Тунги соат учда гарнизон комендатурасидаги телефон қулоқни қоматга келтириб жиринглай бошлади.
— Бош штаб полковниги Ҳампл гапиряпти. Ҳузуримга зудлик билан ҳарбий полициянинг иккита мансабдор зобитини юборинг ҳамда подполковник Врзалга айтингки… ҳа, у разведка ва контрразведка бўлимида… бунинг сизга дахли йўқ, йигитча… айтингки унга, дарҳол уйимга етиб келсин! Ҳа, ҳозир, тунда. Ҳа, машина олсин. Тез бўлинг! Жин урсин сизни! — деди-ю гўшакни илиб қўйди.
Бир соат деганда подполковник Врзал Ҳамплнинг ҳузурига етиб келди, гарчи унинг уйи шаҳардан ташқарида, бир тупканинг тагида бўлса ҳам. Уни ёши ўтинқираб қолган, авзойи бузуқ бир жаноб қарши олди — фуқаро кийимида, яъни эгнига фақат кўйлак ва шим кийган эди.
— Подполковник, жуда нохуш бир ҳол юз берди. Ўтир, ошна. Кўнгилсиз воқеа, аҳмоқона разолат, бемаъни майнавозчилик бу, жин урсин. Мана, ўзинг тасаввур қил: ўтган куни Бош штаб бошлиғи қўлимга бир ҳужжат тутқазди-да: “Ҳампл, буни уйда ишлаб чиқ. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрма! Сенга таътил бераман. Уйингга жўна-ю ишга кириш. Бу ҳужжатни кўз қорачуғингдек асра”, — деди. Мана шунақа гап…
— У қандай ҳужжат эди ўзи? — деб суриштирди подполковник Врзал.
Полковник бир зум иккиланиб турди.
— Ҳа, майли, — деди у ниҳоят, — сендан яширмайман. У “С” бўлимидан келган ҳужжат эди.
— Шунақа де! — деди подполковник жиддий тус олиб. — Хўш, кейин-чи?
— Сенга нима десам экан, — деди полковник ташвишли оҳангда. — Кеча кун бўйи ўша ҳужжат устида ишладим. Лекин уни кечасига қаерга қўйишни билмай бошим қотди. Жин урсин! Ёзув столи ғаладонига солиб қўйсаммикин, деб ўйладим. Маъқул кўрмадим. Уйимда сейф йўқ. Қўлимда махфий ҳужжат борлигини битта-яримта билиб қолса борми — иш пачава. Биринчи кеча ҳужжатни каравотимдаги тўшак тагига яширдим, лекин эрталаб олиб қарасам, худди тўнғиз топтагандек ғижимланиб кетибди…
— Тасаввур қиляпман… — деди Врзал.
— Нимасини айтай… — деб полковник хўрсиниб қўйди. — Хотиним мендан ҳам тўлароқ… Кейинги куни кечқурун хотиним менга: “Кел, яхшиси, уни макарон сақланадиган тунука идишга солиб қазноққа қўйиб қўямиз, — деди. — Доим уни қулфлаб, калитни ёнимда олиб юраман. Ҳужжатни қазноқдан қидириш кимнинг ҳам хаёлига келарди?” Бу таклиф менга маъқул тушди.
— Қазноғингнинг деразаси қўшқаватми ё яланг қаватми? — деб сўради подполковник.
— Ҳамма бало шунда-да! — деди полковник. — Мен шуни ўйламабман. Яланг қават. Қаёқдаги бало-баттар нарсалар ҳақида бош қотирибману, деразани кўздан кечиришни унутибман…
— Кейин нима бўлди? — деб сўради подполковник.
— Кейинми? Нима бўлгани маълум! Кечаси соат иккиларда хотиним оқсочимизнинг чинқирганини эшитиб қолиб, пастга отилиб тушибди. Нима бўлди, деб сўраган экан, у ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча, “Қазноқда ўғри бор”, дебди. Хотиним калитни олгани ва мени уйғотгани юқорига югуриб чиқди. Мен револьвер олиб пастга отилдим. Не кўз билан кўрайки, қазноқ деразаси синган, ҳужжат солинган тунука қути йўқ, ўғрининг эса қораси ўчган. Бор гап шу, — деб хўрсиниб қўйди полковник.
