. Бу кенг жаҳонда ҳар бир инсоннинг кўнгли ҳам ўзича кенг жаҳон, уни сизга ўхшаганлар тангу тор қилади, маҳрам!
Х о н. Биламан, ақллисиз, Ойдўс бий. Лекин ақл одамни шуҳрат-парастлик касалидан халос қилсагина ақл! Акс ҳолда…
Х о н м а ҳ р а м и. Хон ҳазратлари, Қўнғирот ҳокими ҳам ўша эси паст талабага шафқат сўраб келган эди. Калтафаҳм ҳокимга аччиқ қилиб жазони оғирлаштирган эдингиз…
Х о н. Ойдўс бий, сизни ҳам қўнғиротлик деб эшитганман. Мен ҳам шу уруғданман. Қўнғиротларнинг туб бобоси ким, биласизми?..
О й д ў с б о б о. Бизнинг элимиздаги афсоналарга кўра, барча туркийлар орасига олаоғизлик уруғини сепмоқчи бўлганларга қарши курашган бир гуруҳ йигитлар, бошқалардан ажралиб алоҳида кўзга ташланиб туришлари учун ёппасига қўнғир отларга миниб чиққан эканлар. Қўнғирот қабиласи ана ўшаларнинг авлоди дейишади.
Х о н. Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” китобида бош-қачароқ ёзилган. Ёфаснинг тўққизинчи авлоди Элхоннинг Каён деган кенжа ўғлидан урчиганлар “қўнғиротлар” дейилади.
О й д ў с б о б о. Буни ҳам инкор қилмайман. Демак, ўша қўнғир отларни дастлаб минганлар Каённинг уллари…
Х о н. Энди очиғини айтинг-чи, дор арқонини кесиш билан қандай қилиб менинг шуҳратимга шуҳрат қўшмоқчи бўлдингиз?
Х о н м а ҳ р а м и (чидаёлмай.) Жаноби олийлари, бу саҳройи ҳазратларининг шуҳратини оширишни ўйламади, аксинча, сиздек офтоби оламнинг юзларига оёқ қўймоқчи бўлди.
О й д ў с б о б о (маҳрамга нафратли бир назар ташлаб, хонга тик қарайди.) Хон ҳазратлари, бу маҳрам улуғ пиримиз Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Тупроқ бўлғил, олам сени босиб ўтсин” деган ҳикматидан бехабарми дейман. (Хон маҳрамга бурилиб қарайди).
Х о н м а ҳ р а м и. Хон ҳазратлари, бу кишининг ўзлари ўша улуғ пирнинг яна бир ҳикматли сатрини унутиб қўйганини билса экан!..
Х о н (Ойдўс томонга бурилади.) Қулоғим сизда!
О й д ў с б о б о. Маҳрамнинг нега қўнғирот ҳокимини тилга олганини тушуниб турибман, хон ҳазратлари. Менинг Бегис, Миржиқ деган икки иним ҳокимнинг гумашталарига айланиб қолишган. Шуни юзимга солмоқчи. Менга ишонинг, уларни ўз йўриғимга юргиза оламан. “Сизнинг шуҳратингизга шуҳрат қўшмоқчи бўлдим” деганимнинг маъносига келсак, эллик, юз, икки юз йилдан кейин келадиган авлодлар “Улуғ Хива хонининг қорақалпоқларни ҳурмат қилгани шунчаликки, ҳатто унинг Ойдўс деган ўзбошимча бийи эркалик қилиб дор арқонини кесганида ҳам уни бағрикенглик билан кечирган экан!..” деб номингизни тилларда достон қилсин дедим ўзимча. Чунки ҳозирга қадар ўтган улуғ хонлар ҳақидаги афсоналар мана шундай эркаликларга ҳам тантилик билан қарашдан бошланган, деб ўйлайман.
Х о н м а ҳ р а м и. Хон ҳазратлари, Хивага ҳар келганида ҳузурингизга таклиф қилиб, гоҳида бир лагандан овқат еганингиз учун кўзларини ёғ босган бунинг!..
Х о н (бир муддат ўйланиб.) Ясовулбоши, бу одамнинг қўлларини ечинг! (Ясовулбоши тезда Ойдўс бобонинг қўлларини ечишга тутинади.) Энди Ойдўс бийдан бошқа ҳаммаларингизга рухсат!
Х о н м а ҳ р а м и (чиқа туриб.) Офтоби олам, фармони олий ижро этилмаса, раият нима дейди? Ойдўснинг ўрнига унинг жиловдори дорга осилса ҳам бўлаверар эди!
О й д ў с б о б о. Ундан кўра ўзимни осингизлар! Отқўшчим ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган йигит-ку!
Ҳамма чиқиб кетади.
Х о н. Ойдўс бий! Аввалги учрашганимизда халқингиз учун мустақил хонлик сўраганингиз эсимда…
О й д ў с б о б о. Хон ҳазратлари, қорақалпоқ ери эгасиз боққа ўхшайди. Мевасига ишқивозлар кўп! Унга, сиз ғамхўрсиз, албатта. Бироқ боғ қанчалик катта бўлса, парвариши ҳам шунчалик қийин, шунинг учун камҳосил бўлади. Кенг далани кичик-кичик отизларга бўлиб суғориш, экиш фойдали. “Қорақалпоқ” деб аталувчи кенг еримизни алоҳида отиз қилишга ёрдам берсангиз, Сизга ҳосилни янада мўлроқ етказар эдик, деган ниятим бор эди.
Х о н. Аввалги гал сиз ўзингизга хос донолик билан “Шаҳар шаҳардан улканроқ ё кичикроқ, бир жой иккинчи жойдан баландроқ ё пастроқ, одам одамдан ақллироқ ё ақлсизроқ бўлгани билан, халқ халқдан катта ё кичик, паст ё баланд, ақлли ё ақлсиз бўлмайди” деган эдингиз. Бу гапни кўп ўйладим. Улуғ файласуф Афлотун “Ҳар қандай саволга тўғри жавоб бериш учун аввало савол тўғри қўйилган бўлиши керак” деган экан. Бугунги ножўя хатти-ҳаракатларингиздан кейин, очиғи, мен яна иккилланиб қолдим.
О й д ў с б о б о. Донишманд боболаримиздан бири “Гапирувчи нодон бўлса ҳам тингловчи доно бўлсин” деган экан. Сиз доно тинг-ловчисиз, хон ҳазратлари!
Х о н. Навоий ҳазратлари “Ипак қурти ўзини қурбон қилиб ипак бўлади, уруғ тупроққа кўмилиб унади” деганларидек, сиз ўзингизни қурбон қилиб бўлса-да, элингизга мустақил хонлик олмоқчисиз-да, а?
О й д ў с б о б о (ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қовуштиради.) Етти пуштингизга жоним фидо, ҳазрати олийлари!
Х о н. Ўтиринг! Ўзи хонликни истаган одам бошқа хонга ҳадеб бош эгавермайди.
О й д ў с б о б о. Хонлик менга эмас, халқимга керак! Сизга содиқ фуқаро эмас, елкадош дўст бўлиш учун керак!
Х о н. Тушунаман, бироқ ҳар бир инсоннинг ўзига хос нури билан сояси бўлганидек, ҳар бир хонликнинг ҳам ўзига яраша нури бор, сояси бор…
О й д ў с б о б о. Халқимга мустақил хонлик кераклиги тўғрисида гапириб бошласам гапим адо бўлмайди. Бундан икки йил аввал менинг арзимни тинглаб бўлгач, “Ўтов тикадиган одам аввало керагаларини тайёрлаб, ўрнини тозалайди. Хонлик ҳам ўтовдек гап!” деб, бу маслаҳатингизни аввало ўзингиз амалга ошириш учун менга кўп ёрдам кўрсатдингиз… Натижада уруғ-уруғ бўлиб бош-бошига солиқ опкеладиган бийларнинг сонини аста-секин камайтириб бориб, охири фақат мени қолдирдингиз… Ҳаммаси эсимда, шунинг учун бугунги ўзбошимчалигим ҳам сизнинг донолигингизга қаттиқ ишонганимдан…
Х о н. Бугун дор арқонини кесганингизда менинг ҳузуримга кириш учун баҳона қидирганингизни ҳам тушуниб турибман. Шундай бўлса ҳам бўйнингизга олинг: нега бошингизни асрашни ўйламай, ўз жонингизга ўзингиз қасд қилдингиз? Ақлнинг кўз, қулоқ, тил деган хизматкорлари ҳам борлигини унутдингизми ё? Ё мен бир пайтлар “Барча қорақалпоқлар бир ақлли бийга бўйсунишлари керак” деганимга ўзингизча бутун Хоразм менга бўйсуниши керак деган хаёлга бордингизми?..
О й д ў с б о б о. Хон ҳазратлари, аввалги айтганларимга шуни қўшимча қила оламанки, пушти-палаги ўзингиздек туркий, жангари туркманлар билан ёвлашиб қолмасангиз эди, деган хавотирим ҳам бор эди. Ўзингиз биласиз, туркманлар ғазабга минсалар, қудратли Эрон шоҳига ҳам бош эгмайдилар…(Бироз жим қолиб.) Ақлингиз ҳар қандай ғазабни ҳам, ёвузликни ҳам жиловлай олишини яхши биламан, хон ҳазратлари.
Х о н. Ажабо… Жамики туркийларнинг ўзаро ёвлашмаслиги, тил топишишига тарафдордек кўринасиз-да, тағин нима учун биздан бўлиниб чиқиб, алоҳида қорақалпоқ хонлигини тузмоқчи бўласиз?..
О й д ў с б о б о. Бутун туркий оламга бўлмаса-да, ақалли Туркистон аймоғига, бу аймоқнинг узоқ-яқин тарихига ўзингизча бир назар ташласангиз…
Хон бир муддат ўйланиб, мийиғида кулади-да, қарсак чалади. Маҳрам ва ясовуллар югургилаб киришади.
Х о н. Машшоқлар билан раққосаларни чорланг! Ҳиндча ҳам, арабча ҳам бўлсин!
Икки ясовул тез чиқиб кетади-да, созандалар ва раққосалар билан кириб келади.
Соз билан рақс авжига чиқади. Хоразм лазгисига ҳиндча ва арабча рақслар уланиб кетади. Ойдўс бобо баҳузур тинглаб-томоша қилиб ўтирибди. Дўспан ҳам хурсанд. Хон гоҳ раққосаларга, гоҳ Ойдўс бобога, гоҳ унинг анқайиб ўтирган отбоқарига қараб мийиғида кулади. Маҳрам билан ясовуллар ўйин-кулгига лоқайд-бепарво ҳолда
ўзларича шивирлашадилар:
– Менимча, хон ҳазратлари Ойдўсни мана шундай аввалига бир севинтириб, кейин дорга осишни буюради!
– Нега ундай дейсиз?
– Қарасанг-чи, мийиғида кулиб ўтирибди-ку!
– Жиловдорининг аҳволига қаранг!
Жиловдорнинг оғзидан сўлаги оқиб турибди.
– Ҳамма қорақалпоқлар ҳам шунақа оғзи очиқ…
– Дурустроқ раққосалари йўғ-у, мустақил хонликни бошларига урадими, қайдам!
Созандалар билан раққосалар чиқиб кетадилар.
Х о н. Нима дейсиз, Ойдўс бий?
О й д ў с б о б о. Мустақил хонлик мана шундай бўлади демоқчисиз-да? Худо хоҳласа, сиз қўллаб-қувватласангиз, бизда ҳам булар бўлади, хон ҳазратлари. Ўрганамиз. Биринчи галда Хивадан ўрганамиз. Биз ўз хонлигимизни сиз баъзида овга чиқиб дам оладиган жойга айлантирсак ажаб эмас.
М а ҳ р а м (ёнидагиларга.) Ана, кўрдингизми, бу ноинсоф уялмай-нетмай хонга ўз элининг сулув қизларини инъом қилиб, шу билан алдамоқчи!
Д ў с п а н. Бировга туҳмат қилишдан қўрқинг, маҳрам!
Х о н (уларга бепарво.) Мулла бўлиш осон, одам бўлиш қийин, Ойдўсбий…
О й д ў с б о б о. Менга ўхшаган бир саҳройи подшога ер-сув сўраб борганида подшо: “Сув Сулаймонники, ер Қодирники!” деган экан, ўша анойи саҳройи “Менга осмон ҳам етади!” депти. Бизга аввало сизнинг фатвонгиз керак, хон ҳазратлари.
Х о н (бир муддат ўйланиб қолганидан кейин.) Таваккал қилишга шошилмасангиз бўлармиди, Ойдўс бий…
О й д ў с б о б о. Пайғамбаримиз Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғилларидан бири Ёфасга Турон ерлари ватан қилиб берилган экан. Йиллар ўтиб Ёфас авлодлари кўпайгач, уруғ-уруғ бўлиб бўлинган эканлар. Кейин бу уруғлар орасида ҳосилдор ерлар, кенг яйловлар учун талашиш-тортишиш бошланиб кетибди. Аҳволни яхшилашни ният қилган боболаримиздан бири бундан 1330-1400 йилча аввал барчани бир хонликка бирлаштиришга ҳаракат қилган экан.
Х о н. Ҳа, туркийлар тарихидан бирмунча хабардор экансиз. Бироқ сиз Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” китобини ўқиб кўринг! Унда Нуҳ пайғамбарнинг Хом, Сом, Ёфас деган ўғиллари бўлган дейилади. Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Шом юртидаги Жуди тоғида тўхтаганидан кейин Хомни Ҳиндистонга, Сомни Эронга, Ёфасни эса, Шимолга йўллайди. Шундай қилиб, Ёфас барча кунчиқар жойларга эгалик қилган экан.
О й д ў с б о б о. Мени авф этасиз, хон ҳазратлари. Бизнинг халқимиз орасидаги афсоналарга кўра, ҳозирги Орол денгизининг ўрни баландгина бир отов бўлган экан. Нуҳ пайғамбарнинг кемаси худди шу отовда тўхтаб, кемадан тушганлар билан ўз ўғилларига ер юзини тақсимлаб, кенжа ўғли Ёфасга сиз айтган жойларни мерос қилиб берган экан… Ана шундан кейин Оллоҳнинг амри билан Нуҳ алайҳиссалом ясаган кеманинг ўрни халқнинг рўшнолиги учун илоҳий денгизга айлантирилган экан…
Х о н. Худо хоҳласа, мен сизга Абулғозихоннинг “Шажараи туркини ўқиш имкониятини яратиб бераман. Ёфасдан тўраган, кейин кўпдан-кўп уруғлару қабилаларга бўлинган барча туркийларни биринчи марта бир хонликка, яъни тўққиз хонликни бир хонликка бириктирмоқчи бўлган улуғ туркий бобомиз Бумин ҳоқон деган одам бўлган экан.
О й д ў с б о б о. Бизда ҳам шундай афсона бор, хон ҳазратлари.
Х о н. Ўша Бумин ҳоқоннинг даврида турк ҳоқонлиги, яъни турк эли жуда кенгайган… Афсуски, бу хонлик узоқ яшамаган. Бунга сабаб қонига Иблис қони кўпроқ қўшилган ўзбошимчалар кўпайиб, ҳокимият тарқаб кетган. Эзгу ният тупроққа кўмилса ҳам қайта униб чиқиб, орадан 250 йил ўтгач, туркийлар орасида Элтариш исмли доно ҳоқон дунёга келади. У барча майда хонликларни қайта бирлаштиришга киришади. Афсуски, унинг ҳукмронлиги ҳам бор-йўғи 40-50 йил давом этгач, улкан салтанатни парчалайдиган сизга ўхшаганлар пайдо бўлади, Ойдўс бий…
О й д ў с б о б о. Менинг туркийларни парчалаш ниятим йўқ, хон ҳазратлари.
Х о н. Сиз туркийлар тарихи ҳақида қандай афсоналар биласиз?
О й д ў с б о б о. Сиз айтган улуғ Элтариш ҳоқондан кейин, яъни Туронда ислом дини қарор топганидан кейин эркакларнинг ола-оғизликлари, амалпарастликларига чидаёлмаган хотин-қизлар қўзғалиб, уларни Гулойим деган донишманд аёл подшо бошқариб, туркийларни бирлаштиришга ҳаракат қилган. Бу ҳақда элда “Қирқ қиз” деган достон бор.
Х о н. Ҳаммаси афсона, албатта.
О й д ў с б о б о. Хон ҳазратлари, агар барча тарихимиз ёзиб қолдирилганида эди, бугунги кунда туркийлар бутун оламга ҳукмронлик қилишлари эҳтимол эди.
Х о н. Амударёнинг нарёғидаги “Қирқ қиз” қалъаси ҳам ўша қирқ қизларнинг номига қўйилгандир, балки?
О й д ў с б о б о. Худди шундай, хон ҳазратлари.
Х о н. Қирқ қизларнинг кўтарилиши қачон бўлган экан?
О й д ў с б о б о. Бундан тахминан 900-1000 йил аввал!
Х о н (мийиғида кулади.) Ҳамма нарсада ҳозиржавобсиз, Ойдўсбий. Ана ўша аёл подшодан кейин туркийларни бирлаштирган улуғ Амир Темур салтанати ҳам кўпга бормаган. Бизнинг туркийларда бир-бирларини кавлаштириш, бир-бирларини менсимаслик деган бир бало бор…
Хон маҳрами билан ясовуллар яна ўзаро шивирлашадилар.
Х о н м а ҳ р а м и (секин.) Хон ҳазратлари Ойдўсни аввалига кулдириб-қувонтириб, ахири дорга остиради деганимга энди ишондингизми?
1- я с о в у л (секин.) Ҳа, хонимизнинг донишмандлигига тараф йўқ!
2- я с о в у л (секин.) Тўғри, тарихда туркийлар тузган не-не улуғ давлатларни шу Ойдўсга ўхшаган одамлар парчалаганини бўйнига қўйганидан кейин, албатта, дорга осишга буюради-да.
Х о н. Барча туркийларнинг бирлашиш ва парчаланиш тарихини яхши билар экансиз, Ойдўс бий. Бизнинг ҳам, сизнинг ҳам муштарак ниятимиз туркийларни парчаланишдан сақлаб қолиш эмасми?
Х о н м а ҳ р а м и (секин.) Ана, айтмадимми, энди тамом!
1-я с о в у л. Ойдўс ўлди деяверинг!
2- О й д ў с б о б о. Бизнинг боболаримиз тугул оналаримиз ҳам туркийларнинг марказлашган давлатини парчалашни ҳеч қачон истамаганлар. Жунғорлар босқинидан кейин Кичик юз хонлигига ўтганлар… Парча-парча бўлиб, қай бирлари Хитойда, қай бирлари ўрис подшолигида қолиб кетганлар. Афғон томонларга кетганлар ҳам бор. Миср тарафларга, Шомга кетган қондошларимиз ҳам йўқ эмас. Афсуски, шимолдаги музли улкан денгиздан то Ўртаер денгизига қадарлик кенгликларни эгаллаган шунча туркий хонликлар “қорақалпоқ” деб аталган бир қабилани ҳимоя қилиб қола олмагани сабабли уларнинг бирон жойда “хонлик” деган ўз ўтовига эга бўлолмаганига барча қорақалпоқлилар жуда афсусланамиз. Очиғини айтсам, узатилган қизларга ўхшаб, пешонамизга битган ўтов (хонлик)нинг келини, яъни керагаси бўлиб яшаймиз. Излаб изимизни тополмаймиз.
Х о н (узоқ ўйланиб қолади.) Тўғри айтасиз, бироқ… биздан Қўнғирот ҳокимлиги ҳам…
О й д ў с б о б о. Уларники бир йиқилган чоғда яна бир йиқилиб кўришдек гап.
Х о н. Бу гапингизда жон бор. Уруғлар миллатлардан аввал пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам қадимги тарихимизда Қўнғирот, Кенегас, Манғит, Хитой, Қипчоқ, Уйшин, Найман, яна бошқа туркий уруғларнинг отлари билан жуда кўп хонликлар яшаб ўтганлар. Ҳаммалари бир-бирлари билан ёвлашиб, бир-бирларини тариқдай тирқиратиб, ер-яксон қилаверганларидан кейин баъзи қабила-уруғларнинг ақлли, атоқли йўлбошчилари ҳар бир туркий қавмларнинг бошқа уруғларидан ўзига эргашганларни бирлаштириб, хонликлар, мамлакатлар барпо қилиш натижасида ҳар бир хонлик – мамлакат ўзича аталиб, бугунги миллат тушунчасини пайдо қилган деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам биз ўзбеклармиз. Қозоқлар ҳам, қирғизлар ҳам, туркманлар ҳам… шундай йўллар билан шаклланган. Сизлар ҳам ҳар хил уруғлардан қуралган, бироқ бошқаларга ўхшаб алоҳида хонлик бўлолмаган бир қавмсиз. Қавмингиз бош кийимингизга қараб “қорақалпоқлар” деб аталган. Шундай қилиб, ҳозирги кунда алоҳида миллат аталаётган туркийларнинг барчаси бир отанинг фарзандлари эканлигини бутун олам билади.
О й д ў с б о б о. Минг яшанг, улуғ хонимиз. Мен ҳам анча нарсани энди тушуняпман. Қайси бир уруғни олиб қараманг, унинг бир бўлаги туркий халқларнинг, мамлакатларнинг ҳар бирида бор.
Х о н. Шундай. Барчамиз учун афсусланарли ҳол – бўлинганимиздир. Ҳатто биз “ўзбек” теб аталувчи миллат ҳам Хива, Бухоро, Қўқон хонликларига бўлинганмиз. Қозоқда ҳам шундай. Уч жузи уч хонликни ташкил қилади. Шуларни кўриб сизнинг ҳам алоҳида бир хонлик тузгингиз келаётгани тушунарли, ниятингиз ёмон деёлмайман.
О й д ў с б о б о (ўрнидан туриб хонга уч марта таъзим қилади-да, қайта ўтиради.) Илоё, сиздек туркийларнинг ғамхўрига Худойим минг йиллик умр ҳадя этгай!
Х о н м а ҳ р а м и (секин.) Манови қари тулкининг шумлиги тобора ошиб кетяпти-ку!
Х о н (маҳрамнинг гапларини эшитмайди.) Ойдўс бобо, халқингизнинг бошқа туркийлардан кескин фарқ қиладиган бир ўзига хослиги, менимча, ўристабиатлигими, дейман-да?
