Роберт Шекли. “Бетизгин истеъдодлар” уюшмаси (ҳикоя)

Фикрий қуввати билан гиламни ёндириб тешишга ёки Ердан узилиб, Ой сари парвоз қилиш учун шай турган ракетани портлатиб юборишга қодир одамни биласизми? Агар билсангиз, “Бетизгин истеъдодлар” уюшмасининг раҳбари Сэм Уэверлига мурожаат қилинг, чунки у мана шундай ғаройиб одамларни ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи ягона ташкилот эгасидир. Бироқ Сидни Эскинга ўхшаш кимсаларни тарғиб қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўринг. Чунки яқинда Блекстоун жиннихонасидан қочган бу нусха одамларни шунақанги бир ғалати усулда “кузатади”ки, ҳар қандай киши ҳам саросимага тушиб қолмай иложи йўқ. Шу боис комил ишонч билан олдиндан огоҳлантириб қўямизки, бундай шахсларни қабул қилиш ҳақидаги мактубингизни мистер Уэверли жавобсиз қолдириши турган гап. Нима учун дейсизми? Бўлмаса ҳозир Роберт Шекли деган бир кимса қуйида сизга умуман ақлга сиғмайдиган бир воқеани ҳикоя қилиб беради. Сирасини айтганда, унинг туркум ҳикоялари орасида энг яхши ва кулгилиларидан бири ҳам мана шу. Тўғри, адиб бу асарини мутлақо бошқа соҳаларга буткул берилиб кетмасидан аввал ёзган эди, аммо умид қиламизки, у ҳадемай яна олдинги машғулотига қайтади.
Уэверли соатига кўз ташлаб, мухбирлар келишгунга қадар яна ўн дақиқалар вақти борлигини билди.
— Хўш, хизмат? — деди у қатъий ишонч билан, интервю беришга руҳан тайёрланар экан. — Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин, сэр?
Унинг рўпарасида ўтирган одам “сэр” деб мурожаат қилишларига кўникмаган чоғи, бир нафас ҳатто гарангсиб турди, кейин ногаҳонда ғалати қилиб ишшайди-да:
— Бу ерда ишончли бошпана топиш мумкин-ку, ахир, тўғримасми? — деб сўради.
Уэверли унга синчиклаб разм солди: ушоққина гавдали, озғин, кўзлари ёнади.
— Бу ер “Бетизгин истеъдодлар, Инкорпорейтед” уюшмаси, — дея хотиржам таъкидлади у. — Инсонда пайдо бўлувчи ғайритабиий имкониятларнинг ҳар қандай кўриниши бизни чиндан ҳам қизиқтиради.
— Ҳа, ҳа, ана шуни билганим учун ҳам қочиб келдим-да, — жиккак одамча маъқуллаш ишорасида шахд билан бош ирғади. — Мени улардан фақатгина сиз қутқара олишингизни билардим. — У хавотирланиб эшикка қараб қўйди.
— Кўрармиз у ёғини, — Уэверли ошкора жавоб беришдан қочиб, оромкурси суянчиғига ўзини ташлаб, ястаниб олди. Унинг эндигина ташкил этилган уюшмаси хилма-хил телбаларни ўзига оҳанрабодек тортарди гўё. Уэверли руҳиятга боғлиқ турли-туман ғаройиб ҳодисаларга ва инсоннинг олий нерв фаолияти билан боғлиқ одатдан ташқари бошқа жараёнларга қизиқиши тўғрисида эълон қилди-ю, хонасидан телбалару лўттибозларнинг оқими узилмай қолди.
Лекин Уэверли алмойи-алжойи эканлиги яққол кўриниб турган одамлар олдида ҳам эшигини ёпмасди сира. Қанчалик ғалати кўринмасин, баъзан экстрасенсориканинг ҳақиқий даҳолари жамиятнинг бориб турган чиқиндилари орасида учраб қолиши мумкин. Ахлатдан жавоҳир чиқибди деганларидек…
— Нима билан шуғулланасиз ўзи, мистер… э-э-э?
— Эскин. Сидни Эскин, — деб ўзини таништирди одамча. — Мен олимман, сэр. — У уриниб қолган камзулининг тугмаларини қадади ва беўхшов бир тарзда ўзини салобатли кўрсатишга уринди. — Мен хилма-хил инсоний жуфтларнинг хатти-ҳаракатини кўпдан бери кузатаман ва натижаларни тадқиқот олиб боришнинг энг илғор усулларига тўлиқ мос келадиган тарзда бутун тафсилоти билан ёзиб бораман.
— Тушунарли, — деди Уэверли. — Лекин, агар янглишмасам, сиз қаердандир қочиб келдим дедингиз-а?
— Ҳа, Блекстоун жиннихонасидан. Тадқиқотларим натижасидан қўрқиб кетган махфий душманларим мени қамаб қўйишга уриниб кўришди! Аммо мен қочишга муваффақ бўлдим. Мана энди ёрдам ва бошпана топиш умидида ҳузурингизга келиб турибман.
“Ҳа, паранойянинг энг оддий кўриниши, — деб ўйлади Уэверли. — Қизиқ, агар Блекстоун билан боғланишга уриниб кўрсам, унинг жаҳли чиқиб кетмасмикан ишқилиб?”
— Демак, сиз одамларнинг хатти-ҳаракатини ўрганасиз, тўғрими? — майин оҳангда сўради у. — Аммо бу машғулотнинг ҳеч қандай ғайритабиий жиҳати йўқ менимча…
— Шошманг, мен сизга исботлаб берай! — дея таклиф қилди одамча. У тўсатдан ғалати бир аҳволга тушиб қолди-ю, Уэверлига ниҳоятда синчиклаб тикилди. Кўзлари нақ еб қўйгудай эди. — Марҳамат: котибангиз ҳозир қабулхонадаги ўз ўрнида ўтирибди ва нозик, енгил ҳаракатлар билан бурнига упа сураяпти… Энди эса упадонни қўлда тутганча сал олдинга эгилди… Эҳ! Котибангиз эҳтиётсиз ҳаракат билан упани ёзув машинкаси устига тўкиб юборди ва “Жин урсин-е!” деб қўйди. Энди у…
— Шошманг, — дея унинг сўзини бўлди Уэверли ва шахдам туриб қабулхона эшигини шартта очди.
Унинг котибаси Дорис Флит упа тўкилган машинкани артарди. Қиз бошдан-оёқ упага беланган, ҳатто тим қора сочлари ҳам у ер-бу ерда оқариб қолган, шу боис кўринишдан ун устига йиқилиб тушган мушук болага ўхшаб кетарди.
— Уҳ, кечирасан, Сэм! — деди Дорис хижолат бўлиб.
— Ҳечқиси йўқ! — деди Уэверли қувноқ оҳангда. — Аксинча, сендан ҳатто хурсандман! — Бу гапига бирон изоҳ беришни ҳам ўйламай, у хонаси эшигини ёпди ва Эскин ёнига ошиқди.
— Хуллас, ҳимоянгиздан умид қилсам бўладими? — деб сўради Сидни стол оша худди фитначидек Уэверлига яқинроқ энгашиб. — Улар мени олиб кетиб яна қамаб қўйишларига йўл бермайсиз-а, тўғрими?
— Сиз одамларни доимо мана шундай… “кузата” оласизми? — деб сўради Уэверли.
— Бўлмасам-чи!
— У ҳолда ҳеч нимадан хавотирланмасангиз ҳам бўлади! — Уэверли хотиржам сўзлар, аммо юраги қинидан чиққудай потирлаб урарди. Эскин соғми-йўқми, барибир, аммо бу қадар ноёб истеъдод аллақайси бир шифохонада кўмилиб ётишига йўл қўйиб бўлмайди асло! Ҳатто бу унга, Уэверлига бир дунё ташвиш орттирганда ҳам!
Стол устидаги ички телефон жиринглади. Уэверли тугмачани босган эди, Дорис Флитнинг овози эшитилди:
— Мухбирлар келишди, мистер Уэверли.
— Бир дақиқа сабр қилишларини сўранг, — деди у жилмайиб: котибасининг овози ўта “расмий” эди. Уэверли Эскинни кабинетга туташ чоғроққина бир хонага олиб ўтиб деди: — Ҳозирча шу ерда кутиб турасиз. Аммо шовқин чиқармасликка урининг ва ҳеч нарсадан хавотирланманг.
У хона эшигини ёпиб, Дорисга мухбирларни кабинетга йўллашни буюрди.
Улар етти нафар эди. Қўлларида блокнотлари шай. Уэверлининг назарида мухбирлар унга ўзлари истамаган ҳолда худди ёвуз даҳога қарагандек ҳурмат билан қарашарди. “Бетизгин истеъдодлар” тўғрисидаги мақолалар аллақачоноқ сўнгги саҳифалардан биринчи саҳифага кўчиб ўтган. Айниқса, руҳиятга боғлиқ энг ғаройиб ҳодиса — Уэверли уюшмасининг ҳақиқий юлдузи Билли Уокер ўзининг ҳайратомуз телекинетик қобилияти туфайли Миррихга “Венчур” кемасини жўнатишга муваффақ бўлганидан кейин.
Уэверли унга бўлган қизиқиш керакли даражага етгунича вақтдан мумкин қадар ютишга уринди. Мана энди ишга киришса бўлади.
