Иштирокчилар
Зилов
Кузаков
Саяпин
Кушак
Гагина
Вера
Валерия
Официант
Бола
Ирина
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Зиловларнинг иккита хонадан иборат янги уйи. Якка дераза рахида бўйнига тасма боғланган каттакон мовут мушук-ўйинчоқ турибди. Носаришталик.
Бир чеккадаги каравот-тахтада Зилов ухлаб ётибди. Унинг бош томонидаги пастак столга телефон аппарати қўйилган. Деразадан рўпарадаги уйнинг орқасида хира осмоннинг бир парчаси кўриниб турибди. Ёмғир ёғмоқда.
Телефон қўнғироғи жиринглайди. Зилов ҳадеганда уйғонавермайди. Телефон қайта-қайта жиринглагандан кейингина кўрпа тагидан бир қўлини чиқариб, гўшакни кўтаради.
Зилов. Лаббай?
Қисқа сукут. Қўнғироқ қилган одам гўшакни қўйиб қўйди шекилли, телефон жимиб қолади.
Қизиқ… (Гўшакни жойига қўйиб, иккинчи ёнбошига ўгирилиб ётади. Бир неча сониядан кейин эса кўрпани устидан сидириб, туриб ўтиради ва пайпоқларини ечмасдан ётиб қолганлигини кўриб ҳайрон бўлади. Кафтини пешанасига қўйиб кўради, сўнг бошини ушлар экан оғриқдан юзи бужмаяди. Бир нуқтага тикилганича хаёл суриб ўтиради, сўнг дераза олдига бориб, уни очади. Ёмғир ёғаётганини кўриб, норози қиёфада қўлини силтайди.)
Зилов – ёши ўттизга яқинлашиб қолган, бақувват гавдали, новчагина, одам. Унинг юришида, қўл ҳаракатларида, гапириш услубида жисмоний баркамоллигига ишонгани ҳолда ўзини эркин тутиши сезилиб туради. Шу билан бирга барча ҳаракатларию гапириш услубида атроф-муҳитга бефарқлик, зерикиш мавжуд бўлиб, бунинг сабабини бир қарашда аниқлаш қийин.
(Ошхонага кириб, шиша билан стакан кўтариб чиқади. Дераза олдида туриб пиво ичади, сўнг шишани қўлидан қўймаган ҳолда бадантарбия билан машғул бўлади. Телефон жиринглайди. Гўшакни кўтариб) Эшитаман?.. Гапирасизми-йўқми?…
Жавоб бўлмайди.
Шу ҳам ҳазил бўлди-ю… ( Гўшакни жойига қўйиб, пивони ичиб тамомлайди, сўнг телефон рақамларини териб, қулоқ солади. Жавоб бўлмайди.) Аҳмоқлар… (Рақамларни қайтадан теради. Об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни хабарловчиларнинг овозига таассуф қилиб) Шу кеча-кундузда об-ҳавонинг ўзгариб туриши, енгил шамол эсиши, ўн олти даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. (Ўзининг росмана овози билан) Тушундингми? Челакдан қуйгандек, ёмғир ёғяпти. Дима, салом. Қария, табриклайман. Сен ҳақ бўлиб чиқдинг… Ёмғирни айтяпман. Бутун йил давомида кутган эдик. Келиб-келиб, мана, энди шовуллатиб қуя бошлади! (Ҳайрон бўлиб) Ким гапиряпти, дейсанми?.. Зиловман… Албатта. Наҳот овозимдан танимаган бўлсанг?.. Ўлган?.. Ким ўлибди?.. Мен?! Йўқ, ўлмаганман шекилли, тирикка ўхшайман… Шунақами? (Кулади.) Йўқ, йўқ, тирикман. Ов бошланай деб турган бир пайтда ўлиш – шу етмай турган эди!. Нима-а?! Бормайман! Бу гапни қаердан топдинг?.. Ақлдан озибманми? Шошма, балки мен билан боришни хоҳламаётгандирсан?.. Бўлмаса гап нимада?.. Топган ҳазилингни қара-ю… (Бошини ушлаб) Бош-ку оғрияпти-я. Бу табиий. Лекин ҳозирча жойида… Кечами? (Энтикиб) Ҳа, эслаяпман… Йўқ, барини эслай олмайман. (Яна энтикади.) Жанжалми? Жанжални эслайман. Лекин нимага жанжал қилдим – билмайман. Нима сабаб бўлганлигини Худо билади. (Афсусланиб.) Айтма… Эслайман… Охири мутлақо эсимда йўқ… Милиция келмадими?.. Ўзимизникилар, дейсанми? Бунисига ҳам шукур… Қаттиқ хафа бўлишдими?.. Нима бало, ҳазилни тушунишмайдими?.. Бўлар иш бўлибди, на чора. Хўш, энди нима қиламиз? Қачон жўнаймиз? Кутамиз, дейсанми?.. Қачон бошланган?.. Кеча? Нима деяпсан?.. Эслай олмайман – йўқ! (Энгагини ушлаб кўради.) Шундай! Кеча муштлашиш ҳам бўлдими? Йўқ?.. Таажжуб… Ҳа, кимдир тушириб қолганни биламан. Бир марта… Ҳа, башарамга туширди… Мушти билан бўлса керак… Қизиқ, бу ким бўлди экан, сен кўрмадингми? Майли, бунинг аҳамияти йўқ… Йў-ўқ. Ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлгани йўқ. Одатдаги мушт тушириш…
Эшик тақиллайди.
Дима, бунақа об-ҳаво бир ҳафтага чўзилса нима қиламиз? Ваҳима қилаётганим йўқ… Тушунарли… Уйда ўтирибман… Кутяпман… (Гўшакни жойига қўяди.) Кираверинг.
Эшик очилиб, қарағай шохчаларидан ясалган, йирик қоғоз гуллар билан безатилган, қора тасма ўралган, арзон нархда сотиладиган каттагина гулчамбар кўтариб ўн икки ёшлардаги бола кириб келади.
Бола. Мумкинми?
Зилов. Киравер. (Қувноқ оҳангда) Салом!
Бола. Ассалом алайкум. Зилов сизмисиз?
Зилов. Мен.
Бола (гулчамбарни деворга суяб қўйиб). Сизга бериб юборишди.
Зилов. Менга? Нима учун?
Бола жим.
Ҳой, йигитча, сен ниманидир адаштиряпсан…
Бола. Сиз Зиловмисиз?
Зилов. Ҳа, Зиловман. Хўш, нима бўпти?
Бола. Демак, бу сизга.
Зилов (бир нафас эсанкираб). Сени ким юборди? Қани, мана бу ерга ўтир-чи.
Бола. Кетишим керак.
Зилов. Ўтир.
Бола ўтиради.
(Гулчамбарга қараб туради, сўнг қора тасмани тўғрилаб қўйиб, ундаги ёзувни овоз чиқариб ўқийди) “Ишда бевақт куйиб адо бўлган Виктор Александрович Зиловга дардманд дўстларидан”… (Жим бўлиб қолади, сўнг кулиб) Гап нимадалигини англадингми? Виктор Александрович Зилов – бу мен… Аммо, кўриб турганингдек, тирик ва соғман … Бунга нима дейсан? Шу сенга маъқулми?
Бола жим.
Улар қаерда? Пасда туришибдими?
Бола. Йўқ. кетишди.
Зилов. Ҳазил қилишиб, жўнаб қолишибди-да…
Бола. Мен борай
Зилов. Ҳа. боравер… Йўқ, тўхтаб тур. Айт-чи, сенга шунақа ҳазиллар маъқулми?.. Бу қизиқми-йўқми?
Бола жим.
Йўқ, ўзинг айт-чи, ҳали кайфи тарқаб улгурмай, боши гаранг бўлиб турган бир пайтда, яна шунақа об-ҳавода ўз ўртоғига бунақа нарсани жўнатиш ўта кетган разиллик эмасми? Дўст деган шунақа бўладими? Сен нима дейсан?
Бола. Билмадим. Илтимос қилишганди олиб кирдим…
Қисқа сукут.
Зилов. Сени қара-ю. Тирик одамга марҳумларга аталган гулчамбар кўтариб юрибсан, ҳойнаҳой пионерсан. Мен сенинг ёшингда бунақа ишларни қилмаган бўлардим.
Бола. Тирик эканлигингизни билмаган бўлсам…
Зилов. Билганингда олиб кирмаган бўлармидинг?
Бола. Йўқ, албатта.
Зилов. Шунга ҳам раҳмат.
Қисқа сукут.
Бола. Мен борай.
Зилов. Тўхтаб тур. Улар сенга нима дейишди?
Бола. Бешинчи қават, йигирманчи хонадон, дейишди… Яна, эшикни қоқиб, Зиловни чақирасан-да, гулчамбарни бериб орқангга қайтасан, дейишди. Бўлгани шу.
Зилов. Қара-я, жўнгина. Лекин қанчалик кулгили эканлигини айтмайсанми. (Гулчамбарни бўйнига илади.) Кулгили, а? (Кўзгу олдига бориб, сочларини намойишкорона тарайди.) Кулгилими-йўқми?.. Нега кулмаяпсан?.. Ҳазилни тушунмайсан шекилли. (Ғолиб спортчи сифатида ўнг қўлини қисиб табриклайди.) Витя Зилов! ЭС-эС-эС-эР. Биринчи ўрин… Лекин нима учун?.. (Қўлини тушириб) Кулгили эмасми?.. Унчалик эмас, тўғрими? (Гулчамбарни ерга ташлайди ва каравотга бориб, дераза томонга қараб ўтиради.) Балки ҳар иккаламиз ҳам ҳазилни тушунмайдиган бўлиб қолгандирмиз?
Сукут.
Кетишинг керак-а?
Бола. Ҳа… Дарсимни қилишим керак…
Зилов. Тўғри… Дарс – бу жиддий иш… Айтгандек, исминг нима?
Бола (бир нафасли сукутдан сўнг). Витя.
Зилов. Шунақами? Сен ҳам Витя экансан-да… Бу сенга ғалати туюлмаяптими?
Бола. Билмадим.
Қисқа сукут.
Зилов. Ҳа. майли. Бора қол, дарсингни қил. Кириб тургин. Кирасанми?
Бола. Хўп.
Зилов. Бора қол.
Бола чиқиб кетади.
Қисқа сукут.
Демак, ҳазил қилиб кетишибди.
Зилов каравотда ўтирибди. Нигоҳи хона ўртасига қадалган. Мотам куйи эшитилиб, унинг товуши кучайиб боради. Чироқ аста-секин сўниб, бирин-кетин иккита чироқ ёнади. Улардан бири Зиловни, иккинчиси саҳна ўртасидаги доирани ёритади. Хонанинг жиҳозлари эса қоронғиликда қолади.
Прожекторнинг ёрқин нури билан ёритилган майдонда Зиловнинг хаёлий тасаввуридаги кишилар пайдо бўлади, уларнинг овозлари эшитилади. Мотам куйи енгил, қувноқ куй билан алмашади…
Саяпин билан Кузаков пайдо бўлишади.
Саяпин. Йўғ-э, нима деяпсан. Бўлиши мумкин эмас.
Кузаков. Далил бор-ку.
Саяпин. Бўлмаган гап. Ҳар қачонгидек ҳазиллашган. Унинг қанақалигини билмайсанми?
Кузаков. Афсуски, бу сафар ҳаммаси жиддий. Бундан жиддийроғи бўлмайди.
Саяпин. Кел, баҳслашамиз. Унинг ўзи шунақа овоза тарқатган. Ўзи, мени айтди, дерсан, ҳозир “Незабудка”да ўтирибди.
Кузаков билан Саяпин ғойиб бўлиб, Вера, Валерия,
сўнг Кушак пайдо бўлишади.
Валерия. Тавба-а, кечагина овга боришга ҳозирлик кўраётган, ҳазил-ҳузул қилиб ўтирган эди… Бугун эса…
Вера. Бунақа бўлишини ҳеч ҳам кутмаган эдим. Йигитмисан-йигит эди.
Кушак. Қанақа бахтсизлик бу, даҳшат! Мен ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Аммо, биласизларми, у кейинги пайтларда бошқача бўлиб қолган эди. Мен риёкор эмасман, аммо шуни айтишим керакки, аллақандай бепарво, паришонхотир бўлиб қолган эди. Бунақа кайфият эса яхшиликка олиб келмайди.
Вера, Валерия ва Кушак ғойиб бўлишади. Галина, унинг орқасидан Ирина пайдо бўлишади.
Галина. Ишонмайман, ишонмайман, ишонмайман… Нега бунақа қилди экан?
Ирина. Нима сабабдан?
Галина (Иринага). У сени яхши кўрармиди?
Ирина. Билмайман…
Галина. Мен у билан олти йил яшадим, аммо уни тушуна олмадим. (Иринага.) Биз дўст бўламиз. Розимисан?
Ирина. Ҳа.
Қучоқлашиб, ҳар иккаласи йиғлайди.
Галина. Мен бу ердан кетяпман… батамом… Менга хат ёзасанми?
Ирина (йиғи аралаш). Ҳа…
Галина ғойиб бўлади. Кушак билан официант пайдо бўлишади.
Кушак (Иринага). Ғоят, ғоят мамнунман.
Официант. Бундай ҳолатда ўзингиз якка қолмаганингиз маъқул.
Кушак. Ҳа, лекин… Тўғри, албатта… Ҳар қалай…
Официант. Соат олтида “Незабудка”да кутамиз, келишдикми?
Ирина (йиғи аралаш). Яхши…
Ирина, Кушак ва официант ғойиб бўлишади. Кузаков пайдо бўлади.
Кузаков. Ким билади… Бундоқ ўйлаб қарасанг, ҳаёт якунлангандек. (Ғойиб бўлади.)
Патнис кўтарган официант пайдо бўлади.
Официант. Хуллас, ўртоқлар, пул йиғишимизга тўғри келади. (Илжаяди.) Йўқ, мени нотўғри тушундиларингиз. Гулчамбарга пул йиғишимиз керак, деяпман.
Галина , Кузаков, Саяпин , Валерия, Вера, Кушак ва Ирина патнисга пул ташлаб, ўтиб кетишади. Қувноқ куй бирдан мотам куйи билан алмашади. Прожекторлар сўнади, мусиқа тўхтайди. Қоронғиликдан танга пулларнинг патнисга тушиб жаранглаши эшитилади. Саҳна ёришади. Зилов каравотда ўтирибди. Нигоҳи ҳамон хонанинг ўртасига қадалган. Ўрнидан туриб, ошхонага кириб кетади ва бир шиша пиво кўтариб чиқади. Дераза олдида туриб, ҳализамон хаёлига келган мотам мусиқасини ҳуштак чалиб ифода этади. Дераза раҳига ўтириб, духоба мушукка, гўё уни биринчи марта кўраётгандек, диққат билан узоқ қараб туради, сўнг телефон ёнига бориб, гўшакни қўлига олади, рақамларни теради.
Зилов. Магазинми?.. Илтимос, Верани телефонга чақириб юборинг… Ким, дейсизми?.. Зилов, денг… Ҳа, Зилов. (Кутади.) Банд экан, дейсизми?.. Тушунарли. (Гўшакни жойига қўйиб, дераза олдига боради. Пиво ичиб, ўйчан туриб қолади.)
Чироқ ўчиб-ёнади. Янги саҳна кўриниши намоён бўлади.
Зиловнинг биринчи хотираси.
“Незабудка” қаҳвахонасининг бир бурчаги. Катта бўлмаган дераза, ташқарига олиб чиқадиган эшик ва иккита-учта стол. Улардан бирида Зилов ва Саяпин ўтиришибди.
Саляпин Зилов билан тенгдош, лекин сочлари тўкила бошлаган, тўладан келган, кўриниши содда, ҳатто баъзи ҳолларда бесабаб ҳам кулаверадиган хушчақчақ йигит.
Саяпин (баланд овозда). Дима! Салом!.. Бизларга ҳам қараб қўй.
Официант (Зиловларнинг олдига келиб). Салом, йигитлар.
Официант
У Зилов билан Саяпинга тенгдош бўлиб, иш пайтларида ўзини ҳамиша бир меъёрда тутадиган, ўзига ишончи баланд, қадр-қимматини яхши биладиган, ишчан одам. Лекин ташқи қиёфаси бир мунча ғалатироқ.
Саяпин. Салом, Дима.
Зилов. Қалайсан, қария?
Официант. Раҳмат, ҳаммаси жойида. Ўзинг қалайсан?
Зилов. Ёмонмас.
Официант. Тайёргарлик кўряпсанми?
Зилов. Тайёргарлик кўриб қўйганман.
Официант (илжайиб). Тайёрмисан? Балли-э!
Зилов (аянч билан). Яна бир ярим ой-а!
Официант ( илжайиб). Ўша кунга етиб борасанми?
Зилов. Билмадим. У кунга қандай етиб боришни тасаввур қилмайман.
Официант. Яхши овчи бўламан, десанг, сабр-тоқат билан кут. Беҳуда ҳаяжонланма. Муҳими – ҳаяжонмаслик.
Саяпин. Йигитлар, сенларнинг овларинг бошланишигага бир ярим ой бор. Танаффусимизнинг тугашига эса ўттиз беш дақиқа қолди. (Зиловга) Биз нимага келдик, унутиб қўйдингми?
Зилов. Дима, ярим соат вақтимиз бор. Бирон нарса ичиб, тамадди қилиб олишга улгурамизми?
Официант. Ҳаракат қилиб кўрамиз.
Зилов. Демак, учта салат, учта шашлик ва ичкилик… ( Саяпинга). У нима ичади?
Саяпин. Менимча, ошкора ҳеч нарса ичмайди.
Зилов. Мусаллас-чи?
Саяпин. Ўзинг биласан, лекин ҳозир танафус пайти, ичкилик масаласида у…
Зилов (Официантга). Раҳбаримизни кутяпмиз.
Официант. Тушунарли.
Зилов. Менимча, у ароқ симиради. Кечаси.
Саяпин. Умуман олганда, тўғри қилади. Буни ҳам билиш керак.
Официант. Янги келган пиво бор.
Зилов. Пивонинг кераги йўқ. Бир шиша вино. Йўқ, икки шиша. Квартира олдим. Байрам қилишга ҳаққим бор.
Саяпин (Официантга). Эшитяпсанми, квартира олди. Табриклаб қўй.
Официант . Ростданми?
Зилов. Ўзим ҳам ишонмаяпман.
Официант. Қаерда?
Зилов. Кўприкнинг олдида.
Официант. Ростданми? Демак, қўшни бўлар эканмиз-да?
Зилов. Маяковский кўчаси, ўттиз етти, йигирманчи хонадон.
Официант. Зўр бўлибди. Табриклайман, қария. Қойил.
Зилов. Ҳовли тўйи: саккизу ноль-нолда Бугун. Кутаман.
Официант. Раҳмат, Витя. Лекин мен боролмайман. Бугун кечаси ўн биргача ишлашим керак.
Зилов. Биронтаси билан алмаштиргин.
Официант. Ҳозир ҳамма отпускада.
Зилов. “Касал” бўлиб қол.
Официант. Йўқ, қария, бунақа қилолмайман. Кечиргайсан.
Зилов. Аттанг.
Официант. Кечирасан-у, лекин бугун иложим йўқ. (Қоғозга ёза бошлайди.) Иккита вино, учта салат, уч марта шашлик… (Зиловга) Лекин ҳисобга олиб қўй. Бир шиша…
Зилов. Гап бўлиши мумкинмас.
Официант кетади.
Саяпин (Официант ҳақида). Унинг қанақа бўлиб кетганига эътибор бергин. Мактабда мўминтой бола эди. Ундан официант чиқади, деб ҳеч ким ўйламаган.
Зилов. Қўлига милтиқ ушлаб ов қилганини кўрсанг эди. Даҳшат!
Саяпин. Шунақа, де…
Зилов. Ҳайбат. Эллик метр нарида учиб кетаётган нарса у учун ҳеч гап эмас. Эҳ, қани эди мен ҳам шунақа мерган бўла олсам.
Саяпин. Менга қара, зиёфатингга раҳбаримиз келадими?
Зилов. Ҳа. Йўлма-йўлакай сизларни ҳам олиб келади.
Саяпин. У қандай бизлар билан овқатланишга рози бўла қолди?
Зилов. Бўлмаса қаерда овқатланиши керак?
Саяпин. Уйи бу ерга яқингина-ку. Ўтиришингга яна хотини билан бирга келса керак. Усиз қадам босмайди, шекилли.
Зилов. Йўқ. Хотинини кеча дам олгани жанубга жўнатибди.
Саяпин. Гап бу ёқда экан-да… Демак, таралла-бедод бошланар экан-да… Йўғ-е, у ўта жиддий одам… Квартира масаласини олайлик. Ваъда қилдими – бажаради. Сен квартиралик бўлдинг. Мен ҳам оламан. Юқорида суянган одами бор, дейишади. Шу тўғримикин?
Зилов (кимнидир кўриб қолиб). Тўхта! Мана бу ерга ўтир… (Унинг панасига беркинади.) Бери ўтир! Берироқ!
Саяпин (аланглаб). Нима бўлди?.. Бу Верочка-ку. Янглишмасам, ўзингни севгилинг.
Зилов. Қимирлама, шундай ўтир. У билан бугун учрашмаганимиз маъқул. Умуман жонимга теккан у.
Саяпин. Беркинмай қўя қол, бефойда. Сени кўрди.
Зилов (олдинги жойига ўтиради). Ажина! Бу магазинлардаги тартиб-қоидаларни тушуниб бўлмайди. Ҳамиша иш пайтида санқиб юрган бўлади. (Қўлини кўтариб) Салом.
Вера пайдо бўлади. Унинг ёши йигирма бешларда. Бир мунча қўполроқ бўлса-да, хушсурат, ёқимли қиз. Айни чоғда саноат моллари магазинининг сотувчиси кийимида. Лекин, аслида башанг кийинади, чиройли тарашланган кўркам сочини кўз-кўз қилиб, мағрурона қадам босади.
Вера. Салом, аликлар. Сизларни кўрмаганимга анча бўлди-я. (Ўтиради.)
Официант вино билан салатларни олиб келади.
Мени кутаётган эдингизми?.. Жуда соз.
Официант (Верага). Салом, кичкинтой.
Вера. Салом, Димка.
Официант (Зиловга). Янглишмасам, яна бир карра шашлик?
Зилов. Ҳа, оғайни.
Официант кетади.
Вера. (Зиловга). Хурсандчилик қиляпман, де? Квартира олдингми?
Зилов. Олдим.
Вера. Ғоят хурсандман. Дарагинг йўқ, қаерларда юрибсан?
Зилов. Уйда, Верочка. Уйда ва ишда.
Вера. Сени соғинган бўлсам-чи? Ҳафталаб йўқ бўлиб кетишинг нимаси?!
Зилов. Ўта зарур , қисталанг ишлар бор эди. Кечаю кундуз иш ва яна иш.
Саяпин. Идорамиздаги барча одамлар таътилга кетишган. Икковимиз бир амаллаб турибмиз.
Зилов. Шундай. Меҳнатда ярақлаб ёняпмиз.
Вера. Алик, айтиб қўяй, бошқа бировни топиб олишим мумкин!
Зилов. Ўзинг топасанми ёки ёрдам берайми?
Вера. Раҳмат, ёш эмасман.
Саяпин. Менга қара, нима учун ҳаммани шунақа деб чақирасан?
Вера. Қанақа, алик дебми?
Саяпин. Ҳа. Сен учун ҳамма Алик. Буни қандай тушуниш керак? Алкоголик, деган маънодами?
Зилов. Буни унинг ўзи ҳам билмайди.
Саяпин. Балки биринчи севгилинг Алик бўлгандир?
Вера. Тўғри топдинг. Биринчи севгилим – алик. Иккинчиси ҳам алик. Учинчиси ҳам. Ҳаммаси алик.
Зилов (Саяпинга). Бирон нарса тушундингми?
Саяпин (кимнидир кўриб). Келяпти. (Верага) Бошлиғимиз. Бизнинг ўзаро муносабатларимизни ошкор қилиб ўтирмаларинг. Ўта талабчан ўртоқ. (Ўрнидан туради.)
Зилов (унинг гапини маъқуллаб). Ҳа, унинг олдида одоб сақлаб ўтириш керак.
Вера. Хўп, хўп. Тушундим.
Саяпин. Сиз иккалангиз шунчаки дўстсизлар, холос. Тушунарлими?
Вера. Тушунарли. Бизлар синфдошмиз.
Саяпин чиқиб кетади.
Кечга кўришамизми?
Зилов. Бугунми? Йўқ, Верочка. Бугун иложи йўқ.
Вера. Нега? Очиқ айтавер.
Зилов. Яширадиган ҳеч гап йўқ. Бугун янги квартирани ювмоқчимиз.
Вера. Шунақа де… Мени ҳам таклиф қилсанг бўлмайдими?
Зилов. Сеними?.. Жон-жон деб таклиф қилардим-у, лекин хотиним қаршилик қилади, деб ўйлайман.
Вера. Нима учун? Синфдошингни меҳмонга чақирсанг нима бўпти?
Зилов. Хотинимни аҳмоқ деб ўйлайсан, шекилли.