О й д ў с б о б о. Гапингизда жон бор, ҳазратим. Кўпинча қорни тўйса бўлди, эртасини ўйламай байрам қилаверадиган одати йўқ эмас…
Х о н. Бошқа туркийлар орасида ҳам эртасини ўйлаб иш юритадиганлар кўп эмас. Айтгандай, бундан саксон-тўқсон йилча аввал яшаган Маман исмли бий отангиз ғайридин ўрис подшосидан паноҳ сўраб борганини биласизми?
О й д ў с б о б о. Биламан. У улуғ Инсонни кўрганман ҳам, дуойи фотиҳасини олганман ҳам…
Х о н м а ҳ р а м и. “Қашқирни қанчалик қўлга ўргатмагин, барибир тўқайга қараб улишини қўймайди” деган мақолни биласизми?
1- я с о в у л (ўзича.) Ҳа, тилингга шакар, доно маҳрам!
Х о н (бир маҳрамга, бир Ойдўс бобога ажабланиб қарайди.) Нима гап?
О й д ў с б о б о (ўйланиб.) Маҳрамнинг айтган мақоли халқ орасида бор… Лекин унинг афсонавий Маман бийга, у олиб борган сиёсатга мутлақо алоқаси йўқ.
Х о н. Нега?
Х о н м а ҳ р а м и (шивирлаб): Бўйнига дор арқонини қайта илдимми?
1- я с о в у л (ўзича шивирлаб.) Саҳройиларда имо-ишорани тушунадиган ақл қайда!
О й д ў с б о б о. Хон ҳазратлари, биласиз, бузоқнинг жонига хавф туғилган пайтда кўзи тиниб, хавфдан қутулиш учун ўзини ўтга уради. Афсонавий Маман бий ҳам ўз вақтида кўзи тинган бузоққа ўхшаб қолган. Чунки жунғор босқинидан кейин дини, тили, туб илдизи бир қардош туркий халқлардан ҳам зулм кўргани учун кўзи қонга тўлган бузоқдай ўрис подшолигидан паноҳ сўрагани сир эмас.
Х о н. Агар мустақил хонлик бермасак, балки сиз ҳам ўша Мамандан ибрат оларсиз?
О й д ў с б о б о (ўйланиб.) Оталар йўли – тенги йўқ улуғ тажриба! Лекин ўрис подшоси афсонавий Маман бийни қабул қилиб, ғамхўрлик кўрсатишга ваъда бериб, битим имзоласа-да, қорақалпоқларнинг бошига оғир мусибатлар тушганида ёрдам қўлини чўзмаган. Албатта, менсимаган. Ўтакетган қайсар Маман бий ўрис подшосининг олдига иккинчи марта бош эгиб боришни ўзига ор деб билиб, эл-халқини азалий отамакони – Хоразмга ўзи бош бўлиб кўчириб келган.
Х о н. Тўғри. Шажарада айтилишича, ўша пайтдаги Хива хони уларни қучоқ очиб кутиб олган-да, қадимий аждодлари эгаллаган жойларни тўлалигича ўзларига қайтариб берган.
О й д ў с б о б о. Ота-боболарингизнинг руҳи поклари олдида ҳамиша таъзимдамиз, хон ҳазратлари!
1- я с о в у л. Хон бу анқов саҳройи бийни ўлими олдидан жўрттага эркалатаяпти.
Х о н м а ҳ р а м и. Улуғ Абулқосим Фирдавсий “Бизлар ҳам фониймиз, бу олам боқий, Одамдан қолади сўзлар – хотира” деган…
Х о н (маҳрамга эътибор қилмай, эшик олдида қўл қовуштириб турган Дўспанга қарайди.) Отбоқарлар ҳам ўзича бир халқ! Хўш, сиз нима дейсиз?
Д ў с п а н (хонга уч карра таъзим қилади.) Эътиборингиздан бошим осмонга етди, хон ҳазратлари. Онанинг қадди-қомати улуғ бир дарахт бўлса, ҳар бир фарзанд унинг бир меваси. “Ҳақиқат кўзи билан қарасак, она сути фарзанднинг юрак қони…” деган экан Шайх Саъдий. Хива хонлиги ҳам бамисоли бир она. Энди “қорақалпоқ” деб аталган бир мевасига юрак қонини берса, авлодлар ҳеч қачон унутмайди.
Х о н м а ҳ р а м и (ўзича.) Бунисининг ҳам гаплари йирик-ку, а!
Х о н (Ойдўсга бурилиб қарайди.) Жиловдорга ёлчиган экансиз!..
О й д ў с б о б о. Сиз онадек меҳр билан қарасангиз, менинг элатим Хива хонлигининг дўстларига содиқ дўст, душманларига ашаддий душман бўлиб қолаверади.
Х о н. Афлотун ҳаким “Одам ойнага қараб ўзини гўзал қиёфада кўрса, ўша гўзаллигига доғ туширмасин, агар ўзи тасқарадек бўлса, ойнадан ўпкалашнинг ўрнига яхши ишлари билан ўзини тузатсин” деган экан. Жаҳонга машҳур Хива хонлигини ойна деб тушунсангиз ҳам майли. Тинчликми, маҳрам, безовта кўринасиз, нимадир демоқчимисиз?
Х о н м а ҳ р а м и. Ўз вақтида Мусо алайҳиссалом қавмини фиръавн қуллигидан озод қилиш учун қирқ йил чўл-биёбонда эргаштириб юрган экан. Синай тоғларининг энг баланд чўққисига кўтарилганида энг сўнгги жоҳил қул – фиръавннинг қули дунёдан ўтиб, авлод бутунлай тозаланибди. Шундан кейин унга Жабройил алайҳиссалом орқали Оллоҳ таолодан ўн ваҳий – таълимот тушган экан… Ойдўс бийнинг гапларини ўйлаб қарасам, афсонавий Маман бийни ўз халқининг Мусо алайҳиссаломи қилиб кўрсатмоқчидай. Бироқ Мусо алайҳиссалом ўша таълимотнинг биринчисида “Оллоҳ ягона, фақат унга бўйсиниш керак” деган экан. Ойдўс бий бу гапни қандай тушунади?
Х о н. Оллоҳ таоло Қуръони каримда ҳар бир қавмга пайғамбар юборишини ҳам айтган эмасми?
Х о н м а ҳ р а м и. Шундай, олампаноҳ, фақат Муҳаммад алай-ҳиссаломга қадар…
Х о н (андак ўйланиб.) Ойдўс бобо, ўтган гал қабулимда бўлганингизда “Хива мадрасасида ўқиган эдим” деб сизнинг олдингизга келган, ўшанга қадар ўзингизга ҳам нотаниш бўлган бир қорақалпоқни саройга хизматга олишимни ўтинган эдингиз. Айтганингиз бўлди… Энди гапни қисқароқ қилайлик! Бугун бориб элингиздаги барча бийларни, атоқли уруғ бошлиқларини йиғиб маслаҳатлашинг. Аниқ бир фикрга келсангизлар, барчаларини менинг ҳузуримга эргаштириб келинг. Ниятларингизнинг холислигига ишонч ҳосил қилсам, илтимосингиз балки инобатга олинар.
2- я с о в у л (ўзича минғирлайди.) “Ойдўс бобо” деб жуда ҳурматлаб юборди-ку!
О й д ў с б о б о (ўрнидан туриб хонга қуллиқ қилади.) Қуллуқ, олампаноҳ, марҳаматингиздан бошим осмонга етди.
Х о н (қарсак уради. Икки ясовул кириб келади.) Меҳмонларнинг отлари тайёрлансин. Бош вазирга хабар қилинг, меҳмонларнинг ҳурматини жойига қўйиб ўз элига кузатиб қолсин. Бош вазир қаердан ортига қайтса, ўша жой келажакда қорақалпоқлар билан Хива хонлигининг чегараси бўлади!
Ҳ а р и к к и я с о в у л (бараварига.) Бош устига, олампаноҳ!
Х о н. Ойдўс бобо, сизу биздан 550 йил илгари яшаб ўтган Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг бир рубоийсини сизга эслатмоқчиман:
Зарб берсак агар, чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса гар чумоли бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.
… Хўш, элингизга бизнинг соғинчли саломимизни етказасизми?..
О й д ў с б о б о. Иншоолло! Авлиё шоиримиз Паҳлавон Маҳмуднинг жойлари жаннатда бўлғай! Илоҳо сиз ҳам дунё тургунча туринг! Қуллуқ! (Хонга уч карра таъзим қилиб, орқаси билан эшик томон юради. Дўспан Ойдўс бобо бехос сурилиб йиқилмасин деб унга яқинлашган ҳолда ортига тисарилади…)
Х о н м а ҳ р а м и(ташқарига чиққач.) Унутманг, Ойдўс бий, “Агар бир чумоли бизнинг қаторимиздан жой олгудек бўлса, у бизнинг мамлакатимизда йўлбарсга айланади!”
Я с о в у л. Буниси қандоқ бўлди?..
Х о н м а ҳ р а м и. Бош вазир хонни тушунади. Барибир Ойдўс омон қолмайди. Бош вазир бир баҳонаи сабаб топиб уни дорга олиб боради… Қани, бош вазирга хабар қилинг-чи!..
П а р д а ё п и л а д и.
ИККИНЧИ ВОҚЕА
К ў р и н и ш
Ёпиқ парда олдидаги бир туп туронғил тагида Ойдўс бобо, инилари Бегис билан Миржиқ – учовлон ўзаро гаплашиб ўтиришибди. Ҳар бирининг қурол-яроғи ўз ёнида. Дўспан четроқда, бир Ойдўс бобога, бир иниларига зимдан кўз ташлаб, атрофига
олазарак боқиб ўтирибди.
О й д ў с б о б о. Кейинги бир ой ичида мана учинчи марта юзма-юз ўтирибмиз. Миржиқ бовурим, сен ҳар гал ўзинг уйланган тўйингни гап қиласан. Яна ўтиниб сўрайман: бундай қилма! Қўнғирот ҳокимини паноҳ тутиб кўчишингга ҳам сенинг ўша тўйинг сабаб! Яна айтаман: нотўғри ўйлайсан, бовурим! Кўчганинг яхши бўлмади. Менинг ёзуғим шуки, “Тўйга фақат бу тўйни эшитиб қувонадиганларни чақир!” дедим. Сизлар бўлсангизлар, элнинг ҳамма уруғларини ёппасига чақиришни ихтиёр қилдингизлар. Менинг ёзуғим – бу тўйдан қувонмайдиганларга сўйиладиган молларни муҳтожларга, бева-бечораларга улаштирганим бўлди. Шу ишларимга гина қилиб овулдан кўчганингизда сизларни қўллаб-қувватлаганлар кимлар бўлди? Ўша тўйда алоҳида мол сўйилиб, калласи олдига қўйилганлар эмас, улоқча бўлса-да, бир жонлиқ етаклаб келган ғариб-ғураболар кўпчилик эди. Уларнинг анча-мунчаси ҳатто сизларга қўшилиб кўчди.
М и р ж и қ. Ўлган илоннинг бошини қўзғаб нима демоқчисиз? Отадан олтов туғилганда ҳам ҳар кимнинг ўз ватани – ўз бошпанаси бор!
О й д ў с б о б о. Иккалангиз ҳам элда эътиборли азамат ботирларсиз. Яхшиси эртага халқимизнинг тақдири қандай бўлишини жиддийроқ ўйлаб кўринглар!
Б е г и с. Араванинг олдинги ғилдираги қаёққа юмаласа, кейинги ғилдираги ҳам шу ёққа юмалайди. Ёшингиз улуғ, қани, ўзингиз айтинг!
О й д ў с б о б о. Меники ўша бир гап, ягона мақсад! У ҳам бўлса, элдаги барча уруғларнинг бошини қовуштириб, Қорақалпоқ хонлигини барпо қилиш! Бизлар ҳам ўз отимиз билан аталадиган бир мамлакат бўлишимиз керак!
Б е г и с. “Ойдўс мамлакати”ми? “Ойдўс хонлиги”ми?.. Балиқ бошидан чирир экан-да!
М и р ж и қ. Агар хон ўз одамларидан гумонсираса, ўзининг омадсизликлари учун ҳаттоки туғишганларидан шубҳалана бошласа, ёши улуғлигини пеш қилиб ошкора туҳмат йўлини тутса, бундай хон, албатта, халқни бузади!
О й д ў с б о б о. Гапни бурмаламанглар! “Қорақалпоқ хонлиги” бўлиб жаҳонга танилмасак, кўпдан-кўп хонликлар билан подшоликлар соясида ялтоқилик билан кун кўриб юрган қорақалпоқлар ўша ялтоқилигича қолиб кетаверади, ахир!
Б е г и с. Билиб қўйинг, пайғамбаримизнинг ҳадисларида “Бир одам ёлғиз ўзига бутун бошли халқнинг бош эгиб хизмат қилишини истаса, унинг жойи жаҳаннамда” дейилган.
М и р ж и қ. Сизнинг мақсадингиз замонга исён, халққа норозилик. Ҳолбуки замонни яхшилаб, халқнинг тақдирини ўйлайдиган куч – ёлғиз Оллоҳ! Худонинг иродасига қарши борманг-да!
О й д ў с б о б о. Миллат тарихдан ўз оти-зотини қидирса, нима, ёмонми? Шу худонинг иродасига қарши боришми?
Б е г и с. Бунингиз ёқимли эртак! Бир бечора чолнинг инжиқ невараларини юпатиш учун осмондаги ойга қўл чўзиб: “Тинчланинглар, чироқларим, ҳозир сизларга осмондаги ойни обераман, думалатиб ўйнайсанлар” дегандек бир гап!
М и р ж и қ. Болатабиат оғажонимиз-ов, сизга қариган чоғингизда хонликни ҳавас қилишнинг нима кераги бор?
О й д ў с б о б о. Бир ақли ноқис фарзанднинг ўз отасига “Тўрингиздан гўрингиз яқин бўлиб турганида сизга янги кийимнинг нима кераги бор?” деган гапини эсимга туширяпсан-да, бовурим.
М и р ж и қ. Ўзингиз бир пайтлар “Ерни кўк ҳўкиз эмас, ёшлар кўтариб турибди” деган эдингиз…
О й д ў с б о б о. Шуни унутмангки, “ақлли ёшлар” деганман! Ақллилар йўл йўқ жойдан йўл топади, ақлсизлар кенг-равон йўлда ҳам адашади.
Б е г и с. Шундай қилиб, Хива хони билан маслаҳатни пишитдим денг?
О й д ў с б о б о. Очиқ гаплашдик. Элнинг кўзга кўринган бийларини олдига бошлаб боришимни сўради. Ҳаммамизнинг ниятимиз бир, бутун халқ якдил бўлсак, хонликка рухсат беришини айтиб, Бош вазирига бизларни кузатиб қўйишни, у қаерда хайрлашса, ўша ерни икки хонликнинг чегараси қилиб белгилашни ҳам ўзи таклиф қилди.
Б е г и с. Оға, биров одамгарчиликнинг қули, биров амалнинг қули. Бўладиган ишни қилиб, Қўнғиротни қўллаб-қувватлаш одамгарчиликдан эмасми?
М и р ж и қ. Қўнғирот хонлигига асос солиш бутун туркийлар орасидаги қўнғиротликлар учун фахр эмасми?
О й д ў с б о б о. Бу қўнғирот ҳокимининг гапи!
Б е г и с. Ҳаммамиз қўнғирот қабиласиданмиз-ку, ахир! Хиванинг ҳозирги хони ҳам қўнғиротлардан!
О й д ў с б о б о. Биламан. Хива хонлигини бундан 500 йилча аввал қўнғирот қабиласининг сўфийлари бошқарганлар… Улар ҳокимиятни йигирма йилдан ортиқ тутиб тура олмаганлар… Шундан кейин…бундан олтмиш тўрт йил аввал қўнғиротлик бўлган Муҳаммад Амин иноқ Хива хонлигининг тахтини қўлга киритишга муваффақ бўлади. Ундан кейин Элтузар иноқ икки йилча ҳукмронлик қилган. Лекин у кўплаб оқкўнгил, ишонувчан мўминларнинг бегуноҳ қонларини тўкиб, Хива тахтини эгаллаган эди. Энди бу тахтга сизларнинг ҳокимингиз ҳам ўзича эга чиқмоқчи бўлиб турибди!
М и р ж и қ. Қўнғиротлик бўлганингиз учун фахрланиш ўрнига нега энсангиз қотади, оғажон? Элтузар иноқдан кейин барибир Хива тахтида қўнғиротликлар ўтирибди-ку! Биласизми, ҳатто ўз вақтида Амир Темурнинг ҳам бир хотини қўнғиротлик Оқ сўфи деганнинг қизи бўлгани билан нега фахрланмайсиз?
Б е г и с. Ҳозирги қўнғирот ҳокимининг ақли баайни бир қайнарбулоқ, шуни нега қадрламайсиз!..
О й д ў с б о б о. Сизлар шундай деб ўйлайсизлар!..
М и р ж и қ. Тажрибали аравакашлар юқорига чиқаётганида эшаги аравани тортолмай қолса, унинг қуйруғидан ушлаб орқага тортар экан! Нима, биз ҳам ўша аравакашларга ўхшайликми энди?
О й д ў с б о б о. Ёдларингизда бўлсин, қадимий ва ҳамиша навқирон Хива Буюк Туроннинг кўрар кўзи бўлса, ҳозирги Қўнғирот ҳокимлиги унга тушган чўп, мўъжизавий Хива Буюк Туроннинг оғзи бўлса, ҳозирги Қўнғирот ҳокимлиги ўша оғиздаги сўйлоқ тиш!..
Б е г и с. Бизлар бўлсак, Қўнғирот ҳокимлигини ҳимоя қилиб: “Ойдўс бутун қўнғирот қабиласининг қоқ пешонасига битган қора сўгал” деймиз.
О й д ў с б о б о. Орқада қолиб, ҳозирда чангал босиб кетган йўлдан яна юришни кўнгилларинг тусамай қўя қолсин, жон иниларим! Билиб қўйинглар, минг йиллар аввал уруғларнинг отлари билан Қўнғирот, Кенегас, Қипчоқ, Жалойир, Найман, Манғит…сингари хонликлар бўлган. Ҳар бир уруғ ўз кўмочига кул тортгани сабабли вақт ўтиши билан бу хонликлар тезда парчаланиб кетаверган. Мен бўлсам, ўзимиздаги барча уруғларни бирлаштириб, бир бутун қорақалпоқ хонлигини тузмоқчиман. Билиб қўйинглар, тарихда аввалига уруғлар, қабилалар пайдо бўлиб, шулар асосида, яъни, қабилалар бирлашмаларидан миллатлар пайдо бўлган. Қорақалпоқлар ҳам бир миллат! Худди ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, татар, бошқирд, озорбайжон сингари миллат!
Б е г и с. Оға, бир гапни қайта-қайта чайнайверасиз-да! Биринчидан, Хива “Қорақалпоқ хонлиги” деган хонликни ўлақолсаям бермайди, иккинчидан, ҳозир ўзингиз айтган уруғларни бошқариб турган бийлар икки дунёда сизга эргашмайди…
М и р ж и қ. Тушунинг, оға, одам боласи уч таянчи билан тирик: биринчи – ўз ақли, иккинчи – қариндошлари, учинчи – уруғи!
Б е г и с. Ким шу учовини ўзида баравар жамлай олса, ўша одам ҳаво, ўша одам ер, ўша одам сув, қуёш, олам…
О й д ў с б о б о. Балким…
М и р ж и қ. Қўнғирот ҳокими хонлик тахтига ўтирса, қаршингда ўтирган шу жигарларингнинг бирига Қушбегилик, иккинчисига Девонбегилик лавозимини бермоқчи! У шу ваъдасига вафо қиламан деб қўлига Қуръон ушлаб қасам ичди! Хива хони сизнинг олдингизда қўлига Қуръон ушлаб қасам ичдими, ақалли бирон ваъда бердими?..
О й д ў с б о б о (чидаёлмай ўрнидан сапчиб туради.) Ў-ў, шўрпешана лаққилар! Шуни билиб қўйингларки, ваъда билан иш бита қолмайди! Ваъдабозлар ўзларича қуруқ ваъда билан иш битирмоқчи бўлишади!
М и р ж и қ. Қуръон ушлаб қасам ичган одамга бундай туҳмат қилманг!
О й д ў с б о б о. Пайғамбаримиздан ривоят қилишларича, Одам қаттиқ очқаганида қўл чўзса етгулик жойда нон кўриб, уни олишга бўйи етмаганида қўлидаги Қуръонни оёғининг остига қўйиб, ўша нонни олса, гуноҳкор бўлмас экан!
Б е г и с. Бундан чиқди, бизлар ҳам Қуръоннинг устига чиқиб нонга қўл узатувчилармизми?
О й д ў с б о б о. Бўлмасам-чи!
Б е г и с. Йўқ! (Қад ростлайди).
М и р ж и қ. Шуни билингки, тишлар қаршилашса чайнайди! (Қад ростлайди).
О й д ў с б о б о. Озгина сабр қилинглар! Сизлардан оғалик ўтинчим: икки ҳафтадан кейин “Маслаҳат тепа”га элимизнинг барча бийларини йиғаман. Келинглар! Пухта ўйлаб, фикрларингни жамлаб келинглар!
Б е г и с. Билиб қўйинг, учиб юрган қушнинг ҳам ризқи ерда, оға! Бошингиз осмонга етганда ҳам товонинг ерда бўлади. Шу жой, шу тупроқ Қўнғиротники! Билдингизми? Эгилишни билганнинг тикланиши ҳам осон бўлади!
М и р ж и қ. Хива хони тулкилик қилиб сизни кўтармалаб, отингизга “Ойдўс шаҳри”ни қуришга ёрдам қилгани учун у сизга ойдеккина эмас, қуёшдек кўриниб турибди!
Б е г и с. Бузоғи ўлган сигирдан сут олиш учун бузоқнинг терисига сомон тиқиб, олдига қўйиб ийдирилса, сигир сут беради экан! Хива хони сизни ҳам бузоғи ўлган сигирдек соғмоқчи, холос! Ўзингиз яхши биласиз, ўзбекларда Хива, Бухоро, Қўқон хонликлари, қозоқларда Улуғ жуз, Ўрта жуз, Кичик жуз хонликлари бор!.. Шунинг учун Қўнғирот ҳокимининг йўлига тўғоноқ бўлманг. Биз бошлаётган йўлдан бориб келажакда Хитой, Қипчоқ, Кенагас, Манғит хонликлари ҳам пайдо бўлса, ажабмас!
