Йигит билан қиз автобусда кетишяпти. Қиз йигитга дейди:
— Хоҳлайсанми, кўричагим олиб ташланган жойни кўрсатаман.
Қиз баданини кўриш умидида бўлган йигит: “Кўрсат”, дейди. Шунда қиз: “Анави бинода”, дея касалхонани кўрсатади. Ҳозир бундай латифага деярли ҳеч ким кулмаса керак. Чунки қизларимиз шунақанги кийинишадики, баданларидан кўричак олинадиган жойлари у ёқда турсин, ундан пастлари ҳам очиқ кўриниб туради.
Яқинда бир анжуманда қатнашишга тўғри келди. Анжуман иштирокчиларига тарқатилган материалдаги бир нечта фактлар ўйлантириб қўйди. Маълум бўлишича, сўнгги бир асрда эркакларимизнинг ҳам, аёлларимизнинг ҳам кийимлари жиддий ўзгариб кетибди. Ўтган аср бошларида Шарқ аёлларининг либоси — кенг, узун кўйлак, камзул ва калиш-махси бўлган. Анъанага кўра аёллар кўйлаги баданнинг паст-баланд жойларини билинтирмайдиган даражада кенг бўлиши, енглари эса билакларини тўла ёпиб туриши керак эди.
Орадан ўтган 60-70 йил мобайнида аёлларимизнинг кийимлари тубдан ўзгариб кетди. Ҳозирги кунда нафақат қизлар, балки 40-50 ёшли аёллар ҳам тор кўйлак ва тор шим билан бир қаторда мини юбка, жуда ҳам тор шимлар кийишмоқда.
“Энди кийим аёлларнинг авратини яширишга эмас, янада бўрттириброқ кўрсатишга хизмат қила бошлади”, деб таъкидланади тарқатилган материалда. Дарҳақиқат, авваллари аёллар баданининг атиги 5-6 фоизи очиқ бўлган бўлса, бугунги кунда ёз фаслларида аёлларимиз баданининг 50-60 фоизи очиқлиги кўзга ташланмоқда.
Ёз фасли эди. Бозорда бир танишимни 17-18 ёшли қизи билан кўриб қолдим. Қизи шунақанги кийинганки, тахминан 4-синфдаги юбкасини кийиб олгандек кўринди. Унинг кўриниши ҳар қандай эркакнинг ақлини йўқотиб қўйишига олиб келар даражада. Мени ўйлантирган нарса ота ва қизнинг шундай юриши бўлди. Агар қизини танимаганимда танишим жазмани билан юрибди, деган хаёлга борардим. Наҳотки, шу даражага етиб борган бўлсак?!
Бадани очиқ аёллар у ёқда турсин, ҳатто ҳижоб кийган қиз-жувонлар ҳам шундай тор либос кийишадики, гўёки шу билан ўз баданларини кўз-кўз қилмоқчи бўлаётганга ўхшашади. Наҳотки фаросатимиз шу даражада сийқалашиб кетган бўлса, деган хаёлга бораман. Ҳамда ҳарбийдан дарс берган ўқитувчимизнинг қизларни уришганда “Мўдданинг уйига ўт тушсин” деган гапларини эслайман.
Ш. Тўлаганов,
“Ҳуррият” газетасидан олинди.