Вера. Нима, шунақа ақллими?.. Бизни таништириб қўй.
Зилов. Бу нимага керак?
Вера. Ундан ақл-фаросат ўрганардим. Нима, мумкинмасми?
Зилов. Шу етишмай турган эди. Бўлмаган гапларни гапирма. Эртага кўришамиз. Гап тамом.
Саяпин билан Кушак киришади.
Кушак эллик ёшга бориб қолган, салобатли киши. Ўз идорасида, ишда талабчан, қаттиққўл, ишбилармон шахс. Идорадан ташқарида эса анча бўшанг, хокисор одам. Бирон ерга меҳмонга борадиган бўлса шахсий машинаси бор аксарият кишилар каби, тез-тез деразадан ташқарига қараб қўяди.
Зилов. Вадим Андреевич, мана бу ерга ўтиринг.
Кушак. Хайрли кун.
Вера. Салом алайкум.
Зилов. Исмлари – Вера.
Кушак. Танишганимдан мамнунман.
Официант шашлик олиб келиб, столга қўйиб кетади.
Зилов (шишани қўлига олиб). Шашликдан олдин озгина-озгина қилсак, нима дейсиз?
Кушак. Ҳозир тушлик танаффус пайти. (Верага) Биласизми, бизнинг идорамизда бу масалада…
Вера. Ҳечқиси йўқ. Тартибдан мустасно равишда озгина ичилса, зарар қилмас.
Кушак. Шунақа деб ўйлайсизми? Ундоқ бўлса, майли. Айтгандек, бу ароқ ҳам эмас. (Атрофга қараб қўяди.)
Саяпин. Вадим Андреевич, бунинг устига нима муносабат билан деган гап ҳам бор. Сабаб катта. Бир одам квартиралик бўлди. Бу ҳазилакам гап эмас.
Кушак. Ҳа, жиддий сабаб бор.
Зилов (ҳаммага вино қуяди). Вадим Андреевич, буни кечга бўладиган ўтиришимизнинг дебочаси, деб билгайсиз. Ёдингиздан кўтарилиб кетмадими? Сизни, келишганимиздек, соат саккизда кутамиз.
Кушак. Ростимни айтсам, борсамми-йўқми, деб ўйланиб қолдим. Биласизми, бу кунларда кайфиятим унчалик яхши эмас. Бунинг устига ёнимда хотиним йўқ, вақтинча, албатта.
Зилов. Вадим Андреевич, ваъда берган эдингиз-ку!
Вера. Агар сир бўлмаса, хотинингиз қаерда?
Кушак. У ҳозир Сухумида. Дам олгани кетган.
Зилов. Хотинингиз-ку дам олаётган экан. Сизга дам олиш мумкинмасми?
Кушак. Дарҳақиқат… аммо бир ўйлаб қарасангиз, хотиним у ерда ёлғиз ўзи, мен эса бу ерда меҳмондорчиликда ўтирибман – бу инсофданмас. (Верага) Сиз нима деб ўйлайсиз?
Вера. Сиз яхши эр экансиз. Музейга қўядиган камёб эркаклардан экансиз. Бунақа эрга ҳар қандай жойга боришга рухсат этилади. Ҳар қандай улфату гурунгда бўлса арзийди.
Зилов. Вера. Юз фоиз ҳақ. Масала ҳал бўлди – албатта келасиз.
Кушак (Верага). Демак, боришимни маслаҳат берасиз…
Вера. Ҳа, мен шунақа фикрдаман. Содиқ эрларни қаттиқ ҳурмат қиламан.
Зилов. Бунга нима дейсиз? Вадим Андреевич! Эҳтиёт бўлинг.
Вера. (Кушакка). Олинг. Билиб қўйинг, мен сизни алик дейман. Қарши эмасмисиз?
Кушак. Алик?.. Нима учун Алик?
Вера. Ёқмайдими?
Кушак. Билмадим, ҳар қалай…
Вера. Хўп, денг…
Кушак. Алик… Ғалати-ку… Лекин сиз учун… Сизга бу маъқул экан…
Вера. Ҳалитдан бери шунақа деб қўя қолмайсизми. (Бармоғини унинг бурнига теккизиб қўйиб). Алик.
Сукут. Саяпин илжаяди. Зилов Вера билан Кушакни кузатади. Кушак атрофга аланглаб қараб қўяди.
Кушак. Биласизми, бу ернинг овқатлари менга маъқул. Ростини айтсам, анчадан бери келмаган эдим…
Вера. Келиб туринг. Кечқурунлари мусиқа ҳам бўлади.
Кушак. Нима, бугун ҳам бўладими?
Вера. Нимани сўраяпсиз?
Кушак. Мусиқани айтяпман.
Вера. Албатта. Лекин сиз бугун меҳмонга бормоқчисиз-ку.
Кушак. Сиз-чи?
Вера. Мени таклиф қилишгани йўқ.
Кушак. Наҳот?
Вера. Йўқ, бари бинойидай. Ҳовли тўйига, одатда, дўстлар йиғилишади. Биз Виктор билан шунчаки… Қачонлардир бир мактабда ўқиганмиз. Бугун тасодифан учрашиб қолдик.
Кушак. Шунақами?..
Вера. Шундай экан… боргим келиб тургани ҳам йўқ.
Кушак. М-м…
Саяпин Зиловнинг биқинига туртиб қўяди.
Қисқа сукут.
Зилов (Верага). Бўлмаган гап. Ҳали сенга айтишга улгурмаган эдим. Марҳамат, жоним билан…
Вера. Фақат, эланиб қолди, деб ўйламангизлар.
Кушак. Йўғ-э! Ким бунақа деб ўйлаяпти?
Саяпин. Ҳеч ким.
Зилов. Ҳа, сенинг қатнашишинг ҳаммамизга маъқул. Қувноқ гурунг бўлади. Қисқаси, айнан сен етишмай турган эдинг. Ёзиб ол: Маяковский кўчаси…
Зиловнинг биринчи хотираси
давом этади
Зиловнинг хонадони. Зилов билан Галина меҳмонларни кутишмоқда. Галина дастурхон ёзаётган столу бир дона стул, темир каравот, чамадон – бор жиҳоз шулардан иборат.
Галина йигирма олти ёшда. Қадди-қомати келишган, ихчам, нозик табиатли, ўта одобли, диди ўткир аёл. Аммо болалигидан сингдирилган бу фазилатлар енгил табиатли эр билан яшаш жараёнию кундалик меҳнат, турмуш икир-чикирлари туфайли бир мунча сўнган. Унинг юзида доимо аллақандай ташвиш аломатлари акс этиб туради. Мактабда ўқитувчилик қилади. Ўқитувчилик эса доимий ташвишлар блан боғлиқ. Айни пайтда эгнида қора кўйлак. Унинг устидан оқ фартук боғлаб олган, оёқларида – уй шиппаги.
Зилов (стол олдида туриб) Овқатлар зўр. Уларнинг, бошлиғимиздан ўзга, биронтаси бунақа тўкин дастархонга арзимайди.
Галина. Бу-ку майли-я. Гап бунда эмас. Уларни қаерга ўтқазамиз?
Зилов. Аёлларни каравотга, мен стулда ўтираман, бошқалар полда ўтиришади.
Галина. Бошлиқ-чи?
Зилов. У ҳам ерда ўтиради. Янаги сафар жиҳозланган квартира беришадиган бўлади.
Галина. Уят-э. Каравотда уч киши, стул, чамадон – бешта ўрин. Келадиганлар неча киши? Бир, икки, уч… олти киши.
Зилов. Етти.
Галина. Етти? Нега?.. Биз иккимиз, Саяпинлар, Кузаков ва Кушак – бўлди. Кушакнинг хотини келмайди, деб ўзинг айтдинг. Жами – олти киши.
Зилов. Яна бир одам келади.
Галина. Яна ким бўлди? Наҳот ўша ярамас Дима бўлса?
Зилов. Йўқ, у бугун ишда. Унинг нимаси ёқмайди сенга?
Галина. Билмайман. Лекин… Одамга қарашининг ўзи… Мен ундан қўрқаман.
Зилов. Бўлмаган гап. Бинойидай йигит.
Галина. Хўш, еттинчи киши ким бўлди – қизиқ.
Зилов. Ёқимтой бир аёл.
Галина Шунақами?
Зилов. Сенга айтмаганмидим?
Галина Ажабки, айтмагансан.
Зилов. Ёдимдан кўтарилибди. Исми – Вера. Менинг назаримда, ёмон одаммас. Кўриниши ҳам бинойидай. Кушак унга маҳлиё бўлиб қолди.
Галина. Тушунарли. Қўшмачилик қилмоқчисан шекилли. Биринчи кечасиёқ уйимизни…
Зилов. Нима деяпсан?! Соф муҳаббат.
Галина. Уйда хотини ўтирса-ю… Соф муҳаббатмиш…
Зилов. Унинг хотини – қари ялмоғиз. Айтганча, у сен билан гаплашиб қўйишимни илтимос қилган эди. Ёдимдан кўтарилибди.
Галина. Нима тўғрисида?
Зилов. Бу ерда учрашиб туришларига рухсат беришингни илтимос қилмоқчи.
Галина. Йўқ, десам-чи?
Зилов. Энди кеч бўлди.
Галина. Рози бўла олмайман. Уйимизни бировлар учун…
Зилов. Бечора Кушак, дарвоқе, агар билмоқчи бўлсанг, бу квартирани бизга бошқа бировмас, айни шу Кушак ҳаракат қилиб олиб берди. Хўш, бу ерда бирор соат дам олиб, орзуга берилса, яхши кўрган аёлига икки оғиз ширин гап айтса, нима, уйингга бир нима бўлиб қоладими?
Галина. Бу менга ёқмаяпти.
Зилов. Гап бу уйда ҳам эмас. Сен ҳам шунақа деб ўйламасанг керак. Мен унга шунчаки раҳмим келганидан рози бўлдим. У бечоранинг аҳволини тушунсанг-чи, бунчалик тошбағир бўлма.
Галина (столга қўшимча ликопча, қошиқлар келтириб қўяр экан). Ҳа, сен дўстларинг учун ҳамма нарсага ҳозир турасан.
Зилов (уни қучиб). Бас қил. Кел, яхшиси сенга ёрдам берай.
Галина. Ҳамма нарса тайёр.
Зилов. Жуда яхши. Бўлмаса қиттак-қиттак ичиб олайлик.
Галина. Икковимизми?
Зилов. Бир қадаҳдан ичиб олсак, нима бўпти?
Галина. Йўқ, сабр қилайлик, меҳмонлар келсин
Зилов (шишаларни кўздан кечириб). Менимча, яхшиси, ароқдан бошлайлик. (Қуяди.)
Галина. Яхшимас. Меҳмонлар келганда иккаламиз қийшайиб турсак…
Зилов. Бу айбмас.
Галина. Витя, бугун ошириб юборма.
Зилов. Хўп, хўп.
Галина. Хонадошимиз қутлуғ бўлиши учун ичамизми?
Зилов. Кетдик.
Галина. Кеча бу ерга кўчиб келаётганимизда машинага ўтирар эканман, мана, ниҳоят бошпаналик бўлдик, деб ўйланиб туриб ўзимча: “Хайр сизга, Моти холалар, Пети амакилар!” деб қўйдим.
Зилов. Машъала ёқилсин!
Ичишади.
Галина. Бу ерда аҳил бўлиб яшаймиз, тўғрими?
Зилов. Албатта.
Галина. Дастлабки кунларимиздагидек. Кечалари китоб ўқиймиз, гаплашиб ўтирамиз… Шунақа бўлади-а?
Зилов. Шубҳасиз.
Галина. Энг ёмони шуки, сен кўп ҳолларда уйда бўлмайсан, қаерда юрганингни ҳам билиб бўлмайди.
Зилов. Телефон ўрнатиб оламиз.
Галина. Телефонни жиним суймайди. Биласанми, мен билан телефонда гаплашсанг ёлғон гапираётганга ўхшайсан.
Зилов. Бунинг ноўрин. Техникага ишонмай бекор қиласан. Ахир, одамзоднинг келажаги ана шу техникага боғлиқ-ку!
Сукут. Галина дераза олдига боради.
Галина (деразага қараб). Мен бугун хат олдим. Ҳеч қачон кутмаган одамимдан. Кимдан деб ўйлайсан?
Зилов. Хўш? (Стаканга ароқ қуяди.) Кимдан экан?
Галина. Тасаввур қилиб кўргин-а, болалигимдаги дўстимдан. Мени шунақа таърифлаб эслабдики…
Зилов ичади.
Ота-оналаримиз дўст эдилар. Куёв ва келинчак эдик. Ўн икки ёшга етганимизда томонга кўчиб кетдик. (Кулади.) Кулгили қизиқ бола эди. Хайрлашган чоғимизда бирдан йиғлаб юборди, сўнг, биласанми, мутлақо жиддий равишда: “Галка, мени яхшилаб тишлаб қўй”, деди.
Зилов. Нима бўпти? (Яна ароқ қуяди.) Тишладингми?
Галина. Ҳа. Бармоғини тишладим.
Зилов. Қизиқ. (Ичади.)
Галина. Оилавий турмушимиз қовушмади, деб ёзибди. Энди бир умр бўйдоқ бўлиб қолишга қарор қилдим, дебди.
Зилов. Умуман, ёмон фикр эмас.
Галина. Кимдир келди шекилли. Янглишмасам бизникига. Менимча, меҳмонларимиз. Ҳа, ўшалар. Саяпин, хотини – Валерия, учинчиси?
Зилов (дераза олдига бориб). Хўжайин. Машина шуники.
Галина. Кузаков қани?
Зилов. Келади. Қаёққа кетарди?
Галина. Сен айтган хушсурат аёл-чи? Қани у?
Зилов. Ташвишланма. У кечроқ келади. (Даҳлизга чиқиб кетади.)
Галина шиппагини ечиб, туфли кийиб олади, сўнг фартукни ечади, кейин қайтадан тутиб олади. Даҳлиздан Зиловнинг овози эшитилади.
Овоз. Марҳамат.
Кушак, Саяпин ва Валерия киришади.
Валерия ҳаракатчанлиги кўзга ташланиб турадиган, йигирма беш ёшлардаги аёл. Эркакларга хос ташаббускорлиги унинг ёқимтой қиёфасига мос келмагандек. Қисқа қилиб тарашланган сочи бўялган, ҳозирги модаларга хос башанг кийинган.
Кушак (Галинага гулдаста узатиб). Янги уйингиз муборак бўлсин! Чин қалбдан табриклайман!
Валерия (хонада у ёқдан-бу ёққа юриб). Қани, қани, кўрайлик.
Саяпин. Яхши, ярайди, маъқул.
Кушак. Зўр. Гап йўқ. Бу хонадонда яхши ҳаёт кечиришингизга тилакдошман.
Валерия ошхонага ўтиб кетади.
Валериянинг овози. Совуқ сув?.. Иссиқ сув?.. Ғаройиб!.. Газ! Гўзал!
Кушак. Уй зўр! (Дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.
Валерия бошқа хонага ўтиб кетади. Галина унинг ортидан юради
Саяпин (ҳавас билан). Гап йўқ, ҳаммаси кўнгилдагидек. (Қўшни хонага кириб кетади.)
Валериянинг овози. Бу ерда болахона ҳам бор экан. Бу томон жанубми, шимолми?
Кушак. Ҳа, квартира – бу катта гап. Яна бир марта табриклайман.
Зилов. Яна бир марта миннатдорчилик билдираман.
Валериянинг овози. Бари жуда ажойиб.
Кушак. Ғаройиб, ғаройиб… Хўш, ҳамма йиғилдими? (Қўшни хонага бош суқиб, қараб қўяди.)
Зилов (хонанинг эшигини ёпиб қўйиб). Ҳали келгани йўқ, лекин, ишончингиз комил бўлсин, тезда келиб қолади. У сиз билан астойдил қизиқиб қолди, чамамда.
Кушак. Шунақа деб ўйлайсанми?
Зилов. Камтаринлик қилманг. Юрагидан уриб қўйганга ўхшайсиз.
Кушак. Виктор! (Аланглаб олиб) Бу билан нима демоқчисан?
Зилов. Алангсиб қолманг, демоқчиман.
Кушак. Шошма, ўзинг айт-чи, ахир менга ноқулай-ку. Бу ерда Саяпинлар бор, хотининг бор. Одобдан бўлармикин?
Зилов. Бўлмаган гап. Дадил ҳаракат қилаверинг. Бунақа ишлар дадиллик, тезкорлик билан амалга оширилади.
Кушак. Ана холо-ос. Мен сени бунақа енгил табиат деб ўйламаган эдим. Виктор, сен мени йўлдан оздиряпсан.
Зилов. Қачондан бери сизга бирон яхшилик қилсам, деб юрардим.
Валерия, Саяпин ва Галина пайдо бўлишади.
Валерия. Мебель! Зудлик билан жиҳозлар олиш керак. (Даҳлизга ўтиб кетади.)
Кушак. Ҳа, жиҳозлар зарур… Ҳечқиси йўқ. Ҳамма нарса ҳам бирдан бўлавермайди. Аста-секин… (Дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.)
Галина. Ҳозир эса каравотда ўтиришга тўғри келади.
Ҳожотхонадан сувнинг шовуллагани, Валериянинг “Ғаройиб!” деган овози эшитилади, сўнг хонага Валериянинг ўзи кириб келади.
Валерия. Яна бир карра табриклайман. Энди хонадонингизда ҳақиқий росмана ҳаёт бошланади. (Саяпинга) Толечка, қасам ичиб айтаманки, агар ярим йилдан кейин шунақа уйга кўчиб кирмас эканмиз, сен билан ажрим қилиб кетиб юбораман!
Кушак. М-м… Ярим йилдан кейин бу масала… м-м… ҳал бўлиб қолар. Ҳар қалай, умид қиламиз…
Валерия (ишва билан). Вой, Вадим Андреевич! Мен сизни, билсангиз агар…
Зилов. Нимани?
Валерия. Сизга сиғинишга ҳозирман. Чин сўзим!
Зилов. Сиғингин, қизгинам, сиғингин…
Саяпин (шошиб). Хуллас, мана бу ерда телевизор, бу ерда диван, унинг ёнида музлаткич. Музлатгичда пиво ва бошқа нарсалар. Бари дўстлар учун.
Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди.
Зилов даҳлизга чиқиб кетади. Қисқа сукут.
Зилов (даҳлиздан кириб). Вадим Андреевич! Кутиб олинг.
Кушак эшик томон юради.
Валерия (Зиловга). Ким экан?
Зилов. Вадим Андреевичнинг таниши. Дилбар бир аёл.
Валерия (ажабланиб). Қанақа таниш?
Зилов. Ёш ва хушрабо. (Даҳлизга чиқиб кетади.)
Валерия. Вой, азамат-эй.
Галина. Кимни айтяпсан?
Валерия. Вадим Андреевични айтяпман. Ёши қирқларга борган бўлса керак-а?
Саяпин. Қирқ олтида.
Зилов, Вера ва Кушаклар киришади.
Веранинг қўлида каттакон целлофан халта.
Зилов. Марҳамат.
Кушак (Верага). Марҳамат қилинг.
Зилов (барчага қарата). Танишинглар.
Вера. Менинг исмим Вера.
Валерия. Валерия.
Вера. Мамнунман.
Зилов (Галинага ишора қилиб). Хотиним.
Кушак. Шу хонадоннинг бекаси.
Галина. Галина.
Вера. Ғоят мамнунман. Янги уйларингиз билан табриклайман. Мана… (Қўлидаги халтани Зиловга узатади.)
Валерия (Зиловга). Нима экан? Нима?
Зилов. Бомба бўлса керак, деб ўйлайман.
Валерия. Қани, кўрсата қол, сабрим чидамаяпти.
Зилов халтадан каттакон духоба мушук олиб кўрсатади. Саяпин мушук бўлиб миёвлайди.
Валерия (сесканиб). Вой!
Ҳамма кулади.
Одамни қўрқитиб юбордиларинг-ку. (Мушукни қўлига олиб) Лекин мушукмисан-мушук!
Кушак. Мўйловига қаранглар! Кўзлари-чи! Тирик мушукка ўхшайди-я. (Верага) Зўр совға.
Валерия (мушукни Галинага беради). Ғоят ёқимли мушук.
Галина (Верага). Катта раҳмат.
Вера. Тасаввур қилинглар, мен унга Алик деб от қўйдим.
Зилов. Вой, худойим-эй…
Кушак (гинали оҳангда). Верочка…
Вера. Маъқул бўлса, шунақа аташларингиз мумкин.
Валерия. Алик. Ажойиб от. (Галина билан Зиловга) У сизларга бахт келтиради.
Зилов. Ҳозирдан сезилмоқда бу.
Кушак. Энди навбат бизга, шунақами?
Валерия. Толя, олиб кир.
Саяпин даҳлизга чиқиб, бир неча ўрам нарсани кўтариб киради ва уларни ечмоқчи бўлади.
Йўқ, аввал нималигини топсин.
Эшикнинг қўнғироғи жиринглайди.
Галина. Кузаков. (Даҳлизга чиқиб кетади)
Зилов (Валерияга). Нимани топишим керак?
Валерия. Сенга нима совға қилмоқчимиз, шуни топ.
Кузаков билан Галина киришади.
Кузаковнинг ёши ўттизга яқинлашиб қолган. Ташқи қиёфаси кўзга ташланадиганлардан эмас, пала-партиш кийинган. Кам гапиради, кўпроқ бошқаларни эшитишга мойил, Доим ўйчан ҳолатда бўлади. . Шу боис ҳам улфатчиликда одатда бир чеккада ўтиради.
Кузаков. Бу янги хонадонда барчангизни олқишлайман. (Олдинга ўтиб, столга қараб олади.) Кеч қолмабман.
Валерия. Вақтида келдинг. Совғаларимизни топширяпмиз.
Кузаков. Совғалар?… (Валерияга) Нега менга бунақа қараяпсан? Қуруқ қўл билан келди, деб ўйлаяпсанми? (Зиловга) Витя! Юр, менга кўмаклашиб юборасан.
Зилов. Шунақами?
Кузаков. Фақат шунақа.
Валерия. Қизиқ.
Кузаков билан Зилов чиқиб кетишади.
Бир ўзи кўтариб кира олмасмиш, қаранг-а.
Кушак. Верочка, ўтиринг, марҳамат.
Вера. Раҳмат, алик.
Саяпин (тугунларга ишора қилиб Валерияга). Очайми?
Кушак дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.
Валерия. Йўқ, йўқ. Аввал Кузаков нима олиб келганини кўрайлик.
Галина. Қўяверинглар. Яхшиси, дастурхонга ўтирайлик.
Эшик тақиллайди. Кузаков билан Зилов боққа қўйиладиган скамейка (узунчоқ курси) кўтариб киришади. Ҳамма кулади.
Кузаков. Мана, марҳамат.
Валерия. Ялангоёқ бечора.
Галина. Раҳмат, Кузя. Айни чоғда бундан яхши совға бўлмайди.
Зилов (курсига ўтириб). Модерн. (Кузаковга) Ўтир, дарбадар.
Галина. Столга яқин қўйинглар. Унга хонимлар ўтиришади.
Валерия. Мана энди – биз. Диққат! (Зиловга) Қани, топ-чи, биз сенга нима совға қилмоқчимиз.
Зилов. Билмайман. Менга, зиқна бўлмасаларинг, орол совға қилинглар.
Валерия. Йўқ, жиддий гап.
Зилов. Билмасам.
Валерия. Сенинг энг яхши кўрадиган нарсанг нима?
Зилов. Нима десам экан. Ўйлаб кўрай-чи.
Валерия. Хотинингни яхши кўришинг – бу ўз-ўзидан маълум…
Галина. Йўқ кўпдан бери яхши кўрмайди мени.
Вера. (илжайиб). Балки ўйнашини яхши кўрар?
Саяпин хохолаб кулади.
Кушак (ажабланиб). Верочка…
Валерия (Зиловга). Хўш? Топдингми?
Зилов. Каллам ишламаяпти.
Валерия…. Айта қолсанг-чи, нимани кўпроқ яхши кўрасан?
Галина. У дўстларини кўпроқ яхши кўради.
Вера. Аёлларни яхши кўради. Унга бирон аёлни совға қилинглар.
Кузаков. Бўлмаган гап. Витя ўз ишини ҳамма нарсадан аъло кўради.
Баравар кулги.
Кушак. Бунинг нимаси кулгили? Тўғри, ҳали тажриба унчалик етишмайди. Лекин, умуман олганда, қобилиятли йигит.
Валерия. Йўқ, ундан бир гап олиш қийин. Ҳа, майли. Сен билмасанг, биз биламиз нимани яхши кўришингни. ( Саяпинга.) Толя, қани, ол бу ёққа.
Саяпин тугунни ечади ва пичоқ, ўқ териладиган
камар, бир нечта ёғочдан ишланган ўрдак шакллари каби
овчилик ашёларини олиб, атрофдагиларга кўрсатади.
Зилов. Во-о!
Ҳамма кулади.
Саяпин (Зиловга). Ушла.