О й д ў с б о б о. Тарих ортга қайтмайди. Агар Оллоҳ Таоло бу дунёга Амир Темурни қайта бино қилиб, барча туркийларни бирлаштирар кун келишига ишонсам, менинг кўнглим қорақалпоқ хонлигини мутлақо тусамас эди. Барча туркийларга бир мамлакат етар эди аслида! Шимолда Шимолий муз океани, Кунчиқарда Мўғулистон билан Хитой, Жанубда Эрон, Ҳиндистон, Кунботарда Ўртаер денгизи… шу орада қанчадан-қанча туркийлар яшайдилар. Ҳаммалари тариқдек тирқираб кетган!
Б е г и с. Осмонда – паноҳи, ерда – тиргаги йўқ хомхаёлларингиз кимга нима учун керак?!. Ундан кўра бизга ўхшаб Қўнғирот ҳокимига навкар бўлинг-да, оғажон!
М и р ж и қ. Навкарлар қиличи ё найзаси билан буйруқ бажаради.
О й д ў с б о б о (овози титраб.) Эркини йўқотган инсон совун кўпигига ўхшайди, жигарларим. Мен ҳам ўз халқимнинг навкариман!.. Ҳалиям бўлса ўйлаб кўринглар!
Б е г и с. Оға, эрксиз киши қўрқоқ бўлади, қўрқоқдан сотқин чиқиши осон!
М и р ж и қ. Оға, сизни кўриб қарилик ақли ноқислик эканини яхшигина тушундик! (Бегис билан Миржиқ ёнларида ётган қурол-аслаҳаларини қўлларига олиб, ортларига қарамай жаҳл билан чиқиб кетадилар).
О й д ў с б о б о (уларнинг ортидан.) Шошманглар, иниларим!..
Ойдўс бобо ёлғиз қолади.
Ё Худо! Буларнинг қалбларига ўзинг меҳр-оқибат нурини ато эт! Ўртага шайтон оралаганидан кейин…. қариндошлар ҳам бир-бирларига ёв экан… Бири учсам қанотим, иккинчиси қўнсам қуйруғим эди… Уларсиз мен энди пати юлинган қушдекман. (Олисроқда турган Дўспанга бурилиб қарайди.) Қани, айт-чи, Дўспан, биз уч оға-иниларнинг аввалги учрашувимиз билан бугунги учрашувимизда қандай фарқ кўрдинг?
Д ў с п а н. Уларнинг феъллари айниганга ўхшайди, бобо.
О й д ў с б о б о. Уҳ-ҳ-ҳ! Майли… Барибир, улуғ Хива хонини алдамайман. Тез отлан-да, яқин атрофдаги бийларга хабар бер. Нариги сешанбага ҳаммалари “Маслаҳаттепа”га йиғилсинлар!
Д ў с п а н. Хўп бўлади, бий бобо!
Улар икки томонга қараб кетадилар.
Чироқ ўчиб ёнади
ПАРДА ОЧИЛАДИ
Қўнғирот ҳокимининг саройи. Ҳоким ўзининг тарафдорлари билан чой устида маслаҳатлашмоқда. Ўзини хон деб тасаввур қилаётгани сезилиб турса-да, айни чоғда
ўзини анчагина камтар – хокисор кўрсатишга тиришади.
Ҳ о к и м. Оғайнилар, ўзларингиз биласизлар, Хива хонлигининг саройида Элтузар иноқдан кейин Қўнғиротнинг таъсири кучли. У ерда менинг тарафдорларим ҳам анчагина. Уларнинг айтишларига қараганда, Ойдўс бебошлиги сабабли дорга осилаётган туркман талабасини озод қилиб юборибди. Бу иши учун хон унинг ўзини дорга остириши керак эди. Лекин жўрттага кечирган бўлиб меҳмон қилибди. Ҳатто сарой созандалари билан раққосалари ижросида катта томоша кўрсатди дейишяпти!
1-б и й. Унда сиз билан бизнинг умидимиз пуч бўлиб чиқибди-да?
Б е г и с. Гапни охиригача эшитинг!
Ҳ о к и м (аввалгисидан баттарроқ хокисорланиб.) Оғайнилар, энди Қўнғиротнинг икки суянар тоғи – Бегис билан Миржиқдан эшитайлик!
О в о з л а р. Қани, эшитайлик!.. Гапнинг қизиғи буёқдами дейман?..
Б е г и с. Ойдўс оғамиз Хивадан келиши билан Миржиқ икковимизни олдига чақирди. Кўп гаплар билан бизни ўзи тушган тузоққа туширмоқчи бўлди…
М и р ж и қ. Бироқ биз кўнмадик.
Ҳ о к и м. Оғайнилар! Қўнғиротнинг фахри ҳақиқатпарвар Бегис билан Миржиққа ўринларингиздан туриб таъзим қилсангизлар!
Ҳамма ўрнидан туриб Бегис билан Миржиққа бош эгиб таъзим қилади ва қайтиб
ўтиради.
Б е г и с. Ойдўс оғамиз тарихни билмайди деёлмайман…
Ҳ о к и м. Билади! Минг йил аввал Қўнғирот хонлиги ҳукм сурганини ҳам билади! Ўша қудратли адолатпарвар давлатнинг парчаланиб кетишига худди шу Ойдўсга ўхшаган бир сотқин сабабчи бўлган. Бизнинг авлодимиз ўша хатодан хулоса чиқарса, боболаримизнинг руҳи шод бўлади, албатта.
1- б и й. Ҳоким жаноблари, сизга бир савол.
Ҳ о к и м. Марҳамат.
2- б и й. Бугунги Хива хонлигининг жануби Қўнғирот ҳокимлиги бўла туриб нима учун Қўнғирот хонлигига қарши қорақалпоқларга хонлик берилмоқчи?
Ҳ о к и м. Бермайди! Бу хоннинг найранги, холос! Шуни билингки, қўнғиротлар анойи эмас. Шунинг учун бизга хавф солади, деб қўрқишади. Тўғрисини айтганда, бизнинг боболаримиз тарихда катта бир хатоликка йўл қўйганлар. Йўл қўйилган бу хато биз учун жуда катта сабоқ бўлиши керак.
2- б и й. Қўнғирот хонлиги бир марта тузилиб, тарқаб кетганини назарда тутяпсизми?
Ҳ о к и м. Албатта!
1- б и й. Қўнғирот барча туркийларнинг ичидаги энг олий табақа, оқсуяк уруғ. Бу фазилатлар бизнинг ҳокимимизда ҳам бор.
Ҳ о к и м. Қани, Бегисжон, Миржиқжон, Ойдўс менга қандай баҳо берганини кўпчиликка айтиб берингизлар. Ўзларингизнинг унга берган баҳоларингизни ҳам кўпчиликка маълум қилиб қўйсаларингиз яхши бўларди.
М и р ж и қ. Шу керакмикан?
Ҳ о к и м. Ойдўснинг бизга душманлигининг ўзи ҳам бизга ёрдам беради. Ўзи яхшиликни билмайдиган ноинсоф бўлганидан кейин…
1- б и й. Душманларининг нодонлигидан ҳам сабоқ чиқара оладиган сиздай доно учун жонимиз фидо!
Б е г и с. “Кароматли Хива Хоразмнинг кўзи бўлса, Қўнғирот бу кўзга тушган чўп. Хива буюк Хоразмнинг оғзи бўлса, Қўнғирот ўша оғиздаги сўйлоқ тиш” деди. Мен: “Ойдўс – қўнғирот уруғининг қоқ пешонасидаги қора сўгал” дедим.
О в о з л а р. Минг яша, ботир Бегис!.. Қойил!..
Ҳ о к и м. Оғайнилар, энди менинг сизларни йиғишдан ниятимни айтай. Ойдўснинг “Маслаҳаттепа”га бийларни йиғишдан бош мақсади Хивада дор арқонини кесгани учун озод этганига жавоб тариқасида барча бийларни хон ҳузурига бошлаб бориб бизга қарши онт ичтирмоқчи. У шум. Бийларни алдаши мумкин. Хон ҳузурида ваъда берган бийлар Қўнғиротга таҳдид солиши аниқ!
1- б и й. Ҳа-а, мана, гап қаёқда экан!
Ҳ о к и м. Агар қўнғиротга қарши турмайдиган бийлар бўлса, Хивага борганларида бир баҳона билан бундайларнинг ҳаммаларини гумдон қилишади.
1- б и й. Ойдўс бий ҳар сафар Хивага тулки бўлиб бориб, элига йўлбарс бўлиб қайтишни биладиган иблис!
2- б и й. Нимагадир миқ этмай қолдингиз-ку, Миржиқ?
3- б и й. Туғишган оғасига қарши чиқиш осонми?
М и р ж и қ. Бекор гап! Қўнғиротнинг шаънини ҳимоя қилмаган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, менга душман!
Ҳ о к и м. Оғайнилар, улуғ жамоат, асосий мақсадга ўтишдан аввал келажакда бўладиган икки лавозим эгаларини ҳозирданоқ белгилаб қўйсам деган фикрим бор эди.
О в о з л а р. Маъқул!.. Эртага ким бўлишингни аввалдан билиб ҳаракат қилсанг, кучингга куч қўшилади!..
Ҳ о к и м. Ундай бўлса, эшитинглар! Қўнғиротнинг суянар тоғи бўлган ботир Бегисга Қушбегилик, Қўнғиротнинг мустаҳкам ули Миржиққа Девонбеги(молия вазири)лик лавозимини берсак, қандай қарайсизлар?..
Анчага чўзилган жимликдан сўнг маъқулловчи овозлар пайдо бўлади.
О в о з л а р. Қарорингиз маъқул, ҳоким жаноблари!.. Эшитиб Ойдўснинг бир ичи куйсин!..
Б е г и с (қиличини бош устига кўтариб ўрнидан туради.) Қўнғирот ҳокимига хиёнат қилсам мана шу қиличда бўйним кесилсин!
М и р ж и қ. Мен ҳам бу лавозимда адолат билан ишлашга жон-танимни бағишламасам нон урсин!
Ҳ о к и м. Раҳмат! Хўш, шунқорларим! Ўзларингиз биласизлар, бу дунё балиққа фақат сувдан, қушга фақат ҳаводан иборат…
О в о з л а р. Ана тақсимоту мана қасамёд!.. Лавозимни тўғри тақсимлаган ҳокимга офаринлар бўлсин!..
Ҳ о к и м. Энди Бегис билан Миржиққа биринчи топшириқ шуки, барча навкарларни эртадан бошлаб Ҳаким ота тарафга олиб чиқиб, Ойдўс бийларни “Маслаҳаттепа”га йиққунига қадар машқ қилдирсинлар! Худо хоҳласа, Қўнғиротнинг кароматли пири барчамизга мададкор бўлажак!
1- б и й. Бу Бегис билан Миржиққа улкан синов!
2- б и й. Ҳоким жаноблари, ўзингиз Қўнғиротда қоласизми?
Ҳ о к и м. Хон ўз ўрнида бўлиши керак. Бироқ “Маслаҳаттепа”га ҳужум қилишда Бегис билан Миржиқнинг ёнида ўзим турмасам бўлмас.
М и р ж и қ. Албатта, бошсиз оёқнинг юришидан натижа чиқадими!
Б е г и с. Сиз бошлаган жойда бизнинг ишларимиз ўнгидан келаверади, албатта.
Ҳ о к и м. Оғайнилар, барчангиз Бегисдек ўйлайсизларми?
О в о з л а р. Албатта! Қўнғирот билан унинг ҳокими учун ўлимга ҳам тайёрмиз!..
Ҳ о к и м. Оғайнилар! Қолганларингизга тегишли лавозимларни ғалаба кунини байрам сифатида нишонлаб, ўшанда эълон қиламан!
О в о з л а р. Сизнинг ниятингиз холис!.. Биз сизга ишонамиз!..
Ҳ о к и м (ташқарига.) Ошпазлар! Таомлар келтирилсин!
П а р д а ё п и л а д и.
УЧИНЧИ ВОҚЕА
К ў р и н и ш
Маслаҳаттепа. Унинг кенг хоналаридан бирида Ойдўс бобо маслаҳатлашиб ўтирибди. Бошқа кичикроқ хоналардан кириб-чиқиб юрган, йиғилишга кечиккан уруғ
оқсоқоллари, арзгўйлар, отқўшчилар кўринади. Бир четдаги хонада
овқат пиширилмоқда.
О й д ў с б о б о (якунловчи сўзини айтишга шайланиб.) Биродарлар, Чин-Мочин элининг бир улуғ олими “Одамлар гўзалликни кўриб, хунукликнинг нима эканини, бирлик билан ўзаро меҳр-оқибатни кўриб олаоғизлик билан бошбошдоқлик нима эканини; қуёшни кўриб, қо-ронғуликнинг нима эканини; тушунади” деган экан. Биз ҳам ҳозир тушуниб келаётибмизки, агар барчамиз бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқарсак, халқимизнинг ўзларимиз билган тарихида биринчи маротаба қорақалпоқ хонлигини бунёд қилиб, гўзалликнинг, тотувликнинг, ёруғликнинг нима эканини яхшироқ билиб олган бўлар эдик…
1- б и й. Ойдўс бий, аввал-бошдан оғзингиздан бол томиб Хива хонини роса мақтадингиз. Энди сизга қарши гапириш авлиёга кесак отиш билан баробар бўладими, қайдам…
О й д ў с б о б о. Мен ўзимга аён чин ҳақиқатни, улуғ Хива хони билан орамизда бўлиб ўтган гапларни очиқ айтдим, холос. Мабодо кўнглингизда бирон шубҳа-гумонингиз бўлса, сиз ҳам очиғини айтаверинг!
1- б и й. Мен бир нарсага тушунмайман: ўзингиз донишманд одамсиз, бироқ нега ҳадеб Хива хонининг олдига чопқиллайверасиз? Қўнғирот ҳокими бундай қилмайди-ку?
О й д ў с б о б о. “Нега билимдон-донишмандлар ҳокимларнинг ҳузурига бораверадилар-у, ҳокимлар ҳеч қачон донишмандларнинг олдиларига келмайдилар?” деб сўраганларида афсонавий Маман бий: “Донишмандлар ўзларига нима кераклигини биладилар, ҳокимлар эса, афсуски, билмайдилар” деган экан.
2- б и й. Қорақалпоқлардан ҳам Хивага хон бўлганлар бор… Масалан, бундан қирқ йилча аввал Хива тахтига Ёдгорбек деган хон ўтирган. Ростини айтганда, ўшанинг йўлидан юриб, кунлардан бир куни Хива хони бўлишни мўлжаллаб турганингиз йўқми мабодо?.. Гапингиз аввалида “Манови Маслаҳаттепада биров бировни мажбурлаш, аччиқ гап айтганларга адоват сақлаш бўлмасин” деган эдингиз. Шунинг учун ҳам очиғини рўй-рост сўрагим келяпти: вақти-соати билан Хивага хон бўлишни кўнглингиз тусаб турибдими?..
О й д ў с б о б о. Бундай ўйим мутлақо йўқ! Ягона мақсадим қорақалпоқларнинг бошини қовуштириш!
1- б и й. Хон бўлгулик бойлигимиз борми ўзи?
О й д ў с б о б о. Бошқаларга ўхшаб биз ҳам тўрт хил бойликка эгамиз!
2- б и й. Қандай?..
О й д ў с б о б о. Ҳаво, сув, тупроқ, олов!
2- б и й. Улардан ҳозирнинг ўзидаёқ туппа-тузук фойдаланиб юрибмиз, шекилли?
О й д ў с б о б о. Етарли эмас! Аҳиллик билан яхши фойдаланиб, бизлар ҳам ўзимизнинг халқ эканимизни атрофдагиларга танитишимиз керак.
2- б и й. Мустақил хонлик бўлишимиз менга маъқул кўринмайди.
О й д ў с б о б о. Пайғамбаримиз бир ҳикматларида “Ўйинга тушганларни ёмон кўрадиган оқсоқолларга нима дейиш мумкин?” деган эканлар.
2- б и й. Пайғамбаримиз яна бир ҳикматларида “Ҳўкиз ўз бўйинтириғини ёқтириб, тўқайда эмин-эркин юрган кийиклар билан йўлбарсларга “Эгасиз бечоралар-эй!” дея ачиниб қараса, бунга нима дейиш мумкин?” деган эканлар.
О й д ў с б о б о. Хонликка бирлашиш бўйнида бўйинтириғи бор ҳўкиз бўлиш эмас, ақл билан ўзлигингни таниш! Ана ўшанда бизга ҳам бошқа элларнинг савдогарлари, олим-фозиллари келади. Ҳар бир ишда бевосита ўзларингиз билан муомала қилади.
2- б и й. Хўш, бундан оддий халқ нима ютади?
О й д ў с б о б о. Халқ аввало илм эгаси бўлади. Илмли эл ҳаттоки тупроқни ҳам олтинга айлантира олади. Бизлар ҳозирги ҳолимизда сўқир товуққа ўхшаб яшаяпмиз. Сўқир товуқ нимани қандай чўқилаши барчангизга маълум!
1- б и й. “Хивага хон бўлмоқчимисиз?” деб сўраганимнинг маъноси шуки, Қўнғирот ҳокими билан бир учрашганимизда у “Аттанг, Хива тахтига ўтирган қўнғиротлилар ўзларининг келиб чиқишини унутиб қўйишган-да!” деб хўрсинган эди.
О й д ў с б о б о. Қуёшда кўланка бўлмайди, лекин у одамларнинг кўланкасини ўзларига кўрсата олади.
1- б и й. Бундан чиқди, сиз ҳокимнинг кўланкасини ўзига кўрсатадиган қуёшмисиз?
О й д ў с б о б о. Мен бундай деганим йўқ!
2- б и й. Қўнғирот ҳокими сиз ҳақингизда гапирганида “Ойдўс ҳар сафар Хивага мушукдек мулойим бўлиб боради-да, тулки бўлиб қайтади” деган гапни кўп айтади. У ўзини сизнинг ўрнингизда кўргиси келганидан шундай демасми экан?
О й д ў с б о б о. Ҳар ким бошқаларни ёмонлаганда ҳам, мақтаганида ҳам ўз қаричи билан ўлчайди.
3- б и й. Бир одам “Мен шаҳарда яшайман” деб мақтанганида Арасту ҳаким “Бунинг аҳамияти йўқ, сен шунга лойиқмисан, ҳамма гап мана шунда!” деган экан. Ўзингиз қорақалпоқларнинг хони бўлишга лойиқмисиз?
2- б и й. Нега бундай дейсиз? Қўнғирот уруғининг қўлдовли шаҳобчасидан чиққан Ойдўс бий хон бўлишга ҳар жиҳатдан лойиқ!
О й д ў с б о б о. Барчангизга менинг саволим шуки, биз қорақалпоқларнинг ҳам мустақил хонликка эга бўлишга ҳаққимиз борми-йўқми?
2- б и й. Хонликка эга бўлишимиз керак. Ана ўшандагина биз ҳам киройи эл бўламиз.
1- б и й. Тўғри!
О й д ў с б о б о. Менимча, мустақил хонликка эга бўлиш йўлида иш бошлар эканмиз, ким хон бўлади деган масала ҳозирча ҳеч кимни қийнамаслиги керак. Балким сизларнинг орангиздан ақллироқ биров бўлар…
Бийлар бир-бирларига маъноли қарашадилар.
1- б и й (ёнидаги бийга.) Сен бўлмайсанми?
2- б и й. Ўзингнинг номзодингни таклиф қилайми?
3- б и й. Хонлик?! Эҳ-ҳе! Қўйинглар, тинчлик керак!
О й д ў с б о б о. Хонликнинг ўзидан қўрқишнинг кераги йўқ, лекин уддалаёлмасман деб қўрқиш мумкин!
3- б и й. Бундан қирқ йил аввал Хива хонлигининг тахтини эгаллаган қорақалпоқ Ёдгорбек беш йил тўлиқ ҳукмронлик қилолмади. Ўзимизнинг қорақалпоқлар уни тахтдан ағдариб ташлаб, ҳаттоки ўлдириб тинчишди.
1- б и й. Ўша Ёдгорбек хоннинг кўргиликларини сиз ҳам такрорлаб қўйишингиздан қўрқмайсизми, Ойдўсбий?
О й д ў с б о б о. Ёдгорбек кўпни кўрган қадимий саройнинг нозик фитналарини тушунмаган, менимча. Шунинг учун ҳам Хивага хон бўлишни орзу қилмайман. Лекин бизнинг хонлигимиз тузилса, кўп қадимий тажрибага эга, хазинаси бой, олим-уламолари азалдан оламга машҳур Хива хонлигининг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади, албатта.
3- б и й. Қорақалпоқ хонлиги ташкил топиб, ўз қаддини ростлаб олса, муродингиз ҳосил бўлар дейман?
О й д ў с б о б о. Агар бунга гумонингиз бўлса, шу бугуноқ барча бийлар онт ичишимиз керак бўлади: Хива хонлиги билан жондош-қондош эгизаклардек яшашимиз керак!
2- б и й. Бизлар-ку, келишдик дейлик, лекин келгуси авлодлар бунга кўнармикан?
О й д ў с б о б о. Бунга ҳам гумон бўлса, барчамиз имзо чекиб, келгуси авлодларга васиятнома ёзайлик!
2- б и й. Бунга ҳам келишиш мумкин… Бироқ сизнинг ўзингиз атоқли бий бўла туриб, икки бирдай тирик укаларингиз билан тил топишолмай юрганингизда келгуси авлодларга қай тилда нима дея оласиз?
О й д ў с б о б о. Менинг жончиқар жойимни эзасиз-а, дўстим!
3- б и й. Энди менинг шу бир саовлимга жавоб беринг! Бир томонда – Хивадан ажралиб чиқиш, иккинчи томонда – Қўнғирот ҳокимига қарши туриш халқнинг бошига улкан фожиаларни бошлаб келмайдими?
2- б и й. Ваҳима қилманг-э, унчалик эмас-э! Ҳамма гап ўзимизга, халқ бахти учун қанчалик астойдил курашишимизга боғлиқ.
3- б и й. Халқ бахти учун курашувчилар халқ душманларининг найзасига кўксини қалқон қилиши, бундайларга ўзи ҳам найза санчиб, қилич ура билиши керак бўлади. Хўш, Ойдўс бий икки инисининг душманлигига қарши нима қила олади?
О й д ў с б о б о. Бугун мустақил хонлик тузишга келишиб, шу ниятимизни Хива хонининг ҳузурида якдиллик билан тасдиқласангиз, барча ишларни сизлар кутгандек қилишга тайёрман.