У журналистлар бемалол жойлашиб олгунларича кутиб турди ва ниҳоят сўз бошлади:
— Жентлменлар, “Бетизгин истеъдодлар” уюшмасининг ташкил этилиши оддий одамларнинг бепоён денгизи ичида биз парапсихологлар экстрасенсорик қобилият деб атайдиган қобилият эгаларини излаб топишга уринишдан иборат. Таассуфки, бундай одамлар жуда кам учрайди.
— Экстрасенсорик қобилият дегани нима ўзи? — сўради бир дароз мухбир.
— Буни бир оғиз сўз билан таърифлаш мушкул, — деди Уэверли мумкин қадар самимийроқ жилмайишга уриниб. — Лекин, ҳар қалай, сизларга тахминан бўлса ҳам тушунтиришга уриниб кўраман…
“Сэм! — Унинг қулоқларида Дориснинг овози янгради. Шунақанги тиниқ эшитилардики, гўё ёнма-ён тургандек. Балки Дорис энг яхши котиба эмасдир, лекин телепатик қобилиятга эгалиги аниқ. У қобилиятини муваффақиятли қўллар ва тахминан йигирма фоиз ҳолда бу унга жуда-жуда асқотарди. — Сэм, меҳмонларингдан иккитаси ҳеч қанақа мухбир эмас!”
“Бўлмаса ким улар?” — Уэверли хаёлан савол берди.
“Билмасам, — деди Дорис. — Лекин, назаримда, бу ташриф бизга кўнгилсизлик келтирадигандек.”
“Қандай кўнгилсизлик экани ҳақида бирон тасаввуринг борми ишқилиб?”
“Йўқ-да. Иккови ҳам костюмда. Улар ўйлашаяптики…” — Дориснинг фикрий овози ўчди.

Телепатик суҳбат яшин тезлигида кечади, шу боис савол-жавоблар бир лаҳзадан ортиқ вақтни олмади. Уэверли қора костюмдаги икки меҳмонга қаради — улар бошқалардан сал четроқда ўтиришар, ҳеч нимани ёзиб олишмас эди — ва ҳеч нарса бўлмагандай сўзида давом этди:
— Экстрасенс, жентлменлар, руҳий ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларига ва ҳатто бошқа кишилар устидан муайян руҳий ҳукмронликка эга одам, бироқ ушбу ноёб ҳодисанинг асл табиати тўғрисида биз фақат тахмин қила оламиз, холос. Ҳозирги вақтда экстрасенсларни циркда ёки хилма-хил шоуларда кўпроқ учратиш мумкин. Ва аксари ҳолларда улар хавотиру асабий тарангликка тўлуғ бўлган ўта бахтсиз ҳаёт кечиришади. Мен тузган уюшма эса бу одамлар учун уларнинг истеъдоди иш берадиган ва ҳамма учун фойда келтирадиган бирон машғулот топиб беришга уринади. Келгусида биз инсон руҳиятининг бу хил ғайриоддий жиҳатлари нима учун ва қай тарзда фаолият юритишини ҳамда бу ҳол қандай сабабга кўра бундай ғалати тарзда намоён бўлишини аста-секин аниқлаш умидидамиз. Биз яна шуни истардикки…
Уэверли тафсилотларга тўхталишдан эринмай, маърузасини давом эттираверди. Жамоатчилик унинг ишини тан олиши улкан аҳамиятга эга ва бу омилни ҳеч қанақасига эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ядро тадқиқотларининг муваффақиятларидан жунбушга келган ҳамда яқингинада Ой билан Миррихга парвозларни улкан қониқиш билан қабул қилган омма, агар унинг учун мумкин қадар тушунарлироқ тарзда баён этиб беришга уринилса, парапсихологиянинг асосий ғояларини “симириб олиш”га ҳам тайёр турибди.
Хуллас, Уэверли ҳозирча анчайин мураккаб ва чигал бўлиб кўринаётган муаммоларни усталик билан айланиб ўтган ҳолда ёрқин рангларни аяб ўтирмади асло. У экстрасенсларни барча билан, шу жумладан, Уэверлининг ўзи билан ҳам фақатгина телепатия ёрдамида мулоқот қилишга қодир одамлар сифатида тасвирлади; шундай қилиб, бундай қобилиятга эгалик қандайдир даражада меъёрдан четга чиқиш ёхуд мажруҳлик бўлиб туюлмаслиги керак, балки, аксинча, башариятнинг ҳар қандай вакилида мавжуд бўлган табиий қобилиятларнинг тўлиқ юзага чиқиши сифатида қабул қилинмоғи лозим.
Уэверли ўз нутқини мазкур соҳага бўлган комил ишонч оҳангида якунлади.
— Энди хулосага келадиган бўлсак, — деди у, — асосий умидимиз шундаки, вақти-соати келиб барча одамлар табиат уларга ато этган экстрасенсорик қобилиятларидан фойдаланишни тўла-тўкис ўрганиб оладилар!
Устма-уст ёғилган саволлардан кейин матбуот анжумани поёнига етди. Хонада қора костюмдаги ўша икки нусха қолди, холос.
— Сизлар яна бирон нима билишни хоҳлайсизларми, жаноблар? — такаллуф билан сўради Уэверли. — Менда баъзи рисолалар бор…
— Мабодо бир нусха қўл остингиздан паноҳ топмадими? Унинг фамилияси Эскин, — деб суриштирди айғоқчилардан бири дағаллик билан.
— Нима ҳақда гапираяпсиз ўзи? — Уэверли ажаблангандай бўлди.
— Борми, йўқми у?
— “У” деганингиз ким, ахир?
— Майли, масалага бошқа томондан ёндошиб кўрайлик, — деб хўрсинди изқувар ва шериги икковлари ўз гувоҳномаларини кўрсатишди. — Биласизми, бу Эскин деганлари Блекстоун шифохонасига жойлаштирилган эди, у ердан қочиб кетди. Ҳойнаҳой, сизнинг ҳузурингизга келган, деб ўйлаш учун жиддий асосимиз бор. Башарти шундай бўлса, уни олиб кетишни истардик.
— Хўш, унга нима қилган ўзи? — деб сўради Уэверли.
— Сиз уни кўрдингизми, йўқми?
— Жентлменлар, бунақада гапимиз қовушмайди, ахир! Борингки, уни кўрдим дейлик, — фақат эътиборда тутинг: мен буни тасдиқлаётганим йўқ! Менда уни даволайдиган, ўз мамлакатининг ҳамма қатори муносиб фуқаросига айлантира оладиган бир восита бор, деб фараз қилайлик. Ана шу ҳолда ҳам сизлар уни яна жиннихонага қайтариш керак, деб оёқ тираб туриб оласизларми?
— Сиз Эскинни даволай олмайсиз! — деди бояги изқувар ишонч билан. — Чунки у ўзича жуда ажойиб машғулот топиб олдим деб ўйлайди, бироқ афсуски, унинг бу “фаолияти” атрофдаги ҳамманинг нақ ҳиқилдоғига келган.
— Хўш, қанақа “фаолият” экан у?
— Демак, уни кўргансиз?
— Йўқ. Лекин мабодо учратиб қолсам, сизларга албатта хабар бераман, — Уэверли ваъдани қуюқ қилди.
— Мистер Уэверли, бундай муносабат…
— Нима, у хавфлими?
— Унчаликмас. Аммо…
— Экстрасенсорик қобилиятга эгами?
— Эҳтимол, — изқувар ижирғаниб бош ирғаган бўлди. — Бироқ бу қобилиятидан у қандай фойдаланишини билсангиз эди…
— Бу одамни кўрмаганимга шубҳам йўқ, — деди Уэверли унинг сўзини бўлар экан совуққина қилиб.
Изқуварлар кўз уриштириб олишди.
— Начора, — деди улардан бири. — У паноҳингизда эканини ўзингиз тан олиб турганингиздан кейин биз нима ҳам қилардик, шундай деб ахборот берамиз-да. Аммо лекин унинг учун масъулиятни ўз зиммангизга олишга розимисиз?
— Мана бу бошқа гап, — деди Уэверли. Керакли ҳужжатлар тезда имзоланди ва Уэверли иккала изқуварни хонадан кузатиб чиқди. Тўғри, остонада улар бир-бирига заҳархандалик билан кўз қисиб қўйгандек туюлди унга. Яна ким билади, балки шундай кўрингандир.
— Хўш, қалай, тўғри айтибманми? — деб сўради Дорис.
— Тўғри бўлганда қандай? — жавоб қилди Уэверли. — Лекин сочингда упа бор ҳалиям.

Дорис елкасига осиб юрадиган каттагина сумкасидан кичкинагина кўзгу олиб, сочини тартибга келтира бошлади.
— Менга қара, бас, етар, — деди Уэверли энгашиб унинг бурнидан ўпар экан. — Эртагаёқ менга турмушга чиқасан, хўпми?
Дорис бир муддат ўйланиб қолди.
— Биласанки, эртага ишим жуда кўп: сартарошхонага боришим керак.
— Унақада индинга.
— Йўқ, индинга Ла-Маншдан сузиб ўтишда қатнашаман. Агар сенга маъқул бўлса, бу ишни келаси ҳафтага қўя турайлик.
Уэверли уни яна ўпди.
— Сен айтганингча бўла қолсин. Аммо лекин келаси ҳафта ҳеч қандай гап-сўзсиз менинг хотиним бўлишинг шарт! Билиб қўй, мен ҳазиллашаётганим йўқ.