Зилов (совғаларни олиб). Бу бошқа гап! Мана бу чинакам совға! Мен аҳмоқ, ўзимнинг калламга келмаган экан.
Галина. Ҳа, айни унга хуш ёқадиган нарсалар.
Зилов. Рост айтасизлар. Ўрдак ови – бу ҳазилакам гапмас. (Ўқлар камарини белига боғлаб, унга ёғоч ўрдакларни осиб қўяди. Уларни кўринишнинг охирига қадар эгнидан туширмайди.)
Валерия. Сентябрда уйингга парранда гўшти егани келамиз. Шуни билиб қўй.
Зилов (тўлқинланиб). Келинглар. Лекин, олдиндан айтиб қўяй, парранда магазиндан олиб келинган бўлади.
Кушак. Бу, энди, қанақаси бўлди?
Галина. Бу одатдаги ҳол. Унинг учун муҳими: овга тайёргарлик кўриш, ов ҳақида гап сотиш.
Зилов. Унинг гапига қулоқ солманглар.
Галина. Ўзинг айтақол, Бирон марта бирон нарса отиб олганмисан? Тан олақол. Ақалли кичкинагина, (бармоғини кўрсатиб) мана бунақа қушча?
Кузаков. Сен нимани кўрсатяпсан? Бунақа кичкина нарсага бир умр ўқ теккиза олмайди.
Ҳамма кулади.
Зилов (совғалардан мамнун, шу боис ўз устидан кулишларига эътибор бермайди). Хўп, майли, кўрамиз. Бу ёғи бир гап бўлар.
Саяпин. Витя! (Унинг белида осиғлик турган ёғоч ўрдакларга ишора қилиб) Сен ҳар эҳтимолга мана буларни нишонга олавер. Булар учиб кетишмайди.
Кулги.
Зилов. Бўлди-э. Сизлар овчилик ҳақида нимани тушунардиларингиз.
Галина (кафтини кафтига уриб). Диққат. Меҳмонларни столга таклиф қиламиз. Марҳамат!
Барча стол атрофига ўтиради. Кушак дераза олдига бориб, машинасига қараб қўяди.
Вера. (Кушакка). Алик, нега ҳадеб деразадан қарайверасан? У ерда нима қолдирган эдинг?
Кузаков. Автомобиль. Бор-йўғи шу.
Кушак (хижолат чекиб). Йўқ, яъни ҳа. Автомобиль!
Валерия. Вадим Андреевич, ташвишланманг. Бизлар деразанинг олдида ўтирибмиз. Қараб туриш бизга қулай. (Саяпинга). Кўз ташлаб тур.
Кузаковдан ўзга ҳамма ўтиради.
Вера. (Кузаковга) Сиз-чи? (Бир томонга сурилиб, жой беради.) Ўтиринг, Алик, тортинманг.
Кузаков. Раҳмат. (Ўтиради.) Лекин сиз янглишдингиз, менинг исмим Николай, сиз эса Алик дедингиз.
Вера. Фарқи нима.
Кушак (ажабланиб). Верочка?
Валерия. Мутлақо тўғри. У ростдан ҳам мушукка ўхшайди. (Кузаковга) Баҳслашма, ўхшайсан. Мушукни кўрсатиб юборинглар.
Галина Кузаковга духоба мушукни кўрсатади. Ҳамма кулади.
Валерия. Айнан ўзи.
Кузаков. Ҳеч қандай ўхшашлик жойи йўқ. Бу иғвогарлик.
Зилов (Кузаковга). Баҳслашиб ўтирасанми, хўп, деб қўяқол, қария.
Кузаков. Яхши. (Верага) Лекин кейинроқ сиздан аниқлик киритишингизни талаб қиламан.
Вера. Гаплашамиз.
Зилов. Шундай қилиб, дўстлар… (Қадаҳни қўлига олади.) Кетдикми?
Саяпин. Жилдик.
Валерия. Тўхтанглар! “Кеттик”, ”жилдик”! Бу нимаси! Нима, пивохонада ўтирибмизми? Янглишмасам, уй тўйида ўтирибмиз.
Зилов. Хўш, сен нима таклиф қилмоқчисан?
Валерия. Қандайдир одат, расмлар бор-ку. Кимдир билса керак.
Ҳамма жим. Зилов барчага вино қуяди.
Вера. Масалан, мен стол устида ўйнаб беришим мумкин. Истасаларингиз.
Кушак. Верочка! (Зиловга) Эътибор бердингми?… М-м… (Валерияга) Ҳазиллашишда ҳеч ким унга бас келолмаса керак.
Кузаков. Элас-элас эслайман. Тўртбурчак учун тўрт марта ичишади. Расм-одат шунақа.
Валерия (Кузаковга тегишиб). “Элас-элас эслайман”. Бечора дарбадарлар. Вадим Андреевич, бутун умидимиз сиздан.
Кушак (ўрнидан туриб). Дўстлар! Бошимизни қотириб ўтирмайлик. Ҳаммаларинг ёшсизлар…
Валерия (ажабланган бўлиб). Сиз-чи? Вадим Андреевич!
Вера. Тўғри, алик, ўзингни ерга урма, ҳали бақувватсан.
Кушак (Вера билан Валерияга). Миннатдорман, миннатдорман. Хуллас, ёш кишилар эканмиз, боболаримиздан қолган ҳар хил расм-русумларнинг нима кераги бор? Содда қилиб айтганда, дўстларимизни янги бошпана билан табриклайлик, янги квартира учун ичайлик.
ХИТОБЛАР:“Янги уй муборак бўлсин!”, “Салют!”, “Раҳмат!”
Зилов. Кетдик.
Саяпин. Жўнадик.
Салобатли куй янграмоқда. Нур сўниб, бир неча сониядан сўнг қайтадан ёнади. Куйнинг товуши пасаяди.
Биринчи хотиранинг давоми мусиқа жўрлигида давом этади. Меҳмонлар хайрлашади.
Зилов ва ёмғирпўш кийиб олган Вера туришибди.
Вера. Хотининг менга ёқиб қолди. Қандай қилиб шунақа аёлга уйлана олдинг, ҳайронман.
Зилов. Билмайман. Тўғрироғи, билмасам керак. Бунга кўп бўлган, олти йил олдин…
Вера. Сен билан қанчалик азоб чекиб келаётганини тасаввур қила оламан. Ахир сен аликларнинг алигисан-ку.
Зилов. Хўп, майли. Ишхонага телефон қил. Эртага.
Вера. Қиламан… вақтим бўлса
Зилов. Яна ўзинг биласан.
Вера. Ана у сипойи чамамда, мендан умидвор шекилли.
Зилов. Умид қилаверсин, сенга нима.
Вера. Балки у билан кетарман? Нима дейсан? Қарши эмасмисан?
Зилов. Бўлди, кўп вайсама. У қиладиган ишини қилиб бўлди. Энди аравасини тортсин.
Вера. Балки, ростдан ҳам… Ҳарқалай, бошлиқ.
Зилов. Билганингни қил. Барини бошлаган ўзинг.
Даҳлизда ширакайф Кушак пайдо бўлади.
Кушак. Ажойиб кеча. Сеҳргар кеча, деган бўлардим… Тақдирдан миннатдорман…
Вера. Сиз тақдирга эмас, меҳмондўстлик учун ва умуман барчаси учун Викторга миннатдорчилик билидиришингиз лозим.
Галина ошхонадан чиқади.
Сизга ҳам, Галина Николаевна, катта раҳмат. Мен бу кечани бир умрга эслаб қоламан.
Вера. Мен ҳам.
Галина. Ғоят хурсандман. Бизникига келиб турасиз, деган умиддаман. Хурсанд бўламан.
Вера. (Галинага). Бахтли бўлинг. (Зилов билан Кузаковга). Хайр, аликлар.
Кушак билан Вера чиқиб кетишади.
Галина. Кузатиб қўяман. (Уларнинг орқасидан чиқиб кетади.)
Зилов (Кузаковга). Ҳаммаси жойида бўлди. Ҳаммага маъқул, ҳамма хурсанд. Қувноқ кеча бўлди.
Кузаков. Ана у Вера ким ўзи, қаёқдан келиб қолди?
Зилов. Ёқиб қолди шекилли?
Кузаков. Ростини айтсам, шундай.
Зилов. Шунақа экан, кўнглини овла.
Кузаков. Бир нарсани тушунмаяпман: Кушакнинг нима алоқаси бор унга? Ё уларнинг ўртасида…
Зилов. Уларнинг ўртасида? Деярли ҳеч нарса. Маст-аласт хаёл.
Кузаков. Ўзим ҳам шунақа деб ўйлаган эдим.
Зилов. У боёқиш бекорга жонини жабборга беряпти, деяпман-ку.
Кузаков. Демак, ўзини енгилтак қилиб кўрсатиши шунчаки ўйин экан-да.
Зилов. Шунақа деб ўйлаяпсанми?
Кузаков. Нима кўрмадингми? Бунақаларни учратмаганмисан?
Зилов. Қанақаларни?
Кузаков. Ўша Верага ўхшаганларни. Биласанми, улар атайлаб ўзларини енгилтак қилиб кўрсатишади, аслида эса…
Зилов. Аслида нима?
Кузаков. Витя, у менинг назаримда, аслида батамом бошқача аёл.
Зилов (Кузаковнинг елкасига қоқиб). Қария, сен ҳар қачонгидек, янглишяпсан.
Даҳлизда Кушак пайдо бўлади.
Кушак. Виктор!.. М-м… Сен билан гаплашсам бўладими?
Кузаков. Бўлади, бўлади. Биз гаплашиб бўлдик. (Зиловга) Хайр, Витя.
Зилов. Саломат бўл, Коля.
Кузаков чиқиб кетади.
Кушак. Биласанми, у… м-м… Мен унга қойил қолдим Аммо… қандай қилиб?
Зилов (дангал). Наҳот билмасангиз? Ваъдалар беринг, эланинг, пўписа қилинг. Одатдагидек…
Кушак. Лекин… М-м… қанақа шаклда?
Зилов. О, худо! Дунёга кўмиб юбораман, уйланаман, ўлдираман – яна нима лейишингиз мумкин? Дадил бўлинг.
Кушак (эшик томон елади, сўнг орқасига қайтиб). Ишончинг комилми… м-м… Бирон ишкали чиқиб ўтирмайдими?
Зилов. Вой, худойим, ёш болага ўхшайсиз-а.
Кушак. Йўқ, сен мени тўғри тушун, мен иккиюзламачи эмасман, лекин… Ҳар қалай…
Зилов. Эркаклардек иш тутинг, бари жойида бўлади.
Кушак чиқиб кетади, Зилов ёлғиз қолади. Совғаларни кўздан кечиради. Галина киради.
Галина. Маст бўлиб қолдим шекилли.
Зилов. Бўлмасам-чи. Ғирт мастсан.
Галина. Жиддий гапиряпсанми? Меҳмонлар нима деб ўйлашади?
Зилов. Бари жонимга тегди. .
Қисқа сукут.
Галина. Биласанми, нима демоқчиман?
Зилов. Нима экан?
Галина. Болам бўлишини истайман.
Зилов. Яна бошладингми?
Галина. Аллақачон вақти келган, эшитяпсанми?
Зилов. Шунақа деб ўйлайсанми?
Галина. Фарзандимиз бўлишини ҳеч қачон бугунгидек орзу қилган эмасман. Хўш, сен нима дейсан?
Зилов. Менми? Вақти келган бўлса… шунақа экан…
Галина. Йўқ, биламан, сен истамайсан.
Зилов. Нега энди? Қаердан ўйлаб топдинг буни? Мен қарши эмасман… Нега кайфиятинг ўзгарди? Ахир бу муаммо эмас-ку. Шунга қарор қилсак – бас.
Галина. Сенга Бола керакмас.
Кушак пайдо бўлади, Галина қўшни хонага
кириб кетади.
Кушак (аламли қиёфада). У йўқ… ғойиб бўлибди!
Зилов. Нима? Ким ғойиб бўлибди? Аёлми ё машинами?
Кушак (шошиб дераза олдига боради ва машинасига қараб олиб). Вера йўқ. Қочиб кетибди… Бу нимаси? Буни қандай тушунмоқ керак?
Зилов. Динамо.
Кушак. Нима?
Зилов (жаҳли чиқиб). Динамо. Буни динамони айлантириш дейишади… У динамонгизни буриб қўйибди. Тушунмаяпсизми?
Кушак (ҳушёр тортиб). Виктор, сендан кўнглим қоладиганга ўхшайди.
Қувноқ мусиқа қайғули куйга айланади. Саҳна қоронғилашиб, биринчи кўринишдаги саҳна тикланади.
Зилов дераза раҳида ўтирган ҳолатда пиво ичар экан, тўсатдан ўрнидан туриб, духоба мушукни бир чеккага отади.
Иккинчи кўриниш
Зилов (телефон рақамларини териб). Кузаков сизлардан олисда эмасми?.. Кузаков йўқ, дейсизми?… Майли. ( Янги рақамларни теради.) Ахборот бюросими? Гўшакни Саляпинга беринг… Йўқми? Ишга келмадими? Тушунарли. (Гўшакни жойига қўяди.) Мана, сизга хизматчилар! (Хаёл суриб ўтиради.)
Нур қоронғилашиб, янги саҳна пайдо бўлади.
Чироқ ёнади
Зиловнинг иккинчи хотирлаши
Идорадаги ёлғиз деразали хоналардан бири. Иккита қўполгина жавон ва тўртта курси. Улардан бирида Саяпин ўтирибди.
Зилов пайдо бўлади.
Зилов. Хўжайиннинг кайфияти чатоқ. (Олдинга ўтиб, стуллардан бирига ўтиради.) У нима ўйлаб топибди, де? Иш услубини модернизация қилишни талаб этишяпти. Ривожланаётган навқирон корхона бўлсин экан. Зудлик билан амалга ошиши керакмиш!
Саяпин. Буни ўтган ҳафтада ўйлаб топган эди. Нима, эсингдан чиқдими?
Зилов. Шунга ўхшаш бирон корхона борми?
Саяпин. Чинни заводи бор. (Стол ғаладонидан бир даста қоғоз олади.) Бир йилдан бери ётибди.
Зилов. Бер-чи. Мен бир кўрай. (Варақлаб кўради.) Реконструкция режаси… Бизга айни кераги ҳам шу.
Саяпин. Бу лойиҳа, холос.
Зилов. Кимнинг иши? (Лойиҳани варақлаб) Смирнов. Бош инженер. Уни Танийман. Ўта жиддий шахс.
Саяпин. Лекин бизга лойиҳалар керак эмас. Бизга далиллар керак.
Зилов. Далиллар? Бу далилларни қаёқдан оламиз? Эртага-чи?.. Шошма… Шошма! Инженер ҳаммасини ҳозирги кунда деб баён қилган.
Саяпин. Нима бўпти?
Зилов. Бу нима деганинг? (Қоғозларга ишора қилиб) Бу ерда изоҳланишича, гўё ҳамма нарса тайёр. Тушунарлими?.. Хўш, бунга қанча вақтимиз кетади?.
Саяпин. Ўрта ҳисобда – бир йил.
Зилов. Жуда соз. Бу ажойиб лойиҳал бир йил ичида амалга ошди, деб ҳисоблаймиз. Орзулар амалда намоён бўлди. Имзо чекаман. ( Имзо чекади.)
Саяпин. Зўр, лекин… хавфли.
Зилов. Ваҳима қилма. Ўтиб кетади. Бунга ҳеч ким эътибор бермайди. Кимга ҳам керак бу?.. Имзо чек.
Саяпин. Жоним билан, лекин…
Зилов. Дадилроқ бўл. Бизнинг ишимиз зўр, лекин бир мунча қуруқроқ. Озгина дадиллик ва ижодий хаёллар зарар қилмайди.
Саяпин. Барибир текшириб кўришга тўғри келади. Заводга, инженерга қўнғироқ қилиш лозим бўлади.
Зилов. Инженер умидимизни пучга чиқариб қўймаса, деб қўрқаман.
Саяпин Гаплашиб кўрамиз.
Эшик тақиллайди. Зилов очади.
Овоз. Почта!
Зилов. Олиб келинг.
Овоз. Мана бу ерга қўл қўйинг.
Зилов бир даста пакетларни столга ташлайди.
Саяпин. (пакетларни титкилаб). Сенга хат.
Зилов. Аёл кишими?
Саяпин. Зиловдан. (Хатни стол устидан Зиловга қарата отади.) Хат олибди Федот набирасидан бугун…
Зилов. Отамдан. Қани, кўрамиз, кекса аҳмоқ нима дебди. (Хатни ўқийди.) Ана холо-ос… О, худо. Яна ўлаётган эмиш. (Хатни бир чеккага қўйиб туриб) Эътибор бергин, қария ҳар йили бир ё икки марта ўлгани ётиб олади. Бу қоида тусига кириб қолган. Мана, эшит. (Хатни ўқийди.) “…бу сафар энди тамом – юрагим сезяпти. Келгин, ўғлим, кўришиб қолайлик. Бир йўла онангнинг кўнглини овлаб кетасан. Ахир кўришмаганларингга ҳам тўрт йил бўляпти. “Биласанми, нима қилади? Худди шунақа хатларни турли томонларга жўнатиб, кутиб ётади. Қарабсанки, қариндошлар йиғилиб, оҳ-воҳ қилишади, у эса бундан хурсанд бўлиб ётади-ю, бир пайт, қарабсанки, бирдан оёққа туриб кетади – соппа-соғ. Ароқ ичишни бошлайди. Бунга нима дейсан?
Саяпин. Нафақачими?
Зилов. Фахрий нафақачи.
Саяпин. Ёши неччида?
Зилов. Етмишдан ошган. Етмиш икки ё етмиш беш. Шунақа.
Саяпин. Қари экан. Ростдан ҳам ўлиб қолиши мумкин.
Зилов. Уми? Йў-ўқ, отам ҳали бақувват.
Саяпин. Ҳар қалай, бориб келсанг ёмон бўлмасди.
Зилов. Қачон?
Саяпин. Масалан, отпусканг пайтида, сентябрда.
Зилов. Иложи йўқ. Сентябрь – дахлсиз ой – ов мавсуми бошланади.
Қисқа сукут.
Саяпин. Хўш, мақолани нима қиламиз?
Зилов. Келишиб олдик, шекилли. Топширамиз. Мен имзо чекдим.
Саяпин. Сенга осон, мен эса… Ҳозир квартира масаласа кўндаланг бўлиб турган бир вақтда… ўзинг биласан…
Зилов. Бўлмаса, кел қуръа ташлаймиз – вассалом – иш тамом. Пукка тушса – топширамиз, чикка тушса – бизда ҳеч қанақа мақола йўқ, деб тан оламиз.
Саяпин (чуқур нафас олиб). Бўпти…
Эшик тақиллайди.
Зилов. Марҳамат. (Тангани отади.)
Ирина киради. Танга эътиборсиз қолади. Унинг ёши ўн саккизда. Қувлиқ-шумликни билмайдиган, соддадил, ҳаётда ўзининг илк мустақил қадамини босаётган қиз.
Ирина. Салом алайкум.
Зилов. Хайрли кун.
Ирина. Бу ер редакциями?
Қисқа сукут.
Зилов. Хизмат?
Ирина. Эълон бермоқчи эдим.
Зилов. Эълон? Қанақа эълон?
Ирина. Мен битта одамни йўқотиб қўйдим. Биз учрашмоқчи эдик…
Зилов. Ўтиринг, шошмасдан гапириб беринг. (Уни ўтқазиб, Саяпинга имлаб қўяди.) Сизга ёрдам бера оламиз, деб ўйлайман.
Ирина. Ростданми?
Зилов. Ҳаракат қиламиз.
Саяпин. Ҳа, у барча имкониятларини ишга солиши мумкин.
Ирина. Ростданми? Раҳмат, катта раҳмат…
Зилов. Марҳамат. Лекин гап нимада?
Ирина. Биласизми, бир одамни топишим жуда зарур. Биз у билан бир вагонда келдик. Исми Костя, фамилиясини эса билмайман…
Зилов. Кейин нима бўлди?
Ирина. Мен уни алдадим. Лекин бунга мен айбдор эмасман, чин сўзим.
Зилов. Нима бўлди?
Ирина. Биласизми, биз у билан бугун соат ўн иккида почтамт олдида учрашишга ваъдалашган эдик. Аммо аксига олгандек, бизда бугун иншо бор экан.
Саяпин. Кириш имтиҳоними?
Ирина. Ҳа, чет тиллар институтига киряпман. Агар почтамтларингизнинг қаердалигини билганимда, иншони олдинроқ ёзиб топширган бўлардим. Қисқаси, чопқиллаб почтамтга бордим. Аммо у йўқ эди…
Саяпин. Бўлгани шуми?
Ирина. Яхши бўлмади.
Зилов. Ҳа, қулоқ эшитмаган алдақилиқ бу. Бизнинг шаҳарда бунақа қилишмайди. Қаердан келгансиз?
Ирина. Михалёвкадан.
Зилов. Михалевкангиз қаерда ўзи?
Ирина. Олисда. Шимолда.
Зилов. Исмингиз нима?
Ирина. Ирина.
Саяпин. Чиройли исм экан.
Зилов. Хўш, Ирина, энди нима қилмоқчисиз?
Ирина. Газеталарингизда эълон берсаларингиз, балки…
Зилов. Қанақа эълон?..
Ирина (шошиб). Ўйлаб қўйганман. Масалан: “Костя! Мен айтилган вақтда етиб келолмадим. Мени саккизинчи август куни соат ўн иккида почтамт олдида кут. Ирина…” Шунақа бўладими?
Саяпин. “Мени кут, мен албатта қайтаман, фақат орзиқиб кут”.
Ирина. Наҳот мумкин бўлмаса? Албатта ўқиган бўларди. У барча газеталарни ўқиб борар экан. Барча бекатларда газета олиб чиқарди. Унинг ўзи ҳам шеър ёзар экан.
Зилов. Э-э, шоир экан-да. Балки Константин Симоновдир?
Ирина. Ҳазиллашяпсиз. Симонов қари, Москвада яшайди.
Зилов. Бўлмаган гап. Илгари Москвада яшаган, ҳозир эса – шу ерда.
Ирина (ажабланиб). Ростданми?
Зилов. Бўлмасам-чи. Москвада яшаш жонимга тегди. Шовқин-сурон, ғала-ғовур, шунча яшадим – бўлади-да, Энди, рухсат берсангиз, тинчроқ бир ерда яшасам, деган эмиш.
Ирина. Йўқ, у Симонов эмас. У бор-йўғи иккита шеър ёзибди. Учинчисини вагонда ёзди.
Зилов. Ва уни сизга бағишлаган. Тўғрими?
Ирина. Қаёқдан биласиз?
Зилов. У сизга бағишлаб шеър ёзган, шунинг учун ҳам уни севиб қолгансиз. Ё шунақа эмасми?
Ирина. Севиб қолдим?.. Йўқ, нималар деяпсиз…
Зилов. Нима, сиз уни яхши кўрмайсизми?
Ирина. Йўқ, албатта.
Зилов. Ундай бўлса уни қодиришингизга нима ҳожат?
Ирина. Тушунтиришим керак. Бўлмаса, алдаб кетди, деб ўйлаши мумкин.
Зилов (Саяпинга). Бунга нима дейсан?
Саяпин. Озодлик чоғимда сев мени, қизалоқ, сев мени ҳозирча сеники эканман…
Кушак киради.
Кушак. Мақола қани? Нима билан шуғулланяпсизлар? (Иринага қараб) Сиз нима масалада келиб турибсиз?
Зилов. Исми Ирина. Шахсий масала бўйича.
Кушак. Фақат синфдошим деб айта кўрманг.
Зилов (Иринага бошдан-оёқ қараб олиб). Жимман. Лекин, шунақа десам, барибир ҳеч ким ишонмаган бўларди.
Саяпин. Дўстини қидириб юрган экан.
Кушак. Бу ерда-я? Сизларнинг ораларингиздами?
Ирина. Йўқ. Газеталарингизга эълон бермоқчиман.
Кушак. Эълон? Қанақа эълон?
Саяпин унсиз кулади.
Ирина. Ахир бу ер редакция-ку.
Кушак. Редакция?.. (Зилов билан Саяпинга муштини кўрсатади.) Синглим, адашибсиз. Бу ер редакция эмас.
Ирина. Йўғ-э?
Зилов. Редакция ёнгинамизда.
Ирина. Шунақа экан нега мени… Ҳайронман.
Кушак (жаҳли чиқиб). Ҳайрон бўладиган нимаси бор? Сизга редакция керак, бизнинг идорамиз эса – ТАМБ. Техникавий ахборотлар марказий бюроси.
Ирина (ўрнидан туриб). Кечирасизлар. (Эшик томон юради).
Кушак ( бир мунча майинлашиб). Ҳеч қиси йўқ… Сизни “ахборот” деган сўз адаштирган. Муваффақият тилайман.
Ирина (эшик олдига борганида, Зиловга). Нимага бунақа қилдингиз?
Зилов (Иринанинг орқасидан бориб). Ирина, ташвишланманг, бари жойида бўлади. (Кушак билан Саяпинга ўгирилиб) Мен ҳозир кираман. (Чиқиб кетади.)