1- б и й. Хива хони билан дийдорлашиб, тиллашиб, хонлик тузиш хусусида арз қилиб юрган ўзингиз, Ойдўсбий! Шунинг учун хонлик тахтига ўтиришга тавсия қилинадиган биринчи одам сиз бўласиз, албатта.
О й д ў с б о б о. Аввалига мустақил хонликка рухсат олайлик! Ана ундан кейин тахтга мени лойиқ кўрмасангизлар, ихтиёр ўзларингизда.
1- б и й (ёнида ўтирган Ойдўс бийга ишора қилиб шивирлайди.) Бечора қариб қолди-да! Ўлаётганида миясини олиб, бошқа бир каллага солишнинг иложи бўлса эканки!..
2- б и й. Агар бўлиштириб келса, унинг мияси бизлардек уч-тўрт бийнинг бошига базўр сиғарди-ёв!..
3- б и й. Ойдўс оға! Бўпти, Хивага ҳаммамиз борамиз. Хон элимизга мустақил хонлик инъом этса, қабул қилайлик-да, шу “Маслаҳаттепа”га қайтиб келиб, орамиздан хон сайлайлик.
Б и й л а р. Маъқул!
– Энди таомлар келтирилсин!
– Аввало нон олиб келинсин! Аҳдимизни бузмасликка нон ушлаб қасам ичайлик!
О й д ў с б о б о. Яхши таклиф! Қани, нон келтиринглар!..
К ў р и н и ш
О ш п а з киради.
…Кутилмаганда атроф-теваракдан от туёқларининг дупурлаши билан аллақандай босқинчиларнинг “Ур!”, “Аяма!”, “Ўлдир!”, “Ойдўсни кўрсанг ушла!” деган хитоблар эшитилади. Ошпаз олиб келган каттакон нонни бийлар эндигина ушатиб, оғзига сола бошлаганида рўй берган бу ҳодиса барчани эсанкиратади. Ҳаммалари апил-та
пил ўринларидан туриб, отларига етиб олишга ошиқадилар.
Ташқарида яна шовқин-сурон, бақириқ-чақириқ, дод-войлар: “Ие, Бегис, сенга нима бўлди? Бу оғанг Ойдўснинг “Маслаҳаттепа”си-ку!”, “Миржиқ, сен ҳам оғангга душманмисан, нима бало? Тўнғич ўғлинг туғилганида уйингга атоқли бийларни бошлаб келиб, ўғлингга Эрназар деб от қўйган Ойдўс бийнинг ўзи эди-ку!”, “Ойдўснинг
гапларига ишонманглар!”, “Ойдўс алдоқчи!”, “Ойдўс шуҳратпараст!”…
Босқинчи навкарлар кириб келадилар. Тўрт навкар икки тарафга туриб, ўртада
йўл очадилар.
1- н а в к а р. Орадан ўтманглар, Қўнғирот ҳокими келяпти!..
Совут кийиб, қурол-яроғ ушлаган Ойдўс бобо бундай гапларга парво қилмай
бостириб келади.
О й д ў с б о б о (ортидаги йигитларга.) Менга аввало Бегис билан Миржиқни кўрсатинглар! Оқкўнгил халқимнинг бир навкари сифатида унинг душманларини аямайман! (Қиличини юқори кўтаради.) Сизлар ҳам аяманглар!
1- б и й (бунинг ҳам қўлида қурол-яроғ.) Ойдўсбий, ана, қаранг! Ана, Бегис, ана, Миржиқ!
О й д ў с б о б о. Ўз ҳалқига раҳм қилмаган ёвузларни!..
Ғижинганича олдинга интилади.
П а р д а ё п и л а д и
Уруш тугаган, лекин жанг майдонида ҳали ўпкасини босолмай йиғлаётганлар, қилич ва ё найзадан яраланганлар, яраларидан оққан қонни тўхтатолмай инграниб
юрганлар… Ҳаммаси ўзича ғудранади:
– Қўнғирот ҳокими худонинг ғазабига учрайди ҳали!
– Ойдўс бий шу кетшида элни бир балога йўлиқтиради..
– Ойдўсга тил текизма, элга ўз оти билан аталадиган хонлик олиш учун туғишган иниларини ўлдирди-ку у!
– Мустақил хонлик бўлганда ётиб ермидик!
– Барибир ўша меҳнатимиз меҳнат-да!
– Бизга қандай хонлик бўлса ҳам барибир!
– Ҳеч ким ётқизиб оғзингга қуймайди!
– Ким бўлсаям бизни ўз тинчимизга қўйсин!..
Чиройли қурилган “Маслаҳаттепа”нинг барча хоналари бузилган. Вайрон ҳолида ҳам хонликка муносиб ҳашаматли бино бўлгани кўриниб турибди.
Вайроналар орасидан ярадор бийлар, оқсоқол-қариялар амал-тақал чиқиб келишмоқда. Дутор билан қўбиз кўтарган бир бахши билан бир жиров нима қилишини, қаерга юриб, одамларга нима дейишини билолмай ҳайрон. Қиличсиз-найзасиз, кийимлари йиртилиб қонга беланган, ялангбош, юзига, соқол-мўйловларига қон сачраган Ойдўс бобо бу манзарага қараб ўтиради-да, қўлларини осмонга чўзиб, юраги
тўлиқиб нола қилади.
О й д ў с б о б о. Э-э, худо! Бу қандай кўргилик?! Оғзини очса ўпка-жигари кўринадиган менинг оқкўнгил халқимни яна нега бундай кулфатларга гирифтор қилдинг?! Нега? Нега?.. “Гирифтор қилган ўзинг!” дейсанми? Шунинг учун қарғишинг тегдими! Халқ бахтига чанг солганлардан бўлгани учун ҳасратли юрагим қаҳр-ғазабга тўлиб… икки бирдай туғишган инимни ҳам аямадим… Бас шундай экан, бу кулфатга мен айбдорманми? Йўқ, йўқ!.. Икки иним халққа қарши туриб, мени қотилликка ўзлари мажбур қилишди. (Атрофидаги вайронага кўз ташлайди.) Буларнинг бари элимда мустақил хонлик ўрнатиш ниятида улуғ Хива хони ўз усталарини юбориб, қурдириб, бизга қилган шоҳона эҳсони эди… Бари ер-яксон бўлди. Бузганлар орасида менинг жигарларим Бегис билан Миржиқ ҳам бор эди… Уларни ўлдиришдан бошқа иложим қолмади… Менга осонми?! Учарга қанотларим, юрарга оёқларим, кўз қароқларим эди-ку, улар. Мана энди… ўз халқимгина эмас, бутун одамзодни бағрига сиғдирган бу кенг жаҳон ҳам кўзимга игнанинг тешигидай тор кўриниб турибди. Энди нима қилай? Қайга борай? Ер ёрилса экан, тириклайин ерга кирардим-кетардим. Улуғ Хоразмнинг шуҳратини оламга ёйган буюк полвон-шоир Паҳлавон Маҳмуднинг “Нуҳ алайҳиссалом тўфон азобини бир марта бошидан кечирган бўлса, мен ҳар куни…” дегани эсимга тушса, “шундай улуғ инсон нега шунча азоб чеккан экан?” деб ажабланар эдим… Менга ўхшаганлар кўрадиган азобларни ҳам олдиндан ҳис қилиб шундай деган экан-да у! Мана, менинг ҳаётимда ҳам ҳар куни бир кулфат, офат, тўфон…
Уч бий кириб келади.
1- б и й. Сабр қилинг, Ойдўс оға! Шу кўргиликлар ҳам толеимизда бор экан!
2- б и й. Бу кулфатлар ҳам элимизнинг пешонасига азалдан ёзиб қўйилган бўлса не ажаб!
3- б и й. Ўзингизни қўлга олинг, Ойдўс оға! Бу дунёнинг турган-битгани зулмат-зимистон эмас. Бизга аталган ёруғ кунлар ҳам бордир ҳали!
2- б и й. Энди ҳозирги аҳволимиздан келиб чиқиб, энг тўғри йўлни қидиришга мажбурмиз… Энди йўл бошланг! Сизнинг илтимосингизга биноан Хива хони ҳузурига бориш учун кўп бийлар йиғилиб келишди.
3- б и й. Сизга ишонадиган, қолаверса элимизда мустақил хонлик бўлишини истайдиганларнинг барчалари шу ерда.
О й д ў с б о б о. Қани улар?
1- б и й. Ташқарида. Бирози сизни уйингизда деб ўйлаб ўша ёққа кетишди.
О й д ў с б о б о. Айтинглар, ҳаммалари бу ерга келишсин. Аввал манови ярадорларни уйларига обориб, ўлганларини ерга қўяйлик!..
Бир неча бийлар кириб келишади.
П а р д а ё п и л а д и.
Ёпиқ парда олдидаги кенгликда Ойдўс бобо бошлиқ бир неча бийлар келмоқдалар.
О й д ў с б о б о. Кўнгилни чўктирманг, биродарлар! Худо ёрлақаб элимизда мустақил хонлик ўрнатсак, бу йўлдаги курашда шаҳид кетганларга ёдгорлик ўрнатамиз.
1- б и й. Қўнғиротлиларнинг кутилмаган ҳужуми чоғида ўлганларнинг барчасига ёдгорлик ўрнатилиши керак!
2- б и й. Ҳали шошмайроқ тур! Хонликнинг хазинасини нима билан тўлдиришни ўйласанг-чи, аввал!
1- б и й. Одам боласи бу дунёга борни йўқ қилиш эмас, йўқдан бор қилиш учун келади!
О й д ў с б о б о. Азиз биродарлар! Биз ҳозирга қадар борига шукур қилиб яшадик. Энди ҳаракат ҳам керак. Дунёда бўшлиқ йўқ, яхшиликни қувласанг, ўрнини ёмонлик эгаллайди, аксинча, ёмонликни қувласанг ўрнига яхшилик келади. Худо хоҳласа, ўзимиз ҳам ҳаракат қилсак, энди бизда яхшилик ҳукм суради, деган умидим бор.
Б и й л а р. Илоё айтганингиз келсин, овмин!..
О й д ў с б о б о. Мана, дўстларим, ўтган гал Хива хонининг Бош вазири мени кузатиб келиб, ортига қайтган жойга етиб келдик. Ўшанда у манови ариқнинг кўприги устида атрофга қараб, “Агар сизларга мустақил хонлик берилса, шу жой икки хонлик ўртасидаги чегара бўлади, деган эди…
1- б и й. Ие, атроф чангалзор-ку!
2- б и й. Айнан шу чангалзорни танлашда бир қинғир ният йўқми экан?
1- б и й. Сарой аъёнлари бир шумликни бошламоқчими?
О й д ў с б о б о. Бундай ноўрин гумонларни қўйингизлар!
2- б и й. “Энди орамизда ҳамиша чангал туради” деган тагдор ишора бўлмаса майли эди-я!
О й д ў с б о б о. Ҳамма нарсани ёмонликка йўявермаслик керак!
Д ў с п а н. Кимнинг қалбида қинғир нияти бўлса, у бошқаларни ҳам қинғир ниятли деб ўйлайди.
1- б и й (3-бийга.) Ойдўсбийни йўлдан оздираётган сен эканинг энди маълум бўлди, ошна!
2- б и й. Иниларини ўлдиришида ҳам сенинг қўлинг бўлса кераг-ов!
О й д ў с б о б о (уларнинг сўзларини эшитмайди.) Биродарлар, шу ерда бир муддат тўхтаб, манови чангалзорга қуллуқ қилиб ўтсак нима дейсизлар?
2- б и й. Балки алифга таъзим, калтакка қуллуқ қилиш мумкиндир, лекин келиб-келиб аллақандай чангалзорга?!.
1- б и й. Чангал ҳам худонинг яратган неъмати! Баъзида наинки чангал, иблисга ҳам таъзим қилишга тўғри келади, демоқчидир-да?
О й д ў с б о б о. Иблисга таъзим қилинмайди! Бироқ чангал, умуман олганда, фойдали нарса.
3- б и й. Турли хил ёвуз ниятларни у томонга ҳам, бу томонга ҳам ўтказмай ушлаб қоладиган чангалзорга бош эгсак эгибмиз-да!!
О й д ў с б о б о. Биродарлар, бахту бахтсизлик деганлари фикрлай оладиганлар учун баайни сояга ўхшайди: қувласанг қочади, қочсанг қувлайди. Биз шу топда бахтни қувлаб эмас, бахтсизликдан қочиб келяпмиз! (Барча бийлар бир-бирларига ажабланиб қарайдилар.) Баъзиларнинг қилдан қийиқ қидириб ёмон хаёлларга боришларини олдиндан билганимиз учун бу чангалзорни “Мойли чангал” деб аташ ниятида атайин тайёргарлик кўриб келувдик.
1- б и й. Нега энди “Мойли чангал”?..
Бийлар бир-бирларига қараб кулишадилар.
О й д ў с б о б о. Хива хонлиги бизларга қорақалпоқ хонлигини тузишга рухсат берганини эълон қилгудек бўлса, ўзимизга яқинроқ сарой аъёнларини чақириб зиёфат беришимиз учун яхши ният билан етти қўйни сўйдириб, Дўспан етаклаб келаётган икки отга юклатган эдим!
1- б и й. Ие, шунақа денг! Мен бу отларда қўшимча ундирилган солиқлар олиб келиняпти, деб ўйлабман.
2- б и й. Яхши ният ярим давлат деганлар. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да!
О й д ў с б о б о. Ана ўша қўйларнинг думбаларидан майдалаб кесиб, манови чангалларга битта-битта илиб чиқинглар!
2- б и й. Буниси нимага керак?
1- б и й. Хива хонининг сизга берган ваъдасининг чинлигига шубҳангиз борми дейман, Ойдўс бий?
О й д ў с б о б о. Шубҳалансам, барчаларингизни Хивага бошлаб келмас эдим.
3- б и й. “Хоннинг иши – шайтоннинг иши” деган гап бекор айтилмагандир-ов!
О й д ў с б о б о. Ундай деманглар, ахир хон Худонинг ердаги сояси бўлади, шайтоннинг малайи эмас!..
Ойдўс бийларни бошлаб, саҳнанинг бир четидан ичкарига кириб кетади. Орқароқда бир гуруҳ бийлар ўзаро гаплашиб келадилар.
– Ишқилиб, Хива хони ғазаб қилиб заптига олмаса бўлди!
– Чангалзор ҳам яхши ният билан мойланди-ку! Хоннинг кўнглини юмшатиш учун ҳам энди қаҳр ё шубҳа эмас, меҳр керак, иним.
– Хива хонлигининг обрўсини ўйлабоқ ўша хон Қўнғирот ҳокимига қарши турган, ҳатто унга тарафдор икки туғишган инисини ўз қўли билан ўлдирган одамга раҳми келганиданоқ унга ёмонлик соғинмаса керак?..
– Менимча, хон Ойдўс бийнинг бири йўлбарсдай, бири арслондай икки инисидан ҳайиққанидан уни ҳурмат қилар эди… Энди, очиғи, Хивадан хурсанд бўлиб қайтишимизга кўзим етмайроқ турибди.
– Қўйинглар, ёмон ният қилманглар! Ундан кўра, мард бўлсангиз, хон қабул қилганида шунга ўхшаган гапларингизни очиқ айтингизлар!
– Ие-ие, сен жуда мард чиқиб қолдинг-ку!..
– Нима бўлганда ҳам Ойдўс бийнинг нияти менга маъқул: агар қорақалпоқ хонлиги тузилса, наинки бизлар, Эдил билан Ёйиқ тарафларга, Хитой, Афғонистон, Ҳиндистон мамлакатларига, Россия билан Усмонлилар салтанатига сочилиб кетган қондошларимиз, бутун жаҳондаги жамики бошига қора қалпоқ кийганлар учун чинакам бахт эди-да, бу!..
– Тўғрику-я, лекин бизда хонлик тажрибаси борми ўзи?
– Хонлик бўлганда ҳам уруғларимиз орасида тахт талаш бошланиб, тағин тумтарақай бўладиган замонлар келмаса эди!
– Бу хавотирингиз ҳам ўринли. Азалдан худонинг қарғишига қолган халқмизми, нима бало!
– Ойдўс бобо тилда қорақалпоқ хонлиги деса ҳам, аслида, худо билади, кўнглида қандай ниятлари бор…
Д ў с п а н (ортига бурилиб.) Қани, етишиброқ юрайлик! Ана, шаҳар дарвозасининг олдида хоннинг бош вазири, маҳрами, ясовуллари бизни кутиб туришибди.
Ҳамма олға қараб қадамини жадаллатади.
ПАРДА ОЧИЛАДИ
К ў р и н и ш
Хива шаҳрининг баланд ва муҳташам дарвозаси олдида бош вазир, маҳрамлар,
мулозимлар, ясовуллар сафланиб туришибди.
О й д ў с б о б о.. Э Худо, ўзинг охирини бахайр қилиб ниятимизга етказгайсан! (У қўлларини кўксига қовуштириб, тавозе қилган ҳолда олдинга юради. Бийлар ҳам унга тақлид қилиб эргашар эканлар, ўзаро гаплашишда давом этадилар).
1- б и й. Илоё қадамимиз қутлуғ келсин!
2- б и й. Агар мустақил хонлик берса, хоннинг оёқларига бош уриб, уни ўпганим бўлсин!
1- б и й. Мустақил хонликка эга бўлганимиз яхши, бироқ унинг тахтига Ойдўс ўтирса, элимизда нақ охирзамон бошланади дейверинг!
О в о з. Нега энди?
1- б и й. Азбаройи тахтга ўтириш умидида икки инисини ўлдирган қотил тахтга ўтиргач, кимга шафқат қилар экан?..
Бош вазир виқор билан юриб келиб, қорақалпоқ бийлари билан саломлашади.
Б о ш в а з и р. Ассалому алайкум, бий бобо!
О й д ў с б о б о.. Ваалайкум ассалом, бош вазир жаноблари!
Б о ш в а з и р (ҳаммага.) Ассалому алайкум, улуғ қорақалпоқ элининг донишманд бийлари!
Ҳ а м м а. Ваалайкум ассалом!..
Б о ш в а з и р. Муҳтарам бийлар! Мен сизларга хон ҳазратларининг бир илтимосларини етказиш учун йўлингизга пешвоз чиқдим. Албатта, узоқ йўлдан чарчаб келдингизлар. Сизлар учун махсус меҳмонхона тайёрлаб қўйилган. Бугунча ўшанга бориб ювиниб-таранингизлар, дам олингизлар, овқатланингизлар…
Х о н м а ҳ р а м и. Доно бийлар, айтиб қўяй, ҳар бирингизнинг ҳар бир ҳаракатингиз алоҳида диққат-эътиборимизда турибди. Амударёдан ўтгандан кейинги ҳар бир қадамингиз, ҳатто чангалли чегарани “Мойли чангал” бўлсин деб келишиб олганларингизни ҳам биламиз!
Бийларда ажабланиш, эсанкираш, таажжуб аломатлари кўриниб, ўзаро
шивирлашадилар:
– Бундан чиқди, орамизда хоннинг айғоқчиси бор экан-да, а?
– Ойдўснинг ўзидан бошқа хон билан тиллаша оладиган ким бор орамизда?
– Ойдўс бий биз билан юрган ҳолда ҳамма хабарни буларга қандай етказиб улгурди?
– Имо-ишора орқалиёқ етказгандир-да! Ё аввалдан тил бириктириб олганми?..
– Тилларингни тийиброқ юринглар! Тил югуриги бошга деганлар!..
Х о н м а ҳ р а м и. Ҳурматли бийлар! Доно қорақалпоқлар! Хон ҳазратлари сизларни эртанги машваратда қабул қилади. Сизлар ҳам умумий йиғилишга қатнашиб, бевосита хон ҳазратлари билан суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўласизлар!
О в о з л а р. Хон билан юзма-юз ўтириш… қандай бахт!
– Бундай саховатли хон оламда бўлмаса керак!
– “Хон биз лаққиларни боплаб лақиллатади” деганларнинг оғзига тош!…
Д ў с п а н. Ақалли шу ерда ўз ортларингни ўзларинг очмай жимгина турсаларинг бўлармиди!
О й д ў с б о б о. Сизларга раҳмат, жаноби вазир, жаноби маҳрам!
Б о ш в а з и р (бир ясовулни ёнига имлаб чақиради.) Буларни меҳмонхоналарига бошлаб бор! Ҳаммаси жойида бўлсин!
О й д ў с б о б о.. Қани, кетдик, биродарлар! (Ҳамма унга эргашади).
Х о н м а ҳ р а м и. Сиз бир муддат тўхтанг, Ойдўс бобо! Айтиб қўяй, қабул маросими қорақалпоқлар бир пайтлар хон ҳазратларига совға қилган катта Оқ ўтовда бўлади. Аммо сизларга шуни ҳам айтиб қўяйки, эртага хон ҳазратларининг ҳузурларига келганларингизда ўтовга кириб салом берсангиз ҳам, ўтовнинг ташқарисида туриб салом берсангиз ҳам айбдор ҳисобланасиз!.. Хўп, майли, яхши дам олингизлар!
Бийлар сесканиб, эсанкираб, таажжубланиб бир-бирларига қарайдилар:
– Ие, бу қанақаси? Топишмоқми?
– Топишмоқ эмас, жоннинг тузоғига ўхшайди-ку!..
О й д ў с б о б о.. Топишмоқ бўлса топамиз, жумбоқ бўлса ечамиз, тузоқ бўлса қутулиш йўлини биргалашиб қидирамиз!..
П а р д а ё п и л а д и.
К ў р и н и ш
Саҳна олдида бийларнинг ҳар бири ўз дардини айтиб, оҳиста одимлаб ўтаверадилар.
1- б и й. Бош вазирнинг “Улуғ қорақалпоқ элининг донишманд бийлари” деганини эшитиб нақ бошимиз осмонга етди-ёв!
2- б и й. Маҳрам “Доно қорақалпоқлар!” деди-я, буни қаранг!
3- б и й. О-о, бечора лақмалар!
1- б и й. Нега ундай дейсан? Ким лақма?..
3- б и й.“Улуғ қорақалпоқлар” билан “донишманд бийлар”ни хон қандай дўзахга жўнатмоқчи бўлиб турганини сезмадингизларми, ахир!
2- б и й. Сал-пал сезгандек бўлдик-ку-я!..