Врзал бармоғи билан столни чертиб қўйди.
— Уйингда ҳужжат асраётганингни бирон киши билармиди?
Шўрпешона полковник елкасини учириб қўйди.
— Айтолмайман. Эҳ, дўстим, бу лаънати жосусларнинг кирмаган тешиги, билмаган иси йўқ… — шундай деди-ю бирдан Врзалнинг қандай касбда эканлиги эсига тушиб, хижолат бўлди. — Яъни… айтмоқчиманки, лаънатилар жуда абжир-да. Мен ҳужжат ҳақида ҳеч кимга оғиз очмагандим, рост айтяпман. Энг муҳими, — деб қатъий ишонч билан қўшиб қўйди полковник, — ҳужжатни макарон идишига солиб қўйганимни бирон киши билган бўлиши асло мумкин эмас.
— Ҳужжатни идишга қаерда солгандинг? — бепарво оҳангда сўради подполковник.
— Шу ерда, мана шу столнинг ёнида.
— Идиш қаерда турганди?
— Ҳозир айтаман, — деб эслай бошлади полковник. — Мен мана бу ерда ўтиргандим, идиш рўпарамда турганди.
Подполковник қўлларини столга тираб, деразага тикилганча ўйга толди. Тонгги ғира-ширада оч-қизил рангли вилланинг қораси кўринди.
— Анави уйда ким туради? — деб сўради у хўмрайганча.
Полковник бирдан столга мушт туширди.
— Жин урсин, шу нарса хаёлимга келмабди. Шошма, у виллада қандайдир яҳудий туради, банк директорими-ей, аниқ билмайман. Азбаройи худо, мана энди сал-пал тушуна бошладим. Врзал, биз изни топдик!
— Мен қазноқни кўздан кечирсам девдим, — деб подполковник гапни чалғитди.
— Яхши, кетдик. Бу ёққа, — деб холисона йўл бошлади полковник. — Мана ўша ер. Юқори қаватдаги тахтага қўйгандим ўша макарон идишини. Мари! — деб дағдаға қилди полковник. — Пишириб қўйгани йўқ сизга бу ерда! Боринг, ё чордоққа чиқинг, ё ертўлага тушинг.
Подполковник қўлқоп кийиб, дераза токчасига чиқди — у полдан анчагина баланд эди.
— Искана ёрдамида синдирилган, — деди у дераза ромини кўздан кечираркан. — Ром юмшоқ ёғочдан ясалган. Буни гўдак бола ҳам ўйнаб туриб очиши мумкин.
— Минг лаънат! — деди полковник. — Бунақа ярамас ром ясаганларнинг қўли синсин!
Ташқарида, ҳовлида иккита солдат турарди.
— Булар ҳарбий полицияданми? — деб сўради подполковник Врзал. — Жуда соз. Энди ташқаридан қараб кўрмоқчиман деразага. Жаноб полковник, сени огоҳлантириб қўяй. То биз чақирмагунимизча уйни тарк этма.
— Тушунаман, албатта, — деб рози бўлди полковник. — Ие… нима учун?
— Сени, керак бўлганингда, топиш осон бўлсин учун, агар бирон кор-ҳол юз берса… Анави иккита соқчи ҳам албатта шу ерда қолади.
Полковникнинг оғиз жуфтлаган гапи ичига тушиб кетиб, пишиллаб қўйди.
— Тушунаман. Бир финжон қаҳва ичмайсанми? Хотиним дамлаб берарди.
— Ҳозир кўнгилга қаҳва сиғмайди, — деди қуруққина қилиб подполковник. — Ҳужжат ўғирлангани ҳақида ҳеч кимга гапирма, то… то сени чақиришмагунча… Яна бир гап: оқсочингга, ўғри фақат консерваларни ўғирлабди, деб айт, вассалом.