Кушак. Мақола тўғрисида ўйлаяпсизларми?
Саяпин. Ўйлаяпмиз.
Кушак. Нима тўғрисида ўйлаётганларингизни кўриб турибман. Бу ер висол кўришадиган уйми ё идорами? Неча марта огоҳлантириш керак сизларни!
Саяпин. Менинг айбим нима? Мени биласиз-ку, аёллар билан деярли қизиқмайман.
Кушак. Бемаънилик бу. Ҳамма нарсанинг ўз жойи, вақти-соати бўлади. Охирги марта огоҳлантираман. Ишни жадаллаштиринг. Мақолани тушдан кейин редакцияга жўнатмоқчиман. (Чиқиб кетади.)
Саяпин. Унга – қизлар, менга эса – хайфисан. (Қўнғироқ қилади.) Редакция?.. Кузаков?.. Салом. Йўғ-э, жин урсин ўша шахматларингни. Зилов ёнингдами?.. Йўқ? Ҳавои!.. Йўқ. сен эмас… Шунақа экан, истасанг, сен ҳам!
Зилов киради.
Зилов. Хўш, у ҳақида нима дейсан?
Саяпин. Ўша қизинг билан бирга қўшмозор бўлмайсанми! Жўна!
Зилов. Қаёққа? Маслаҳат бер. Кинога тушсак бўлади. Бошланиши учун ёмонмас.
Саяпин. Йўқол-э! (Кушакнинг хонасига ишора қилиб). Мақолани талаб қиляпти. Нима қиламиз? Бунақа қолдирмайди… Шуни ҳисобга олиб қўйгинки, сенда қасди бор унинг. Ўша, уйингдаги ўтиришдан кейин… Нима, эсингдан чиқдими?
Зилов. Қўрқадиган жойим йўқ. (Ёмғирпўшини кияди.) Бунақа қизлар ҳамиша ҳам учрайвермайди. Ҳеч нарса тушунмабсан шекилли. Фаришта-ку… Балки, мен уни бир умрга яхши кўриб қоларман, ким билади. (Эшик томон юради.)
Саяпин. Тўхта! Тўхта, деяпман сенга!
Зилов. Нима демоқчисан? Қисқа қил. Мени кутиб турибди.
Саяпин. Улар мақолани талаб қилишяпти. Нима қиламиз?
Зилов. Яна мақола! Минг лаънат ўша мақолага. Бериб юборамиз, вассалом. Имзо чек.
Саяпин. Ўзинг биласан, бу мен учун ўта хавфли.
Зилов. Жин урсин! Биринчи марта таваккал қилаётганимиз йўқ-ку. (Эсига тушиб) Тўхта-тўхта! Қуръа нима бўлди? Танга! Қани у?
Ҳар иккаласи ҳализамон ташланган тангани қидиришади.
Қанақа эди?
Саяпин. Пукка – топширамиз, чикка – йўқ… Мана. Чикка. Ўзинг кўр.
Зилов. Юришмади. Ишим ўнгидан келмади… Тўхтаб тур, менимча, сен адашдинг, чалкаштириб юбординг. Чикка – топширамиз, пукка – йўқ… Кел, қайтадан ташлаймиз! Чикка – топширамиз, пукка – йўқ. (Тангани осмонга отади.)
Саяпин. Пукка.
Зилов (алам билан) Жин урсин!.. Начора – тақдир экан. Ўша аҳмоқона мақола билан шуғулланамиз. (Эшик томон юради.)
Саяпин. Бўлмаса, унинг олдига биргаликда кирамиз. Унинг даккиларини бир ўзим эшитишни истамайман.
Зилов. Яна бир даҳшат!… Менга қара! Худо учликни яхши кўради, дейишади… Учинчи марта ташлаб кўрамиз… Чикка – тан оламиз, пукка – йўқ. (Тангани осмонга отади.)
Саяпин. Пукка
Зилов (енгил тортиб). Худога шукур, ҳеч қурса бир ишни уддаладик. (Эшик томон юради.)
Телефон жиринглайди.
Саяпин (гўшакка). Ха… Ҳозир… (Зиловга) Тўхта! Сени сўрашяпти.
Зилов. Ким?
Саяпин. Менимча, хотининг.
Зилов. Мен йўқман.
Саяпин. Шу ерда, деб айтиб қўйдим-ку.
Зилов. Тентак! (Гўшакни қулоғига тутиб). Нима?… Нима гап? (Гўшакни кафти билан босиб , Саяпинга) Илтимос, бир дақиқа уни гапга солиб тур. Кўча эшик олдида турибди. Қўполлик қилиб юрма. Уни ҳуркитиб юбориш ҳеч гапмас. Бор…
Саяпин чиқиб кетади.
Хўш, нима бўлди? Учрашишимиз керак?.. Ҳозирми? Бунинг иложи йўқ… Қисталанг иш бор. Ҳисобот… Ҳамма таътилга кетган. Ҳамма учун икки киши терга ботиб ўтирибмиз… Йўқ. Йўқ… Шунчалик куйиб-ёниб бораётган нима экан? Сенга нима бўлди?.. Бирон нарса бўлдими?.. Нима?.. Фарзанд?.. Аниқми?.. Жуда соз. Табриклайман… Ўғил, ишончим комил… Бўлмасам-чи… Хурсандман, албатта… Ҳа, хурсандман, беҳад хурсандман… Нима қилишим керак? Қўшиқ айтайми, рақсга тушиб берайми? Кўришиш?… Бугун кўришамиз. Айни чоғда туғилмайди-ку… Нима?.. Тўхтаб тур! (Алоқа узилади. Афсусланиб) Ана, хафа бўлиб қолди. (Чиқиб кетади.)
Нур сўниб, саҳна алмашади. Чироқ қайта ёнади.
Зилов ўз хонасида телефон олдида ўтирибди. Ўрнидан туриб, у ёқдан бу ёққа юради. Гулчамбар олдида тўхтаб, бир неча сония туриб қолади.
Зилов. Шу ҳам ҳазил бўлди-ю! Лаънатилар!..
Парда тушади
ИККИНЧИ ПАРДА
Бешинчи кўриниш
(Зиловнинг хонаси. Дераза ортида ёмғир ёғмоқда.
Зилов телефонда гаплашмоқда).
Зилов (бетоқат бўлиб). Мен сизга, бу телефонда гаплашиш бефойда, деяпман! Ҳа, бефойда. Сизларда ҳамиша шунақа: вақти-вақти билан ҳаво булутланиб, енгил шамол эсиб туради. Нима? Деразага бир қаранг… Бу, сизнингча, вақти-вақти билан ҳаво булутланиб тургани, менимча, жала қуймоқда. Мен жала қачон тўхташини билмоқчиман… (Осойишта) Буни ким билади? Худо, дейсизми? Шу ҳам жавоб бўлди-ю. Табиатни бўйсундирувчилар эмиш! Ҳатто ёмғирнинг қачон тўхташини билмайсизлар-у… Қизиқ, сизлар ўзи нима билан машғул бўласизлар.. Нима? Шошманг, шошманг! Келинг, озгина лақиллашайлик. Барибир сизларнинг ишларингиздан ҳеч қандай наф йўқ… Сингилгинам, жаҳлингиз чиқмасин… Қирқ ёшда? Нима бўпти? Ёшлигингизни эсласангиз ёмонми? Менинг ёшимми? Нима десам экан. “Мен ёш қизчаман, аммо қалбим минг йиллик…” Шунақа қўшиқни эшитганмисиз? Нима? Сизни чақириб қолишдими? Афсус. Ўта афсусланиб қоламан. (Гўшакни жойига қўйиб, каравотга чалқанчасига ётади.)
Хона қоронғилашиб, саҳнада чироқ ёнади.
Учинчи хотирлаш бошланади
Зиловлар хонадони. Каравот-тахта, бир неча стул, дераза раҳида эса мовут мушук турибди. Эрта тонг. Галина чироқ ёнганича қолган, бир даста дафтарлар турган столга бошини қўйган ҳолда ухлаб ўтирибди.Эшикнинг қулфи шиқирлайди. Галина уйғониб бошини кўтаради. Кўзойнагини ечиб столга қўяди ва дераза томонга ўгирилади.
Зилов пайдо бўлади.
Зилов: Салом.
Галина: Хайрли тонг. (Столда турган чироқни ўчиради.)
Зилов: Нега ухламаяпсан?
Сукут.
Нима, ишинг шунақа кўпми? (Костюмини ечиб, каравот устига ташлайди.) Нима, умуман ётганинг йўқми?
Қисқа сукут.
Йўқ-йўқ, бас. Бунақа кўп ишлаш ярамайди. Ахир от эмасмиз-ку. (Тахтага ўтиради.) Турган жойимда йиқилиб тушгудекман. (Эснайди.) Йўқ, бу идорадан кетиш керак. Кетиш, кетиш… Ўзинг ўйлаб кўр, шу ҳам иш эканми? Биласанми, қаёққа бориб келдим?
Қисқа сукут.
Тасаввур қилиб кўргин, Свирскда бўлдим. Кеча тушдан кейин мутлақо кутилмаган бир пайтда… Қаёққа? Чинни заводига. Зудлик билан жўнаб кетишга тўғри келди! Катта кўламдаги воқеа: цехни реконструкция қилиш. Тубдан ўрганиш, умумлаштириб хулоса чиқариш ва илм оламини хабардор қилиш. Нима тўғрисида? Номига завод, аслида – саноат артели. Бир пулга қиммат. Йўқ, бу менга тўғри келмайди. Ахир мен, нима деганда ҳам, инженерман…
Қисқа сукут.
Мактабингга телефон қилган эдим. Дарсда, дейишди… Уйга телефон ўрнатишимиз керак. Бу ўта зарур, ҳўп де… Галка!
Жимлик.
Нима, мен билан гаплашгинг йўқми… Ажаб…
Сукут. Каравотга ётади.
Нима бўлди? Нимадан норозисан? Балки, бирон айбим бордир, айт, нима экан… Балки, кўпдан бери хат олмаганингга? Болалик дўстингдан. Лекин менинг гуноҳим нима? Чарчадим, уйқум келяпти. Кўрпа-ёстиқ бер менга… Эшитяпсанми? Икки соатгина ухлаганман. Вокзалда…
Қисқа сукут.
Йўқ, нима гап ўзи? Балки менга ишонмаётгандирсан?
Галина: Кечки пайт сени шаҳарда кўришибди.
Зилов: Нима-а.. Қизиқ… Ким кўрган экан? Мени кечки пайт шаҳарда кўрганмиш… Ғаройиб!
Қисқа сукут.
Кечки пайт, деб нимани айтасан? Агар соат еттини назарда тутаётган бўлсанг,марҳамат, тушунтириб беришим мумкин.
Галина: Битта сўзингга ҳам ишонмайман.
Зилов: (ҳақоратлангандек бўлиб). Жиддий гапиряпсанми?
Галина: .Сенинг битта сўзингга ҳам ишонмайман!
Зилов: (осойишта). Чакки қиласан. Хотин эрига ишониши керак. Бўлмасам-чи. Оилавий ҳаётда муҳими – бу ишонч. Акс ҳолда, оилавий ҳаёт бемаънилик. Хўш, кеча ким мени шаҳарда кўрган экан. Тўғрироғи, гўё кўрган эмиш?
Галина: Бунинг аҳамияти йўқ.
Зилов: Йўқ, сенда ҳеч қандай шубҳа қолмаслиги учун барини аниқлашимиз керак. Мени ким қаерда кўрган экан?
Галина: Соат ўнда гастрономда кўришибди.
Зилов: Ким?
Галина: Барибир эмасми! Қўшни аёл кўрибди.
Зилов: Марья Васильевнами? Ўшами? Ундай бўлса бари тушунарли. Ахир у узоқдан яхши кўрмайди-ку. Ўзинг ўйлаб кўр, у мени кўрибди-ю, мен уни кўрмабман. Бундай бўлиши мутлақо мумкин эмас. Кампири тушмагир, адаштирган. (Унинг олдига бориб) Галка, жудаям шубҳачи бўлиб қолдинг. Менга нисбатан кўпроқ қўшниларимизга ишонасан. Уялмайсанми. (Уни қучади.)
Галина: (унинг қучоғидан чиқиб). Чарчагансан…
Зилов: Нима бўпти?
Галина: Мени қучоқламай қўя қол, яхшиси, ётиб ухла.
Зилов: Унчалик чарчаганим йўқ. (Яна уни қучоқламоқчи бўлади.)
Галина (ундан нари кетиб). Йўқ. Бу менга ёқимсиз… Умуман энди иккимиз ўртамизда бунақа иш бўлмайди.
Қисқа сукут.
Зилов: (шошиб). Бу нима деганинг? Сенга нима бўлди ўзи? Нега менга бунақа қараяпсан? Бунинг нимаси? Бегоналарга, масалан, зўрлик қилмоқчи бўлган одамга шунақа қарашинг мумкин. Нима бўлганда ҳам эрингман… Ҳатто менга бола туғиб бермоқчисан.
Галина: Ташвишланмай қўя қол. Бола бўлмайди.
Зилов: Нима-а? Бу билан нима демоқчисан? Касалхонага бориб келдингми?
Қисқа сукут.
(Дўқ билан) Гапир! Касалхонада бўлдингми?
Галина: Гўё сен буни истамагансан, деб ўйлаш мумкин.
Зилов: ( у ёқдан бу ёққа юриб). Нима қилиб қўйдинг! Бундай қилишга қандай журъат этдинг! Нега яширинча қилдинг бу ишни? Гапир! Бунақа ишни якка ўзинг ҳал қилишга ҳаққинг йўқ, эшитяпсанми? Нима қилиб қўйдинг! Тушуняпсанми? Йўқ, мен буни кечира олмайман!
Галина:. Айёрлик қилма.
Сукут.
Зилов: Даҳшат бу… Мен билан маслаҳатлашмаганингни кечириб бўлмайди. (Қисқа сукут.) Хўш, энди бу ёғи нима бўлади? Бўлар иш бўлибди.. (Унинг ёнига келади.) Ўзинг қалайсан? Тузукмисан? (Қисқа сукут.) Куйинма. Бўлар иш бўлибди. Бу хатойимизни тўғрилаймиз. Ҳаммаси жойида бўлади, эшитяпсанми? Янаги сафар менинг маслаҳатимсиз қадам босмайсан. Худди шундай. Доим менинг назоратимда бўласан. Ишонмайсанми?
Галина: Битта сўзингга ҳам ишонмайман.
Зилов: Нега? Мен сенга ишонаман-ку.
Галина: Мен эса сенга мутлақо ишонмайман.
Зилов: Ажабо. (бир нафас жим туриб) Қачонлардир бир-биримизга ишонамиз, деб сўз берган эдик, эслаб кўргин… Қўшниларга эмас, бир-биримизга… Балки бунақа бўлмагандир? Ё ёдингдан кўтарилиб кетганми?
Галина: “Қачонлардир”… Эсингга келибди-да. Қачонлардир нималар бўлмаган…
Зилов: Ёки бирон нарса ўзгардими?
Галина: Ўзгардими, дейсанми? Йўғ-е. Фақат бари ўтди-кетди.
Зилов: Гапимга қулоқ сол. Кел, яхшиси, ваҳима қилмайлик. (Унинг олдига бормоқчи бўлади, Галина орқага чекинади .Хона ўртасидаги стулга ўтиради.) Тўғри, баъзи нарсалар ўзгарди. Ахир ҳаёт давом этяпти. Лекин сен билан биз боягидаймиз-ку. Масалан, мен ҳамон ўшандагидайман, ҳеч нарсам ўзгаргани йўқ. Олти йил олдин қандай бўлсам, шундайман. Ўша кечадагидай. Эсингдан чиқмаган бўлса керак?
Галина: Ҳозир кеча эмас, тонг отди. Бас қил. Йўқ, ҳеч нарса қолмади.
Зилов: Йўғ-е, ҳаммаси жой-жойида. Бирон нарса кўнгилдагидек бўлмаса, такрорлашимиз мумкин. Айни чоғда… Бари ўз қўлимизда.
Галина: Ҳеч нарсани қайтара олмаймиз.
Зилов: Ишонмаяпсанми? Мана, ҳозир кўрамиз. Кўзларингни юм. (Қисқа сукут.) Майли, қараб турақол. (Хонани кўздан кечириб чиқиб) Мана бунақа… Айтгандек, у кичикроқ эди… Стол мана бу ерда эди. (Столни жойидан жилдиради.) Каравот – мана бу ерда. (Каравотни жилдиради.) Мана бунинг кераги йўқ. (Дераза раҳида турган мушукни олиб, каравот тагига ташлайди.) Яна нима? Вино бор эди. Уйда вино йўқми? Афсус. Ҳа, гул! Гуллар бор эди… Қанақа гуллиги эсингда йўқми? Менимча, бойчечак эди. Ҳа, апрель эди-да. Апрелмиди?
Галина: Бас қил. Бунга тегма. Яхшиси тегма.
Зилов: (кўнгли қолиб). “Тегма?” Бу билан нима демоқчисан? Ўша кеча мен учун илоҳий бир нарса. Байрам. Ҳозир биз уни қайтарамиз, кўрасан… Гуллар! (Столда турган мис кулдонни қўлига олиб, уни Галинага кўрсатади.) Бу бойчечаклар. Мен сенга бойчечак олиб келганман.
Галина: Нима, мени майна қиляпсанми?
Зилов: Йўғ-е! Наҳот тушунмасанг? Мана бу ерга ўтир… Ўтира қол, илтимос… Мен кирганимда сен дераза олдида ўтирган эдинг. Мана бу ерда ўтир… (Куч билан ўтқазади.)
Галина (стулдан туриб).Тинч қўй мени, илтимос.
Зилов (яна ўтқазиб қўяди). Деразадан ташқарига қараб ўтирардинг.Деразага қарагин… Дераза очиқ эди. (Деразани очиб қўйиб, орқага қайтади.) Яна нима эди?
Галина: Худо ҳаққи, бас қил.
Зилов: Йўқ, худо йўқ эди. Лекин рўпарамизда черков бор эди, эсингдами? Йўқ, планетарий. Ҳа, ичида планетарий, таши эса черков эди. Эсингдами, черковда никоҳ ўқитишни истайман, деган эдинг? Мен сенга нима жавоб қилган эдим?
Қисқа сукут.
Ўшанда, адашмасам, сени ўпиб қўйган эдим… Ҳозир барини такрорлаймиз. Ҳозир шунақа дейсан, мен эса сени ўпиб қўяман.
Галина:. Мени ўз ҳолимга қўй, деяпман. Илтимос.
Зилов: Тўғри, олдинга ўтиб кетмайлик. Сен деразадан қараб ўтирардинг. Киришим ҳамон менга қайрилиб қарадинг… Хуллас, кириб келдим. Сен ўтирган жойингда ўгирилиб, менга қарайсан. Қайрилиб қара… Йўқ, қайрилиб қарашинг керак. Сен қайрилиб қараганингда бир-биримизнинг кўзимизга тикилдик. Ана шу дамларда ҳамма нарса шу кеча ҳал бўлишини англадим. Буни сен ҳам ҳис қилган бўлсанг керак… Хўп. Ҳаммаси навбат билан. Мен кираман, сен менга қайрилиб қарайсан. (Қичқириб) Киряпман!
Галина беихтиёр қайрилиб қарайди.
Ҳа, майли… Бунақаси ҳам бўлаверади… (Ўзича ижро этади.) Кеч қолмадимми?
Галина: Кеч қолдинг. Бугун эрталаб эмас, кеча оқшом келишинг керак эди.
Зилов: Вой, худойим-эй! Тушунсанг-чи, ҳозир сен бу ерда эмас, у ёқдасан, эски уйингдасан. Англаяпсанми? Ўша кеча. Қани… (Ижро этади.) Кеч қолмадимми?
Галина жим. Зилов унинг олдига келиб,
Кулдон – гулларни беради.
Галина: истеҳзо билан). Раҳмат.
Зилов: Бу ерда кимни пойлаб ўтирибсан, ростингни айт?
Галина (бир нафасдан сўнг илжайиб). Салом, Витя. Айт-чи, бирон марта черковда бўлганмисан?
Зилов: Ҳа. Йигитлар билан бир марта маст пайтимизда кирганман. Сен-чи?
Галина (заҳарханда кулиб). Мен эса бувим билан бирга кирганман.
Зилов уни ўпмоқчи бўлади.
Илтимос, суйканма.
Зилов: Йўқ-йўқ. “Суйканма”. Бунақа бўлмаган. Қани, ўшанда нима деганингни эслаб кўр.
Қисқа сукут.
(Аччиқ гина билан). Мана,кўрдингми, ҳеч нарсани эслай олмаяпсан.
Галина: Менинг-ку эсимда-я. (Масхараомуз илжайиб) Тасаввур қилгин: икковимиз зиналар оша тепага кўтариламиз, уйга кирамиз, у ерда эса сокинлик. Шамлар ёниб турибди. Ҳарқалай, тантанали ҳолат эди…
Зилов: Худди шундай! Кейин мен мана бу ерга ўтирдим (ўтиради) ва сендан: “Уй соҳибаси шу ердами?”, деб сўрадим.
Галина: Батамом бошқача бўлган. Сен ҳаяжонланаётган эдинг…
Зилов (ижро этади). Хонадон соҳибаси уйдами? (Жавоб кутади,сўнг ўрнидан сапчиб туради,) Йўқ, навбатчиликка кетган… Хўш! (Ижро этади.) Соҳиба уйдами?
Галина (ўйчан ҳолатда). Ҳа. У ўша кеча навбатчиликда эди…
Зилов (ижро этади). Демак, бугун уйда бўлмас экан-да?
Зилов Галинани қучоқлайди. Галина секингина ўзидан узоқлаштиради.У ўтмиш хотираларига берилиб кетади.
Зилов: Демак, бугун уйда бўлмайди?
Галина:. Бунақа эмас. Мен сенга… (Секин овоз билан ўша сўзларни такрорлайди.) Бирон ёққа борайлик.
Зилов ( “ўйин”ни давом эттириб).Йўқ.
Галина:. Планетарийга борамиз. Ахир бирон марта ҳам бўлмаганмиз у ерда.
Зилов: Йўқ.
Галина: Хоҳласанг, ётоқхонанггача кузатиб қўяман.
Зилов: Мени кетсин деяпсанми?
Галина: Йўқ…Юр, кўчада сайр қиламиз, илтимос…
Зилов: Ҳеч қаёққа бормайман.
Галина: Нега?
Зилов: Негаки… (Ямланиб) Негаки…
Галина (тоқатсизланиб). Нима учун?
Зилов (эслаб). Чунки сени севаман.
Галина: Озгина айланиб юрсак, севмай қўясанми?
Зилов (иккиланиб). Йўқ, лекин ортиқ чидай олмайман…
Галина (дадил). Юр, илтимос. Мени яхши кўришингни исботла… (Кутади, сўнг) Хўш, нима дейсан? (Ҳаяжонланиб) Гапир, гапирсанг-чи.
Зилов (нотабиий оҳангда). Сенсиз яшай олмайман.
Галина: Бунақа эмас. Ҳеч ҳам бунақа эмас. Наҳот ҳис қилмаётган бўлсанг? Қани?
Зилов (иккиланиб). Азизим…
Галина: Бунақа эмас!
Зилов (сўроқ маъносида). Севгилим?
Галина: Йўқ!
Зилов (шумлик билан). Бебаҳо жонгинам!
Галина (изтироб билан). Йўқ! Йўқ! Йўқ! Наҳот шунчалик…
Зилов: Ташвишланма… Бир дақиқа, бир дақиқа… Ҳозир ҳаммаси жойида бўлади… Эсладим! (Қўлидан тутиб) Кел!
Галина (қўлини тортиб олиб). Йўқ! Сен менга энг муҳимини айтмадинг.
Зилов: Бунинг аҳамияти йўқ. (Қучоқламоқчи бўлади.)
Галина: Йўқ! Сен буни эслашинг керак… Қани, эслаб кўр, илтимос.
Қисқа сукут.
(Руҳи тушиб). Эслайсанми ё йўқми?
Сукут. Галина кутади.
Зилов: Жин урсин! Эркаклар бундай дамларда нималар демайди!
Галина (изтироб билан). Ҳаммасини эсингдан чиқарибсан. Ҳаммасини!
Зилов: Хўп, етар. (Бир мунча дағаллик билан) Кела қол. (Уни куч билан ўзига тортади.)
Галина унинг қучоғидан чиқиб,секин орқага чекинади. Ҳар иккаласи жим бўлиб қолади. Галина стулга ўтириб йиғлай бошлайди.
(Астойдил афсусланиб) Ана холос… Ёшликни эсладик.
Чироқ ўчади.
Олтинчи кўриниш
Каравотда ётган Зилов ўрнидан туриб, хонада у ёқдан бу ёққа юради. Деразанинг олдига бориб тўхтайди, сўнг телефонда рақам теради.