3- б и й. Бўпти-да! “Сиққанга ҳам биттангга, сиғмаганга ҳам биттанга” дегани мана шу бўлади! Энди бу дўзахдан омон чиқиб бўпсиз!
О й д ў с б о б о. Биродарлар! Ҳаммамиз ҳам роса чарчаганмиз. Меҳмонхонага борайлик, дам олайлик, ақлимизни жамлайлик! Кейин маҳрам айтган шартни бамайлихотир муҳокама қилаверамиз.
1- б и й. Бажариб бўладиган шартми шу?!
3- б и й. Шартнинг маъносини тушундингизми ахир, ўтовга кириб салом берсак ҳам, кирмай салом берсак ҳам айбдор саналиб жазоланадиган бўлгач?..
Бийлар баайни дор олдида турган гуноҳкорлардек жон қайғусида бир-бирларига
мўлтирашиб қарайдилар.
О й д ў с б о б о. Шошманглар, дўстлар! Аввал меҳмонхонага бориб, чой-пой ичиб, жон чақирайлик, ана ундан кейин ўйлашиб кўрайлик!..
1- б и й. Шу топда улуғ Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг:
Нодонда яхши фикр бўлганми, қачон?
Пуч ёнғоқда мағиз бўлганми, қачон?
деган бир байтини эслаб қолдим-да, Ойдўс бий…
2- б и й. Азбаройи шумлик билан икки инисидан кейин бу ерда бизни ҳам асфалософилинга жўнатиб, ўзи кимсасиз тоғда ёлғиз ки-йикдек яшамоқчи бўлганга ўхшайди-ку, бу Ойдўс бий!
3- б и й. Азаматлар! Мен ҳам Ойдўсни эндигина тушуниб тургандекман. Шу топда улуғ Жалолиддин Румий ҳазратларининг:
Нодонга айтилган гап – ушлови йўқ шамол.
Унга олам насиҳати – ғалвирдаги сув мисол,
деганини эслаб…
1- б и й. Уялмай-нетмай шунчамизни шунча алдаб-лақиллатдингиз-а, Ойдўс бий!
2- б и й. Энди бошимиз омон қолганига шукур қилиб тезроқ қочиб қолайлик!
4- б и й. Қани, бу ёғига ҳам йўл бошланг, Ойдўсбий, сизнинг ортингиздан қочайлик!..
Шу пайт бийлар орасидаги бир нотаниш қорақалпоқ қуюшқонга қистирилиб гап қўшади.
Н о т а н и ш қо р а қ а л п о қ. Шоирлар шоҳи Абулқосим Фирдавсийнинг шундай ҳикматли сатрларини эшитганмисизлар:
Нодондан ёмонлик келади фақат,
Нодон билан умр қилмайди шафқат!..
О й д ў с б о б о (нотаниш қорақалпоққа.) Ҳай, шўрпешона, ҳов ўшанда олдимга йиғлаб келиб “Хивада ўқиб юрибман, шаҳарда яшаш маза экан деб юрган бир қорақалпоқ боласиман…” деб ялиниб-ёлворганингда тўппа-тўғри хоннинг ўзидан илтимос қилиб, сени Девонга ишга олдирган эдим, эсингдами?..
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ. Хўш, нима бўпти шунга? Сенсиз ҳам бир амаллар эдим! Девонда ишлаш учун катта ақл керак, билдингми! Шу нарса менда аввал-бошданоқ етарли бўлганидан кейин!..
О й д ў с б о б о. О-о, бечора, қай бир нияти қинғирларнинг нуқси уриб, тўғри йўлдан ҳам қийшиқ юришни ўрганибсан-а!
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ. Энди яхшиси Саъдий Шерозийдан эшитинг!
Қаридан кутманглар тайинли фикр,
Ёшлик ортга қайтмас тушсанг ҳам зикр!
Кетади
1- б и й. Ойдўс ўзи одам қилган Нотаниш қорақалпоқнинг манови хурмача қилиғига қараб туриб ҳаммаси тушунарли бўлди! Демак, Хива хони Ойдўсни лақиллатган! Энди бошимиз бўйнимизда турганида тезроқ элга қайтганимиз маъқул!
2- б и й. Ўзинг ҳам бир нима де, Ойдўс! Бироқ айтиб қўяйлик: биздан ажралиб ёлғиз ўзинг қолгудек бўлсанг, “Мойли чангал”ингга ўт қўямиз: мойи бор чангал яхши ёнади!
3- б и й. Чангалзор оралаб ўтган ариқнинг баланд кўпригига ҳам ўт қўямиз! Ўша куйиб-қорайган кўприк мабодо чегара бўлса, балки кейинчалик “Қоракўпир” деб аталар!
О й д ў с б о б о. Шошманглар энди, ақл билан иш қилинглар, биродарлар!
3- б и й. Майли, у билганини қилаверсин, биз элга қайтайлик! Муҳташам меҳмонхонасини ҳам елкамизнинг чуқури кўрсин! Нима дедингизлар?..
Ойдўс бобо билан Дўспандан бошқа ҳамма тўхтаб қолади.
О й д ў с б о б о. Барака топгурлар, юринглар энди! Меҳмонхонада ўйлашиб-кенгашамиз дедим-ку!
Ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмайди. Ҳамма бийлар ўз йўлларига кетадилар.
О й д ў с б о б о (сир бой бермасликка тиришиб, Дўспанга ночор-ноилож кулиб қарайди.) Эртага хоннинг ўтовига киришнинг йўлини икковгинамиз топа оламизми?
Д ў с п а н.“Бир калла – бир калла, икки калла – икки калла”! Астойдил бош қотирсак, топармиз, бий бобо! Ихтиёримизда ҳали бир кеча-кундуз бор-ку!
О й д ў с б о б о. Яша, чироғим! Бир йўлини топмай қўймаймиз!
Чироқ ёниб-ўчади ва қайта ёнади.
ПАРДА ОЧИЛАДИ
К ў р и н и ш
Хон саройи. Каттакон ўтовнинг тўрида хон ўтирибди. Ўнг томонида бош вазир, чап томонида маҳрам ва бошқа сарой аъёнлари.
Х о н. Шундай қилиб, Ойдўсдан бошқа бийлар қўрққанларидан ортларига қайтиб кетди, дедингизми?..
Б о ш в а з и р. Шартимизни яхшигина тушунишган кўринади!
Х о н. Мунча ҳаммаларини қўрқитадиган қандай шарт қўйган эдингиз?
Х о н м а ҳ р а м и. Жаноби олийлари, аввал бундан етти юз йил аввал яшаб ўтган Рашидиддин Ватвот лақабли Муҳаммад бинни Абдумаликка боғлиқ бир латифа айтсам майлими?
Х о н. Қани, эшитайлик-чи!
Х о н м а ҳ р а м и. Рашидиддин салжуқийлар даврида қарийб юз йил яшаб, кўпни кўрган зўр шоир!..
Х о н. Ҳа, аввал ҳам бир айтган эдингиз! Энди бу ёғини қисқароқ қилинг!
Х о н м а ҳ р а м и. Улуғ салжуқийлар давлатининг подшоси Султон Санжар ўзига қарашли Хоразм ҳукмдори Қутбиддин Муҳаммад вафот этгач, унинг йигирма тўққиз яшар ўғли, салжуқийлар мамлакатининг асосий қалъаси Марвда таҳсил кўрган Оловиддин Жалолиддин Отсизни ўрнига тахтга ўтқазади. Ажойиб ватанпарвар, Хоразмнинг асл фарзанди Отсиз Султон Санжарга очиқ қаршилик кўрсатмайди-ю, бироқ унинг ожиз томонларидан усталик билан фойдаланиб, салжуқийлар ҳукмронлигини заифлаштиришга, ҳатто уни ич-ичдан емиришга муваффақ бўлади!
Х о н. Қандай қилиб? Нима демоқчисан?!
Х о н м а ҳ р а м и. Демоқчиманки, Ойдўс бий ҳам ажойиб ватанпарвар… Шунинг учун сизнинг ҳузурингизга ҳар тарафлама ўйланиб, айрим хомроқ ўйларини обдон пишитиб кирсин деган ниятда…
Х о н. Ўзидан бошқа ҳамма бийларни қўрқитиб қочиргулик қандай шарт қўйувдингиз, шуни айтинг-да!
Х о н м а ҳ р а м и. Сиз оқ ўтовда ўтирганингизда ҳузурингизга юрак ютиб киролмайдиган, ташқарида ҳам узоқ туриб қололмайдиган биттагина шарт қўйдим-да!
Х о н. Нима бўлганда ҳам сиз кимсан Жалолиддин Отсиз билан Ойдўс бийни тенглаштирманг! Ойдўс бий қанчалик ақлли, шумгина кўринмасин, ниҳояти бир саҳройи, бунинг устига, уруғи қўй! Юртдошлари ҳам унга осонгина эргаша қолмайди. Лекин агар уларнинг бошларини қовуштиришга кўмаклашсак, Худо шоҳид, Хоразм хонлигининг оламшумул довруғига довруғ қўшган бўламиз!
Б о ш в а з и р. Сиз ҳақсиз, олампаноҳ! Буёғи Ойдўс бийда ўткир ақл бор – ҳар қандай муаммони еча олади. Фақат ёрдам берилса бас…
Х о н м а ҳ р а м и. Унинг биздан ажралиб чиқадиган мустақил хонлик талаб қилаётгани менга мутлақо ёқмаяпти, хон ҳазратлари. Ёдингизда бўлса, Хивада ўқиб, шу ерда қолган бир қорақалпоқ боласини сизнинг ўзингиздан илтимос қилиб девонга ишга олдирган эди… Ойдўснинг нияти ҳатто ўша болага ҳам ёқмай турибди-да!
Х о н. Бир-бирларини ёқтирмаслик биз туркийларнинг қонимизда бор!.. (Бош вазирга.) Сиз нима дейсиз?
Б о ш в а з и р. Ҳақ гапни айтдингиз, олампаноҳ! Жаҳондаги жамики туркийларни ягона мамлакатга бирлаштирмоқчи бўлган Бўмин ҳоқон, Элтариш ҳоқон афсоналарда “Қирқ қиз” оти билан шуҳрат қозонган оналаримиз, Амир Темур бошқа кўпдан-кўп улуғ аждодларимизнинг тақдирлари сизнинг гапингизга яққол мисол бўла олади!
Х о н. Ўз халқини севадиган ҳар бир инсон бошқаларнинг ҳам ўз халқини севишини тўғри тушуниши керак. Менимча, ўз эли Ойдўс бобонинг кўнглида нима борлигини ҳали дурустроқ англаб етмаяпти. Шу сабабдан унинг дарди-дунёси қоронғи бўлиб, аччиқ устида икки инисини ўлдиришга мажбур бўлганини ҳам тўғри тушунишимиз керак. Шуларни кўра-била туриб, Ойдўсга биз ҳам тескари қарасак, ҳақиқий элсуяр, бағрикенг бир туркийга, унинг халқига ёмонлик соғинган бўламиз.
Б о ш в а з и р. Тўғри айтасиз, хон ҳазратлари.
Х о н. Қорақалпоқлар ҳам бизга ўхшаган, туркманлар, қозоқлар, Олатовдаги оқ қалпоқли қирғизлар, олисдаги озорбайжонлар, татарлар, бошқирдлар сингари келиб чиқиши туркий халқ. Бугун барча туркийларнинг ўз хонлиги бор, бас шундай экан, нега бу бечораларда бўлмаслиги керак?
Х о н м а ҳ р а м и. Сиз қўллаб-қувватласангиз, улар ҳам яхшигина хонлик бўлади, албатта. Мен фақат хон бўладиган одамнинг ақлини синаб кўрмоқчи эдим, холос.
Х о н. Синаш керак, албатта. Агар афсона-ривоятларга суянадиган бўлсак, қорақалпоқлар туркийлар бирлашганида уларга ташқаридан ҳужумлар чоғида қуролли босқинчиларга қарши кўксини қалқон қилувчи энг жасур жангчиларга айланадиган ёвқур халқ. Уларнинг шундай жанговорлиги сабабли урушларда эркакларининг кўплари қирилиб, нуфузи озайиб кетгани ҳам бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Х о н м а ҳ р а м и. Аслини олганда, қорақалпоқлар биз ўзбекларнинг бир уруғи эмасми, жаноби олийлари? Қозоқ жузлари ҳам уларни ўзларининг бир уруғ-аймоғи деб қарайди…
Х о н. Бундай қилишдан бизга ҳам, қозоқ хонларига ҳам заррача фойда йўқ. Билмайсизми, улар миллий хусусиятлар, ўзига хос турмуш тарзи, урф-одатлари, ўз тақдири, қўшиғи, тилига эга бўлган алоҳида бир халқ-ку. Биз хонлик берсак, ёвимизга ёв, дўстимизга дўст бўладиган елкадош, суянса бўладиган ишончли қардош хонлик пайдо бўлади…
К ў р и н и ш
Ўтов олдида уйқусизликдан кўзлари киртайган Ойдўс бобо билан Дўспан
кўринади.Ойдўс бобо хон ўтирган ўтовнинг гулдор жез чийларини ташқарига
қайириб, улар билан қора уй оралиғига киради.
О й д ў с б о б о. Ассалому алайкум, хон ҳазратлари!
Х о н (атрофга қарайди, кўрмайди.) Ойдўс бийнинг овози-ку! Ўзи қани?
О й д ў с б о б о. Хон ҳазратлари, маҳрамингиз қўйган шартга кўра, мана, сизнинг ҳузурингизга кириб турганим ҳам йўқ, кирмай турганим ҳам йўқ!
Х о н м а ҳ р а м и (ўрнидан туради.) Қани, кўрайлик-чи!
О й д ў с б о б о. Кўринг-кўраверинг! Ичкарига кириб турибсиз десангиз, олдимда хон ўтовининг кумуш керагалари, агар ташқарида турибсиз десангиз, ортимда улкан ўтовнинг сочдек таралган жезу мис чийлари…
Х о н (керагалар билан чийлар орасида турган Ойдўс бобони кўриб ўрнидан қўзғалади.) Ў-ў, ақлингизга тасанно, Ойдўс бобо! Сиздек ақлли, камтар, сабр-тоқатли бийга ҳурматимнинг ифодаси сифатида бугундан бошлаб сизни “Ойдўс бобо” деб атаганим бўлсин! Ҳақиқатан ҳам, ўз элингизга хон бўлишга муносиб донишманд эканингизга мени ишонтирдингиз! (Хоннинг ўзи жез чийларни қайириб, Ойдўс бобони оралиқдан чиқариб олади.) Ойдўс бобо, энди келинг, биз билан ёнма-ён ўтиринг! Ясовул, менинг эски тахтим келтирилсин! (Ясовул тезда тахт кўтариб олиб кириб, хоннинг тахтига ёнма-ён қўяди.) Ана энди марҳамат қилиб ўтиринг, қон-қардош қорақалпоқ элининг мустақил хонлиги хусусида гаплашамиз!
Ташқаридаги ясовуллар орасида бу гапларни тинглаб турган Дўспаннинг
севинчдан кўзлари ёшланади.
Д ў с п а н. Эй, Худо!..
Ойдўс бобо эски тахтга андак қимтиниброқ ўтиради.
Х о н. Ойдўс бобо! Сиз охирги марта ҳузуримизда бўлганингиздан кейин шажара варақлаб айрим нарсаларни аниқлашга муваффақ бўлдим. Бундан қарийб минг йил аввал қорахонийлар давлати пайдо бўлган. “Хоний” деганининг маъноси “хон тарафдорлари” дегани бўлса керак? Арабу форс тиллари билан муносабатда бўлгач, бизнинг тилларимиз ҳам шу тиллар ҳисобига бойиган. Маълум бўлишича, “қора” сўзи қадимий туркларда “баландлик”, “улуғлик” деган маъноларни ҳам англатар экан. “Қорақалпоқ”, яъни, “улуғ қалпоқли эл”, ҳатто ўша қорахонийларнинг биринчи хони Содиқ Абдукарим деган одам бошига тож ўрнида катта қора қалпоқ кийган эмиш! Баъзи ривоятларда ўша биринчи хон “Буғрохон” деб ҳам аталган экан. “Буғро” сўзи, биласиз, албатта, “қўш ўркачли туя” деган маънони англатади.
О й д ў с б о б о. Қорақалпоқлар баайни қўш ўркачли туядек юк кўтаргич, бунинг устига, ташналикка ҳам, очликка ҳам чидамли халқ, хон ҳазратлари.
Х о н (мийиғида кулиб.) Лекин шундай бақувват халқнинг уруғлар ўртасидаги низоларнинг тўхтовсиз кучая бориши натижасида хонлик аста-секин емирилиб, бундан 615 йилча аввал Усмон деган сўнгги хони ўлдирилганидан кейин хонлик бутунлай тугаб битган экан…
О й д ў с б о б о (ўрнидан туриб, таъзим қилади.) Сиздек билимдон инсонга жоним тасаддуқ, улуғ Хоразмнинг донишманд шоҳаншоҳи!
Зиёфат учун ноз-неъматлар келтирила бошланади.
Х о н. Оллоҳ таоло тонг-саҳардан бошланган ишларни хуш кўрар экан… Шошилмай маслаҳатлашайлик, керак бўлса, Саройимда бирор ой қолиб, иш ўрганинг, сулололару шажаралар билан яқиндан танишинг!..
О й д ў с б о б о (яна ўрнидан туриб, таъзим қилади) Офтоби оламдек чексиз меҳрингиздан элим гуллаб-яшнаб, аҳилликка юз буришидан умидворман, хон ҳазратлари! (Кўзларидан оққан ёшни сидиради.) Кўнгилбўшлигим учун маъзур тутасиз!..
Х о н. Сизни ҳис қилиб турибман! Оллоҳ Таолонинг амри билан Жабройил алайҳиссалом ҳазрати Одам бино бўлишидан аввал тупроғини пишитганида уни шодлик билан ғам ёшларига қўшиб қориштирган эканлар!
О й д ў с б о б о (хоннинг оёқларига бош уради.) Хон ҳазратлари! Улуғ Шайх Саъдий Шерозийнинг “Дўст кўнглини топиш учун ҳатто отангнинг боғини сотсанг ҳам арзир” деган ҳикматли гапига амал қиламан!..
ТЎРТИНЧИ ВОҚЕА
К ў р и н и ш
Олисдан тўлғаниб-тўлқинланган Орол денгизи кўзга ташланади. Унинг бир четидаги ярим отовда бир тўп одамлар йиғилишиб мажлис қилмоқдалар. Қурол-аслаҳаларини бўйинларига осган навкарлар уларни қўриқлаб турибди. Бийлар навбат билан сўзламоқдалар.
1- б и й. Ойдўс бий ростдан ҳам бешафқат одам экан! Ўзига баайни кўз-қулоқ, қўл-оёқдек азиз икки инисини бараварига ўлдирди-я! Бундай ёвузни одам қаторига қўшиб бўладими? Ё гапларим нотўғрими?..
2- б и й. Тўғри гап! У қорақалпоқ хонлигини тузиш учун хон ҳузурига кириб рухсатнома оламиз, деган баҳона билан бизни Хивага эргаштириб оборди. Кейин билсак, асосий мақсади ҳаммамизни ўлдиртириб, элга ёлғиз ўзи эга чиқмоқчи экан! Шунақанги яккахонликни у ўзича мустақил хонлик деб хаёл қилса керак-да!..
3- б и й. Ҳовва-ҳовва! Бизлар хон саройига яқинлашган заҳоти хоннинг маҳрами билан дарҳол тил бириктирди-да, хон ҳузурига қандай кириш кераклиги ҳақидаги антиқа шартни унга айттирди. Шартни эшитиб эсхонам чиқиб кетди, аммо-лекин! Одам боласи бажара оладиган шарт эмас-да, бу!
О в о з л а р. Қандай шарт?
– Биз ҳам эшитайлик!
– Аниқроқ гапиринглар-да!
3- б и й. Қабул пайтида ўтовда ўтирган хонга салом бергани келишимиз керак экан. Тўппа-тўғри хон ҳузурига кириб салом берсак ҳам, ташқарида туриб салом берсак ҳам айбдор бўлар эканмиз!..
О в о з л а р. Ё тавба!
– Бу қандай шумлик!
– “Сиққангаям биттангга, сиғмагангаям биттанга”нинг янгича кўринишими бу?!.
2- б и й. Шунинг учун ҳам ҳамма бийлар биргаликда Хивадан жуфтакни ростлаб қолдик-да! Яна Ойдўс Хива хонлиги билан қорақалпоқ хонлигининг чегараси бўлади деб кўрсатган чангалзорга, Ойдўсбийнинг гапларига ишониб, қўйларнинг қуйруқ мойларини илиб, уни “Мойли чангал” деб атаган эдиг-а!. Ойдўс бий икки ўртадаги муносабатни юмшатаман деб, аксинча, қаттиқлаштирмоқчилигини қаёқдан билибмиз…
3- б и й.“Мана бўлмаса” деб ўзларимиз “Мойли чангал” деб атаган ана ўша чангалзорга Хивадан қочиб келаётиб ўт қўйдик. Думба ёғининг чангалга қўшилиб ёнишини кўринг! Ўша ерда йўлни кесиб ўтадиган ариқ бор эди, унинг устидаги кўприкка ҳам ўт қўйдик!
1- б и й. Майли-да, агар хонлик барпо бўлса, “Мойли чангал” бўлмаса, “Куйган кўпир”ми “Қоракўпир” деб аталар!
3- б и й. Ойдўсдек сотқин эл бошқариб турган жойда халқимиз мустақилликни фақатгина тушида кўради!
О в о з л а р. Ойдўсбийнинг ўзи қани?
– Ўзидан эшитайлик-да, бўладиган гапни!
3- б и й. Ие, ҳали бу ёғини айтмабмиз-ку! Ойдўс хоннинг одамлари билан тил топишиб, Хивада қолди. Пиридан безган чолдан ўлим ҳам қўрқади. Мана, кўрасизлар, ҳали омон-эсон қайтиб келади у! Ўз бошини деб икки инсини ўлдирган бемеҳрда иймон қоладими!
О в о з л а р. Элимизнинг бош бийини Хивада ёлғиз ташлаб келганингиз хиёнат эмасми, азиз биродарлар?..
– Сотқинлик бундан ортиқ бўладими!
– Кимга ишонишни ҳам билмай қолдик-ку!..
2- б и й. Шуни билиб қўйингларки, дарахтда чиройлигина кўриниб ҳил-ҳил пишиб турган мева тупроқнинг остида кўмилиб ётган илдизларнинг шарофати билан мева! Худди шундай, агар сизу биз тупроққа кўмилган илдизлар, Ойдўс эса, ўзича меваларнинг сараси атаниб юрганини Хивада яхшигина тушундик!