— Бўпти, — розилик билдирди Дорис. Кейин эса қандай муҳим нарса ҳақида гаплашаётганларини ўйлаб, юраги ҳаприқиб кетди. — Менга қара, Сэм, рости билан шундай деяпсанми?
— Рости билан, — бош ирғади у. Тўйлари шу пайтгача икки марта қолдирилган эди. Биринчи мартасида Билли Уокер машмашаси туғилиб қолди: у Миррихга “Венчур” фазовий кемасини учиришда қатнашишни сираям истамаётганди. Биллининг руҳини туширмаслик учун ҳам Уэверли кечаю кундуз унинг ёнида бўлишига тўғри келди.
Иккинчи мартаси Уэверли “Бетизгин истеъдодлар” учун бадавлат бир ҳомий топган пайтга тўғри келиб қолди. Ўшанда у бир кеча-кундузда йигирма тўрт соатлаб ишлашига мажбур бўлган: нималарнидир ташкил қилиш, экстрасенсларга эҳтиёж туғилиши мумкин бўлган уюшмалар билан боғланиш, экстрасенсларнинг ўзини излаб топиш керак эди ва ҳоказо… Аммо энди бу гал…
Уэверли Дориснинг юзига яна энгашган эди, у бирдан сўраб қолди:
— Анави нусха нима қилаяпти? Ҳалиям хонангда ўтирибдими?
— Э-ҳа, дарвоқе, — Уэверлининг ёдига тушиб қолди. — Менимча, у энг ҳақиқий экстрасенс. Яхшиям эслатдинг, у нима билан машғуллигини текшириб кўриш керак. — У шундай деб ўз хонаси орқали ичкари хонага йўналди.
Эскин қаердандир қоғоз-қалам топиб олиб, нималарнидир шоша-пиша ёзиб ўтирган экан. Уэверли билан Дорис кириб келишганда у бошини кўтариб мамнунлик билан илжайиб қўйди, лекин бу кулгиси уларга беўхшовдек кўриниб кетди.
— Эҳ, сизмисиз, қадрдон халоскорим! Билсангиз, сэр, мен энг сўнгги илмий кузатишларим натижасини сизга ҳозироқ намойиш этишни истардим. Мана бу А объекти, яъни сиз билан В объекти, яъни мисс Флит ўртангизда кечган ҳодиса ҳақидаги батафсил ҳисобот. — У шундай деб ёзувга тўла варақларни тутқазди.
Маълум бўлишича, Эскин Уэверли билан Дорис ўртасидаги суҳбатни энг майда-чуйда тафсилотигача тўлиқ баён этибди. Илова тарзида эса ўпичларнинг энг аниқ анатомик тавсифларини келтирган, уларга қўшимча сифатида эса ҳар бир ўпичдан аввал, ўпич пайтида ва ҳар бир ўпичдан кейин икковининг ҳиссий кечинмаларини ипидан-игнасигача таърифлаган эди.
Дориснинг қовоқлари уюлди. У шахсий эркини бағоят қадрларди, шу боис ҳам интим лаҳзаларда уни қандайдир бир жинқарча “кузатиб” тургани мутлақо ёқмади.
— Ҳмм, ғалати, — деди Уэверли Дориснинг чеҳраси оқариб-бўзариб турганини кўраркан, кулгисини аранг яшириб. Бу одамга эса шунчаки раҳбарлик қилиш ёки, жиллақурса, ҳаракатларини йўлга солиб туриш кифоя эканлигига унинг ишончи комил эди. Қолаверса, бу хил масалаларни ҳал қилишни эртагача бемалол қўйиб туриш ҳам мумкин.
Эскинга тунаш учун жой топиб бергач, Уэверли билан Дорис тушлик қилишди ва бўлажак тўйни муҳокама этишга киришишди. Кейин эса Дориснинг уйига бориб телевизор қўйишди, аммо кечаси соат биргача экранга ҳатто бир марта ҳам қайрилиб қарашгани йўқ.

Эрталаб Уэверлининг қабулига биринчи бўлиб ўттиз беш ёшлардаги, дид билан кийинган эркак кирди ва ўзини ҳар қандай ҳисоб-китобни хаёлан бир зумда амалга оширишга қодир одам деб таништирди. Уэверли жавондан логарифмлар жадвалини олиб, синаб кўра бошлаганида эса у чиндан ҳам жуда ажойиб натижаларни намойиш қилди. Уэверли унинг номи ва манзилини ёзиб олиб, боғланишга ваъда берди.
Унинг жиндек ҳафсаласи пир бўлганди. Хаёлан яшин тезлигида ҳисоблашга қодир одамлар бетизгин истеъдодлар орасида энг бетизгини эди. Бунинг устига уларга ҳақиқатан яхши иш топиб бериш анчагина машаққатли кечар, негаки аксарияти ижодий математик қобилиятдан маҳрум эди.
Хилма-хил газета-журналлардан иборат эрталабки почта келди ва Уэверли бир қанча вақтгача ўқиш билан машғул бўлди. У ўзининг экстрасенслари учун унчалик маълум бўлмаган иш ўринларини топиш умидида амалда барча даврий нашрларга ёзилган эди.
Кўп ўтмай Дорис хонага пиёнисталарникидек қип-қизил башарали бир кекса кишини йўллади. Унинг костюми анчагина дуруст, аммо енглари титилган, кўйлагининг эса яғири чиқиб кетганди. Бироқ нима учундир туфлиси нақ ярақлаб турибди.
— Мен сувни винога айлантира оламан! — деб тантана билан эълон қилди мижоз.
— Қани, кўрайлик-чи! — Уэверли шу заҳотиёқ музлатгичдаги минерал сувдан стаканга қуйиб унга узатди.
Эркак сувга қараб ўзича бир нималар деди, қўлини стакан устига олиб бориб, бир неча ҳаракатлар қилди. Бироқ ҳеч қандай ўзгариш рўй бермади ва мижознинг юзида ажабланиш акс этди. У сувга зарда билан қаради, яна дуосини ўқиб, қўлини ҳаракатлантирди. Яна ҳеч қандай натижа бўлмади.
— Бу жараён қандай нозиклиги ўзингизга аён-ку, ахир, — деди у Уэверлига қараб. — Биз экстрасенсларда майдон гоҳ йўқолиб, гоҳ пайдо бўлиб туради. Одатда эса — яъни, қирқ фоиз ҳолда натижа кўнгилдагидек чиқади.
— Демак, бугун шунчаки омадингиз келмабди-да?! Майдон йўқолиб қолдими? — деб сўради Уэверли ачинган киши бўлиб, аммо сўз оҳангида киноя сезиларди.
— Топдингиз, йўқолди, — дея тасдиқлади пиёниста. — Лекин сиз менга озроқ… э-э-э… моддий ёрдам кўрсатиб туролмайсизми? Шунда, бир неча кун ўтгач, қобилиятим албатта қайтади, ҳа, ҳа, ишонаверинг. Ҳозир эса керагидан зиёд ҳушёрман. Мен росмана мўъжиза кўрсатишим кўришга арзийди, ўлай агар…
— Сиз бу гапларнинг барини газетадан ўқиб олгансиз, тўғрими? — деб сўради Уэверли.
— Э, нималар деяпсиз ўзи! Менинг ноёб қобилиятим…
— Гап тамом, вассалом! Қани, хонани бўшатиб қўйсинлар-чи! — деб буюрди Уэверли. Тавба, унинг уюшмаси хилма-хил фирибгарларни намунча ўзига тортмаса-я! Яна энг алам қиладигани шуки, улар уни, Уэверлини ҳам ўзларига ўхшаган лўттибоз, одамларни лақиллатиб юрибди, деб астойдил ишонишади. Бошқалари эса осонгина раҳмини келтириш мумкин бўлган бир анойи деб билишади уни…
Хуллас калом, бу хил ташрифлар унинг тинкасини қурита бошлаган эди.
Хонага навбатдаги мижоз — пастроқ бўйли, тиқмачоқдан келган, қадама суратли арзонбаҳо чит кўйлак кийган, кўринишидан ўн саккиз-ўн тўққиз ёшлардаги бир қиз кириб келди. У ўзини жуда ноқулай ҳис этаётгани шундоққина сезилиб турарди.
Уэверли уни ўтиришга таклиф этиб, сигарета тутди. Қиз шу ондаёқ ютоқиб-ютоқиб торта бошлади.
— Менинг исмим Эмма Краник, — деди у терлаб кетган кафтини кўйлагига артар экан. — Мен… айтинг-чи, сиз устимдан кулмайсизми ишқилиб?
— Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин. Давом этаверинг. — Уэверли столи устидаги қоғозлар орасидан бир нима ахтараётгандай бўлди гўё. Агар қизга қараб турмаса, у ўзини тутиб олишини тушунарди.
— Биласизми… гапим жуда ғалати эшитилар-у, аммо мен ёнғин чиқара оламан. Хоҳласам бас. Чин сўзим, ўлай агар! — Гапини исботлашга тайёрдай қизнинг нигоҳи чақнаб кетди.

Шундай ноёб ҳодиса мавжудлигини Уэверли аллақачондан буён билар, аммо шунақанги қобилият эгасини умрида биринчи марта ўз кўзлари билан кўриб туриши эди. Чамаси, қандайдир бир номаълум сабабга кўра нарсаларни хаёлан алангалатиб юбориш қобилияти, авваламбор, жуда ёш қизларга хосдек туюлади.