Зилов: Дима? Бу мен, Зиловман… Бу ёмғир ҳеч қачон тўхтамайди, шекилли… Сурункасига қирқ кечаю қирқ кун қуяди. Нима? Бир замонларда шунақа бўлган экан… Дима! Ҳозир кетаверсак нима бўлади? Нима? Ключида тунаймиз-а? Кажавасиз кетсак-чи? Мотоцикл кажавасиз бўлса, осонгина олиб ўтамиз, ишончим комил… Бўлмайди, дейсанми? Яхшимас… Очиғини айтсам, кайфият ёмон… Бу ҳам етмагандек, дўстларим мени ғоят хурсанд қилишди… Эшитмадингми? Биласанми, улар менга нима юборишибди? Гулчамбар… Гулчамбар! Гўрга тобут устига қўйиладиган ростакам гулчамбар… Шунақа ҳазил қилишибди лаънатилар! Сенга кулгилими? Менга эса унчалик кулгили эмас… Биласан, менинг кўнглим нозик, энди бу ҳазил тушларимга кириб чиқади… Дўстлармиш! Ҳақиқий дўстлар шунақа қилишадими? Менга қара, сен билмаганмидинг буни? Худога шукур, битта бўлса-да, бамаъни одам бор экан… (Безовта бўлиб) Дима! Кеча мабодо сенга мушт туширмадимми? Худога шукур… (Ҳаяжонланиб) Қария, бемаъни саволим учун кечирасан, айт-чи, менга муносабатинг қанақа? (Тинглайди.) Мен эса… Мен сенга шуни айтишим мумкинки, кечаги кундан бошлаб якка ўзим қолдим…. Йўқ. Шундай ҳис қиляпман ўзимни. Хуллас, менга энг яқин одам сен экансан… (Сохта кулги.) Йўқ, гап бунда эмас…Умуман, худога шукурки, бирга овга борамиз… Ҳа, қўнғироғингни кутаман. (Гўшакни жойига қўйиб, хонада юради, сўнг деразанинг рўпарасига бориб туради.)
Навбатдаги хотирлаш
Техникавий ахборот Бюроси. Зилов билан Саяпин ўтиришибди.
Зилов: Соат бешдан ошди. Бас. (Қоғозларни стол ғаладонига солиб қўяди.) Тўхтат. Кейинги пайтларда худди машинадек ишлаяпсан.
Саяпин: На чора? Мунозара қилиш, баҳслашиш – сенга осон, алоҳида уй-жойи бор одамсан. Бу катта ютуқ. Масалан, бировнинг уйида ҳамма нарса кафтдек очиқ-ойдин кўриниб туради. Хотининг жанжал қила бошласа, ювош одам бўлсанг, чидайсан… Мен эса, балки калтаклашни хоҳларман? Йўқ, дарҳақиқат… Квартира бергандан кейин кўрамиз, ким кимни…
Зилов (кулади). Янги уйга кўчганингизда сизларга бокс қўлқопларини совға қиламан.
Саяпин: Ҳа, квартира масаласида сен эркин одамсан. Бу идора ёқмай қолса, хоҳлаган пайтингда жўнаб қолишинг мумкин.
Зилов: Масалан, қаёққа?
Саяпин: Биронта завод ёки илм-фан идорасига.
Зилов: Бу гапларингни қўй, қария, сен билан менинг замонимиз ўтиб кетди.
Саяпин: Нега энди?
Зилов: Чунки, масалан, сен, менинг дадам айтганларидек, ялқов ва мафкуравий бузуқ одамсан.
Саяпин: Сен ўзинг-чи?
Зилов: Менми? (Илжайиб) Мен-ку яна бирон нарса билан шуғулланишим мумкин. Лекин истамайман. Хоҳишим йўқ.
Саяпин: Шахсан менга бу ерда ҳам ёмон эмас, фақат хотиним…
Зилов: Йўқ, қария, бу идора сен билан мен учун энг мақбул жой. Жонажон ватанимиз шу ер.
Саяпин: Кўрамиз. (Стол устидаги қоғозларни йиғиштиради.) Сенинг режаларинг қанақа? Биз футболга бормоқчимиз.
Зилов: Боринглар.
Саяпин: Унгача (столдан шахмат тахтасини олади) бир қур ўйнашга улгурамиз.
Зилов: Бемалол.
Саяпин: Бугун қизиқ ўйин бўлиши керак. Бизникилар Краснорярск билан ўйнашади. (Телефон рақамларини теради.)
Зилов: Телефонни банд қилма. Қўнғироқ қилишини кутяпман.
Саяпин (телефонга). Кузаков? Кайфиятинг қалай? Бир карра мот қилишни истайсанми? Ундай бўлса, вақтим борлигида кирақол.
Зилов: Қўнғироқ қилишини кутяпман, эшитяпсанми?
Саяпин (телефонга). Эсингдан чиқмадими, мен оқ доналар билан ўйнашим керак… Бўлақол. (Гўшакни жойига қўяди.) Сенга ким қўнғироқ қилиши керак? (Шахмат доналарини тера бошлайди.) Ўша қизча эмасми?
Зилов: Ўша бўлса нима қилибди?
Саяпин: Унга қаттиқ ёпишган кўринасан.
Зилов: Менга ёқиб қолди.
Телефон жиринглайди.
(Гўшакни қўлига олиб) Ира? Салом, жонгинам… Қаердасан?
Саяпин: “Севгилим, қувончим менинг, нега мен билан бирга эмассан…”
Зилов: Сени соғиндим… Ишонмаяпсанми? Қандай қилиб исботлашим мумкин? Қанчалик озиб кетганлигимни ўзинг кўрасан… Ҳа, кечадан бери… Бунга кўп вақт керак эмас. Бунақа ишлар тез бўлади… Қаердасан?. Нима? Автоматдан? Халақит беришяптими? Ким? Тегажоқлик қилишяпти? (Саяпинга) Йигитчалар тегажоқлик қилишаётган экан.. Ана, кўрдингми, нақадар покиза қиз… (Телефонга) Даф бўлинглар, деб ҳайдаб юбор. Милиция чақираман, де… Фақат жилмая кўрма, эшитяпсанми! Соат олтида “Незабудка”да кутаман… “Незабудка”да соат олтида. Кеч қолма… Нима? Улар билан гаплаша кўрма. Мутлақо! (Гўшакни жойига қўяди.) Безори болалар сурбет бўлиб кетишди.
Саяпин: Мен бир нарсани тушунмаяпман, сен уни чиндан севиб қолдингми ёки шунчаки…
Кушак пайдо бўлади.Унинг қўлида юпқагина китобча.
Кушак: Нима, мени қаматиб юбормоқчимисизлар?!
Қисқа сукут.
Бу сохта дардисарни қаердан олдиларинг?
Қисқа сукут.
Мана бу ғирт қалбаки маълумотни қайси бирингиз қўлимга тутқаздингиз?
Зилов: Хўжайин, нима бўлди?
Кушак: Ҳа, албатта, ҳеч нарсадан хабарларингиз йўқ…
Зилов: Нима, бу ерда бирон мавҳумликлар бор эканми?
Кушак: Мавҳумликлар? Сизларни бу қадар камтарсизлар деб ўйламаган эдим. Мавҳумлик! Бари ҳаводан олинган тўқима гаплар! Турган-битгани ғирт ёлғон!
Зилов: Аниқроғи нима экан?
Кушак: (китобни очиб кўрсатади). Мана! Мана! Гўё ҳеч нарса билмайсизлар!
Зилов: Чинни заводими? Наҳотки?
Кушак: У ерда ҳеч қандай қайта қуриш бўлмаган.
Зилов: Йўғ-е, наҳотки?
Кушак:. Бу ерда рост бўлган биронта сўз йўқ!
Зилов: Шунақа бўлса, бу ростдан ҳам даҳшат. Жанжал! Нега бунақа бўлди экан? Аниқлаймиз, бошқа нима ҳам қила олардик? Ҳозир… Асл нусхаси қаёқда экан? (Стол ғаладонларини очиб кўради.)
Кушак:. Бу билан қайси бирингиз шуғуллангансиз?
Қисқа сукут.
Зилов: Мен.
Кушак: Зилов, сиз менга тобора кўпроқ ёқмаяпсиз.
Зилов: Иложим қанча. Ё сочимни бошқача тарашлатсаммикин?
Кушак: Киноя қилишнинг ўрни эмас, Зилов. Бунинг бари, сиз ўйлагандек, кулгили эмас. Ўтиринг, тушунтириш хати ёзинг. (Саяпинга.) Сиз ҳам.
Саяпин: Мен ҳамми?
Кушак: Ҳа, сиз. Айнан сиз. Мақолага ҳар иккалангиз имзо чеккансизлар. Иккалангиз жавоб берасизлар.
Зилов: Бунга Саяпиннинг алоқаси йўқ.
Кушак: Демак, биргина сиз айбдорсиз бунга?
Зилов: Демак, шунақа.
Кушак: Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Бу сиз томондан олийжаноблик, ҳатто ўта олийжаноблик. Сизни яхши тушуниб турибман. Ҳақиқий дўстларгина шунақа қилишлари мумкин.
Зилов: Унга мен панд берганимни тушуниб турибман.
Кушак: (истеҳзо билан). Аҳ-ҳа, демак, унга сиз панд бергансиз. Демак, сизни жазолаш, уни эса тақдирлаш лозим. Сизни тўғри тушундимми?
Зилов: Мантиқан мутлақо тўғри.
Кушак: Шунақа, шунақа. Умуман олганда, ёмонмас. Ғоят ажойиб… Фақат бир нарса ёмон… Бошқаларни ўзларингизга нисбатан аҳмоқроқ деб ўйлаганларингиз ёмон, дўстларим. Ёки бу ҳам яхшими?
Зилов: Бу ёмон, албатта.
Кушак: Ёмон! Жуда ёмон. Нима учун уни ҳимоя қилаётганингиз ҳаммамизга, жумладан, менга яхши тушунарли… Хўш, мен нимага асосан ҳаммангиздан аҳмоқроқ бўлишим кераклигини айта оласизми? (Зиловнинг кўзларига тик боқиб). Хўп, денг. Бу масалани сизларнинг олдиларингизга кўндаланг қўйишим керак эди. Эртами ё кечми.
Эшик олдида Валерия пайдо бўлади. Хонадагилар уни кўришмайди.
Зилов: Ҳа, қизиқ масала…
Кушак: Давоми янада қизиқроқ бўлади. Айтинглар-чи, бизнинг идорамизда ишлаш сизларга маъқулми?
Зилов (бир мунча тараддуддан сўнг). Ҳа, маъқул. Нима, масала шу даража кескинми?
Кушак: Мана бу ўтакетган масъулиятсизлик биргина сизнинг айбингиз бўлса, мен сизни ишдан бўшатаман. (Қисқа сукут.) Дўст-биродарлар, кўриб турибсизки, ҳақиқатни айтишингизга тўғри келади. Хўш, бу билан ким шуғулланди? Бир ўзингизми ёки ҳар иккалангизми?
Қисқа сукут.
Саяпин: Бу мақоладан менинг хабарим йўқ. Уни Зилов тайёрлаган. Мен унга ишонган эдим.
Кушак:. Яхши-и… (Зиловга) Хўш, энди нима дейсиз?
Зилов: Айтдим-ку. Мақолани мен тайёрлаганман.
Кушак: Ундай бўлса, масала ҳал. (Саяпинга) Лекин барибир ҳайфсан оласиз. Келажакда то диққат билан ўқиб чиқмаганингизча ҳеч нарсага имзо чека кўрманг. Бу ўз вақтида ҳатто ёш болага ҳам маълум бўлган ҳақиқат. Бемаънилик!
Валерия: Салом.
Кушак: Хайрли кун.
Валерия: (Кушакка). Улар бу ерда нима гуноҳ қилиб қўйишибди? Енгилтаклар! Вадим Андреевич, уларни уришиш эмас, калтаклаш керак. Афсуски, мен ночор аёлман…
Кушак: Ҳа, мен сизга арз қилишга мажбурман. Улар ишда қўпол хатога йўл қўйишибди. Кечириб бўлмайдиган даражада хато, десам тўғрироқ бўлади.
Валерия: Шунақами? Яхшилаб жазоланг буларни. Биринчи навбатда эримнинг жазосини беришингизни сўрайман.
Кушак: Эрингизга, биласизми, нима етишмайди… м-м…
Зилов: Барқарорлик.
Кушак: Ҳа, айнан барқарорлик!
Валерия: (Саяпинга). Ярамас. (Кушакка) Вадим Андреевич, сиз уларни қанчалик жазоламанг, бажону дил маъқуллайман.
Кушак: Қанчалик аянчли бўлмасин, бу сафар жазоламай тура олмайман.
Валерия: Вадим Андреевич! Калламга зўр бир фикр келди. Унга бундан яхшироқ жазо ўйлаб топиш қийин. Сиз уларга ҳайфсан эълон қилишингиз мумкин. Лекин бу улар учун бир пул. Ҳатто ишдан ҳайдасангиз ҳам… Фақат бир нарса…
Саяпин: Қизиқ,нима экан?
Валерия (Кушакка). Айтайми?
Кушак: Айтинг, Валерия. Худога шукур, сизнинг эс-ҳушингиз жойида.
Валерия (Саяпинга ишора қилиб). Уни футболдан маҳрум қиламиз. Бугун. А, нима дейсиз?
Саяпин (жаҳли чиққандек бўлиб). Нима деяпсан!
Валерия: Ҳа, шунақа..Футболга бориш ўрнига бу ерда ўтириб иш қиласан. Тушундингми? Футболга эса бизлар борамиз. Мен ва Вадим Андреевич!
Зилов: Ёмонмас.
Валерия (Кушакка). Нима дейсиз?
Саяпин: (яна норози оҳангда). Сен бу ерда хўжайинлик қилма…
Валерия: (Кушакка). Маъқулми?
Кушак (ясама кулги билан). Қизиқ, албатта… Лекин шу билан бирга … бу жазо…
Валерия: Демак, масала ҳал… Ахир сиз ҳам футбол ишқибозларидансиз-ку.
Кушак: Менми? Унчалик эмас…
Валерия: Унда Коля учун футбол нималигини тасаввур қила олмайсиз. Юринг! Юринг! Гапимга ишонаверинг, унинг учун бу ҳақиқий жазо.
Кушак: Лекин мен… қандоқ бўларкин?
Валерия: Вадим Андреевич! Улар билан масала ҳал: ҳар иккаласи бу ерда қолиб, иш билан банд бўлишади. Мен-чи? Футболга бир ўзим сўппайиб бормайман-ку…
Кушак: Йўқ, мен-ку… лекин одамлар буни қанақа тушунишлари мумкин? Ҳар хил гап-сўз…
Валерия: Вадим Андреевич! Қанақа гап-сўз бўлиши мумкин? (Саяпинга) Сен қандай фикрдасан, айт-чи?
Саяпин: Вадим Андреевич, афсуски, бизда буйруқ берадиган у. Ҳа, уни гапидан қайтариб бўлмайди.
Валерия: (Кушакни қўлтиғидан тутиб).Вадим Андреевич, кеч қоляпмиз. Зиловни эса таътилга чиқармай туринг. Бир ҳафтага. Овга вақтида етиб бормаса…
Зилов: Бу тўғрида сен ташвишланмай қўяқол.
Валерия: Бу унинг учун энг олий жазо бўлади. (Гарангсиб қолган Кушакни эшик томон етаклайди.) Бўпти, шошиб турибмиз.
Кушак. (остонага етганларида). Валерия, улар шундайлигича қолади, деб ўйласангиз, хато қиласиз.
Валерия: Албатта, ҳар ким айбига яраша жазоланиши керак. Дўстлик ўз йўлига, иш – ўз йўлига… (Чиқиб кетишади.)
Саяпин (ғурур билан). Кўрдингми?
Зилов: Ҳа, у билан хор бўлмайсан.
Саяпин: Турмуш ўртоғим.
Зилов: Ҳа, бир-бирингдан қолишмайдиган оиласанлар. Сен ҳам анойи эмассан…
Саяпин: Қария, сени ишдан ҳайдамайди… Лекин мени ҳам тушун. Квартира масаласи пучакка чиқай деб турган эди. Сенинг кўз олдингда. Наҳот тушунмасанг?
Эшик орқасидан овоз эшитилади.
Овоз. Телеграмма!
Зилов чиқиб, тезда қайтиб киради ва қўлидаги телеграммани очиб ўқийди-ю,бир ерда туриб қолади.
Саяпин: Нима экан?
Зилов: Отам қазо қилибди.
Сукут.
Саяпин:Қачон?
Зилов: Кеча, соат олтида… (Қисқа сукут.) Ота, ота… Билганимда эди… (Сукут. Телефон рақамларини теради.) Галка… Отам қазо қилибди… Ҳа…Ҳа… Сенда пул борми? Қанча бўлса барини олиб кел. Мен кетяпман… Бугун… Ҳозир… Ҳа… Идорада кутаман. Кутаман… (Гўшакни жойига қўяди.)
Саяпин: Улгурасанми?
Зилов: Улгуришим керак… Самолётда беш соат, кемада ярим сутка, у ёғига автобусда… Улгурсам керак, деган умиддаман.
Саяпин: . Ҳа-а… Энди у сени ишдан ҳайдамаса керак.
Зилов: Нима?
Саяпин: Шунақа бахтсизлик бўла туриб, ишдан ҳайдамаса керак, деб ўйлайман. Бундай қилишга ҳаққи йўқ.
Зилов: Овозингни ўчир, тентак!
Зилов бошини қуйи эгган ҳолда ўтирибди. Кузаков билан Вера киришади.
Кузаков: Аликларга салом.
Қисқа сукут.
Нега ғамгинсизлар, қарчиғайлар? Ёки бирон нарса ичкиларинг келиб қолдими? (Шахмат тахтасининг олдига бориб ўтиради.) Қани, бошла, гроссмейстер…
Саяпин: Шошмай тур. Бошқа гап бор.
Кузаков: Бирон нарса бўлдими?
Вера: Ҳаётдан кўнгиллари қолган шекилли.
Кузаков: На чора. Балки улар ҳақдир. Ҳаёт, умуман олганда, бой берилди.
Саяпин телеграммани Кузаковга кўрсатади.
Вера (Зиловга). Алик, сенга нима бўлди? Кечаги ичкиликдан кейин бошинг оғрияптими?
Зилов: Оғзингни юм, тентак!
Вера: Ростдан ҳам феъли айнибди.
Зилов: Овозингни ўчир, деяпман!
Кузаков (Верага). Тегма унга.
Зилов: (Верага). Сен нега келдинг бу ерга? Бу ерда нима бор сенга?
Кузаков: У мен билан бирга келди.
Зилов: Идора-ма идора юришга бошқа одам топмадингми?
Вера: (Кузаковга). Бунга нима дейсан?
Кузаков Верага телеграммани узатади.
Мотам куйи эшитилади.Саҳна қоронғилашади. Мусиқа тинади. Чироқ ёнади.
Хотирлаш давом этади
“Незабудка” кафеси. Зилов билан Галина эшик олдида тўхташади.
Зилов: Энди сен кетавер.
Галина: Уйга кириб чиқишга улгурмайсанми?
Зилов: Нимага?
Галина: Керакли нарсаларингни олмайсанми?
Зилов: Қанақа нарса? Тўйга кетаётганим йўқ-ку… Бора қол. Уйга бор.
Галина: Ҳар қалай, балки бирон нарса…
Зилов: Нима?
Галина: Балки бирга борармиз?
Зилов: Йўқ-йўқ, бир ўзим кетаман.
Галина: Бирга борсак яхши бўлармиди? Сен билан бирга борсам…
Зилов: Нимаси яхши? Бўлар иш бўлибди, ҳеч қандай кўмак ёрдам бера олмайди… Соат неччи бўлди?
Галина:. Йигирма дақиқаси кам олти.
Зилов: Хайр. Самолётнинг вақти бўлиб қолибди. Бу ёққа кириб чиқай. Озгина ичиб олишим керак… Хайр… (Кафега кириб, столлардан бирига ўтиради.)
Галина эшик олдида қолади.
Дима!
Официант келади.
Официант (Галинага). Салом, Галина. Кир, меҳмон бўласан. (Зиловнинг олдига келади.) Салом,Витя.
Зилов: Салом, Дима. Ароқ келтир.
Официант. (секин). Нега хотининг мен билан саломлашмади? Менга-ку барибир-а, лекин бу одобдан эмас… Неча грамм?
Зилов: Икки юз.
Официант кетади. Галина стол олдига келади.
Ҳали ҳам шу ердамисан?
Галина (Ўтиради). Шу ердалигингда сен билан ўтириб турай.
Зилов: Мен ёлғиз қолмоқчиман, тушуняпсанми?
Галина: Тушунмайман. Айни ҳозир ёнингда бўлишим керак, деб ўйлаган эдим.
Зилов: Айни ҳозир бир ўзим қолмоқчиман.
Қисқа сукут.
Галина: Ҳа, тушунаман. Отанг учун мен бегона эдим… Сен учун ҳам кўпдан бери бегонаман… Сенга айтмоқчи эдим, кўпдан бери айтмоқчи бўлиб юрардим… Устма-уст хат оляпман…
Зилов: Қанақа хат?
Галина: Ҳар куни хат оламан.
Зилов: Шунақами? Қизиқ, кимдан экан? Ўша болаликдаги дўстингдан албатта.
Галина: У мени севади.
Қисқа сукут.
Зилов: Сен-чи? Сенинг муносабатинг қанақа?
Галина: Билмайман… Лекин икковимиз ўртамизда… Ортиқ чидаб бўлмайди.
Зилов: Шунинг учун ҳам айни шу пайтда айтишга қарор қилибсан-да?
Галина: Мен сенга керак эмасман.Тўғрисини айтиб қўя қол.
Зилов: Бу гапларни ҳозир айтгани уялмадингми?. Айни отам ўлган кунда дастурхон қилиб ёзяпсан! Раҳмат, анча тинчлантирдинг мени.
Қисқа сукут.
Галина: Мен айбдор бўлсам керак. Лекин ортиқ чидай олмайман… Гуноҳим бўлса, кечир.
Зилов: Йўқ, тортинмай айтавер. Қани, гапириб бер-чи, ўрталарингда…
Галина: Айтадиган ҳеч нарса бўлмаган.
Зилов: Ҳеч нарса? Билмадим, билмадим. Лом-мим демай юрдинг, демак, алдадинг мени. Ўрталарингда нималар бўлганлигини мен қаёқдан билай?
Галина:. Бас қил. Ўйлаб топган гапингни қара-ю.
Зилов: Мен ўйлаб топибманми? Энди кимни севишимни билмайман, деб ўзинг айтдинг.
Галина: Ёлғон!
Зилов: Қай даражага етганингни тушуняпсанми? Шунақа хотинни отамнинг қабрига бошлаб бораманми? Ҳеч қачон! Жўна бу ердан, сени кўргани кўзим йўқ!
Галина: Ақлдан озибсан! Нима деяётганингни ўзинг билмаяпсан.
Зилов: Кет, деяпман сенга! Умуман кўзимга кўринмаслигинг мумкин. Ўша дўстингнинг олдига жўна. Марҳамат. Бахтли бўлишингга тилакдошман!
Галина: Унинг хатларига кўпдан бери жавоб ёзмай қўйганман… Мен унга иккита хат ёзганман, холос. Бор-йўғи иккита хат. Сен нималар деяпсан?
Зилов: (бирдан осойишталик билан). Хўп, майли. Кечирасан, асабийлашдим.Асабларим таранглашиб кетган…
Галина: Ўзим айбдорман. Мени кечир…
Зилов: Майли, сен хафа бўлма… Ёлғиз қолишим керак, дедим-ку сенга… (Қисқа сукут.) Энди уйга борақол. Хўпми?
Галина: (ўрнидан туриб). Яхши.
Зилов: Хафа бўлма.
Галина: Хафа бўлаётгани йўқ. Қачон қайтасан?
Зилов: Қачон? Бир ё бир ярим ҳафтадан кейин.
Галина: Керакли нарсаларингни тайёрлаб бермаганим яхши бўлмади. Ҳатто ёмғирпўшингни ҳам олмадинг.
Зилов: Ҳеч вақоси йўқ, бир амалларман… (Унинг олдига келиб,чаккасидан ўпади.) Кўришгунча.
Галина чиқиб кетади.Сукут.
Официант келади.
Зилов: Соат неча бўлди?
Официант: Беш дақиқаси кам олти… Ейдиган бирон нарса керакмасми?
Зилов: Йўқ… Дима, мен билан бирга ичгин.
Официант (ўтиради). Раҳмат, Витя. Лекин иш пайтида бир грамм ҳам… Биласан, бу – мен учун қонун.(Бир нафасли сукутдан сўнг) Қалайсан, кун санаяпсанми? Қанча қолди? Мотоциклим тахт бўлиб турибди. Витя, қайиқни қатрон билан мойлаб қўйиш керак. Хромовга хат ёзиб юборсанг бўларди.
Зилов: Нима эди?
Официант: Қайиқни айтяпман. Хат жўнатгин.
Зилов: Барини қилиб қўйганман. Қайиқ сувда турибди.
Официант: Яша, азамат.
Зилов: Ўн саккиз кунгина қолибди. (Жим бўлади.)
Официант: Нима тўғрисида қайғуряпсан?
Зилов: Бахтсиз ҳодиса, Дима.
Официант:. Нима бўлди?