О в о з. Тушунарли!..
– Сизлар қўрқиб қочиб кетганларингиздан кейин Ойдўс бий хоннинг шартларига жавоб тополмай жазолангандир?..
3- б и й. Ойдўсдек ёмонларнинг ёмонига ўлим йўқ! Хон уни тирик қолдириши аниқ. Кеча мен ўзим эшитган узун қулоқ гапларга кўра, хон унга саройда бир оз дамингни ол деган эмиш!
1- б и й. Халойиқ, Ойдўс барчангиздан хон учун солиқ йиғиб, Хивага ёлланган сотқин эканини энди тушундингизми? Гапнинг пўсткалласи шуки, у сотқин! Хива хони бўлса, хўжакўрсинга Ойдўс билан тил топишиб, халқимизни ёмон лақиллатиб юрибди. Шунинг учун энди тўппа-тўғри Хивага қарши жангга отланмасак бўлмайди!
О в о з л а р. Нимамизга ишониб?!. Нима мақсадда?!
– Мустақил хонликни Қўнғиротга берсин!
– Икки инисини ўлдирган Ойдўсга ишонмасин!
– У қонхўр, диёнатсиз, сотқин!
–Муттаҳам сувни лойқалатиб балиқ ушламоқчи бўляпти!..
2- б и й. Халойиқ, энди ишондингизми?
1- б и й. Ҳамма бийлар бир гапни айтиб турганидан кейин ким ишонмайди!
2- б и й. Ундай бўлса, “Ойдўс бий сотқин!” деб такрорланглар!
О в о з л а р. Ойдўс бий сотқин! Ойдўс бий сотқин!..
1- б и й. Ана энди шумният Хива хони билан унинг шумният ялоқхўри Ойдўсга қарши жангга отланамизми?..
О в о з л а р. Отланамиз! Отланганимиз бўлсин!..
2- б и й. Баракалла, халойиқ! Ана энди оломон эмас, чинакам халқ бўлдингиз!
1- б и й. Энди жарчилар бир қадам олдинга чиқсинлар!
Ҳамма бараварига бир қадам олға босади.
1- б и й. Халойиқ! Ақлни хазина десак, унинг калити тил! Демак, жарчилар ақлнинг калитлари!.. Ҳамма жарчиларга топшириқ шуки, шимоли Оқмачит, шарқи Нурота, жануби Хива билан Кўҳна Урганч, ғарби Ҳазар денгизига қадар овулдан овулга, яйловдан яйловга, элатдан элатга ўтиб, “Хивага қарши уруш очилди! Барча элсевар йигитлар қўлига илинган яроқларини олиб жангга чиқсин!” деб жар солишни бошлангизлар!
О в о з л а р. Бўш товоққаям фотиҳами?
– Қуруқ қошиқ оғиз йиртар деганлар!
– Ҳақимизни ким тўлайди?!.
1- б и й. Мана мен тўлайман!
2- б и й. Мен ҳам қараб турмайман!
3- б и й. Мен ҳам!..
4- б и й. Мен бўлсам, “Ойдўс бий сотқин!” деб жар солган одамга, мана, ҳозирнинг ўзидаёқ қуртдеккина қилиб санаб бераман! (У қўлидаги бир тўрвача тангаларини шиқирлатади).
Кўпчиликнинг орасидан уч жарчи ажралиб чиқади. Улар тўртта бийнинг бошларидан
танга сочадилар.
Б и й л а р. Бизлар қараб турамизми! (Улар ҳам танга сочадилар).
1- б и й. Муҳими сиз азаматлар элимизнинг кўнгил қулфини очадиган чинакам калит бўлингизлар!
3- б и й. Хива хонига қарши жангга отланишга халқни руҳлантирингизлар!
У бир даста қоғоз пулларни ҳам олдида турган жарчиларнинг бошларидан
сочиб юборади.
2- б и й. Ҳой калитларнинг узуни! Менга яқинроқ кел! (Новча жарчи яқин келади), Ма, мановини ҳам олгин-да, шу жойнинг ўзида халққа овоза қилиб бошла! Ҳамма эшитсин!
Н о в ч а ж а р ч и (бийнинг берган тугунчасини қўйнига яширади-да, овозининг борича бақиради.) Ҳе-ҳей, халойиқ!.. Эшитмадим деманглар! Хива хонига қарши уруш бошланди! Барча элсуяр азаматлар қўлларига қурол олиб жангга отлансин!..
У қичқирган кўйи одамлардан ажралиб чиқиб кўздан йўқолади.
4- б и й. Ҳой калта! Қани, сен менинг қошимга кел-чи! (Бўйи паканагина жарчи унинг олдига пилдираб келади.) Ма, сенга! (Бир тугунчак беради.) Сен ҳам худди шу жойдан бошла! “Ойдўс бий сот-қин!” деб жар сол-да, оёғинг етган жойгача кетавер!
П а к а н а ж а р ч и (тугунчакни бош устида намойишкорона кўтариб.) Одамлару одамлар! Боғда битган бодомлар! Эшитмадим деманглар! Ойдўс бий сотқин – Ойдўс бийга ишонманглар! Ойдўс бийдан қочинглар!..
Чироқ ўчиб ёнади.
К ў р и н и ш
Ёпиқ парда олдида Ойдўс бобо билан Дўспан Хивадан қайтаётиб, бош вазир билан келишилган чегарада бир муддат тўхтаб, атрофга назар ташлаб туришибди.
О й д ў с б о б о. Мана, болам, кўриб турибсан, бечора бийларимизнинг ақалли биронтаси яхши ниятларимизни тўғри тушунишни истамади. Келаётганимизда “Мойли чангал” деб аташга келишиб, ҳар тупга бир бўлакдан мой илиб чиққан ўзлари эди. Қайтиб келаётганида ҳаммасини ўзлари ёқиб юборишибди. Хивадан биз томонга ҳеч ким ўтмасин деган ёмон ният билан манови ариқдаги кўприкка ҳам ўт қўйишибди! Бу нодонларга нима дейсан энди?!.
Д ў с п а н. Ичган булоғимиздан чиққан ўзимизнинг қўйимизнинг қумалоғи дейсиз-да, иштаҳангизни бузмайсиз, бий бобо!
О й д ў с б о б о. Шундай, болам! Ўз бармоғингни ўзинг кесиб ташлаёлмайсан, начора! Агар шу сафар улар кетиб қолмаганларида бугун бирга-бирга қувона-қувона қайтган бўлар эдик. Хива хонига мингдан-минг раҳмат! Саройда бир ой иш ўрган деб эди, сарой ишларига қаттиқ қизиққанимиз учун икки ойча қолиб кетдик. Хон бунга ҳам кўнди. Ҳамма харажатларимизни ўз хазинасидан кўтартирди. Агар барча бийлар бирга бўлганларида уларнинг орасидан бири хонлигимизнинг қушбегилигига, бошқаси девонбегилигига, яна бири вазирликка…малака ҳосил қилган бўлар эди. Ўзинг кўрдинг, хон ҳазратлари саройда бизга қандай имконият яратиб берди.
Д ў с п а н. Бий бобо, агар мустақил хонликни қўлга олар бўлсангиз, биринчи галда бозордаги нарх-навони ўрганиб, уларни арзонлаштиришга ҳаракат қилмайсизми?
О й д ў с б о б о. Буям мўлжалимда бор эди, бироқ энди бу ишдан воз кечишга тўғри келади.
Д ў с п а н. Нега? Энди иш бошлаганингизда ташқаридан келган савдогарлар ишкал чиқаришидан хавотирингиз борми?
О й д ў с б о б о. Гап бунда эмас. Хон ҳазратлари қабул пайтларида мени қошида олиб ўтирди. Арзгўйлардан бири сен айтгандек бозордаги нарх-наводан нолинди. Шунда хонимиз бундай муаммо Расулуллоҳ замонида ҳам бўлиб, у кишига кимдир арз қилиб келганида Расулуллоҳ “Нарх-навони белгиловчи ҳам ризқ улашувчининг ўзидир” деган эканлар, деди.
Д ў с п а н. Пайғамбаримизнинг бу гаплари бирон жойда ёзилган эканми?
О й д ў с б о б о. Мен саройда бир кунимни ҳам бекор ўтказмай, кўп китобларни кўриб чиққанимдан хабаринг бор. Бу ҳадиси шариф бобомиз Анас ибн Малик тилидан “Саҳиҳи Термизий” деган китоб-да ёзилганини ўз кўзим билан кўрдим. Мен учун яна бир янгилик шу бўлдики, Абулғози Баҳодирхон ёзиб қолдирган “Шажараи турк”, ўзимизча айтганда, “Турклар шажараси” билан танишдим.
Д ў с п а н. Қўнғирот ҳокими у ҳам бизнинг уруғдан – қўнғиротлик, бизга ўхшаб Орол денгизи яқинида яшаган улуғлардан, биз ўша одамнинг уруғимиз деб мақтанганини эшитган эдим.
О й д ў с б о б о. Абулғози ҳам оролбўйида яшаган деган гап тўғри. У кўп қамоқлар, қувғинлардан кейин 41 ёшида тахтга ўтирган. Унинг ҳақиқатгўйлигини шундан ҳам билса бўладики, ки-тобида Хоразмнинг ўзигача бўлган тарихий шажараси ёзилмагани ота-боболаримизнинг бепарволигидан, Хоразм халқининг эътиборсизлигидан деб кўрсатибди. Бу бизга ҳам тегишли гап. Агар мус-тақил хонлик тикласак, “Шажараи турк”ка қўшимчалар ёзиш ниятим ҳам бор!
Д ў с п а н. Ниятингизга етишингизда Оллоҳ мададкор бўлғай, бий бобо. Бироқ Хивада бизларни ташлаб кетганларнинг бир қисми элга мустақил хонлик берилгани ҳақидаги янгиликни эшитгач, сиздан қўрққанидан юртни ташлаб кўчишга тушмайдими?
О й д ў с б о б о. Ундайлардан қўрқма, бўтам! Бундан уч юз йил аввал яшаган Абдуқодир Бедилнинг шундай бир тўртлиги бор:
Кимлар ғанимат деб ватандан кўчар,
Бошқа жойга кўнгил қўёлмай ўтар.
Учқун тошдан ажралиб чиққач,
Қанча авайлама, барибир ўчар.
Д ў с п а н. Ў-ў, ҳикматни қаранг!
Учқун тошдан ажралиб чиққач,
Қанча авайлама, барибир ўчар!
О й д ў с б о б о. Хиванинг кутубхоналари жуда бой экан! Худо хоҳласа, хонликка эга бўлгач, қобилиятли болаларни афсонавий Маман бий замонидагидек донишманд оқсоқолларнинг синовидан ўтказиб, аввало Хивага, кейин Боғдодга, Шомга, Мисрга, Истанбулга ўқишга жўнатамиз. Шу билан бирга ҳар бир уйнинг пештоқига пайғамбаримизнинг “Бешикдан қабргача илм изла” деган ҳадиси шарифларини ёздириб қўямиз.
Д ў с п а н. Одам қанчалик билимли бўлса, шунчалик элсуяр, шунчалик инсонпарвар бўлиб борса керак-а?
О й д ў с б о б о. Бундан саккиз юз йил аввал яшаган Абулқосим Фирдавсий битган шундай бир тўртлигининг ўзиёқ озмунча элсуярларни тарбиялаганми, бўтам!
Еримиз, сувимиз, фарзандимиз деб,
Аёл, бола-чақа, дилбандимиз деб,
Ҳар бири учун жонни этамиз фидо,
Ватанни душманга бермаймиз асло.
Бу шоирнинг “Шоҳнома”сидек асар-ку, дунёда йўқ!..
Д ў с п а н. Халқимизнинг ҳалигача мустақил хонликка бирлашолмай юрганига бирламчи сабаб унинг саводсизлиги бўлса керак деб ўйлаб қолдим шу топда!
О й д ў с б о б о (кулимсираб.) Шу топдами?
Д ў с п а н. Шу топда, бий бобо! Агар мустақил хонлик бўлсак…
О й д ў с б о б о. Хонликка эга бўлиш билан иш битмайди. Аввало уни бошқарадиган хоннинг ўзи саводхон бўлиши керак. Ўз элининг тарихини, қўшни эллар, давлатлар билан муносабатлар тарихини, диний китобларни, ўз элининг алломаларию шоирларини яхши билмаган одам давлатни яхши бошқаролмайди. Агар бирон билими саёз илондек жилпанглаб юриб усталик билан эл бошқариш даражасига кўтарилганида ҳам, у ўз элини бахтсизликка дучор қилишдан бош-қасига ярамайди. Шунинг учун ҳам бундан роппа-роса тўққиз юз йил аввал улуғ Абу Абдулло Рўдакий:
Илонга қанчалик қилма насиҳат,
Барибир сенга ҳам сочар заҳрини.
Билимсиз нодонлар илонтабиат,
Улардан қоч сочмай туриб қаҳрини,
деб насиҳат қилган экан. Биласанми, болам, шу пайтгача ақалли куни кеча яшаб ўтган машҳур боболаримиз Ўразан ботир, Мурод шайх, афсонавий Маман бийга дурустроқ мақбара тиклаёлмаганимиз эсимга тушса, кечалари уйқум қочиб, йиғлаб тонг оттирган пайтларим бўлган!
Д ў с п а н. Бунга ҳам айнан элимизнинг мустақил хонликка эга бўлолмагани сабабми?
О й д ў с б о б о.. Ҳа, шу сабаб! Агар хонлик тузилса, унинг ўз хазинаси бўлади. Ана ўшанда ўтмишимиздаги доно боболаримизни ҳар бир уруғ ўз кўмочига кул тортгандек ўзига тортавермайди, бутун миллатимизнинг фахри сифатида хазинадан маблағ ажратилган ҳолда муносиб қадрланади…
Д ў с п а н. Шундай кунларни кўриш бизга насиб қиларми экан, бий бобо!.. Лекин мен бир нарсага тушунмаяпман: Хива хони бизларга қўшиб юборган қўш ясовул нега ёнимизда эмас, узоқроқда ортимиздан эргашиб келяпти?
О й д ў с б о б о. Икки ойдан буён элдан бирон-бир хабар йўқ. Хоннинг қаттиқ безовта бўлишига қараганда, бизларни ташлаб қочган бийлар элда қандайдир шумликни бошлаётганга ўхшайди. Шунинг учун хон икки ясовулни бизларга, биринчидан, ҳимоячи, иккинчидан, биз олиб келаётган хушхабарни хоннинг номидан элга эълон қилувчи жарчилар сифатида юборди.
Д ў с п а н. Сабр-тоқатли инсонлар экан!
О й д ў с б о б о. Бизнинг элимизнинг азаматлари ҳам ўз хонларининг амрларини сабр-тоқат билан беками-кўст адо этишни ўрганишларига ҳали кўп вақт керак бўлади, бўтам!..
К ў р и н и ш
Ойдўс билан Дўспан саҳнанинг бир чеккасидан кириб кетади, бошқа чеккасидан икки ясовул чиқиб келади.
1- я с о в у л (олдинга имо қилиб.) Ойдўс бобо жиловдорига қизиқ-қизиқ ҳангомалар айтиб келяптими дейман, қаранг! Балки биз ҳам яқинроқ юриб эшитиб кетармиз?..
2- я с о в у л. Бизнинг вазифамиз уларнинг гапларини эшитиш эмас! Аввало уларни саҳройи ҳамюртлари ҳужумларидан ҳимоя қилиш, қолаверса, Ойдўс бобонинг бундан буён ўз элида хонликка тегишли ишларни бошлашга хон ҳазратлари рухсат берганларини хабар қилиш, ана ундан кейин, Ойдўс бобонинг янги хонлигида, агар унинг ўзи хоҳласа, бир муддат маслаҳатчи бўлиб ишлаш…
1- я с о в у л. Буларни ташлаб қочган бийларнинг элига боргандан кейин хонимиз билан Ойдўс бобога қарши эл орасида бўҳтон гапларни тарқатиб, фитна қўзғаб юрганларидан бу икковининг хабари борми экан?
2- я с о в у л. Менимча, бехабар. Ҳар қалай, ўзи тўғри турганнинг соясини букиб бўлмайди!
1- я с о в у л. Шундайликка шундай-ку-я, лекин…
2-я с о в у л. Қинғир ниятларда тугилган чигалликларни холис ният ечади!
1- я с о в у л. Бу ҳам тўғри-ку-я, лекин… Э худо, ишқилиб, бу саҳройиларнинг юртидан соғ-омон қайтиш насиб қилсин-да!..
Ясовуллар ҳам саҳнанинг Ойдўс бобо билан Дўспан кирган чеккасига кириб кетадилар.
К ў р и н и ш
Ойдўс бобо билан Дўспан пайдо бўлади.
Д ў с п а н (ортига бурилиб.) Хива хонининг буйруғи мунча яхши экан! Ясовуллардан бири бизларни кўздан қочирмайди, иккинчиси атроф-теваракни синчиклаб кузатади!
Уларнинг олдиларидан икки етим чиқади.
1- е т и м (тикилиб қараб.) Ойдўс бий отамиз-ку! Ана энди садақага ёлчийдиган бўлдик-да!
2- е т и м. Тўхта, унинг садақаси керак эмас. Ахир, у сотқин-ку! “Халқ душмани” десаям бўлади!..
1- е т и м. Ҳали шунақами? Унда душмандан қочдик!..
Етимлар қўл ушлашиб қочадилар. Ойдўс бобо бунинг сабабини тушунмай ажабланиб қарайди. Шу орада кўзи ожиз отасини етаклаган қиз кўринади. Ойдўс бобо
отдан тушиб, чўнтагидан бир халтача пул чиқаради-да,
қарияга салом беради.
Қ а р и я. Овозидан Ойдўсга ўхшайдими?
Қ и з. Ҳовва, ота, ўша одам!
О й д ў с б о б о. Мана, сизларга хайр-эҳсон!..
Қ а р и я. Ола кўрма, қизим! Сотқиннинг эҳсонига зор эмасмиз! Бундан кўра очимиздан ўлганимиз яхши!
Қиз қарияни ортига етаклаб кетади. Ойдўс бобо ҳам, Дўспан ҳам ҳанг-манг бўлиб
қотиб қолишади. Олис-олислардан жарчининг овози элас-элас эшитилади.
Ж а р ч и. Эшитмадим деманглар! Ойдўс бобо элимизни Хива хонига сотди! Амал деб икки инисини ўлдирган ноинсоф қотил сот-қинлик қилди!..
О й д ў с б о б о (қулоқларига ишонмай атрофига аланглаб қарайди ва ўзича алланималар деб ғудранади.) Дўспан, менинг қулоғимга… жуда ёмон гаплар эшитилаётгандай?..
Д ў с п а н. Мен эшитмаяпман-ку, бий бобо?
О й д ў с б о б о. Эшит! Диққат билан эшит!
Жарчининг овози яна элас-элас эшитилади.
Д ў с п а н. Мен ҳеч нима эшитмаяпман-ку! Чарчабсиз, бий бобо!..
Улар саҳнанинг аввалги чеккасига кириб кетадилар.
К ў р и н и ш
Саҳнага икки ясовул кириб келади.
1- я с о в у л. Ановиларни қара, сувга бораётган аёллар ҳам Ойдўс бобони кўриб қочди-ку?..
2- я с о в у л. Авваллари бу кишининг олдини кесиб ўтадиган аёл тугул эркакни ҳам кўрмаган эдим! Ойдўс бий кимга эҳсон берса, пешонаси ерга теккудек эгилиб олар эди.
1- я с о в у л. Хон шундай бўлишини билгани учун бизларни қўшиб жўнатган экан-да! Энди сергак бўлишимиз керак!
Жарчининг овози анча яқиндан эшитилади.
О в о з. Эшитмадим деманглар, кейин афсус еманглар!.. Ойдўс бийга эргашганларнинг бошлари ўлимда, мол-мулки талонда!..
2- я с о в у л. Ие, ановини қара, бир гала навкарлар!..
Ойдўс бобо уларни кўриб тўхтаб қолади.
1- я с о в у л. Қадамингни жадаллат! Тезроқ уларга етиб олайлик, йўқса…
Улар шошилганча юриб, парданинг бир чеккасига кириб кетадилар.
ПАРДА ОЧИЛАДИ
Кў р и н и ш
Уч бийнинг атрофида қурол-яроғ осиб олган навкарлар турибди. Ойдўс бобо уларнинг рўпарасида кўз кўргулик жойда таққа тўхтаб қолган эди. Икки ясовул етиб
келади.
1- я с о в у л. Ойдўс бобо, хотиржам бўлинг, қўрқманг!
2- я с о в у л. Саҳройилар баайни оломонга ўхшайди. Оломон шамолга ўхшаб чивиқнинг учи эгилган томонга қараб югураверади.
О й д ў с б о б о. Менинг халқим ўта ишонувчан, оқкўнгил, лекин у ҳақда ёмон гап айтмасликларингизни ўтиниб сўрайман.
Д ў с п а н. Жарчиларни ҳам тўғри тушунингизлар. Қорни очлар орасида бир коса жўхори берганнинг оёғини ялашга тайёр турганлар бор…
О й д ў с б о б о. Қани, бу ерда қўрққандек бўлиб туравермайлик!..
1- я с о в у л. Ҳаммалари сиз билан бизга қарши қаттиқ тиш қайраган кўринади. Юртимизга қайтиб, буларга бас келгулик куч билан келсак бўлармиди?
Иккинчи ясовулга им қоқади. У аста-секин ортга чекиниб, тўқайга шўнғийди.
О й д ў с б о б о (1-ясовулга.) Янгиликларни ўзингиз эълон қиласизми ё?..
1-я с о в у л (йиғилганларга яқинроқ келади.) Қадрли бийлар, навкарлар, биродарлар, бир жарчи чақирсангиз, ҳаммага эълон қиладиган хушхабаримиз бор эди.
О й д ў с б о б о (бетоқатланиб.) Қадрдонларим! Элимизга мустақил хонлик бериладиган бўлди. Хон ясовули шу хушхабарни эълон қилмоқчи!..
1- б и й. Бизни ортиқ алдаёлмайсан! Қани, йигитлар, ушланг буларни!
Ўнтача йигитлар кўпчиликдан ажралиб чиқиб, Ойдўс бобо, Дўспан, 1-ясовулни қуршаб олади.