— Эмма, бу ишни қандай қилиб амалга оширишингизни кўрсата олмайсизми? — майинлик билан сўради Уэверли ва қиз итоаткорлик билан унинг янги гиламидан куйдириб тешик очди. Уэверли шоша-пиша бир неча стакан сув қуйиб алангани ўчирди, кейин эса қўшимча текширув мақсадида қизни пардани ҳам ёқишга ундади.
— Жуда соз! — деди у чин кўнгилдан хурсанд бўлиб ва қизнинг чеҳраси ёришиб кетганини пайқади. Маълум бўлишича, Эмма амакисининг фермасини ёндириб кулга айлантириб қўйибди, амакиси эса бу қиз “ниҳоятда бало” экан, лекин мен фермамда бунақаларга тоқат қилолмайман, дебди.
Ўшандан буён қиз Ёш аёлларнинг насронийлик уюшмасида яшар экан, Уэверли шу манзил бўйича мурожаат қилиб, у билан албатта боғланишни ваъда қилди.
— Сиз ниҳоятда ноёб қобилият эгаси эканингизни унутманг! — деди хайрлашаётиб. — Бу жудаям-жудаям қимматли ва ноёб қобилият! Ва бундан асло чўчиманг!
Қиз энди ёйилиб кулганди, деярли ёқимтой кўриниб кетди.
Полтергейст, деб ўйлади Уэверли мижози кетганидан кейин. Лекин, жин урсин, ёнғин чиқариш қобилиятига эга бўлган қизни у қаерга ҳам ишга жойлаб қўя олади, ахир?! Ўтёқар қилибми? Йўқ, бу умуман аҳмоқона фикр!..
Афсуски, бетизгин истеъдодга эга бўлган кишилар камдан-кам ҳоллардагина ўз қобилиятларини оқилона қўллаш имкониятини топа оладилар. У мухбирлар билан суҳбатида бу масалада жиндек катта кетиб қолди-ёв. Аммо у ёғини суриштириб келганингизда экстрасенслар ҳам бу дунёда ҳар қадамда учрайвермайди-да, ахир!
Уэверли бир журнални варақлар экан, полтергейст кимга керак бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўй сурарди.
— Сэм! — Дорис остонада қўлларини белига тираганча турарди. — Бу ёққа бир қарагин-а!
Уэверли қабулхонага чиқди. Стол ёнида башарасида аҳмоқона бир илжайиш билан Эскин турарди, албатта — қўлларида лиқ тўлдириб ёзилган бир даста қоғоз. Дорис варақларни олиб, унга узатди.
Уэверли уларга шоша-пиша кўз югуртирди. Бу унинг ўзи, яъни Уэверли Дориснинг уйига кириб борган дақиқадан бошлаб то чиқиб кетган дақиқасига қадар бўлган оралиқда икковлари нималар билан шуғулланганлари ҳақида муфассал ҳисобот эди.
Бироқ “муфассал ҳисобот” бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Бу экстрасенс деганлари уларнинг нафақат ҳар бир хатти-ҳаракатлари, балки ҳар бир кечинмаларини ҳам тадқиқ этиб, тавсифлаб берибди. Эскинни нима учун жиннихонага тиқиб қўйишганини — гарчанд бу иш мутлақо адолатсиз бўлса ҳам! — Уэверли эндигина тушуниб етди, аммо энди бу ишда ҳеч қандай нотўғри, адолатсиз томонни топа олмади. “Ахир, бу ҳақиқий вуайернинг ўзгинаси-ку! — деган фикр ўтди Уэверлининг хаёлидан, — жазманларнинг изларидан ис олиб юрибди, ахлат титкилаган мушукдан нима фарқи бор? Яна денг, мушук бўлганда ҳам нафақат бу изларни ахтариб топиш, балки бир неча мил масофадаги одамлар нима билан шуғулланаётганларини ҳатто кўриб тура олиш қобилиятига эга бўлган ажойиб мушук!”
Барча ошиқ-маъшуқлар каби Уэверли билан Дорис ҳам бетиним ўпишар, қучоқлашишар ва бу ишларини беодоблик деб тушунишмасди асло. Бироқ мана шу ўпичлару эркалашлар, ишқий оҳ-воҳларнинг барини бегона бир кимса муфассал тасвирлаганини ўқиш, дил ҳиссиётларингни биров жарроҳдек бешафқатлик билан ўрганаётганини, кўнгил кечинмаларингни қассобдек нимталаётганини билиш… О, нақадар даҳшат эди бу!
Эскиннинг илмий луғати бенуқсон экан: уларнинг ҳар бир қадамини нозик тиббий-анатомик атамалар ёрдамидагина таърифлаган. Кейин хатти-ҳаракатга доир диаграммалар тузиб, соф физиологик таҳлилни келтирган. Пировардида эса масалага янада теранроқ ёндошиб, гормонал фаоллик таҳлилига, молекуляр даражадаги ўзгаришларга, мушаклар қўзғолиши ва ҳоказоларга ўтган.
Хуллас, бу илмийлик ниқоби остидаги порнографиянинг асл маънодаги ҳайратомуз намунаси эди! Уэверли умри бино бўлиб бунақасини кўрмаган.
— Қани, бу ёққа юринг-чи, — деб у Эскинни хонасига бошлади. Дорис ҳам кирди, унинг чеҳрасида оғир ўй-хаёллару кучли саросима акс этарди.
— Хўш, хўш… Худо ҳақи, менга тушунтириб беринг-чи, бу ишни нима учун қилдингиз ўзи? — деб сўради Уэверли ҳануз ўзига келолмай. — Сизни жиннихонадан қутқариб қолган мен эмасмидим, ахир?
— О, сэр, албатта, албатта! — деб хитоб қилди Эскин. — Ва мен сиздан бениҳоя миннатдорман, ҳа, ҳа, ишонаверинг.
— У ҳолда мана бунақа нарса бошқа такрорланмайди, деб сўз беринг.
— Э, нималар деяпсиз ўзи?! — Экстрасенс айюҳаннос солди. — Наҳотки менинг тадқиқотларимни тўхтатиб қўймоқчи бўлсангиз? Мен бу ишсиз туролмайман, буни ҳам ҳисобга олиш керак-ку, ахир?
Шундан сўнг у изоҳ беришга тушиб кетди. Орадан ярим соат ўтгандан кейин эса Уэверли бу одам ҳақида яна бир талай қизиқарли нарсаларни билиб олди. Эскин гарчи тасодифан бўлса ҳам у билан ақалли бир мартагина мулоқот қилган одамни у қаерда ва қандай шароитда эканидан қатъи назар, “кузатиш”га қодир экан. Бироқ у ёки бу “кузатиш объекти”нинг жинсий ҳаёти уни ҳамма нарсадан кўпроқ қизиқтирарди. Яна энг қизиғи, илм-фанга хизмат қилаётганига астойдил ишонган ҳолда Эскин бу фаолиятини мустаҳкам рационал асосга қуриб олган эди.
Уэверли унга кичик хонада кутиб туришни буюрди-да, ортидан эшикни ёпиб, Дорисга ўгирилди.
— Шундай бўлиб қолганидан ниҳоятда афсусдаман, — деди у. — Бироқ Эскинни тўғри йўлга сола олишимга ишонаман. Бу унчалик қийин бўлмаса кераг-ов.
— Шундай дегин. Ишончинг комилми? — деб Дорис унга совуққина қараш қилди.
— Албатта, — дея тасдиқлади Уэверли. — Мен ҳаммасини ўйлаб қўйганман.
— Жуда соз, — деди Дорис ва экстрасенс ёзганларини йиртиб-йиртиб кулдонга қўйди-да, ёқиб юборди. — Аммо, менимча, сен уни қайта тарбиялагунингга қадар тўйни қолдириб турганимиз маъқул.
— Нега энди?
— Ўзинг бир ўйлаб кўр-а, Сэм, — деди Дорис чуқур уф тортиб. — Манави жинқарча ҳар бир қадамингни кузатиб турганини билган ҳолда турмушга чиқиб бўлармиди? Яна, бутун тафсилоти билан ёзиб боришига ўлайми?
— Қўй энди, кўнглингга олаверма. Лекин Эскин ҳақидаги гапларинг тўппа-тўғри. Мен у билан шуғулланишга ҳозироқ киришаман. Лекин сен бугун ишдан барвақтроқ кетганинг маъқулмикан?
— Ўзим ҳам айнан шундай қилмоқчи бўлиб турибман! — Дорис шахд билан бурилиб, эшикка йўналди.
— Кечқурун бирга овқатланармиз? — деб сўради Уэверли.
— Йўқ! — деди Дорис унинг журъатсизлик билан қилган таклифини кескин рад этиб. — Кечирасан-у, Сэм, кейин у ёғига нима бўлишини ўзинг яхши биласан, манави исковуч эса дарров ҳид олади… Хаёлингга ҳам келтира кўрма, асло-асло! — У эшикни қарсиллатиб ёпди.
Уэверли қўшни хона эшигини очди.
— Қани, бу ёққа бир қаранг-чи, Сидни, — деб чақирди у. — Сиз билан хотиржам ўтириб, жуда жиддий бир нарсани яхшилаб гаплашиб олишимиз керак.