Зилов: Отамни дафн қилгани кетяпман…
Официант (қисқа сукутдан сўнг хайрихоҳлик билан). Тушунарли.
Қисқа сукут. Зилов ичади.
Оғир мусибат бу.
Зилов: Айтма… Ярамас ўғил бўлдим мен унга. Тўрт йил мобайнида бирон марта хабар олмадим…
Официант: Ҳа, яхши бўлмабди.
Зилов: Мана, энди кўришадиган бўлдик.
Официант: Узоқдами?
Зилов (тасдиқлаш маъносида бошини силтаб). Улгурмайман, деган хавфдаман. (Бир нафасдан сўнг) Қанча беришим керак?
Официант: Бир сўм олтмиш тийин.
Зилов (ёнидан пул олиб). Айтгандек, мен сендан уч сўм қарзман.
Официант: Уч сўм йигирма тийин, Витя.
Зилов: Кечирасан… (Пулни бериб) Раҳмат.
Официант (пулни санаб). Энди мен сенга ўттиз беш тийин қарз бўлдим.
Зилов ( қўлини силтаб). Қўявер.
Официант: Миннатдорман.
Эшик олдида И р и н а пайдо бўлади.
Зилов (официантга). Кўришгунча, Дима.
Официант: Ҳозирча хайр. Бардам бўл, қария, руҳан тушкунликка берилма. (Кетади.)
Ирина (яқинлашиб). Хайрли кеч.
Зилов: Ўтир.
Ирина партада ўтиргандек қўлларини столга қўйиб, қаддини тикиб ўтиради, сўнг тўсатдан кулиб юборади.
(Унинг қўлларига кафтини қўяди.)
Хўш? Нима қилдинг?
Ирина: Мен итоаткор қизчаман. Сен айтганингдек қилдим.
Зилов: Баракалла, ақлли қиз. Ана у безорилар нима бўлди? Телефон будкаси олдидаги йигитчаларни сўраяпман.
Ирина: Айтма. Улардан аранг қочиб қутулдим. Аллақандай жиннисифат болалар экан. Аввал телефон будкасидан чиққани қўйишмади.
Зилов: Вой, ярамаслар-эй.
Ирина: Йўқ, улар ростдан ҳам ақлдан озишган. Эшикни очинглар, бўлмаса сўкиниб бераман, дедим. Биттаси нима дейди, де? Йўқ, сўкинма. Яхшиси, биз билан бирга юр. Менинг туғилган куним, дейди. Мен йигитим билан учрашгани кетяпман, дедим. Улар, биз сени кузатиб қўямиз, дейишди. Сен мени алдабсан. Озиб қолмабсан. Жиндек ҳам озмабсан. Лекин ғамгин кўринасан.
Зилов: Мен кетяпман.
Ирина: Қачон?
Зилов: Ҳозир. Хайрлашамиз-у, аэропортга жўнайман.
Қисқа сукут.
Ирина: Албатта кетишинг зарурми?
Зилов: Зарур.
Ирина: Ундай бўлса, бор. Мен сени кутаман. Узоқ кутишим керакми?
Зилов: Узоқ. Бутун бир ҳафта.
Галина пайдо бўлади. Қўлида ёмғирпўш билан портфел. Зилов билан Ирина ўтиришган столга яқинлашар экан, уларни кўриб, тўхтайди.
Қисқа сукут. Галина уларга, улар Галинага қараб қолишади. Зиловнинг кафти ҳамон Иринанинг қўлларига қўйилган.
Галина столга яқин турган стуллардан бирига ёмғирпўш билан портфелни қўйиб, тезда чиқиб кетади.
Қисқа сукут.
Ирина: У ким?
Зилов: Менинг хотиним.
Ирина ( ҳайратланиб). Хотининг?
Зилов: Ҳа, мен уйланганман…
Сукут.
Шунақа… Ҳайратланиб қолдинг… Ер билан яксон бўлдинг. Сен учун ҳамма нарса тамом …
Қисқа сукут.
Ҳамма нарса тугади, тўғрими? А? Нега жимсан? Бунақа пайтларда, биласанми, нима дейишади? Мен сенга ўргатишим мумкин…
Ирина (секин). Йўқ…
Зилов: Нима “йўқ”? Хотиним бор, деяпман-ку… Нима,бунинг аҳамияти йўқми?
Ирина: Аҳамияти йўқ… Барибир эмасми…
Зилов: ёнига ўтириб, уни қучоқлайди). Жонгинам, қувончим! Девордек оқариб кетдинг. Тинчлан. Буларнинг бари ҳеч гапмас. Мен ростдан уйланганман, никоҳ қилинганман, аммо биз кўпдан бери эр-хотин эмасмиз, шунчаки дўст бўлиб қолганмиз, холос.
Ирина: Ростданми?
Зилов: Биринчи куниёқ сенга барини айтиб беришим мумкин эди. Лекин нимага керак бу? Қўйсанг-чи! Агар сени алдамоқчи бўлганимда бугун ҳозир алдардим. Синглим, деб айтган бўлардим.
Ирина: Дастлаб нақ ўлиб қолай дедим… Кейин ўзимча, уйланганми-йўқми – барибир эмасми дедим-у, даҳшатга тушдим.
Зилов: Бечора қизалоқ! Ўзимнинг гўзалим! Нақадар жозибали эканлигингни ўзинг ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсан…
Қисқа сукут. Зилов Иринанинг қўлини ўпади. У атрофга қараб қўяди.
ИРИНА. Бирон нарса егим келяпти…
Зилов: Ажойиб фикр. Ҳозир овқатланамиз.. Бирон нарса ичамиз, тўғрими? (Баланд овоз билан) Дима!
Ирина: .Самолётинг нима бўлади? Улгурасанми?
Зилов (шаштидан тушиб). Сен ҳақсан. Шошилишим керак.
Официант келади.
Официант (Зиловга). Мени чақирдингми?
Зилов: Ҳа… (Қисқа сукутдан сўнг бир мунча иккиланиб). Ейдиган бирон нарса ва вино… Кўп эмас.
Официант: Аниқроқ айт, ейдиган нима?
Зилов (Иринага). Нима истайсан?
Ирина: Сен нима есанг, мен ҳам шу.
Зилов: (қатъий). Бифштекс. Салат, бир шиша вино ва икки юз грамм коньяк.
Ирина: Самолётга кеч қолмайсанми?
Зилов: Эртага жўнайман. (Официантга) Сен барини англадинг-ми?
Официант: Тушунарли.
Мотам куйи бошланади-ю,шу заҳоти бошқа, бачкана куй билан алмашади. Чироқ ўчиб, қайта ёнади.
Еттинчи кўриниш
Зилов ўз уйида хона ўртасида дераза томонга қараб турибди.
Зилов: (телефон рақамларини териб). Ётоқхонами? Илтимос, қирқинчи хонадан Иринани чақириб беринг… Нима? Кўп бўлдими? Буюмларини кўтариб кетди, дейсизми? Институтга кира олдими, билмайсизми? Бугунми? Бир дақиқа! Қабул комиссиясининг телефони борми сизда? Икки йигирма уч ўттиз етти… Раҳмат. (Қайтадан рақам теради.) Қабул комиссиясими? Сизни таҳририятдан безовта қиляпти… Кузаков… Ҳа, Кузаков… Сизга илтимос. Институтларингизга Рожкова Ирина Николаевна деган қиз ҳужжат топширган… Рожкова. Инглиз тили куллиятига… Танловдан ўта олдими, йўқми, шуни билиб берсангиз… Ҳа, зудлик билан… Телефон – беш йигирма қирқ саккиз… Қирқ минут? Раҳмат. Кутамиз. (Гўшакни жойига қўйиб, телефон олдида ўтиради.)
Чироқ ўчади.
Навбатдаги хотирлаш
Зиловларнинг бири иккинчисидан ўртадаги девор билан ажратилган икки хонали квартираси. Меҳмонлар кутиб олинган биринчи хонада турли қутилар, ов милтиғининг ўқлари турган столда ўтирган Зилов овга тайёргарлик кўрмоқда. Деворга осиб қўйилган ов милтиғи, ёғоч ўрдаклар ва Зиловнинг фотосурати кўзга ташланади. Иккинчи хонада эса Галина сафарга ҳозирлик кўрмоқда. Столда янги телефон аппарати пайдо бўлган. Галина сафарга ҳозирлик кўришни тугаллаб, чамадон қопқоғини ёпади ва стулга ўтириб хаёл суради.
Қўшни хонадан Зилов киради.
Зилов: Тайёр бўлдингми? Йўлга чиқишдан олдин бир зум ўтирайлик. (Ўтиради.) Телеграмма жўнатдингми?
Галина: Ҳа.
Зилов: Кутиб олишадими?
Галина: Ҳа, кутиб олишади…
Зилов: Уларнинг уйдалигига аминмисан?
Галина: Ҳа, ҳамиша кимдир уйда бўлади.
Зилов: Яхшилаб дам ол. Қўзиқорин тергани олиб боришсин… Амакинг овчи эмасми?
Галина: Менимча, йўқ…
Зилов: Умуман ов масаласи қалай у ерда? Билмайсанми?
Галина: Менимча, яхши. Зўр ўрмон, кўл… (Тўсатдан) Бирга борайлик.
Зилов: Ўша ергами? Овга-я?
Галина: Йўқ, ҳазиллашдим. Сени олиб бормайман у ерга… Сенсиз ўзим мириқиб дам оламан.
Зилов: Тўғри, алоҳида-алоҳида кетганимиз маъқул.
Галина: Рост айтасан.
Зилов: Тезда ов мавсуми бошланади, янги жой қидириб юриш ноўрин. Бир йилдан бери кутаман, таваккал қилиб бўлмайди.
Галина: Ҳа… Таваккал қилишнинг зарурияти йўқ. (Сукут. Ўрнидан туради.) Мени кузатаман, деб ўтирма. Чамадоним енгил… Таксида кетаман.
Зилов: Ихтиёринг… Қачонга кутай сени?
Галина: Кутиш? Сен мени кутармидинг?
Зилов: Бўлмасам-чи. Қачон келасан?
Галина: Қачонлардир келаман…
Зилов: Қачонлардир? Бу нима деганинг?
Галина: Ҳазиллашдим. Бир ойдан кейин келаман… Хўп, кел, хайрлашайлик.
Ўпишади.
Сенга омад ёр бўлсин. Мени эслаб тур. Баъзи-баъзида. Хайр.
Зилов: Хайр… Қайтишингдан олдин албатта телеграмма жўнат. Эшитяпсанми?
Галина: (остонага борганида). Албатта… (Чиқиб кетади.)
Зилов: (бир нафасга ўйланиб ўтириб қолади, сўнг хонани айланиб чиқиб, дераза олдига боради, ташқарига қараб олиб, яна хонани айланиб чиқади. Кейин каравотга ўтириб, телефон рақамларини теради). Ётоқхонами? Илтимос, қирқинчи хонадан Иринани чақириб қўйинг… Рожкова Ирина Николаевна… Чақирадиган одам йўқ? Бўлмаган гап. Мен институтдан иш юзасидан чақиряпман… Проректор… Ҳа, проректорман… Марҳамат қилинг… Кутаман. (Диванга ётади. Сукут.)
Телефон жиринглайди.
(Гўшакни кўтариб, бегона овоз билан) Ўртоқ Рожкова?. Янглишмасам, Ирина Николаевна… Сизни проректор безовта қиляпти… Гап шундаки, бизда бир масала чиқиб қолди… Комсомолмисиз? Йўқ? Нега? Бу изоҳмас… Балки, Худога ишонарсиз? Бўлмаса нимага ишонасиз? Буни , сизнингча, ким билиши керак? Мен билишим керакми? Жиддийроқ бўлиш керак, ўртоқ Рожкова, жиддийроқ… Хўп, яхши, сизни институтга қабул қиляпмиз, стипендия берамиз… имтиёзли стипендия. Биласизми, нима учун? Чиройли кўзларингиз учун… Янглишмасам, кўзларингиз кўк… (Ўз овози билан) Салом, менинг қувончим… (Кулади. ) Ўзимман… Чиндан ишондингми? Бўлди, сўкинма… Кўрасан, ҳаммаси худди шунақа бўлади… Уйдаман… (Дадил) Гап бундоқ. Тезда меникига етиб кел… Ҳозирнинг ўзида… Ҳа… Бир ўзимман… Ёлғиз бечораман… Жўнаб кетди… Ҳозирча бир ойга… Ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Кутаман… Осонгина топасан… Кўрсатган эдим-ку… Ҳа, бекатдан иккинчи уй… Яшил болахона… жуда тўғри. Бешинчи қават, йигирманчи хонадон… Йигирманчи… Кутаман… (Гўшакни жойига қўйиб, у ёқдан бу ёққа юради,сўнг дераза раҳига ўтиради.)
Галина кириб келади.
Нима бўлди? Бирон нарсанг эсингдан чиқиб қолибдими?
Галина: Йўқ, мен сенга ростини айтмоқчи бўлиб орқамга қайтдим. Мен батамом кетяпман.
Зилов: Батамом?
Галина:. Ҳа.
Қисқа сукут.
Зилов: “Батамом” – буни қандай тушуниш керак? Бир умргами?
Галина:. Шундай. Бир умрга.
Зилов: Сен буни жиддий айтяпсанми?
Қисқа сукут.
Буни ўйлаб топганингга кўп бўлдими?
Галина: Ҳа.
Зилов: Демак, бир оғиз айтмасдан кетиб юборишинг ҳам мумкин экан-да?
Галина: Бундай қила олмадим, кўриб турибсан.
Зилов: Тўғри қилаётганингга ишончинг комилми?
Галина: Мени такси кутяпти. Алвидо.
Зилов: Тўхтаб тур. Бунақа ишлар шу йўсинда қилинмайди. Бир умрга кетмоқчисан-у, менинг қандай фикрдалигим билан ҳатто қизиқмайсан.
Галина: Илтимос, бошқа гаплар ортиқча. Нима кераги бор? Ҳамма гапларни айтиб бўлганмиз… Олти йил давомида… Ортиқ бардош бера олмайман… Алвидо.
Зилов: Йўқ, бунақаси кетмайди. “Батамом”, “Бир умрга”, “Алвидо” – буларнинг барини каллангдан чиқариб ташла. Бир ойга кетасан, бундан кўпмас.
Галина: Поездга кеч қоламан.
Зилов: Тупурдим ўша поездингга. Қайтиб келаман, деб сўз бер. Бўлмаса уйдан чиқармайман… Сўз бер ва манзилингни ёзиб қолдир. Эшитяпсанми?
Галина: Қанақа манзил.
Зилов: Амакингнинг манзили.
Қисқа сукут.
Галина: Мен амакимникига кетаётганим йўқ.
Зилов: Нима-а? Бўлмаса қаёққа кетяпсан? Кимникига? Болаликдаги дўстингникигами?
Қисқа сукут.
Ўшаникигами?
Галина: Ҳа.
Қисқа сукут.
Бошини қуйи эгиб ўтиради.
Зилов (жиғибийрон бўлиб). Гап бу ёқда экан-да…
Галина: Ўзингни гўлликка солма. Қаёққа кетяпман, кимникига кетяпман – сенинг учун бари бир. Бу сени мутлақо ташвишлантираётгани йўқ. Сени аллақачон ҳеч нарса ташвишлантирмай қўйган. Сен учун ҳамма нарса бефарқ. Дунёда ҳеч нарса сени қизиқтирмайди. Сенда юрак деган нарсанинг ўзи йўқ. Гап шунда. Мутлақо юрак йўқ…
Зилов (уни силкитиб). Сенда-чи, ярамас, сенда борми юрак? А? Қаерда у? Қаерда, деб сўраяпман? Агар бор бўлса кўрсат менга!
Галина: Қўйиб юбор… Қўйиб юбор, деяпман.
Зилов: Ҳа, шошяпсан… Билиб турибман, менга хиёнат қилишга ошиқяпсан… Йўқ, жин урсин! (Иккинчи хонага судраб киради.) Бу унчалик осон гапмас. (Стулга ўтқазади.) Ўтир, жойингдан жилма! Бузуқи аёл! (Болохонага чиқиб қичқиради) Ҳой, биродар! Ҳайдовчини чақириб юборинг, илтимос.
Галина бошини қуйи эгган ҳолда ўтираверади.
Келиши билан айтиб қўйинг. Чамадонни олиб, юқорига кўтарилсин. Раҳмат! (Орқага ўгирилиб қўшни хона сари чопади. Аммо Галина эшикни ичидан қулфлаб олишга улгуради.)
Оч! (Эшикни тақиллатади.) Оч, деяпман! (Орқага қайтиб,елиб бориб елкаси билан эшикка урилади. Эшик очилмайди.) Оч!. Оч, деяпман! Оч! Бўлмаса, ўзингга ёмон бўлади!
Галина эшик олдига ўтириб йиғлайди.
(Бир нафас жим туриб) Оч эшикни, яхшиликча сўрайман… Қонимни қайнатма, кейин афсус қиласан.
Галина ҳўнграб йиғлай бошлайди.
(Жим туриб қолади.) Ҳа, майли. Оч, тегмайман. Ана у дўстингни эса, эшитяпсанми, ўлдираман… Очақол… Ҳеч қаёққа бормайсан… Бу бемаънилик.
Галина ўрнидан туриб, кўзёшларини артади.
Менинг хотиним эканлигингни унутма… Шу гапингни эшитишим билан сени бўғиб қўймаганимга ҳайронман. (Бир нафас жим бўлиб туради.) Қулоқ сол! Мен сен билан очиқчасига гаплашмоқчиман. Очиқчасига гаплашмаганимизга кўп бўлди. Масала шунда.
Галина секин юриб эшик олдидан кетади.
(Астойдил эҳтирос билан) Мен ўзим айбдорман. Буни биламан. Сени шу даражага олиб келган ўзимман… Сени қийнаб юбордим. Лекин, қасам ичиб айтаманки, бунақа ҳаёт ўзимнинг ҳам мана бу еримга келган… Тўғри айтдинг, бу дунёда нима бўлмасин, ҳаммасига бефарқ қарайман. Мен билан нималар бўлаётганини ўзим ҳам билмайман… Билмайман… Наҳот менда юрак деган нарса бўлмаса? Ҳа, ҳа, менда ҳеч нарса йўқ, биргина сен борсан. Буни мен бугун тушундим, эшитяпсан-ми? Сендан бошқа нимам бор менинг? Дўстларимми? Ҳеч қандай дўстим йўқ менинг… Аёлларми? Ҳа,улар бўлган. Лекин уларнинг нима кераги бор?! Гапимга ишон, улар менга бир пулга керак эмас… Яна нима? Идорадаги ишимми? Вой, Худойим! Тушунсанг-чи, буларнинг барини юракка яқин олиб бўладими! Мен яккаман, ёлғизман, бу дунёда сендан бошқа ҳеч нарсам, ҳеч кимим йўқ. Ёрдам бер. Сенсиз хароб бўламан… Бирон ёққа кўчиб кетамиз! Турмушни янгидан бошлаймиз, ҳали унчалик қари эмасмиз-ку…
Ирина пайдо бўлади.
Эшитяпсанми?
Ирина тўхтаб қолади.
Эшитяпсанми?
Ирина: Ҳа.
Зилов:. Истасанг, овга олиб бораман. Хоҳлайсанми?
Ирина: Хоҳлайман.
Зилов: Жуда соз… У ерда биласанми, нималарни кўрасан? Қасам ичиб айтаманки, бунақа нарсаларни тушингда ҳам кўрмагансан. Фақат ўша ерларда ўзингни одам деб хис қиласан. Мен сени қайиқда олиб кетаман, эшитяпсанми? Сен қайиғимизни ҳатто кўрмагансан. Нарги қирғоққа ўтказиб қўяман, хоҳлайсанми?
Ирина: Ҳа. (Бу гапларнинг сеҳрига берилгандек, анграйиб туриб қолади.)
Зилов: Аммо, билиб қўй, жуда эрта, тонг ёришмасдан туришимиз керак. У ерда қанақа туман бўлишини кўрасан. Биз, худди тушдагидек, номаълум томонга сузиб кетамиз. Офтоб чиққанда эса… Айтма! Бу манзарани ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Биласанми, қанақа сокинлик. Гўё сен ўзинг ҳам йўқсан у ерда. Ҳа, ҳеч нарса йўқ, ҳеч нарса бўлмайди ҳам… Ўрдакларни ҳам кўрасан. Албатта. Тўғри, мен унчалик мерган эмасман. Лекин гап бунда эмас-ку… Овга биронта аёлни олиб бормаган бўлардим. Фақат сени… Биласанми, нима учун? Чунки, сени севаман… Эшитяпсанми? Оч эшикни!
Ирина: Нима, ёпилиб қолганмисан?
Зилов эшикни итаради.
Ростдан ҳам. (Калитни бурайди.)
Зилов эшикни ланг очади.Сукут. Зилов ҳайрон, ўзини бир мунча йўқотиб қўйган.
Нега менга бунақа қараяпсан?
Зилов: Жин урсин! Қироличанинг ўзисан! Кўйлагинг бунча чиройли! Ғаройиб! Қаердан олдинг уни?
Ирина: Эски кўйлак… Кеча ҳам, ўтган куни ҳам шу кўйлакда эдим-ку…
Зилов: Йўғ-е… Барибир бугун бошқачасан… Мен сени ҳеч қачон бунақа кўрмаганман.
Ирина (шодланиб). Ростданми? Ким сени бу ерга қамаб қўйди?
Зилов: Ким дейсанми? Ҳа, қўшнимиз. Ёши катта одам-у, шунақа бемаъни ишларни қилиб юради.
Ирина: Сен ростдан ҳам мени шунақа яхши кўрасанми?
Зилов: Қанақа?
Ирина: Ҳозир айтганингдек.
Зилов (уни қучоқлаб). Бунга шубҳанг борми?
Ирина: Йўқ… Мен эканлигимни қаёқдан била қолдинг? Ё қадамларим товушини биласанми?
Зилов: Бўлмасам-чи.
Ирина (ўзини бахтиёр ҳис қилиб). Ишонсамми-йўқми?
Зилов: Нега ишонмаслигинг керак? Сенинг келишингни кутаётган эдим… Лекин, ростини айтсам, келаётганингни болахонадан кўрган эдим.
Ирина: Овга борадиган жойинг олисми?
Зилов: Нима дединг? Ҳа, ҳа, анча олисда. Жудаям узоқда.
Ирина: Дадам ҳам мени овга олиб борарди… Нима бўлганда ҳам сен билан бирга бораман. Институтга кираманми-йўқми – барибир бораман. Қачон?
Зилов: Нима қачон?
Ирина: Овга қачон кетамиз, деяпман?
Зилов кула бошлайди.
Нега куляпсан?
Зилов кулишда давом этиб, жавоб бера олмайди.
Сенга нима бўлди? Нега куляпсан?
Зилов (кулги аралаш). Йўқ, йўқ… Менга эътибор берма… Мен шунчаки… Баъзи нарсаларни эслаб қолдим… Ҳозир… Ҳозир… (Кулишдан тўхтаб) Мана, бўлди.
Ирина (сергакланиб). Менинг устимдан кулаётганинг йўқми?
Зилов: Йўғ-е, нима деяпсан?! Бир латифани эслаб қолдим. Кеча идорада айтиб беришган эди. Бирдан эслаб қолдим. Шунақа ҳам бўлиб туради-ку.
Ирина: Менга ҳам айтиб бер.
Зилов: Нимани айтай?
Ирина: Ўша латифани.
Зилов: Арзимайди.
Ирина:. Майли. Айтақол.
Зилов: Хўп, майли… Эр иш юзасидан сафарга, йўқ, хотин иш юзасидан сафарга кетади… Бор-е, бўлмаган гап.
Ирина: Йўқ, гапириб берасан.
Зилов бошини чайқаб “йўқ” ишорасини ифода этади.
Нега?
Зилов: Сенга мумкинмас. Бамаъни латифалардан эмас.
Ирина:. Овга қачон кетамиз?
Зилов: Озгина қолди.
Чироқ ўчади.
Қоронғиликдан телефоннинг жиринглагани эшитилади.Чироқ ёнади.
Телефон олдида ўтирган Зилов гўшакни қулоғига тутади.
Зилов: Ҳа…ҳа… Нима? Ҳужжатларини қайтиб олибди? …Танловдан ўтмабдими? Сиз буни аниқ биласизми? Бир дақиқа! Ҳужжатларини қачон қайтариб олган? Тушунарли… Шошманг, яна бир дақиқа! Сиздан катта илтимос… Айтинг-чи, сиз уни шахсан танийсизми? Ундоқ бўлса, мабодо, тасодифан кўриб қолгудай бўлсангиз, Зилов… Ҳа, Зилов қўнғироқ қилди, деб айтиб қўйинг. Менга албатта қўнғироқ қилсин. Илтимос… (Гўшакни жойига қўяди.) Демак, кетган.
Парда
УЧИНЧИ ПАРДА
Зиловлар хонадони.Столда каттакон қопчиқ-рюкзак билан ғилоф кийдирилган ов милтиғи турибди. Диванда пахталик камзул, полда кирза этиклар ётибди. Дераза ортида ҳамон ёмғир ёғмоқда.