— Менга қара! — деди умидсизликка тушган полковник. — Сен топасан-а ҳужжатни?
— Ҳаракат қиламан, — деди подполковник ва пошналарини бир-бирига уриб расмий тарзда хайрлашди.
Шу куни полковник Ҳампл ҳар хил кўнгилсиз хаёллар оғушида ич-этини еб яшади. Тасаввурида гоҳ уни турмага олиб кетиш учун келган иккита зобит намоён бўлар, гоҳ ўзи контрразведканинг бир олам махфий агентларини ишга солиб ҳаракат қилаётган полполковник Врзални кўз олдига келтиришга уринарди. Кейин у, ҳужжат йўқолиши оқибатида бош штабда кўтарилиши мумкин бўлган тўс-тўполонни тасаввур қила бошлади.
— Карел! — дея бир неча марталаб юзланди унга хотини (у аллақачон, ҳар эҳтимолга қарши, эрининг револьверини оқсоч хотиннинг сандиғига яшириб қўйган эди) — Бирон нима еб олсанг бўларди.
— Мени ўз ҳолимга қўй, жин урсин! — деб жеркиб ташлади уни полковник. — Назаримда, анави қўшни виллада яшовчи нусха кўриб қолган бўлса керак…
Хотини оғир хўрсиниб қўйиб, йиғлагани ошхонага чиқиб кетди.
Йўлакда эшик қўнғироғи жиринглади. Полковник ўрнидан турди ва ўзини ҳибсга олиш учун келган зобитларни ҳарб кишисига хос виқор билан қарши олгани қаддини адл тутди. (“Қизиқ, кимни юборишдийкин?” — деб ўйлади у.) Лекин эшикдан у тасаввур қилган зобитлар эмас, балки котелогини (шляпасини) ечиб қўлига олиб олган бир малла одам кирди ва қуённикига ўхшаган тишларини иршайтириб полковникка юзланди.
— Ижозатингиз билан ўзимни таништирай. Камина — Пиштораман, — полиция маҳкамасида хизмат қиламан.
— Сизга нима керак? — деб тўнғиллади полковник ва бояги виқор билан адл тутган қоматини киши билмас бўшаштирди.
— Айтишларича, қазноғингизни ўмариб кетишганмиш, — деб Пиштора сирли бир тарзда ишшайиб қўйди. — Шуни эшитиб келдим.
— Сизга нима дахли бор бунинг? — деди чўрт кесиб полковник.
— Ижозатингиз билан, — деди Пиштора тиржайиб, — бу ерлар бизнинг назоратимизда. Ходимангиз бугун эрталаб нон дўконида уйингизга ўғри тушганини айтувди. Шуни эшитдим-у раҳбаримизга бориб: “Жаноб полиция комиссари, бориб хабар олмоқчиман”, дедим.
— Овора бўлганингизга арзимайди, — деб тўнғиллади полковник. Бор-йўғи макарон солинган битта тунука идиш ўғирланган. Сиз бунга эътибор ҳам берманг.
— Бошқа ҳеч нима ўмармаганлари қизиқ, — деди айғоқчи Пиштора.
— Ҳа, жуда қизиқ, — дея маъюс оҳангда айғоқчининг фикрига қўшилишди полковник. — Лекин сизга дахли йўқ бунинг.
— Чамамда, кимдир халақит қилган ўғрига, — деди Пиштора ва бу топган тахминидан оғзи қулоғига етди.
— Ҳа, яхши, саломат бўлсинлар, — деб полковник суҳбатни якунламоқчи бўлди.
— Мени афв этсинлар, — деди Пиштора тиржайганча. — Кетишдан олдин ўша қазноғингизни бир кўрсам девдим.
Полковник уни жеркиб бермоқчи бўлди-ю, лекин ўзини босди.
— Юринг, — деди у истар-истамас ва бу малла одамни қазноқ томон бошлади.