Уэверли Эскинга унинг фаолияти аслида илм-фанга ҳеч қандай дахли йўқлигини; билъакс, Эскинда жинсий жиҳатдан бир қадар бузилиш, шунингдек, салга қўзғолиб кетиш ҳолати борлигини ва ўзининг ана шу хусусиятларини ғайришуурий равишда илмий кашфиётларга интилиш деб билаётганини шошилмасдан, сабр-тоқат билан тушунтиришга уринди.
— Йўғ-е, жудаям бунчаликмасдир-ов, мистер Уэверли! — деди Эскин жунбушга келиб. — Мабодо мен одамларни ўзимнинг жинсий қўзғолишимни қондириш учунгина кузатиб юрган тақдиримда бошқа гап эди! Бироқ мен кузатишларим натижасини аниқ илмий атамалардан фойдаланган ҳолда мунтазам ёзиб бораман, ўзаро муносабат турларини таснифлайман, ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб, барига тегишли таъриф бераман. Пировард-оқибатда эса тўплаган жамики маълумотларимни инсониятнинг энг хилма-хил гуруҳлари вакилларининг жинсий одатлари ва майллари тўғрисидаги кенг кўламли умумлашма асаримда батафсил баён қилиш умидим бор.
Уэверли инсониятнинг ҳар бир вакили шахсий, интим ҳаёт кечириш ҳуқуқига эгалигини изоҳлаб берди. Эскин эса илм-фан ҳамма нарсадан, айниқса аллақандай майда-чуйда ишқий можаролардан устун туради, деб жавоб қилди. Уэверли ўз фикр-мулоҳазаларини ҳимоя қилишга уриниб кўрди, аммо салмоқли илмий асар яратиш ғояси миясига уриб қолган Эскин унинг ҳар бир эътирозига жавоб топарди, қолаверса, бу жавоблар экстрасенснинг инсоният тарихидаги ўз ўрни, шунингдек, инсониятнинг ўзи ҳақидаги тасаввурига тўлиқ мос келарди.
— Ҳамма бало шундаки, — деди у Уэверлига, — одамлар илм-фандан ниҳоятда йироқ. Ҳатто олимман деб юрганлар ҳам. Агар ишонсангиз, жиннихонамизда ҳакимлар мени аксари вақт алоҳида хонага қамаб қўйишарди! Бор-йўқ айбим уларнинг жинсий ҳаётини кузатиб, натижаларини ёзиб борганимда эди! Турган гапки, бир кишилик хонага қамаб қўйишлар ҳам мени тўхтатолмасди асло!
“Қизиқ, — деб ўйлади Уэверли, — шу ишлари билан шу вақтгача қандай қилиб соғ-омон юрибдийкин? Чунки дарғазаб ҳакимлардан биронтаси унга бирон-бир “тинчлантирувчи” доридан икки ҳисса бериб юбориши ҳеч гап эмасди-да! Ўзиям, ҳаким бояқишлар шундай қилмаслик учун ўзларини аранг тутиб туришган кўринади.”
— Очиғини айтганда, келиб-келиб сиз менга қарши чиқарсиз, деб сира-сира ўйламовдим, — деди экстрасенс хомуш тортиб. — Сиз бунчалик қолоқ фикрли эканингизни ҳисобга олмай чакки қилибман, чоғи!
— Мен сизга умуман қарши эмасман, — дея эътироз билдирди Уэверли ўзини қандай тутишни, бу телба билан қандай муомала қилишни билолмай ганграган кўйи. Ва шу лаҳзада хаёлидан ярқ этиб бир фикр ўтди.
— Сидни, — деди у, — янглишмасам, сизга яхши бир иш топганга ўхшайман. Маъқул келишига ишончим бор.
— Ростданми? — Вуайернинг юзи ёришиб кетди.
— Менга шундай туюлаяпти ҳар қалай.
Уэверли тахминини текшириб кўриш учун яқинда келган журналлардан бирини излаб топди-да, у ердан керакли телефон рақамларини олиб, қўнғироқ қилди.
— Ассалому алайкум. Бу Беллен жамғармасими? — У ўзини таништириб, айнан нима билан шуғулланишини мумкин қадар аниқроқ таърифлаб беришга уринди. — Сизлар шарқий Патагония эркакларининг жинсий одатларию майлларини илмий тадқиқ этишнинг янги лойиҳасини амалга ошираётганларингизни бир эшитгандай бўлувдим, шу тўғрими? У ҳолда сизларга бевосита ўша жойда сўров ўтказиб маълумот йиғадиган, сизлар учун энг қизиқарли далилларни чиндан ҳам тўплай олишга қодир бўлган одам керакмасми мабодо?
Яна бир неча дақиқа суҳбатлашганидан кейин Уэверли енгил тортиб гўшакни қўйди-да, бир парча қоғозга манзилни ёзиб берди.
— Мана, тўғри шу ёққа бораверасиз, Сидни, — деди у. — Менимча, бу ҳаётда сизга мос келадиган жойни топа олдик, шекилли.
— Сиздан бениҳоя миннатдорман! — деди Эскин қувониб кетиб ва дарҳол Беллен жамғармасига йўл олди.

Эртасига Уэверлининг қабулига унинг энг катта умиди бўлган Билл Саймс биринчи мижоз сифатида ташриф буюрди. Саймс бағоят истеъдодли экстрасенс бўлиб, боз устига, ёрқин ривожланган ақл-идрок соҳиби эди.
Лекин ҳозир у нима учундир хижолатли ва қандайдир кўнгилсиз бир қиёфада эди.
— Сен билан гаплашиб олишим керак, Сэм, — деди Саймс. — Мен ишдан кетмоқчиман.
— Ие, нега энди? — дея ажабланди Уэверли. Негаки, Саймсни жуда яхши ўринга жойлашган ва экстрасенс орзу қилиши мумкин бўлган жамики ниятга эришган деб ҳисобларди-да.
— Э… нима десам экан. Очиғи, мен уларга тўғри келмаётганга ўхшайман-ов.
Саймс маъданларнинг кучланиши ва толиқишини “сезиш” қобилиятига эга эди. Тўғри, экстрасенсларнинг аксарияти каби у ҳам бу ишни қандай қилиб амалга ошираётгани ҳақида умуман бирон тушунчага эга эмас. Лекин шунга қарамай, у маъданда пайдо бўлувчи ҳар қандай, ҳатто энг майда ёриқ, дарзни ҳам рентген қурилмасига нисбатан тезроқ ва аниқроқ топа олар, унинг бу иши рентгенологик тадқиқотлар билан боғлиқ бўлган бирон-бир ортиқча ғалва келтириб чиқармасди.
Саймснинг қобилиятини қисқагина қилиб “Ҳамма нарса ёки ҳеч нарса” деб таърифлаш мумкин: ё у ҳар қандай нуқсонни аниқлай олади ёки умуман ҳеч нарсани топа олмаслиги мумкин. Айнан ана шу сабабли ҳам у ҳеч қачон янглишмасди. Гарчанд унинг бу ноёб истеъдоди тахминан қирқ фоиз ҳолда бирон натижа бермаса ҳам, барибир, тайёралар учун двигател ишлаб чиқарувчи авиация заводида у бебаҳо топилма ҳисобланарди. Зотан, бу ерда авваллари ҳар бир детал ундаги нуқсонларни аниқлаш учун албатта рентгенологик текширувдан ўтказиб келинган. Саймснинг самарадорлиги эса рентген ёрдамида эришиладиган бу натижалардан анчагина устун бўлиб чиқди.
— Нега “тўғри келмас” экансан энди? — дея ажабланди Уэверли. — Наҳотки сенга тўланаётган маошни оқламаяпман, деб ўйлаб қолган бўлсанг?
— Йўқ, гап бундамас, — деди Саймс. — Гап атрофимдаги одамларда: улар мени қандайдир бир иллатли кимса деб тушунишади.
— Лекин шундай муносабат бўлишини сен аввалбошдан билгандинг-ку, ахир! — дея эслатди Уэверли.
Саймс индамай елка қисди.
— Майли, бошқачасига бир тушунтириб кўрай-чи, — деди у ва сигарета олиб тутатди. — Бундай ўйлаб қараганда, мен кимман ўзи? Умуман, экстрасенс деб аталган тоифанинг ўзи нима аслида? Тўғри, нималардир қўлимиздан келади, нималарнидир уддалаймиз, аммо лекин шуни қай тариқа бажараётганимизни ҳатто ўзимиз ҳам билмаймиз-ку, бунга нима дейсан? У ёғини сўрайдиган бўлсанг, биз ўз “истеъдод”ларимиз устидан умуман ҳеч қандай ҳукмронликка эга эмасмиз, уларни ҳатто шуурий даражада ҳам тушунмаймиз, бирон тарзда жиловлашга ҳам қодир эмасмиз мутлақо! Бу истеъдодлар иродамиздан ташқарида намоён бўлади. Биз олий инсонлар эмасмиз, албатта, лекин оддий одамлар ҳам эмасмиз-да! Биз… биз кимлигимизни ўзим ҳам билмайман!
— Билл, — дея мулойимгина эътироз билдирди Уэверли, — сени бошқа кишиларнинг муносабати безовта қилаётгани йўқ мутлақо. Сен ўзингни ўзинг кавлаштириб ётибсан. Аллақандай майиб-мажруҳ кимсаман, деб ўйлаб топган ҳам сен ўзинг!