Бошига кепка, эгнига свитер билан кенг-мўл шим кийган, яланг оёқ Зилов телефонда гаплашмоқда.
Зилов: Йўқ, ортиқ чидай олмайман… Дима, биласанми, мен нобоп овчиман, лекин, Худо шоҳид, ёмон ўртоқ эмасман. Мен сенга ўхшаб… Йўқ, кутмайман… Тоқатим тоқ бўлди. Майли… Худо сенга ёр бўлсин… Мотоциклинг ҳам ўзингга… Ҳа, ҳозир, шу дақиқаларда… Ҳа, ёмғирда шибба бўлиб… Бир амалларман… Ключигача автобусда кетаман, у ёғига – пиёда… Пиёда қанақа юриш кераклигини билмайсанми? Тўғри, демак эсингдан чиқмабди… Нима? Қайиқми? Ҳар қачонгидек – марҳамат… Ҳа, меники, нима бўпти? Ҳар қачонгидек тенгма-тенг… Йўқ, ҳеч ҳам аяётганим йўқ, бекорга ташвишланяпсан… Бир дақиқа, Дима, сабр қилиб тур! Бир нарсани сўрамоқчи эдим… тўхтаб тур… Ҳа! Кеча менинг башарамга туширган сен эмасмисан? Ҳеч эслай олмаяпман… Йў-ўқ, шубҳа қилаётганим йўқ, шунчаки сўраяпман… Билганимда сўрамаган бўлардим… Майли, кечирасан, бунга эътибор берма… Шунчаки, қизиқ-да. Яна бир карра узр, хафа бўлма… Хўп, ўша ерда кўришамиз… Кўришамиз… Салом. (Гўшакни жойига қўйиб, тайёргарлик кўра бошлайди. Этикларни кияди.)
Эшик тақиллайди.
Ҳозир!
Эшик ортида овоз. Телеграмма!
Зилов (чиқиб кетади ва телеграммани кўтариб киради, уни овоз чиқариб ўқийди). “Қадрли Алик! Энг яхши дўстимиз Зилов Виктор Александровичнинг бевақт вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдирамиз… Бир гуруҳ ўртоқлар…” (Сукут) Бир гуруҳ ўртоқлар… Ана сенга… (Телеграммани шошмасдан майдалаб йиртади.)
Мотам куйи эшитилади ва у тезда шўх куй билан алмашади. Қоронғида саҳна ўзгаради.Чироқ ёниб, куй тўхтайди.
Охирги хотирлаш бошланади
“Незабудка” кафеси. Иккита стол бирлаштирилган. Официант дастурхон тузайди. Қора кастюм кийган Зилов аллақандай тантанали, ҳаяжонланган қиёфада ўтирибди.
Зилов: Хуллас. Яна бир жуфт шампан виноси. Бўлмасам-чи. Ахир биз учун байрамми-йўқми?
Официант: Қанча одам бўлади?
Зилов: Етти киши.
Официант:. Кимлар?
Зилов: Ҳар қачонгидек. Дўстлар! Яна ким бўлиши мумкин? Ростини айтсам, уларни кўргим йўқ.
Официант: Нима, аразлашиб қолдиларингми?
Зилов: Аразлашиб дейсанми? Шунга ўхшаш… Балки бунақамасдир… – Э-э, бизларни тушуниб бўлармиди? Мана, биз иккимиз дўстмиз. Шундай бўлатуриб, сени бир чақага сотиб юбораман. Кейин икковимиз учрашиб қоламиз-у: “Қария, мен сени яхши кўраман. Озгина пулим бор, сен билан бирга ичким келиб қолди”, – дейман. Бирга ўтириб ичамиз. Кейин, бу пул менга қаёқдан келганлигини яхши билганинг ҳолда, мен билан қучоқлашасан, ўпишасан. Барибир мен билан ўтириб ичасан, чунки, сен учун бунинг аҳамияти йўқ… Эртага сен мени кутиб оласан ва бари қайтадан бошланади… Мана шунақа, оғайни. Сен бўлсанг, аразлашиб қолдиларингми, дейсан… Хуллас, уларни кўргим йўқ.
Официант: Шунақа экан нега таклиф қилиб ўтирибсан?
Зилов: Шунчаки ўз кўнгилхушлигим учун.
Официант: Тушунмадим.
Зилов: Ҳар жиҳатдан бахтли бўлиш учун. Ўзинг ўйлаб кўр, бугун уларнинг башараларига қараб ўтираман, эртага эса овда бўламан – фарқи нима.
Официант: Ғалати одамсан.
Зилов: Эртага барвақт кетишга ҳаракат қиламиз, ов тўғрими? Соат олтиларда-а, нима дейсан? Вақтли кетсак, кечга қадар етиб борамиз.
Официант: Улгурамиз. Овга расмий равишда индинга рухсат берилади.
Зилов: Гап шунда-да. Демак, эртага ўша ерда бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, биринчи овни ўтказиб юборамиз.
Официант: Ташвишланаверма, улгурамиз.
Зилов: Жин урсин, бир сутка ўтар-ўтмас қайиқда ўтирган бўламиз-а? Сокинликда. Туман қўйнида. Озгина ичгин, Дима. Илк ов учун ичиб юбор.
Официант: Витя, қистама, мен ишдаман.
Зилов: Ахир бугун охирги кеча.Таътилга чиқдим, деб ҳисоблайвер.
Официант: Йўқ, дедим-ку. Ҳали ҳисобат беришим, пулларни топширишим керак. Умуман менинг қонунимни ўзинг биласан.
Зилов: Ҳозир ўша қонунингни йиғиштириб қўй. (Стаканни унга тутади.) Битта… Илк тонг учун.
Официант: Бир қултум ҳам ичмайман. Эртага – марҳамат. Қанча десанг…
Зилов: Майли… Виждонан айтадиган бўлсам, бу қаҳвахонанг медамга тегди. Худога шукурки, биз уни роса бир ой кўрмаймиз. Шундай қилиб ўрдак ови учун! (Ичади.) Бу сафар овим ўнгидан келишини юрагим сезиб турибди.
Официант: Хаёлий ҳиссиётлар – бўлмаган гап. Отишни билмасанг, бу ҳиссиётлар ёрдам бера олмайди. Нишонга қандай уролмаган бўлсанг, шундай уролмай қолаверасан.
Зилов: Дима. Мен қачонгача нишонга уролмай қолавераман? Наҳот бу сафар ҳам…
Официант: Витя, мен сенга юз марта тушунтирганман: ўзингни қўлга олиб, тинчланмаганингча нишонга уролмайсан.
Зилов: Бу нимаси-а?“Ҳаяжонланма”, “Тинчлан”! Дима, нима, мени майна қилмоқчимисан? Тўғри, кўз керак, сеникига ўхшаган қўл керак, бунга ақлим етади…
Официант: Витя, кўзларинг жойида, қўлларинг ҳам бинойидай, барини яхши тушунасан.Аммо отишга келганда нўноқсан. Нега? Ов шунақа нарсаки, уни эгаллай олиш керак. Шошмасдан, ҳаяжонланмасдан, асабийлашмасдан, осойишталик билан… Масалан, сувда деяйлик. Хўш сен нима қиласан?
Зилов (ўрнидан туриб). Нима қилардим?
Официант (унинг гапини бўлиб). Мана, кўрдингми, ҳалитдан ўрнингдан туриб кетдинг, бу нимага керак? Шошмасдан, ҳовлиқмасдан, саришталик билан қилиш керак барини.
Зилов: Осмонда учиб кетаётган бўлса-чи? Бунда ҳам шошмаслик керакми?
Официант: Нега энди? Бунда тезкорлик зарур. Лекин яна осойишталик талаб этилади. Қандай тушунтирсам экан? Гўё улар табиатда эмас, суратда учиб кетаётгандек.
Зилов: Лекин улар суратда эмас-ку! Улар тирик паррандалар-ку.
Официант: Улар нишонга уролмаганлар учун тирик. Нишонга урадиганлар учун ўлиб бўлган. Фараз қиляпсанми?
Зилов (енгилтаклик билан). Тушунарли… Яна озгина ичиб олай. Ҳаяжонланмаслик учун ичаман. (Ичади.) Бу сафар бари (бош бармоғини кўрсатиб) мана бундай бўлади. Ўзинг кўрасан…
Официант (кулимсираб). Ҳа, кўрамиз… Оби-ҳаво айнимаса бўлгани.
Зилов: Йўғ-е. Нафасингни совуқ қилма.
Қисқа сукут.
Официант: Витя, хотининг кетганмиш.? Шу ростми? Битта ўзинг қолган эмишсан?
Зилов: Нимага сўраяпсан? Калит керак бўлиб қолдими? Бир ўзим эмасман. Қайлиғим билан бирга турибман.
Официант: Қайлиқ дедингми? (Илжайиб қўяди.) Чакки эмас.
Зилов (асабийлашиб). Нега тиржайяпсан? Балки у билан бирга ётгандирсан?
Официант (ҳайрон бўлиб). Бемаъни гапни гапирма. Сенга нима бўлди?
Зилов: Ҳеч нарса. Сен ўрни келмаган жойда бекорга тиржайма. Қайлиқ, дедимми, қайлиқ. Мен унга уйланмоқчиман, тушундингми?
Официант: Нима, мен қарши эканмани?
Зилов: Менга қара, яна икки шиша олиб кел. (Ёнидан пул олиб, унга беради.) Йилига бир марта яйраб ўтиришга ҳаққим борми?
Официант: Албатта, Витя. Ўзингга ўзинг хонсан, ҳар қачонгидек, билганингни қиласан.
Вера билан Кузаков пайдо бўлишади. Веранинг қўлида бир неча дона қўқонгул.
Кузаков: Аликларга салом.
Зилов: Салом, салом.
Официант: Салом.
Зилов:. Ўтиринглар.
Вера (Зиловга). Қаранглар, бугун у қанақа башанг.
Кузаков: Гап йўқ, хушсурат.
Вера: Гўё туғилган кунини нишонлаётгандек.
Кузаков: Шаҳзода.
Зилов: Бўлди. Лақиллашни бас қилинглар. Столга ўтиринглар.
Вера (гулларни официантга бериб). Алик, илтимос, гулдонга солиб кел.
Официант (илжайиб). Хўп бўлади. (Кетади.)
Кузаков (Верага). Сен у билан танишмисан?
Вера: Афсуски, шундай.
Зилов: Яхшиси сен ундан, ким билан таниш эмассан, деб сўра.
Кузаков: У менга ёқмайди.
Вера: Менга ҳам. Лекин, мен уни танимайман дейишнинг нима кераги бор?
Зилов: Қўйинглар, у зўр йигит. (Кузаковга) Сен уни рашк қиласан шекилли?
Кузаков (Верани бағрига тортиб). Ҳақсан. Ростдан ҳам рашк қиламан.
Вера: Бунинг нимаси ёмон? (Кузаковни қучган бўлади.)
Зилов: Нақадар хушмуомала… (Кузаковга истеҳзо билан). Унга уйлансанг бўлармиди.
Кузаков: Биласанми, худди шундай қиламан.
Зилов (ажабланиб). Жиддий гапиряпсанми?
Кузаков:. Нима, сен бунга қаршимисан?
Зилов (яна истеҳзо билан). Мен қарши эканманми? Нима деяпсан, аксинча. Оқ фотиҳа беришим мумкин.
Валерия, Саяпин ва Кушак келишади.
Саяпин: Аликларга салом!
Саломлашишади. Официант вино ва гулларни олиб келиб, столга қўйиб кетади.
Зилов: Дастурхонга марҳамат. Жойлашиб олинглар. Вадим Андреевич, мана бу ерга ўтиринг.
Кушак: Ҳа, мен шу ерга ўтирай. Таътилга чиққан одамнинг ёнида ўтирганим маъқул. (Зиловнинг ёнига ўтиради.)
Зилов: Мана, жамоат жам. Ҳозир қайлиғим ҳам келиб қолади.
Валерия: Қайлиқ?
Зилов: Нима бўпти? Балки бу сизга маъқул бўлмаётгандир?
Валерия: Ҳар қалай мутлақо кутилмаган янгилик…
Вера: Қайлиғинг борми?
Зилов: Худди шундай. Сенинг куёвинг бор экан, нега менинг…
Валерия (унинг гапини бўлиб). Яхши, яхши. Қайлиқ бўлса қайлиқда. Лекин бизни таклиф қилган экансан, олдиндан ичмай сабр қилиб турсанг бўлмасмиди.
Зилов: Гап бундай. Ҳозир қайлиғим келади-ю, ичишни бошлаймиз. Биргаликда ичишмаганимизга анча бўлди, тўғрими, Вадим Андреевич?
Кушак (ўзини ноқулай ҳис қилиб) Ўзингизга маълум, мен бу соҳада унчалик…
Зилов: Ҳеч нарса маълум эмас. Менимча, сиз кечаси уйда ичсангиз керак.
Валерия: Бўлмаган гап. Бизнинг орамизда алкоголик бўлмаган ягона эркак бу – Вадим Андреевич.
Саяпин: Биродарлар! Нима кўраяпман? Столга қаранглар!
Зилов: Нима бўлибди?
Саяпин: Қисқичбақа!
Валерия: Қисқичбақа? Ғаройиб! Тантилик бу!
Кушак: Ҳозир қисқичбақалар ростдан ҳам камёб бўлиб қолди.
Чиройли, гулдор кўйлак кийган Ирина пайдо бўлади. Кўтаринки кайфиятда.
Ирина: Хайрли кеч.
Саломлашишади.
Зилов: (тундлик билан).Қаерда эдинг?
Иринанинг юзидаги қувноқлик аломатлари сўнади. Жавоб бермайди.
Бўпти. Бу ёққа кел.
Ирина унинг ёнига боради.
(Ҳаммага қарата.) Мана. Танишинглар. Исми Ирина. (Иринага) Танишиб қўй. Бу киши – Вадим Андреевич.
Кушак: Ғоят мамнунман.
Зилов: Бизнинг хўжайинимиз, яъни раҳбаримиз. Ўта кўнгилчан одамлардан.
Ирина ҳаммага бир-бир енгилгина бош эгиб, мамнуният билдиради.
Бу киши – Саяпин. У ҳам йирик арбоб… (Валерияга ишора қилиб) Унинг жанжалкаш рафиқаси… Улар эса… Кузаков. Ҳозиргина аниқлашимча, куёв йигит… (Вера тўғрисида.) У эса… ўзинг кўриб турибсан. У ҳам, келинчак экан… Бари менинг энг яхши дўстларим.
Ирина (майингина). Ғоят хурсандман.
Зилов: Улар ҳам ғоят хурсанд. (Барчага) Ёки сизлар хурсанд эмасмисизлар?
Қисқа сукут.Зиловнинг якка ўзи ичади.
Кузаков (истеҳзо билан). Қалай, яхши кетдими?
Зилов: Яхши кетганда қандоқ.
Кузаков: Сен бизни қандай ичишингни кўрсатиш учун чақирганмисан бу ерга?
Зилов: Йўғ-е. Ҳушёр одамларни кўриш учун таклиф қилганман.
Валерия: Ҳали яна узоқ қараб ўтирасанми?
Зилов: Йўқ. Етарли. Энди ичишингиз мумкин. Бўлғувчи ов учун. Олдиндан огоҳлантириб қўяй, бугун ҳаммангиз фақат ов учун ичасизлар.Фақат ов учун.
Қисқа сукут.
Кушак: (эҳтиёткорлик билан). Виктор, тушунаман,ов – сен учун севимли эрмак, хобби. Лекин…
Зилов: (унинг гапини бўлиб). Қанақа эрмак, жин урсин! Ов – бу ов! (Тўнғиллаб) Хоббимиш! Келинглар, бунақа бемаъни гаплардан кўра, ов мавсумининг очилиши учун ичайлик.
Валерия (Зиловга). Сен шу овинг билан ақлдан озганга ўхшайсан.
Кушак: Ростдан ҳам. Бу ерда ўтирганларни ҳар бирининг ўзи қизиқадиган нарсаси бор, деб ўйлайман. Шундай экан… Ахир биз сенинг меҳмонларингмиз….
Зилов: Бўлмаган гап. Фақат ов учун ичасизлар, гап тамом-вассалом! Бўлмаса бу ерга нега тўпландингиз?
Зиловнинг эс-ҳуши ҳозирча жойида.
Кузаков: Тушунмаяпман,сен нима истайсан? Ўринларингдан туриб кетинглар, демоқчимисан?
Саяпин: Йўғ-е, Витя ҳазиллашяпти. Ҳар қачонгидек. Нима, унинг қанақалигини билмайсизларми?
Зилов: (Иринага). Мана бу улфатларга қарагин. Қанақа жиддий, салобатли бари! Улар ичишмайди, бирон нарса ейишмайди. Уларнинг миясида батамом бошқа нарсалар. Менга қандай яшаш кераклигини ўргатиш учун келишган бари.
Вера: Етар! Меъдамга тегди бари!
Зилов: Меъдамга тегди, дейсанми? Албатта! Сен узоқ гаплашишга ўрганмагансан.
Ирина (алаҳсираб қолган ҳолатда, секин). Бас қил…
Зилов: Тўхтаб тур! Сен уларни билмайсан. Улар шунақа олий жаноб одамларки, ҳатто мен билан бир стол атрофида ўтиришга ҳазар қилишади. (Верага) Тўғрими, Верочка? Мана, ҳозир ҳам номус қилганингдан ерга кириб кетгундек бўлиб ўтирибсан, тўғрими? Ахир сен келинчагимизсан. (Кулади.)
Кузаков (ўрнидан туради). Менга қара! Мен сени қачондан бери билган бўлсам, ҳамон бузғунчилик қилиб келасан. Тағин нима бўлди? Бу сафар мақсадинг жиддийроқ кўринади. Худо кўрсатмасин, жанжал бошланиб кетиши ҳам ҳеч гапмас.
Вера: Қачон жанжал бошланади, деб кутиб ўтирамизми? Балки, кетганимиз маъқулдир?
Зилов: Йўқ, нега энди? Шошмай турингизлар. Дийдорларингизга тўйиб олайлик. Сиз икковингиз шунақа ажойиб жуфтликларсизки. Сизларни телевизорда кўрсатиш керак. Айниқса келинпошшони.
Ирина. Виктор!
Кузаков ўрнидан туриб,Зилов сари юради. Саяпин ҳам жойидан туриб, Зиловннинг иккинчи томонига ўтади.
Вера (ўрнидан сапчиб туриб). Тегманглар унга!
Кузаков билан Саяпин тўхташади.
Маст одамни урмоқчисанларми?! У тўғри айтяпти.
Валерия (Верага). Нима деяпсиз? Ҳаддидан ошиб кетди-ку! У ўзини қўшоғиз милтиғи билан ўша ботқоқдаман, деб фараз қиляпти шекилли.
Кушак (Зиловга). Виктор! Сен ростдан ҳам ҳаддингдан ошиб кетдинг! Сен ўрмонда эмассан. Бу ер жамоатчиликнинг жойи, оилали кишилар, қизлар ўтиришибди…
Зилов: Ҳа-ҳа. Албатта! Оила, оила дўсти, келинчак, қайлиқ – узр сўрайман… (Ғамгин) Бас қилингизлар. Кимни алдамоқчи бўляпсизлар? Нима учун? Шунчаки одаб сақлаш учунми? Бўлмаса эшитинглар: Тупурганим бор ўша одобларингга! Эшитяпсизларми? Тартиб ва одобларингиз мана бу еримга келди
Ирина (Зиловни силкитиб). Виктор!
Кушак (ғазабнок бўлиб). Бу энди! Риёкор эмасман-у, лекин бу энди ҳаммасидан ошиб тушди! (Ўрнидан туради.)
Зилов (Кушакка).Ҳа, албатта! Сиз бу оқшомни маданиятли, тинч-тотув, кўнгилли ўтказиш ниятида келгансиз. Қарабсизки, бунақа бемаънилик. Шунақами? Яхшиси, тўғрисини айтинг-чи, бу ерга нимага келдингиз? Хўш, нимага?. Жимсиз? Сизга нима кераклигини мен ўзим айтаман. Сизга қиз керак. Шунинг учун бу ерга қадам ранжида қилдингиз.
Кушак: Бас қилинг, безори!
Ирина: Виктор!
Официант келади.
Официант: Витя, шовқин қилма, қария. Бу ерда шовқин қилиш ман этилган…
Зилов (юлқиниб ҳаммага қарата). Майнавозчилик қилмаларинг. Етар, бас! Қиз керакми – айтинглар.
Валерия: Беадаб, сурбет!
Зилов (Кушакка)Қиз керакми марҳамат! Хоҳлаганингизни олинг. (Верага ишора қилиб) ана уни, ёки (Валерияга ишора қилиб) ана уни олсангиз ҳам бўлаверади (Саяпинга ишора қилиб) У йўқ демайди, жон-жон деб рози бўлади. Нима бўпти? Ахир оила дўстисиз-ку.
Ирина (Зиловни силкитиб). Овозингни ўчир! Бўлмаса, кетаман.
Валерия: Сурбет! (Саяпинга) Нимага безрайиб турибсан? Бизни ҳақорат қиляпти, эшитмаяпсанми!
Саяпин Зилов сари юради, лекин уни официант тўхтатиб қолади.
Официант: Тўхта-тўхта, тинчлан. Бу ерда мумкинмас.
Зилов (Кушакка). Нимага қараб турибсиз. Танланг.
Ирина (ноумид илтижо билан). Кетяпман, эшитяпсанми!
Валерия: Сурбет! (Кушак билан Саяпинга). Юринглар, кетдик.
Валерия, Кушак ва Саяпинлар ташқарига қараб юришади. Вера билан Кузаков уларга эргашади.
Зилов: (қичқириб). Тўхтанглар!
Чиқиб кетаётганлар тўхташади.
(Иринани қўлидан ушлаб, ўрнидан турғазади). Мана сизга яна биттаси! Уни ҳам олинг, ушланг!
Ирина (қичқириб). Виктор!
Зилов: Тавсия қиламан! Ўн саккиз ёшда. Ажойиб зот. Қайлиқ. Хўш! Нега ҳанг-манг бўлиб қолдингиз? Бефойда, деб ўйлайсизми? Бўлмаган гап! Менга ишонаверинг, бу оддий бир нарса!
Официант: Тинчлан, тинчлан… (Уни стол томон жилдиради.)
Ирина Зиловга даҳшат билан қараб қолади.
Кузаков (Иринага). Биз билан юринг…
Зилов: Жуда тўғри.Уни олиб кетинглар, даф бўлинглар!
Валерия: (остонага етганида). Телба!
Саяпин: Қонунбузар!
Кушаков, Вера, Кузаков, Валерия ва Саяпинлар чиқиб кетишади. Официант Зиловни столга ўтқазади. Ирина довдираган бир ҳолатда, нима қиларини билмай хона ўртасида туриб қолади.
Зилов (чиқиб кетганларнинг орқасидан). Жуда соз! Итвачча ажиналар сари йўқолинглар! Энди менга бир пулга керак эмассизлар! Кўргим йўқ сенларни! Аблаҳлар! Аликлар! Башараларинг қурсин! (Ароқ қуйиб бир кўтаришда ичиб юборади. Ана шундан кейин ғирт маст бўлади. Иринага қараб.) Улар билан бирга сен ҳам даф бўл!
Официант: Уни бекорга хафа қиляпсан. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда бунақа қиз билан бу даражада гаплашмаган бўлардим.
Зилов: Сен ўзинг кимсан? Эҳ, малайсан, малай…Сен етишмай тургандинг.У сенга керак бўлса, олақол. Менга барибир.У ҳам ўшаларга ўхшаган ярамас. Ҳозир бўлмаса, кейин бўлади. У учун ҳаммаси ҳали олдинда…
Официант (Иринага ўзи учун, Зилов учун узр сўрагандек бўлиб). Эс-ҳушини батамом йўқотди. Нима деяётганини ўзи билмайди.
Зилов: (Иринага). Нега менга бунча тикилиб қолдинг? Мендан сенга нима керак? (Официантга) Ҳой, малай! Мана буни йўқотгин бу ердан.Ўзинг ҳам кет. Ёлғиз ўзим қолмоқчиман… Биронтангизга ишонмайман, эшитяпсанми?
Ирина секин юриб,чиқиб кетади. Зилов бошини столга қўйиб, жим бўлиб қолади.
Официант (Зиловнинг ёнига келиб, биқинига туртади ва унинг бошини кўтариб). Мен малайманми?
Зилов: (гангиган бир ҳолатда). Нима бўлди?
Официант: Мен малайманми? Мен-а?
Зилов: Сенми? Бўлмасам-чи? Бошқа кимсан?
Официант атрофга қараб олиб, унинг юзига мушт туширади. Зилов стуллар орасига йиқилади. Официант стол устини йиғиштира бошлайди.
Кузаков билан Саяпин киришади.
Саяпин: Қани у?
Официант (ерда ётган Зиловни кўрсатади). Тайёр бўлди. Қимирлашга ҳоли йўқ.
Саяпин: Қаҳрамон!
Кузаков (Зиловни ердан кўтариб,Саяпинга). Ёрдамлашиб юбор.