1- я с о в у л (қиличини кўтаради.) Тўхтанглар! Эшитинглар! Сизлар Хивадан қочиб кетганингизда ҳам хоннинг оғир синов шартига жавоб топишга журъат қилган одамни ушламанглар! У қорақалпоқ халқининг асл фарзанди. Билсангиз, шу бугундан бошлаб қорақалпоқларнинг хони!
2- б и й. Ойдўс бийнинг сирти қорақалпоқ бўлгани билан ичи заҳарга тўла бир газанда, газандани янчиб ташлаш керак!
Д ў с п а н. Ундай деманг! Бий бобонинг ичи тўла нур!
1- б и й. Елпатак, сен жим тур!
1- я с о в у л. Ичи заҳарга тўла газанда, билсангизлар, Қўнғиротнинг ҳокими!
3- б и й. Туҳмат қилманг! Қўнғирот ҳокими ҳаммамизнинг суянар тоғимиз!
1- б и й. Нега булар билан ади-бади айтишиб турибмиз?! Қани, йигитлар, учаласиниям ушлаб оёқ-қўлини боғланглар! (Олдинга ўтган навкарлар уларнинг учаласини маҳкам ушлаб қўлларини боғлайди. Қўллари орқасига қайириб боғланган ясовулга.) Қани, энди ростингни гапир-чи!..
2- б и й. Тўртинчиси қани буларнинг?! Яна биттаси бор эди-ку!
1- б и й. Ким қочирди уни? Қани, йигитлар, қувинглар, токи Амударёдан омон ўтмасин!
Икки йигит қочоқни қувлаб кетади.
1- я с о в у л. Рост гапни айтиб бўлдик!
О й д ў с б о б о. Ясовулнинг қўлларини ечинглар!
2-бий (масхарали кулади.) Қорақалпоқ хонининг фармони олийсини қаранглар!
О й д ў с б о б о. Мени дорга оссангиз ҳам улуғ Хива хони элимизга элчи сифатида жўнатган ясовулларга қўл текизманглар! Элчига ўлим йўқ, жазо ҳам!
1- б и й (Ойдўс бобога яқин келиб, уни қамчининг дастаси билан икки марта уради) Бундай буйруқни сен эмас, мана биз берамиз!
Д ў с п а н. Ҳой нодон, қорақалпоқнинг биринчи хонини урма! Торт қўлингни!
Бийлар уларни масхаралаб ўзларича кулишади
2- б и й (Дўспанга.) Ойдўс фақат сенга хон, нодон!
3- б и й. Ҳурматли бийлар, менинг бир илтимосим бор.
2- б и й. Қандай илтимос?
1- б и й. Қани, айт-чи!
3- б и й. Менимча, Ойдўсни бўшатиш керак. Элига хиёнат қилгани учун хор бўлганини ўз кўзлари билан кўриб, номусдан ичи куйиб ўлсин!
Улар Ойдўс бийнинг ёлғиз ўзини қолдириб, бошқа икковини олдларига
солиб ҳайдайдилар.
2- б и й. Қани, азаматлар, такрорланглар: Хива хонига қарши курашда жонимизни аямаймиз! Ватан учун жон фидо қилиш тўппа-тўғри жаннатга кириш демакдир!
О в о з л а р. Хива хонига қарши курашда жонимизни аямаймиз!
Ватан учун жон фидо қилиш тўппа-тўғри жаннатга кириш демакдир!
1- б и й (навкарларга.) Яна такрорланглар! Муқаддас тупроғимизга шум ниятда қадам қўйган ҳар бир одам душманимиз!!
О в о з л а р. Муқаддас тупроғимизга шум ниятда қадам қўйган ҳар бир одам душманимиз!..
3- б и й. Яна такрорланглар! “Ойдўс бий сотқин!”
О в о з л а р. Ойдўс бий сотқин!
Ойдўс бий сотқин!..
Ҳамма чиқиб кетади.
К ў р и н и ш
Саҳнада Ойдўс бобо ёлғиз. Аллақайдан ёш болалар пайдо бўлиб, Ойдўс бобога
“Сотқин!”, “Сотқин!” дея кесак отадилар. Ойдўс бобо тиз чўкиб ўтириб,
қўлларини осмонга очади.
О й д ў с б о б о. Ё Оллоҳ, не ёзуғим учун бу кўргиликлар?!.
Ж а р ч и (овози эшитилади.) Халойиқ! Қорақалпоқлар!.. Эшитмадим деманглар! Ойдўс бобога шафқат қилиб, таом берганларга юз дарра урилиб, мол-мулки талон-тарож этилади!..
О й д ў с б о б о. Ё Оллоҳ! Бу нимаси?! Элимни қарғиш урдими, ё мени?! Мен қандай гирдобга тушиб қолдим ўзи?!. Бу ҳаётда кўпчиликдан илгарилаб кетганнинг ҳам, ортда қолганнинг ҳам бошида ёнғоқ чақилиши азалдан маълум эди-я. Хўш, мен илгарилаб кетдимми, ортда қолдимми?!. (Ерга энгашиб, бир кафт тупроқ олади-да, кўзларига суртади.) Боболаримнинг муқаддас хоки пойи!.. Менинг гуноҳим нима?!. Бир томони тақирлик, бир томони тўқайзор, бир томони кўм-кўк денгиз, бир томони ўркач-ўркач ўсма қумликлар ястанган она ерим! Халқимнинг бир томчи бегуноҳ қонини тўктирмай, элни киройи эл қиламан, жаҳонга танитаман дея от чоптириб юрган нияти холис беғараз жон эдим-ку, Қодир Эгам!.. Ўзим қўнғиротлик бўла туриб қўнғиротликларга қарши чиққаним учунми ё бу жазойинг?..
Сувга бораётган бир тўп аёллар Ойдўс бобони кўриб ортларига
бурилиб қоча бошлайдилар.
О й д ў с б о б о. Келинлар, нима, мен ёввойига ўхшайманми?..
А ё л л а р. Бунақа тилёғламалик қилманг, барибир алдаганингизга лаққа ишона қолмаймиз, сотқин бий!.. (Гурра қочишади).
О й д ў с б о б о. О-о, оломонга айланган бечора халқим!.. (Тентираб у ёқ-бу ёққа юради. Ўзича сўзланади.) Ёшлигимга қарамай, афсонавий Маман бий ёлғиз отини сотиб, мени меҳмон қилиб, келажагимга ишониб оқ фотиҳа берганида менга боғлиқ яхши ниятларининг оқибати шундай бўлишини ўйлаганми эди?.. Нега Маман бийни эслаб қолдим? Унинг тақдири ҳам ўзимга ўхшагани, умрининг охирида уни ҳеч ким тушунмай қўйгани сабаблими? У ўз эли учун нималар қилмади! Туб илдизи битта туркий халқларнинг бир-бирларини тушунмасликлари натижасида офатга учраган элига рўшнолик кўрсатармикан деган умидда суянар тоғ ва ишонар дўст қидириб ўрис подшосига ҳам борди. Ўз фуқаролигига қабул этгани ҳақидаги ёрлиққа ҳам эга бўлди. Ана ўшанда у алданганини, юртига ёв бостириб келганида рус подшоси шартномага биноан ёрдам қўлини чўзмаслигини хаёлига келтирганми эди! У ўрис подшосига алданди. Мен-чи, кимга алдандим? Ростдан ҳам Хива хонлигига алданиб юрибманми? Бунақа бўлмаса керак… Пушти-палагимиз, тилимиз, динимиз бир-ку, ахир! Шундай бўлгач, алдамаса керак!
Муҳтож пайтида ўзига ёрдам қўлини чўзмаган ўрис подшосининг ваъдасига вафосизлигига чидаёлмаган Маман бий унга қайтиб бормай, босқин сабаб пораканда бўлган халқини бошлаб кўчди. Қадимий отамакони шу улуғ Хоразмга кўчишда йўл азобини торта-торта силласи қуриган халқ чидаёлмай Маман бийни отига тескари миндирганида у ўзини тўғри тушунадиган бир инсон топилгунича халқнинг хоҳиш-иродасига қарши боролмаган… Мени “Кимсасиз чўлда қанғириб ўлсин!” деганлари Маман бийга қилинган зулмнинг давомими? Шундай бўлса, менинг ҳам чидашдан ўзга не чорам бор? Аттанг, Хива хони мени алдамаганига, ҳеч қачон алдамаслигига қанчалар ишонар эдим-а!
Ўтинга кетаётган бир тўп болакайлар Ойдўс бобони кўриб тўхтайдилар.
1- б о л а к а й. Қаранглар, Ойдўс бобо!
2- б о л а к а й . Бобо эмас, бало!
3- б о л а к а й. Сотқин!
О й д ў с б о б о (болаларга талпинади.) Қани, қароқларим, берироқ келинглар-чи! (Болалар ҳурккан қўзилардек диконглашиб орқаларига қочадилар.) Ҳаммаси тугади! Кимсасиз чўлда қанғириб ўлишдан бош-қа чора кўрмаяпман! Бу қандай қисмат? Бу ниманинг аломати?..
Эй Худо!. Эй авлиёи киромлар! Айтинглар, қаёққа борай, қандай ўлай?.. (Йиқилади).
Чироқ ўчади.
Ёпиқ парда олдидаги нимёруғда қаттиқ ҳолдан тойган, анча қариган, кўринши афтодаҳол Ойдўс бобо базўр юриб келмоқда. Суриниб йиқилади, қайта қад ростлайди. Кийимлари йиртилган, юзлари шишган, кўзлари киртайган…
О й д ў с б о б о. Ё Оллоҳ! Бу элатда мени тушунар бирон жон борми?!.
ПАРДА ОЧИЛАДИ
К ў р и н и ш
Ойдўс бобо гумбазли қабрга келиб унга пешонасини босади.
О й д ў с б о б о. Қўнғиротликларнинг энг улуғ кароматли бобокалони, Хизр назар қилган пири комил Ҳаким ота – Сулаймон Ба-қирғоний ҳазратлари!.. Сизнинг руҳингизга бош эгиб, сиздан мадад сўраб келдим. Калласи ишламаганнинг оёғига жабр экан!.. Менинг бошим қотиб қолди-ку! Сизнинг хоки пойингизга бош уриб келишдан аввал она тупроғим бағрида мангу ором олиб ётган кўпдан-кўп улуғ аждодларимизни зиёрат қилдим… Муҳаммад алайҳиссаломнинг куёви, чорёрлардан бири Ҳазрати Алининг дулдули Амударёдан сакраб ўтган жойга бориб дулдулнинг изларини ҳам тавоб қилдим. Шундан кейин жасади ўша дулдулга миндирилиб бизнинг Қоратовимизга – онасининг қошига олиб келинган, дини ислом йўлида форслар юртида қурбон бўлган султон Увайс бобонинг мозори қошида бош эгдим. Бундан минг йиллар аввал Бўмин ҳоқон билан Элтариш ҳоқонлардан кейин, Амир Темурга қадар бутун туркийларни бирлаштириш мақсадида исломий таълимотларга таяниб иш юритган оқилаларимиз қурган “Қирқ қиз” шаҳрининг мўъжизакор деворларини тавоб қилдим. Шундан кейин улуғ Алишер Навоий тилга олган Шиблий шайхнинг Халқобод элатидаги қабрини зиёрат қилдим… Яна хаёл изидан юриб, Баҳовиддин Нақшбанд ҳазратлари таърифлаган “Миздекхон” мозорини ҳам, “Убби хўжа бола шаҳид”, “Қобоқли ота” қабрларини ҳам зиёрат қилиб, қалбимнинг қонли яраларига мал-ҳам, юрак дардларимга даво изладим. Ҳеч биридан даво тополмай, энди сизнинг қошингизга келдим, эй пирим Ҳаким ота! Руҳингиздан мадад сўраб келдим, ота!..
Қабрнинг ичи гумбурлаб, Ҳаким отанинг овози эшитилади.
Ҳ а к и м о т а. Қайдан бўласан, исм-шарифинг ким, эй мўмин банда?
О й д ў с б о б о. Асли наслим туркий, барча туркийларнинг йўлидан бориб, “қорақалпоқ” аталган халқнинг қўнғирот уруғиданман. Ота-онам қулоғимга азон айттириб қўйган исмим Ойдўс!
Ҳ а к и м о т а. Тушунарли. Қўнғиротлар қизиққон келади. Яқиндагина бизнинг боқий дунёмизга келиб қўшилган икки ёш йигит сенинг иниларинг экан-да?
О й д ў с б о б о. Кечирасиз, авлиё ота, мен уларни қизиққонлигим учун эмас, халқимнинг бахтини деб, унинг мустақил давлатию жаҳонга танилишини деб…
Ҳ а к и м о т а. Тушунаман. Барибир ўз туғишганларинг билан фарзандинг қонини тўкиш… Оллоҳ таоло олдида кечирилмас гуноҳ!..
О й д ў с б о б о (йиғламсираб.) Кечирилмас гуноҳ?!
Ҳ а к и м о т а. Ҳа, гуноҳ!.. Мен бир пайтлар Қонли кўл элатида яшар эдим. Хўжазодалардан бўлмиш аёлимдан туғилган Убби исмли улим каромат кўрсатишда ўзим билан рақобатлашгани учун қаттиқ дарғазаб бўлганман… Ҳозирги Қонли кўлдаги “Убби хўжа бола шаҳид” менинг пушти камаримдан бўлган боламнинг қабри бўлади. Менга ҳам сендаги қўнғиротликларнинг қизиққонлиги ўтганлиги учун шундай бўлди. Лекин ўзим боқий дунёга келганимдан кейин Оллоҳ таоло менинг фоний дунёда ўз фарзандимга кўрсатган қаҳр-ғазабим учун қабримнинг устидан Амударёни оқизиб, суякларимни қирқ йил ювганидан кейингина покландим…
Кўнглинг пок, ниятинг холис бўлса, ростдан ҳам халқингнинг бахтини деб гуноҳ ишга қўл урган бўлсанг, Оллоҳ таоло охиридан ёрлақайди… Чида… чида… Ортингга қайт… Эл-юртга қўшил!..
Овоз бирдан тинади.
О й д ў с б о б о. “Эл-юртга қўшил!..” (Ортига қайтиб, оҳиста одимлайди.)
Чироқ ўчиб ёнади.
Ойдўс бобонинг қошида кийимлари йиртилган, оғзи-бурни қонаган
Дўспан пайдо бўлади.
Д ў с п а н. Ассаалому алайкум, бий бобо!
О й д ў с б о б о. Кўринишингдан қаттиқ қийналганга ўхшайсан, бироқ юз-кўзларингда қувонч?..
Д ў с п а н. Гапларингиз тўғри, бий бобо!
О й д ў с б о б о. Нимаси тўғри?
Д ў с п а н. Қийналганим ҳам, сизни қидириб келаётганим ҳам, қувончим ичимга сиғмаётгани ҳам.
О й д ў с б о б о. Қани, аввал чеккан азоб-уқубатларингни айт-чи!
Д ў с п а н. Йўқ, аввал қувончимни айтай!..
О й д ў с б о б о. Элда одам боласи тушунолмайдиган талотўплар авжига чиқиб турганида…қувонч?..
Таниш бийлар бошчилигидаги бир гуруҳ навкарлар шошилиб ўтиб кетадилар.
О й д ў с б о б о (таажжубланиб.) Булар қаёққа боришяпти ўзи?
Д ў с п а н. Қаёққа бўларди, Қўнғиротга-да! Энди анови томонга қаранг, бий бобо!
О й д ў с б о б о (кўрсатилган томонга қарайди.) Нима, Қўнғиротда бирон тадбир бўляптими?
Д ў с п а н. Сўнгги хабарларга қараганда, Хива хонлигининг сайланма қўшини эрталаб Қўнғиротга кириб келади экан!
О й д ў с б о б о. Нега? Бунинг оқибати нима бўлади энди? Хоразм хонлигининг Қўнғирот ҳокимлиги тугул, Эрон шоҳига ҳам, Ўрусия подшосига ҳам бас кела оладиган қудратли қўшини бор-а!
Д ў с п а н. Ҳов ўшанда Хива хони бизга қўшиб юборган қўш ясовулнинг бири ўз вақтида қочиб қолган эди-ку! У элимизда Хива хонлигига қарши рўй берётган фитналарни хонга оқизмай-томизмай етказган бўлса керак-да!
О й д ў с б о б о. Сен билан бирга олиб кетилган ясовул-чи? У қайда?
Д ў с п а н. Қўнғирот ҳокими ўзининг Хива хонлигидан қолишмайдиган кучини юртга кўрсатиб қўйиш мақсадида бечорани шаҳарнинг қоқ ўртасида дор қурдириб остирди.
О й д ў с б о б о. Остирди?! Ҳеч ким “Ҳой, нима қиляпсан?!” демадими?
Д ў с п а н. Бир одам йиғилганларга пайғамбаримиз ҳадисларини эслатиб, ўзингизча адолат ўрнатаман деб йўл чеккасидаги қийшиқроқ ўсган дарахтни кесиб ташлашдан аввал унинг ҳам илдизи борлигини унутиб қўймангиз, деди.
О й д ў с б о б о. Ақлли гапларни тўғри тушуниб, уларнинг қадрига етмаслигимиз ёмон-да! Хўш, сен ўзинг қандай омон қолдинг?
Д ў с п а н. Мени эртасига осмоқчи бўлишувди. Тунда сизнинг тарафдорларингиздан бири келиб қочишимга ёрдам берди.
О й д ў с б о б о. Юз-кўзингда барқ уриб турган қувонч бошинг омон қолганига экан-да?
Д ў с п а н. Йўқ, бий бобо! Сизнинг бўйнингиздан “сотқин” деган тавқи лаънат олиб ташланадиган бўлди! Энди “Ойдўс бий халқнинг асл фарзанди, фидойи халқпарвар!” дея овоза қиладиган жарчилар юрт оралаб юришибди!
О й д ў с б о б о (ўзича.) Эй Худо! Ҳаким отанинг руҳи поклари бийларнинг кўнглида меҳр-шафқат уйғотдими экан?.. Жарчиларни ким юборди? Бундай фикр кимдан чиқди?!
Д ў с п а н.“Яхши фарзанд – боғ, ёмон фарзанд – доғ” деган ҳикматли гапни кўп такрорлар эдингиз. Фарзандларингиз сизнинг боғингиз экан, бий бобо! Бу фикр ўғилларингизнинг шарофати!
О й д ў с б о б о. Қанақасига?!
Д ў с п а н. Ўғилларингиз Ризо билан Тўра Хива хонлигига қарши ҳужумга тайёрланаётган Қўнғирот ҳокимининг ҳузурига бориб, “Агар отамизнинг бошидан “сотқин” деган иснодни олиб ташласангиз, сизга садоқат билан хизмат қиламиз” дейишибди. Бу гапдан ҳоким жуда қувониб, Ризо билан Тўрага “Агар гапларинг чин бўлса, Хива хонига қарши қилич кўтарадиган бўлсангиз, мен иккалаларингизни мингбоши қилиб кўтараман” дебди. Ризо билан Тўра шу заҳтиёқ рози бўлибди.
О й д ў с б о б о. Сен бу гапларни қаёқдан эшитдинг?
Д ў с п а н. Мени дорга осилишдан қутқаришга келган одам айтди. Сизни тезда топиб, бу хушхабарни етказишимни илтимос қилди.
О й д ў с б о б о. Оҳ-ҳ, менинг фидойи фарзандларим!.. (Алланечук мажолсизланиб, ўзича сўзланади.) Фарзандлик бурчингизни ўзингизча шундай тушунганингиз учун ҳам сизларнинг бу калтабинликларингизни кечиришга мажбурман!..
Д ў с п а н. Ўғилларингизнинг бу ишлари “Яхши фарзанд ота-онанинг умрини узайтиради” деган гапнинг қанчалик тўғрилигини яққол кўрсатиб турибди, бий бобо.
О й д ў с б о б о (оғир хўрсиниб.) Тошни тухумга урсанг ҳам тухум синади, тухумни тошга урсанг ҳам тухум синади. Бу хабаринг менга унчалик хушхабар туюлмай турибди, чироғим. Халқимнинг оти билан аталадиган мустақил хонликка эришиб бўлганимдан кейин мени дорга оссалар ҳам ўлимим энг бахтиёр ўлим деб оламга жар солган ҳолда жон таслим қилар эдим!..
Д ў с п а н. Бу нима деганингиз, бий бобо?..
Олисдан жарчининг овози эшитилади: “Ҳо-ҳо-ҳо, эшитмадим деманглар!..
Д ў с п а н. Ана, тингланг, бий бобо! Менимча, сиз ҳақингизда аввалги туҳмат гапларни тарқатган жарчилар мана энди “Ойдўс бобо сотқин эмас, халқнинг асл фарзанди!”, ҳатто “Халқнинг отаси!” деб жар солишяпти!..
Иккаласи бараварига қулоқ тутиб тинглайди.
О й д ў с б о б о. Қийшиқ мўридан тўғри тутун чиқадими, қайдам!..
Д ў с п а н. Озгина сабр қилинг, бий бобо! Ҳозир сизни “Халқнинг фахри” деб жар солишганини эшитасиз!
О й д ў с б о б о (бош чайқайди.) Ҳақиқат йўқолган жойда бир ёлғондан қирқ ёлғон чиқиб келаверар экан-да, болам!..
Жарчининг овози аниқ эшитилади.
Ж а р ч и н и н г о в о з и. …Эшитмадим деманглар! Ойдўс бийни ким топиб калласини олиб келса, улуғ Хива хонининг минг тилла мукофоти бор!..
Иккалалари ҳам лолу ҳайрон бўлиб қоладилар.
О й д ў с б о б о(қаттиқ қийналиб, ич-ичдан куйиниб гапиради.) Қўнғирот ҳокими… ахийри… муродига етди-я!.. Энди мен-ку, ўлиб қутуларман, бироқ… халққа қийин бўлади! Халқимизга ҳиммат қилиб оқ кўнглини очган Хива хонига кўрнамаклик қилинди!.. Энди у ҳеч кимга ишонмайди, ҳеч кимни аямайди!..
Д ў с п а н (эсанкираб туриб, бирдан қаттиқ жазавага тушиб ўзича ғижинади.) Ҳозир тўппа-тўғри бораман-да, аввал жарчини, кейин Қўнғирот ҳокимини ўлдираман!
О й д ў с б о б о. Сабр қил, Дўспан, болам!.. Кимнингдир қўлида ўлиш менинг тақдири азалимда ёзилган бўлса керак, начора…
Д ў с п а н. Бу қанақаси?! Бундай бўлиши мумкин эмас эди-ку!..