— Тўғри-да, ахир, на у ёқлиман, на бу ёқлиғ! — дея унинг фикрини маъқуллади Саймс изтироб билан. — Мен энди фермерлик қилмоқчиман, Сэм. Қўш ҳайдайман, оддий деҳқон бўламан.
Уэверли бош чайқади. Одатдан ташқари одамларни йўлдан уриш ниҳоятда осон, айниқса улар ўз истеъдодини цирк ё эстрададан бошқа ерда қўллашга уриниб кўраётган бўлса. Тижорат олами, жуда бўлмаганда назарий жиҳатдан олиб қараганда, ўзининг “винтча”ларидан юз фоиз фидойиликни талаб қилади ва уларнинг мунтазам ишлашга қобил бўлмаган ҳар бири нуқсонли ёхуд бефойда деб ҳисобланади. Бу хил муносабат асорати экстрасенсларнинг идрокида ҳам сақланиб қолган. Уларнинг ўзлари ўз истеъдодларини ўз шахсларининг таркибий қисми эмас, балки шунчаки бир, механик тарздаги давоми деб билишади ва агар ўша истеъдодларини амалда баайни автомат янглиғ аниқ ва узлуксиз қўллай олишмаса, ўзларини қандайдир кемтик, нотавон деб ҳис этишади.
Уэверли нима дейишини билолмай, гарангсиб қолди. Тўғри, бу ҳаётда ҳамма қатори экстрасенс ҳам ўз ўрнини топа билмоғи даркор. Бу-ку ҳақ гап-а, аммо лекин амалда жуда-жуда мушкул, бироқ, очиғини айтганда, омадсизликка илк бора дуч келгандаёқ фермерликка бош олиб қочиш ҳам тўғримас-да, ахир.
— Хулласи калом, Сэм, — дея давом этди Саймс, — экстрасенслар учун қанчалик кўп иш қилаётганингни мен яхши биламан, бироқ бизларнинг ақалли бирон нимада оддий одамлардек бўлиш ҳуқуқимиз ҳам бор-ку, ахир. Қисқаси, мен кетаман, хафа бўлмайсан.
— Қўйсанг-чи, Билл, бу нима деганинг. — Саймсни фикридан қайтаришга уриниш ўзига қарши қилиб қўйишга олиб келиши тайинлигини Уэверли тушуниб етган эди. Ва яна шуни ҳам биладики, барча экстрасенслар сингари Саймс ҳам жиндек ўйин қилаяпти. Ўз ҳунарларини адо этиш уларнинг барига худди мойдек ёқади. Балки даладаги машаққатли меҳнат, мудом чангга беланиб, лойга ботиб юриш Биллнинг ақлини киргизар ва у тез орада аввалги ҳаётига ва машғулотларига қайтар. — Лекин, ҳар қалай, дом-дараксиз йўқолиб кетма, хўпми? Телефон қилиб тур.
— Бўлмаса-чи. Бўпти, Сэм, хайр.

— Хўш, қалай, ўзингга келиб қолдингми? — деб сўради у. — Тўй кунини суриб ўтирмаймизми энди?
— Сен, яхшиси, Эскинингдан гапир-чи. Нима қилаяпти у?
Уэверли Эскинга мос ишни қандай қилиб топиб берганини айтди ва тўй куни келаси ҳафтага белгиланди. Кечқурун улар шинамгина бир ресторанчада овқатланишди, кейин Дориснинг уйига боришди ва одатда бўлганидек телевизорни қўйишди-ю, аммо нақ ярим тунгача унга қайрилиб ҳам қарашгани йўқ.
Эрталаб Уэверли янги журналларни варақлаб ўтирар экан, тўсатдан хаёлига ажойиб бир фикр келди. Ўша заҳотиёқ Эмма Краникка телефон қилиб, бир келиб-кетишини сўради.
— Саёҳат қилишга қалайсиз? — деб сўради сўнгра қиздан. — Янги одамлар, янги мамлакатлар дегандек.
— О, қанийди-я! — Эмманинг кўзлари чақнаб кетди. — Агар билсангиз, мен шу пайтгача амакимнинг фермасидан бошқа жойга чиқмаганман.
— Сафар қийинчиликларидан қўрқмайсизми мабодо? Айтайлик, совқотишдан.
— Йўқ, мен ҳеч қачон совқотмайман, — деди қиз қатъий ишонч билан. — Қандай қилиб ёнғин чиқаролсам, ўзимни доимо шу тарзда исита оламан.
— Жуда соз-да! Бўлмаса бундай қилсак… — Уэверли телефон гўшагига ёпишди. Яна ўн беш дақиқадан кейин полтергейст соҳибасининг керакли одамлар билан учрашуви тўғрисида келишиб олинди.
— Эмма, — деди Уэверли, — Харкинс экспедицияси тўғрисида бирон нима эшитган жойингиз борми?
— Йўқ, — дея жавоб қилди қиз. — Нима эди?
— Гап шундаки, улар Антарктидага йўл олишмоқда. Бундай сафарларда эса асосий ва доимий муаммолардан бири одамларнинг иссиқликка бўлган эҳтиёжидир. Гап нимага бориб тақалаётганини сезиб тургандирсиз, ҳойнаҳой?
Қиз жилмайди.
— Тушунаётгандекман.
— У ҳолда тезроқ бориб, уларни ўз имкониятларингизга ишонтиришга уриниб кўринг. Йўқ, шошманг! Яхшиси, мен ҳам бирга бораман. Антарктидага йўл олувчи экспедициялар учун сизга ўхшаганлар бебаҳо хазина бўлиши керак!
Сафар қатнашчиларининг ишончини қозониш қийин кечмади. Олималардан иборат гуруҳ аъзолари Эмма ўзининг ноёб қобилиятини ҳали ўн мартача ҳам намойиш этмай турибоқ бу қиз улар учун антиқа топилма эканлигини англаб етишди. Соғлом ва бақувват Эмма қорда ўз вазнига тенг юкни осонгина ташиши, ўзини доимо иситиб юришдек қобилияти туфайли ҳар қандай совуқда ҳам бемалол ишлай олиши мумкин эди. Нигоҳи билан олов ёқа билишдек истеъдоди эса-ку ҳар қанча мақтовга лойиқ!
Уэверли ўз офисига қайтар экан, муваффақиятидан ўта мамнун, лабларида ғолибона табассум ўйнар эди. Вақти-соати келиб Эммага ўхшаш қизлар Миррихда, ерлик тадқиқотчиларнинг гуруҳларида роса иш беради ҳали. Миррихнинг сийрак ҳавосида ҳароратни сақлаб туриш ўта машаққатли юмуш, бинобарин, Эмманинг ўрни беқиёс бўлажак.
Бундай муваффақиятларнинг ҳар бири Уэверлида парапсихологиянинг келажагига бўлган ишончни янада мустаҳкамлар эди. Бетизгин истеъдодларнинг ҳар бири ҳаётда ўз ўрнини ва иш соҳасини топиши шарт албатта! Ҳамма гап уларни қандай қилиб топишда қолган, холос.
Офисда уни кутилмаган ҳодиса кутиб турган экан. Нима бўларди, яна Сидни Эскин-да! Дориснинг эса қовоғидан қор ёғарди.
— Яна нима гап, Сидни? — деб сўради Уэверли. — Ё бизни соғиниб, бир кўриб кетгани келдингизми?
— Мен улардан буткул кетдим, — деди Эскин ўпкалаган оҳангда. — Мени ишдан бўшатиб юборишди, мистер Уэверли!
— Хўш, нега энди?
— Улар ҳақиқий олимлар эмас экан! — Эскин ўкинчли бир қиёфада бош чайқади. — Мен ўзимнинг намунавий тадқиқотларим натижасини намойиш қилгандим, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, уларнинг капалаги учиб кетса бўладими? Олим одамлар бўла туриб даҳшатга тушишди-я!
Уэверли кулгусини аранг тийди. Чунки у бундай тадқиқот лойиҳалари қуруқ сафсата бўлиб, ҳақиқий аҳволнинг мингдан бирини ҳам акс эттира олмайди, деб биларди доимо.
— Буниси ҳам майли-я, — дея аламзадалик билан ҳикоясида давом этарди Эскин, — улар ҳатто холис туриш нималигини ҳам билишмас экан мутлақо! Мен шунчаки бир назорат тариқасида ўша олимларнинг — агар бу кимсаларни шундай деб аташ мумкин бўлса! — шахсий ҳаётига доир тадқиқотларнинг кичкинагина бир гуруҳини ўтказиб кўргандим, холос. Улар эса шу заҳотиёқ мени қувиб юборишди!
— Аттанг, аттанг, яхши иш бўлмабди, — деди Уэверли чин кўнгилдан ачиниб, аммо Дорис Флитга қарашга юраги бетламасди.
— Мен уларга илмий изланишларимнинг ҳеч қанақа ёмон жиҳати йўқлигини исботлаб беришга уриндим, — Эскиннинг жағи тинмасди. — Ҳатто сизнинг мисс Флит билан муносабатларингиз тавсифланган кундаликларимни ҳам кўрсатдим…
— Ни-ма-а?! — Дорис сапчиб туриб кетганди, курсиси тарақлаб йиқилди.
— Ҳа-да, кўрсатдим. Мен ўтказган тажрибаларим ҳақидаги ҳисоботларимнинг барчасини доимо сақлаб юраман! — деди экстрасенс ғурурланиб. — Кейинги ишларни олиб бориш учун уларга бирров назар ташлашнинг ўзи кифоя, ана ўшанда…
— Бас, етар, тоқатим тоқ бўлди! — деди Дорис. — Э Худо, бу бандангни намунча овсар, галварс қилиб яратмасанг-а… Сэм, бу нусханинг қорасини ўчир ҳозироқ!
— Бундан фойда йўқ, ахир! — эътироз билдирди Уэверли. — У барибир бизни кузатишни давом эттираверади.
Дорис лабларини маҳкам қимтиганича бир нафасга гўё тошдек қотиб қолди.
— Йўқ, йўқ, бунга энди сабр-тоқатим етмайди! — деди у титраб-қақшаб. — Ортиқ чидаёлмайман! — У шундай деб сумкасини олди-ю, эшик томон йўналди.
— Шошма, қаерга кетаяпсан ўзи? — деб тўхтатишга уринди Уэверли.
— Очиқ мозорга! — Дорис кўздан ғойиб бўлди.
— Қўяверинг, у барибир сизнинг тенгингиз эмас, — дея юпатишга уринди экстрасенс. — Ўлгудай тегманозик. Мен ҳар қалай сизларнинг жинсий майлларингизни етарлича эътибор билан ўрганиб чиққанман ва сиз…
— Ўчиринг овозингизни, Эскин! — деб бақириб берди Уэверли. — Бирпас тинч қўйсангиз-чи, ахир! — Бироқ унинг калласи бўм-бўш, барча фикрлари капалаклар янглиғ дув этиб учиб кетгандек эди гўё. Эскинга қандай иш топиб бермасин, у барибир “кузатиш”дан қолмайдиган кўринади. Бундан чиқди, тўй ҳақида ўйламаса ҳам бўлади энди…
— Нариги хонага кириб ўтира туринг, — деб буюрди у Эскинга. — Мен ёлғиз қолишим керак.
— Балки, бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботни қолдиришим керакдир сизга? — дея таклиф қилди Эскин қўлида ёзувлар тўла бир даста қоғозни салмоқлаган кўйи.
— Ҳа, ҳа, қолдиринг. Стол устига қўя қолинг.
Эскин у хонага ўтганидан кейин Уэверли курсига ҳорғин чўкди-ю, оғир ўйлар гирдобига чўмди.
Шу алфозда бир неча кунгача муттасил бош қотирди: бу нусхани нима қилиш керак ўзи? Ўша кунги машмашанинг эртасига Дорис ишга чиқмади, албатта, индинига ҳам. Уэверли уйига қўнғироқ қилганди, телефон жавоб бермади.
Ўт-олов қиз Эмма Краник — бу жонли полтергейст — Антарктика экспедицияси билан бирга сафарга жўнаб кетди, матбуотда у тўғрисида кўплаб ҳайратомуз фикрлар билдирилди.
Шарқий Африкада телекинетик қобилиятга эга бўлган иккита экстрасенс топилди ва Уэверлининг марказига юборилди.
У эса ҳануз Эскин ҳақида бош қотирарди.
Бир куни офисга яна бир нусха ўргатилган итини етаклаб келди. Уэверли унга “Бетизгин истеъдодлар” уюшмаси бирон-бир хил театр ёки цирк агентлиги эмаслигини тушунтириб берганида эса у ниҳоятда хафа бўлиб чиқиб кетди.
Уэверли эса ҳамон ўйларди.
Бир гал авиация заводидан Ховард Эйркрафт телефон қилди. Билли Саймс кетганидан буён бу ерда техник назорат иши росмана муаммога айланиб қолибди. Бу қадар аниқ ишлаб чиқаришда Биллнинг ноёб қобилиятига ҳеч нарса тенг келолмасди. Негаки у ҳамиша, айниқса “илҳом”и келиб турганда маъдан бўлагига бир қарашдаёқ аниқ ташхис қўйиб берарди-да. Двигателнинг айрим қисмларини ҳатто жойидан жилдиришга ҳожат қолмасди.
Эски усулдан — рентген нурлари ёрдамидан фойдаланишда эса аввало ҳамма нарсани назорат бўлимига олиб бориш, кейин тегишли тартибда жойлаштириб чиқиш, назорат қурилмасини ишга тушириш, олинган суратларни чиқариш керак эди ва ҳоказо. Қолаверса, яна радиологик тавсифнома тузиш, нозир эса муайян деталлардан келгуси фойдаланишга рухсат бериши ё бермаслиги лозим бўлади!
Қисқаси, компания Саймс қайтишини орзу қиларди.
Ва у қайтди, фермерлик иши ниҳоятда тез жонига тегибди ўзиям. Аммо энг муҳими — у ўзининг чиндан ҳам кераклигини энди аниқ биларди! Ҳамма гап ана шунда-да асли.
Уэверли эса ҳануз Эскиннинг ҳисоботларини ўқир ва бу телбавор қизиқишнинг моҳиятини илғаб олишга уринарди.
Бу одам ғаройиб қобилиятга эга эканлиги шубҳасиз, зотан, у жинсий муносабатларни гормонал даражага қадар таҳлил этишга, ҳатто эпителий тўқимасининг микроскопик шикастланишларини қайд эта олишга қодир! Нима, микроскопик нигоҳми бу? Шошма, шошма, агар чиндан ҳам шундай бўлса-чи?!
Уэверли, шунингдек, Эскинни Блекстоунга қайтариш имкониятини ҳам кўриб чиқди. Сирасини айтганда, бу одам фойдадан кўра кўпроқ зарар келтираётгани ҳақиқат. Психиатрларнинг назоратида эса у балки бундай тадқиқотларга бўлган қизиқишини йўқотар… Лекин шу билан бирга ноёб истеъдодини ҳам гўрга тиқса-чи?..
Эскин у даражада телба эмасдир эҳтимол. Билъакс, ўз замонасидан анча илгарилаб кетган даҳо бўлиб чиқса-чи? Уэверли келажакда ёзиладиган тарихий асардан қуйидаги сатрларни кўз олдига келтирди: “Экстрасенсорика даҳоси Эскин билан мулоқотда унинг замондошлари, таассуфки, ўз калтабинликларини, таъбир жоиз бўлса, калтафаҳмликларини намойиш қилишди ва айнан шу сабабли ҳам бу соҳадаги ишлар ривожланмай тўхтаб қолди”. Э, йўқ! Бунақаси кетмайди! Бунга у ҳеч қанақасига йўл қўёлмайди! Э Худо, наҳотки бирон-бир чора топилмаса-я?.. Топилиши керак, ахир!
Микроскопик нигоҳга эга бўлган одам… Э, бўлди, бўлди, чораси топилди!
— Бу ёққа қаранг, Эскин, — Уэверли кўп вақтини унинг хонасига ёндош хонада ўтказишга ўрганиб қолган бўлғуси даҳони ўз ҳузурига чорлади.
— Қулоғим сизда, сэр, — деди экстрасенс унинг рўпарасига келиб ўтирар экан.
— Сид, — дея гап бошлади Уэверли, — жинсий муносабатлар соҳасида бир тадқиқот ўтказиш ва, албатта, шу ҳақда батафсил ҳисобот ёзиш фикрига қандай қарайсиз? Бу билан сиз илм-фанимиз равнақига чиндан ҳам катта ёрдам берган ва у ёғини суриштирсангиз, билимларнинг ҳали ҳеч ким кашф этмаган янги бир соҳасига асос солган бўлардингиз!
— Нимани кўзда тутаётганингизни билишни истардим, — деди экстрасенс унга шубҳаланиб тикилар экан.
— Бир нарсани яхшилаб тушуниб олинг, Сид: одамларнинг жинсий фаоллигини тадқиқ этиш ҳозирда кечаги куннинг масаласи бўлиб қолган. Бундай тадқиқотларни ҳамма олиб боради. Сизчалик муваффақият билан эмас, албатта, лекин ҳар қалай, олиб боришаяпти. Яъни бу изланишларда ҳеч қанақа янгилик йўқ. Мен эса сизга илм-фаннинг амалда мутлақо ўрганилмаган бир соҳасида шуғулланишга ёрдам бермоқчиманки, унда жамики қобилиятларингиз тўлиқ намоён бўлишига имконият туғилди. Хўш, бу таклифга қандай қарайсиз?
— Маъқуллайман, албатта, — деди экстрасенс. — Бироқ бу тадқиқотлар жинсий ҳаёт билан боғланган бўлиши шарт.
— Боғланганда қандоқ! — дея хитоб қилди Уэверли. — Лекин улар жинсий ҳаётнинг айнан қайси жиҳатига дахлдорлиги сиз учун барибир, шундай эмасми?
— Қайдам… — тараддудланди Эскин.
— Яна шуни ҳам назарда тутингки, агар бу вазифани уддалай олсангиз — бунга ҳали ишончим комил эмас! — номингиз тарихда қолади! Сиз ўз тадқиқотларингиз натижаларини энг нуфузли илмий журналларда эълон қилиш имкониятига эга бўласиз! Қолаверса, сизни ҳеч ким ҳеч қачон ҳеч қанақасига таъқиб этмайди! Аксинча, ҳамма сизга баҳолиқудрат ёрдам бера бошлайди!
— Ваъдалар-ку жуда қуюқ-а. Лекин у қандай иш ўзи?
Уэверли масаланинг моҳиятини яхшилаб тушунтирар экан, Эскиндан кўзини узмасди. Ниҳоят, экстрасенс ўйланиб туриб деди:
— Менимча, бу иш қўлимдан келади, мистер Уэверли. Вазифа осонмас, албатта, лекин сиз илм-фан чиндан ҳам шунга муҳтож деб ўйлаётган бўлсангиз…
— Э, муҳтожлик ҳам гапми! — деди Уэверли сўз оҳанги мумкин қадар ишончлироқ чиқишига ҳаракат қиларкан. — Тўғри, масаланинг моҳиятига кириш учун баъзи нарсаларни ўқиб чиқишингизга тўғри келади, лекин мен сизга тегишли адабиётларни топиб беришда бажонидил ёрдам қиламан!
— Бўпти, мен бу ишга ҳозироқ киришаман! — деди экстрасенс ва диққатини жамлаш учун кўзларини юмиб олди.
— Шошманг, бир дақиқага сабр қилинг, — деб сўради Уэверли. — Олдинига шу лаҳзада мисс Флит нима билан машғуллигини бир “кўриб” берсангиз.
— Бу-ку қийинмас, албатта, — дея жавоб қилди Эскин. — Лекин назаримда менинг янги вазифам анча муҳимроқ туюлаяпти…
— О, бу шак-шубҳасиз! — дея маъқуллади Уэверли. — Лекин “кўра” оласизми, йўқми, деб шунчаки қизиқаяпман-да. У ҳозир қаерда экан?
Экстрасенс бир дақиқа ўйланиб қолди.
— Мисс Флит шу лаҳзада секс билан шуғулланмаётгани аниқ, — деди кейин. — Уни мен нотаниш бир хонада кўраяпман… Энди, дўстим, мени ўз ҳолимга қўйсангиз, майлими?
— Ҳа, ҳа, бемалол.
Эскин яна кўзларини юмиб олди.
— Кўраяпман уларни, кўраяпман! — деб қичқириб юборди у бир неча сониядан кейиноқ. — Тезроқ қоғоз-қалам беринг!
Ўз олдига қўйилган вазифани ҳал қилишга Эскин бутун борлиғи билан берилиб кетганини кўрган Уэверли хонадан оҳиста чиқиб кетди.

Мана энди Дорис қаерга ғойиб бўлганини аниқлаш пайти келди. Уэверли қайтиб келгандир, деган умидда унинг уйига яна телефон қилди, аммо ҳеч ким жавоб бермади. Бирин-кетин барча дугоналаридан суриштириб чиқди, бироқ Дорисни улар ҳам кўришмаган экан.
У қаерда, ахир? Қаердан излаш керак?
Уэверли кўзларини юмди-да, хаёлан чақира бошлади: “Дорис! Фикримни эшитаяпсанми, Дорис?”
Жавоб йўқ. У бутун диққатини шу фикрга жамлади. Уэверли телепат эмасди, албатта, аммо Дорис фикр қабул қила олади. Агар Уэверли ҳақида ўйлаётган бўлса…
“Дорис!”
“Сэм!”
Уэверлига шунинг ўзи кифоя эди! Дорис қайтишини у энди аниқ биларди.

— Қаёққа кўчиб кетгандинг? — деб сўради Уэверли Дорисни бағрига маҳкам босаркан.
— Битта меҳмонхонага, — дея жавоб қилди у. — Шунчаки кутиб ўтирдим ва сенинг фикрингни ўқишга уриндим.
— Ўқий олдингми?
— Йўқ, — дея иқрор бўлди у. — Фақат охирида, сен ўзинг мен билан фикран боғланишга уринган пайтингда ўқий олдим, холос.
— Умуман олганда, бу унчалик муҳим эмас, — деди Уэверли. — Сендан яширадиган ҳеч қандай сирим йўқ эди барибир. Аммо лекин битта гапни иккала қулоғингга қуйиб ол: агар яна бир марта мана шунақа қилиб қочиб кетадиган бўлсанг, сени излаб топиш учун қанча керак бўлса, шунча телепатни ишга соламан!
— Шуниси етмай турувди ўзи! — Дорис унга тикилар, нигоҳи жиддий эди. — Очиғи, сендан қочиб кетиш ниятимнинг ўзи йўқ. Бироқ, Сэм… анави нусха бор экан…
— Қани, бу ёққа юр-чи…

Эскин энг ичкари хонада ўтирганча нималарнидир зўр бериб ёзарди. Вақти-вақти билан бир нарсадан иккилангандек бирпас ўйланиб қолар ва яна қоғозга мук тушарди. Кейин эҳтиёткорлик билан қандайдир бир чизма чизди, унга танқидий нигоҳ билан бир оз тикилиб тургач, ўчириб ташлади. Ва шу заҳотиёқ қайтадан чизишга киришди.
— Бунчалик берилиб кетгани нима иш экан ўзи? — деб сўради Дорис.
— Биласанми, — деди Уэверли, — мен бу махлуқларнинг ҳатто номини ҳам дурустроқ эслаб қололмадим. Аллақандай микробларми-ей.
— Ё тавба, унга нима бўлган ўзи, Сэм?
— Назаримда, Эскиннинг тадқиқотга бўлган эҳтиёжини қондирувчи вазифа топиб беролдим-ов. Мен унга жинсий муносабатларнинг одамларда кузатиладиган туридан бошқа ва мутлақо ўзгача кўринишлари ҳам мавжудлигини тушунтириб бердим. Шунингдек, бу соҳада шуғулланиш билан инсониятга ва умуман, илм-фанга улкан фойда келтиришига, тез орада олимларнинг юксак ҳурмат-эътиборига сазовор бўлишига ишонтирдим. Агар билсанг, Эскин шу дақиқада бактерияларнинг жинсий ҳаётини кузатаяпти.
— Ҳеч қандай микроскопсиз-а?
— Ҳа! Эскин бу тадқиқотга шунчалик берилиб кетганки, бактериялар ҳаёти ҳақида ёзилган ҳар қанча адабиётни ютоқиб ўқишга тайёр. Ва ўзи ҳам бу мавзуда бирон қизиқарли ва ниҳоятда қимматли маълумот топиши шак-шубҳасиз.
— Эҳтиёжини керакли томонга йўналтирибсан-да… — Дорис ўйланиб қолди. — Лекин наҳотки микроблар ҳам секс билан шуғулланса-я?
— Бунисини билмайман! — деди Уэверли. — Бироқ Эскин била олиши аниқ! Ва бу соҳада бирон-бир ажойиб кашфиёт қилса ҳам ажаб эмас! Аслини олганда-ку, кўплаб олимларни оддий жосуслардан ажратиб турувчи чегара ҳам қарийб сезилмайди. Секс Эскин учун унинг тадқиқотчилик иштиёқига нисбатан чиндан ҳам иккинчи ўринда турарди. Эндиликда эса у ўзи танлаган йўналишда яна бир қадам ташлади… — Уэверли оҳиста томоқ қириб қўйди. — Хуллас, бу ёғига ўзимиз ҳақимизда ўйлайдиган бўлсак, иккаламиз учун муҳим бир масалани ҳал қилиш пайти етиб келмадимикан?
— Қайдам… Агар Эскин янги машғулотидан чалғиб кетмаслигига ишончинг комил бўлса…
— Унга яхшироқ бир қара-чи…
Экстрасенс бир нималарни зўр бериб ёзар, ўчирар, атрофида ҳеч кимни ва ҳеч нарсани пайқамас эди. Чеҳрасида яққол намоён бўлиб турган иштиёқ, завқ-шавққа қараганда, уни бу машғулотдан чалғита оладиган ҳеч қандай куч йўқ эди.
— Ҳа, гапинг тўғрига ўхшайди… — Дорис жилмайиб Уэверлига яқин келди. Кейин бирдан ёпиқ эшикка қаради-ю, фикран хабар берди: “Қабулхонада кимдир бор, Сэм!”
Уэверли бир сесканиб тушди. Баъзан шу телепатия ҳам ёмон халақит беради-да! Лекин начора: хизматчилик ўз йўлига. Дорис икковлари қабулхонага чиқишди.
У ерда ёшгина бир қиз ўтирарди. Қотмагина, нозиккина, нигоҳида ҳадиксираш сезилади. Жовдираб боқувчи кўзлари қизарган, ҳозиргина йиғлаб олган кўринади.
— Мистер Уэверли сиз бўласизми? “Бетизгин истеъдодлар” уюшмасидан-а?
Уэверли бош ирғади.
— Сизнинг ёрдамингиз керак! Мен ғойибдан кўрувчиман, мистер Уэверли. Ростакамига! Худо хайрингизни берсин, менга бу лаънати қобилиятдан қутулишда ёрдам қилинг! Ёлвораман, ўтиниб сўрайман! Ёрдам бермасангиз бўлмайди!
— Кўрамиз у ёғини, — деди Уэверли юраги гурсиллаб ура бошлаганини сезиб. Ғойибдан кўрувчи одам ўз оёғи билан келиб турса-я! — Марҳамат қилиб хонага ўтсангиз. Ана шу ерда менга ҳамма нарса ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берасиз.

Русчадан Рустам Обид таржимаси.
«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 2-сон.