Официант: Яхшиям сизлар келдинглар. Мен у билан банд бўла олмайман. Хизматдаман. (Патнисни кўтариб кетади.)
Кузаков билан Саяпин Зиловни ўрнидан турғазиб, стулга ўтқазишади ва уни ҳушига келтиришга ҳаракат қилишади.
Кузаков: Ҳой, жанжалкаш, кўзингни оч.
Зилов (гарангсиб). Нима гап?
Кузаков: Уйга борамиз.
Зилов: Уйга? Нега? У ерда нимам қолибди? Йўқ, уйга боргим йўқ. Ҳеч қаёққа боргим йўқ. Шу ерда қоламан. Қарор қатъий!
Саяпин (Зиловнинг қулоғига қичқириб). Ҳой, тун бўлди. Кафе ёпиляпти. Ярим кеча бўлди, деяпман! Тун!
Зилов: Тун? (Бирдан жонланиб) Қани тун? Тун бўлганлигини қаерда кўряпсан? Тунда қоронғи бўлади. (Очиқ эшикдан кўриниб турган, чироқлар билан ёритилган кўчага ишора қилади.) У нима? Кўриб турибсан, кундуздагидек чароғон. Йўқ, бари жонимга тегди. (Яна ҳушини йўқотади.)
Кузаков: Ўлгудек маст… (Зиловга) Ўзинг юра оласанми?
Зилов: Ҳа, ҳозирча юра оламан. Аввал ичамиз. Ичиб, кейин кетамиз… (Тўсатдан) Шошманглар! Қайлиғим қани?
Саяпин: Қайлиғинг энди эсингга келибди-да!
Зилов: Қайлиғим қани? Қани у? Қайтаринглар уни! Қайтаринглар! Биз у билан планетарийда никоҳдан ўтамиз…
Кўчада шовқин кўтарилиб, ёмғир ёға бошлагани кўринади.
Саяпин: Ёмғир ёға бошлади.
Кузаков: Ёмғир остида олиб кетамиз. Кетдик!
Улар Зиловни стулдан кўтаришади,у қаршилик кўрсатади.
Зилов: Қаёққа олиб кетаяпсанлар?
Саяпин: Планетарийга. Қонуний никоҳдан ўтасан.
Зилов (қаршилик кўрсатиб). Истамайман.
Кузаков (Саяпинга). Тўхтаб тур… (Зиловга қичқириб) Ҳой, безори! Эртага овга кетишинг керак. Эсингдан чиқдими?
Зилов: Овга? (Ҳушига келгандек) Жин урсин! Рост айтасанлар, шошилиш керак. (Оёққа турар экан, йиқилиб кетай дейди.)
Кузаков билан Саяпин уни суяб қолишади.
Кузаков:. Мурда. Қўлтиғидан ушлайлик.
Саяпин: Мурда?
Кузаков: Бўлмасам-чи, мурданинг ўзи. Қўлда кўтариб кетиши-мизга тўғри келади, шекилли.
Саяпин (кафтларини бир-бир ишқалаб). Мурдача! (Кулади.) Менда ажойиб бир ғоя пайдо бўлди. (Кулади.) Эртага унга ажойиб томоша кўрсатамиз!
Кузаков: Қанақа томоша?
Саяпин (бош бармоғини кўрсатиб). Мана бунақа! Кутилмаган совға бўлади. У бизга бугун томоша кўрсатди. Биз унга эртага кўрсатамиз! Мурдача! (Хохолаб кулади.) Кетдик.
Кузаков билан Саяпин Зиловни қўлтиғидан кўтариб олиб чиқиб кетишади. Ёмғир товуши кучаяди. Мотам мусиқаси эшитилади. Саҳна бир неча сонияга қоронғилашади, сўнг биринчи кўринишдаги икки прожектор бирин-кетин ёнади. Биринчи хирароқ нур эшик олдида биринчи кўринишдаги ҳолатда турган Зиловни ёритади. Иккинчи прожектор эса хона ўртасидаги доирага нур сочади. Ҳозир бу ерда Зиловнинг биринчи кўринишдаги хотираси намоён бўлади.
Бу саҳна бошидан охиригача мотам куйи жўрлигида давом этиши лозим.
Доирада прожекторнинг ёрқин нури остида Кузаков билан Саяпин пайдо бўлишади.
Саяпин: Йўғ-е, нима деяпсан. Бўлиши мумкин эмас.
Кузаков: Шубҳасиз.
Саяпин: Йўғ-е, ҳар қачонгидек ҳазил қилган.
Кузаков: Афсуски, бу сафар иш жиддий. Бундан жиддийроқ бўлмайди.
Саяпин: Кел, баҳслашамиз, у шунақа овоза тарқатиб, ҳозир ўзи “Незабудка”да ўтирибди.
Вера билан Валерия, уларнинг кетидан Кушак пайдо бўлишади.
Валерия: Буни қаранг-а, кечагина овга кетишга ҳозирлик кўриб қўйган, ҳазиллашиб ўтирган эди… Кечагина-я! Бугун эса?!
Вера: Ундан бунақасини кутмаган эдим. Аликларнинг алики эди…
Кушак: Қандай бахтсизлик! Ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Лекин, биласизми, сўнгги пайтларда у ўзини батамом бошқача тута бошлаган эди… Риёкор эмасман-у, аммо шуни айтишим керакки, у ўзини ўта ғалати тута бошлаган эди… Ўта бепарво, бефарқ десаммикин. Бу эса яхшиликка олиб келмайди.
Барчаси ғойиб бўлади. Галина, унинг кетидан Ирина пайдо бўлишади.
Галина: Ишонмайман, ишонмайманан. Нега бунақа қилиб қўйди?
Ирина: Нима учун?
Галина: Айт-чи, у сени яхши кўрармиди?
Ирина: Мен билмасам…
Галина: Биз биргаликда олти йил яшадик, лекин уни сира тушуна олмадим.Биз иккимиз дўстлашамиз, ҳўпми?
Ирина: Яхши.
Йиғлаб кўришишади.
Галина: Мен бу ердан кетаман, батамом кетаман… Хат ёзасанми?
Ирина (йиғи аралаш). Яхши…
Галина ғойиб бўлади. Кушак билан официант пайдо бўлишади.
Официант: Синглим, Бундай ҳолатда ёлғиз қолганингиз ярамайди.
Кушак: Шундай, лекин… Йўқ, албатта. Ҳар қалай…
Официант: Биз сизни соат олтида “Незабудка”да кутамиз. Келасизми?
Ирина (йиғи аралаш). Яхши.
Барча кетади. Кузаков пайдо бўлади.
Кузаков: (хаёлчан). Ким билсин… Бундоқ ўйлаб қарасанг, ҳаёт бой берилган… (Ғойиб бўлади.)
Бирин-кетин мотамсаро Галина, Кушак, Кузаков, Саяпин, Валерия ва официант, улар сўнгидан гулчамбар кўтарган бола ўтиб кетишади.
Тўсатдан ҳар иккала прожектор сўниб,мусиқа тинади.Саҳнада бир-икки сонияли қоронғилик ҳукм суради.
Саҳна ёришади. Зилов ўз хонасида чала очилган дераза олдида узоқ вақт қимирламай туради. Дераза ортида ёмғир ёғмоқда.У деразани ёпмоқчи бўлади, лекин тўсатдан уни ланг очиб қўяди.
Зилов: (деразадан бошини чиқариб қичқиради). Витька! Қаёққа кетяпсан? Дарсларинг нима бўлади? Бажариб қўйганмисан? Яша! Нима? Ташвишланма, бари жойида… Бўпти, боравер. Яхши қол, Витька. Алвидо. (Деразани ёпади, сўнг бошидан кепкасини ечиб,полга отади. Телефон ёнига келиб, рақамларни теради.) Дима? Биласанми, мен бормайдиган бўлдим… Йўқ, сени огоҳлантириб қўймоқчиман. Умуман бормайман. Шунга қарор қилдим… Бошқа режаларим бор. Ҳа, бошқа жойга… Йўғ-е, Сенга тенглашиб бўлармиди… Менга қара, ҳозир нима билан машғулсан? Сени уйга таклиф қилмоқчиман… Жанозамга… Менинг жанозам… Йўқ, жонимга тегди. Балки мен унинг жонига теккандирман. Икковидан бири… Гапнинг қисқаси, сени жанозамга таклиф қиляпман. Ҳа-да, қўшни сифатида… Кўчани кесиб ўтишга эринасанми? Ичадиган, дейсанми? Нега бўлмасин, бўлади… Келасанми? Демак, келишдик. (Гўшакни қўяди, сўнг яна уни кўтариб, рақамларни теради.) Менга Саяпин керак… Салом, Зиловман… Ҳа, тирикман… Олдим, раҳмат. Ғоят кулгили… Кузаков ҳам ўша ердами? Жуда соз… Яшанглар. Кулгидан ўлай деб қолдим… Албатта… Ҳаммаси тўғри, азаматлар… Хўш, бўлмаса, жанозамга келинглар… Бўлмасам-чи. Ахир бу ишни охирига етказишимиз керак-ку… Мен нима деяпман? Жанозамга келинглар, деяпман. Нима қиламиз деганинг нимаси? Одатимизга кўра, ичамиз, овқатланамиз… Ҳозирнинг ўзида… Келяпсанларми? Жуда соз. (Гўшакни жойига қўйиб, столга ўтиради ва қоғоз билан ручка олиб, нималарнидир ёзиб қўяди, сўнг ўрнидан туриб, қопчиқдаги ўқлик камардан бир дона ўқ олиб, шошилинч равишда милтиқни ўқлайди.Стулга ўтиради, милтиқни полга қўйиб, тиғини кўксига қадайди. Аввал бир қўли,кейин иккинчи қўли билан тепкига бармоқ босиб кўради. Стулни столга яқин келтириб қўяди. Милтиқнинг қўндоғини столга тираб, тиғини кўксига қадайди. Шундан кейин милтиқни бир чеккага қўйиб, ўнг оёғидаги этикни, сўнг пайпоғини ечиб, яна милтиқни стол билан кўкраги оралиғига қўйиб, оёғининг бармоғини тепкига теккизиб кўради.
Телефон жиринглайди.У эса қимирламай ўтираверади. Телефон узоқ жиринглайди. Ниҳоят ўрнидан туриб, милтиқни қўлидан қўймаган ҳолда иккинчи қўли билан гўшакни кўтаради.)
Эшитаман… Гапиринг, эшитаман… Гапирсангиз-чи! (Қаттиқ ҳаяжонланиб) Ким бу? Ҳой, менга қаранг, сиз билан ҳазил қиладиган ҳолатда эмасман…
Эшикни тақиллатмасдан Кузаков билан Саяпин кириб келишади.Улар Зиловнинг қиёфасию гапириш оҳангидан бир мунча ҳадиксираб,остонада туриб қолишади. Зилов орқасини ўгириб тургани учун уларни кўрмайди.
Ким бу? Ким қўнғироқ қиляпти? Жавоб беринг! (Гўшак тутган қўлини пастга тушуриб,бир нафас туриб қолади,сўнг гўшакни қолдириб,стол ёнига қайтади. Стулни жойига суриб қўяди. Айни шу пайтда Кузаков унинг қўлидаги милтиққа ташланади. Зилов сапчиб ўрнидан туради.)
Қисқа сукут.
Зилов: Бу ёққа бер! (Кузаковга ташланади.)
Тортишиб кетишади.
Саяпин: Витя… Витя… Сенга нима бўлди?
Кузаков билан Саяпин икковлашиб, Зиловни стулга ўтқазишади.
Кузаков (милтиқни қўлидан қўймаган ҳолда). Ақлдан озган тентак.Ўзингга ўйинчоқ топибсан-да,а!
Зилов (оғир нафас олиб). Сурбетлар!
Саяпин: Яна бизлар сурбет бўлдик.
Зилов: Эшикни тақиллатиб кириш керак, жин ургурлар!
Саяпин: Қутуриб кетибсан-ку. (Стол устида турган қоғозни қўлига олиб,ундаги ёзувни овоз чиқариб ўқийди.) “Менинг ўлимимда ҳеч кимни айбдор қилмасликларингизни сўрайман…” Витя, сенга нима бўлди, қария? Ақлдан оздингми, нима бало!
Кузаков (милтиқни буклаб, ундан ўқни чиқариб олади-да, унга бир зум қараб туради). Сен ростдан ақлдан озганга ўхшайсан.
Саяпин (Кузаковдан ўқни олиб, чўнтагига солиб қўяди. Зиловга ) Ҳа-а, бунақа ишлар учун… (Кузаковга) Пиёда келганимизда нима бўларди, а? (Зиловга) Наҳот сен…
Зилов: Сенлар барвақт келиб қолдиларинг. Кетинглар.
Кузаков: Ҳеч қаёққа кетмаймиз.
Саяпин (ўтиради.) Сеникида ўтириб турамиз. Дам оламиз, чекиб оламиз, тўғрими, Коля? Мана, қанақа ҳангомалар. (Кузаковга) Сен бўлсанг, пиёда борамиз, дейсан. Мен эса таксини кўриб қолиб, йўқ, таксида ғизиллаб бора қолайли , дедим. Юрагим сезган шекилли.
Кузаков: (Зиловга). Эсингни йиғ, оғайни. Ўзингни қўлга ол… Аввал бошланишига этигингни кийиб ол.
Сукут.
Зилов: Кетинглар.
Кузаков: Ҳеч қаёққа кетмаймиз.Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрма.
Зилов: Ихтиёрларинг. Менинг шошаётган жойим йўқ.
Кузаков: Нима бўлди ўзи? Наҳот сен учун ҳаётнинг лаззати қолмаган бўлса?
Зилов: Мени авраб ўтирманглар. Бефойда.Бу ишни охирига етказмай қўймайман.
Кузаков (телефон рақамларини териб). Магазинми? Верани телефонга чақириб қўйинг. Вера? Сен мени хаяллаб қолди, деб ташвишланма. Кечроқ бораман… Кутилмаган иш чиқиб қолди… Қачон? Аниқ айта олмайман. Уйда бўлиб тур, хўпми? Соғ бўл. (Гўшакни жойига қўяди.)
Саяпин: Витя, балки гулчамбар туфайли кайфиятинг бузилгандир? Витя, наҳот бизлардан шунчалик хафа бўлгансан?
Зилов: Таксига бало бормиди? Нима, тўртта гузарни пиёда босиб ўтолмасмидиларинг?
Кузаков: Нима бўлди, айтақолсанг-чи? Нима гап? Нимадан кўнглинг қолди? Сенга нима етишмаяпти? Ёшсан, соғломсан, яхши ишдасан, квартиранг бор. Аёллар яхши кўришади. Роҳат қилиб яшайвермайсанми. Яна нима керак сенга?
Зилов: Кетишларинг керак.
Саяпин: Витя, нима деяётганингни биласанми ўзинг? Ахир биз сенинг дўстларингмиз-ку. Қандай қилиб сени бу ҳолатда ташлаб кета оламиз? Сени шунақа ҳолатда ташлаб кетиш! Нима деяпсан!
Зилов: Мен бу ишни охирига етказмай қўймайман. Ҳеч ким, жин урсин, бирон тирик жон менга халал бера олмайди. Тушунарлими? Гап тамом…
Сукут.
Саяпин: Йигитлар, нимага жим бўлиб қолдиларинг? Келинглар, бошқа бирон нарса тўғрисида гаплашайлик?
Қисқа сукут.
(Соддадиллик билан) Витя, полларинг қуриб, дарз кета бошлабди, сезганмисан?Таъмирлашинг керак бўлади. (Ўрнидан туриб, хона билан ошхона ўртасидаги деворни тақиллатади.) Картон… Устидан шувоқ қилинган картон. Чала-чулпа қилинган. Уйларни ёмон қура бошлашди. (Иккинчи тўсиқ-деворнинг олдига боради.)
Зилов унга ҳайратланиб қарайди.
Бу-чи? (Тақиллатиб) Бу ҳам шунақа…
Қисқа сукут.
Зилов: Нега тўхтаб қолдинг, давом эт. Хоналарни айланиб чиқ, қаерга нима қўйишни мўлжалга олиб қўй.
Саяпин: Витя! Нима деяпсан! Наҳот мени бу ерга даъвогар деб ўйласанг…
Зилов: Даъвогар, дейсанми? Йўқ, сен калитларни олиб кетгани келгансан. Мана улар! (Чўнтагидан бир нечта калит олиб, Саяпинга отади.) Ол… Олавер, уялма.
Саяпин: Қария, сен ростдан ҳам ақлдан озибсан!
Кузаков: Бас қил,сен уни нотўғри тушундинг.
Саяпин: .Бизларни ким деб ўйлаяпсан?
Зилов: Қўйсаларинг-чи, ҳиссиётга берилишнинг кимга кераги бор.Тан олинглар, менинг ўлимим ҳар иккаланг учун ҳам қўл келади. Ё нотўғрими? Шундай экан, бу ерда нимани кутяпсизлар? Милтиқни қайтариб беринглар-да, айниб қолмасимдан жўнанглар бу ердан.
Кузаков: Нималар деб валдираяпсан, ҳушингни йиғ. Сенинг ўлиминг ҳеч кимга керак эмас, ўзинг ўйлаб кўр. Унга керакми? Менгами? Сенинг ўзингга ҳам керакмас. Ҳозирги турмушинг ўзингга ёқмас экан, бошқача яша, ким сенга халақит беради? Ҳаммани ўзингга ўхшатма, одамлар тўғрисида ёмон ўйга борма.
Зилов: Хўп, етар. (Саяпинга). Толя, мана бу тақводорни уйингдан ҳайда.
Саяпин: Нега энди…
Кузаков: Гучамбарга келадиган бўлсак, мен сендан узр сўрашга тайёрман.
Зилов: Ўчир овозингни, сенга ишонмайман.
Кузаков: Бу ишда мен қатнашмаганман. Лекин билардим. Гулчамбар бу ерда экан, демак, мен ҳам айбдорман.
Зилов: Мен сенга ишонмайман. Ишонмайман. Тушундингми? Энди жўна.
Кузаков: Кетмайман. Ўз ўзингга суиқасд қилиш тўғрисидаги аҳмоқона ўйларинг миянгдан чиқиб кетмагунча ҳеч қаёққа бормайман.
Официант пайдо бўлади.
Официант: Салом… Нимага шовқин қиляпсанлар?
Саяпин:. Сенинг келиб қолганинг ҳам яхши бўлди. Унга қара ва қандай ниятда эканлигини эшит.
Официант: Жаноза қачон?
Зилов: Биласанми, тайёргарлик кўришга улгурмадим.
Официант: Ичкилик-чи, ичкиликлар қани?
Зилов: Бунинг устига мен энди бу ерга хўжайин эмасман.
Саяпин (Официантга ўз бошига ишора қилиб). Кўрмаяпсанми? Ма, ўзинг ўқи. (Қоғозни унга узатади.) Бирон нарса де унга…
Официант (овоз чиқариб ўқийди). Менинг ўлимимда ҳеч кимни айбдор қилмасликларингизни сўрайман”.
Саяпин: Шунақа ҳаракат бир марта бизнинг кўз олдимизда бўлди.
Официант: Шунақами?
Кузаков: Ҳа, бўлди.
Саяпин: Мана. (Милтиқдан чиқариб олинган ўқни унга беради.)
Официант (ўқни синчиклаб кўриб). Питра…Лекин пистонинг яхшимас. Оддий пистонлар билан алмаштир.
Зилов: Маслаҳатинг учун раҳмат.
Официант (ўтиради). Албатта, алмаштир. Ёмғир тўхтади. (Милтиқни қўлига олади.) Бир соатдан кейин жўнаш керак. (Милтиқни ўқлайди.) Тушундингми? Ғиди-бидиларни бас қил, бир соатдан кейин келаман. Жўнаймиз.
Зилов: Ҳеч қаёққа бормайман, дедим-ку. (Кузаков билан Саяпинга) Сенлар эса ташвишланманглар.Тутган йўлларинг тўғри.
Саяпин: Витя! Жинниликни бас қил! Овга отлан.
Кузаков: Этигингни кий. (Қопчиқни қўлига олади.) Мана бунингни елкангга осиб ол. (Саяпин билан официантга) Кўчага олиб чиқайлик.
Кузаков билан Саяпин Зиловга яқинлашади.
Зилов: Яқинлашманглар, тегманглар менга.
Официант: Қисқаси, ўжарлик қилиб турасанми ё овга борасанми?
Зилов: Ҳеч қаёққа бормайман.
Официант: Нима десам экан? Аҳмоқсан. Бошқа нарса деб бўлмайди. (Ўрнидан туради).
Саяпин: Нима, кетасанми?
Официант: Мен нима қилишим мумкин? Ҳеч нарса.
Зилов: Тўғри, Дима. Сен бўлмағур йигитсан, лекин менга кўпроқ ёқасан. Ҳар қалай мана буларга ўхшаб қийшанглаб турмайсан… Қўлингни бер…
Официант билан Зилов бир-бирига қўл беришади.
Официант: Хўп, ҳозирча, Витя. Бирга кетсак яхши бўларди, афсус. Бевақт айнаб қолдинг. Яна ўйлаб кўр. Тузалиб қолсанг – бор.
Зилов: Хўп, Дима, хайр.
Официант: Шошма, қайиғинг қаёқда?
Зилов: Хромовникида.
Официант: Омборхонасидами?
Зилов: Ҳа, омборхонасида турибди.
Официант: Демак, мен…
Зилов (хириллоқ овоз билан). Олиб кетавер.
Официант: Раҳмат, Витя, борди-ю…
Зилов: Ўзимники, деб ҳисоблайвер… Олаверинглар… Ҳаммасини олинглар…
Саяпин: Витя, нима деяпсан?!
Зилов: Ҳалитдан барини бўлишиб олдиларинг. Менинг ўлимимдан хурсанд бўласизлар. Биламан, хурсандсизлар!
Кузаков: Бекорларни айтибсан!
Зилов (тўсатдан ғазаб билан). Мен ҳозирча тирикман, лекин сенлар ҳалитдан бу ерда турибсанлар. Ёпирилиб қолдиларингми? Ўз бисотларинг камлик қиляптими? Сенларга ер юзида жой торлик қиляптими? Ялақилар! (Уларга ташланади.)
Олишиш бошланади.
Кузаков: Ёлғон! Туҳмат! Туҳмат!
Официант: (Зиловга). Тинчлан… Ўзингни қўлга ол! Ўзингни босиб олишинг мумкинми?
Зилов: (қаршилик кўрсатишдан тўхтаб). Мумкин. (Осойишта) Лекин энди мендан ҳеч нарса ололмайсанлар. Ҳеч нарса. (Кутилмаганда Саяпиннинг қўлидан милтиқни олиб, бир қадам орқага жилиб) Қани, жўнаб қолинглар!
Қисқа сукут.
Официант: ( ажабланиб). Жиддий айтяпсанми?
Зилов: (осойишта). Кетинглар.
Официант: Қўйсанг-чи, қария.
Зилов: Йўқолинглар.
Саяпин эшик томон орқага жилади. Кузаков жойида,Зиловнинг рўпарасида, официант эса унинг орқасида, эшикка яқинроқ жойда туриб қолишади.
Зилов: (Кузаковга). Кет.
Кузаков: Кетмайман. Кетмайман, дедим-ку. То…
Зилов: Кет.
Кузаков: Кетмайман.
Зилов: Отаман. (Милтиқнинг тиғини унга қаратади.)
Кузаков: От.
Официант: Милтиқ ўқланган.
Зилов: Жуда соз.
Саяпин ғойиб бўлади.
Официант: Қани, (Кузаковни итариб, эшикдан чиқариб юборади.) Шундоқ қилганимиз маъқул… Энди милтиғингни тушир.
Зилов: Сен ҳам йўқол.
Улар бир нафас бир-бирига қараб қолишади ва ниҳоят официант эшик томон чекинади.
Тезроқ!
Официант остонада пайдо бўлган Кузаковнинг йўлини тўсиб, у билан биргаликда ғойиб бўлади. Зилов милтиқ тутган қўлини пастга тушириб, хонада юради, сўнг ўзини каравотга мукка ташлайди. Ётган жойида қайта-қайта сесканиб тебранади. Куляптими, йиғлаяптими – билиб бўлмайди. Шу ҳолатда орадан чорак дақиқа вақт ўтади. У қимирламай ётаверади. Яна қўнғироқ узоқ жиринглайди. Зилов қимирламай ётаверади. Қўнғироқ овози тинади, бир нафасдан сўнг қайтадан жиринглайди. Зилов қимир этмай ётаверади. Қўнғироқ овози тинади.
Зилов ўрнидан туради. Кўриниши осойишта, юз ҳолатидан кулган ёки йиғлаганлигини билиб бўлмайди.
Зилов: (телефон гўшагини кўтариб). Дима? Зиловман… Ҳа… Кечир, қария, қизишиб кетибман. Ҳа, бари ўтиб кетди… Мутлақо осойиштаман… Ҳа, овга боргим келяпти. Ҳозир келасанми? Жуда соз. Мен тайёрман. Ҳа, ҳозир чиқаман.
Парда
Тамом
Рус тилидан Муҳаммаджон Хайруллаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 8-9-сонлар