Пиштора қазноқни зўр қизиқиш билан кўздан кечирди.
— Ҳа, тўғри, — деди у кузатувдан мамнун бўлиб, — дераза искана билан очилган. Буни ё Пепик қилган, ё Андрлик.
— Ким дедингиз? — шоша-пиша сўради полковник.
— Пепик ё Андрлик. Бу ўшаларнинг иши. Лекин Пепик ҳозир қамоқда. Агар ойна синдирилган бўлганида унда буни Дундр, Лойза, Новак, Госичка ёки Климент қилган дейиш мумкин эди. Лекин бу ерда Андрликнинг қўли борлиги яққол кўриниб турибди.
— Тағин янглишаётган бўлманг, — деб пичинг қилди полковник.
— Нима, сиз қазноққа тушадиган янги ўғри пайдо бўлган деб ўйлайсизми? — деб сўради Пиштора ва дарҳол жиддийлашди. — Йўғ-е, ишонмайман. Тўғри, Мертл ҳам баъзи-баъзида исканани ишлатади, лекин уни қазноқлар қизиқтирмайди. У одатда хонадонга ҳожатхона дарчасидан кириб фақат ички кийимларни ўғирлайди. — Пиштора яна қуён тишларини иршайтирди. — Бўпти, мен Андрликнинг олдига кириб чиқаман.
— Унга мендан салом айтинг, — деб сасиди полковник. “Шунақаям галварс бўладими-а бу полиция айғоқчилари, — деб ўйлади ўзининг ғамгин хаёллари оғушида ёлғиз қолган полковник. — Ҳеч бўлмаса, бармоқ излари ёки оёқ изларига қизиқмайдими — ишга криминалистик усулда ёндашган бўларди. Ғирт бемаънилик! Э, бу полиция ип эша олмайди бизнинг контрразведкамиз олдида! Дарвоқе, ҳозир нима қилаётган экан-а Врзал?..”
Полковник ҳозирнинг ўзида Врзалга қўнғироқ қилиш иштиёқидан ўзини тийиб туролмади.
— Алло! — деб мулойим овоз билан гап бошлади у. — Ҳампл гапиряпти. Ишларинг қалай боряпти?.. Биламан, буни гапиришга ҳаққинг йўқ, мен фақат… Агар бир яхшилик қилиб, менга учини чиқарсанг девдим — силжий деяптими ўзи? Э худо, ҳалиям-а? Биламан, бу қийин иш, лекин… Яна бир дақиқа Врзал, гўшакни қўймай тур, ўтинаман. Биласанми, жон-жон деб мен ўн минг крона мукофот эълон қилардим ўғрини топган одамга… ўз маблағимдан, албатта, тушуняпсанми? Бундан ортиқ беролмайман, лекин… Биламан мумкин эмаслигини. Борди-ю ғайрирасмий тарзда қилсам-чи?.. Ҳа, майли, майли, бу менинг хусусий ишим, буни расмий йўл билан қилиб бўлмайди, биламан. Ё шу пулни полиция айғоқчилари ўртасида улашайми, а? Тўғри, сен бу ҳақда ҳеч нима билмайсан… Лекин агар сен ўша одамларга, полковник Ҳампл ўн минг крона ваъда қиляпти деб сал учини чиқариб қўйганингда… Ҳа, майли, буни вахмистринг қила қолсин… Мен рози! Раҳмат сенга, кечир!