О й д ў с б о б о. Менимча, хон қўшинига қарши чиққан жангчиларни менинг болаларим бошқараётгани маълум бўлгач…
Д ў с п а н. Ҳозир Қўнғиротга бориб, Ризо билан Тўрага “Хонга қарши чиқманглар!” деб тайинлаб қайтаман!
О й д ў с б о б о. Энди кечикдинг, бўтам!.. Майли, болаларим ўз ишончларида қолсин. Одам боласига она тупроғини ҳимоя қилиш йўлида шаҳид бўлишдан ортиқроқ бахтиёр ўлим йўқ! Болаларим шу ишончда эканлар, майли, начора… Мен энди кетаман!
Д ў с п а н. Қаёққа?
О й д ў с б о б о. Яхши ит ўз ватанида сасимаслик учун олисларга бош олиб кетиб, шу ёқларда ўлади!.. Аттанг, бу дунёда сендан қарзларим кўп эди. Сен менга кўп хизмат қилдинг. Мен сенга ҳеч яхшилик қилолмадим. Ақалли уйлантиролмадим…
Д ў с п а н. Мен сиздан мингдан-минг розиман, бий бобо.
О й д ў с б о б о. Ундай бўлса… Яхши қол, болам! (У бурилиб кета бошлайди.)
Д ў с п а н (ҳеч нимага тушунмай эсанкираб туради-да, бирдан сергак тортади.) Тўхтанг, бий бобо, мен ҳам сиз билан!..
Чироқ ўчиб ёнади.
К ў р и н и ш
Ойдўс бобо билан Дўспан бир эски иморатнинг соясида ўтирибдилар.
Д ў с п а н. Қаёққа борасиз, кетманг, бий бобо! Сизсиз элнинг елкасига офтоб тегиши қийин!..
О й д ў с б о б о (кўзларида ёш билан мийиғида кулади.) Элнинг елкасига офтоб тегдириш!.. қийин!.. Умар Хайём бундан етти юз йил аввал “Мен келганим билан тўлдими дунё, Мен кетганим билан камаймас дунё”, деган-ку! Қорақалпоқ эли мен туғилмасимдан аввал ҳам кўпни кўрган, мендан кейин ҳам бошига тушганини кўраверади. Одамзоднинг ҳам, элимизнинг ҳам келажаги порлоқ… Сенинг ҳам келажагинг олдинда. Ўша порлоқ келажакда яшашинг учун ҳам менга эргашма, ортимда қол, болам!
Д ў с п а н. Қололмайман, бий бобо! Сиз эл назаридаги одамсиз, унинг ўтар йўлида кўприк, кўрар кўзисиз, бий бобо!..
О й д ў с б о б о. Тиргаксиз кўприк йўқ, бўтам, буёғи кўз жонивор ҳам ўзини ўзи кўра олмайди…
Д ў с п а н. Сиз халқнинг суянган тоғисиз!.. Сиз баайни мевали дарахтсиз, бий бобо! Мевали дарахтга тош отувчилар, шохини қайириб синдирувчилар кўп бўлади… Сиз халқнинг йўлини ёритувчи чироқсиз, бий бобо.
О й д ў с б о б о. Чироқ қўйилган ерга нур тегмайди… Гулзорга шумғия чиқса, уни юлиб ташлайдилар. Мен энди ўз элим учун ҳам, Хива хонлиги учун ҳам бир шумғия бўлиб қолдим, болам. Шумғия билан қўшилиб юлиниб кетма! Ортингга қайт, келажакка қараб юр, суюкли Дўспаним!
Д ў с п а н. Мен сизга хизмат қилиш учун, сизни ҳимоя қилиш учун дунёга келганман. Сизсиз менда келажак нима қилсин, бий бобо!
О й д ў с б о б о. Оллоҳ Таоло бир одамга қаҳр қилса, ўша одамнинг касрига унинг халқини ҳам қўшиб жазолайди. Мен элимдан қанчалик тезроқ кетсам, халқимга ҳам, сенга ҳам шунчалик енгил бўлади.
Д ў с п а н. Ундай деманг, бий бобо! Сиз элнинг бебаҳо гавҳарисиз. Гавҳар ботқоққа отилса ҳам, тошга уриб синдирилса ҳам унинг қиймати камаймайди, бий бобо!
О й д ў с б о б о. Қўй, ёлворма, Дўспан! Элимнинг шу кеча-кундуздаги бахтсизлигига ўзим сабабчи эканимни тушуниб турибман-ку! Энди бахтсизликдан бахтсизлик туғилаверади. Шунинг учун мен тезроқ йўқолишим керак. Ўтинаман, менга эргашма! Хайр, мендан рози бўл!..
Жадал юриб кетади. Дўспан унинг ортидан югуради.
Чироқ ўчиб ёнади
К ў р и н и ш
Ёпиқ парда олдида изқуварлар ўзаро гаплашиб келмоқдалар:
– Менимча, Ойдўс бий Бухоро амиридан ёрдам сўрагани кетган бўлса керак.
– Ёрдамми, бошпанами?.
– Аввалига Хивани деб қўш инисини ўлдирган, кейин қўш фарзандини Хива хонига қарши урушга отлантирган бебурд уятсизга ким ёрдам, ким бошпана беради?
– Лафзсизга ким ишонади?..
Х о н м а ҳ р а м и (орқароқда келаётган нотаниш қорақалпоққа.) Ҳой, биродар, бери кел!.. Гапимга қулоқ тут! (Нотаниш қорақалпоқ югуриб келиб унга қулоғини тутади). Биз уларни отларининг изларига қараб қувиб келяпмиз. Ойдўс ўтакетган шум, отини отқўшчисига етаклатиб, ўзи шу атрофдаги бирон унгурда жон сақлаб ўтирган бўлиши мумкин. Бизга эргашавермай ўз ҳаракатингни ўзинг қил!.. Кўриб турибсанки, бу атрофнинг йўллари паст-баланд. Ёлғиз қолиб този итдек ҳид ол. Панада буқиниб ётган одам бошқаларни тезроқ кўради. Сен нотаниш бўлсанг ҳам, ҳарқалай, қорақалпоқсан-ку. Шунинг учун ҳам ёлғизлигингни кўрса қошига чақириб ёрдам сўраши мумкин. Қарабсанки, Худонинг қудрати билан минг тилла чўнтагингга келиб тушса ажаб эмас!
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ. Раҳмат! Бўлди! Тушундим! Мен кетдим!
Х о н м а ҳ р а м и. Фақат қонингга тортиб кетма тағин!..
ПАРДА ОЧИЛАДИ
К ў р и н и ш
Ойдўс бобо билан Дўспан уюм-уюм қумлар орасидаги бир чуқурликда
туришибди.
О й д ў с б о б о. Ҳаттоки ўлигимниям ҳеч ким тополмасин деган ниятда эдим… Нега ортимдан соядек эргашиб юрибсан ўзи?..
Д ў с п а н (пешонасига уриб зор-гирён йиғлайди.) Эвоҳ, тақдири азалда сизнинг соянгиз бўлиш менинг пешонамга ёзилган бўлса нима қилай, бий бобо?! Қуръони каримни яхши биласиз, мусулмонсиз. Ўз жонига қасд қилиш жаннат эшикларини тақа-тақ ёпиш билан баробар… Ўлманг! Ўлишингизга йўл қўймайман, бий бобо!..
О й д ў с б о б о. Йиғлама! Йигит йиғламайди!.. Бироқ ўлишимга розилик бер! Мени аллақачон ўлган деб ўзингни ишонтир!.. Улуғ Хива хонининг мени ўлдириш ҳақидаги фармони олийсини бекор қиладиган куч қорақалпоқ элида йўқ!..
Д ў с п а н. Нега энди йўқ экан, бий бобо?! Сиз ўзимни ўзим ўлдирмайман денг, мен тўппа-тўғри Хивага бориб, хон ҳузурига кираман!
О й д ў с б о б о. Қари бий ўлар олдида мақтанди деб ўйлама-да, шуни билки, хон фақатгина бир марта ўз фармонини бекор қилади. Мен туркман талабасининг бўйнидаги сиртмоқни кесганимда… Энди ким мен учун орага тушишга жазм қилса, ўша одам ўз бошини ўзи сиртмоққа тутиб берган бўлади!
Д ў с п а н. Унда нима қилиш керак?
О й д ў с б о б о. Ҳар мавсумда пўст ташлайдиган илонлар пўст ташлаёлмайдиган илонларни “яланғочланиб қолган шўрликлар” дейди экан, болам. Бунинг устига, хон ваъда қилган минг тилла қўл узатса етгулик жойда деб уни олишга чоғланадиганлар озчилик эмас. Шуни ўзинг танангга ўйлаб кўр-да, қуруқ қолмасанг-чи!.. Хон бир марта гапиради! Минг тиллани ваъда қилдими, албатта беради!
Д ў с п а н. Менга бундай маслаҳат бера кўрманг, бий бобо! Менинг манови бир пулга қиммат қовоқ каллам сизнинг минг тиллага тенг бошингиз ўрнини боса олармиди!
О й д ў ст б о б о. Хонга сенинг бошинг керак эмас!..
Д ў с п а н. Ундай бўлса ҳам, барибир, мен сиздан кейин яшамайман!
О й д ў с б о б о (қўлини олисларга чўзиб ишора қилади.) Анови икки қумтепанинг ўртасига қара, отлиқлар кўриняпти! Ораларида хон маҳрами ҳам бор. Ана, кўрдингми? Нотаниш қорақалпоқ унга яқинлашяпти. Ана, маслаҳатни пишитиб, ажралишди. Менимча, у маҳрамнинг пинжига суқилиб олиб элга каттароқ бир мансабни қўлга киритиб қайтмоқчи! Балким минг тилла одам қуригандек келиб-келиб ўшанга насиб қилар?..
Д ў с п а н. У сизни ўлдирса, мен уни ўлдираман!
О й д ў с б о б о. Қўй, ундан кўра гапнинг пўсткалласига келайлик, Дўспан! Буёғига шошилмасак бўлмай қолди. Агар сен мени чиндан ҳурмат қиладиган бўлсанг, сўнгги буйруғимни бажарасан!
Д ў с п а н. Қадим замонда юнон файласуфи Суқротга ноҳақ жазо берилганида у афиналикларни улкан ва чиройли, бироқ семиз ва ялқов отга ўхшатиб, уни яхшироқ чоптириш учун гоҳида сўнага чақтириб туриш керак деган экан, деб ўзингиз бир нақл айтган эдингиз. Шуни эшитганимдан буён бизнинг қорақалпоқлар ҳам кўз олдимда отга ўхшаб кўринади. Бу отни яхшироқ чоптиришнинг йўлларини ўзингиздан бошқаси билмайди, бий бобо!
О й д ў с б о б о. Сўна чаққанига чидаёлмай гижинглаган отларга минганлар менинг тирик қолишимни мутлақо исташмайди. Бас шундай экан, беҳудага овора бўлма! Ундан кўра, сенга энг сўнгги васиятим шуки, хоннинг минг тилласини менинг душманларимга берма-да, ўзинг ол!.. Титрама! Мард бўл! Мукофотни сенинг олишингга кўзим етса, “Умр бўйи менга садоқат билан хизмат қилган сендек оқкўнгил, одил, асл йигитнинг ҳамма яхшиликлари эвазига бир нарса бериб улгурдим-ку!” деб Худога минг қатла шукурлар қилиб ўламан, болам!
Д ў с п а н. Сиз улуғ инсонсиз, бий бобо, мени Ризо билан Тўра исмли ўғилларингиздан кейинги учинчи ўғлим деб ҳисобласангиз экан!..
О й д ў с б о б о. Шу топда сен ҳар икки ўғлимдан яқинроқсан!
Д ў с п а н. Ундай бўлса, Иброҳим алайҳиссалом ёлғиз ўғли Исмоилни Оллоҳ йўлига қурбонлик қилмоқчи бўлганидек, ўзингиздан аввалроқ мени шу топда Худо йўлига қурбонлик қилинг! Балки шунда Қодир Эгам ҳаммасини кўриб, сиздан ўз марҳаматини дариғ тутмас!
О й д ў с б о б о (қиличини қинидан чиқариб Дўспанга узатади.) Мановини ушла, болам! Сен ҳали ёшсан. Исмоил ёш бўлгани учун Оллоҳ таоло унинг ўрнига бир қўчқор пайдо қилди… Мен пайғамбар эмасман, бироқ шундай бўлса-да, тилагимни ўзим бажо келтириб, майли, сенинг ўрнингга сўйиладиган қўчқор бўлай! Энг сўнгги тилагим шуки, ҳам Исмоилдек тирик қол, ҳам Хоннинг минг тилласига эга бўл!
Д ў с п а н. Бий бобо… Бий бобо… инсоф қилинг!
О й д ў с б о б о. Ёлворма, ма, ушла! Бўшашма! Олдингда узала тушиб ётаман, бор кучингни ишга солиб ихлос билан чоп! Бир урганда бошимни уз! (Дўспан титраб-қалтирайди.) Қалтирама! Ҳамиша буйруғимни сидқидилдан бажаргансан, шу сўнгги буйруғимни ҳам кўнгилланиб бажар, токи Дўспан деган Кенжа Ботирим борлигига ишониб ўлайин! (Дўспан йиғлайди.) Йиғлама! Ёдингда тут: изқуварлар келиб сендан мен ҳақимда сўрашлари мумкин. Биттаю битта ёлғонни худо ҳам кечирар. Ўшанда соддадиллигингга бориб қилич билан чопиб ўлдиришимга Ойдўс чолнинг ўзи рухсат берди деб юрма тағин!.. Қочиб кетаётган эди де! “Қаёққа?” деб сўраса, хоҳла, Бухоро амирлигига де, хоҳла қозоқ хонлигига де, хоҳла ўрис подшолигига де. Вазиятга қараб нима дейишнинг ихтиёри ўзингда. Ҳа, айтмоқчи… Қани, ўрнингдан тур-чи! Мана, мен ҳам тураман. (Иккаласи ўрнидан туради. Ойдўс бобо ияги билан олисни имлаб кўрсатади.) Қара, яқинлашиб келишяпти! Тез бўл, тез! Йиғлама-да энди! Токи душманларим менинг отқўшчимнинг ҳам кўзларида ёш кўрмасинлар. Бу фоний дунё барчага омонат. Менинг руҳим энди сенда яшай бошлашига ишонаман, ўғлим, эсингни йиғ! Бундан икки ярим минг йил аввал яшаган юнон файласуфи Биант ҳақида афсона айтиб бергандим, эсингдами?..
Д ў с п а н. Сизнинг ҳеч бир гапингизни унутмаганман, унутмайман ҳам, бий бобо! Биант яшаб турган шаҳарга ёв бостириб кирганида фақатгина ўз бошини олиб қочаётганига ажабланиб қараганларга “Менинг бутун мол-мулким ўзим билан!” деган экан…
О й д ў с б о б о. Тўппа-тўғри, минг яша, ўғлим! Менинг ҳам мол-мулким ўзим билан!.. Келгуси авлодларга мен ҳақимда нималарни етказиш ихтиёри ўзингда! Бироқ бир нарсага иймоним комил: хон алдамайди. У улуғ хон, ваъда қилган минг тилласини албатта беради. Сен ол шуни! (Дўспан яна титраб-қалтирайди.) Қувиб келаётганлар сенга ишонишлари учун у ёқ-бу ёққа қочганим маъқулроқ бўлар… Ма, қилични ушла, бовурим! (Дўспан қиличга қўлини чўзса-да, тутиб туролмай ерга тушириб юборади. Ойдўс бобо қилични қўлига қайта ушлатади.) Ма, ур-да, энди! Қўлингда маҳкам тут! Иккилланмай қаттиқ ур! Бор кучингни ишга сол! (У Дўспанни айланиб югуради.) Эшитяпсанми, ановиларнинг от туёқлари дупурлаяпти, қани, бўла қолсанг-чи! (Ойдўс бобо атрофида айланиб юриб Дўспаннинг аччиғини чиқариш учун уни дам муштлаб, дам тепиб ўтади.) Шўрпешона, ур! Нодон, ур! Минг тилла душманимга кетмасин, ахир! Ур, бовурим, ур! Ўз фарзандларимдан ҳам зиёдароқ жигарбандим, ур! (Ойдўс бобо ёқасини очиб бўйнини тутади.) Ана энди сенга осонроқ бўлди, ур! Бор кучинг билан ур! (Дўспан қиличини юқори кўтаради.) Ҳа, баракалла, қулочкашлаб ур! Улар яқинлашиб қолди-ку, ахир, нимага анқайиб турибсан, урсанг-чи, ур!
Д ў с п а н (қилични икки қўллаб ушлаганча ортига тисланади.) Эй худойим-эй!.. Эй улуғ бий бобо, мени кечиринг! (Уради. Ойдўс бобонинг бўйнидан қон отилиб йиқилади. Дўспан нима қилиб қўйганини тушунмай серрайиб қолади. Сал ўтмай Нотаниш қорақалпоқ етиб келади).
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ (атрофга олазарак қарайди.) Улгурибсан-да, лаънати ҳаромзода! Минг тилла сеники бўладими энди?!. Йўқ-йўқ, сендек ювиндихўрга олдириб бўпман, ўзим, ўзим!!!
Д ў с п а н (базўр тилга кириб.) Ҳов… сенми?.. Ёрдам берсанг-чи, оғайни!.. Қандай тирилтирса бўлади?..
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ (масхараомуз кулади.) Сен ўлдирасан, мен тирилтираманми ҳали?!.
Д ў с п а н. Кулма, кулма, нега куласан?.. Элимизнинг улуғ бийи, бўлажак хони ўлаётганида сен куласанми? Сен ҳам қорақалпоқсан-ку, ахир, яхшироқ қара-чи, балки ўлмагандир?.. Секин урмоқчи эдим!..
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ (қиличини қинидан чиқаради-да, бир зарб билан Дўспаннинг ўзини чопиб ташлайди.) Мана сенга минг тилло! Мана, тирилтириш!!! (Дўспан Ойдўс бобонинг устига йиқилади. Нотаниш қорақалпоқ унга яна бир қилич уради.) Бу лаънати қайтиб тирилмасин! (Ойдўс бобони ҳам уради.) Ана энди минг тилло учун талаш тамом! Минг тилло (кўксига уриб) мана энди меники! Мана, кўз олдимда битта эмас, иккита калла ётибди! Буларни хон маҳрами кўрса, минг эмас, камида бир ярим минг тилло бердиради… Ана шундан кейин қорақалпоқларни мана мен бошқараман! Энди ақл бошқармайди, пул бошқаради, пул! Бир ярим минг тиллонинг эгаси бўлиб мен бошқараман! (Отлар туёғининг дупурини эшитиб атрофига қарайди.) Ана, маҳрамнинг ўзи келяпти! (Бақиради.) Ў-ў, доно маҳрам! Меҳрибон маҳрам! Буёққа келинг! Мана, топдим, топиб иккаласиниям ўлдирдим!.. (Маҳрам етиб келади.) Ў-ў, доно маҳрам, менга “тозидек ҳид ол!” деб билиб маслаҳат берган экансиз! Кўрдингизми, ўзиниям, отқўшчисиниям қиличдан ўтказдим. Қиличимга қаранг! (Кўрсатади.) Қарасам, бу лаънатилар ўзимга ташланишяпти. “Аҳмоғингни топган экансан!” дедим-да, унисиниям, бунисиниям асфалоасофилинга жўнатдим-қўйдим! Энди иккинчи бош учун камида ярим минг тилло қўштирасиз-да, а? Агар тўлиқ минг тилло қўштирсангиз, қоқ ярми сизники! Ҳа, ўз-ўзингизники!
Х о н м а ҳ р а м и (ўликларга диққат билан қараб, қилич билан чопиб ўлдирилганига ишонч ҳосил қилади.) Аҳмоқлик қилибсан!!! (Бошқа изқуварлар ҳам етиб келишади.)
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ (кўпчиликка мақтаниб.) Кўриб қўйинглар, ўзим ўлдирдим! Барчангиз гувоҳ бўлингизлар!..
Ҳар ким ҳар хил кайфиятда ўликларга тикилиб туради.
Х о н м а ҳ р а м и. Улуғ хонимиз Ойдўс бобонинг тирик калласини минг тиллога баҳолаган эди, ахир, каллаварам! Ўлик калланинг кимга неча пуллик кераги бор?!. Манови аҳмоқ қорақалпоқ тушунмабди! (Нотаниш қорақалпоққа.) Ҳой қовоқбош! Сенга бундан сариқ чақаям йўқ, билдингми?! Хонга тирик бошни оборишимиз керак эди! Худо бериб тутиб олган экансан, Ойдўснинг минг тиллога тенг бошини нега олдинг, ҳой, товуқмия?! Шу товуқмиялигинг учун ҳам қорақалпоқсан-да! Энди ўз қўлларинг билан буларни кўм! Тупроққа кўм!
Н о т а н и ш қ о р а қ а л п о қ. Минг тиллалик каллани хонга оборишнинг ўрнига тупроққа кўмиш?!. Энди мен кўмаманми? Мен-а?!.
Х о н м а ҳ р а м и (нотаниш қорақалпоқнинг юзига тикилиб қарайди.) Яхшиси, бу дунёпараст сотқин ҳам Ойдўс бийнинг ортидан кетадиган жойига кетсин!.. (Атрофга мароқ билан кўз югуртиради.) Мана, ҳозир кўз олдимизда рўй берган шу тарихий фожиадан роппа-роса 413 йил аввал дунёга келган улуғ мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомий:
Вайроналар узра хазина излаб,
Бойўғлилар чекар юз турли азоб.
деган шеърий сатрларини ёзиб, қандай бебаҳо ҳикмат қолдирган! Афсус, кўпчилик улуғ аждодларимиз ҳикматларнинг қадрига етмайди! (Ёнидагиларга қараб.) Мана шунақа гаплар! Кўрган-боққанларингиздан тўғри хулоса чиқаринг, ҳалойиқ! Шу билан Ойдўс бий орзу қилган қорақалпоқ хонлигининг тарихи тамом! Ушбу тарихий фожиадан чиқадиган аччиқ хулоса ва энг бирламчи сабоқ шуки, ўзаро тил топишолмаган элга ҳеч қачон ҳеч қандай мустақил хонлик йўқ!
П а р д а ё п и л а д и.
Қорақалпоқчадан Раҳимжон Отаули таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон