Бао Чжао

ҚАЛАНДАР СЮГА ЖАВОБИМ

Қишлоқда гуручдан
олишар шароб.
Хризантема гулларин
кўмди қалин ўт.
Ҳар ҳолда дилларда
эзгулик сероб!
Қани, ҳей, хўжайин,
бизларга май тут!
Нифрет қадаҳларга
май қуйма ҳеч ҳам –
Куз қуёши ором
бахш этар жонга.
Олтиндан ясалган
қимматбаҳо жом
Меҳр бера олмас
бадбахт инсонга.

“Қадимга тақлид” туркумидан

* * *

Кўлда сув ўтлари
сарғаймас ҳамон,
Ғозлар учиб кетди
жанубга томон.
Кузги чирилдоқлар
мусиқа чалар,
Тунда сочин ёяр
ёлғиз аёллар.
Уйларига қайтган
навкарлардан мен
Сўрадим, нечуксан
ёрижоним, сен.
Узоқ чегарада
жанг кетар ҳамон,
Оғир хўрсинаман
боқиб шарқ томон.
Белимнинг боғичи
кенг бўлиб кетди,
Юзим сўлди,
ҳижрон жонимдан ўтди.
Шум толейим бунча
аччиқ ва тахир,
Тун чўзилган сайин
ўртанар бағир.
Сандиқчамда кўзгум
чанг босиб қолди,
Цинь узра тортанак
ошиён солди.

* * *

Хон мулкида ажойиб
тоғлар тизмаси бордир.
Чўққиларнинг бошлари
кўкка етган сервиқор.
Қуёшга терс қоялар
саратонда ҳам қордир,
Гулшан водийлар ҳусни
кузда ҳам мисли баҳор.
Тонгда кўрдим булутлар
чўққилар аро парқу,
Тун-кечалар тинмайди
маймунлар қичқириғи.
Йўл азобин чекяпман
ўртар мени ғам-қайғу,
Юрагимда жароҳат,
бедаво дард оғриғи.
Шийпончада май бериб,
меҳмон қилсинлар мани,
Висолингни соғинсам
май ичаман атайин.
Иродамиз тош каби
қаттиқ бўлсайди қани,
Феълимиз ипак мисол
бўлсайди юмшоқ, майин.

Рус тилидан Турсун Али таржимаси.