Бу суҳбатдан ва сахийлик билан ваъда қилинган мукофотдан кейин, полковник дили ёришгандай, енгил тортгандай бўлди. Энди у ҳужжатни ўғирлаган лаънати жосусни қидиришда ўзини ҳам иштирок этаётгандай ҳис қилди. Ҳаяжон ва ваҳимада ўтган кунлар уни толиқтирган эди. У диванга ёнбошлаб, шундай манзарани кўз олдига келтира бошлади: назарида, юзлаб, икки юзлаб, уч юзлаб айғоқчи (ҳаммаси Пиштора сингари малла, қуён тиш ва тиржайган) поездларда тинтув ўтказар, чегара томон ўқдай учиб бораётган машиналарни тўхтатар, шубҳали шахсларни муюлишда туриб олиб пойлар ва худди ердан чиққандай бирдан пайдо бўлиб: “Қонун номи билан! Мен билан юринг ва сукут сақланг”, дейишаётгандай эди. Кейин полковник ўзини академияда баллистикадан имтиҳон топшираётгандай ҳис қилди. У бир инграб уйғониб кетди. Аъзои баданини совуқ тер босган эди. Кимдир кўча эшик қўнғироғини босарди.
Полковник нима бўлаётганини тушунолмай, ирғиб ўрнидан туриб кетди. Остонада айғоқчи Пишторанинг қуён тишлари оқариб кўринди.
— Мана, келдим, — деди у. — Маълум қилишга рухсат этинг, дарҳақиқат, ўша экан.
— Ким? — деб сўради ҳеч нимага тушунмаган полковник.
— Ким бўларди? Андрлик-да! — деди Пиштора ва таажжубланганидан ҳатто иршаймай қўйди. — Бошқа одам бўлиши мумкин эмас эди. Ахир Пепик Панкрацда қамоқда ўтирибди-ку.
— Боринг-е, пишириб енг ўша Андрликингизни, — дея қўл силтади тоқати тоқ бўлган полковник.
Бундай жавобни кутмаган Пиштора бақрайиб қолди.
— Ахир, қазноғингиздаги макарон солинадиган тунука идишни шу Андрлик ўғирлабди-ку, — деди у ранжиган оҳангда. — Биз уни ҳибсга олдик, ҳозир у полиция маҳкамасида ўтирибди. Мен, кечирасиз-у, фақат сиздан бир нарсани сўрагани келувдим… Андрлик, макарон идишида фақат қоғозлар бор экан, деяпти. Ёлғон гапирмаяптимикин?
— О, йигитча, — деб чинқириб юборди севинчдан терисига сиғмай кетган полковник. — Қани ўша қоғозлар?
— Чўнтагимда, — деб ишшайди айғоқчи. — Қаёққа қўйдим-а? — деди у камзулининг чўнтакларини ковларкан. — Ҳа, мана. Шуми?
Полковник “С” бўлимидан келган 139/VII рақамли бебаҳо ҳужжатни Пишторанинг қўлидан юлиб олди.
— Азиз биродарим, — деди полковник. — Бу хизматингиз учун мен сизни… билмадим, нима билан тақдирласам экан. Хотин!.. — деб қичқирди у. — Бу ёққа кел! Бу жаноб… жаноб полиция комиссари… жаноб инспектор… э-э-э…
— Агент Пиштора, — деди малла одам тиржайиб.
— У ўғирланган ҳужжатни топиб берди, — деди полковник булбулигўё бўлиб. — Бизга коньяк ва қадаҳлар олиб кел… Жаноб Пиштора, мен… Сиз ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз… менга қандай яхшилик қилганингизни… Ичайлик, жаноб Пиштора!
— Ҳа, бунинг учун ичса бўлади… — деб жилмайди Пиштора. — Ноёб коньяк! Лекин, мадам, тунука идиш маҳкамада қолди.
— Э, қуриб кетмайдими ўша тунука идиш! — деди полковник масъуд кайфиятда. — Лекин, азизим, ҳужжатни бу қадар қисқа вақт ичида топишга қандай улгурдингиз-а? Сизнинг соғлиғингизга, жаноб Пиштора!
— Беҳад миннатдорман, — деди назокат билан айғоқчи. — Э, парво қилманг, бу арзимаган иш эди. Агар бирон ерда кимнингдир қазноғи ўмарилса, демак, албатта Андрлик ёки Пепикни тутиш керак бўлади. Лекин Пепик ҳозир қамоқда. Демак, бу фақат Андрликнинг иши. Мабодо, айтайлик, бировнинг чордоғига ўғри тушса, буни фақат Писецкий, чўлоқ Тондера, Канер Зима ёки Хоуска қилиши мумкин.
— Буни қаранг-а! — деди полковник ҳайрон бўлиб. — Борди-ю, агар, масалан, жосуслик қилинган бўлса-чи? Марҳамат, яна бир қадаҳ, жаноб Пиштора.
— Бағоят миннатдорман. Биз жосуслар билан шуғулланмаймиз. Аммо агар эшикларнинг бронза бандлари ўғирланса, буни фақат Ченек ва Пинкус қилиши мумкин. Мис симларни ўмаришда фақат Тоушек устаси фаранг. Ханоусек, Бухта ва Шлезингерлар пиво жўмракларини ўғирлаш билан шуғулланадилар. Биз ҳаммасини олдиндан биламиз. Темир сандиқларни бузувчилар эса бутун республикада… ҳиқ! — йигирма етти киши. Улардан олтитаси ҳозир турмада.
— Баттар бўлишсин! — деди полковник ичиқоралик билан. — Ичинг яна, жаноб Пиштора.
— Беҳад миннатдорман, — деди Пиштора. — Мен кўп ичмайман ўзи. Сизнинг соғлиғингиз учун! Ўғрилар — ҳиқ! — мен сизга айтсам, нодон халқ. Ҳар бири фақат бир соҳада мутахассис ва доим бир хил усулда ишлайди, шунинг учун уларни қўлга олишимиз қийин эмас. Анави Андрлик ҳам ўшаларнинг бири. “О, жаноб Пиштора-ку, — деди у мени кўриб. — Албатта, анави қазноқ масаласида келган бўлсангиз керак. Азбаройи худо, жаноб Пиштора, қуруққа чопибман, ўша тунука қути ичида қоғоздан бошқа ҳеч вақо йўқ экан. Тишга илинадиган дурустроқ бир егулик топиш ҳам ўлимдан қийин бўлиб кетди”. — “Қани, кетдик, тентак, — дедим мен унга, — энди йўқ деганда бир йил оласан”.
— Бир йилга қамаладими? — деб сўради полковник ачиниб. — Бу жуда қаттиқ жазо эмасми?
— Ҳарҳолда, деразани бузиб ўғирликка тушган, — деди Пиштора тишининг оқини кўрсатиб. — Сиздан бениҳоя миннатдорман. Энди борай. У ёқда бир дўконнинг витринасини шип-шийдам қилиб кетишибди. Шу иш билан шуғулланишим керак. Буни ё Клечка қилган, ё Рудло. Менга кундай равшан. Агар сизга яна керак бўлиб қолсам, полиция маҳкамасига одам юборинг ва фақат Пишторани сўраттиринг.
— Биласизми, — деди полковник. — Мен сизга… кўрсатган хизматингиз учун… Очиғини айтсам, бу ҳужжат… бу ҳужжатда айтарли ҳеч қандай муҳим гап йўқ… йўғ-у… лекин мен ундан айрилишни истамасдим… Мана сизга, марҳамат, олинг, — деб у Пишторанинг қўлига эллик кроналик қоғоз пулни қистираркан, айтмоқчи бўлган гапига якун ясаб қўя қолди.
Пиштора бундай туҳфадан ҳайратда қолди ва ич-ичидан суюниб кетди.
— Э, нима қилардингиз овора бўлиб? — деди у жиддий оҳангда ва пулни шоша-пиша киссасига яширди.— Шу арзимаган иш учун… Беҳад миннатдорман. Агар сизга керак бўлсам… доим хизматингизга тайёрман.
— Мен унга эллик крона бердим, — деди хотинига полковник Хампл хушкайфият билан. — Бу галварсга йигирма кронаям етарди-ю, лекин… — полковник қўл силтаб қўйди, — мурувватли бўлиш ҳам керак, ахир ҳужжат топилди-ку!
Қодир Мирмуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 12-сон.